Устоз Равшан Файзни хотирлаб
Таниқли шоир Равшан Файзнинг 1990 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида босилган “Ташриф” номли илк китобида “Вақт ранглари” номли шеър бор.
Мен ўйнаб қолибман болалик билан…
Йиллар – имконларим кетиб қолибди.
Йиллар рангларимни ўғирлабдилар.
Мен ўзимча ўрик, узум тусасам,
Онам менга туршак, майиз бердилар.
Равшан Файз мусаввирона маҳорат соҳиби эди. Умрнинг беғубор навбаҳорини, ранг-баранг гуллар, ям-яшил майсаларни улуғлаш шоир шеъриятининг асосий мазмун-мундарижасини ташкил этади. Ранглар кўчма маънони ифодалайди. Шу маънода вақт ранглари – болалик, ёшлик ва гўзалликни, меҳр-муҳаббатни, инсоннинг эзгу амалларини англатади. Вақт ранглари…
1988 йилнинг ёзи эди. Талабалик ўртоғим Бобомурод Эралиев билан машқларимни Равшан Файзга олиб боргандик. Равшан ака у пайтлар “Ёшлик” журналининг шеърият бўлимида ишлар эди. Бизни илиқ кутиб олди. Бир шеърда юракни қозиққа боғлаб қўйилган дулдул отга қиёслаган эдим. Фақат бу “от”нинг озиғи – беда эмас, ем эмас, меҳр. У мендан бошқа одамнинг кўзига кўринмайди (яъни юрагимда нималар кечгани фақат ўзимга маълум-ку). Аммо менинг ўзим унга емиш тутсам, емайди (ахир, ўзим ўзимга меҳр беролмайман, ўз-ўзини яхши кўриш худбинлик бўлади). Шунинг учун кўксимдаги дулдул сулувларнинг қўлидан озиқланиб ўрганган. Охири бир парини олиб қочар югуриб, мени судраб кетади қозиғини суғуриб… Бу ташбеҳ Равшан акага маъқул бўлди.
– Мен бир нарсанинг номини бошқача аташни яхши кўраман, – деди у қўлидаги қаламини айлантириб. – Айтайлик, мана шу қаламни кўпчилик “қалам” дейди, мен унақа дегим келмайди, масалан, “юрак тилмочи” ёки “олмосдан ҳам ўткир тиғ”ми, нима бўлса ҳам, бошқача номлагим келади қаламни.
Равшан аканинг бу гапи бадиий адабиёт, шеърият моҳиятининг улкан хулосаси эди. Мен унинг маънисини анча кейин англадим.
Бобомурод Эралиевнинг:
“Тун бўйи гул териб ухламас аёл
Деворга осилган сўзоналардан”,
деган мисраларини ўқиди.
– Қаранг, тун-кечалар девордаги кашталарни бармоқларида ғижимлаб-ўйнаб, ёр хаёли ила бедор ётган, куёвини интизор кутаётган келинчакнинг гўзал тасвири.
Тасвирда асосий ва биринчи даражали нарсадан четлашиб қочиб, орқа пландаги иккинчи даражали нарсалар қаламга олинганда, ўша биринчи даражали нарса янада бўртиб кўринади, ёрқин акс этади. Ўша асосий бўлмаган нарсаларнинг ҳаммаси асосий нарсани ифодалашга хизмат қилади. Бу бамисоли мозаикадай: турли-туман ранг ва ҳажмдаги майда тошчалар девордаги саҳнга ёпиштирилиб, улардан муайян воқеа-ҳодиса ёки инсон қиёфаси шакллантирилади.
Шоирлар бошни айлантирадилар, бир гапни тўғридан-тўғри айтиш ўрнига ўша гапнинг атрофида айланиб юрадилар, қулоғинг қани десанг, ўнг қўли билан яқиндаги ўнг қулоғини кўрсатиш ўрнига, ўнг қўлини боши узра айлантириб чап қулоғини кўрсатадилар, дейишади. Бу тўғри. Равшан Файзнинг “Бир нарсанинг номини бошқача аташни яхши кўраман” деган гапига мутаносиб. Шоирлик санъати мана шунда.
Ойнага қарасангиз, аксингиз кўринади, деразадан боқсангиз, ташқаридаги гуллар, дарахтлар…
Бу ерда сиз, ойна, ойнадаги аксингиз ва сиз, дераза ойнаги, ойнак ортидаги гуллар, дарахтлар учлиги мавжуд.
Гап мана шу учликнинг қайси биридан бадиий восита сифатида фойдаланишда. Ушбу уч бирликка ижодкорлар уч хил ёндошадилар:
Кимдир фақат ўзини, ойнасиз тасвирлайди. Манзарани тўғридан-тўғри баён этади. Бунда ойна ва ойнадаги акс четда қолади.
Айримлар ойнадаги аксга, манзарага мурожаат этадилар. Манзаранинг ўзи ёки акс эгаси ҳамда уларни кўрсатиб турган ойна “ўйиндан ташқари ҳолатда” қолиб кетади.
Одамлар ойнага қараганда ундаги аксни томоша қилиб, ўша аксни кўрсатиб турган ойнани унутиб қўядилар. Ёки деразадан кўриниб турган табиат манзарасига маҳлиё бўлиб, дераза ойнакларини эсдан чиқарадилар. Ахир, сиз ва аксингиз, нигоҳингиз ва ташқаридаги манзара ўртасида ойна бор-ку. Ўша ойнани қора парда билан тўсиб қўйинг-чи, бир нима кўринармикин.
Бадиий асар ўша ойна бўлмоғи керак. Майли, унга қараганлар, ундаги тасвирга маҳлиё бўлиб, ойнани унутиб қўйсинлар. Ана ўшанда бадиий асар табиий чиқади. Сўзнинг қудрати мана шунда. Шу маънода “Адабиёт – ҳаёт кўзгуси” деган гап тўғри.
Равшан Файзнинг “Бир нарсанинг номини бошқача аташни яхши кўраман” деган гапларини эслаб, хаёлимдан шундай фикрлар кечди.
Равшан Файз ўз ижоди давомида нарсаларнинг жуда кўп янги номларини топди, бетакрор шеърлар яратди. Шеърларини элу юртнинг, инсон кўнгли ва туйғуларининг янги номлари билан безади.
Мана, йилнинг янги номи. Вақт рангларининг яна битта сурати:
Тўртта кўйлаги бор
Ва битта ўзи
Кийса, бор умрига бемалол етар,
Лекин у зўравон кўнглимни бузиб,
Ҳар гал бир кўйлагим тўздириб кетар.
Кийимнинг янгиси, дўстнинг эскиси яхши, деганларидай дўст ўзгармайди, кийим ўзгаради. “Сендан бир неча кўйлакни кўп йиртганман”, деган иборани ҳам ўз бағрига сингдириб юборади Равшан Файзнинг “Йил” деган шеъри. ҳа, биздан бир неча кўйлакни кўп йиртган, биздан бир неча баробар маҳоратли шоир эди Равшан Файз. У айниқса, ёш шоирларга ниҳоятда меҳрибон устоз эди. Ёшларни ўзига тенг кўриб, самимий суҳбатлашарди. Шунинг учун Равшан акадан дилимиздаги гапни ҳечам яширмас эдик.
Дарвоқе, Равшан Файзга олиб борган машқларимдан бештаси “Ёшлик” журналининг 1989 йил биринчи сонида бир саҳифа қилиб чоп этилди. Бу менинг матбуотда илк чиқишим эди. Равшан Файзнинг шарофати билан янги шеърлар ёзишга ишончим ва интилишим янада кучайди. У киши яна менга ўхшаган жуда кўп ёшларга устозлик қилди, ижодда тўғри йўл кўрсатди. “Камалак” ёшлар нашриётида ишлаган пайтларида “Ўзбекистон ёш шоирлари” рукнида Салим Ашур, Ғулом Мирзо, Қўчқор Норқобил, Юсуф Худойқул каби ўнлаб тенгдошларимнинг илк китобларини тайёрлаб, уларга ўзи муҳаррирлик қилди. Ўша рукнда менинг ҳам “Руҳимнинг товуши” (1995) номли шеърлар тўпламим Равшан Файзнинг жонкуярлиги туфайли нашр этилди.
Равшан Файз фақат талабчан муҳаррирлиги, меҳрибон акалиги, дилкаш инсонлиги билан эмас, ўзининг бетакрор шеърлари билан ҳам барчага ибрат кўрсатар эди.
Эсимда, 1991 йил “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган бир туркум шеърларини ўқиб, ҳаяжонланиб юрганларим. Айниқса, Ватан ҳақидаги шеъри ёрқин образларга бойлиги туфайли бир ўқишдаёқ ёдимда қолиб кетган. Шеър образи билан эсда қолади ва ҳеч қачон унутилмайди.
Эй ота юрт, эй туғишган эл,
Мен бир ўсмир, мен битта гулни
Орзу-ҳавас деган танти ел
Қай бир баҳор бағрингдан юлди.
Сўнг тақдирга раҳматлар айтиб,
Ўшал юксак орзумга етдим –
Тиним билмас девона, дайди
Шамолларга айланиб кетдим.
Улангандим юрагим билан
Ахир сенинг жону жисмингга.
Букун дунё барибир бир кам,
Орзуим йўқ, армонлар мингта.
Энди тунлар юрагим оғрир,
Соғинаман сени, қишлоғим,
Даштларингни эслайман оғир
Қояларга урилган чоғим.
Туриб-туриб келади кўргим,
Сен-чи, сен ҳам садо бергин, ҳой!
Билинарми ҳали ҳам ўрним,
Оғрийдими мен юлинган жой?!
– Равшан ака, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да зўр шеърларингиз чиқибди, табриклайман, – деган эдим.
– Ҳеч ким зўр демаяпти-ку, – дедилар…
Равшан Файз меҳрибон дўст эди. 1992 йилнинг кузида шоир Чори Аваз вафот этди. ҳаммамиз чуқур қайғуда қолдик. Равшан ака ҳозирги “Шарқ” нашриёти ёнидаги 12 қаватли бинонинг ёнида автобус ташкил қилди. Бир автобус шоирлар Равшан Файз бошчилигида Ғузорга бориб келдик. У дўсти Чори Авазга йўқлов айтди.
Сорбон сўзлаб қайтадур,
Бўта бўзлаб қайтадур.
Оғир карвон Ғузордай
Юртни кўзлаб қайтадур.
Кекса-ёшга ёққан дўст,
Қуёшга тик боққан дўст.
Оғзи ошга етганда
Бурнидан қон оққан дўст…
Бу ҳам Равшан Файз шеъриятидаги вақт рангларидан бири.
Ҳаёт доимо бошингни силайвермайди. Газета-журналлар таҳририятларида ҳамиша ҳам Равшан Файзга ўхшаган – ёшларга ғамхўр муҳаррирлар ўтиравермайди. Кейинчалик ўзим ҳам “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг назм ва наср бўлимида ишладим. Бироқ Равшан Файздек бўлолдимми-йўқми, билмадим…
Ўша пайтда газета таҳририятида ишламас эдим. Газетага берган шеърларимнинг тақдирини билиш учун йўлга чиқдим. Нега беришмаяпти экан, анча вақт бўлди-ку… Ёки… Маъқул дейишганди-ку… Нима қилсам экан?… Ичимдан хўрсинаман… Нима хаёлда кетаяпман-у, бироқ ўз одатимни тарк этмадим. Кўкалдош мадрасаси ёнидаги эски китоблар дўконига бурилдим. Жавонлардаги эски китобларнинг ҳаммасини бирма-бир қўлдан ўтказдим. Бир-иккита ноёб китоб танладим. Бу хазинанинг ичида икки соатдан кўпроқ вақт сарфладим. Топган бойлигимни қўлтиқлаб, троллейбусга чиқдим. Орқадаги бўш жойга ўтириб, китобларни катта мамнуният билан варақлай бошладим. Беихтиёр кимнингдир менга тикилиб турганини сездим. Бошимни кўтариб қарасам, Равшан ака жилмайиб турибди. Дарҳол ўрнимдан туриб, у кишига жой бўшатдим. Ўтирмайман, деди. Қўлимдаги китобларни кўрди. Ойнадан кўчага боққанча гаплашиб кетдик. Мен ўз дарди ҳолимни арз этдим.
– Парво қилма, энг муҳими, ёзяпсанми, бўлди. Ёзавер, шошилма, бир куни чиқади.
Мен у кишидан нега анчадан буён матбуотда кўринмаётганини сўрадим.
– Шеърларимни газеталарга беришга қизиқмай қўйдим…
Мен унинг сўзларини ҳафсаласизликка йўйдим. ҳозир қаерда ишлаётганини сўрадим.
– ҳеч қаерда ишламаяпман, – деди у.
Равшан Файзнинг ушбу ҳолати, гаплари, қарашлари дунёдан қўл силкиган дарвешга ўхшар эди. Гўё ҳамма нарсага бефарқ, бепарво…
Йўқ, аслида бундай эмас эди. Аслида Равшан Файз тинимсиз ёзаётган эди. Аслида мен билан гаплашиб турган шу ҳолатда бус-бутун бир китоб тузиб қўйган эди Равшан ака.
Амир Темур хиёбонига етганимизда Равшан акага имо қилдим:
– Кетдик, тушамиз.
– Йўқ, мен вокзалга кетяпман, бировни кузатишим керак…
Биз шундай хайрлашдик. Равшан ака менга ниманидир айтмоқчидай, мен эса ниманидир англамай қолгандай эдим…
Мен йўлда тушиб қолдим, Равшан ака вокзалга кетди.
Равшан Файзнинг “Кимларни кузатдим поездга” шеърини ўқиганимда бизнинг ўша учрашувимиз ёдимга тушаверади.
Кимларни кузатдим поездга,
Минг марта юрагим ялинди менга,
Худонинг зорини қилди кўп кўнглим.
Мен эса шу буюк хоҳишни енга
Таниш-билишларнинг шартига кўндим.
Кимларни поездга кузатдим минг бор,
Кимни кутиб олдим қўналғаларда.
Қачон кетиб бўлди, ё раббий, баҳор,
Куз ҳам кириб кепти қачон шаҳарга.
Қишлоққа кетдик деб йиғлаб юрагим,
Қовоғимга қараб кун сайин селдир.
Мен эса ўй суриб ўтирибман жим:
“Атайлаб кўргани келмайди кимдир…”
Келганнинг барига маёқман ё раб,
Кутиб-кузатаман шому саҳарда.
Айтинг, не бўларди биров атайлаб,
Ҳол сўраб кўргани келса бир марта…
Ҳа, ўша дамда Равшан Файз охири кўнгилнинг хоҳишига кирган эди.
У қишлоғига кетди. Фақат поездда эмас, номаълум йўловчи машинада бемаҳал кетди. Буни ҳеч ким кўрмай қолди, билмай қолди…
Бир куни устоз Маҳмуд Саъдийни машина сал туртиб кетибди.
Биз кўргани касалхонага борганимизда устоз ҳўнграб йиғлаб юборди.
– Мен ўзимга эмас, Равшанга йиғлаяпман, – деди у. – Мен-ку соғ қолдим, Равшан-чи, эҳ, Равшан…
Равшан акани катта-ю кичик – ҳамма яхши кўрар эди.
Билинарми ҳали ҳам ўрним,
Оғрийдими мен юлинган жой?!
Сатрлари ҳечам ёдимдан чиқмайди. ҳамон Равшан Файзнинг ўрни жуда билинади. ҳамон Равшан Файз юлинган жой қаттиқ оғрийди.
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 7-сон