Раҳмон Қўчқор. Чингиз Айтматов ва адабий танқид

Аслида, Чингиз оғанинг бирорта асарини адабиётшунослик, айниқса, адабий танқид якдиллик билан хуш қарши олган, адибни доимо қўллаб-қувватлаган, дея асло айтиб бўлмайди. Дастлабки ҳикояларидан бошлаб “Жамила” қиссасигача, “Кунда”дан тортиб “Кассандра тамғаси” романигача – барчаси ҳақида кўплаб холис, дўстона мулоҳазалар қатори аллақанча бирёқлама, нопрофессионал, ғаразли, ҳатто, асарлардан сиёсий айб топишга қаратилган танқидий чиқишлар доимо бўлган.

“Жамила”да шўро аёли бўлиб ҳам, Ватан ҳимояси учун урушга кетган аскарнинг хотини образини, унинг ахлоқий ва маънавий дунёсини ёритиш масаласида “жиддий хато” топганлар, “Кунда” танқиди баҳона “мусулмон дунёси вакили Айтматовга христианлик тарихига мурожаат қилиш, “Инжил” мотивларидан фойдаланишни ким қўйибди?” тахлит иддао қилганлар озмунча бўлганми? Бироқ…

Бироқ Чингиз Айтматов адабиётшунослик фани, жумладан, адабий танқидга доимо катта эътибор, жиддий назар билан қаради, мазкур соҳаларнинг энг илғор намояндалари асарларини астойдил ўрганиб, янги қарашлардан мунтазам бохабар бўлди.

Ўзи замонавий бадиий-эстетик тафаккурнинг йирик вакили, билимдони ҳисобланган Чингиз Айтматов ўтган асрнинг 80-йилларида Москвада чоп этиладиган “Театр” журнали мухбири билан қилган  суҳбатида, жумладан, қуйидаги муҳим мулоҳазани айтган эди:

“Ҳар бир халқнинг ўз Стасовлари, Бахтинлари, Шкловскийлари бўлиши керак. Шундай мутафаккирлар бўлсаки, уларнинг тадқиқотлари бизнинг, наинки жаҳон маданиятида юз бераётган ҳодисаларни, балки ўз миллий маданиятларимиздаги жараёнларни ҳам тушуниб олишимизга яқиндан кўмаклашса.

Агар миллий маданиятлар ичида яқин орада шундай фикр уйғотувчи кучлар пайдо бўлмаса, уларнинг ривожланиш суръати аста-секин сустлашиб бориб, турғунлик юз беради.

…Максимал даражада сертармоқ – газеталар, журналлар, радио, телевидение орқали иш олиб борадиган танқидчиликни йўлга қўйиш керак. Танқидчиликни максимал даражада ранг-баранглаштириш лозим. Илмий тадқиқот ва таҳлилнинг бундай аппаратисиз, яна такрорлайман, келажакда миллий маданиятлар мавжуд бўлиши ва ривожланиши асло мумкин эмас”.

Инсоният тарихий такомили қонуниятларини чуқур тушунган, унинг келажак тақдиридан кўнглида асосли хавотирлар туйган бедор адиб, танқидчиликка бу қадар жиддий эътибор ва умид билан қарагани, албатта, бежиз эмас эди. Закий ёзувчи адабий танқид фақат эстетик ҳодиса – у ёхуд бу асарнинг ички бадиий унсурларинигина ўрганувчи ва шундан келиб чиқиб унга баҳо берувчи, адабиётшуносликнинг тор бир соҳаси эмас, балки муайян адабий асар таҳлил-у талқини асносида олам ва одам, уларнинг тарихий ҳамда замонавий такомил ва таназзул жараёнлари, улар тақдирига дахл этувчи омилларнинг теран таҳлили амалга ошувчи ғоят жиддий фалсафий тафаккур ҳосиласи ҳам эканини ич-ичдан ҳис қилган.

Аристотелнинг “Поэтика” китобидан бошлаб Н.А.Добролюбовнинг “Обломовчилик қандай ҳодиса?” мақоласигача, Л.Н.Толстойнинг “Шекс­пир ва драма тўғрисида” номли трактатидан тортиб, Мавлон Ваҳобовнинг “Тарих ҳақиқатига зид ўлароқ” деб номланган чиқишигача синчиклаб ўрганган ёзувчи, адабий танқид билан наинки муайян халқлар, балки бутун инсоният тафаккурининг такомили ўртасида жуда жиддий боғлиқлик борлигини яхши билган.

Зеро, нигоҳи ичкарига – ботинга эмас, фақат ташқарига ва кўкларга қадалган, ўз бағрида кечаётган жараёнларни мунтазам танқидий таҳлилдан ўтказиб, зарур хулосалар чиқариб бориш, “фикр уйғотувчи кучлар”га хайрихоҳлик ила қараш ўрнига, уларни қувғинга солган салтанатларнинг аянчли қисмати барчага сабоқ бўларлидир. Бунинг яққол далили қилиб собиқ шўро давлати “тажрибаси”ни кўрсатиш мумкин.

Бинобарин, бу ерда гап жўн, юзаки, номигагина ғимирлаб турадиган адабий танқидчилик тўғрисида кетмаётгани ўз-ўзидан аён. Қолаверса, “миллий маданиятларнинг мавжуд бўлиши ва ривожланиши”да ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган чинакам танқидчилик жўн, юзаки ва номигагина ғимирлаб туриши табиатан асло мумкин ҳам эмас. Бунинг акси ўлароқ, вульгар социологизм, “жангавор курашчанлик”ни ўзига қурол қилиб олган, бутун фикри-ёди ҳукмрон салтанат ва унинг мафкураси манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат бўлган фаол “танқидбозлик” ноёб истеъдод ва у орқали бутун адабиёт тақдирига қанчалар салбий таъсир кўрсатишига ҳам ёзувчи бот-бот гувоҳ бўлган. Бу ўринда биргина мисолни – қадрдон дўсти Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” номли тарихий романига бўлган хуружларга нисбатан Чингиз Айтматов эгаллаган фаол ва мардона позициясини эсламоқнинг ўзи етарлидир (бу хуружлар орасида юқорида санаганимиз М.Ваҳобовнинг Ўзбекистон ССР Компартияси Марказий қўмитасининг бош нашри – “Правда Востока” газетасининг 1986 йил 4 декабрь сонида босилган “Тарих ҳақиқатига зид ўлароқ” (“Правде истории вопреки”) номли мақоласи ҳам бор эди). Чингиз оға нафақат ўз тенгдошлари ва дўстлари, балки ўзбек адабиётида пайдо бўлаётган ҳар бир ёрқин истеъдод камолини қўллаб-қувватлашга, керак пайтда уларга зарур далдани беришга доимо қунт қилар эди.

Энди сўзимиз аввалида тилга олганимиз яна бир факт изоҳига тўхталамиз. Бу ёзувчининг “Кунда” (“Қиёмат”) романи юзасидан билдирилган (ва ҳали ҳамон билдирилаётган!) кўпдан-кўп фикрлар, мулоҳаза ва баҳоларнинг биттаси билан боғлиқ тафсилотдир.

Айни асар илк бора “Новый мир” журналида чоп этилгач, “Вопросы литературы” журналининг бутун бир сони Ч.Айтматовнинг янги, дунё китобхонларининг кўпчилигини ларзага солиб улгурган романи муҳокамасига бағишланган эди. Журналда асар таҳлили ва талқинига оид ўнлаб мақолалар, давра суҳбатлари, интервьюлар берилган бўлиб, улар орасида россиялик бир таниқли адабиётшуноснинг жиддий танқидий фикри, адиб кўнглига оғир ботиши мумкин бўлган эътирози ҳам ўрин олганди. Рус танқидчиси ўз мулоҳазалари давомида Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” ҳамда Чингиз Айтматовнинг “Кунда” романларидаги “Инжил”дан келаётган бир эпизод – Исо пайғамбарнинг Рим прокуратори Понтий Пилат томонидан суд қилиниши ҳодисасини ўзаро солиштирар экан, Айтматов, христиан дини вакили Булгаковдан фарқ қилароқ, бу эпизоддаги диалогларни ўта замонавийлаштириб юборганини рўкач қилади. Унинг назарида, милоднинг дастлабки йилларида кечган бу мулоқот тили, мунозарага киришган Исо алайҳиссалом ва Понтий Пилат гап оҳанги шу даражада замонавийки, сал бўлмаса, бу икковлари “ядро урушининг олдини олиш” ҳақида ҳам баҳс очиб қолишадигандек…

Танқидчи бу “жиддий камчиликлар”нинг асл сабабини Чингиз Айтматов яралишидан Шарқ кишиси, ислом маданияти вакили ўлароқ, ҳар қанча уринмасин, насронийлик руҳини тўла тушунмаслигида, бу ҳодисотларга барибир тиши ўтмаслигида “кўради”. Муаллиф сўзининг охирида  адибга бундан буён шу сингари ҳаракатлардан тийилгани маъқул эканини эслатишни ҳам унутмайди.

“Вопросы литературы” таҳририяти берган изоҳдан маълум бўладики, бу ва бошқа танқидий мулоҳазалар жамланиб ёзувчига юборилган, ундан айни фикрларга муносабати сўралган. Адиб ўзининг жавоб хатида бошқа мунозарали қарашларга бирма-бир фикр билдиргани ҳолда, юқоридаги эътироз – иддаога қарши ўзига хос жавоб йўллашни маъқул топган.

Чингиз оға янги романи тўғрисида ўз номига келган кўпдан-кўп хатлар, батафсил кўнгил изҳорлари орасидан арманистонлик бир нотаниш адабиётшуноснинг хатини ажратиб олади ва у рус танқидчисининг бояги фикрларига айнан мос жавоб бўлса, ажаб эмас, дея уни журнал таҳририятига аслича ҳавола қилади.

Арманистонлик бу адабиётшунос “Кунда” романининг жуда кўп фазилатларини чуқур таҳлил ва талқин асносида очиб берар экан, Исо Масиҳ ва Рим прокуратори ўртасидаги савол-жавоб эпизодига ҳам бафуржа тўхталади, мазкур эпизоднинг М.Булгаков ҳамда Ч.Айтматов тасвирида учрайдиган фарқларини ҳам ғоят топқирлик билан изоҳлаб беради.

У ҳақли ва асосли таъкидлаганидек, ўша тарихий мунозаранинг “Уста ва Маргарита”да берилган тасвири ҳамда талқини ёзувчи-муаллиф томонидан бевосита ҳикоя қилинаётгани сабабли муқаддас манбага – “Инжил”га жуда яқин келади. Бу яқинлик ва муваффақиятга эришиш учун эса асар муаллифидан туғма истеъдод сўзсиз талаб этилгани ҳолда, унинг, албатта, насроний дини вакили бўлиши мутлақо талаб қилинмайди…

“Кунда”даги тасвир ва талқин ҳақида эса асло бундай деб бўлмайди. Асарни ўқиган китобхон яхши эслайдики, Ч.Айтматов романидан ўрин олган ўша тарихий мунозара бевосита – асар муаллифи баёнида эмас, балки Обер-Кандалов бошлиқ бир тўда газандалар томонидан шафқатсизларча ўласи қилиб калтакланиб, Чуй даштининг қизиган куни тиғида турган юк машинаси кузовига итқитиб ташланган Авдий Каллистратовнинг қаттиқ чайқалган миясида – туш ёхуд ўнг эканини ўзи ҳам англолмайдиган хушида аксланади. Қолаверса, Авдий Каллистратовнинг ўзи ким? Шўро мамлакатида номига очилган диний семинариянинг бошланғич босқич талабаси, ўзбекча қилиб айтганда, ҳозирча чала мулласи!..

Бунга қўшимча, Авдийни ўраб олган муҳит, у кўраётгани ва ўқиётгани ХХ асрнинг 70-йилларидаги жамики оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзулари (улар орасида рус танқидчиси киноя билан эслатган “ядро уруши” муаммоси, айниқса, кенг тарқалган эди!) ёш, виждонли, романтик табиатли бу йигитнинг луғат бойлигида, тафаккур тарзида акс топмаслиги асло мумкин эмас эди.  Чингиз Айтматов шу тариқа мазкур эпизод тасвирида тарихий ҳақиқат ва ҳаётий мантиққа тўла мос иш тутганини эътироф этар экан, агар аксинча бўлганида, зийрак ўқувчиларда жуда кўп эътироз пайдо бўлиши мумкинлигини ҳам арманистонлик адабиётшунос алоҳида таъкидлаган эди…

Хулоса қилиб айтганда, Чингиз Айтматов феноменига хос кўплаб ноёб ҳодисаларнинг таҳлилу талқинида адабий танқид ҳам айрича ўрин тутиши, муҳим аҳамият касб этиши аниқ. Бу ҳақиқатни, таъкидлаганимиздек, ёзувчининг ўзи жуда яхши билган, ичдан ҳис қилган. Адибнинг мақоламиз бошида эслаганимиз – “Театр” журналидаги суҳбатда билдирган фикрлари ҳам ўзининг долзарблигини, тушунган халқлар учун эса муҳим аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмаслиги-да кўриниб турган ҳақиқатдир.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 12-сон