Сирли бир муҳаббат (Шота Руставели ва Малика Тамар)

1. Улуғ Шота Руставели ҳақида афсона

Грузин шоири Шота Руставелининг ҳаёти ҳақида ишончли маълумотлар жуда кам. Ҳатто, унинг туғилган ва вафот этган санаси ҳам маълум эмас. Аслида Шота Руставели чиндан ҳам бўлганми-йўқми, деган шубҳали қарашлар ҳам йўқ эмас.

Шоир ҳақидаги асосий манба – малика Тамар ва унинг эри ҳукмдор Давид Сосланга бағишланган достонидир. Достон 1180-йилдан кейин, 1210-йилдан аввалроқ яратилган. Шундан Руставели 1160–1170 йиллар оралиғида туғилган, деган тахмин юзага келади.

Бу даврлар грузин давлатининг қудрати ошган, маданий ҳаёти гуллаб-яшнаган пайт эди. Подшо Давид Бунёдкор даврида бошланиб, юз йилдан бери давом этиб келаётган чегараларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, давлат хўжалик ҳолатини яхшилаш ишлари малика Тамар ҳукмронлиги даврида ниҳоясига етди. Салб юришлари натижасида ғайридин дунёсининг ҳужумларидан қутилиб олган Грузия XII асрларда ўзи юриш бошлаб, қўшни давлатлар ҳисобига шарқу ғарб худудларини кенгайтирди.

Маликанинг иккинчи эри Давид Сослан жуда ташаббускор одам эди. Тамар ва Давиднинг биргаликдаги бошқаруви даврида Грузия юксак даражада фаровонликка эришди. Қишлоқ хўжалиги ривожланди, йўллар ва кўприклар қурилди, ибодатхоналар ва қалъалар қад кўтарди, санъат соҳаси қўллаб-қувватланди. Ғалабали юришларда орттирилган бойликлар ҳукмрон синф вакилларининг дабдабали ҳаёт учун интилишларини кучайтирди. “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достони худди шундай шароитларда пайдо бўлди.

Достоннинг муқаддимасида икки марта унинг муаллифи – Руставели (Руствели) тилга олинади, у “Руставидаги мулк эгаси” ёки “Руставилик” деган маънони англатади. Бундай номланувчи жойлар Кавказда бир қанча. Расмий адабиётларда Шотанинг ватани Месхети ёнидаги Рустави манзили деб юритилади ва бунинг далили сифатида достондан қуйидаги жумла келтирилади: “Вар винме Месхи Мелексе, Ме Руставелисад Амиса”. Бошқа бировлар Шотанинг ватанини Цхинвали яқинидаги Рустав қишлоғи дейди. Бироқ мутахассислар буни ҳам, Тбилисидан шарқда жойлашган Эрети манзилидаги Руставини ҳам буюк шоирнинг ватани эканини рад этишади.

Баъзи маълумотларга қараганда, шоир бошланғич таълимни даставвал ватани Грузияда, Гелат ёки Икалто академиясида олган, кейинчалик кўплаб грузинлар таҳсил олган Юнонистонда – Афина ёки Олимп тоғларидаги ўқув даргоҳларида давом эттирган.

Шота Руставели малика Тамар давлатида сарой хазинабони бўлган, деб ҳисобланади (1190 йилга тегишли бир ҳужжатга унинг қўйган имзоси сақланиб қолган).

Шота Руставели дунё бўйлаб кўп саёҳат қилган, деган тахминлар бор. Бу унинг достонидаги воқеалардан сезилиб туради.

У кексайган чоғида малика Тамарнинг кўрсатмаси билан Фаластинга йўл олади ва ўша ерда оламдан ўтади. Руставели Қуддуси Шарифдаги Султон Салоҳиддин томонидан бузиб ташланган “муқаддас Хоч” монастирини тиклашда иштирок этади. Монастирга V асрдаёқ грузинлар томонидан асос солинган бўлиб, бир неча асрлар давомида Яқин Шарқдаги маърифат марказларидан бири ҳисобланган. Монастир устунларининг бирида миннатдорлик рамзи сифатида Шотанинг қизил кийимдаги сурати тасвирланган, олдида эски грузин тилида “Руставели” деган ёзуви ҳам бор. Айнан мана шу тасвир буюк шоир шу ерда яшаган ва дафн этилган, деган тахминга сабаб бўлган.

Халқ хотирасида сақланиб қолган афсоналарда эса Руставели ҳаётининг сўнгги йиллари бошқача талқин қилинади. Афсонага кўра, маликани севиб қолган шоир ўз хоҳиши билан Қуддусга кетади, “муқаддас Хоч” монастирининг ҳужраларидан бирига жойлашиб яшаб қолади, вақт ўтиб, ўша ерда вафот этади.

Айтгандай, Шота Руставелининг келиб чиқиши, ҳаёти ва тақдирининг осетинча талқини ҳам мавжуд. Грузинлар бу талқинни қатъиян рад этишади ва уни илмий асосга эга эмас, деб ҳисоблайдилар.

Осетинларнинг таъкидлашича, гўё “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” поэмасининг муаллифи – Тамарнинг иккинчи эри, осетин Давид Сосландир.

Сосланнинг келиб чиқишига оид баҳс-мунозаралар, асосан, грузин тарихчилари томонидан ҳанузгача давом этиб келмоқда, улар малика Тамарнинг турмуш ўртоғи подшолар уруғидан эмаслигига сира тоқат қилолмайдилар. Гап шундаки, у замонларда осетинларда умуман подшо бўлмаган.

Баъзан, бу борада ўзаро муроса йўлларини ҳам излашган. Баъзи тадқиқотчилар гўё Тамарнинг иккинчи эри бўлғуси маликанинг ота­си, подшо Георгийнинг саройида тарбияланган, деган фикрни илгари сурса, бошқалари Сослан осетин подшосининг ўғли, Осетияда тил ўрганган, илм олган, чунки у пайтлар Осетия Кавказнинг маданий ва илмий маркази бўлган, деган хулосани исботламоқчи бўладилар. Ундан ташқари, Руставели туғилишидан анча олдин, Осетияга Багратионлар оила аъзолари кўчиб ўтишган, Давид Сослан айнан ўшаларнинг авлодидан, деган мулоҳазалар ҳам мавжуд.

Шота деган исм Руставелигача Грузияда бўлмаган. Шунга асосланган осетин тадқиқотчилари Шота исми тахаллусдир, у Сослан (Шошлан) ва Тамар исмларининг бош бўғинидан келиб чиққан: ШО + ТА = ШОТА деган фикрни илгари сурадилар. Сослан исми ҳозир ҳам Шимолий Осетияда “Ш” билан талаффуз қилинади. Руставели фамилиясини эса янада ажойиб талқин қилишади. Маликанинг биринчи турмуш ўртоғи Андрей Боголюбскийнинг ўғли князь Георгий бўлган. Грузияда уни Рус Георгийси деб аташган. У мамлакатдан бадарға қилинган бўлса-да, тахтни қайта эгаллаш учун ҳаракат қилган. Гўё, айни тахт учун кураш палласида ушбу достон дунёга келган ва шунинг учун фамилия-тахаллус қуйидагича талқин қилиниши керак: руст (русебс, яъни “русларни”) + велит ( велодебит, яъни “кутаяпмиз”). Ушбу сўзлар бирикканда “Сослан ва Тамара Грузияга бостириб келаётган русларни кутишяпти, душман эса жазоланади”, деган маънони англатар эмиш.

Шота Руставели қаламига мансуб бўлган асар айнан ҳозирги кундаги шаклда бўлганми-йўқми, деган шубҳалар ҳам мавжуд. Асар воқеалари дастлаб насрда ёки жўн шеърий шакл­да ёзилган, кейинчалик уни Сослан сарой шоири Месхи Мелексга топшириб, мукаммал ҳолга келтиришни буюрган, деган тахминлар ҳам бор. Месхи моҳир қалам соҳиби бўлиб, фалсафани ўрганган, шунингдек у гўзал достонлар яратилган мусулмон дунёси шеъриятидан ҳам хабардор эди.

Давид Сослан Грузияда вафот этган, қабри эса Осетияда, Нузал қишлоғида.

Малика Тамар эри вафотидан сўнг етти йил умр кўрган. У 1213 йилда оламдан ўтади. Малика ўзини Грузиядаги қайсидир бирор монастирга дафн этишларини истамасди. У қачонлардир, баъзи грузин дидебулилари (мансабдорлар) унинг қабрини очиб, таҳқирлашлари мумкинлигини биларди. Шунинг учун ҳам маликани яширинча кўмишади, унинг қабри қаерда жойлашганлиги шу кунгача номаълум.

“Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достони ўрта асрлардаги Кавказнинг энг машҳур асарларидан бўлган. Поэманинг бизгача фақат кейинги асрларда кўчирилган нусхалари етиб келган, унинг алоҳида бандлари XIV–XV аср қўлёзмаларида учрайди, икки тўртлиги Жанубий Грузиядаги Вани монастири деворларига ҳам ёзилган. Асарнинг биринчи тўлиқ шакли 1646 йил санаси билан белгиланган. Достоннинг номаълум муаллиф томонидан ёзилган “Оманиани” деб номланган давоми ўрта асрларда ёзилган.

“Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонининг қадимий нусхалари йўқ. Бу Грузия ташқи босқинчиларнинг кўплаб ҳужумига мунтазам учраб келгани, кўп саводли одамларнинг нобуд бўлганлиги, мол-мулклар талон-тарож қилинганлиги билан изоҳланади. Бундан ташқари, Руставелининг буюк асари грузин диндорлари томонидан насроний динига қарши асар сифатида таъқиб қилинган. Шу боис, асарнинг матн­лари атайлаб излаб топилиб, қўлга киритилиб, ёқиб юборилган.

Руставели ўз замонасида машҳур шахслардан бўлмаган, бу ўз-ўзидан аён. Акс ҳолда, унинг номи ўша даврнинг тарихий солномаларида қайд этилган бўларди. Чинакам шон-шуҳрат шоирга ўлимидан кўп йиллар ўтиб келди.

Яқинда Қуддуси Шарифдаги “Муқаддас Хоч” монастирида буюк шоирнинг тасвири туширилган ноёб фреска бутунлай барбод бўлди. Ушбу сурат ва ёзув Грузиядан келадиган зиёратчилар ва саёҳатчиларга маълум эди. 1960 йилда грузин илмий экспедицияси томонидан монастирдаги бўёқ суртилган сурат тозаланди ва реставрация қилинган эди. Энди Руставелининг сиймоси фақатгина архив видеоматериалларидагина сақланиб қолди…

2. Улуғ Малика Тамар ҳақида афсона

Грузиянинг буюк маликаси Тамарнинг аниқ туғилган йили номаълум. Тарихчиларнинг тахминига кўра, у 1165 йилда дунёга келган.

Бўлғуси маликанинг онаси эрта оламдан ўтиб, ёш қизча холаси Русудан қўлида тарбияланган. У яхши таълим-тарбия олган, аёллик фазилатларини эгаллашга, кучли ва сабр-тоқатли бўлишга интилган.

У ҳали йигирма ёшга тўлмасдан отаси – подшо Георгий III, ўлими яқинлашиб қолганини олдиндан сезиб, ёлғиз қизига салтанат тожини кийдиради. Бу Грузия тарихида тахтга чиққан биринчи аёл подшо эди.

Кўп ўтмай отаси оламдан ўтади ва Малика Тамар мамлакатни мустақил бошқара бошлайди. Тамар буни шижоат ва адолат билан амалга ошириб, ўз халқининг ҳурматини қозонади. Тез орада ёш ва оқила маликанинг овозаси қўшни давлатларга ҳам тарқалади.

Тамар гўзал ва латофатли қиз эди. Қадди-қомати тик, бўй-басти келишган, қора кўзлари маънога тўла, мағрур ва виқорли кўринарди. Малика ҳақида, “ҳукмдорларга хос ўткир мушоҳадали, ширинсуҳан, қувноқ ва андишали”, деган гаплар юрарди.

Ёш маликанинг фазилатлари ҳақида оламда турли гап-сўзлар юрар, Византия шаҳзодалари, Сурия султонлари ва Форс шоҳлари унинг қўлини сўраб одам юборарди. Унга севги изҳор қилган ва ўз бойликларини оёқ остига ташлашга тайёр ошиқларнинг сон-саноғи йўқ эди. Аммо, у улуғ рус князи Андрей Боголюбскийнинг ўғлига турмушга чиқишга розилик беради. Бу никоҳ фақат сиёсий мақсадларни кўзлаб тузилгани учун малика умр йўлдошига нисбатан ҳеч қандай ҳис-туйғуни сезмаган эди. Тўй 1188 йилда бўлиб ўтди, аммо бу никоҳ ёш малика учун рўшнолик келтирмади. Икки йил мобайнида у эрининг майхўрлиги, бузуқликларига, ҳатто калтакларига ҳам чидаб келди. Охир-оқибат, эри билан ажрашишга қарор қилиб, уни Грузияни тарк этишга мажбур қилади. Ҳақоратланган ва ғазаби қўзиган князь Қуддуси Шариф томон йўл олади ва катта қўшин тўплаб Грузия Маликасига қарши уруш эълон қилади. Бироқ Юрий муҳорабада енгилиб, шарманда бўлади.

Малика Тамар даврида Грузия давлати гуллаб-яшнади ва ўз даврининг энг бой мамлакатларидан бирига айланди. Ҳукмдор аёл ҳақида одамлар афсоналар тўқишарди, унинг гўзаллиги, олийҳимматлилиги ва донолигини мадҳ этишарди. Замондошлари уни малика (“дедопали”) деб эмас, подшо (“мэпэ”) деб аташарди. У кўплаб қалъалар, йўллар, кемалар ва мактаблар қурдирди. Энг машҳур олимлар, шоирлар, файласуф, тарихчи ва дин пешволарини ўз саройида тўпларди. Шу зайлда, кунлардан бир кун унинг саройига буюк Шота Руставели кириб келади.

Шоир Руставида туғилган ва дастлаб Грузия монастирларида, сўнгра Афинада тахсил олганди. Айтишларича, у маликани кўрган заҳотиёқ ошиқ бўлиб қолган. Баъзилар Малика Тамар шоирнинг муҳаббатига жавобан унинг маъшуқасига айланган, деган фикрга ҳам келишган. Бироқ, бошқа манбаларда, унинг муҳаббатига эриша олмаган шоир ўз маликасини яширинча севиб-ардоқлаган, дейилади.

Шота саройда маликанинг шахсий хазинабонига айланди. Лекин шоир молиявий масалалардан ҳам кўра кўпроқ малика Тамарни ўз достонида мадҳ этиш истаги билан ёнарди. Шу тариқа, унинг қаламига мансуб “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достони ўрта асрлар адабиётининг асл дурдона асарлари қаторидан жой олди. Достонда ошиқ Шота муҳаббат, дўстлик, олижаноб­лик ва саховатнинг юксак намуналарини тараннум этди. Ушбу юксак фазилатларнинг барчасини шоир ўзининг буюк маликасида кўрарди.

Айтишларича, достоннинг асосий қаҳрамони – Нестань Дарижаннинг прототипи аслида малика Тамардир. Ўз ҳиссиётини сир тутиш ва севгисини шубҳа остига қўймаслик учун Руставели достон воқеаларини Ҳиндистон ва Арабистон заминига кўчиради. Аммо шоҳ асарнинг ҳар бир сатрида мафтункор малика Тамарнинг образи ва бахтсиз шоирнинг жавобсиз севгига бўлган ҳис-туйғулари кўзга ташланиб туради.

Тамар учун эса мамлакатни бошқарадиган ворис тўғрисида ўйлайдиган вақт келганди. У синалган ва болаликдан таниш бўлган одамга турмушга чиқишга қарор қилади. Унинг иккинчи эри – жасур лашкарбоши, осетин князи Сослани бўлиб, Грузияда у Давид исмини олганди. Олижаноблиги ва оташин муҳаббати билан у Тамарни бахтли қила олди. Тўйдан бир йил ўтиб, малика ўғил кўради ва унга Георгий деб исм қўяди. Яна бир йил ўтиб, қизи Русудан туғилади.

Шота Руставели энди Тамарни орзу қила олмасди, шу сабабли Грузияни бутунлай тарк этишга қарор қилади ва Қуддуси Шарифга йўл олиб, Муқаддас Хоч монастирининг роҳибига айланади.

Тамар 1212 йилнинг 18-январида оғир хасталикдан вафот этади. (Баъзи манбаларда 1213 йил деб берилади).Уни Гелатидаги шоҳларнинг оилавий хилхонасига дафн қилишди. Бир неча асрдан сўнг, қизиқувчан одамлар унинг сағанасини очиб кўрадилар, лекин у ердан маликанинг хоки чиқмайди.

Ривоятларга кўра, буюк хукмдор умрининг сўнгги кунларида уни дафн этиладиган қабрни сир сақлашларини буюрган. Кўп йиллар давомида уни мавҳ эта олмаган душманлари Тамарнинг қабрини таҳқирлашларини малика истамаган. Афтидан, унинг хокини яширинча монастирдан олиб чиқиб кетганлар ва қаерга қўмилганлиги ҳозиргача сир бўлиб қолмоқда.

Баъзи манбаларга кўра, малика Қуддуси Шарифдаги қадимий грузин монастирида дафн этилган, деган фикр­лар мавжуд. Гўё малика ҳаётлигида ўша монастирга боришни жуда-жуда истаган, аммо кўплаб урушлар сабабли бора олмаган, ўлимидан сўнг хокини шу ёққа олиб бориб, дафн қилишларини васият қилган. “Тамар кейинги ҳаётида садоқатли шоири билан бирга бўлишни истагандир”, деган ривоятлар ҳам бор.

Руставелининг ўлими ҳам сирлилигича қолмоқда. Монастирнинг кичик ҳужрасида грузин шоирининг жасади топилган, унинг ўлимига сабаб бўлган қотил эса аниқланмаган. Замонлар ўтиб, Фаластинда бир қариянинг сурати туширилган фреска топилган. Тахминларга кўра, айнан шу суратда буюк шоир Шота Руставели тасвирланган. У билан ёнма-ён малика Тамар ҳам дафн этилганлиги тўғрисида маълумотлар ҳам мавжуд.

Тамарнинг вафотидан сўнг, Грузиянинг қудрати йўқола бошлади. Тараққиёт даври тугаб, мўғул-татар босқинчилари зулми бошланди. Ке­йинчалик мамлакатни Туркия эгаллаб олади.

Ҳозирги кун халқ тасаввурида малика Тамар авлиёлар қаторидан жой олган. У ҳақида кўплаб афсоналар тўқилган. Шуларнинг бирида айтилишича, у тунда учиб келиб, беморларни оғир хасталиклардан даволар эмиш…

Аброр Умаров таржимаси

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 4-сон

Ўхшаш мақолалар: