Собир Ўнар. Адабиёт эътиқодни тарбиялайди

Адабиёт, шаксиз, тарбия воситаларидан бири. Илло, эътиқод эмас, эътиқодни парваришлаш усулидир, шу маънода уни эътиқоддан айрим ҳолда кўрсатиш нотўғри, адабиётимизни улуғликка, мумтозликка кўтарган зотлар… Буюк Иймон эгалари эди!

Гўрўғли Ғиркўк дулдулини миниб, қирқ йигитни қабатига олиб ёв устига саваш қилганда, Алпомиш Бойчиборининг белига ўтириб ғаними устига аёвсиз юрганида, мардлик кўрсатганида, Фарҳод ёр васли учун тоғ-тошларни кесиб, сабр ва жасоратини намоён қилганида – уни ўқиган ўзбек болалари юрагида ботирлик қони кўпиргани бор гап. Ахир, дунёни ларзага келтирган, жаҳон адабиётининг ағдар-тўнтарини чиқариб ташлаган, Жозибали Сўз билан байроқдор бўлган бутун бошли Лотин Америкаси адабиётининг ибтидоси, Сервантеснинг биз кўп ҳам хуш кўрмайдиган, масхара, довдир образдан иборат “Дон Кихот” асари-ку. Қараб қўйинг, 60-70-йиллар ичида олам адабиётини оҳанрабодай ўзига қаратган, қисқа вақтда буюк ёзувчиларнинг дунёга келиб, довруғ таратишига асос бўлувчи асар, бор-йўғи, рицарлик романларини фош қилиб, калака қилган бир роман бўлиб чиқса!

Йўқ, бу ерда, барибир, тарбия бор. Лотин Америкаси халқи, асосан, испанлар, яъни Европа халқи. Халқ эса қадриятлардан, аждодлар меросидан тўйиниб яшагиси келади. Биргина шу асар, гарчи Европада, Испанияда беш аср бурун яратилган эса-да, уларнинг ҳам ўлмас мулки. Мулкки, кун келиб Лотин Америкаси адабиётини юксакка кўтариб юборди. Бу юксак­лик охир оқибат халқнинг қалб кўзини очди. Лотин Америкаси давлатлари бирин-кетин диктатура кишанлари занжирини улоқтириб ташлади. Жамиятни ўзгартирди. Бу жараёнда адабиётнинг буюк роли бор. У – одамни зулмдан қутилишга, озод яшашга ўргатди. Эзгуликнинг ғалабасига чорлади. Пабло Неруда шеърларини чилиликлар мадҳия, марш қилиб куйлар эдилар, байроқ кўтарар, Пиночетга қарши курашар эдилар. Оқибат, ғалаба қилдилар.

Бизнинг Шарқ адабиёти эса сабрга, ақлга, одобга ва, ўз навбатида, жавонмардликка даъват этади. Шўро зулми даврида, аслида, ўзбек адабиёти олдинги ва кейинги давр адабиётидан зўр бўлган. Қодирий ва Чўлпон, Миртемир, ҳатто Э.Воҳидов, А.Орипов, Р.Парфи ҳам тишни тишга босиб алам билан ижод қилган. Булар, керак бўлса, ўз вақтида ўзбекни мудроқликдан уйғотолган ижодкорлардир. “Менинг ҳам қонимда қилич занги бор…” – деб ёза олган эди Абдулла Орипов бундан эллик йиллар муқаддам “Арманистон” шеърида. Тишни тишга босиб ёзилган сатрларни қалби безовта ўқувчи ўпкаси тўлиб ўқимаган, юраги симилламаган дейсизми?

Ўсмоқчилаб сўраб келсангиз, ҳозирги мустақиллигимизнинг тамал тошини қўйганлар ҳам, аслида, ижодкорлар, зиёлилар ва ўткир сиёсатчиларимиз бўлиб чиқади.

Бундан чиқадики, Адабиёт нафақат тарбия, балки жамиятни ўзгартириш воситаси ҳамдир. Бундан 90 йил аввал ёзилган ва ўша вақтдаёқ қўлма-қўл бўлиб кетган “Ўткан кунлар”ни берилиб ўқиган одамни кўз олдингизга келтиринг. Юсуфбек Ҳожининг Туркистон исканжаси, халқнинг эзилиши, бой-боённинг ўз нафсидан ўзгани ўйламаслиги, эзилаётган бечораларни яна кўра-била томоша қилишга мажбурлиги, ўғли Отабекка эзилган бу кўнгилни нечун яна тилкалайсан, дея азобда қолишлари тасвири, ўйланг, оддий ўқувчининг ҳам юрагига ботиб кетмайдими?

Адабиёт – юракни тарбиялайди.

Шукрки, бизда ёвузлик, ёмонликка етакловчи китоблар урчиб кетди деёлмаймиз. Саёз, бачканалари тўлиб ётибди. Бозор адабиёти десак, балки тўғридир. Унинг жиддий адабиётга дахли йўқ, афсуски, харидори кўп.

Отини айтмаганим тузук, бир замон жануб ёқдан кўп ижодкор аҳли танийдиган ёзувчи акамиз ташриф буюриб, обдон Гоголдан лоф урди. Лоф ургани майлию, ёзувчини Қодирийга таққослаб, Гоголда эътиқод ғоят баланд, Қодирийда йўқ, у Калвак махзум ва Тошпўлат тажанг образларини яратгани учун ҳам дўзахнинг нақ ўртасига бориб тушади, деди қатъий. Ё фалак! Туппа-тузук ўқиган, савияси бор, деб ўйлаганим бу одамнинг Қодирий ҳақида чиқарган хулосаси жаҳлимни чиқариб юборди.

– Э, ака, қанақа хулоса қилаётганингизни биласизми? Қодирий роман ёзмай, ўша Калвак махзум ва Тошпўлат тажангнинг ҳангомаларинигина ёзиб ўтиб кетганида ҳам адабиётда из қолдирган бўларди. Калвак мулла, намозхон бўлгани билан жоҳил, дунёқараши тор, ўзидан бошқани ўйламайди, тараққиётни сира қабул қилмайди, Тошпўлат эса бундан баттар, киссавур, каллакесар – нима қипти, шуларнинг устидан калака қиляпти! Сиз айтаётган эътиқод, аксинча, бу ерда бўртиброқ кўринади. Дўзах, жаннат масаласини эса Яратган Қодирнинг Ўзи ҳал қилади. Мен бу фикрингизга мутлақо қаршиман, фақат сиздан илтимос, бу туҳмат гапни бошқа ерда айтманг. Панд еб қоласиз.

Ака аразлаб, гавдасига ярашмаган шитоб билан таҳририятни тарк этди. Қайта кўринмади ҳам. Аммо кунларнинг бирида ушбу мужодалани бир хусусий газетада тамом бошқача тус бериб тилга олибди. Унда камина мум тишлаб, гап тополмай, охири гапни обуна масаласига буриб юборган эмиш.

Ҳадиси шарифда эътиқодсиз кишини ҳам кофир деб айбламаслик буюрилган. Иброҳим алайҳиссаломнинг эшигига келган яҳудийни овқатига шерик қилмай ҳайдаб солгани ва бунинг учун Оллоҳдан танбеҳ олгани воқеасини хотирга олинг. Бу кишининг наздида эса Гоголь – мусулмон, Қодирий – кофир.

Ўзи баъзиларда аслий, азалий фикрни бузиб, тескари қилиб ташлаш қобилияти бўлади. Маънавий позициянгиз мустаҳкам бўлмаса, гарангсиб қоласиз.

Гоголнинг эътиқоди бўлса бордир. Бироқ бирор асарида насроний руҳонийни рисоладагидай идеал шахсга айлантиргани тасвирига дуч келмаганман. “Уйланиш”, “Иван Иванович ва Иван Никифировичлар орасида бўлиб ўтган можаролар ҳикояти” ёхуд “Ревизор” комедияси учун ҳам ҳар қанча таҳсин айтсанг, яхши кўрсанг, арзийди. Достоевскийдек зот: “Биз ҳаммамиз Гоголнинг “Шинел”идан чиққанмиз”, деганида уни устоз деб эътироф қилмадими?!

Шу Гоголь рус ё украинни (“Тарас Бульба” истисно) мақтадими, заҳарли қамчиси билан ертепки қилиб савалаб ўтиб кетди-ку. Бу унинг русни ёмон кўрганининг белгисими?

Ижодга, умуман, адабиётга баҳо бераётганда эътиқод масаласига жўн ёндашмаслик тарафдориман. Озарбайжон адиби Анор ёзганидек: “Бу ҳаёт шунчалар қисқаки, унда ёмон бўлиб яшашнинг иложи йўқ; бу ҳаёт шу қадар узунки, унда фақат яхши одам бўлиб яшаш мумкин эмас”. Шундай муаммолар борки, уни мана бундоқ ёки ундоқ бўлиши керак, деб кескин ўртага қўйиш қийин. Эътиқод масаласи ҳам худди шундай.

Адабиёт, назаримда, инсоннинг эътиқодини тарбия қилиши керак.

Г.Маркеснинг қисса ва романларида фаҳш саҳналари бот-бот учраб туради. Ёзувчининг маҳорат кучи ва кўлами кенглигидан сиз ҳеч қачон бу тасвирларга маҳлиё бўлиб қолмайсиз, аксинча, улардан ижирғаниб кетасиз. Чунки ёзувчининг мақсади бу ерда тўхталиб қолиш эмас, у сизни етак­лаб ўзга кунгуралар ва ўзининг руҳи аро чирпирак қилиб елдириб кетади.

Навоий ҳақида баъзан ўйлаб шундай хулосага келаман: адабиёт ҳаётдан устун бўлиши мумкин. “Темур тийғи етмаган жойни, Қалам билан олди Алишер”. Абдулла Орипов ҳам тиғ салтанатидан қалам салтанати баҳайбатроқ эканини таъкидлайди, шундай эмасми?

Навоий – ҳаёт энциклопедияси, Навоий – ҳаёт маёғи, Навоий – эътиқодлар чашмаси, Навоий – адабиёт қуёши, қўйингки, Навоий адабиётнинг барча фазилати.

Румий, Саъдий, Ҳофиз Шерозийлар, Хайём, Бедил – ҳаммаси ҳам Адабиёт. Инглиз уларни, нари борса, севги, май куйчиси, деб қабул қилади. Навоийни Фарҳоду Ширин, Лайлию Мажнун ҳақида афсона айтган, ишқ ҳақида ғазаллар битган, деб жўн қабул қилади.

Биз аввал ўзимиз Навоийни Навоийдек қабул қилишни эплайлик, ке­йин бошқалардан ўпкалаймиз. Инглиз, рус тушунмаса, тушунмай қўя қолсин, бизга не суд? Адабиётда Навоий империяси мавжудлигини эътироф этиб туришимиз, таъкидлашимиз кифоя. Уларникидан катта Ақл, собит Эътиқод, мустақийм Ишқ, энг гўзал Сўз бор эканини билдириб туришимиз ҳам етарли. Асло куюниб ўтирманг!

Навоийдан беш юз йил олдин ҳам, Навоийнинг ўзи ҳам, ўзидан беш юз йил кейин Ч.Айтматов ҳам “Охир замон нишоналари” билан ўз замондошларини огоҳ этдилар. Зора, бу халқ тарбият топса, зора, этагини йиғиштириб олса, жоҳилликдан тўхтаса! Йўқ, адабиёт ўзи билан, одам ўз юмуши, олам ўз ташвиши билан банд!

Кимнинг ёқасидан оласан? Ўзи шу иш тўғри бўлармиди?

Адабиёт эмас, менингча, адиб дунёни ўзгартиришни хоҳлайди. Ва асрлар давомида ўзининг ёқасини ўзи чок қилади. Гоҳо унинг ҳаракати тоққа тош олиб чиқаётган Сизифникига ўхшайди, баъзан Сулаймон пайғамбар билан муноқашага киришган, “тоғ ағдармоқчи” бўлган чумолига менгзайди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Рауф Парфи ижод жараёнини ибодатга, Улуғ Тангрига тавалло қилишга қиёслаган эди.

Адиб ҳам, Адабиёт ҳам дунёга томошабин бўлиб туролмайди, уни ўзгартиргиси келади, лекин имконида борини қилади. Қадим ва чўнг дунё-да бу! Ўтмиш йигирма саккиз минг пайғамбарлардан қай бири замонида олам гулистон бўлган эди?..

Вақти замонида “цензура” отли бир машина китобни ғоявий жиҳатини ҳисобга олиб обдан чиғириқдан ўтказар эди. Бу ғояни қўлда ушлаб турган жамият пешволарининг пухта бир иши эди. Чунки ғоя қўлдан кетса, бошқа ҳаммаси қўлдан кетади. Биз мустақиллик ғояси одамларимиз. Сиз тилга олаётган “ҳамма нарса”, нари борса, кўнгилхушлик даражасидадир.

Тўқсонинчи йилларнинг бошида, эсингиздадир, ҳамма ёқни экстрасенс босиб кетди. Ё қудратингдан, оёғинг остида шунча авлиё ётган экан-у, ғафлатда ётганингни қара. Қизиғи, улар тузалмас касалларни тузатади: жиннини ҳам, кўрни ҳам, шолни ҳам. Улар матбуотда, телевидениеда қанча касал бўлса, тағин чорлашар, фолбинлар ҳам тамом урчиб, дуохонлик, иссиқ-совуқ, тутатқи, бало-баттарлари авж олиб кетди. Уларни бирлаштирадиган ташкилотлар, жамиятлар пайдо бўлди, ўзларини тарғиб қиладиган китоблар, газета, журналлар чиқаришди. Анчайин жиддий, бинойидек нашрлар ҳам беихтиёр уларга қараб оғиб кета бошлади. Қўйиб берсанг, ичида фалон куни “шахсан” Худо билан “мулоқот” қиладиганлари ҳам чиқади. Туппа-тузук ёзувчи-шоирлар ҳам уларга эргашиб анча жойгача бориб қолдилар.

Ҳар қадамда экстрасенс-фолбин кабинет очиб, ўзини реклама қилади, кўчадаги лўлидан баттар, бахту тахтингдан “башорат” сўзлайди. Ўшанда халқ орасида беморлар сони камайдими, ошдими, билмайман, аммо жамият ҳақли равишда бу бошбошдоқликни тартибга солиш учун арқонни тортган эди, бариси тутдай тўкилиб тушди.

Қарасак, атрофимизда биттаям “авлиё” қолмабди.

Борлари ҳам шаштидан тушиб, эл қатори бўлиб кетди. Ўзларича зингил солиб ўйлаб қарасалар, аслан “авлиё”ликдан йироқроқ эканлар… бошқа касб қилган маъқул…

Бошида диний адабиётга ҳам эркинлик берилди.

Ўтган асрнинг 88-йилида, эслайман, таҳририятда шоир Б.Рўзимуҳаммад қаердандир топиб келган Қуръоннинг татарча таржимасидан 4-5 саҳифасини эшикни ичкаридан қулфлаб, шивир-шивир билан тушуниб-тушунмай ўқиганмиз – таъқибдан қўрққанмиз. Аммо роппа-роса бир йилдан сўнг, 1989 йилнинг март ойидан бошлаб “Шарқ юлдузи”нинг 3-сонида “Қуръони каримнинг маънолари таржимаси” аллома Алоуддин Мансур таржимасида очиқ-ошкор эълон қилина бошланди.

Ютоқиб ўқидик, қизиқдик, кейин китобни сотиб олдик. Бора-бора, афсус, қизиқиш аввалгидай бўлмай қолди. Нимани яширсанг, ўша сирли кўринади-да. Бу дегани – омма Муқаддас каломнинг асрорини ўзлаштирганини билдирмайди. Томошабин сифатида кўриб қўйганини билдиради, холос.

Диний эркинликни авом тўғри тушунмаслиги мумкин. Икки калима илм ўргандим, дея ақидапарастларга, террорчиларга қўшилганларни, ўз Ватанига, жигаргўшаларига қурол ўқталиб, қон тўкишгача борганларини ҳам кўрдик. Улар кимлар? Шу, оддий, орамизда юрган инсонлар эди. Бошқалар етакласа, йўқ, ундоқ эмас, бундоқ, деб фикр билдиролмайдиган иродасиз инсонлар.

Демак, ёппасига эркинлик элнинг зарарига ишлай бошлаши мумкин экан. Бу – виждон эркинлигини тўғри тушунмаслик оқибати.

Ҳозирги тарқалаётган китобларда майда-чуйда гаплар кўп. Улар, албатта, ёшларни чалғитади. Шундай вақтда жиддий адабиётнинг аҳамияти беқиёс. Қани энди фарзандинг Гарри Поттернинг навбатдаги саргузаштларига қизиқиб, давоми чиққан-чиқмаганини билиш учун Интернетни ковлаш, ўртоғига тафсилот, сафсата сотиш ўрнига бирор мумтоз асарнинг фалон жиҳати ҳақида қизиқиш билан савол берса. Ота-она сифатида сиз хурсанд бўлиб кетмайсизми? Жуда бўлмаса, А.Обиджоннинг Мешполвон ёхуд “Уста Гулмат”ини варақлаб завқланса экан…

Ҳаммаси мактабда, лицейда, коллежда адабиёт ва она тили дарси ўтилишининг ўта хароб эканлигидандир. Ёппасига айблаш нохолислик бўлар, балки.

Ўзбекистонда адабий нашр кўп эмас. Бироқ ҳукумат дастури ва қарорига кўра ҳар бир ўқув муассасаси, хусусан, ҳар бир мактабга камида бир донадан “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, қорақалпоқ мактабларига “Амударё” журналлари ҳамда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига обуна бўлиниши ва етказиб берилиши керак. Бу тадбир агар амалга ошса, бизнинг елкамизга офтоб текканини билдирар эди. Афсуски, жонли, замонавий адабиёт борган сари мактабдан узоқлашиб боряпти.

Акс ҳолда, Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирининг адабиёт ўқитувчиси (!) Ёзувчилар уюшмасига келиб шоир Қуддус Муҳаммадийни мактабига учрашувга олиб кетмоқчилигини айтмаган бўларди…

Адабиётни замондан ҳам, илмдан ҳам тамоман узиб ташлаган тизим – мактаб, янаям тўғрироғи, халқ таълими тизими бўлди. Чунки уларнинг ўз нашрлари бор, бугунги адабиётни, бугунги ёзувчиларнинг энг сара шеър, ҳикоя, драма, достон, қисса, романлари билан, жонли адабиёт билан таништирувчи, ўзи, умуман, соф ўзбек адабиёти бўлиб турган бу нашрларга вазирлик кўз юмиб қўя қолган. Обуна пайтида мактабларга борсангиз, яхшилаб суриштиринг: вазирлик нашрлари, икки-уч сиёсий, туман, вилоят газеталаридан бошқа нашрларга обуна уюштириш таъқиқланган, тушун­япсизми, таъқиқланган!

Тушунтирасизми, илтимос қиласизми, бефойда – ўт тушиб кетмайдими сен айтаётган адабиёт деган матоҳга!

Гоҳо мактаб ёшидаги болаларнинг ижодларига аҳамият беринглар, деб қолишади. Албатта, иш тақозоси, қолаверса, масъулият юки билан ҳам ўзинг қизиқасан. Улар ичида ҳам ижодкорлар кам эмасдай, пичоққа илинганлари эса тўхтамай матбуотда чиқишяпти, китоб чиқарганлари ҳисобсиз. Лекин, виждон амри билан нафсиламрини айтганда, мактабда, лицейда, коллежда умумий саводхонлик даражаси сезиларлик тушган. Бунинг сабаби ҳам она тили ва адабиётнинг дарсликлар сифатида пишиқ ўрганилмаётганидадир. Бурунги ўқув тизимида баён, диктант, иншо кўпроқ йўлга қўйиларди. Ҳозир эса бола илк қадамданоқ тестга мувофиқлаштирилаётгани учун юқоридагидек иншо тизими кун тартибидан чиқди. Менингча, бу нотўғри. Аввал олий ўқув юртига кириш учун ҳам, албатта, иншо ёзилар эди. Ҳар бир ўқувчи маълум маънода ижодкорга айланишга, керак бўлса, адабиёт фанидан яхши хабардор бўлишга мажбур қилинарди.

Иншонинг йўқ қилиниши адабиётнинг аро йўлдаги аросатда қолиб кетишига эшик очиб берди. Бундай “доно”лар вақти келиб адабиёт ва она тилини “чиқит” фанлар сифатида орадан кўтаришга (Худо кўрсатмасин!) ташаббус қилиб қолмаслигига кафил борми?

Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, бирор талабага бир саҳифа аризанамо нарса ёздириб кўринг-чи. Нечта имло ва гап тузишда хато қиларкин? Аълочиси ҳам қаторлаштириб хато ёзади. Фарзандимнинг оддий кундалик дафтарида ўқитувчисининг хато ёзганини кўриб ажабланаман. Баъзан айтиб туриб матн туздирсам, ғирт Тошкент шаҳри шевасида ёзиб ўтиради. Ажабо, бизнинг адабий саводхонлигимиз шу даражада ғариблашиб қолганми?

Йиғлайсизми, куласизми?

Давлат раҳбари, Президент “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” деб турса-ю, зиммадаги масъулликни сиёсат даражасида эслатиб турса, таълим тизими эса тескарисини қилса!..

Адабий оқсоқликнинг асл сабаби шу ерда. Чунки адабиёт ҳеч қачон ёзувчиники бўлмаган. Бундан кейин ҳам, барибир, халқникидир.

Баъзи Ғарб ёзувчиларининг санъатига, даҳолигига таҳсин айтган ҳолда тутган йўлига асло меҳрим йўқлигини яширмайман. Ф.Кафка “Мақсад бор-у, унга элтгувчи йўл йўқ, деб ўйлаганимиз эса охир-оқибат ҳеч қаерга олиб бормайди”, дейди. Ёки кундалигида “Инсоннинг бутун умри – бор-йўғи, уни ўлимга олиб борувчи йўлдир”.

Бор-йўғи, ўлим… Қандай даҳшат! Саодатли умр ҳақида лоф урмай қўявер, ўлимдан бошқасига эришмайсан.

Жуда авом ўзбек ҳам икки кафтини очиб Оллоҳдан икки дунё саодатини сўрайверади. Чунки у бор идроки, вужуди билан Яратганнинг каломида таъкидланган ваъдасига батамом ишонади. Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам иқбол борлигига иймон келтиради. Ёмонлар, ёвуз, зўравонлар учун дўзах азоби борлигига ҳам қалбан ҳис этиб инонади. Ахир, бу дунёда ҳам, у дунё­да ҳам адолатсизлик бўлса… уни шуурда англаб бўлмайди. Қанақасига?!

Одам дунёда роҳат топмаса-ю, ўлиб ҳам жасади чириб кетишидан ўзга натижа тополмаса! Даҳшат!

Шарқ, хусусан, мусулмон халқи диний ақидага ишонади. Калимаи муфассалда дарж этилган яхши ишлар учун мислидан кўп ажр-мукофот, ёмон амаллар учун мислигача азоблар борлиги уқтирилган. Исломнинг биринчи фарзи иймон, иймон эса даставвал Оллоҳга, Унинг ягоналигига, фаришталари, пайғамбарлари, китоби, охиратга, ўлгандан сўнг (Қиёмат куни) қайта тирилишга, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам ёлғиз Ундан эканига, тақдирга ишонишдир.

Аввал ишонч. Сўнг эса шу ишончнинг амаллари бажарилаверади.

Агар шу иймон бўлмаса эди, Кафка айтганидай, умр йўли ўлимга олиб боришидан бошқа чора йўқ бўлса эди, мусулмон Оллоҳдан, бошқалар ҳам дину диёнатидан айрилиб, аллақачон, Кафка туғилиб қўлига қалам олмасидан кўп асрлар олдин мувозанат бузилиб, ҳамма нарса қоришиб одам ҳам фақат махлуқлик сифатидан бошқасини намоён этмай, дунёсини яксон қилиб улгурган бўлур эди. Одамлар шаҳар, давлат, иморат, оила қуриб, насл ўстириб ёруғ келажакка талпиниб ўтирмас эдилар.

Кафка, Жойс, Камю, Борхес насрда, романчиликда ислоҳ қилишди, шакл қолипларини бузишди, тафаккур бошқачароқ бўлиши мумкинлигидан огоҳ этишди. Бироқ ўзга таълимот яратолганлари йўқ.

Ҳаётни ҳам ўзгартира олишмади.

Аслида, ёзувчи ҳаётни ўзгартира олмайди.

Яратган зот қандай изнга солса, шундай давом этади ёки тўхтайди. Тақдирни ким бошқарса, ҳаётни ҳам Ўша бошқаради.

Пайғамбарга аниқ йўл кўрсатилади. Ўша дин ё таълимот бўлиб қолади. Авлиё илҳоми ила махсус ҳаёт тарзини қура олади. Лекин у ҳам башарият таълимотига айланмайди.

Одамнинг билгани қобиқ ичидаги қобиқ ичидадир, яъни ўз мияси даражасидадир. Даҳолик – нисбат.

Даҳоликнинг фазилати шундаки, у кишилик жамиятини эзгуликка ундай олади. Бошқалар бундай қудратга эга эмас.

Ёзувчининг зўри инсонларни ёмон оқибатлардан ҳушёр бўлишга даъват эта олади. Сабаби, у кучли маҳорат билан бу даъватни асарида исботлай олади.

Парадокс шундаки, ёмонлик ҳам шундай теран асос билан исботланиши мумкин. Бу, энди шайтоний қудратнинг иши.

Шайтон ўта жилвагар. Кафканинг ўгити шайтоний.

Охирги пайғамбар Муҳамад Мустафо (с.а.в.) тушни, бор-йўғи, икки тоифага бўлади: шайтоний, раҳмоний. Яхшилари – раҳмоний, ёмонлари – шайтоний. Айтилмаган туш – таъбир қилинмайди. У ўқилмаган мактубга қиёс. Яхши тушга ҳам, ёмонига ҳам садақа беринг, шунда ёмонлиги арийди. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тасаввуф ҳақида тасаввур”. 2009 й. “Мовароуннаҳр” нашриёти).

Поуло Коэльо туғилган жойи айрим (Бразилия – на Ғарб, на Шарқ) бўлгани ҳолда ислом олами ривоятларини яхши кўриб тасвирга олади. Асар ғояларида ёруғлик бор. Йўлсизлик йўқ. Топишмоғини ҳам осон топса бўлади.

Азалдан “отажоним Шарқ” ёруғликни ва йўлни кўрсатиб келган. Қоронғига маҳкумлик унга ёт. Ва шундай бўлиши ҳам керак. Бунинг сабаби, ислом дини ҳисобланади.

У ўта мукаммал дин ўлароқ охирзамон соатигача йўл топиб боради. Шунга буюрилган. Насронийликда эса Исо алайҳиссаломга хиёнатдан сўнг, Меърожга тириклай кўтарилиб кетгач, йўлсизлик ҳукм сурган. Инжил ўзгартирилиб, турли авлиёларнинг турли ривоятлари юзага келган. Улар мушриклар, чунки бандани Худо санайдилар. Биз бандани ҳам, пайғамбарни ҳам яратганни Худо деймиз.

Маънавий таназзул ахлоқ бузилган жойда юз беради.

Ғарб гўё ахлоқ чегаралари билан чекланмаган озод дунё. Улар ўзини ўраган исломни менсимаслиги мумкин, гоҳо масхаралашгача бориб етяптилар.

Бироқ нажот – покликда. Сабаби, унинг гуноҳи йўқ.

Адабиётнинг таълимотдан фарқи – унинг йўли кўп, турланиш даражаси ҳар хил. Барибир, унинг вазифаси ёруғлик, яъни эзгуликнинг кучига ишонтиришдир.

Ўтмиш мерос туганмас маънавий бойликдир. То биз уни қизиқиб ўрганмас эканмиз, сирли сандиқлигича қолаверади. Қаршимизда “лаббай” деб турган Интернет унинг ўрнига вақтимизни банд қилиб қўяверади. Интернет – ҳар хил одамлар ҳар хил даражадаги чиқитларини ҳар куни тўкиб турадиган чиқитхона. Бироқ жонли, турли муносабатлар унда жилва кўрсатади. Бизни домига тортиб кўп вақтимизни олади. Қимматли манбалар эса бошқа ёқда.

“Бобурнома”ни яқинда қайта ўқидим. Бу сафар бошқача қизиқиш бўлди. Бобур шахсидаги олижаноблик, мурувват, ўйчанлик, фонийлик туйғуси ҳар лаҳза жўшиб турган шоирлик билан бирга қаҳрли саркардалик, ғанимни, унга қўшиб аскарларини ҳам аямаслик, каллаларидан миноралар ясаш… ўзини ўтга-чўққа бемалол уриб кетавериши, Ҳумоюн оғир бетоб бўлганида ҳеч иккиланмай азиз жонини Худога ёлвориб нисор этиб юбориши… жудаям қизиқ шахс. Маънавий масалаларда ҳам ҳақиқатга тик боқиб ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам бўямай, танбал, ахлоқсиз, “чурра саҳлар эди”, журъатсиз, қўрқоқ, фосиқ дея таъриф бериб кетавериши ҳайратингизни оширади. Қумурсқаникичалик қадри бўлмаган тақдирлар. У ёққа торт, бу ёққа торт бўлиб ётган беҳаловат замон, мағлуб бўлган томоннинг моли талондалиги, аёлу қизи ҳам душман тасарруфига ўтиб номуслар бемалол топталиши, ҳимоясиз одамлар, жоҳилликлар, замон зўравонники, эгаллаганники экани… воажаб, беихтиёр бугунги яшаётган кунларингни яхши кўриб кетасан. Осойишталикнинг қадрини кўпроқ туясан.

Тарихий асарларнинг, айниқса, мумтоз адабий мероснинг аҳамияти беқиёс. Асилликка термулсанг – таваккулни, маънини, буюк Ишқни ўрганасан, ўрганган сайин ҳайратланаверасан.

Ибн Баттутанинг “Саёҳатномаси”-чи? Тўхтаб-тўхтаб, ҳазм қилиб ўқинг, тарих воқеликлари олдида тасаввурингиз бутунлай ўзгариб кетади.

Эсдаликлар тарихни тарихлигича кўрсатиши билан қадрли, бадиий асарлар эса мумтоз адабиётимизнинг кўркини кўрсатади, маъни ва яна маъни топа оласиз. Бу – эҳтиёж. Фақат қай Сўз билан қарашга боғлиқ.

Инқилоб доҳийси В.И.Ленин ўз замонида Л.Толстой асарларига таъриф бериб, булар Россияда инқилоб шарт, бошқача яшаш мумкин эмаслигини кўрсатувчи асарлар, дея баҳолаган ва буни исботлаган ҳам эди. Горькийнинг “Она” романини инқилобга чорловчи асар деб ёзувчи билан дўст тутинган ва оқибат адиб “Бўрон қуши ҳақида қўшиқ” каби инқилобий руҳдаги асарларини битиб инқилобга ўзининг “муносиб” ҳиссасини қўшган эди. Инқилоб тарихни сунъий етаклаш эканини вақт кўрсатди. Инқилобчилар Чор Россияси вужудга келтирган қулай вазиятдан фойдаланиб, императорни, тарафдорларини ўлдириб, аслида, бора-бора бошқа халқларни ўз зулми остига олишни кўзлаган эди. Буни аввалданоқ Ленин яхши сезиб, тушуниб, сўнг байроқдор бўлди.

“Она”, “Ёш гвардия”, “Пўлат қандай тобланди?” романлари – бугун уларга қизиқиладими? Йўқ.

М.Шолоховнинг “Тинч Дон” эпопеясини сабр билан бир қўлга олинг. Тебраниб турган даврнинг, қарашлари турли, униси у ёққа, буниси бу ёққа оғаётган одамлар, оддий халқнинг, аёлу қарияларнинг асл аҳволи, севгиси, тақдири, фожиаларига холис муносабатни кўрасиз.

Шу маънода адабиёт сунъий ундовларга эргашувчи эмас, холислик тарафдори.

Қайси маънода айтганини ўзингиз мулоҳаза қилиб кўринг, гарчи инқилобдан сўнг туғилган бўлса ҳам Ч.Айтматовдек адиб: “Адабиёт инқилоб ясамайди, лекин инқилобга олиб келиши мумкин”, деган эди.

Адиб, барибир, адабиётнинг инсон қалбига чексиз таъсир қилувчи куч эканига эътибор қаратяпти. Ўз навбатида, адабиёт, хусусан, ўта оғиркарвон наср замонга эпчиллик билан, долзарб жавоб бера олмайди. Адиб ўзининг қалб призмасида давр фожиаларини узоқ олиб юришга мажбур, қачонки у мадда бўлиб, яра оғриқ қўзғатсагина туйғу ва ақлнинг йўналтирувчи кучига айланади. Шунда энди чин маҳорат, унинг самараси ўлароқ манёвр­лар, энг муҳими, нозик, товланувчи, қудратли, ҳайқирувчи, кўрсатувчи, ҳайратлантирувчи Сўз, сўзлар, номлар, атамалар, иборалар, суҳбатлар, истеҳзо, жаҳл, кулги, қиёфалар тизими ҳаракатга келади. Адибнинг куч-қудрати уни қайга бошласа, бутун бошли бир мамлакатдай ўша ёққа қўзғалади. Бу ёғига энди Худо пошшо.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 3-сон