Қатағон даври танқидчилиги истиқлол даври талқинида
Бугун Мустақиллик кунларимизда халқимизнинг ўтмиш ва совет даври тарихи каби унинг мумтоз адабиёти ва танқидий тафаккури ҳам миллий истиқлол нуқтаи назаридан қайта ўрганилмоқда, янгидан идрок этилмоқда. Совет даврида бунга йўл қўйилмаган эди. Чунки Президентимиз Ислом Каримов тўғри қайд қилганларидек: “…Шўролар замонида тарихий ҳақиқатни билишга интилиш рағбатлантирилмас эди, ҳукм-рон мафкура манфаатларига хизмат қилмайдиган манбалар халқ кўзидан иложи борича йироқ сақланарди.
Аҳвол шу даражага борган эдики, ўз тарихимизни ўзимиз ёзиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолдик. Энди Мустақиллик туфайли яққол намоён бўлаётган тарихий ҳақиқатни билишга, ўзлигини англашга чанқоқликнинг туб сабаблари мана шунда, деб ўйлайман”. Шунинг учун ҳам 1991 йилда Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришгандан сўнг бу борада шўро даврида коммунистик мафкура таъсири ва тазйиқи остида яратилган асарлардан тамомила фарқли ўлароқ миллий истиқлол ғоялари руҳидаги асарлар майдонга келди. Айниқса, XX асрнинг 30–50-йилларидаги машъум қатағон сиёсати даврида тарихшунослик, адабиётшунослик ва адабий танқидда рўй берган нохуш оқибатлар ҳам қайта кўриб чиқила бошланди. Бу соҳада адабиётшунослардан академик Иззат Султон, Салоҳиддин Мамажонов, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов, профессорлардан Наим Каримов, Аҳмад Алиев, Собир Мирвалиев, Бегали Қосимов, Ҳамидулла Болтабоев, Шуҳрат Ризаев, филология фанлари номзодлари Сирожиддин Аҳмад, Ортиқбой Абдуллаев, Бойбўта Дўстқораев, тарихчи олимлардан академик Бўрибой Аҳмедов, профессорлар Ҳамид Зияев, Дилором Алимова, Файзулла Исҳоқов, Рустам Шамсиддинов, Бахтиёр Ҳасанов, Қаҳрамон Ражабов ва бошқалар фаол иш олиб бордилар. Натижада янги тал-қиндаги уч жилдлик Ўзбекистоннинг янги тарихи (уларнинг биринчи ва иккинчи жилдлари Туркистон ва Ўзбекистоннинг Чор ҳамда Совет мустамлакачилик давридаги тарихига бағишланди) ҳамда қатор дарслик ва қўлланмалар яратилди, диссертациялар ёқланди, рисола ва мақолалар эълон қилинди. Ўзбек адабиётининг энг қадимги давридан бошлаб мустақилликкача ва ундан кейинги ривожи ҳақида ҳам олий ва ўрта махсус ўқув юртлари учун қўлланма ва дарсликлар пайдо бўлди, тадқиқотлар яратилди, китоб ва мақолалар босилиб чиқди. Қатағон даври фожиаларини акс эттирувчи бир қанча шеърий, насрий асарлар, ҳужжатли фильмлар майдонга келди (Масалан, драматург Иззат Султоннинг “Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлари”, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимовнинг “Кундузсиз кечалар” саҳна асарлари, Ўзбекистон халқ шоирлари Шукруллонинг “Тирик руҳлар”, “Кафансиз кўмилганлар” романлари, Жамол Камолнинг “Оташ”, “Файзулла Хўжаев кўзлари” шеърлари, адиб Хайриддин Султоновнинг “Улар Германияда ўқиган эдилар” номли икки серияли ҳужжатли фильми сценарийси ва бошқалар). Юртбошимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2000 йилда мустамлакачилик даврида бегуноҳ маҳв этилган халқимизнинг асл фарзандлари кўмилган Бўзсув соҳилида “Шаҳидлар хотираси хиёбони” ва “Қатағон қурбонлари музейи” ташкил қилинди. 2001 йил 31 августдан бошлаб юртимизда қатағон қурбонларини ёд этиш куни нишонланадиган бўлди. Музейда қарийб 130 йилча давом этган мустамлакачилик сиёсатининг нохуш оқибатларини ва кейинги йилларда мустақиллигимиз шарофати туфайли тикланган тарихий ҳақиқатни холис кўрсатиб турувчи бой ва ранг-баранг архив ҳужжатлари, фоторасмлар, илмий ва бадиий асарлар даврлар бўйича жойлаштирилган.
Жумладан, марҳум академик Иззат Султон ўзининг “Баҳоуддин Нақшбанд абадияти” (1994), “Улкан адиб сабоқлари” (1997), “Қайта туғилиш арафасида”, “Жадидчилик истиқлол кўзгусида” (1999) каби мақолаларида советларнинг носоғлом коммунистик сиёсати оқибатида ўтмишда яшаган Амир Темур, Мирзо Бобур каби буюк давлат ва жамоат арбоблари шоҳ ва ҳукмдор бўлганлиги учун, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд каби ҳалол, пок тариқат тарғиботчилари тасаввуфий қарашлари учун, Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг пешволари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон ва бошқа ижодкорларни элни маърифатга ва истиқлолга чорлаганликлари учун ноҳақ қоралаб, халқ онги ва меҳридан чиқариб ташлашга уринганликларини асосли далиллар асосида кўрсатиб берди.
“Биз тариқат намояндаларининг меросини жиддий равишда ўрганишимиз ва унда ўтмишга мансуб томонларни ҳам, бизнинг замонамиз учун фойдали томонларни ҳам аниқлашимиз ва уларга муносиб баҳо беришимиз зарур…
…Кейинги етмиш йиллик ҳаётимизда йўл қўйилган хатолардан бири – инсоният тараққиётининг ҳар босқичида диннинг мафкуравий негиз сифатида ўйнаган катта ижобий ролини инкор этиш бўлди”, деб афсусланиб ёзади олим. Шунингдек, у “Жадидчилик истиқлол кўзгусида” номли тақриз (“Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш” (Мақолалар тўплами, Т., 1999) мақоласида жадидларнинг хайрли фаолияти ва бугунги истиқлол даври учун ибратли сабоқлари ҳақида ҳаққоний фикрларни ўртага ташлади: “…Жадидчилик ҳаракатига советлар даврида қанчалик нотўғри ва ноҳақ баҳо берилган бўлмасин, жадидларнинг ҳам иқтисодий, ҳам мактаб ва маорифни, ҳам санъат ва адабиётни, ҳам матбуотни қамраб олган фаолият доираси ниҳоятда кенг ва улар қолдирган илмий, адабий ва публицистик мерос фав-қулодда каттадир. Уни мукаммал ўрганмай туриб, на жадидчилик ҳаракати тарихини мукаммал тасаввур этиш, на Беҳбудий, Мунаввар қори, Убайдулла Хўжаев, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий сингари жадидларнинг ўзбек халқи тарихи тақдиридаги ролини теран ҳис этиш, на бугун республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тарихий зарурат эканини тушуниш мумкин эмас” (“Жаҳон адабиёти” журнали, 1999, № 9, 170-171-бетлар).
Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов Чўлпоннинг “Яна олдим созимни” (1993) номли танланган асарларига ёзган сўзбошиси, “Чўлпонни англаш” (1994) рисоласи, “Истиқлол фидойилари” рукнида нашр этилган Мустафо Чўқаев, Отажон Ҳошим, Чўлпон номли адабий портретларида XX аср боши ва 20-йилларда Туркистонда ижтимоий-сиёсий, адабий ва маърифий ҳаётда фаол иштирок этган мазкур истиқлол фидойилари ҳақида фикр юритади. Айниқса, “Чўлпонни англаш” рисоласида мунаққид бу борада кенг тўхталиб, унинг замонавий ўзбек адабиётида яратган юксак ғоявий-бадиий асарлари, рус ва жаҳон адабиётидан қилган гўзал таржималарига юқори баҳо беради, унга ўз вақтида ижобий муносабатда бўлган профессор Абдураҳмон Саъдий, Ойбек, Зариф Башир каби холис мунаққидлар билан бирга, “Айн” (Олим Шарафиддинов), Ш.Туйғун каби носоғлом позицияда турган танқидчиларнинг Чўлпонга қарши туҳматкорона ҳужумлари кейинчалик қатағонга “холис хизмат” қилганликларини ҳам очиқ ёзади: “30-йилларнинг ўрталаридан бошлаб, Чўлпонни қораловчи мақолалар оқими янада кучайди. Табиийки, уларда Чўлпонни англашга интилишдан асар ҳам йўқ эди. Аксинча, машъум 37-йил яқинлашгани сари бундай мақолалардан ҳар қандай андиша ва инсонийлик йўқолади. Мақолалар гўё муайян бир ташкилотнинг буюртмаси билан ёзилгандай бир-бирига жуда ўхшарди. Уларда далил-исбот келтирилмаган ҳолда “Чўлпон – миллатчи” деган айб қайта-қайта такрорланаверарди. Шундай тақризлардан бири Туйғуннинг қаламига мансуб бўлиб, Чўлпоннинг ҳибсга олиниши арафасида, яъни 1937 йил 22 май куни “Ўш ленинчи” газетасида босилган.
Туйғуннинг мақоласи эълон қилингандан сўнг Чўлпон қамоққа олинди. Ҳеч шубҳа йўқки, бундай мақолалар халқнинг онгига адиблар ва шоирлар ҳақидаги туҳмат ва бўҳтонларни, ёлғон-яшиқ гапларни сингдириб, қатағон тегирмонига сув қуйди. Сталин жаллодларининг ишини осонлаштирди. Муаллифи ва режиссёри Шўро ҳукумати ҳамда большевиклар бўлган, ижрочилари маъмурий жазо органлари, маҳаллий адабиётшунос ва мунаққидлар бўлган даҳшатли фожианинг иккинчи пардаси шундай кечди ва бу гал Чўлпонни маҳв қилиш билан якунланди”.
Атоқли адабиётшунос олим, профессор Наим Каримов узоқ йиллар давомида XX аср ўзбек адабиёти ва айниқса – унинг 30–50-йиллардаги сиёсий қатағон даври тарихига оид турли нодир манба ва материаллар, архив ҳужжатларини изчил ўрганиш асосида ўзининг бир қанча жиддий илмий мақолалар туркуми ва китобларини эълон қилди. (Масалан, “Наркомпрос иши”, “Чўлпон учун кишан”, “Битта ўзим биламан”, “Алпомиш”нинг қатл этилиши”, “Тош экан бошим” (1991-1992), “Хуфиялар изғиган замон” (2000) каби мақолалари, “XX аср ўзбек адабиёти тараққиётининг ўзига хос хусусиятлари ва миллий истиқлол мафкураси” (1994) мавзуидаги докторлик диссертацияси, “Чўлпон” (2004) маърифий романи. Уларда олим XX аср бошларидан тортиб, то мустақиллигимизгача бўлган даврдаги ўзбек адабиёти тараққиётининг босиб ўтган асосий йўллари ва ўзига хос хусусиятлари, бу борада М.Беҳбудий, Фитрат, А.Қодирий, Чўлпон, Ойбек, М.Шайхзода, Миртемир ва бошқаларнинг ғоявий-бадиий ҳиссаларини миллий истиқлол ғоялари нуқтаи назаридан холис кўрсатиб ўтди. Шу билан бирга, чор ва совет мустамлакачилик даврида, айниқса, 30–50-йиллар сиёсий қатағон давридаги коммунис-тик мафкура югурдаклари бўлган баъзи бир танқидчиларнинг қатли ом машинасига сув қуйиб турганлигини ҳам рўйи-рост очиб ташлайди. Булар ҳақида у “Чўлпон” асарида шундай далилларни келтириб ўтади: ”Комил Алиевнинг “Ақлли жинни” деган таҳқирномаси мустабид тузумнинг маҳаллий малайларига маъқул тушди.
Энди улар Чўлпонни русийзабон аҳоли ва зиёлилар ўртасида ҳам шундай шарманда қилмоқчи бўлдилар. Бу “шарафли” вазифани “Правда Востока” газетасининг фаол муаллифларидан бири Эль-Регистон ўз зиммасига олди. У газетанинг 1929 йил 17 апрель сонида “Қўқон хони занжирланган итларининг увлаши” (“Лай цепных собак Кокандского хана”) деган фель-етон эълон қилиб, Чўлпон ва унинг маслакдошларини занжирланган итларга, улар қаламидан чиққан асарларни эса шу итларнинг увлашига қиёс қилди. Кейинчалик СССР Давлат гимнининг муаллифларидан бири бўлмиш бу муаллиф учун улуғ бир инсонни итга қиёс қилиш ҳеч гап эмас эди. Негаки, шовинизм заҳри билан заҳарланган кишилар маҳаллий миллатларни истаганча ҳақоратлаб, таҳқирлаши мумкин эди.
Агар 20-йилларнинг ўрталарида собиқ советлар мамлакатида рўй берган ҳаракатни тарихчилар яқин-яқингача “маданий инқилоб” деб келган бўлсалар, Эль-Регистоннинг1 бу “итномаси” маданий инқилоб деб аталган навбатдаги большевиклар инқилобининг меваси эди” (Қаранг: Наим Каримов. “Чўлпон”, Т., 2004, 425-426-бетлар).
Олим, айниқса, “Алпомиш”нинг қатл этилиши” мақоласида бу борада 50-йиллар бошларида қайта бошланган сиёсий қатағон даврида СССРдаги барча республикаларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам миллий руҳдаги ёзувчиларга, айниқса, ўтмиш адабий-маданий мероси, Алпомиш каби миллий эпосларига бошланган ҳужумлар, уларнинг режиссёрлари ва амалга оширувчи маҳаллий малайларининг башарасини очиқ кўрсатиб беради. Муаллиф ана шу йилларда В.Жирмунский, Ҳ.Зарипов, Ойбек, М.Шайхзода каби машҳур олим ва ёзувчиларга қарши ёзилган мақолалар илмий жиҳатдан асоссиз ва пучлигини, улар фақат сиёсий қатағон мақсадида уюштирилганлигини бой далиллар ва мулоҳазалар асосида кўрсатади.
“Ўша йилларда аспирант бўлган А.Абдунабиев тарих саҳнасида бир лаҳза бўлса-да кўриниш учун қулай вазият келганини тушунди”, – дейди олим.
А.Абдунабиев “Алпомиш”ни мажақлаб ташловчи мақола ёзди. Кейинчалик бу мақолага “Правда Востока” газетасининг ходими А.Степанов ҳам шерик бўлиб, Шўро Шарқининг адабий ҳаётида “инқилоб ясовчи” бу мақолани Москвадаги нуфузли нашрларга юборди. Аммо бу ёш Нероннинг умиди зое кетди. Москва газеталари бу шубҳали ишга бош қўшмадилар. А.Абдунабиев ва А.Степановларнинг Москва газеталаридан қайтган мақолаларидан бири “Халқчиллик байроғи остида” деган ном билан “Звезда Востока” ойномасининг ўша йилги 2-сонида босилиб чиқди. Унда шундай жумлаларни ўқиймиз: “Алпомиш”нинг мундарижаси қандай? Ўзининг ғоявий йўналишига кўра реакцион Дада Қўрқут эпоси билан “Алпомиш” ўртасида жуда кўп умумийлик бор. Унисида ҳам, бунисида ҳам меҳнат аҳлига ёт ғоя ва интилишлар тарғиб қилинади”. Шундан кейин адабиётшунос 1952 йил 28–31 март кунлари Ўзбекистон Ўзувчилар уюшмасида “Алпомиш”нинг муҳокамасида Юсуф Султонов, Станишевский, А.Абдунабиевларнинг чиқишлари ниҳоятда ҳақоратомуз бўлганлигини кўрсатиб беради. Айниқса, сохта коммунистик мафкура тарбиясида манқуртлашаётган ёш тарихчи Абдулла Абдунабиевнинг Ҳоди Зариф, Мақсуд Шайхзода, Собир Абдулла каби мўътабар зотларга нисбатан ўта андишасизлик ва ҳурматсизлик қилганлигини унинг ўз сўзлари орқали фош этади: “Бу шахслар мазкур реакцион эпосни қайси мақсадда тарғиб этганларини тўла ва ҳар томонлама тушунтириб берсинлар! Улар “Алпомиш”ни баҳолашда сиёсий саводсиз, сиёсий кўр бўлганларини ёхуд уни атайин тарғиб қилиб келганларини ошкора айтиб берсинлар!
Зарипов (залдан) – Мен айтдим.
Абдунабиев – Йўқ, сиз ҳеч нарса айтганингиз йўқ! Мен Мақсуд Шайхзода ва Собир Абдулладан сўрайман: – Партиямиз ва жонажон ҳукуматимизнинг ғамхўрлигига нисбатан бундай нонкўрлигингиз сабаби нимада? Ўзбек халқига туҳмат қилишдан уялмадингизми? Мақсуд Шайхзода! Мен сиздан сўрайман ва талаб қиламан: В.В.Маяковскийнинг “Владимир Ильич Ленин” достонини рус тилидан ўзбек тилига ўгириб, миллатчилик чизиғини ўтказганингизда қандай мақсадни кўзлагансиз?” (“Шарқ юлдузи” журнали, 1992, № 12, 164-бет). Афсуски, бу машъум чиқишлар кўп ўтмай бир гуруҳ фидойи ўзбек зиёлиларининг қамоққа олиниши билан якун топди.
Таниқли адабиётшунос олим ва публицист Ортиқбой Абдуллаев ҳам шу йилларда турли архив ҳужжатлари ва матбуот материаллари, шунингдек, бир қатор кекса кишиларнинг хотираларини ўрганиш асосида “Туркистоннинг қора кунлари”, “Аччиқ мевалар”, “Ошоба фожиаси” (1992), “Элим деб ёнган шоир” (1999) каби бир туркум жиддий илмий-публицистик мақолалар эълон қилди. Муаллиф уларда чоризм ва совет босқинчилиги сиёсати Туркис-тоннинг иқтисодий-сиёсий ва маданий ҳаётида машъум роль ўйнагани, халққа қирғинбарот келтирган ваҳшийликлари ҳақида бой ҳужжатлар тили билан сўзлайди. Шу билан бирга, олим бу бос-қинчилик ва колониал сиёсатни амалга оширган М.Д.Скобелев каби ёвуз генералларнинг рус халқининг ҳақиқий миллий қаҳрамони эди, унинг номи етарли эъзозланмаяпти, деб ёзаётган М.Попов, М.Костин, В.Пикуль каби баъзи ёзувчиларнинг шовинистик фикр-лари ҳам асоссизлигини бой тарихий фактлар асосида исботлаб беради.
Шунингдек, у шоир Элбекнинг “Мунгли қўшиғим” тўпламига ёзган “Элим деб ёнган шоир” (1999) мақоласида Элбекнинг 20–30-йилларда яратган адабий-бадиий, илмий асарларининг ўша давр маданий ва маърифий ҳаётимиз ҳамда миллий истиқлолчилик учун курашдаги роли ва аҳамияти ҳақида тўлқинланиб ёзди. Мақолада шу йиллардаги қатли ом манзараларини очиб берувчи характерли бир лавҳани ўқувчилар эътиборига ҳавола қилади.
“1937 йилнинг 20 августида “Ўш ленинчи” газетасида Жуманиёз Шариповнинг “Элбекнинг ижоди ҳақида” номли “фош қилувчи” мақоласи босилиб чиқди. Унда ижодкорга қуйидаги даҳшатли айблар қўйилганди: “Фитратнинг энг яқин шогирди Элбек аксилинқилобчиларнинг қонли лагерида туриб, партияга ва советларга қарши заҳарли шеър, масал, мақолалар ёзди. Аксилинқилобчиларнинг газета, журналлари кўпинча Элбекнинг шеърларисиз чиқмас эди. Элбек ўзининг истар ўтмишда, истар ҳозирги ижоди билан советларга қарши душман тегирмонига актив равишда сув қуйиб келди”. Сўнг мақолада Элбекнинг “Бобом Чингиз” шеъри ва “Қайси бири бўри” масали таҳлил қилинади, уларга аксилинқилобий асарлар деган ёрлиқ ёпиштирилади.
Шу йилнинг июль-август-сентябрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Ўзувчилар союзининг пленумида навбатдаги йирик сиёсат “ўйини” ўйналади. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Элбек, Усмон Носир, Зиё Саид ва бошқа ижодкорлар жиддий чиғириқдан ўтказилади. Тасаввур равшан бўлиши учун савол-жавобларнинг баъзи саҳифаларни ўқиб кўрайлик:
“Шамс: Усмон Носир билан Чимён-да тургансиз. Шу вақтда Усмон Носирни Уйғун билан алоқаси қандай эди?
Элбек: Уйғуннинг Усмон Носир билан алоқаси одатий бизга ўхшаган бўлганди. Ҳеч қандай нарсани сезмадим.
Шамс. Усмон Носирнинг адабиёт тўғрисида ёзган бирор нарсасини биласизми?
Элбек: Йўқ.
Анқабой: Абдулла Қодирийнинг уйига неча маротаба бордингиз?
Элбек: Уч маротаба бордик.
Анқабой: Нима тўғрисида сўз бўлди?
Элбек: У ерда сўзланган сўзлар эсимда йўқ. Фақат Абдулла Қодирий ўзининг ёзган асарларини сўзлаб берди”.
Хуллас, “савол-жавоб” бошдан охиригача мана шу тарзда инсоннинг иззат-нафсини ерга урувчи, мазах қилувчи оҳангда давом этади.
Юқоридаги мажлис чиқарган ҳукм қатъий ва шафқатсиз: “Битсин бизнинг орамиздан ҳайдалган ва бизнинг адабиётимизни бўғишга уринган халқ душманлари – троцкийчи, бухаринчи, миллатчи, аксилинқилобчи З.Саид, Элбек, Чўлпон, Фитратлар”. Энг ёмони, мана шу даҳшатли сўзлар мажлис аҳли томонидан гулдурос олқишлар билан кутиб олинган.
Хуллас, жазо машинаси ўз ишини қилди”. (Қаранг: Элбек. “Мунгли қушим”. Т., 1999, 134–137-бетлар).
Тарихчи олимларимиздан профессор Бахтиёр Ҳасанов ўзининг “Туркистон миллий зиёлиларига нисбатан совет ҳукуматининг сиёсати”, “Сиёсат, қатағон ва маданий инқилоб” (1998), “Зиёлилар аҳволи: тарих ва тақдир” (1999), “Мустабид тузумнинг ўзбек халқининг маданий-маънавий меросига бўлган ҳуқуқини чеклаш сиёсати”, “20–30-йилларда Ўзбекистон зиёлиларига қарши қатағон ва унинг оқибатлари” (2000), “40–50-йилларда маданият соҳасида қатағон сиёсатининг давом этиши” (2002) сингари бир туркум жиддий илмий мақолалари, шунингдек, “1917–50-йиллар бошидаги тарихий жараён ва Ўзбекистон миллий зиёлилари” (Тошкент, 2000, рус тилида) монографияси, тарих фанлари номзоди Валерий Германов “Профессор Пўлат Солиев ва унинг даври” (Тошкент, 2002, русча) рисоласида ҳам 1917 йил октябрь тўнтаришидан кейин Туркистонда советларга қарши бўлган миллий истиқлолчи кучларни йўқотиш, ўлкада янги коммунистик мафкурадаги тузум ўрнатиш учун кураш баҳонаси билан қанчадан-қанча хусусий мулкдорлар, диний уламолар, замонавий маърифат ва тараққиёт фидойилари бўлган маҳаллий зиёлилар, давлат ва жамоат арбоблари бегуноҳ қатағон этилганлиги, бунга 30–50-йилларда авж олган сиёсий қатағон машинасига хизмат қилган айрим тарихчиларнинг ҳам айби бўлганлигини бой архив ва матбуот материаллари асосида очиб берилади. Профессор Бахтиёр Ҳасанов ўз монографиясида 1930–1950 йилларда бўлиб ўтган бундай ҳолатлар ҳақида батафсил тўхтаб, шундай ёзади: “40–50-йиллар бошидаги ижтимоий-гуманитар фанларнинг ичида тоталитар режим ва буюк давлат миллатчилиги босими остида ҳаммадан кўп тарих ва адабиёт фанлари таъқибга учради ва бунинг оқибатида уларда қатъий регламентланиш ривожлана бошлади. 30-йиллар охирларида Ўзбекистон машҳур ўзбек олимларидан тарихчи Пўлат Солиев, адабиётшунос Абдурауф Фитрат каби ва бошқа олимларнинг асоссиз қатағон этилиши оқибатида илмий-тарихий тадқиқотлар тобора белгилаб берилган темаларга бағишланиб, синфий тус ола бошлади.
Ўрта Осиё ва баъзи бир бошқа жумҳуриятлардаги ижтимоий ва гуманитар фанлари ва маданияти ривожи ВКП (б) МҚнинг 1946 йил 14 августда “Звезда” ва “Ленинград” журналлари, шунингдек, 1946 йил 26 августда “Драматик театрлар репертуарлари ва уларни яхшилаш чоралари ҳақида”ги қарорлари таъсирида бошланган ғоявий компаниялар оқибатида жиддий қаршиликларга учрай бошлади…
Фақат 1951–1952 йиллар ичидагина республика вақтли матбуоти саҳифаларида ўзбек фани ва маданиятининг энг кўзга кўринган арбобларига қарши очиқчасига шовинистик руҳдаги 20 дан ортиқ “буюртма” танқидий мақолалар эълон этилгани буни очиқ кўрсатиб турибди. Булар ичида, айниқса, В.Костиря, К.Файзуллиннинг “Баъзи бир шоирлар ижодидаги ғоявий бузуқликлар ҳақида” (“Правда Востока”, 1951, 1 август), М.Иванов, В.Лавров, Ф.Искандаровларнинг “Ўзбек совет адабиёти вазифаларидан четда” (“Правда Востока”, 1951, 21 август), “Ўзбекистон Ўзувчилари уюшмаси пленуми материаллари” (“Правда Востока”, 1951, 28 август), А.Ҳамроевнинг “Бир яроқсиз диссертация ҳақида” (“Правда Востока”, 1952, 15 февраль), “ЎзССР ФА партия мажлисида” (1952 йил 29 март) каби мақолалар яамалиги ва бир томонламалиги билан алоҳида ажралиб туради” (Б.В.Ҳасанов. “Национальная интеллигенция Узбекистана и исторические процессы 1917–начала 50-х годов”. Т., 2000, стр.171-172).
Тарихшунос олим Валерий Германов ўзининг “Профессор Пўлат Солиев ва унинг даври” (2002) номли рисоласида 30-йилларда кўплаб бегуноҳ зиёлиларнинг қамалишида ўша даврда фаол “ижод” қилган Эль-Регистон, Абрам Гуреевич каби тарихчи ва публицистларнинг туҳматомуз мақолалари ҳам машъум роль ўйнагани ҳақида қатор далиллар келтиради. Жумладан, А.Гуреевич Пўлат Солиев, Убайдуллин, Фитрат, Отажон Ҳошимларнинг асарлари Бартольд таъсирида ёзилган деб камситади. Улар ижтимоий-иқтисодий формациялар ҳақидаги марксистик таълимотни инкор қилиш, синфий табақаланиш ва курашларни бўяб кўрсатиш ва тарихий жараёнда шахслар ва йирик босқинчиларнинг таъсирини ошириб юбориш”да қаттиқ айбланади. Бундай “сиёсий ёрлиқ”ларнинг натижаси эса ҳаммага маълум (Гуреевич А. “О положении на историческом фронте Средней Азии”, “Революция и культура в Средней Азии” Сборник первый, Т., 1934, стр.3-18).
* * *
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Мустақилликка эришгандан кейин республикамизнинг адабиётшунос ва тарихчи олимлари, ижодкорлари қатағон даври ҳақида бир қатор жиддий илмий китоблар ва мақолалар, бадиий асарлар эълон қилдилар. Улар сўнгги йиллар ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда муҳим ғоявий-тарбиявий аҳамиятга эга бўлди. Уларда, айниқса, XX асрнинг 30–50-йилларидаги советларнинг сиёсий қатағон сиёсати оқибатида рўй берган нохушликларда коммунистик мафкура таъсирида бўлган айрим адабиётшунос ва тарихшунослар, публицистларнинг ҳам салбий роль ўйнаганлиги миллий истиқлол мафкураси нуқтаи назаридан янгича холис таҳлил этиб берилди. Бунинг оқибатида узоқ йиллар давомида халқимизнинг асл фарзандлари ҳақида оммавий равишда сингдириб келинган нотўғри, туҳматкорона салбий тушунча ва тасаввурлар барҳам топди. Натижада Туркистоннинг узоқ ва яқин ўтмишида катта роль ўйнаган Амир Темур, Мирзо Бобур, Жалолиддин Мангуберди каби давлат арбоблари ва саркардалари, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд каби донишманд тасаввуф тариқатчилари, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Элбек каби тараққиёт ва маърифат фидойилари ижодига, умуман, миллий истиқлолимизга бағишланган илмий, бадиий асарлар ҳамда бой музей экспонатлари муҳим ғоявий-тарбиявий роль ўйнаб келмоқда.
Шерали Турдиев, филология фанлари номзоди
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил 9-сон