Умр — оқар дарё, дейдилар. Қаранг, атоқли адиб Ўлмас Умарбековнинг йилнинг энг яхши ҳикояси, дея эътироф этилган «Хатингни кутаман» номли илк асарини газетада ўқиганимга ҳам, мана, олтмиш йил бўлибди. Воажаб, вақт бунчалар тез ўтмаса. Биринчи ҳикоясидан кейин ёзувчининг «Бобоёнғоқ» номли янги асари босилди, тез орада китобхонларнинг, адабий жамоатчиликнинг тилига тушди. Ҳозир эсласам, ўша пайтдаёқ муаллиф бугунги кунда инсоният олдида кўндаланг бўлган катта муаммони — экология мавзусини дадил кўтариб чиққан, табиатга хос уйғунликни асрашга даъват этган экан.
Ҳа, истеъдодли ёзувчи ва драматург Ўлмас Умарбеков адабиётга чақмоқдек ярқ этиб кириб келганди. У умри бўйи ижодий изланишлар жараёнида яшади, ҳавас қилса арзигулик самараларга эришди: ўнлаб ҳикоялар, қиссалар, романлар, драма ва кинофилмлар яратди. Энг муҳими, қайси жанрда, қандай мавзуда ёзмасин, асарлари мазмунига имон, эътиқод, виждон тушунчаларини, маънавият муаммоларини сингдиришга интилди ва ижодий ниятларини бадииятнинг энг муҳим талаблари даражасида акс эттиришга эриша олди. Айниқса, умри поёнида, хасталик йилларида яратган «Ер ёнганда», «Бўрибосар», «Оқсоқол» каби ҳикоялари, «Қизимга мактублар» эссеси ҳамда «Фотима ва Зуҳра» номли романи адибнинг метин ирода ва бадиий салоҳият соҳиби эканини намоён этди.
Бу асарлар ёзилган йилларни эсласам, матонатли устоз адиб Ойбек кўз олдимга келади. Ахир, оғир хасталик даврини бошидан кечирган бир пайтда Ойбек қандай ажойиб асарлар битган эди. Ўлмас ҳам бу жасоратни такрорлади, чинакам халқ ёзувчиси эканлигини кўрсата олди.
Чамамда, 50-йилларнинг охири эди. Ёзувчилар уюшмасида йиллик адабий ҳисобот мажлиси, баҳс-мунозара авжида. Музокара давомида ёш ёзувчилардан Учқун Назаровнинг «Одамлар» ва Ўлмаснинг «Бобоёнғоқ» ҳикояси тилга тушиб қолди. Абдулла Қаҳҳордек талабчан устоз ҳам бу икки ёш муаллиф асарлари ҳақида илиқ гаплар айтди. Ёнимда ўтирган шоир Қудрат Ҳикмат (биз бирга ўқирдик) олдинги қатордаги истараси иссиқ, соч, қошлари қоп-қора йигитчани кўрсатиб, “Шу Ўлмас бўлади, яхши йигит, камтар, истеъдодли бола”, деб таърифлагани ёдимда. Ўшанда юзма-юз учрашиб, суҳбатлашмаган бўлсам-да, унга жуда-жуда ҳавасим келганди.
У билан юзма-юз учрашиб, суҳбат қуриш 70-йилларга тўғри келди. Август ойи охирлари эди. Бир гуруҳ адиблар Фарғона сафарига отландик. Мақсад Чархий домланинг 70 йиллиги, қолаверса, пахта мавсуми билан боғлиқ тадбирларда қатнашиш. Орамизда Ўлмас ҳам бор эди. Қамчиқ довони орқали юриб, йўлда дам олгани тўхтадик. Биз ёшлар кичик автобусда, оқсоқоллар енгил машиналарда. Дам олиш чоғи Лазиз Қаюмов мени Ўлмас билан таништирди. Адиб кулиб: «Э, қаранг-а, сиз «Ўзбек романи» китобининг муаллифи бўласизми? Мен китобнинг салмоғига қараб, сизни ҳам катта ёшли одам бўлса керак, деб ўйлардим», деди. Кулишдик. Ўша пайтда Ўлмас Республика радиосининг адабий-драматик эшиттиришлар бўлимини бошқарарди. Иши кўплиги боисидандир, у эртасига Тошкентга қайта туриб, мени радио билан ҳамкорликка таклиф этди, телефонини ёзиб қолдирди. Ҳамон радио уйига бориб қолсам, кулиб турган бир нурли қиёфа кўз ўнгимда гавдаланади. Шундан кейин ҳам у турли лавозимларда хизмат қилди.
Бироқ Ўлмас қайси лавозимда ишламасин, мунтазам ижод билан машғул бўлди, яратган ҳикоялари, қисса ва романлари, саҳна асарлари, кинофилмлари қизғин адабий мунозараларга туртки берарди. Жумладан, “Ёз ёмғири” қиссаси ҳам.
Бир куни Ўлмас мени йўқлаб қўнғироқ қилиб қолди. Маълум бўлишича, уни Қарши давлат педагогика институти ижодий учрашувга таклиф этибди. «Ёз ёмғири» асари ҳам муҳокама қилинаркан, бирга борадиган бўлдик. Поездда суҳбатимиз қўр олиб тонг отганини, манзилга етиб келганимизни ҳам пайқамабмиз. Аввалдан таниш бўлсам ҳам ҳали уни шахс сифатида яқиндан билмас эканман. Сафаримиз давомида у дилбар, камтар, тафаккури теран, билимдон, элпарвар фидойи инсон сифатида менда чуқур таассурот қолдирди. Мен уни ўзим учун янгидан кашф этдим. «Бадиий асар одамни кулдириши, йиғлатиши, унда фожеа юз бериши-бермаслигидан қатъий назар, китобхонни ўйлатиши керак», дерди адиб. Чиндан ҳам кишини ўйлатмайдиган, фикр юритишга мажбур этмайдиган асар тезда эътибордан қолади. Ўлмас Умарбековнинг асарларини ҳар гал ўқиганимда, уларга ана шу мезон билан қарайман ва ёзувчининг ўзига талабчанлиги ютуқларига омил бўлганини кўриб қувонаман. У яратган «Севгим севгилим», «Кимнинг ташвиши йўқ», «Одам бўлиш қийин» каби насрий асарлар, «Аризасига кўра», «Комиссия», «Қиёмат қарз» сингари драмаларнинг қизғин баҳс-мунозараларга туртки бергани боиси ҳам шунда бўлса керак. Бу асарларда оддий инсонларнинг характери, образлари тасвирлангани ҳам ёзувчи ижодий муваффақиятини таъминлаган омиллардан бири дейиш мумкин.
Ўлмас Умарбеков эллик ёшга тўлганида «Шарқ юлдузи» журналининг таклифига кўра кичик бир мақола ёзган эдим. Аммо мақоладан кўнглим тўлмади. Унинг ижоди ҳақида бир рисола ёзишга аҳд қилдим. Бунинг иккита сабаби бор эди: биринчидан, адибнинг ижодий фаолияти ҳар жиҳатдан салмоқдор, иккинчидан, унинг шахс сифатидаги фазилатларини кўпчиликка, айниқса, ёш ижодкорларга ибрат қилиб кўрсатса арзирди. Хайрият, «Истеъдоднинг қўш қаноти» (1993) номли рисолам чоп этилиб, вафотидан чамаси икки-уч ой илгари адиб қўлига етди. Шунда у Саид Аҳмадга қараб: «Саид Аҳмад ака, Собир ака мен ҳақимда яхши асар ёзибдилар», деб қувонди. Унинг қувонганини кўриб кўнглимиз ёришди. Оғир хаста эканига қарамай, Ўлмас яна бир роман ёзган экан, асарни ўқиб беришимни сўради. Мен ўқиб чиқдим. Кўп ўтмай, бу янги роман «Фотима ва Зуҳра» номи билан аввал «Шарқ юлдузи» журналида, сўнг алоҳида китоб ҳолида босмадан чиқди.
Ўлмас Умарбеков ижодини ўзига хос серфайз, серҳосил боғга қиёслайман. Бу боғ ўзининг сўлимлиги ва чиройи билан кўнгилларга эзгу туйғуларни бағишлайди. Қолаверса, қалбимиз бу боғдан таскин ҳам топади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 4-сон