Санобар Тўлаганова. Тақдир сийлови

http://n.ziyouz.com/images/abdulla_qodiriy.jpg

ХХ аср аввалида бир илдизи халқ оғзаки ижодидан, бир илдизи мумтоз адабиётимиздан ва яна бир илдизи дунё адабиётидан озиқланиб ривож топа бошлаган ўзбек адабиёти ўз тарихининг янги босқичига қадам қўйди.

Ана шу даврда илк асари биланоқ миллат маънавиятининг, жамият тафаккурининг бир поғона кўтарилишига, руҳан юксалишига туртки берган адиблар сафида Абдулла Қодирий ҳам бор эди. Кўплаб тарихий воқеаларга гувоҳ бўлган Тошкентда туғилиб ўсган ёзувчининг болалик хотиралари жонли тарих ўзанида шаклланди. Тақдир унга йигирма олти ёшидаёқ бетакрор биринчи ўзбек ­романини яратишни насиб этди.

Ҳаётда катта истеъдодларнинг юзага чиқишига кўпчиликнинг хизмати сингади. Абдулла Қодирийдек истеъдоднинг тарих саҳнасига чиқишида кимларнинг ҳиссаси бор, ёзувчига ким устозлик қилган, илк ўзбек романи қандай муҳит, шароитда яратилган, ёзувчи нима учун айнан тарихий мавзуларга қўл урди, деган саволлар бизни масалага чуқурроқ киришга ундади. Биз бу саволга адиб яшаган оила ва муҳит доирасида жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Таниқли адабиётшунос олим ­Умарали Норматов “Қодирий мўъжизаси” китобидаги “Отага таъзим” мақоласида ёзувчининг камолотида “олтин ҳалқа” вазифасини бажарган Қодирбобога эътибор қаратиши билан адиб таржимаи ҳолига янгича нигоҳ ташлайди.

Дарҳақиқат, Қодирмуҳаммад Ҳожимуҳаммад ўғли (1821-22– 1924) Эскижўва маҳалласида Ҳожимуҳаммад бобо оиласида туғилган. Қодирмуҳаммад бобо (Абдуқодир, Қодирбой, Қодир ота, Қодир бобо деб ҳам аташган) мадраса илмини олмаган бўлса-да, жисмонан бақувват, серғайратлиги боис йигитлик чоғларида сарбоз бўлган. Дунё кўрган, оқу қорани таниган бу инсон Русия истилосидан кейин Эски Жўвада баққоллик дўкони очиб ипак, идиш-товоқ, чой каби кундалик эҳтиёж моллари билан савдо қилган ва тижорат важи билан узоқ юртларда бўлган, кейинчалик деҳқончилик ва боғбонлик қилиб оиласини боққан. Фарзандсизлик туфайли Қодирмуҳаммад бобо тўрт марта уйланади. Бу вақтда у элликдан ошган, ­Жосиятбиби (1862-1936) эса ўн беш-ўн олти ёшларда эди. Қодирмуҳаммад бобо фарзанд истагида жойни алмаштирсак ўзгариш бўлар, деган умидда Эски Жўвадаги ҳовлисини сотиб, Самарқанд дарвозага яқин Эшонгузар маҳалласидан ер сотиб олиб уй қуради. Тўнғичи Раҳимбердидан (1879) сўнг унинг ўн икки фарзанди кетма-кет нобуд бўлади. Бобо етмиш икки-етмиш уч ёшларга кирганда Абдулла (1894) туғилган. Жосиятбибининг: “Мен Абдуллани ўн икки болани ерга қўйиб олганман”, деб эркалаши унга айрича муносабатнинг далили.

Қодирмуҳаммад бобо ҳарбийларга хос қаттиққўл, иродали, талабчан шахс бўлган, фарзандларини тилаб олганман деб авайлаб ўтирмаган, уларнинг илм-маърифатли бўлишига жиддий эътибор қаратган.

Қодирмуҳаммад бобони зиёрат қилишга келганлар орасида у киши билан бирга тарихий воқеаларнинг, урушларнинг гувоҳи бўлганлар хотирларини гапириб, завқланган даврада Абди (ёзувчини дадаси шундай деб атаган – Т.С) ҳам дастёр, ҳам тингловчи бўлгани эҳтимолдан узоқ эмас. Оловли воқеаларнинг тирик шоҳиди бўлган бобо кўрган-кечирганларини болаларига, яқинларига сўзлашни яхши кўрар, ўғли Абдуллада эса унинг ҳикояларини тинглашга мойиллик кучли бўлган. Тақдирнинг сийловини қарангки, Абдулла отасига энг муносиб тингловчи бўла олган.

Ёзувчининг онаси Жосиятбибининг отаси Азиз сўфи ҳам сарбоз бўлиб, Қодирмуҳаммад бобонинг жанглардаги сафдошларидан бири эди. Демак, ҳар икки бобо ҳам ўз замонларидаги ҳарбийлардан ҳисобланиб, тарихий воқеаларнинг гувоҳи сифатида кечмишларини эслаб гурунглашишни яхши кўришган. Тарихнинг сирли саргузашт­ларга бой қизғин суҳбатлар Абдулланинг дунёни образли англашида, тафаккури шаклланишида туртки — “ундирги” вазифасини бажарган. Бу каби гурунглар воситасида ёзувчи халқ тилининг “шира”сидан ўз нутқини озиқлантирган. Бобо тарихий афсона, ривоят ва бошқа саргузаштларни сўзлаб бўлажак ижодкор учун бевосита информатор — ахборотларни етказиб берувчи шахс вазифасини бажарган. Шу тариқа адиб ёзилажак роман ­лойиҳасининг хомакисини, сочилиб ётган эпизодларнинг дастлабки чизгиларини хаёлан пишитиб борган.

Қодирмуҳаммад бобонинг ғайрат-шижоати, меҳнатсеварлиги, талабчанлиги фарзандлар орасида кўпроқ Абдуллага ўтган. Ойбек: “У (Абдулла Қодирий — Т.С) ақлий меҳнат кишиларига ҳар маҳал ҳам насиб бўлавермайдиган даражада меҳнатга ўч киши эди”, деб ёзса, Ҳ.Қодирий отаси ҳақидаги хотираларида: “У шу қадар тез ва шахт билан ёзардики, ёзиш суръати стенограф тезлигида эди, десам муболаға бўлмас,” деб юқоридаги фикрни ­тасдиқлайди.

1924 йил 9 апрелда “Туркистон” газетасида: “5 апрел рўзанинг биринчи куни, ёш ёзғувчиларимиздан ўртоқ Жулқунбойнинг отаси Абдуқодир ота 103 ёшида вафот этди. Абдуқодир отанинг бутун умри меҳнат — боғдорчилиқ билан ўткан”, деган хабар босилади. Абдулла Қодирий отаси ҳақида 1922 йил “Инқилоб” журналида шундай ёзади: “Отам 1242 ҳижрий, 1823 мелодий йиллари Тошкандда туғилуб, алҳол, 99-100 ёшлардадир…”

Ота суҳбатларида нафақат саргузаштларни, балки ўзи кўрган мамлакатлардаги давлат тизими, тартиблари, идора усулларидаги ибратли жиҳатлар, юртнинг ижтимоий-сиёсий аҳволи билан боғлиқ муаммолар ҳақида ҳам болаларига сўзлаб бергани хотираларда ёзилган. “Ўткан кунлар”да Отабекнинг давра аҳлини ўз оғзига қаратиб ўзга юрт идора усули, Шамай таассуротлари ҳақида ҳавас билан сўзлаши Қодирмуҳаммад бобонинг болаларига қайта-қайта айтиб берган ҳикоялари давомига ўхшаб кетади. Дарвоқе, Қодирмуҳаммад бобо умрининг охиригача камбағалга қайишмаган ҳукуматни қабул қила олмаган, ўз даврининг ижтимоий, сиёсий аҳволига баҳо бериш қудратига эга онгли шахс бўлган. Бу эса, ўз навбатида, фикрига собит, маслаги йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган, имони мустаҳкам бўлажак ёзувчининг тарбиясида жуда асқотган.

Ҳабибулло Қодирий ёзади: “Дадам романнинг ёзилиш тарихи ҳақида ­қуйидагича ҳикоя қилдилар: “… Отам ёшлигимда қизиқ-қизиқ хотираларини сўзлаб берарди. Сўнгра ўша даврларимиз тарихига оид анча китоб манбалари билан ҳам танишиб, ўтмишимиздан ғарб романчилиги асосида каттароқ бир асар яратиш ҳисси туғилди. Тарихий воқеалар бошимда шу қадар кўп, гўё қайнар, менга тинчлик бермас эдилар. Аммо бу воқеаларни қандай қилиб бир ипга тизишни, қоғозга туширишни тасаввур қила олмасдим. Кунларнинг бирида боғимизга отамни кўргани эшак миниб шаҳардан бир чол чиқди. Отам шу чоғларда юз ёшларда бўлиб, меҳмон эса ундан беш-ўн ёш кичик кўринар эди. Отам меҳмондан сўради: “Андижондаги хотинингиздан неча болангиз бор?”. Уларнинг суҳбатидан мен англадимки, бу меҳмон тошкентлик бўлиб, уйли-жойли, бола-чақали киши экан. Аммо ёшлик чоғларида савдо важи билан Андижонга бориб қолиб, у ерда ҳам кўп йиллаб истиқомат қилган, уйланиб, бола-чақали бўлган ва кексайгач, ўз шаҳрига қайтиб келган экан. Меҳмоннинг шу соддагина тарихи менга чувалган ипнинг учини топиб бергандай, ёзмоқчи бўлган китобимнинг шаклини чизиб бергандай бўлди”. Мана шу кичик парча биринчи ўзбек романининг ёзилиш тарихи ва сабабларини ойдинлаштириб берувчи муҳим фактдир. Ёзувчи мана шу лавҳа орқали ўзининг романга тайёргарлик жараёни ва бу ўринда қай ­жиҳатларга диққат қаратганлигини йўл-йўлакай айтиб ўтган.

Ёзувчи романга шакл танлай олмай юрган пайтда савдогар чолнинг келиши ва уларнинг ўзаро гурунги ижодкор тафаккурини ёритиб, унинг шу ­вақтгача чувалган фикр-ўйларига “шакл” топиб берган. Демак, бу лавҳа катта йўлга олиб ўтувчи кўприк ­вазифасини бажарган.

Ёзувчи отасини, унинг тутган йўлини фарзанд сифатида идеал деб билган. Ўз ишонган идеалига интилиш, эргашиш, унга содиқ қолиш ёзувчи асаридаги қаҳрамонларда яққол кўринади. Отабек характеридаги жасурлик, ўктамлик, ўзига бўлган кучли ишонч ҳисси, ҳар қандай оғир вазиятларда ҳам ўзига ишониши, ўзгалар кўмагига муҳтож бўлмай, муаммони ўзи ҳал қилишга интилиши Қодирмуҳаммад бободаги ўктамлик, жасурликнинг сачратқиларидир.

Маълумки, Қодирий “Меҳробдан чаён”ни ёзишга 1926 йили киришган. Бу вақтда Қодирмуҳаммад бобо дунёдан ўтган эди. Адиб мазкур романининг охирида шундай ёзади: “Мен мирзо Анвар ҳикоясини отам марҳумдан эшиткан эдим”. Бобонинг айтишича, у Анварнинг никоҳ хутбасида масжиднинг имоми билан бирга иштирок этган: “Мирзонинг ўз оғзидан Худоёр билан кечкан можаросини эшитдик, таажжубландик ва минбаъд мирзога ихлосимиз ортди…”.

Хулоса шуки, йиллар давомида ота ундирган заминдаги уруғ кучга кириб ҳосил берди, шу заҳирадан қувват олиб юксалиб борди. Ота фарзандларига кўрган-кечирганларини ҳикоя қилиб берар экан, Абдуллага атайлаб сен ёзувчи бўласан, деб уқтирмаган бўлса-да, унда ижодга ҳавас, рағбат уйғотишда мураббийлик қилган. Абдулла ­Қодирийнинг дунёқараши, тафаккури шаклланишида, дунёни англашида отаси илк устоз мақомида бўлгани, романлари яратилишида унинг хизмати, ўрни беқиёслиги, бу аслида, ёзувчига тақдирнинг сийлови эди, десак муболаға бўлмайди.

Санобар Тўлаганова,

ЎзР ФА Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 19-сон