Устоз хотираси
Ҳеч чидаб бўлмаяпти… Кечагина бор одам бугун жисмонан йўқ. Гарчи борлигида кунда-шунда йўқлаб, росмана оқибат кўрсатаверган бўлмасак-да, борлиги, яшаётганлигининг ўзи кўнгилга таскин, тасалли эди. Энди эса йўқ, таскину тасаллига ҳам, ожиз бўлса-да, имкон қолмади.
Жаноза куни сафар тадоригида эдик. Тонг саҳарлаб йўлга тушамиз деган мўлжалларни тумандек тарқатиб, совуқ хабар келди. Эшитдиму яқинларим ўлими ҳақидаги хабардан илк даъфада вужудимда пайдо бўладиган ларзавор ҳолат яна такрорланди. Ичимдан недир шувиллаб тўкилгандек бўлди. Дафъатан хабарнинг ўзиёқ эсанкиратдими, ҳарқалай йиғи келмади. Кўз ёшлар кейин, юз берган ҳодисанинг бор моҳияти аста-аста идрок этила бошлагач келди. Устига-устак жанозани ўтказиб, майитни қабрга қўйгач, сафар йўлига тушиб кетар эканмиз, ҳайдовчи йигит атай қилгандек, машҳур ҳофиз ижросидаги “Ўзбегим”, “Инсон ўзинг” қўшиқларини магнитофонда қўйиб юборди… – мана энди қалбдаги мунг вулқондек отилиб фарёдга айланди, чекка-чеккада кўзларни, юзларни буриб, яшириб тўкилаётган унсиз кўз ёшлар, уввос пўртанасига эврилиб, қуйилиб-қуйилиб келди. Юракни мислсиз азоб, алам, йўқотиш, йўқсизлик изтироби тамомила эгаллади. Ҳа, … сира чидаб бўлмаяпти… Айниқса, “Ўзбегим”нинг илк сатри – “Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон” сўзлари оҳанг билан қуйилганида тоқат қолмади…
Ё Худоё, на отанг, на аканг, биродаринг, на-да бир қондош-қариндошинг бўлмаган, ўттиз бир миллионлик ватандошларинг орасида бири бўлган инсоннинг вафоти шунчалар ҳам мусибатли кечадими одам қалбида? Оллоҳ…, Оллоҳ…, сабр бер, собир эт биз бандаларингни!
Алҳазар…, алҳазар…, нега, нега энди қоним, қондошим, қариндошим бўлмасин бу зот?! Кўзим усти қошим билан қабоғим орасидаги бир азизим, яқиним-яқинлардан яқиним, дилимдаги туйғум, томирдаги қоним эди-ку, ахир!… Юртдошларим қатори каминага ҳам Ватанни севишни, миллатга хизмат қилишни ўргатган, эл ору номуси ва виждони, демакки менинг, унинг – бизнинг маънавий падарларимиздан эди-ку бу улуғ зот. У мен ва мен каби не-не ватандошларига фуқаролик сабоқларини бериб ўтди бир умр. Ҳа, шундай чўнг сабоқларки, уни сўз билан айтиб, адоғига етиш қийин.
Эркин Воҳидов… – энди бу ном “раҳматли”, “марҳум”, “гўринг нурга тўлгур”, “жойинг жаннатларда бўлгур” деган сифатлашлар, дуолар билан таърифланиб, ёд этилиб, ўтган замоннинг “эди” феъли билан тилга олинади. Умр деган Одаматодан келаётган кўҳна неъматнинг бори бисоти, хулоса – якуни шу – хотира, хотира, хотира…!
Мен ўзи қачон танигандим Эркин акани? Биздан бир кўча наридаги 22-ўрта мактабда Эркин Воҳидов ўқиган, деган ифтихорга тўлиқ маълумотни кимдир айтганида иккинчи синф боласи – менинг қулоғимга ўша ном илк бор эшитилганмиди?! Ёки холамнинг ўғли Фазлиддин акам уйланганида “Сузик ота” маҳалласида “ижарада яшаб турган бўйдор қотма студент йигит рубоб кўтариб чиқиб, тўйда илк бор “Ўзбегим”ни айтганида Эркин Воҳидов номи такрор хотирам бисотига кирганмиди?! Балки булар илк хабар – маълумотдир. Аммо дастлаб идроклаш даражасида ҳис қилганим 1969 йил Шоҳиста опамнинг тўйида Тахтапулдаги ҳовлида ош берганимизда ҳофиз Умар Отаев асосий меҳмонлар оқими келиб-кетиб, ўзимиз-хассакашлар қолганда уларга “Ўзбегим”ни ўз талқин-ижросида айтиб берганида рўй берганди, чамамда. Ҳа, ҳа, шунда. Эски тошкентликлар “Ўзбегим”ни илк бор қўшиқ қилиб айтган ким эди, деган баҳслар кетганда, марҳум Умар Отаевни тилга олиб, бу ҳофизнинг кейинги тақдирида “Ўзбегим”нинг таъсири бўлганини нақл-ривоят қилиб юргувчи эдилар, одатда. Демак, Эркин Воҳидов номини эшитганимга ярим аср, машҳури олам – фахриясини идрок эта бошлаганимга қарийб эллик йиллар бўпти… Ҳа, Эркин ака маънан қариндошимга айланиб борганига ярим аср – эллик йил бўлибди! Бир инсонга боғланиб, меҳр қўйиб, битиклари кўнгил бисотингга айланиб кетмоғи учун керагидан мўлроқ муддат бу. Орий ҳақ…, дарҳақиқат, шундай!
“Сўз латофати” эълон қилингач, “Китоб дунёси” газетасида тилимиз тақдирига бефарқ бўлмаган зиёлиларимиз орасида яхши маънода “шов-шув” кўтарилди. Кўп ўтмай бир турк тилшунос фан доктори, яна бир-икки ой ўтиб андижонлик забардаст тилшунос, профессор Абдуҳамид Нурмоновнинг муносабатлари матбуотда эълон қилинди. Бирлари халқаро, иккинчилари ўз мамлакатимиз доирасида “Сўз латофати”га жиддий илмий-оммабоп йўсинда деярли бир хил таъриф бердилар. Яъни, туркий тил, жумладан, ўзбек тили қадри-қиммати, бойлиги ва аҳамиятига ҳар беш юз йилда алоҳида эътибор билан ёндашиб, туркий оламнинг энг нуфузли зотлари том маънода халқ маънавий хотирасига муҳрлангучи илмийлик ва оммабоплик муштараклигида чўнг бир рисолалар яратиб қолдирган эканлар. Х асрда Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит-турк”, XV асрда ҳазрат Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн”, XXI аср аввалида Эркин Воҳидов “Сўз латофати” номлари билан. Бошқа тафсилотларига берилмай, биргина беш юз йил, беш асрлик рақамлар муқоясасини мушоҳада этсак, демак, Эркин Воҳидов салафлари асарлари ҳар беш юз йилда жамиятда эҳтиёж пайдо бўлиб, ғайбнинг инояти билан туркий тилимиз қадру қиммати, бойлигу даражоти ҳақида чўнг бир рисола ўлароқ яратилаётган экан, билфараз замондош шоиримиз, мутафаккиримиз рисоласи ҳам беш асрга хизмат қилар экан-да, иншооллоҳ. Бинобарин, Эркин аканинг “Сўз латофати” камида беш юз йил яшамоғига ишонгинг келади. Модомики, Оллоҳ берган истеъдоди назм – шеърият бўлган зотнинг кичик бир рисола – тафаккур маҳсуллари беш асрга етгулик экан, ижодининг гултожи бўлмиш шеърияти, бадиий сўзининг умри қанча бўлар экан? Ҳойнаҳой, беш юзни ўнга, юзга… кўпайтириб, ҳатто шахд этиб, ўзбек бор экан, у тургунча туради, яшайди, дея баралла айтсак, муболағага йўйилмас, иншооллоҳ. Ҳеч бўлмаса, шундай фараз, тахмин қилмоққа, энтикиб, орзулаб, ўзимизча башорат қилмоққа жилла қурса камина фақирнинг ҳаққим бордир?!
Бу кунлардан уч йилча аввал Эркин ака билан ҳукумат касалхонасида бир пайтда даволаниб қолдик. Муолажаларгача тонгда бир қур, кейин оқшом пайти касалхонани бор бўйи уч-тўрт айланамиз. Эҳ-ҳа… Бу суҳбатлар… ажиб дилдорликлар..! Ҳазрат Навоий сатри ё байти билан бошланиб, шу алфоз тугайди. Ҳар сафар устоз бир фикрни бот-бот такрорлайдилар: “Ҳазрат бу дунёнинг одами эмас. Бу битиклар одам боласининг қўлидан келмайди”. Сўнгсиз ҳайрат ва чексиз ошуфталикнинг иқрорлари эди бу сўзлар. Бандаи ожиз, ғийбатнамо бирор гап аралашиб қолса, дарҳол яна шеър, бадиият оламига шоти тикланар, шу арзимас умрга майда-чуйда гаплар не керак, Яратганнинг мўъжизаларига боқсангиз-чи, дея бирор гул, дарахт ва яна недир наботот оламига дохил яратиқлардан баҳонаи сабаб сўйлаб кетар, суҳбатдош эътиборини нуқул ўзи каби юксак материяларга тортишга уринарди. Мустақиллик йилларининг синовларидан, унинг нақадар тансиқ неъмат ўлароқ кутилгани, орзуланганию ҳамма ҳам кўп-да билавермайдиган ўта нозик дипломатик “ўйин”лар, “протокол” деб аталувчи сарой тартиботлари, шу тартиботлар ичра юртимиз раҳнамосининг не-не мураккаб вазиятларда ғурур ва шараф билан мамлакатимиз мавқеини пойдор этгани, нуфузини оширгани борасида вазмин, мушоҳадакорлик билан ҳикоя қилардилар. Шундай дамларда ижикилаб, керак-нокерак саволлар бераверсак, “Хирад аҳли ростдин ўзгани демас, Вале ҳар рост ҳам дегулик эмас”, дея Ҳазрат байти билан бесабр ҳовуримизга мулоҳаза сувини сепиб қўярдилар. Танбаллик қилиб, қоғозга солиб қўймаганимиз ўша дилкаш лаҳзалар нақадар тотли ва фараҳли эди… Гапу гаштак, турли издиҳомлардаги ўшандай файзиёб суҳбатлар-чи? Эҳ-ҳе, нафақат камина, ўша доираларда иштирок этиб қолган яна қанча қалам аҳли ўз вақтида қоғозга тушмаган хотиралар учун ҳозир армон қилаётгандир. Фурсати етар, келгусида хотиралар ёзилар. Камина ҳам Эркин аканинг сўнгги бир йилдаги умргузаронликларига доир бир-икки хотираларни қоғозга тушириб, улар ҳақидаги “Замондошлар нигоҳи” китобига бердим. Қўлёзма ҳолида ўқибдилар, ўзлари ва ўғил-қиз, жами оилалари номидан миннатдорлик билдирдилар. Мана ўша битиклар.
Йўл изтироби
Устоз Эркин Воҳидов ҳақида сўз айтиш уларни билган, таниган, бинобарин, том маънодаги мухлисига айланган одам учун ўта масъулиятли ишдир. Чунки аллақачонлар миллатнинг фахри-ғурури бўлиб, ҳаётлигидаёқ афсонаваш таърифларга кўмилган инсон ҳақида гапириш оддий юмуш эмас. Шу боис, қўрқа-қўрқа қўлимга қалам олиб, қандай таъриф берсам ўзгаларникидан фарқли, янги фикр айта оламан деб, бир неча ҳафтадан бери уриниб-суриниб ётибман… қани бирор осмоний тавсифу оҳорли калом келса. Хаёлларимга қанот, туртки берармикан деб бот-бот китобларини варақлайман. Суйдигим – 2006 йили 70 йилликларига ўзлари саралаб тайёрлаган “Ўзбегим” тўплами қўлимда.
“Азиз ва муҳтарам Шуҳратилла Ризаевга юксак эҳтиром, самимий меҳр ва миннатдорлик туйғулари ила муаллифдан. Эркин Воҳидов 28 декабр, 2006 йил”.
Ана шу дастхат билан қирмизи муқовалик “Ўзбегим” тўпламини Эркин ака таваллуд саналари нишонланган кунларда туҳфа этган эдилар.
Гап шундаки, Юртбошимизнинг кўрсатмалари билан шу кезлар Эркин Воҳидов юбилейини ўтказиш бўйича тадбирлар белгиланиб, Вазирлар Маҳкамасининг баённомаси қабул қилинди. Республика бўйлаб бу қутлуғ санани нишонлаш, якунида Миллий театр биносида тантанали кеча ўтказиш режалаштирилди. Камина шу ишларга жалб этилиб, якуний кеча билан боғлиқ масалаларга масъул эдим. Табиийки, юбиляр билан кечани ўтказиш, сўзга чиқувчилар, концерт дастури каби қатор масалаларда масҳатлашиб олиш учун тез-тез учрашиб туришга тўғри келди. Ҳар сафар кўришганимизда Устозни биринчи гаплари шу бўларди: “Нима бўлса ҳам камтарона бўлсин. Ортиқча дабдаба, шарафлашлар сира керакмас. Шуҳратжон, билсангиз менинг илк шеърим камтарлик ҳақида бўлган:
Гарчи шунча мағрур турса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун,
Кибру ҳаво нимага керак?
Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг – чун
Ўпар доим пешонасидан.”
Шу сатрларни ўқиб, қайта-қайта таъкидлаб, таомил бўйича аёллари билан саҳнада ясланиб ўтириб, қутловлар қабул қилишни, тўнвозлик, совға-саломлар тақдим этиш каби ҳолатларни кескин рад этдилар. “Абдуллажон (Орипов) – уюшмамиз раиси, лозим топсалар, икки оғиз сўз айтиб бошлаб берсалар, Иброҳимжонми (Ғафуров) ёки Умарали ака (Норматов) 5-10 дақиқалик олимона чиқиш қилсалар бас, у ёғига гўзал қўшиқлар, рақслардан иборат концерт дастури бўлса, одамлар маза қилиб тинглаб, томоша қилиб ҳузурлансалар, шу кифоя. Бундан бошқасини қўйинглар… ”
Юбилейдан юбилейгача яшайдиган адиблар бор. Қилган-қилмаган ишлари учун алёрлар эшитиб, саҳнада ялпайиб ўтиришни, раққосаю хонандалар таъзим қилиб, ҳурмат бажо этишларига янада ҳаволаниб, залдаги дўст-душманларига кибрланиб қараб қўйишни хуш кўрадиган ва бу машғулотнинг обдон ҳадисини олган кимсалар бор. Бошлаб, вилоятларга бориб, “ўлпон” йиғиб келиб, туман ё вилоят ҳокимларидан бир нималар ундириб, сўнгра пойтахтда асъасаю дабдаба уюштиришга одатланган “учар” ёзғувчилар улар. Қарангки, ўзбекнинг буюк замондош шоири ҳар қандай дабдабага қарши бориб, ҳатто саҳнага чиқишдан ҳам тортиниб турса. Яна бунга азбаройи мамлакат раҳбарининг кўрсатмаси бўлгани учун розилик бериб, шунда ҳам камтарона тадбир ўтказилишини уқдириб, талаб қилса…
“Ўзбегим” тўплами, юқорида қайд этганимиздек, Эркин Воҳидов етмиш ёшига қадар эълон қилган шеърларининг энг саралари жамланган табаррук, устоз Шайхзода таъбирича “нуроний ҳосил” хирмони. Бирор саҳифасини қолдириб ўқиб бўлмайди. Ҳаётларининг бу каби донишга тўлган нуроний паллаларида Ойбек домла “Қуёшли қалам”, Миртемир “Излаганим” тўпламларини ўз қўлларию қалб қўри билан битта-битта ажратиб тартиблаган эдилар. Булар мухлисларига ўзига хос ҳисоботлари, ҳатто васиятларидек эди гўё. Эркин ака буни очиқ эътироф этиб, китобни “қалб сарҳисоби” деб номлагани қуйидаги сатрлар билан бошлайди:
Эй сен, латиф дўст, бу сенга
Умрим китобидир,
Балки китоб эмас, умру
Қалб сарҳисобидир.
Қалб сарҳисоби – бу ўтган йилларнинг оддий солномаси эмас. Ёки қилинган ишларнинг мазмун – салмоғини кўрсатиш, умр кечмишларини қайд этиб хулоса ясаш, жўяли фалсафа, керак ибрат айтиш эмас. Бу фаною бақо нисбатларини англаб, келмакдин мурод неку, кетмакдин муддао не, тириклик, ҳаёт аталмиш манзил-масканнинг икки эшиги оралиғида “Сен ким эдинг, ким бўлдинг, эй дил” деган сўроқларига изтироб ила жавоб изламоқдир.
Бир шаҳр номи Ибтидо,
Бир шаҳр Интиҳо.
Жонимда икки шаҳр аро,
Йўл изтиробидир.
Шу йил 2015 йил 22 сентябрь куни устознинг солиҳ фарзандлари Хуршидбек ўғлини уйлади. Тўй оқшоми ва ниҳоят бир неча ой сиртдан ҳолу аҳвол сўраб юришликлардан сўнг, шукурки, Эркин акани юзма-юз кўриб, зиёрат қилиш имконияти туғилди. Олдиларига яқинлашар эканман, ўша “икки шаҳр оралиғидаги йўл изтироби”ни кўрган, туйгандек бўлдим. Устоз билан давраларда, авваллар мунтазам, кейинроқ бироз бетобланганлари боис, унда-бунда имкон қадар кўришиб турамиз. Ҳамиша бир хил – тетик, мулозаматли, озода, зиёли нигоҳ, салобат ва шаҳдда кўриб кўникиб қолган эканманми, бу сафар жуссалари бироз чоғроқ, ранг қиёфаларида сурункали муолажаларининг асорати ифода топган эди. Ҳа, бу ўша Ибтидо ва Интиҳо отлиқ шаҳарлар орасида босиб ўтилган йўлларнинг изтироби эди. Назаримда, шоир етмиш ёшида эмас, энди – орада қарийб ўн йил ўтиб – саксон арафасида йўл азобларининг захмини юзага чиқаргандек туюлди. Елкаларидан қучиб, тавоф этарканман, қалбимдаги титроқ, фикратимдаги мунг дилтанг аҳволга солди мени, беихтиёр кўз қароқларим йилтиллади. Шу кайфиятда тўйхона тўридаги чеккароқ зиёфат дастурхонига бориб ўлтирдигу, ҳамма жим, барчанинг нигоҳи гоҳ ошкора, гоҳ зимдан устозда. Тўйхона бўйлаб эса шовқин-сурон, келин-куёв ташрифи арафасидаги куй, рақс, қўшиқлар. Ёнгинамда машҳури замон созанда, бастакор Абдуҳошим Исмоилов. Барака топгур, не бир ҳунар кўрсатиб даврадаги ҳузунни кўтарсам дейди. Бахтимизга Зулайҳо (Бойхонова)нинг устоз ғазали билан айтадигани шўх-шаън “Бир қадам” қўшиғи янграб қолди:
Иккимизнинг ўртамизда
Йўл, дилоро бир қадам,
Шунчалар мушкулми қўймоқ
Сенга, зебо, бир қадам.
Абдуҳошим ака, одатдагидек, ўзи яратган оҳангдан сархушланиб, ўлтирган ерида беихтиёр қўлларини ўйнатиб, муқом қила бошлади. Қаршисидаги Эркин ака ҳам ўлтирган жойларида бу ҳаракатга жўр бўлдилар. Ва созанда акамизнинг қистови билан ўринларидан туриб, тик турганча, завқланиб қўлларини рақсга мувофиқладилар. Шу тоб ёнимиздаги аёллар ўтирган столдан аёллари Гулчеҳра опа завжларининг руҳияти енгиллашиб, завқланаётганларидан завқланиб, улар ҳам бир жойда турганча ўйнаб бердилар. Қўл ҳаракатлари асносида Эркин акага бори миннатдорликларини изҳор этиб, гўзал ишоралар қилдиларки, бу ҳам завқли шукроналик…, ҳам не бир тараддуд шавқидек эди гўё… Ҳа, гарчи бу ўринда “шавқ” тушунчаси ғалат туюлса-да, айни дамда камина англаган ҳолат-дақиқалар шундай эди. Эркин ака шу тобда ҳам беназир эди. Ўз борлиги-ҳолатидан даврага чўкаётган маҳзунликни ҳис этиб, қулай имконият туғилиши билан ўзига ҳар қанча оғир келса-да, атрофидагиларга росмана тўй-тантана кайфиятини бағишлади, атрофни гулгун этди. Гулчеҳра келинойидан тортиб Хуршидбеку қизлари, келинлар, қариндош уруғ-яқинлар, дўст-ёрон барча енгил тортиб, улкан издиҳомга сингиб кетди.
Ҳозир, орада ўн-ўн беш кун ўтиб, шуларни ўйласам, устоз Эркин Воҳидов наинки оиласи, дўст-яқинлари, балки бари миллатни қарийб олтмиш йилдан бери шу йўсин уйғотиб, жонлантириб, шавқлантириб келаётган экан, гарчи бу ўзига чандон оғир, дардли, изтиробли бўлса ҳам…
* * *
…Жаноза ўқилишидан олдин видолашув сўзлари айтилди. Юртбошимиз шоир оиласи ва биз – барча муҳибу мухлисларга таскин-таъзия йўллаб, Эркин акани юксак сифатлар билан таърифлаб, ёд этибдилар. Издиҳомнинг барча иштирокчилари қалбида акс-садо берган бу таърифлардан тўлқинланиб муфтий ҳазратлари “Азизлар, замонамиз Навоийсини дорул бақога кузатаяпмиз, дуога қўл очайлик” деганида жамоа яна бир қалқди, дийдалар яна юмшаб, кўзларга ёш келди…
Хаёлан устозни Ҳазрат хузурларига кириб бораётгандек тасаввур этдим. Не дердилар, агар шундай имкон яралса? Сиз бани башар дунёсида ўткарган бори 60 йиллик умрингизни лаҳзаю дақиқаларигача тўлиқ нисор айлаган халқингиз бугун Ўзбекистон деган ҳур мамлакатда ўттиз бир миллиондан ортиқ – эл бўлиб, миллат бўлиб, сиз бошга кўтарган, ўлмас битикларингиз билан бот-бот тасдиқ этган ўзбек тилида сўйлашиб, улуғ шоирига миннатдорлик розини айтиб юрибди дермидингиз?! Недандир куйиниб, недандир суйиниб, гоҳо бор, гоҳо душвор ташбеҳу тамсиллардан тоб олиб, дунёйи бебақонинг чаманзорларида чаҳ-чаҳлаб даврон сураяпти дея муждалар етказармидингиз… Билоиштибоҳ, бандалик боис, барчамиз учун тазарру, истиғфорлар айтиб рози дил қилармидингиз?!
Устоз, бугун бор миллат, мамлакатимиз халқи Сизни арши аълоларга узатаркан, охиратингиз обод, руҳингиз шод бўлмоғини қалбдан истаб видолашади. Зеро Сиз-да Ҳазрат бобомиз каби умрингизни шу ўзбек деб аталган эл, юрт, миллатга бахшида этиб ўтдингиз. Номингиз, ҳассос сўз ва ҳароратли оташ шеърларингиз ҳар биримиз билан бирга яшайди. Билҳақ, мудом ўзбек бор экан, Эркин Воҳидов номи-да бор бўлади!
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 5-сон