Кунботиш ўлкаларидаги назарий типологияга кўра бадиий адабиёт тараққиётининг тарихи шартли равишда а) классик адабиётгача бўлган босқич; б) классик адабиёт босқичи; в) ноклассик адабиёт босқичи; г) постклассик адабиёт босқичи сингари босқичлардан иборат экани қайд этилади. Агар эстетика тарихи ва назариясида аристотелча-гегелча-кантча ёндашув классик йўналиш дейиладиган бўлса, унгача, яъни антик давргача бўлган босқичнинг классик адабиётгача дейилишида мантиқ борлиги кўринади. Модернизм эса айнан ана шу классик қарашлардан юз ўгириш, уни инкор этиш натижаси ўлароқ юзага келган илмий-эстетик қарашлар тизими бўлган эди. Дастлаб модернизм ўзини энг сўнгги бадиий-эстетик йўналиш тарзида тақдим этди, аммо вақт бу даъво тўғри эмаслигини, адабиёт ва санъат ҳодисаларига ёндашиш ҳамда изоҳлашнинг шу вақтгача бўлган барча йўналишларидан тамомила фарқ қилувчи постклассик босқичи ҳам борлигини кўрсатди.
Жуда узоқ йиллар мобайнида амалда бўлиб келган классик йўналишнинг ўрнини эгаллаган ноклассик фалсафий ва бадиий тафаккур тарзининг ифодаси бўлмиш модернизм йўналишига хос етакчи белгилар нималардан иборат эканини аниқлаш ғоят муҳим илмий-назарий ва амалий аҳамият касб этади. Модернизмнинг назарий қарашлар тизими ва бадиий амалиётида аристотелча-гегелча-кантча классик қарашларга зид равишда фақат борлиқ ҳодисалари ҳамда одамнинг муайян мақсадга йўналтирилган фаолиятигина эмас, балки инсондаги зерикиш, сиқилиш, тушкунлик, қўрқув сингари анъанавий классик санъат эътиборидан четда бўлган руҳий тушунча ва ҳолатлар ҳам бадиий тасвир объекти мақомига кўтарилди; синкретизм кучайгани сабаб фалсафа бадиийлашди, мусиқада оҳанг уйғунлигидан юз ўгирилди, тасвирий санъатда ташқи ўхшашлик ва шаклий гармониядан воз кечилди, адабиёт, театр ва кинода ҳаётий ҳаққонийлик ўрнига абсурд, ношайин, эротик ҳамда жирканч ҳолатлар тасвирига устувор мақом берилди. Айни вақтда, модернистик санъатнинг юксак намуналари яратилиб, улар ХХ аср эстетик тафаккурининг ўзига хос классикаси бўлиб қолди. Негаки, ҳар бир модерн асар олдиндан пухта ўйлаб олинган қонун-қоидалар, талабу тартиблар асосида яратилди. Ҳатто, ҳар қандай азалий қолипу тартибларнинг инкори ўлароқ дунёга келган асарларда ҳам муайян ички бадиий-эстетик интизом мавжуд эди.
Модернизм – фалсафа, санъат ва адабиёт соҳасидаги ноклассик қарашлар тизимини умумлаштирувчи атама. Кунботиш мамлакатларида 19 асрнинг сўнгги чорагида юзага келган ва французча “энг янги”, “замонавий” маъноларини англатувчи модернизм ўзини ўша замон ҳамда келажакдаги ягона ҳақиқий эстетик ва фалсафий йўналиш ҳисоблаб, оламни фалсафий ҳамда бадиий идрок этиш, изоҳлаш ва тасвирлаш борасида мавжуд бўлган анъанавий ёндашувларни инкор қилиши билан ажралиб туради. Модернизм олам ҳодисалари ва одамга муносабат, улардаги турли-туман ҳолатларни изоҳлаш ҳамда тасвирлашда ўзига хосликка интилиб, классик ёндашув йўсинини инкор этиш йўлидан борган ғоят кўп тармоқли фалсафий-эстетик ҳодисадир.
Модернизм классик фалсафадаги санъатга реал воқеликнинг инъикоси тарзида қарашдан воз кечиб, борлиққа қатъий боғланиб қолиш санъаткорни чеклаб қўяди, у ўз ўю хаёллари билан воқеликдан ташқарида турганида кўпроқ ижодий имкониятга эга бўлади деб қарайди. Реалистик назария санъатнинг ягона объекти борлиқ деб билгани сабабли ҳам ундан юз ўгириш керак деб ҳисоблайди. Санъат борлиқнинг нусхаси эмас, балки унинг ўзи алоҳида мустақил борлиқ деб билади. Модернистик адабиёт ва санъатнинг барча йўналишларда яратилган асарларда унга қадар қўлланиб келинган анъанавий бадиий восита ва усуллар ё бутунлай инкор қилинади, ёхуд улардан таниб бўлмайдиган даражада ўзгартирилган ҳолда фойдаланилади.
Маълумки, санъат ва адабиётдаги классик қарашлар тизими шароитида бадиий яратиқнинг ақлга мувофиқлиги (рационаллик), ижодий тажриба давомида шаклланган бадиий қолипларга риоя қилиши (нормативлик), тасвир восита ва унсурлари орасида уйғунликнинг мавжудлиги (гармония), бадиий ифоданинг аниқ, осон ва бир хил тушуниладиган бўлиши, композициянинг формал инсоний мантиққа мувофиқ қурилиши, ҳар қандай бадиий асарнинг реал ҳаётга мувофиқ келадиган йўсиндаги муайян тахминий схематик моделга эгалиги, идеални тасвирлаш кераклиги, тилнинг оддий сўзлашув нутқидан фарқ қиладиган тарзда силлиқланган бўлиши лозимлиги сингари талаблар қўйилар эди. Бадиий ижодни муайян талабларга бўйсундирадиган бундай классик ёндашувларга исён ўлароқ юзага келган модернизм турли-туман кўринишларга эга серқатлам фалсафий-эстетик қарашлар тизимидан иборат бўлиб, бу йўналишдаги изланишлар жамият ҳаётида кескин тўнтаришлар ҳамда қалтис катаклизмлар юз берган шароитда, айниқса, кучаяди. Негаки, инсон ижтимоий турмушидаги кескин чайқалишлар унинг туйғуларини мувозанатдан чиқариб, таъсирланиш ва бу таъсирни ифодалаш йўсинларига таҳрир киритади, қарашлар тизимини ўзгартириб юборади. Бу ўзгаришлар эса одамнинг бадиий дидини янгилайди.
Модернизмнинг акмеизм, символизм, дадаизм, футуризм, имажинизм, сюрреализм, экспрессионизм, фовизм, шоизм, супрематизм, абсурд каби оқимлари турли ижтимоий-маънавий қалқишлар даврида юзага келиб, бадиий адабиётда ёрқин намоён бўлган йўналишлардир. Таъкидлаш керакки, агар олдинлари бу хилдаги ижтимоий-ахлоқий силкинишлар башарият учун ҳар замонда юз берадиган тасодифий ҳолат ҳисобланган бўлса, эндиликда тобора доимийлик касб этиб бормоқда.
Модернистик ҳиссий-интеллектуал ёндашувга кўра ҳаёт ҳамиша тартибсиз ва бебошвоқ; инсон тириклигининг тийиқсиз ва тайинсизлиги одамнинг ҳаётдан ўз ўрнини тополмай ёлғизланиб қолишига олиб келади; инсоннинг ҳаёти ечими ҳеч қачон топилмайдиган зиддиятлардан иборатдир. Бундай кайфият модернчи ижодкорларда санъат ҳаётга ижобий таъсир кўрсатиб, унга тартиб ва маъно бахш эта олмайди деган умидсиз тўхтам шаклланишига сабаб бўлади. “Санъат санъат учун” чақириғи модернистик йўналишдаги барча адабий оқимларнинг асосий шиори эканининг боиси шунда. Ҳамонки, санъат асари ижтимоий борлиқни ўзгартириш ва унга муайян тартиб беришга қодир эмас экан, ҳаёт ва унинг муаммоларини акс эттиришдан маъно йўқ деб қаралди. Шунинг учун модернизмда кўпроқ бадиий яратиқнинг ифодавий жиҳатларига эътибор қаратилиб, объектив олам ҳодисалари ва унда қатнашадиган тимсолларни тасвирлашдан кўра объектив дунё тўғрисидаги субъектив таассуротларни, онгости импулсларнинг ўйинларини акс эттириш муҳимроқ саналади. Бу хил ёндашув санъат ва адабиётга ҳеч ким ва ҳеч нарса олдида бурчли бўлмаган идтимоий-эстетик феномен тарзида қараш имконини беради.
Модернизм ўзининг илмий-назарий асоси сифатида Ф. Ницшенинг менчилик (индивидуалистик) фалсафасига таянган бўлса, бадиий ижод моҳиятини тушуниш ва изоҳлашда З. Фрейднинг психоаналитик қарашларига суянади.
Ф. Ницшенинг менчилик фалсафасига кўра жамият ҳамиша шахсга қарши туради, индивид ва унинг манфаатлари жамият томонидан доим камситилади, ахлоқ ва қонун кўпчилик томонидан алоҳида шахснинг эркини занжирбанд қилиш учун ўйлаб топилган ижтимоий-этик бўғовлардир. Демак, жамият мавжудлигининг ўзи билан алоҳида шахснинг эркига дахл қилади, унинг ўйлари, туйғулари ва амалларини чеклашга уринади. Ҳолбуки, одам ҳеч қандай сабабга кўра ўз истакларини жиловламаслиги керак. Инсонни суйиш, яъни гуманизм шуни тақозо этади. Инсонпарварлик даражаси шахсга берилган эрк миқёси билан ўлчанади.
Одам руҳиятидаги турли-туман оғишлар жараёнини синчиклаб ўрганган Фрейд инсонда содир бўладиган жуда кўпчилик интеллектуал-руҳий муносабат (реакция)лар унинг онгига боғлиқ эмас, одамнинг “мен”и табиий равишда ҳамиша кўнгилсизликлардан нарироқ бўлиб, имкон борича кўпроқ лаззат олиб қолишга мойил деган хулосага келади. У инсон хатти-ҳаракатларининг кўпчилиги онгости майллари туфайли юзага келади ва уларнинг моҳиятида асосан қўрқув, очлик ҳамда ҳирсий хоҳишларни қондириш истаги ётади деб ҳисоблайди. Шу тариқа Фрейд ижтимоий ҳаёт ҳодисалари юзага келишини ҳам онгости майллари билан тушунтириб, инсон хулқи ва руҳияти шаклланишида ижтимоий омилларнинг ўрни катталигини инкор этади.
Минглаб йиллар мобайнида маърифат ва илму фан тараққиётига кўз тикиб, илмий-техник ривожланиш инсоният ҳаётини фаровонлаштириб, одамлараро муносабатларнинг эзгулашувига хизмат қилишидан умидланиб юрган ижодкорлар XIX аср охири ва ХХ юз йиллик бошларида фаннинг шиддат билан ўсиши улар кутганидан бутунлай тескари натижалар берганини кўриб, тамомила ҳафсалалари пир бўлди. Биринчи жаҳон уруши келтирган вайронгарчиликлар фалсафа ва санъатда модернистик кайфиятлар авжланиб, мустақил йўналиш даражасига кўтарилишига сабаб бўлди. Очун миқёсидаги уруш туфайли одатий ҳаёт нормаларининг бузилиши янгича қараш ва муносабатлар тизимининг юзага келиши тафаккур ва ижод одамларининг кўпчилигида фалсафа ва санъатни ҳам янгилаш майлини юзага келтирди. Зеро, фалсафа ва санъат борасида шаклланган ақидалар башариятнинг айни замондаги фикрий ва руҳий ҳолатларига мос келмай қолганди.
Модернистик санъат жаҳон уруши сабабли ижодкорларнинг одатий ўзанидан чиқариб юборилган кайфияти ҳамда умумий ижтимоий негизларнинг тушунарсизлиги аралашувидан юзага келди. Чунки кечагина ижодкорлар учун ғоят тушунарли ва тўлиқ изоҳлаш мумкин бўлган дунё бу даврга келиб бутунлай чигал ва тушунарсиз бўлиб қолган эди. Қандайдир номаълум куч ижодкорни қонга ботган одамлар тўдаси ва маънили йўсинда изоҳлаб бўлмайдиган тизгинсиз ҳодисалар ўпқонига улоқтириб юборгандай эди.
Модернчилар ўзгарган даврда яшаётган кишиларнинг янгиланган эстетик таъбига мувофиқ келадиган тамомила янги санъат, адабиёт яратиш ниятида рационализм, нормативлик ва гармонияга таянган ва борлиққа боғланиб қолган мумтоз бадиий-эстетик анъаналардан воз кечдилар. Анъанавий санъат ва адабиётда қарор топган қарашлардан кескин фарқ қилароқ, бадиий тасвирда ҳаётга мувофиқлик эмас, балки ҳар бир санъаткорнинг оламни бошқаларга ўхшамаган тарзда индивидуал кўра билиши бош эстетик қадрият саналадиган бўлди. Чунки модернчи ижодкорларнинг кўпчилиги шахсдан ташқарида ва ҳаммага тегишли ҳақиқат бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблардилар. Бошқача айтганда, улар ҳақиқатнинг объективлигини инкор этишарди. Модернчилар ҳар бир шахснинг ҳақиқати алоҳида бўлади деб ҳисоблардилар. Шунинг учун ҳам онг билан онгсизлик ҳамда уларнинг ўзаро муносабатлари тасвири модернчилар учун энг севимли ва доимий мавзуга айланди. Модернчилар адабиёт тараққиётининг олдинги даврларида ижодкорлар назаридан бутунлай четда қолган, бошқалардан ажралиб турмайдиган ғоят оддий, элқатори (среднестатистик) одамларнинг ҳаёти ва ички дунёсини кўрсатишга айрича эътибор қаратдилар: модерн асарларда бундай шахсларнинг руҳиятидаги ғоят ичкин туйғулар, ўта нозик сезимлар майда икир-чикирларига қадар батафсил қаламга олина бошлади. Персонажлар ҳаёти ва руҳиятининг олдинлари тасвирлаш айб саналадиган хунук ва уятли жиҳатларига қадар авра-астари ағдариб кўрсатиладиган бўлди.
Модернчи ёзувчилар бадиий тасвирга янгича кўриниш бериш, бир-бирига ўхшамайдиган одамлар руҳиятининг қайтарилмас манзарасини чизиш учун шакл, восита, усул, услуб устида адоқсиз ижодий тажрибалар ўтказишдан эринмадилар. Аммо улар бош қаҳрамонни жамият қаршисида гангиб қолган ёхуд унга қарши ботиний ёхуд зоҳирий норозилиги бор шахс сифатида тасвирлаш борасида бир-бирига яқин позицияларда эдилар. Шафқатсиз борлиқ қаршисида ёлғиз ва ҳимоясиз қолган бу кимсанинг туйғулар олами уни ўраб турган воқелик қарқини (суръати) босимига дош беролмаслиги оқибатида жамиятдан бегоналашиб абгор бўлишини тасвирлаш ғоят кенг ёйилди.
Ўзигача бўлган барча адабий йўналишлардан фарқли равишда айнан модернизм ўз эътиборини оддий одамнинг ички оламини тасвирлашга қаратди. Модернчи ижодкорлар инсонни ўраб турган воқелик ва ижтимоий муҳитни ё тасвирламасдилар, ёхуд уни ўзларининг бадиий ниятларига мос келадиган тарзда истаганча ўзгартириб кўрсатиш йўлидан боришарди. Бунда ҳаётий аниқликка амал қилмаслик, анахронизм оддий ҳол саналарди.
Кўпчилик адабиёттанувчилар модерн адабиётни кишида қайғу, чорасизлик ва зулмат туйғуларини уйғотадиган бадиий ҳодиса ҳисоблайдилар. Аслида бундай тасаввур уйғотадиган битиклар кўпинча тириклик моҳиятини тўла англаб етмоқчи бўлган ва бунга эришолмагани учун дунёи дун тартиботларидан норози ҳолатда юрадиган муаллифларнинг кайфиятлари натижаси ўлароқ юзага келган бўлади.
Модерн адабиётнинг ўзига хослиги, биринчи навбатда, олдин шаклланган адабий анъаналарда талаб қилингани каби бадиий тасвирда муаллиф ва ўқирман қарашларида уйғунлик бўлишига уринишдан воз кечишда намоён бўлади. Агар классик адабиёт босқичидаги бадиий тасвирнинг ҳаётга ўхшашлиги, воқелик ва одамлараро муносабатларни сабаб-оқибат боғланишлари оғушида кўрсатиш модернчи носирлар тарафидан рад этилган бўлса, модерн шеъриятда қатъий поэтик тизим ва мавжуд ифодавий арсеналлар эркин шеърий шакл ҳамда ифода хилма-хиллиги томонидан инкор қилинди. Модернчи ёзувчилар олдинги бадиий қадриятларни улоқтириб ташлаб, ўқувчиларни ҳам чуқур ўйланишга, ҳам қайсидир даражада муаллифга шерик бўлишга мажбур этадиган мураккаб ва янги адабий шакл ҳамда усуллар қўллашга уриндилар. Модернчи адиблар бадиий асарлардаги воқеалар ривожи тасвирининг хронологик тартибдаги ифода йўсинини ҳам бузиб юбордилар. Кўпчилик модернистик асарларда тартиб билан кечадиган воқеалар эмас, балки одамнинг боши-кети йўқ ўй-хаёллари ва чигал кечинмалари оқими акс эттириларди. Туйғулар ва ўй-хаёллар кечими тасвири ҳам олдинги каби ички интизом билан эмас, балки бетартиб йўсинда ёпирилиб келадиган онг оқими тарзида бериладиган бўлди.
Классик адабиёт намуналарида олам ва унда содир бўлган ҳодисотларнинг муайян даражада тугалланган универсал образи яратилгани сабабли уларни борлиқнинг ўзига хос бадиий макети ўрнида қабул қилиш мумкин эди. Чиндан ҳам ҳар қандай одам учун хаос (тартибсизлик) бўлиб кўринадиган борлиқ классик бадиий асарларда муайян бошланиш ва тугалланишга эга космос (тартиб) ҳолатида тасвирланарди. Модернизм эса очун ва унда умр кечираётган одам ҳаёти англаб етилиши ҳеч қачон мумкин бўлмайдиган тартибсизликдан иборатдир ва ижодкорнинг вазифаси реал хаосдан сунъий равишда эстетик космос яратиш эмас, балки хаос ҳолатининг ўзини мавжудликнинг универсал ва доимий шакли сифатида бадиий тасвирлаб бера олишдан иборат деб ҳисоблади.
Менчи (индивидуалист) якка шахс онги ҳамда руҳиятининг чексиз олам ва тартибсиз (хаотик) ҳаётдаги ўрни, қиммати нимадан иборат эканини тушуниш ҳамда тасвирлашга модерн адабиёт ва санъатнинг бош масаласи деб қаралди. Модернчи санъаткорлар олам ва одамнинг мавжудлик табиати ушбу масаланинг мантиқий рационал ечими бўлиши мумкин эмаслигини тақозо этгани сабаб уни ҳал қилишнинг иррационал йўли самаралироқ бўлади деб қарайдилар. Бошқача айтганда, модернчилар олам ва одамга доир ҳолатларни тушуниш ҳамда тасвирлашда рационал тафаккурнинг ижтимоий қолипга солинган совуқ, ҳиссиз ва зерикарли фикрлаш йўсинига индивидуал шахснинг онгости ва хаёлий бўлгани боис ғайриихтиёрий, иррационал ўйлаш тарзини қарши қўядилар.
Айни шу сабаб модернчи ижодкорлар ўз бадиий яратиқларида турли мўъжиза, ривоят, сирли мифологик ҳодисалар тасвиридан мўл-кўл фойдаланишади. Таъкидлаш керакки, шу каби модернча ёндашувларнинг исломий Кунчиқиш адабий тажрибаларига яқинлашуви кўзга ташланади. Негаки, исломий-туркий адабиётда азал-азалдан инсоний ақл билан изоҳлаш ва англаш мумкин бўлавермайдиган илоҳий ҳолатлар тасвири ўта муҳим ўрин тутиб келган. Фақат биргина ва асосий фарқ шундаки, туркий-исломий мумтоз адабиёт намуналарида ақл билан изоҳлаш мушкул бўлган ғайбга доир тасвирлар мушкулотларнинг ечилиши ва қаҳрамонлар ишининг ўнгланишига хизмат қилса, модерн асарларда персонажлар қисматини янада оғирлаштириш, улар уриниб-суриниб топаётган йўлни йўқ қилишга қаратилган бўлади. Масалан, “Малика айёр” достонида Шозаргар маҳбубасини олмага айлантириб ёнида, маҳбубаси эса ўйнашини игнага айлантириб, ёқасида олиб юрса, Назар Эшонқулнинг “Баҳовуддиннинг ити” ҳикоясида маънавиятсиз одамлар билан яшашдан қийналган овоз режиссёри итга айланиб, улар орасида умр кечира бошлайди. “Алпомиш” достонида тошга чандиб боғлаб ташланган Қоражон Алпомишнинг пири Ражабхўжанинг руҳунати ёрдамида тутқунликдан халос бўлса, “Жараён” романидаги Йозеф К. ғайриихтиёрий тарзда ишга кетаётиб, суддан, судга кетаётиб, ибодатхонадан чиқиб қолаверади. Яъниким, фольклор ёхуд мумтоз адабиёт намуналарида мистик тасвирлар қаҳрамоннинг ҳолатини енгиллатишга хизмат қилса, модерн асарларда уларнинг қисматини оғирлаштиради. Айни шу мистик ҳолатлар тасвири акс этган ўринларда ҳамиша Яратганга ишониб, унга таваккал қилган ва бутун ихтиёрини берган мўмин билан Кунботишнинг ҳар бир қадамини ўз тафаккурига таяниб босадиган ва шунга яраша натижага эришишни кутадиган одами руҳияти ва қисмати ўртасидаги кескин айирма намоён бўлади.
Ботиш адабиётида, айниқса, маърифатчилик давридан эътиборан, олам ва одамга доир барча ҳолату ҳодисаларни инсон ақли билан изоҳлаш мумкин ва лозим, одамнинг тафаккури ҳар қандай мушкулотни ечишга қодир деган қараш қарор топган эди. Д. Дефонинг “Робинзон Крузо”, Ж. Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари”, Ж. Руссонинг “Эмил ёки тарбия”, “Янги Элоиза” сингари кўп асарларда фикр одами ўз йўлида дуч келадиган барча мушкулотларни бартараф қила олиши акс эттириларди. Адабиёт ривожининг романтизм, танқидий реализм ва реализм сингари босқичларида ҳам инсоният тақдирида тафаккур беқиёс катта ўрин тутиши тасвирига алоҳида эътибор берилди. Жуда кўпчилик ижодкорлар ҳар қандай жамиятни разолату ёвузликлардан айнан ақл қутқаришига ишонар эдилар ва бу инончларини бадиий яратиқларида акс эттирардилар. Шунингдек, адабиёт аҳлида ҳаётнинг бадиий тасвирга тортилган қисми шартли бўлса-да, бутунлик хусусиятига эга ҳолда акс эттирилиши керак деган қараш ҳоким эди. Модернистик адабиёт бадиий тасвирнинг маконий ва замоний доирасини чеклайдиган ана шу қарашларни инкор этиш орқали бадиий адабиётнинг имкониятини янада кенгайтирмоқчи бўлди. Яъни, модерн адабиёт инсоният тафаккурининг юксалиши унга бахту саодат эмас, балки азобу уқубат олиб келиши ҳам мумкинлигини конкрет инсоний тақдирлар мисолида кўрсатиб берди. Шунингдек, модернизм борлиқ ва ҳаётга ҳеч қандай тугалликка эга бўлмаган, сон-саноқсиз умр ва тақдирларни ўз гумига тортиб кетаверадиган узлуксиз оқим тарзида ёндашиш тажрибасини бошлаб берди.
Модернчилар классик санъат асарларидаги барча таркибий тузилмаларни ислоҳ қилдилар. Бу ҳол ҳар қандай бадиий асарда муҳим ўрин тутадиган образларга характеристика беришнинг ўрни ва усулларидай масалада, айниқса, яққол намоён бўлади. Модернистик адабиётга персонажлар руҳиятининг универсал тасвирини бериб ўтирмаслик ёки антипсихологизм хосдир. Яъни, классик адабиётда одамга унинг руҳиятидаги муайян белгиларга таяниб, кейинги хатти-ҳаракатларини башорат қилиш мумкин бўлган яратиқ сифатида ёндашиш хос эди. Модерн адабиётда эса, одамни ҳар бир конкрет ҳолатда ўзгача руҳий жараёнлар оғушида бўладиган яратиқ сифатида тасвирлаш қарор топди. Негаки, модернизмда одам программалаштириб қўйилган механизм эмас, балки онгости ёхуд онгдан ташқаридаги импулслар таъсирида ҳам иш кўриши мумкин бўлган яратиқ экани кўзда тутиларди. Модернчилар одамнинг ҳолатига доир барча ўринларда сабаб-оқибат муносабатларига риоя этувчи детерминистик ёндашувга қарама-қарши ўлароқ, адабий тимсолларга ижтимоий тавсиф бериш ёки уларнинг руҳий ҳолатлари сабабларини уларнинг ўзидан ташқаридаги омиллар билан изоҳлаш адабиётнинг рационал фанлар билан келишуви оқибатидир ва айни шу боис ғайриинсонийдир деб ҳисоблайдилар.
Модернчилар томонидан севиб тасвирланадиган тимсоллар: Кафканинг “Эврилиш”идаги хизматчи Грегор Замза, Жойснинг “Улисс”идаги Маклер Блум, Камюнинг “Бегона”сидаги Клерк Мерсо сингари фавқулодда ёрқин хислатларга эга бўлмаган “кичик одам”лардир. Улар – интеллект ё эътиқод кучи, ёки характер хусусияти билан ташқаридан бўладиган зуғумларга етарлича қаршилик кўрсата олмайдиган кимсалар. Бу образлар адабиёттанувчилар айтадиган “қаҳрамонлар” эмас, балки айнан қаҳрамон бўлмаган ва бўлолмайдиган кўпқатори оддий одамлардан чиққан адабий персонажлардир, холос. Оила, давлат, жамият, ишхона улар учун ҳеч қачон англаб бўлмайдиган бегона, ҳатто, душманлик қиладиган ижтимоий институтлардир.
Адабий персонажга модернистик ёндашув баён йўсинининг макон ва замон жиҳатдан изчиллиги ва воқеаларнинг хроникал кетма-кетликда тасвирланиши шартлиги талабига ҳам барҳам берди. Модерн ижодкорлар баённинг ички ва ташқи ритмини бир-биридан ажратиб, бадиий ҳамда бирламчи реал замон ўртасидаги фарқни ўзаро яқинлаштириб бўлмайдиган даражада чуқурлаштириб юбордилар. Бирламчи реал вақт бу тарихий замондир. Тарих англамсиз ва одамларга ўз мавжудлик сирини очмагани учун модернчиларнинг қаҳрамонлари тарихий замонда яшамайдилар ёки яшай олмайдилар. Улар кўпроқ ўтмиш ва ҳозир ёнма-ён бўлган ҳамда келажакдан ажратиш мумкин бўлмаган ўзига хос шартли хаёлий замонда ҳаёт кечирадилар. Модернистик асарларда нимаики тасвирланган бўлса, у ҳамиша содир бўлган ва ҳеч қачон содир бўлмаган; ҳамма ерда юз берган ва ҳеч қаерда юз бермаган ҳодисалардир дейиш мумкин.
Модернизм бадиий адабиёт ихтиёридаги тасвирий воситалар тизимини ҳам тубдан янгилашга уринди. Адабиётнинг ифодавий уфқини кенгайтирган, одамни идрок этиш ва тасвирлаш маромини тамомила янгилаган “онг оқими” унинг асосий кашфиётидир. Модернизм бадиий асарнинг маконий ва замоний чегараларини хаёл етмас даражада кенгайтирди. Агар олдинлари бадиий асарларда бир-икки, ошиб борса, уч-тўрт сюжет чизиғи тасвирланган бўлса, модерн яратиқларда кўплаб сюжет чизиқларининг ўзаро бирлашуви, кесишуви, қоришиб-чатишуви, айрилуви тасвирланаверадиган бўлди.
Модернистик асарларда қаҳрамоннинг ички монологи, унинг ўйлари, изтироблари тасвирининг мавқеи мисли кўрилмаган даражада ўсганлиги бадиий яратиқларда муаллиф нуқтаи назари ва унинг нутқи аҳамиятининг пасайишига олиб келди. Модернистик адабиёт учун ҳаёт ҳақиқати ва анъаналарга мувофиқ амалга оширилган тасвирга нисбатан олам ҳамда одамни ўз хоҳишига мувофиқ тарзда тасвирлай оладиган санъаткорнинг эркин назари устувор ҳисобланади. Муаллифнинг нимани назарда тутгани эмас, битганида нималар тасвирлангани муҳим саналади.
Санъатнинг ижтимоий, сиёсий, диний, мафкуравий каби турли нобадиий бўғовлардан устун турадиган эркин ва озод ҳодиса эканига устуворлик берадиган эстетик стратегия модернистик йўналишнинг асосий белгиси саналади. Модернизмда классик санъатдаги миметик (тақлид) принципидан бутунлай воз кечилиб, бадиий мазмундан кўра шаклга бирламчи аҳамият қаратилди, шаклнинг ўзига мазмундан асло кам бўлмаган моҳият тарзида ёндашиладиган бўлди. Натижада, бадиий яратиқнинг кўриладиган (визуал) ҳамда эшитиладиган (аудиал) жиҳатлари мутлақлаштирилиб, у бошқа эстетик ҳодисалар томонидан қўллаб-қувватланишга эҳтиёж сезмайдиган, ўзи ўз борлигини оқлайдиган тамомила ўзига хос бадиий-эстетик борлиқ тарзида тақдим этиладиган бўлди.
Модернизмда юзага келтирилган бадиий яратиқларнинг адабий тур ва жанрлар борасидаги одатий қолипларига мувофиқ келишига кўпда эътибор қилинмайди. Бунда санъат билан борлиқ ўртасидаги чегара бузилиб, ўқирманни эстетик истеъмолчидан ижодий кечимнинг иштирокчисига айлантиришга уринилади. Модернизмда адабиёт ва санъат зиммасига ортиқча ноэстетик юк ортиш кўзда тутилмайди. Бу қарашга кўра ёзувчи ва бадиий асар ҳеч кимнинг олдида бурчли ҳам, ҳеч кимга хизмат қилишга мажбур ҳам эмас. Бу хил ёндашув модерн ва постмодерн йўналишларидаги асарлари билан ном қозонган ҳамда модернизмнинг назарий асосини яратган италиялик адиб Умберто Эко 1980 йилда билдирган фикрда яққол кўзга ташланади: “…фақат замонни ҳисобга олиб ва дунёни ўзгартириш мўлжали билангина ёзиш мумкин деган қараш мавжуд эди. Ўн йилдирки, ёзувчи шахсининг эрки борлиги ҳамда азбаройи яратиш кечимига муҳаббат туфайли ҳам асар ёзса бўлишига кўпчилик кўникиб қолди” . Шу вақтга қадар бадиий адабиёт жамиятни ўзгартириш, даврни яхшилаш, одамларнинг ҳаётини тўғри йўлга солиш сингари буюк ниятларга хизмат қилиши лозим бўлган ҳодиса тарзида қараб келинарди. Айниқса, бизда адабиёт “адаб”дан олинган ва у, албатта, ўқирманга одоб ўргатиши керак деган ёндашув ҳукмрон эди (бу қараш ҳозирда ҳам ўз мавқеини йўқотгани йўқ). Модернистлар ёзувчи ҳам кўп қатори хом сут эмган банда ва у ўз битикларини юқоридагидай оламшумул мақсадларни кўзда тутиб ўтирмай, шунчаки ўзининг ёзишга бўлган ички эҳтиёжини қондириш учун ҳам яратиши мумкин деган қарашга таянадилар.
Модернизмда бадиий ижод турли даражадаги ижтимоий муаммоларни кўтариш ва ҳал этиш учун эмас, балки, аввало, санъаткорнинг ёзиш кечимининг ўзидан баҳра олиб, ички безовталикдан халос бўлиши, иккинчидан, дунёга келган асарнинг рецепиент (ўқирман, истемолчи)га завқ берадиган гедонистик функцияни бажара олиши ижодкорнинг асосий вазифаси ҳисобланади. “Санъат санъат учун” деган қараш ҳам айнан шу ёндашувдан сувланади. Модернизмда санъат асари яратилишининг ўзи муҳимдир, ундан муайян маъно келтириб чиқариш ёки чиқармаслик ўқирманнинг таъби ва интеллектуал даражасига боғлиқдир деб қаралади.
Модернизмнинг, биринчи навбатда, илмий нуқтаи назар, фалсафа ва психология экани, санъатдаги турли кўринишлар модернистик қарашлар тизимининг амалда намоён бўлиши эканини кўзда тутиш уни тушуниш сари йўл очади. Кўпчилик ўзбек олимлари ва ижодкорларида шаклий-мундарижавий жабҳадаги ҳар қандай янгиликни модернизм ҳисоблашга мойил ёндашув қарор топганки, буни асло тўғри деб бўлмайди. Модернизм узоқ вақт давомида маърифат юксалиши, илм-фан ва техника тараққиёти инсоннинг ҳаётини фаровонлаштириб, одамнинг табиатига эзгулик бағишлашига ишонган Кунботиш ойдинларининг фан-техника ривожининг инсоният бошига солган даҳшатли фожиаларидан воқиф бўлгандан кейин пир бўлган ҳафсаласи, синган кўнгли ва умидсиз тафаккури маҳсулидир.
Эзгулик, олижанобликнинг ёмонлик ва ёвузлик томонидан жаҳоний миқёсда маҳв этилиши ижодкор кишиларда қадриятларга муносабатни ўзгартириш зарур деган фикрни келтириб чиқарди. Бунда инсоннинг ўзи бош қадрият экани, у ҳеч ким ва ҳеч нарса олдида бурчли бўлмаслиги, ўз кўнгил майли ва хоҳиш-истакларигагина бўйсуниб яшаши мақсадга мувофиқ деган тўхтам устувор бўлади. Модернизмда ҳар бир одамга алоҳида яратиқ сифатида қаралади, ҳар қандай одам ҳам одамдир ва унинг атрофидаги табиий ҳамда ижтимоий борлиқ унинг истагу манфаатларига мувофиқ бўлиши керак деган қарашга асосланган менчилик фалсафасига таянилади. Олами сағир бўлмиш инсон ақлининг олами кабир саналмиш ўн саккиз минг оламдаги хаотик ҳодисаларни тўлиқ идрок қилиш, бехато изоҳлаш ва башорат қила олмаслиги модернизмда тартибсиз дунёни тушуниш мумкин эмас, бинобарин, олам ва одамга тегишли ҳодисаю ҳолатларни бошу охири бор мавжудлик сифатида кўрсатиш сунъийликдир деган тўхтамни юзага келтирди.
Фрейд томонидан илгари сурилган онг оқими тушунчаси инсоннинг нафақат ижтимоий турмуши, балки ақлий фаолияти ҳам хаосдан иборатдир деган қарашнинг қарор топишига хизмат қилди. Бу таълимот таъсирида инсонни ҳаракатлантирадиган ёлғизгина омил либидо, яъни ҳирсий майлдир, одам умри давомида нималарни ўйлар, сўйлар ёки қилар экан, аслида, эҳтимол, ўзи ҳам билмаган ҳолда ҳирсий майллар етовида юрган, ўша майллар истагини бажараётган бўлади деган тўхтам шаклланди. Ўз навбатида бу қараш инсонга ижтимоий-биологик жиҳатдан маъқул бўлган барча нарса тўғридир ва одам ўзига мақбул бўлган бирор нарсадан уялмаслиги, хижолат чекмаслиги керак тарзидаги ёндашувни юзага келтирди. Модернизмда яланғоч тасвирлар кўпайиши, эротик саҳналар бадиий тасвир объектига айланишининг сабаби шунда. Бу майл, айримлар айтаётганидек, инсониятнинг ахлоқини бузиб юбориш ниятида ўйлаб топилмади, балки инсон эркини ҳар қандай чеклаш зулмдир, инсонга маъқул ҳар қандай тутум эса ахлоқийдир деган максималистик қараш туфайли дунёга келди. Бундай ёндашувнинг юзага келишига сабаб менчилик фалсафасига кўра индивиднинг истакларига ўтказилган ҳар қандай зуғум зулмдир, ҳар бир одам бетакрор бўлгани учун ҳам шахснинг хоҳишларини ҳар қандай қолипга солиш унга қилинган зўрлик бўлади. Бу фалсафа назарида, ҳатто, ахлоқ ҳам, жамиятда ўрнатилган маънавий нормалар ҳам инсон шахсига қилинган зўрликдан бошқа нарса эмас.
Шу хилдаги қарашлар тизими модернизм фалсафасини юзага келтирди. Кўриниб турибдики, у адабиёт ва санъатдаги шаклий тажрибалардангина иборат эмас, балки асосан олам моҳиятини англаш йўлидаги фалсафий-руҳоний изланишлар натижасидир. Шу изланишларга мувофиқ олам ва одамга ўзгача кўз билан қараш, ўзгача кўрилганларни ўзгача йўсинда изоҳлаш ва тасвирлаш тамойил ҳамда тизимлари юзага келди. Умумлаштириб айтганда, модернизмни инсоннинг Аллоҳ ва У яратган оламни тушуниш ҳамда изоҳлашдаги қонуний ожизлигидан табиий равишда келиб чиққан исён натижасидир дейиш мумкин. Илоҳий тартиботга қилинган ҳар қандай исён куфрдир. Одам тафаккури кучига ортиқча баҳо бериш инсонда кибр пайдо қилиб, уни куфрга етаклайдиган асосий омил ўлароқ ёзғиришга лойиқдир. Айни вақтда қандайлигидан қатъи назар модернизм фалсафа, санъат ва адабиётда анча чуқур томир отган ҳодиса, бинобарин, илмнинг вазифаси ана шу ҳодиса моҳиятини тўғри изоҳлашдан иборат.
Миллат тараққиётининг муайян давридан эътиборан ўзбек санъат ва адабиётида ҳам модернистик ёндашувлар бўй кўрсата бошлади. Шуни айтиш керакки, ўзбек модернизми бир қатор ўзига хосликларга эгадир. Эътибор қилинган бўлса, ушбу мақоланинг бошида “Модернизм ўзининг илмий-назарий асоси сифатида Ф. Ницшенинг менчилик (индивидуалистик) фалсафасига таянган бўлса, бадиий ижод моҳиятини тушуниш ва изоҳлашда З. Фрейднинг психоаналитик қарашларига суянади”,- дейилган эди. Ўзбек модернизмининг ўзига хослиги айни шу ҳал қилувчи икки жиҳатга муносабатнинг бошқача эканлигида намоён бўлади. Яъни ҳар қандай ўзбек санъаткори шахс билан жамиятни бир-бирига мутлақ ва ўзгармас қарама-қарши бўлган ҳодисалар тарзида қарамайди. Шунингдек, ўзбек борлиққа шахсни маҳв этишгагина хизмат қиладиган яратиқ сифатида ёндашмайди. Ўзбек ижодкори минглаб йиллик этно-генетик хусусиятларига кўра ва эътиқод жиҳатидан мўмин бўлгани сабаб у одам деб аталмиш яратиқ ақлан қанчалик етишмасин, маънан нечоғлик камолотга эришмасин, олам ҳодисалари моҳиятини ҳеч қачон тўлиқ англаб етолмаслигини билади. Шунингдек, ўзбек одам қанчалик уринмасин, у тўла мукаммал бўлолмаслиги ва инсонликнинг энг муҳим белгиси унинг мавжудлиги ўзга одамнинг мавжудлигига халал бермасликда эканини табиий ҳисоблайди.
Кўпчилик ўзбеклар Яратган амридан ташқари тикан ҳам кирмаслигига ишонади ва умри давомида шунга кўникиб боради. Унинг қарашлар тизими шунга мутаносиб тарзда шаклланади. Худди шу жиҳатлар миллат фалсафий қарашлар тизимида модернистик ёндашув етакчи бўлолмаслигини келтириб чиқаради. Кунботишликлар эса оламда тасодиф борлигига ишонишади. Муайян ҳозирликлар билан ўша тасодифларнинг олдини олиш ёки унинг таъсир кучини камайтириш мумкин деб ҳисоблашади. Уларнинг, ҳатто, қиёмат қоимдан четда қолиш мумкин деб ўйлашлари 2012 йил 21 декабрда юз бериши кутилган “апокалипсис”га муносабатда яққол намоён бўлди. Айримларнинг ғорга, баъзиларнинг ертўлаларга, кимларнингдир ерости йўлакларига кириб жон сақламоқчи бўлганликларидан уларнинг бу борадаги тушунчалари аёнлашди. Мусулмон дунёсида эса, аввало, бундай “аниқ”ликка ишонилмади. Иккинчидан, кимнингдир қиёматдан четда қолиши мумкинлигини хаёлга ҳам келтирилмади. Тўғри, ўзбеклар орасида ҳам тамомила кунботишча ўйлайдиган ижодкор шахслар бўлиши мумкин. Аммо улар ҳеч қачон бутун бир фалсафий-эстетик йўналиш мавқеига эриша олмайдилар.
Айтилган сабабларга кўра ўзбек адабиёти ҳамда санъатида модернизм олам ва одамга тегишли ҳодисаю ҳолатларни изоҳлашда олдин мавжуд бўлган қарашларни инкор этиш тарзида эмас, балки уларни кўриш ва бадиий акс эттиришнинг бир қадар ўзгачалигида намоён бўлади. Шу туфайли ўзбек модернизмини Кунботиш модернизмидан фарқли ўлароқ, олам тартиботи ва унинг Яратувчисига ижодий исён натижаси эмас, балки айни шу ижодкор шахсда кечаётган инжа руҳий-интеллектуал ҳолатнинг ифодаси тарзида юзага келган ҳолатдир дейиш тўғрироқ бўлади. Модернча ёзаётган ўзбек санъаткорлари мумтоз тажрибаларга таянган ҳолда модернизмнинг фалсафий постулатларига эмас, балки кўпроқ ифода йўсинидаги инжалик ва кутилмаганликка эътибор қаратишяпти.
Ўзбек ойдинлари орасида модернизмга истеъдодсизликни яшириш воситаси деб қараш анча кенг ёйилган. Ҳолбуки, айнан модернизм бадиий адабиётни истеъдодсизлик ва қолипдан халос этиш мақсадида юзага келган ҳодисадир. Айнан модернизм бадиий яратиқ мавзу долзарблиги, фикр янгилиги, ифоданинг тушунарлилиги сингари ташқи белгилар сабабли эмас, балки чиндан ҳам бетакрор ва оригинал битилгани учун ўқилишини исташ оқибатида пайдо бўлган. Шунингдек, ижодкор ва синчи-адабиёттанувчилар орасида модернизмга оммавий маданиятнинг ёйилиши ва миллий диднинг пасайишига сабаб бўладиган фалсафий-эстетик ҳодиса тарзида қараш ҳам бир қадар тарқалган. Аслида айнан модернизм чинакам бадиий ижод ҳеч қачон оммавий бўлмаган ва бўлмаслиги ҳам керак деган қараш натижаси ўлароқ юзага келган. Модернистик санъатнинг ўнлаб оқимларидан бирортаси бадиий ижод жараёни ва бу кечим маҳсулининг оммавий бўлишини талаб қилмайди. Модернизм узоқ йиллар давомида айнан оммавий бўлмагани, кўпчилик томонидан тушунилмагани учун танқид қилиб келинди. Ҳатто, бугунги кунда ҳам модерн йўналишидаги битикларнинг кенг омма орасида ёйилмаётганлиги, у ҳамиша ўзининг хос ўқирманларини кўзда тутиши маълум-ку?!
Модернизм ўзининг барча турли-туман кўринишларида реал борлиқдан юксак мавжудлик ёки онгости макони сингари ҳодисаларни билиб олиш ва татбиқ этишга интилади. У асл ҳақиқат, ҳаётнинг моҳияти айнан ўша реал борлиқдан юксак мавжудликда яширинган деб ҳисоблайди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, гарчи, модернизм бадиий тилга кўп ўзгачаликлар киритган, тасвирий ифода борасида жиддий ислоҳотлар қилган бўлса-да, мавжуд бадиий тилни мутлақо инкор этмайди. Лекин у бадиий асар тили шахснинг онгли, онг ости ва онг оқими таъсиридаги руҳий ҳолатини ифодалайдиган бўлиши керак деб ҳисоблайди.
Ўзбек адабиёттанувчилигида модернизм ҳодисаси ва шу йўналишда битилган асарларга муносабат ҳам ўзига хос тараққиёт йўлини босиб ўтди дейиш мумкин. Кейинги ярим аср мобайнида модернизм “Бу адабий оқим халққа ёт бўлган мазмунсиз санъатни тарғиб этиш, мистикани, фаҳшни куйлаш, адабий формаларнинг ташқи безакларига берилиб кетиш каби буржуа адабиётига хос хусусиятлар билан характерланади” йўсинидаги сиёсий айбловдан “…объектив воқеликнинг тасвири ўрнига унинг ижодкор тасаввуридаги бадиий моделини яратишни мақсад қилади. Яъни …воқеликни акс эттириш эмас, ижодкорнинг ўз-ўзини ифодалаши устувор аҳамият касб этади. Ижодда субъективликнинг олдинги ўринга чиқарилиши мантиқий билишдан интуитив билишнинг юқори қўйилиши, инсон ички оламида кечувчи тизгинсиз эврилишларга айрича эътибор берилиши, ижодкор шахс тахайюли ва у акс эттирган воқеликнинг бетакрор ҳодиса сифатида тушунилиши, ўз ўй-ҳисларини ҳеч қандай (маънавий, ахлоқий, сиёсий ва ҳ.) чекловларсиз ифодаланиши ҳуқуқининг эътироф этилиши модернизмга хос хусусиятлардандир” тарзидаги илмий эътироф даражасига ўсиб етилди. Гарчи, бугунги кунда ҳам “Модернизм – ашаддий нигилист, ҳеч қандай қонун-қоидани, ақидани, жамоани ва жамиятни тан олмайди. Ҳеч нарсага ишонмайди, бунинг устига беҳаё, сурбет. Диққатини ғоявий мазмунга эмас, асосан шаклга, мавҳум шаклбозликка қаратади. Символизм, импрессионизм, сюрреализм, модерн, экспрессионизм деганлари ҳам модернизмнинг турли тармоқларидир. Барчаси реализмга қарши, барчасига тушкунлик хос ” тарзидаги ҳамда модернистик йўналиш ўзбек адабиёти учун мутлақо бегона, миллий адабиётимизда бу йўлда яратилган бирорта ҳам асар йўқ, у айрим ижодкорларнинг ўз истеъдодсизликларини яшириш воситасидан бошқа нарса эмас қабилидаги ёндашувлар мавжуд бўлса-да, адабиёт жабҳасида юз бераётган ўзгаришларга соғлом ва холис назар билан қарайдиган кўпчилик мутахассислар томонидан “Модернизм ҳаётни юзаки, натуралистик …қолипда тасвирлашдан кўра воқеа-ҳодисаларнинг фалсафий моҳиятини очиш, ички жараёнини ёритишни афзал билган адабий оқим” экани қайд этилмоқда. Айни вақтда, модерн йўналишнинг моҳиятини “…модернизм танқидий реализм, хусусан, социалистик реализм ақидаларига қарши турган адабий оқим бўлиб, асрнинг олтмишинчи йилларида ўз умрини яшаб бўлди ва ўрнини постмодернизм деб аталувчи янги оқимга бўшатиб берди” тарзида бироз шошқалоқлик билан изоҳлашга уринишлар ҳам барҳам топгани йўқ.
Миллий адабиёттанув илмида модернизмни фақат турли шаклий изланишларни амалга оширишдангина иборат кечим тарзида тушуниш ҳам кенг ёйилган. Бунга кўра, бадиий ифодада мавжуд анъаналардан ҳар қандай чекинишга модернизмнинг юзага келиши тарзида қаралади. Умуман олганда, жуда теран ёзилган бир мақоладаги: “Салим Ашур ижодида шаклий, мантиқий тажрибалар, яъни модерн шеърлар салмоқли ўрин тутади. Айни пайтда шаклбозликка, экспериментларга маҳлиё бўлиб, шеърнинг асосий шарти – тирик қалбнинг тирик туйғуларини четлаб ўтмайди”, – шаклидаги қарашлар битилгани фикримизнинг асосидир. Модернизмдай серқирра эстетик ҳодисани бу қадар жўн ва енгил изоҳлашга доир мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Ёндашувлар тизимидаги бундай хилма-хилликни тушуниш мумкин. Чунки жараён тўхтагани йўғу ҳамон кечмоқда. Тўхтамаган кечим борасидаги тўхтамлар ҳам хилма-хил бўлиши табиий. Шунга таянган ҳолда бадиий ижодда пайдо бўлган бирор йўналиш, жумладан, модернизм ҳам изсиз йўқолиб кетмайди. Инсониятнинг бадиий диди такомиллашиб боргани сари ижод кечими ҳам борган сари турфалашиб бораверади деб ўйлаймиз.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 9-сон