Саида Йўлдошбекова. Чўлпон – муҳаррир

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг “РусТО” газетасига муҳаррир бўлганлиги айрим манбаларда қайд этилган бўлса-да, муаллифлар бу ҳақда муфассалроқ маълумот бермаганлар. “Иштирокиюн” газетасининг 1920 йил 4 январ сонида шундай хабар учрайди: “Русия телеғроф ожентасининг Туркистон шўъбаси тарафиндан Тошкандда “РусТО” номида кундалик деворий газетаси чиқарила бошлади. Бу газетада ҳар кун Маскавдан олинған телеғроф хабарларининг хулосаси ёзилуб турадир. Газетанинг муҳаррири “Иштирокиюн” газетасининг ҳайъати таҳририяси аъзоларидан Абдулҳамид Сулаймон ўртоқдир”.
Ўзбек матбуоти тарихининг илк тад қиқотчиларидан бири Зиё Саид 1927 йили чиққан “Ўзбек вақтли матбуоти тарихига материаллар (1870 – 1927)” номли китобида “РусТО” ҳақида шундай ёзади: “Бу газета 1919 йилда Тошкентда чиқа бошлади. Ҳар вақт бир бет бўлиб, деворларга ёпиштирилар эди. Ўзи телеграммага махсус бўлса ҳам, Тошкент ва ўлканинг баъзи хабар, ҳодисалари босилиб турди; пулсиз, ҳар кун чиқар эди… Бунда Ғози Юнус, Мирмулла, Санжар, Чўлпон, Эркатой Ҳасанов (кўпинча телеграмма таржима қилувчи), Элбек, Шокиржон Раҳимий, А.Айюб ва бошқалар қатнашар ва баъзи жойларида “Боғбон”, “Найзадор” ва “Мих”лар томонидан кулги нарсалар ёзилар эди”.
Тарих фанлари номзоди Тоҳир Фидойи 1993 йили нашр қилинган “Матбуотимиз фидойилари” тўпламидаги “Чўлпоннинг журналистик фаолиятига бир назар” сарлавҳали мақоласида Чўлпон “Русия ахборот агентлигининг Туркистон бўлими томонидан 1919 – 1921 йилларда миллий тилларда нашр этилган босма деворий газеталарни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишда фаол иштирок қилган. Унинг жонкуярлиги туфайли 1919 йилнинг 16 декабр куни Тошкент нинг Эски шаҳар қисмида ўзбек тилида “РусТО” номли деворий газетанинг биринчи сони чиқди”, деб ёзади.
Биз ана шу қисқагина маълумотлардан “РусТО”нинг қандай газета бўлганлиги, чиққан йиллари, муҳаррири кимлиги, унда қандай журналист лар қатнашганлиги тўғрисида тасаввурга эга бўламиз. Афсуски, мазкур газета ҳақида бундан ортиқ маълумот деярли учрамайди. Биз Чўлпоннинг “РусТО” билан боғлиқ фаолиятини ўрганиш мақсадида мамлакатимиздаги кутубхоналарда ушбу газетанинг бор-йўқлигини, бўлса – қанча сони сақланиб қолганлигини аниқлашга уриндик. Ҳаракатимиз беиз кетмади. Чўлпон муҳаррирлик қилган “РусТО”нинг Алишер Навоий номидаги Давлат кутубхонаси ва бошқа заҳираларда 38 сони сақланаётганлигини аниқладик. Газетанинг мавжуд сонлари Чўлпоннинг муҳаррирлик фаолияти ҳақида тўлиқ бўлмаса-да, бир қадар фикр юритишга имкон беради.
“РусТО” – “Русия телеғроф ожентаси” деган атаманинг қисқартирилгани. (Ўша пайтлари “агентлик” сўзи “ожента” деб ёзилгани учун газета номи охирида “а” эмас, “о” кўлланилган). “РусТО” ҳозирги А—2 бичимдаги газеталарнинг бир саҳифаси ҳажмида бўлиб, деворга ёпиштирилгани учун бир томонига ёзилган. Газетанинг мақсад ва маслаги ҳақида қуйидагиларни ўқиймиз: “РусТО” газетаси ўзбек меҳнаткашларига яқинлашув учун кўпроқ вилоятдаги меҳнаткашларнинг ҳолидан, дала деҳқон ва чорвачилари ҳаётидан, Эски шаҳар меҳнаткашлари ва уларнинг олий маҳкамалари бўлган фирқа қўмитаси билан ижроқўм ва бошқа маҳкамаларнинг ишларидан кенг маълумот берув устига, вилоят, уезд ва шаҳарларда бўлган хиёнат, бузғунликларга қарши бизнинг газета шу кундан бошлаб жиҳоди акбар (катта жанг) қиладир. Бизнинг “РусТО” бир-икки кишининг моли эмас, бутун меҳнаткашларники…”
Кўринадики, вазифаси, асосан, Москвадан – Россия телеграф агентлигидан келган телеграммаларнинг хулосасини ўзбек тилида бериш бўлса ҳам, муҳаррир Чўлпон деворий газетада маҳаллий халқнинг, хусусан, меҳнаткашларнинг манфаатини ҳимоя қилишга мўлжалланган материалларни ҳам кўплаб ёритишни режалаштирган, “вилоят, уезд (туман) ва шаҳарларда бўлаётган хиёнат ва бузғунликларга қарши” қаттиқ жанг бошлашни газетанинг дастлабки сонлариданоқ йўлга қўймоқчи бўлган. Ана шу фактнинг ўзиёқ Чўлпоннинг оддий халқ манфаатини ўйлайдиган, шу йўлда жон куйдирадиган муҳаррир бўлганлигини англатиб турибди. Дарҳақиқат, газетанинг бир қанча сонларида оддий кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилувчи корреспонденция (фиқра) ва бошқа жанрларда материаллар босилган. Жумладан, газетанинг 1920 йил 18 май сонида “Камбағалларга ёрдам пули” сарлавҳали хабар ёритилган. Хабарда Тошкентнинг Эски шаҳар меҳнат ва ижтимоий таъминот шўъбаси шаҳар ижроия қўмитасидан моддий ёрдамга муҳтожлар учун бериладиган маблағни кўпайтиришни сўрагани билдирилади.
Газетанинг 1920 йил 10 декабр сони. Унда “Эски шаҳар ҳангомалари” қайди билан “Талабнома” сарлавҳали танқидий материал босилган. Унда озиқ комитетидан меҳнаткашлар учун бериладиган улушга комитет бошига чиқиб олган турли гуруҳлар томонидан хиёнат қилингани очиб ташланган.
Ёхуд газетанинг 1920 йил 29 сентябр сонидаги “Мусовотда (тенгликда) ҳақсизлик” сарлавҳали хабарни олайлик. Унда ёзилади: “Халқ учун Марказий халқ хўжалиғи шўроси томонидан трамвай вагунлари билан ташилиб турғон кўмирларнинг энг ёмони (хокиси) Эски шаҳарга берилган. Ёнглишиб бўлса керак, бир вагун катта кўмир туширилган экан, қайтариб олиб чиқиб кетканлар. Янги шаҳарга берилмакда бўлғонлари катта кўмирлардир. Албатта, бу ҳақсизликнинг ўзига кўра “мақбул узри” бор бўлғондир”.
Бу гапларнинг замирида маҳаллий аҳолига нисбатан мустамлакачилик сиёсати давом эттирилмоқда, деган мазмун бор. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Чўлпон болшевиклар томонидан ташкил этилган “РусТО” газетасига муҳаррирлик қилган бўлса-да, унинг саҳифаларида “янги мустамлакачилик”нинг ҳар қандай кўринишини фош этишга интилган, чинакам тенглик, чинакам ҳуррият, чинакам йўқсуллар ҳокимияти бўлиши учун жон куйдирган. Буни биз газетанинг жуда кўп сонларидаги материаллардан англашимиз мумкин.
Чўлпон газетада маориф ва маданият масалаларининг ҳам ёритилиб боришига эътибор берган. “РусТО”нинг ўша йил 26 октябр сонида “Тошкентнинг Янги шаҳар қисмида “Меҳнат саройи” қурилиши режалаштирилиши муносабати билан 3 савол туғилади”, деб ёзилган: 1) нима учун у Эски шаҳарда қурилмайди; 2) Ўрданинг у ёки бу ёғига қурилса бўлмасмиди; 3) Эски шаҳар меҳнаткашлари учун ҳаво ва сувдек зарур бўлган қишлик театр қуришга материал йўқ, дейилгани ҳолда, “Меҳнат саройи”га қаердан топилди?” Кўринадики, “РусТО” узоқ йиллар мазлумлик азобини чеккан ерли халқ манфаатини дадил туриб ҳимоя қилган.
Чўлпон, гарчи деворий газета деб аталувчи, асосан кичик-кичик хабар ва янгиликларни ёритувчи “РусТО”га муҳаррирлик қиларкан, халқ оммаси манфаатларини ҳимоя қилишни матбуотнинг бош вазифаси деб ҳисоблаган. Газетанинг 1920 йил 17 декабр сонида публицист Ғози Юнуснинг “Мияда инқилоб керак” сарлавҳали мақоласи эълон қилинган. Унда маҳаллий болшевиклар қози сайлови муносабати билан коммунистлардан қози тайинлаш таклифини ўртага ташлашганини эслаб, бу уларнинг болшевиклар партиясининг асосий ҳужжатларидан бехабарлигини кўрсатади, дейилган ҳамда болшевикларнинг русча ва ўзбекча “РусТО”га назорат ўрнатишга ҳаракат қилаётгани танқид остига олинган.
Юқоридагилардан шундай хулосага келиш мумкинки, Чўлпоннинг “РусТО”га раҳбарлик фаолияти унинг муҳаррир сифатидаги муҳим хислатларини анча равшан кўрсатади. Булар ичида энг асосийлари – оддий халқ манфаатини ҳимоя қилиш, маҳаллий аҳолининг ҳар жиҳатдан европалик аҳоли билан тенглиги учун кураш, Туркистоннинг иқтисодий, маданий ва маориф соҳасида тараққий этиши учун жон куйдиришдир. Фикримизча, бу жиҳатлар Чўлпоннинг ватанпарвар ва миллатпарвар муҳаррир бўлганлигидан далолатдир.

Саида Йўлдошбекова,
ЎзМУ журналистика  факултети ўқитувчиси
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 12-сонидан олинди.