Суйима Ғаниева. Амир Темур ва темурийлар Навоий нигоҳида

Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг еттинчи мажлисини қуйидаги сарлавҳа: “Салотини изом (Улуғ султонлар — С.Ғ.) ва авлоди вожуб ул-эҳтиромлари зикридаким, баъзи яхши маҳалларда хуб байт ўқубтурларким, филҳақиқат, ўзлари айтқондек хубдур ва баъзи назм латойифига машғул бўлубтурларким, ул дағи матлуб ва марғуб-дур” ҳамда шундай таъриф билан бошлайди: “Мулук шажарларининг (подшоҳлар дарахтининг) бўстони ва салотин гавҳарларининг уммони, хоқони жаҳонгири соҳибқирон, яъни: Темур Кўрагон…”.
Навоий Амир Темур шеър ёзмоққа илтифот қилмаса-да, назм ва насрни жойи келганда ўқиб юборарди. Бир байтни бундай ўқиш, деб таъриф қилади Навоий, “минг яхши байт айтқонча бор”, дейди.
Шундан сўнг Навоий бир нақл келтиради. Табризда ҳукмронлик қилаётган Темурнинг ўғли Мироншоҳ чоғир ичишга берилиб, ножоиз ишлар қилмоқда, деган хабар Самарқандга етишади. Ичкиликка унинг атрофидаги Хожа Абдулқодир, Мавлоно Муҳаммад Кохий ва Устод Қутайб Нойи боис экан. Темур учаласини ҳам жазолашга буюради. Хожа Абдулқодир қочиб, қаландар бўлиб кетади, қолган иккиси қатл этилади.
Амир Темурнинг Ироққа юришида Абдулқодир ҳақида хабар етказадилар. Соҳибқирон уни тутиб келтиришни буюради. Абдулқодирни Темур тахти пойига ташлайдилар. Хожа Абдулқодир Қуръони мажидни ёд билган, қироат илмида ҳам етук бўлгани маълум эди. У ниҳоятда саросимага тушади ва баланд овозда Қуръон ўқий бошлайди. Темурнинг “ғазаби лутфқа мубаддал бўлуб”, атрофидаги фазл ва камол аҳлига боқиб қуйидаги мисрани ўқийди:

Абдол зи бийм чанг бар Мусҳаф зад.

Мазмуни: Қаландар қўрқувдан Қуръонга чанг солди.
Шундан сўнг Хожа Абдулқодир Соҳибқироннинг яқин суҳбатдошларидан бири бўлиб қолади.
Навоий сўзни Ҳусайн Бойқарога буриб, у ҳам улуғ бобоси каби мажлисларда кетма-кет яхши шеър ва гўзал сўзлар айтар эди, унинг макони жаннат боғи бўлсин, бу эса, “жаҳон мулкида жовидон бўлсин!”, деб дуо қилади.
Соҳибқирон Темур бадиҳона келтирган мисраъ X асрдаги буюк орифлардан шайх ва шоир Абу Саъйид Абдулхайрнинг машҳур “Ҳавория” рубоийсининг тўртинчи мисрасидир.
Бу рубоий ва у билан боғлиқ ривоят ҳақида Жомий “Нафоҳот ул-унс”да, Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да Абу Саъйид Абдулхайрга бағишланган фиқрада тўхталиб ўтадилар. Рубоий матни:

Ҳавро ба назораи нигорам саф зад,
Ризвон ба ажаб бемонду каф бар каф зад.
Як холи сияҳ барон рухон мутраф зад,
Абдол зи бийм чанг бар Мусҳаф зад.

(Яъни: Ҳурлар нигоримни кўриш учун саф тортдилар; жаннат дарвозабони ажабланиб, қарсак чалди. Бир қора хол (хол — тасаввуф истилоҳотида ваҳдат нуқтасини англатади — С.Ғ.) ул юзларга (Жаброил арвоҳларига) парда тортди; абдол (қаландар) қўрқувдан Қуръонга чанг солди).
Бу рубоийга жуда улуғ орифлар, шоирлардан ўн нафари, жумладан, Муҳаммад Ширин Мағрибий, Қосим Анвор, Яъқуб Чархий, Абдураҳмон Жомий, Убайдуллоҳ Чочий (Хўжа Аҳрор) ва бошқалар шарҳ битганлар.
Кўринадики, Амир Темур ана шундай орифлар ижодини, кўпмаъноли шеърларни ёддан билган.
Навоий “Мажолис”да Шоҳрух мирзо, Абу Бакр мирзо, Абулқосим Бобур, Бойсунқур мирзо, Халил Султон ва бошқа шаҳзодалардан адабиёт ва санъатга машғул бўлган, Темурнинг миллий тил, миллий тафаккур, миллий руҳ, завқ-шавқ давлатчилик сиёсатида муҳим соҳа бўлганлиги ва шу мақсадларда фаолият олиб борган ижодкорларга, хусусан, Ҳусайн Бойқарога фахр ила қарашлари бежиз бўлмаган.
Тазкирада Шоҳрух мирзонинг бадиҳона ўқиган бир шеъри таърифлаб келтирилган. Навоий “Бобур Султон(нинг) муборак тилидин мундоқ эшиттимким…, устод Қивомиддин меъморға (Шоҳрух мирзо) бир иморат жиҳатидан эътироз қилиб, бир йил мулозаматдин маҳрум экондур”. Шундан кейин у бир тақвим (осмон жисмларининг ҳол ва ҳаракати ҳақидаги жадвал — С.Ғ.) тузиб, шоҳ ҳузурига киритибдики, шояд ҳузурларига киритсалар, деб…
Шоҳрух “мирзо табассум қилиб”, форсийда бир байт ўқибдилар. Мазмуни: Ердаги ишларни яхши бажариб, энди осмон ишига киришибсан.
Навоий байт бадиҳона ва ғоят топқирлик билан вазиятга кўра ўқилгани учун “Анингдек отадин (яъни Амир Темурдек — С.Ғ.) мундоқ ўғул ҳеч ажаб эмас”, деб таъриф қилади.
Мироншоҳнинг ўғли Халил Султон Навоий эътирофича, яхши шеърлар ёзган, соҳиби девон бўлган. Даврнинг машҳур шоири Хожа Исматуллоҳ Бухорий Халил Султон девони таърифида қасидалар ёзган экан. Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро” тазкирасида келтирилишича эса, Темур Бағдод юришига отланиб турганда Бағдод ҳокимидан форсийда ёзилган бир қитъа олади. Унда биз ҳеч нарсадан қўрқмаймиз, Семурғ каби қанотларимиз бор, қабилида сўзлар битилган бўлади. Шундан Темур “Кошки мен шеър ёза олсам эди, шу қитъага жавоб битардим. Шояд фарзандларим ёки набираларимдан бирортаси Аҳмад Бағдодийга жавобия қитъа ёзса”, деганида Халил Султон жавоб қитъасини ёзган: “Сен Семурғ каби Кўҳи Қоф қасдини қилма, саъвадек қанотларингни йиғиб ол. Беҳуда хаёлларга берилма, токи юз минг бошлар кетмасин”.
Қитъани олган Султон Аҳмад талвасага тушиб, Румга қочган экан.
Навоий Халил Султоннинг бир байтини келтиради:

Эй турки пари пайкаримиз, тарки жафо қил,
Коми дилимиз, лаъли равонбахш раво қил.

Амир Темурнинг набиралари — Абобакр мирзо ва Султон Искандар Шерозий ҳам бадиий ижод билан машғул бўлганлар. Навоий уларнинг туюқларини келтиради:

Эр керак ўртанса, ёнса ёлина,
Ёра еб ётса отининг ёлина.
Ит ўлуми бирла ўлса яхшироқ,
Эр отониб, душманиға ёлина.

Абобакр Мирзо.

Тўлун ойға нисбат эттим ёруми,
Ул хижолатдин кам ўлди ёруми.
Тори мўюнгнинг закотин мен берай,
Ё Мисрни, ё Ҳалабни ё Руми.
Султон Искандар.
Соҳибқирон Темур ўз юришларидан олимларни, тарихчиларни олиб келиб, саройда уларга илтифотлар кўрсатганида фарзандлари улар илмидан баҳраманд бўлишларини ҳам назарда тутган эди. Улуғбек мирзонинг илми нужумдаги салоҳияти, у яратган “Зижи Кўрагоний”нинг жаҳонга тарқалгани, Бойсунқур мирзонинг Ҳиротда адабиёт ва санъат вакилларини йиғиб хаттотлик, наққошлик, матншунослик, меъморлик соҳаларида мактаблар яратгани айтганларимизга далилдир.
Алишер Навоийнинг бутун фаолияти, бетакрор ижоди эса, темурий Ҳусайн Бойқаро билан боғлиқ кечгани шоир томонидан қайта-қайта эътироф этилган.
Навоий еттинчи мажлисни қуйидаги рубоий билан якунлайди.

То Темуру Шоҳрух деган бўлғай от,
Андин сўнгги шаҳлар бори фархундасифот.
Эй давлату иқболға оростаи зот,
Мажмуича бўлсун санга даврони ҳаёт.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 28-сонидан олинди.