Қалдибек Сейданов. Мухтор Авезов ва Ўрта Осиё адабиёти

Мухтор Умархон ўғли Авезов ХХ аср қозоқ миллий адабиётини жаҳон миқёсига кўтарган катта истеъдод соҳибларидан бири эди. У адабиёт майдонига 1917 йили, йигирма ёшида “Енглик – Кебек” номли драматик асари билан кириб келди. Сўнг наср ва драматургия жанрларида самарали ижод қилиб, жаҳон адабиёти равнақига улкан ҳисса қўшди.
Адибнинг “Абай йўли” номли монументал роман – эпопеяси, “Ўскан ўркан” романи, “Енглик – Кебек”, “Ойман – Чўлпон”, “Қоракўз”, “Кечки оқим!, “Чегарада” каби драмалари ҳамда “Ким айбдор?”, “Қараш – Қараш воқеалари”, “Излар”, “Ҳинд очерклари”, “Паноҳсизлар куни”, “Кўкёл” сингари очерк, ҳикоя ва қиссалари кенг китобхонлар томонидан қизғин кутиб олинган.
Хусусан, унинг “Абай йўли” роман-эпопеяси шу кунга қадар юз элликка яқин тилга таржима қилиниб, нафақат Ўрта Осиё, балки, жаҳон адабиёти тарихида ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Шунинг учун ҳам Мухтор Авезовни чет эллик адиблар ҳам ҳурмат билан тилга оладилар. Бу ўринда Нозим Ҳикмат, Луи Арагон, Анна Зегерс, Андре Стиль каби дунё адабиёти намояндаларининг Мухтор Авезов ҳақидаги фикрларини тилга олиб ўтиш жоиз. Масалан, унинг “Абай йўли” роман-эпопеясининг француз тилига таржима этилиши ва таҳрирларига бош – қош бўлган Луи Арагон адибга “Замонамизнинг энг бук шоирларининг бири” – дея таъриф берган бўлса, Андре Стиль “Юманите” газетасида, Луи Арагон фикрини қувватлаб: “Мухтор Авезов романини олсак, унда энг аввал поэзиянинг ҳидини сезасан”, – дейди.
Француз танқидчиси Бержерон эса “Авезовнинг овозидек овоз билан, Авезов куйлаган буюклик билан, ажойиб муҳаббат билан куйлаган бахтли халқнинг, ажабо, не армони бор экан”, дея ёзувчи ижодига юксак баҳо беради.
Шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Мухтор Авезовнинг ижоди Ўрта Осиё адабиёти билан чамбарчас алоқадордир. Чунки у Осиё адабиётининг энг катта билимдони бўлиши билан бир қаторда Осиё адиб­ларининг самимий дўсти, сирдоши, маслаҳатгўйи эди.
Машҳур адиб ва йирик жамоат арбоби Николай Тихонов: “У ҳамкасбларини тезда ўзига жалб этадиган дилкаш инсон, айниқса, Ўрта Осиё адабиёти масаласида катта билимдон, буюк олим эди… У бутун ҳаётида илм тўплади, шунинг учун ҳам унинг тадқиқотлари ўзбек, туркман, тожик адабиётининг ҳамма сирларини очиб берар эди”, – деганди ўзининг “Замонамизнинг буюк инсони” номли мақоласида.
Мухтор Авезов умрининг сўнгги дақиқаларигача Ўрта Осиё адабиётини мукаммал ўрганди. Ойбек, Ғафур Ғулом, Иззат Султон, Воҳид Зоҳидов, Асқад Мухтор, Берди Кербобоев, Мирзо Турсунзода, Мирзо Иброҳимов, Сотим Улуғзода, Аали Тўқомбоев, Тугелбой Сидиқбеков, Темирқул Умбеталиев, Қувончбек Маликов, Чингиз Айтматов каби буюк адиблар билан бўлган самимий дўстлигини тилга олиш жоиз. Қардош ўзбек, қирғиз, туркман, тожик диёрларида бир неча бор бўлиб, мазкур эллар турмуш тарзи билан яқиндан танишди.
Бу ҳақда туркман адиби Берди Кербобоев: “Инсоният маданий ҳаёти тарихи тўридан муҳим ўрин олади” – деса, буюк адиб Чингиз Айтматов: “Мен ўзим бошқа элга сафар қилиб, бошқа юртнинг остонасига қадам ранжида қилсам, доимо ҳурмат қилиб, ўзим билан олиб юрадиган икки хил дурдонам бор. Бири – “Манас”, бири – Мухтор Авезов”, – дейди.
Мухтор Авезов 1897 йилнинг 28 сентябрида, Қозоғистон Республикасининг Шарқий Қозоғистон вилоятидаги Абай туманига қарашли Чингизтоғ этагида жойлашган “Бўрили” қишлоғида дунёга келади.
Унинг отаси – Умархон ҳам, бобоси Авез ҳам эскича, саводли кишилардан бўлиб, унинг ўқишига алоҳида аҳамият беришади. Адиб 11 ёшида ота­сидан, 15 ёшида онасидан айрилиб, бобоси – Авезнинг тарбиясида бўлади.
Мухтор Авезов болалигидан қозоқ халқ оғзаки ижоди, қардош халқ эртак ва афсоналарни, қозоқ оқин-жировлари томонидан кенг куйланган шоирларнинг асарларини ўрганади. Айниқса, буюк қозоқ шоири Абай Қўнонбоев асарлари унинг ижодий юксаклишида катта ўрин тутади.
Ёш Мухтор Авезов бобоси Авез ва акаси Қосимбек ёрдамида, даставвал овулдаги бошланғич рус-қозоқ мактабида, сўнгра Абай туманидаги бошланғич рус мактабида таҳсил олади. Ундан сўнг Семейдаги билим юртига ўқишга кириб, уни 1915 йили муваффақиятли тамомлайди. Кейинчалик Семипалатинскдаги ўқитувчилар тайёрлайдиган семинарияга кирди.
Мухтор Авезов семинарияда ўқиб юрган чоғларидаёқ шарқ шоирлари асарлари билан бир қаторда рус мумтоз ёзувчилари асарлари таъсирида, дастлабки – “Енглик – Кебек” номли драматик асарини ёзади.
Мазкур асарга, адиб Енглик билан Кебек ўртасидаги самимий севгини асос қилиб олади. Унда икки ёшнинг муҳаббатига қаршилик қилган қора кучларнинг адолатсизлигини аёвсиз фош этади.
У мазкур асарни, шу йилнинг ўзидаёқ Абайнинг севган ёри Айгерим ўтовида ўзи саҳналаштиради. Бу асар кейинчалик, 1922 йили Оренбург шаҳрида нашр этилади ва 1926 йили Қизилўрда шаҳрида саҳналаштирилади.
У 1922 йили Ўрта Осиё Давлат университетининг (ҳозирги – Ўзбекистон Миллий университети) Шарқ факультетига, эркин тингловчи сифатида ўқишга киради.
Аммо, орадан бир йил ўтгач – 1923 йили, ўқишини Ленинград университетининг тарих-филология факультетига кўчириб, у ерда академиклар – В.В.Бартольд, А.Н.Самойлович, В.Шчербак, В.Виноградовларнинг маърузаларини тинглайди.
У 1928 йили шу университетни муваффақиятли тугатиб, Ўрта Осиё Давлат университетига аспирантурага қабул қилинади. Бу ҳақда унинг умр йўлдоши Валентина Николаевна Кузмина “Илк йиллар” номли эсдалигида: “1928 йили кўкламда Мухтор Авезов Ленинград университетини тамомлади. Биз августда Тошкентга етиб келдик. Унда Мухтор Ўрта Осиё университетинг аспирантурасига ўқишга кирди. Тошкентда биз Ўрмончилик техникуми ҳудудида, Салор ўзани бўйидаги улкан ёнғоқзор боғда яшадик. Тошкентда Мухтор ўзининг ажойиб “Кўксерак” ҳикоясини ёзди”, – дея эслайди.
Мухтор Авезов 1928–1930 йилларда Тошкентдаги Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) “Туркология” кафедрасининг аспирантурасида ўқиб юрган пайтларида, Ўрмончилик техникуми ҳамда Тошкентдаги қозоқ-қирғиз педагогика институти талабаларига “Адабиёт тарихи”, “Қозоқ халқ оғзаки ижоди” фанларидан маърузалар ўқийди.
Авезов Тошкентдалик пайтларида Фирдавсий, Низомий, Алишер Навоий, Бобур, Бедил, Хўжа Аҳмад Яссавий асарларини қунт билан ўрганади. Садриддин Айний, Абдулла Қодирийлар билан яқиндан алоқа боғлайди. Шунинг учун ҳам у: “Шонли ўзбек насрининг илк даврида Айний ижод қиларди. Йигирманчи йилларга келиб Абдулла Қодирий етишиб чиқди. Мен 1928 йилдан бошлаб унинг асарларини ўзбек тилида ўқий бошладим”, – дейди.
Мухтор Авезов Тошкентда бўлган пайтларида, ўша йиллари Тошкентда қозоқ тилида чиқадиган “Шолпон”, “Ақ жол”, “Енгбек”, “Жанга ўрис”, “Кедей айнаси”, “Саула” каби газета ва журналларда ўз асарларини чоп эттиради, улар мухлислар томонидан қизғин кутиб олинади. “Шолпон” журналининг ҳайъат аъзоси бўлиб ишлайди. Унинг “Тунги овул”, “Сивон қабрида”, “Ким айбдор”, “Кўкёл”, “Қараш – Қараш воқеалари” каби қисса ва ҳикоялари шу газета ва журналларда чоп этилади.
М. Авезов “Кундошлар” номли драматик асарини 1923 йили Тошкентда чоп эттирган бўлса, 1924 йили профессор Ю. Вагнернинг “Ернинг яратилиши ҳақидаги ҳикоялар” номли асарини қозоқ тилига таржима қилиб, уни ҳам Тошкентда нашр эттиради.
Маълумки, адибнинг “Қараш – Қараш воқеалари” номли машҳур қиссаси билан “Абай” номли драматик асарининг ёзилиши тарихи ҳам, шунингдек, Абай Қўнонбаевнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги илк ижоди ҳам, ҳатто қирғиз халқ эпоси –“Манас” тўғрисидаги илк изланишлари ҳам унинг Тошкентда яшаган даврларига тўғри келади. Умр йўлдоши В. Кузмина берган маълумотга қараганда, Мухтор Авезов 1927 йили Еттисув ўлкасига Бишкек орқали ўтади ва у ерда қирғиз оқин-жировлари ижросида “Манас” асаридан парчалар эшитиб, асарнинг ғоявий-бадиий хусусиятларини ўрганади.
1936 йилда М. Авезов “Манас”ни оқин Соғимбой Ўразбоев оғзидан ёзиб олади. Кейинчалик, шу асар асосида нафақат қозоқ, балки қардош ўзбек, қирғиз, туркман ва тожик халқлари адабиётини ҳам қунт ва сабот билан ўрганади.
Шунинг натижасида у, қирғиз халқининг тахминан 500 минг мисрали эпоси бўлмиш “Манас” билан “Алпомиш” достони ҳақида, “Тоҳир-Зуҳра”, “Қўзи Кўрпеш-Баян сулув”, “Қиз Жибек” достонлари тўғрисида ўз қарашларини билдиради.
Ўрта Осиё халқларининг эртак, афсона ва мақолларини ўзаро таққослаб, Хўжа Насриддин латифалари билан Алдар Кўса, Жийранча чечан ҳақидаги афсона ва ҳикояларни қиёслайди.
Мухтор Авезов “Қозоқ халқининг эпоси ва фольклори”, “Қозоқ адабиётининг тарихини ёритиш масаласи тўғрисида” каби илмий-назарий ишларида ҳам ўзбек, қирғиз, туркман ва тожик халқларининг оғзаки ижодига алоҳида назар ташлаб, уларни қозоқ халқ оқинларининг ижоди билан ўзаро солиштирган ҳолда фикр юритади, “Ўрта Осиё халқлари адабиёти” номли махсус тадқиқотида эса Рўдакий, Низомий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Хожа Аҳмад Яссавий, Бедил, Бобур ва бошқалар меросига мурожаат қилади.
Авезов Қозоғистонда улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг ижодий меросини илмий равишда ўрганиб, уни қозоқ халқи билан таништиришда катта меҳнат қилади.
Адиб ўз тадқиқотларида ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида яшаб ижод этган Абай Қўнонбоев ва Оқан сери, Шаади Жонгиров, Майли хўжа, Мадали мулла, Кенжа хўжа каби шоирлар ижодига Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий асарларининг таъсирини ўрганди. У Абай ижоди ҳақида тўхталар экан: “Шуни ҳам кўзда тутиш лозимки, Абайнинг Шарққа муносабати унинг ижодининг турли даврларида турлича эди. Агар у ёшлик йилларида ўз ижодини кўпроқ тақлиддан бошлаган бўлса, ижодий камолотга етган даврларида эса Навоий ва Низомийга мурожаат қилиши энди тақлид характерида бўлмади”,– дейди.
1941 йили Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан мазкур тантанага қозоқ халқи ҳам катта тайёргарлик кўради. Унда Мухтор Авезов фаол қатнашиб, шоирнинг бир қанча ғазаллари билан лирик шеърларини, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” каби достонларидан парчаларни Абдильда Тажибоев, Қолижон Бекхожин, Ўтебой Тўрмонжонов, Сағинғали Саетов каби шоирлар ўз она тилларига маҳорат билан ўгиради.
М.Авезов шоирнинг бир жилдлик “Танланган асарлари” тўпламига сўзбоши ёзади.
Маълумки, 1957 йили 12 июнда Тошкентда Шарқни ўрганиш Бутуниттифоқ биринчи анжуман бўлиб ўтади. Мазкур анжуманда Мухтор Авезов билан бирга машҳур тилшунос олим, профессор Сарсен Оманжолов ҳам иштирок этади. Шунда Мухтор Авезов йиғинда сўзлаган нутқида шарқ шоирларининг, шу жумладан, Фирдавсий, Низомий, Абдураҳмон Жомий, Ҳофиз, Саъдий ва Алишер Навоийнинг асарларини ўзаро таққослаган ҳолда ўрганиш муҳимлигини таъкидлайди.
Буюк ижодкор 1958 йил Тошкентда бўлиб ўтган Осиё ва Африка ёзувчиларининг конференциясида ҳам фаол иштирок этади.
Мухтор Авезов мазкур анжуманнинг халқаро аҳамиятига алоҳида тўхталар экан, Ўрта Осиё ижодкорларининг асарларини ўзаро таққослаган ҳолда фикр юритади. Хусусан, Ойбек ижоди ҳақида бундай дейди: “Ҳозир унинг (Ойбекнинг – Қ.С.) Навоий ҳақидаги (собиқ) Иттифоқ бўйлаб кенг тарқалган романи, хориждаги кўплаб дўстларимиз орасида ҳам шуҳрат қозониб, севиб ўқиладиган китоб бўлиб қолди. Мен Чехословакияда бир тадбирда қатнашган эдим. У ерда жуда кўп китобхонлар ўзбек халқининг ўтмиши билан танишиш мақсадида “Навоий” романини такрор-такрор ўқиб, муҳокама қилишар экан”.
1959 йили М. Авезов Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган қирғиз ёзувчиларининг 3-съездида, шу йили Москвада бўлиб ўтган ўзбек адабиёти ва санъати ҳафталигида ҳам фаол иштирок этади.
Шунда ўзбек ёзувчиларининг асарлари тўғрисида баъзи бир москвалик танқидчилар тирноқ остидан кир қидириб, Шароф Рашидов, Ҳамид Ғулом, Пиримқул Қодиров асарлари юзасидан айрим танқидий фикрларни билдиришади. Авезов бу фикрларни кескин рад этади. “Мен Шароф Рашидовнинг “Бўрондан кучли”сини ва Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз”ини ўқиб чиқдим. Ҳар иккала роман воқеликни бадиий идрок этиш нуқтаи назардан тушунишга интилиши билан адабиётимиз вазифаларининг асосий йўлидан боради ва ўзбек адабиётининг энг яхши ютуқларидан ҳисобланади”, – деган фикрни ўртага ташлайди.
Шароф Рашидовнинг “Бўрондан кучли” романи ҳақида тўхталиб: “Бу асар замонамиз билан бирга одим ташлайди, шунинг учун етти йилликнинг қайси бир йилида бўлса ҳам, Олимжон иштирок этадиган учинчи китоб пайдо бўлишига шубҳам йўқ. Бу асарнинг энг муҳим жиҳати шундаки, ундаги қаҳрамонлар катта ҳаётдан нафас оладиган ва замон байроғини кўтарган кишилардир”, – дейди.
М. Авезов “Баъзи миллат ёзувчиларининг романлари ҳақида” деган тадқиқотида машҳур сўз заргари Ойбекнинг “Олтин водийдан шабадалар”, қирғиз ёзувчиси Тугелбой Сидиқбековнинг “Замонамиз кишилари”, қозоқ адиби Ғабидин Мустафиннинг “Миллионер”, ажойиб татар ёзувчиси Умер Башировнинг “Номус” ва рус ижодкори Семён Бабаевскийнинг “Олтин юлдузли йигит” каби йирик асарларини бир-бири балан таққослаб,уларнинг бадиий қимматини очиб беради.
Мухтор Авезов Ойбек билан жуда ҳам яқин дўст, самимий сирдош эди. Шунинг учун ҳам Ойбек Мухтор Авезов таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан, 1957 йили ёзган “Адабиёт тўйи” номли мақоласида: “Мен Мухтор оғани йигитлик вақтимдаёқ танидим. Дўст бўлдим. Мухтор Авезов моҳир драматург, ажойиб ёзувчи. Асл академик, ҳақиқий олимдир”,– дея илиқ гапларни айтган эди.
Ҳақиқатан ҳам иккала буюк сиймонинг дўстлиги умрларининг сўнгги дақиқаларигача давом этди. Бу эса, ҳар иккала халқнинг истиқболига, адабий-маданий алоқаларининг ривожига муҳим хисса бўлиб қўшилди. Масалан, 1946 йилнинг ёзида қозоқ шоири Жамбул Жабаев таваллудининг 100 йиллиги катта тантана билан нишонланди. Мазкур адабиёт байрамига дунёнинг турли мамлакатларидан кўплаб ёзувчи ва олимлар хусусан ўзбек адиблари ташриф буюрди.
“…Бизни тоғ устидаги ажойиб боққа олиб боришди ва ҳар кимга алоҳида жой қилишди. Дўстлар, танишлар жам эди бу тўйда. Сергей Бородин, Берди оға, Сильва Капутикян, қуйинг-чи, кўпчилик эдик. Гурунг гурунгга уланарди. Ўшанда ҳамма Ғафур ака ва Сергей Петрович айтган латифаларга лол бўлиб ўтиришганда, Ойбек билан Мухтор оға хиёбонда сўзлашиб юрарди. Бир куни тонг отгунча қизғин суҳбат бўлди. Грузин ҳам, озарбайжон ҳам, татар ҳам, рус ҳам топганини ўртага ташларди, бир сўз билан айтдиган бўлсам, бу сархуш кулги кечаси эди. Лекин ҳаммадан кўп гапирган Ғафур ака бўлди. Ул зот шундай латифалар айтдики, бутун давра қотиб-қотиб кулар, унга сайин Ғафур ака латифаларни пайдар-пай тўқиб ташларди… Тонг отгандагина чойга ўтирдик. Ҳайрон қолгулик ҳол. Бир вақт ўша улкан зиёфатхонага ёндош уйдан Ойбек ва Мухтор оға чиқиб келди. Гўё сой билан қуёш баравар уфқдан кўтарилгандек!”,– деб ёзади машҳур шоир Миртемир ўзининг “Мухтор оға зиёратида” деган хотирасида.
Маълумки, 1957 йили Олмаотада ўтказилган Мухтор Авезовнинг 60 йиллик юбилейи тантанасига Нозим Ҳикмат, Михаил Шолохов, Берди Кербобоев, Мирзо Турсунзода, Аали Тўқомбоев, Тугелбой Сидиқбеков, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Мирмуҳсин каби ёзувчилар иштирок этган эди.
Мазкур маросимда Ойбек, жонажон дўсти Мухтор Авезовга бўлган самимий муносабатини ўзининг “Табрик” номли шеъри ва “Адабиёт байрами” номли эссесини “Қозоқ адабиёти” газетасида чоп эттиради.
Мухтор Авезовнинг шогирди Чингиз Айтматов ҳам: “Мухтор Авезовни қирғизлар зўр қувонч билан ўз фарзандимиз деб билади. Авезовнинг асарларини бизлар икки тилда бирдай севиб ўқиймиз”– деб қайд этади.
Мухтор Авезов умрининг сўнгги йилларида Жанубий Қозоғистон ўлкасида, шу жумладан Чимкент, Жамбул вилоятларининг турли туман, овул ва кишлоқларида бўлиб, одамлар ҳаёти билан яқиндан танишади, дардлашади.
Мана шу изланишларининг самараси ўлароқ М. Авезов ўзининг “Ўскан ўркан” романини ёзади. Аммо роман тугалланмай қолади.
Адиб 1961 йилнинг 27 июлида вафот этади.
Маълумки, ХХ асрнинг 20-йилларида Мухтор Авезовнинг драматик асарлари ўзбек, қирғиз, туркман ва қорақалпоқ ўлкаларида ҳам кенг намойиш этилади. Масалан, 1928 йили адибнинг “Қоракўз” номли драматик асари Тошкентда, “Кундошлар”, “Оғир замон” каби драмалари, 20-йилларда Қорақалпоғистонда саҳналаштирилган.
Адибнинг “Абай йўли” роман-эпопеясидан “Татянанинг саҳродаги шеъри” номли парчаси Мирзакалон Исмоилий таржимасида,“Абай йўли”роман- эпопеяси Ҳабиба Зиёхонова таржимасида, “Кўкёл” ҳикояси Суннатилла Анорбоев таржимасида нашр этилди.
Марказий Осиё халқлари ижодкорларининг самимий дўсти, Ўрта Осиё адабиётининг улкан билимдони, машҳур адиб Мухтор Авезов таваллудининг 80, 90 ва 100 йилликлари Ашхобод, Тошкент, Душанбе, Бишкек шаҳарларида катта тантаналар билан ўтказилди. 1997 йили адибнинг 100 йиллиги ЮНЕСКО қарори асосида бутун дунё бўйлаб кенг нишонланди.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 9-сон