Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур яшаган давр, унинг ҳаёт ҳамда ижод йўли ҳақидаги дастлабки маълумотлар ўша замон ва ундан кейинги йилларда ёзилган манбаларда учраса-да,ижодини илмий томондан тадқиқ этиш, асарларини нашр эттириш ишлари, асосан, ХХ аср бошларидан амалга оширила бошланган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур яшаган давр ва ўша пайтдаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг туркий халқлар адабиётида ифода этилиши ҳақида сўз юритилганда, даставвал, Сайфи Чалабий (1582-1583 йилларда вафот этган) “Саёҳатнома”сини қайд этиш лозим. Ҳиндистон, Хитой бўйлаб қилган сафар таассуротлари асосида битилган “Саёҳатнома”Туркия султони Мурод III га бағишлаган. Асарда, асосан, XVI асрнинг биринчи ярмида Бобур ва Шайбонийлар ўртасида кечган уруш ҳаракатлари, шунингдек, Бобурнинг Шайбоний Убайдуллахонга йўллаган мактуби ҳамда унинг Ҳиндистонни эгаллашидан то Ҳумоюн давригача бўлган Ҳиндистон тарихи тасвирланади. Аммо Бобур ижоди ҳақида “Саёҳатнома”да фикр юритилмайди.
Қардош халқлар адабиётида Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини ўрганиш, илмий академик ва оммавий нашрларини эълон қилиш 1915 йилларга тўғри келади. Шундай қилиб туркий халқлар адабиёти тарихида Бобур Мирзо ижодига доир дастлабки илмий ноширлик ишлари туркиялик олим Ф.Кўпрулу томонидан амалга оширилган. Истанбулда шоир асарлари қўлёзма нусхасини топишга мушарраф бўлган олим бу қўлёзма ҳақида маълумот беради, шу асосда 1915 йилда “Миллий татаббулар” мажмуасининг 2, 3 ва 5-сонларида “Бобуршоҳнинг шеърлари” номи билан шоирнинг айни даврга қадар маълум бўлмаган шеърларини чоп эттириб, Туркияда бобуршунослик илмига асос солади. Ф.Кўпрулунинг ушбу ишлари бобуршунослик тарихида инглиз шарқшуноси Д.Росснинг шоир шеърияти борасида амалга оширган илк изланишларидан кейинги ўзига хос тадқиқот ҳисобланади.
Ф.Кўпрулу Истанбулда топилган Бобур куллиётида “Рисолаи волидия” асари, шунингдек, ўзбек, форс тилида ёзилган шеърлар тўплами, ўзбек тилида наср ва назмда битилган бир мактуб, форс тилида ёзилган мактубдан парча ҳамда “Аруз рисоласи” борлигини қайд этади. У Бобур шеъриятини Ҳусайн Бойқаро ижоди билан қиёслаш орқали устунлик жиҳатини ҳам кўрсатиб ўтишга ҳаракат қилади. Бу ҳақда эса олмониялик олима А.Шиммел “Бобуршоҳ ва оилавий истеъдод ҳақида” номли тадқиқотида тўхталади.
Ф.Кўпрулу Бобур шеърияти, шунингдек, “Бобурнома”, “Аруз рисоласи”, “Мубаййин” каби асарларига доир ҳам чуқур илмий изланишлар олиб борган. Олимнинг Бобур ва унинг бетакрор ижоди борасида амалга оширган катта ҳажмдаги илмий асарлари шоир адабий меросини ўрганишдаги дастлабки қадамлардан саналади ва ушбу тадқиқотлар кейинчалик юртдошлари Ю.Билол, Т.Сейҳан, А.Билкан, А.Алпарслон каби туркиялик олимлар томонидан давом эттирилди. Аммо у шоир шеъриятининг бадиий хусусиятлари ва ундаги бадиий санъатлар ҳақида у қадар тўхталмайди. Айни хулоса кейинги туркиялик бобуршуносларга ҳам тегишлидир. Улар асарларнинг кўпроқ матн хусусиятига, тилига эътибор қаратиб, Бобуршоҳнинг изтиробли армонларга тўла маҳзун сиймосини гавдалантиришга ҳаракат қилади.
Ф.Кўпрулунинг издоши бўлган яна бир туркиялик олим Ризо Нур томонидан 1925 йилда Анқарада чоп этилган “Турк юрти” журналида “Бобур” номли тадқиқот эълон қилинган. Унда Бобурнинг ҳаёти ва ижоди, асарлари, хусусан, “Бобурнома”га оид маълумотлар китобхонлар эътиборига ҳавола қилинади.
Туркий халқлар адабиётида шоир асарлари, жумладан, “Бобурнома”га оид навбатдаги тадқиқотлар Ўзбекистонда профессор А.Фитрат томонидан давом эттирилди. 1928 йилда асардан айрим парчалар эълон қилинди. Бир сўз билан айтганда, Ф.Кўпрулу, Р.Нур ва А.Фитрат томонидан олиб борилган тадқиқотлар туркий халқлар адабиётида Бобур ижодига доир изланишларнинг илк дебочаси саналади.Улардан то бугунги кунга қадар эса Бобурнинг кўп қиррали шахсияти, “Бобурнома” ва бошқа асарларига оид кўплаб илмий нашрлар юзага келди. Турк, қозоқ, озарбайжон, туркман, уйғур каби қардош халқлар вакиллари томонидан Бобурнинг “Бобурнома”, “Бобур девони”, “Мубаййин”, “Рисолаи волидия” асарлари таржима нашрлари тайёрланиб чоп этилди. Масалан, туркиялик олимлар Южел Билол “Бобур девони”ни (1995), Танжу Сейҳан “Мубаййин”ни (2004), Али Фуот Билкан “Рисолаи волидия”ни (2001) туркчага таржима қилишган бўлса, туркманистонлик олим Раҳиммамат Кўринов “Бобур девони”ни ва “Рисолаи волидия”ни (2005) туркманчага, озарбайжонлик профессор Рамиз Аскер “Бобурнома”ва “Бобур девони”ни (2011) озарбойжон тилига ўгирди.
Туркий халқлар адабиётида Бобур асарларининг таржима нашрларидан ташқари турли йилларда шоир асарлари, хусусан, “Бобурнома”нинг соҳалар ривожи, фанлар тараққиётидаги ўрни борасида ҳам қатор илмий асарлар, диссертация ва рисолалар ёзилди. Уларда Бобурнинг илмий, адабий мероси ва жаҳон маданияти тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси борасида кенг мушоҳадалар юритилди. Жумладан, Али Алп Арслоннинг “Хатти Бобурий ва унда ёзилган Қуръон”(1976), Масъуд Шеннинг “Бобурнома”нинг Кобул ва Ҳиндистон бўлимларига оид” (1993), Воҳид Туркнинг “Бобур девонининг тил хусусиятлари”(2012), Неъмат Жейланнинг “Бобур асарларида қўшма сўзлар” (2007) мавзуларидаги диссертациялари, Меҳмет Тургутнинг “Бобурнома”да ҳайвонлар ва овчилик” (2008), Мурат Юрдакўкнинг “Бобурнинг тиббиётга оид қарашлари” (2008), Ҳусайн Байдемирнинг “Бобурнома”да фольклоризм ва этнографик унсурлар” (2010) номли монографиялари, Мунавват Текжаннинг “Туркияда Бобур ижодининг ўрганилишига доир” (2012), Олмос Улвининг “Бобур ижоди ва унинг озарбайжон адабиётида ўрганилишига доир” (2012), Ислом Жеминий ва Абдулла Аскарийнинг “Бобурнинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси” (2011), Асилбек Алиевнинг “Бобур ва унинг фарзандлари хусусида” (2012)каби қатор тадқиқотлари яратилди.
Маълумки, қардош халқлар адабиётида “Бобурнома”ни илк бор туркиялик олим Рашид Раҳмати Арат таржима қилди ва илмий матнини тайёрлайди (олим “Қутадғу билиг”, “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асарлари таржимони ҳамдир). У пайт асарнинг ўзбек тилидаги биринчи нашри ҳали дунё юзини кўрмаган эди. Таржимон асарни “Вақое” (Бобур хотироти) номи билан 1943–1946 йилларда икки жилд ҳолида нашр эттиради ва “Сўзбоши” қисмида шундай ёзади: “Тилимизга таржима қилинаётган ушбу асар туркий адабиёт тарихида ўзининг етук бадиий асар эканлиги билан ўзига хос ўрин тутади. Унинг услуби оддий ва мардона, жонли ва образли. Шу жиҳатдан бу асар Осиёда ягона, чинакам тарихий тасвир намунасидир”. Бу сатрлар ватандошимизга бўлган юксак ҳурмат-эътибор намунасидир.
Р.Арат томонидан амалга оширилган ушбу таржимага профессор Ҳикмат Бойир сўзбоши ёзган. Унда “Бобурнома”нинг ўрганилиши, таржималари тўғрисида мухтасар маълумот берилади. Олим, шунингдек, асар номланиши хусусида ҳам баҳс юритади. Бу борада ўзигача билдирилган фикрларни таҳлил этади. Асар номининг турк тилига “Вақойи” номи билан таржима қилинишини қўллаб-қувватлайди ва асарнинг асл номи “Вақойи” эканлигини исботловчи далилларни келтиради. Бобур асарнинг икки ўрнида “Вақойи” сўзини қўллаганини айтиб, қуйидаги мулоҳазаларни ёзади: “Қўлимиздаги қадимий нусхаларда асарнинг номи ёзилмаган. Бобурга оид бўлганлиги сабаб “Бобурнома” деб юритилади. Ушбу асарга берилган турли номлар А.С.Бевериж хоним нашри сўзбошисида қаламга олинган. Тилимизга ўгирилаётган асарга Бобурнинг ўзи ва Мирзо Ҳайдар Маҳмуд қўллаган “Вақойи” номини қўйишни энг тўғри деб билдик”. Ҳ.Бойир Бобурнинг Ҳиндистондаги фаолиятига доир ҳам маълумотлар келтириб, “Бобурнома” воқеаларининг узилиб қолган даврларига ҳам диққат қаратади. У бунинг асосий сабабини айни ўша йилларда кечган ҳодисалардан излайди. Унингча, ҳижрий 908–909 (милодий 1503–1504) йил воқеалари ҳақиқатдан ҳам ёзилмаган, бунга жангу жадаллар билан банд бўлган Бобурнинг вақти бўлмагани сабаб қилиб келтирилади. 1509 йилнинг майидан 1519 йилнинг иккинчи ярмига қадар кечган воқеалар ёзилган бўлиши керак, фақат турли сабаблар билан бизгача етиб келмаган, деган фикрни илгари суриш баробарида Ҳ.Мирзо, А.Бевериж ва Д.Росс фикрларидан иқтибослар келтиради. Олим 1520–1525 йил тарихи“Бобурнома”да тўла акс этмаган, буни тўлдириш лозим, деган хулосага келади. 1529–1530 йиллар орасида кечган ўн олти ойлик воқеалар Бобуршоҳнинг касаллиги туфайли ёзилмай қолиб кетган, деган фикр ҳам Ҳикмат Бойирга тегишлидир. Ҳ.Бойир томонидан билдирилган бу изоҳлар кейинчалик туркий халқлар адабиётидаги бобуршуносликка оид қатор ишларда ҳам учрайди.Ҳ.Бойирнинг бобуршунослик илмига қўшган ҳиссаси таржима сўзбошиси ҳамда “Тарихий маълумотлар” бобини ёзганлиги билан баҳоланади. У айни бобда Амир Темур сулоласи, хусусан, бобурийлар давлати, уларнинг фан ва адабиёт соҳасида тутган ўрни ҳақида тўхталади. Бунда олим “Бобурнома”нинг Ҳайдаробод нусхаси ҳамда “Акбарнома” ва “Ҳумоюннома” асарларига таянади. Олимнинг Бобур ҳаёти ва ижодига доир берган маълумотлари асар таржимасининг икки юз саҳифадан кўпроғини ташкил этади.
Маълумки, “Бобурнома”нинг илмий нашрлари 1857 йилда Н.Ильминский томонидан эълон қилинган Қозон босмаси (Кир қўлёзмаси) ҳамда 1905 йилда А.Бевериж томонидан чоп қилинган Лондон нашри (Ҳайдаробод қўлёзмаси) асосида тайёрланган. Таъкидланганидек, Ўзбекистондаги илк нашр профессор Фитрат томонидан 1928 йил асардан парчалар эълон қилиш орқали бажарилган. Ундан сўнг “Бобурнома”нинг ўзбек тилидаги биринчи нашри билан С.Мирзаев, П.Шамсиев ва Я.Ғуломовлар шуғулланишди.
Шубҳасиз, Бобур асарлари ичида “Бобурнома” кенг ўрганилган. Асарни Мирзахон ибн Байрамхон форс тилига (1586;айни пайтда асарнинг форс тилидаги таржималари қўлёзма нусхалари сони 20 тани ташкил этди), Витсен голланд тилига(1705), Ж.Лейден, В.Эрскин ва А.Бевериж, У.Тэкстон инглиз тилига (1826; 1922; 1996), Паве де Куртейл, Жон Луи Бакие Граммон француз тилига (1871; 1980), Мирзо Ҳайдар Кўрагоний, Рашид Аттор Навдий урдучага (1924,1962; 1965,1991), Рашит Раҳмати Арат туркчага (1946), Михаил Салье русчага (1958), Йугжит Навалпурий ҳиндий тилига (1974) таржима қилганлар. Асар кейинчалик япон, хитой, араб тилларига ҳам ўгирилди.
Бугунги кундаги мукаммал илмий-танқидий матнлар япониялик олим Э.Мано (1995) ва С.Ҳасанов (2002) нашрлари ҳисобланади. “Бобурнома”нинг таржима ва қўлёзмалари ҳақида “Бобур энциклопедияси”да аниқ ва батафсил маълумотлар келтирилади. Унга кўра асарнинг бугунги кунда ўн еттита қўлёзмаси мавжуд бўлиб, асар шу кунга қадар ўн еттита тилга таржима қилинган (ваҳоланки, бошқа кўплаб манбаларда бу борада турли туман чалкаш маълумотлар келтирилган).Таржималарнинг эса турли йилларда қайта-қайта нашрлари амалга оширилган. Масалан, асарнинг биргина туркча нашри шу кунга қадар ўн марталаб қайта чоп этилган, охирги нашрлар жузъий тузатишлар билан эълон қилинган.
Бобур ижодига оид айрим тадқиқотларга алоҳида тўхталиб ўтсак. Бунда Али Фуад Билкан тадқиқотлари ҳам эътиборга молик. Олим Бобур шеърияти ҳақида тадқиқот олиб борган, шунингдек, “Рисолайи волидия”ни турк тилига (2001) таржима қилган. А.Ф.Билкан Ҳиндистон кутубхоналарида туркча қўлёзмалар каталогини тайёрлаган. Унинг шоир шеърияти ҳақидаги қарашлари “Бобур девони” ва “Бобурнома”да Ҳиндистон ҳаётининг ифодаланиши”, “Ҳиндистондан келтирилган турк адабиёти” (1998), “Бобурнинг “Рисолайи волидия” асари” (1999) номли мақолаларида ўз ифодасини топган. Яна бир турк олими А.Кабакли томонидан тайёрланган “Турк адабиёти” хрестоматиясининг 2002 йилдаги нашрида ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаларидан Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда Абулғози Баҳодирхон ҳаёти ва ижодига доир маълумотлар берилади. Айтиш мумкинки, ушбу тадқиқотнинг юзага келишида Ф.Кўпрулу, Р.Арат тадқиқотларининг аҳамияти катта бўлган.
Юқоридаги таржима ва тадқиқотлар орасида туркманистонлик олим Р.Куриновнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Таржима Туркманистоннинг ўша пайтдаги Президенти – Сапармурат туркманбошининг бевосита ташаббуси билан Туркманистон миллий маданияти “Мерос” маркази ва Туркманистон миллий қўлёзмалар институти кўмагида олим Р.Куринов тамонидан 2005 йилда амалга оширилган. “Девон”нинг таржима нашридан туркманбошининг кириш сўзи,“Девон”, “Рисолаи волидия”ҳамда таржимоннинг Бобурнинг адабий мероси ҳақидаги маълумотлари ва Луғат бўлими ўрин олган.
Таржимон Бобурнинг адабий мероси ҳақида тўхталар экан, XIII-XV асрдаги сиёсий аҳвол, ижтимоий ҳаёт, Бобуршоҳ замонига оид муҳим тарихий воқеалар, Бобур ҳаёти ва ижоди, шажараси, ижтимоий-сиёсий фаолиятига доир жиҳатлар ҳақида тўхталади. Бобур Мирзонинг сиёсий маҳорати, динга муносабати, тил ва адабиёт соҳасидаги юксак билимини эътироф этади. Буюк саркарданинг Мовароуннаҳр, Афғонистон ва Ҳиндистон ўлкаларидаги фаолияти ҳақида қисқача баён қилади. “Бобурнома”, “Аруз рисоласи”, “Мубаййин”, “Рисолаи волидия”, “Бобур Девони” ва уларнинг нашри, туркий халқлар адабиётидаги ўрни, ўрганилиш тарихи; шоир “Девон”ининг ёзилиш тарихи ҳамда қўлёзма нусхалари, шунингдек, шоир куллиётининг Истанбул, Париж, Рампур, Теҳрон қўлёзма нусхалари ҳақида маълумотлар келтиради.
Юқоридаги фикрлардан маълум бўлдики, туркий халқлар адабиётида Бобур ҳаёти ва ижодининг ўрганилиши бобуршунослик илмида муҳим ўринни эгалайди. Амалга оширилган тадқиқотларда ҳар томонлама ёндашиш амалиёти кузатилади. Бу каби ишлар келгусидаги тадқиқотларда катта аҳамият касб этади, албатта. Назаримизда, бугунги кунда Бобур Мирзо ижоди юзасидан қилинган бу каби ишларни бир тизимга солиб таҳлил ва тавсиф этиш бобуршунослик илмидагидолзарб масалалардан ҳисобланади.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 2-сон