Беҳбудий 1918 йили шўролар томонидан ваҳшийларча бостирилган Туркистон мухториятининг ғоявий асосчиларидан бири бўлиб, мамлакат ичкарисида ҳам, ундан ташқарида ҳам обрў-эътибори ниҳоятда баланд эди. Бухоро ва Хива хонликларини босиб олиш учун зимдан тараддуд кўраётган большевиклар маърифат ва миллий озодлик ғояси билан яшаган Беҳбудий сингари буюк сиймолардан хавфсирарди.
“ЎзАС”нинг 2008 йил 22 август сонида эълон қилинган “Беҳбудийнинг сўнгги кунлари” мақоламизда Қашқадарё вилоят архив ишлари ҳудудий бошқармаси хазинасидан топилган маълумотлар асосида буюк маърифатпарварнинг сўнгги кунларига доир мавҳумликни ойдинлаштиришга ҳаракат қилгандик. Вилоят ҳокимлиги архивидан яқинда топилган 34-жамғарма 1-рўйхатдаги 55-ишга доир қайдлар эса Беҳбудийнинг сўнгги манзилини аниқлашга доир изланишларимизга туртки бўлди.
Ўтган асрнинг йигирманчи йиллари бошида юз берган ур-тўполонлар даврида миллатнинг ўзлигини англаш жараёнига оловдан қўрққандай ҳадиксираб қараган озодлик душманлари томонидан сирли равишда ўлдирилган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сўнгги манзили қаердалиги кўп муаллифлар томонидан ўртага қўйилган бўлса-да, ҳануз бир тўхтамга келинмаган.
Беҳбудий мураккаб сиёсий даврда фаолият кўрсатган эди. Бир тарафдан Россиянинг вассал тариқасида мустақил ҳукм суриб келаётган Бухоро амирлигини бутунлай қўл остига олиш ҳаракатини кучайтириши, иккинчи ёқдан амирлик ичида зиёлилар норозилиги ўсиб, “Ёш бухороликлар”нинг тузумни ағдаришга интилиши амирликнинг қатъий чоралар кўришига сабаб бўлганди.
Шўролар дастлаб миллатнинг таниқли зиёлилари, тараққиёт тарафдорларини турли йўллар билан ўз сафига оғдиришга эътибор қаратади. Фуқаропарварлик, тенглик каби сўзлар ўша вақтда миллатнинг бу тоифасини ишонтириб, оҳанрабодек ўзига жалб этганди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам бу шиорлардан усталик билан фойдаланган шўро ҳукуматига бир қадар ишонч билан қарагани табиий. Бироқ у тез орада шўроларнинг алдовлари моҳиятини тушуниб етади. Таниқли беҳбудийшунос олим Бегали Қосимов эътироф этганидек, «миллат, миллий тараққиётни инкор этган шўролар йўли алдов ва зўравонликка асосланганини Беҳбудий биларди». Ишонч ва орзулари поймол бўлган Беҳбудий 1918-1919 йиллари қаттиқ пушаймонликни бошдан кечиради ва бир муддат шўролар ҳукмронлиги остидаги юртдан узоқроқда бўлишни хоҳлайди. Бухородан ҳам нажот йўқ, амир Беҳбудийни хуш кўрмайди. Негаки, 1919 йил баҳорида “Ёш бухороликлар”нинг амирни ағдаришга доир ҳаракатлари кучая бошлаганди.
Бу пайтда амирлик шўроларнинг бостириб келиши, фитна уюштиришига қарши чегараларни мустаҳкамлай бошлаган. Асосан Туркистон генерал губернаторлиги қарамоғидаги мулклардан келувчи карвон ва йўловчилар қаттиқ назорат остига олинган. Тахтиқорача довонида ҳарбий қувватни ошириш учун 18 миллион сўм сарфланган. Беҳбудийнинг 1919 йил 25 мартдаги хориж сафари амирлик сарҳадларини қўриқлаш кучайган шу даврга тўғри келган.
Хўш, Беҳбудийдан қутилиш кимлар учун керак эди? Қизил салтанат Бухоро амирлигини забт этишга жон-жаҳди билан интилаётгани, амирликнинг ҳам унга қарши курашга шай эканини ҳисобга олсак, Беҳбудийни йўқ қилишдан қайси тараф кўпроқ манфаатли эди, деган савол келиб чиқади. Ғирром сиёсатини мустаҳкамлаш учун шўроларнинг Беҳбудий сингари халқ ҳурматига сазовор кишиларга эҳтиёжи катта эди. Амирлик эса “Ёш бухороликлар”нинг жиддий кучга айланганини била туриб, Беҳбудийдек раҳнамони ўлдиришга ботина олмасди. Бундай ҳаракат ловуллай деб турган гулханга мой қуйиш билан баробар бўларди. Аслида-ку, икки тараф ҳам ўз мақсади йўлида ўнлаб Беҳбудийлардан воз кечишга тайёр эди. Шу сабабли қулайроқ имкониятни кутиш улар учун мақсадга мувофиқ эди. Воқеалар ривожида шундай вазият вужудга келади. Беҳбудий Тахтиқорача довонида қўлга олиниб, ҳамроҳларининг ҳам шахси аниқлангач, Қарши беги Тоғайбек орқали Бухорога хабар етказилади.
Шўро ҳукумати бўлажак босқин учун барча имкониятни ишга солган, махфий хизматни йўлга қўйганди. Унинг хуфялари нафақат амир саройи, қўшинлари, шу билан бирга, амирликка қарашли шаҳар ва қишлоқларда ҳам пайдо бўлади. Маълумот тўплаш ва шу асосда иш кўриш ГПУнинг асосий фаолияти эди. Беҳбудийнинг сафари, қўлга олиниши, ўлдирилиши билан боғлиқ воқеалар ҳам унинг назаридан четда эмасди.
1920 йил 2 сентябрда “инқилоб” деган сохта ниқоб билан хаспўшланган босқинчилик натижасида Бухоронинг катта ҳарбий куч билан босиб олиниши унга қарши озодлик ҳаракатини туғдирмаслиги мумкин эмасди. Шўролар ана шу миллий озодлик ҳаракатини ўзларининг ғоявий мақсадидан келиб чиқиб, ”аксилинқилобий ҳаракат”, ҳаракат раҳнамоларини эса ”аксилинқилобий ташкилот”, деб атаган. Шунинг учун ҳам Қашқадарё вилоят архив ишлари бошқармаси хазинасидаги 172-жамғарма 2-рўйхатдаги 20-ишда 1920 йили шўро тузумига қарши “аксилинқилобий ташкилот” тузилгани, унинг шўроларга қарши фаол иш олиб боргани ҳақида ҳикоя қилинади. Бу ҳужжатда ватанпарварлик-норозилик ҳаракати тўғрисида ҳозиргача бирор манбада тилга олинмаган ҳайратомуз далилларга ҳам дуч келамиз.
1926 йили шўролар ана шу ҳаракат раҳбарларини қамоққа олган. Улар ҳибсга олингунга қадар арқон узун ташлаб қўйилган. Бош сиёсий бошқарманинг тергов бўлими бошлиғи Д.М. Епифанов 1926 йилнинг 20 мартида шу «жиноий» иш юзасидан ёзган ўн бетлик айблов маърузасида қуйидаги маълумотларни қайд этади:
«…Мафкурасига кўра ашаддий монархистлар бўлган амирлик ҳимоячилари Мирзо Наврўз Пўлатов, Эрка амин Дўстмуродов, Муҳаммад Раҳим Абдусатторов, Абдурасулқулбек Абдусатторов, Мулла Тожиддин Салимов, Хўжаназар Инатуллаев, Хожи Абдуазиз мулла Боқихўжаев ва мулла Неъмат Шодмоновлар 1919-1920 йилларда Қарши беги Тоғайбек (ҳозирги кунда Афғонистонда) ва Қарши оғолиғи Нуриддин хўжа (аксилинқилобий фаолияти учун отилган) раҳбарлигида Қарши шаҳрида аксилинқилобий ташкилот тузадилар. Ташкилот аъзолари сони етмишга етган. Мазкур ташкилот Бухорода амир тахтдан қулагач, шўро ҳокимиятини ағдариб ташлашни ягона мақсад қилиб олади ва Афғонистонга қочган амирни қайтариш ҳаракатини бошлаб юборади…
Қарши шаҳрига қизил армиянинг олиб кирилиши (28 август 1920 йил) муносабати билан аксилинқилобий ташкилот аҳоли ўртасида қуролли қўзғолон кўтариш ҳақида тинимсиз ташвиқот олиб борган. Қуролли қўзғолон шўро ҳукуматига ва қизил армияга қарши амалга оширилиши кўзда тутилган эди. Аксилинқилобий ташкилот аҳолининг омилигидан фойдаланиб, ўз мақсадига эришишга муваффақ бўлади.
Юқорида номлари айтилган кишилар кўнгиллиларнинг ғоявий раҳбарлари сифатида қўзғолон бошида турадилар, ҳар бири алоҳида гуруҳни бошқариб, қизил армияга қарши курашадилар. Муҳаммад Раҳимбек ва Хўжаназар Инатуллаев бош бўлган қўзғолончиларнинг биринчи ҳаракати Қарши темир йўли шохобчасини қўпориб ташлаш бўлади. Темир йўл ашёлари талон-тарож этилади, ишчилар ва темир йўл ходимлари қамоққа олинади, калтакланади, отиб ташланади. Худди шундай манзара Қарши шаҳрида ҳам вужудга келади. “Ёш бухороликлар”нинг инқилобчи арбоблари ялпи равишда қамоққа олинади, улардан бири таниқли арбоб бўлган Беҳбудий жунбушга келган собиқ амир амалдорлари томонидан оломон қилиниб, ур-калтак қилинади. Натижада ўртоқ Беҳбудий ваҳшийларча ўлдирилади».
Д.М. Епифановнинг маърузасини мушоҳада қилиб кўрайлик. Саид Олимхон 1920 йилнинг 2 сентябрида тахтдан ағдарилган ва, Епифанов таъкидлаганидек, тез орада Қаршига етиб келган. Тоғайбек қасрида амирга ишончли амалдорлар тўпланган. Амир йиғилганларга ўзи Шарқий Бухорода куч тўплаши, Қаршида эса шўроларга қарши курашни ташкил этиш фикрини билдирган. Амир сентябр бошларида жўнаб кетгач, унинг ҳимоячилари қизилларга қарши тезкор фаолият бошлайди. Тўрт-беш кун давомида шаҳар ғалаён ичида қолади. Шўро тарафдорларини маҳв этиш учун ён-атрофдаги қишлоқлардан кўнгиллилар кела бошлайди.
Д.М. Епифанов тергов бўлими бошлиғидан вилоят бош сиёсий бошқармаси бўлими бошлиғи ўринбосари даражасига кўтарилади. У қўзғолон раҳбарларини айблаган маърузасида Маҳмудҳўжа Беҳбудий фожеасини “аксилинқилобчилар”га қарши кучли бир далил сифатида келтириб ўтган. Бу “жиноий иш”ни кўриш 1926 йили бошланиб, бир-бир ярим йил давом этган. Гумон қилинган шахсларнинг ҳаммаси қаттиқ жазога тортилган.
Тергов бўлими томонидан ёзилган ушбу маърузада қимматли тарихий далил мавжуд. Беҳбудий ҳозирга қадар тахмин қилиб келинганидек, 1919 йилнинг мартида эмас, 1920 йилнинг сентябри бошларида шаҳид қилинган экан. Айрим маълумотларга кўра, қуролли қўзғолон 6-11 сентябрда бўлиб ўтган. Беҳбудийнинг ўлимига эса шўро ва амирлик баб-баравар жавобгардир. Амир Олимхон Беҳбудийни қатл қилишдан кўра гаровда ушлаб туришни афзал билган ва бунга сабаблар етарли эди. Бир томони, унинг орқасида жадидлар ва шўро ҳукумати турибди, деб ўйлаган бўлса, иккинчи ёқдан Туркиянинг Беҳбудийни билиши ҳам эътибордан четда эмасди. Амирлик шўроларга қарши курашда Туркия ёрдамига умид боғлаб келарди. Шу мулоҳазаларга кўра Файзулла Хўжаевга нисбатан анча мулойим курашчи бўлган Беҳбудийни ўлдиришга амирлик шошилмаган. Шўролар Бухорода даҳшатли қирғинни уюштирмаганда амир тахтини ташлаб кетмас, Беҳбудийдек тараққийпарвар сиймо фожеаси ҳам юз бермаган бўлур эди.
Беҳбудий, баъзи ишораларга кўра Қаршининг «Кўҳна Чорсу» маҳалласидаги 21-уйда (Шариф Қозижон деган кишининг тўққиз хонали ҳовлисида) тутқунликда яшаган. Бу маҳалла шаҳар қалъасининг кун чиқар тарафида бўлиб, “Тутак дарвоза”га туташиб кетган. Шариф Қозижонга келадиган бўлсак, у жадидларга мойил киши бўлган. Шўро ҳукумати билан унинг ўртасида олдиндан алоқа йўлга қўйилган, чоғи. Сабаби 1926 йилга келиб унинг ўша тўққиз хонали уйи вилоят судига ижарага берилади.
Қизил армиянинг 13-ўқчи корпуси қўзғолонни бир ҳафта мобайнида бостириб, ғалаёнчиларни деярли қириб ташлайди. Ўлдирилган “Ёш бухороликлар”, уларнинг раҳбарлари, амирликдан норози бўлган қаршиликларнинг майитлари асосан “Эшони шаҳид” қабристонига дафн этилади. Овруполик темирйўлчилар жасади эса вокзал ғарбидаги рус мозоротига кўмилади. Маҳмудхўжа Беҳбудий ва ҳамроҳларининг хоки ҳам “Эшони шаҳид” қабристонига қўйилади. Айтишларича, Беҳбудий қабри “Эшони шаҳид” мақбараси яқинида бўлган. Бир неча йил давомида унинг марқади эътиборда бўлиб келган. Лекин жадидларга — озодлик курашчиларига нисбатан 30-йиллар сўнгларига келиб шўролар муносабати ўзгаргач, Беҳбудий ҳам, қабри ҳам унутилади.
Ана шу “унутиш” туфайли буюк маърифатпарвар бобомизнинг мозори бор ёки йўқлиги бугунги авлод вакиллари учун номаълум бўлиб келаётган эди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги архивидан яқинда топилган 34-жамғарма 1-рўйхатдаги 55-ишга доир қайдлар эса масалага ойдинлик киритди. Мазкур жилднинг 7-саҳифасига муҳрланган сатрлар 1925 йилнинг 19 июнига тааллуқли. 1924-1925 йилларда воҳада озодлик ҳаракати кучларига (шўролар талқинида “аксилинқилобчилар”, “босмачилар”) қарши кураш кучайтирилган эди. Шу мақсадда тузилган вилоят комиссияси уларни тугатиш бўйича “зарбдор ойлик” эълон қилади. Комиссия мажлисининг 3-қарорига доир ҳужжатда Беҳбудий қабри ҳам тилга олинган.
Қарорда “зарбдор ойлик”нинг сафарбарлик аҳамиятини кучайтириш, халқни оғдириш руҳини ошириш учун Қарши шаҳрида оммавий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган. Жумладан, биринчи бандда 1925 йил 17 апрелда “босмачилик”ка қарши кураш бўйича тунда сиёсий намойиш ўтказишга кўрсатма берилган. Қарорнинг иккинчи бандида вилоят фирқа қўмитаси маблағидан шаҳар милицияси бошлиғи Исохон Зокировга кўчаларга машъалалар ўрнатиш учун ўттиз сўм ажратиш белгиланган. Қарорнинг ўша бандини айнан келтирамиз:
“Ўртоқ Зокировга митинглар бўлиб ўтадиган қуйидаги жойларда, савдо муассасаларида милиция кучи билан ёритиш ишларини ташкиллаштириш топширилсин:
а) Регистон майдонида,
б) Эски қалъа ёнида (қардошлик мозорида),
в) Қўрғонча маҳалласида,
г) Беҳбудий қабри ёнида.
Ўртоқ Зокировга намойишчилар ҳаракатга келган вақтда мушакбозлик — ракеталар отишни ташкил этиш топширилсин”.
Маълум бўляптики, баъзи тахминларда айтилганидек, Беҳбудий қабри ўша пайтдаёқ текислаб юборилмаган. Шўролар ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш, халқ озодлик ҳаракатини тор-мор этиш учун қақшатқич кураш олиб борган 1925 йилда у мавжуд бўлган. Мустабид тузум пешволари қадим Туркистоннинг машҳур сиймоларидан бири, буюк маърифатпарварнинг қабридан ҳам ғоявий мақсади йўлида фойдаланиб, унинг руҳини топтаган.
Мен шу шаҳарда яшаган фолклоршунос Чори Ҳамро, филология фанлари номзоди Абдумўмин Қаҳҳоров ва бошқа кексаларнинг бир пайтлар ўзлари пионерлик ва комсомол аъзолигига қабул қилинган тадбирлар “Эшони шаҳид” қабристонидаги Беҳбудий қабри ёнида ўтказилганини ҳикоя қилганларига кўп бор гувоҳ бўлганман. Улар бу ҳақда бизга сўзлаган олтмишинчи-етмишинчи йиллар шўро ҳокимиятининг энг гуллаган даври эди. Бу ҳақда масала кўтариш ёхуд уни матбуотда ёзиб чиқишнинг мавриди эмасди. Мазкур қабристонга кираверишда катта йўлак, йўлакнинг икки тарафида ҳовуз ва қудуқ бўлган. Дарвозадан эллик қадам ичкарида “Эшони шаҳид” мақбараси, унинг қуйи этагига яқин жойда Беҳбудийнинг қабри бўлган. Қабр устига айвон ҳам тикланган.
Шу ўринда мазкур қабристон ҳақида бир-икки оғиз сўз: нақл этилишича, Эшони шаҳид — “Кўкгумбаз” масжидининг имоми Абдуллатиф ан-Насафий 1737 йили Нодиршоҳ Афшорнинг ўғли Ризоқулихонга қарши жангда ҳалок бўлган. Босқинчиларга қарши курашда ҳалок бўлган ватанпарварлар шаҳарнинг кунчиқар тарафида, яъни ўша жанг бўлиб ўтган жойда дафн этилган. Шаҳид бўлганларнинг қабрлари катта мозоротни ташкил этган.
Элу юртда обрў-эътибори юқори бўлгани боис Беҳбудийнинг хоки иззат-ҳурмат билан “Эшони шаҳид” мақбараси ёнига қўйилади. Шаҳарни қайта эгаллаган шўролар 1936 йилгача буюк сиймонинг сўнгги манзилини “қизил қадамжо”га айлантирган. 1926-1936 йилларда шаҳар ҳам Беҳбудий номи билан аталган.
Ўз мафкурасини мустабидлик аршинига мувофиқлаштиришга устаси фаранг бўлган “болшевик”лар ҳокимиятни мустаҳкамлаб олгач, Беҳбудий обрўсидан фойдаланиш сиёсатини ўзгартиради. 1937 йилги қатағонлар даврида тириклар билан бирга марҳумлар ҳам инкор этилади. Шаҳар номи ўзгартирилади. Беҳбудийнинг номи пинҳона таъқиб остига олинади. Буюк зотнинг қабри эътибордан қолади, бу жойда энди тантаналар ўтмайди, қабр айвони бузилиб кетади. Кейинчалик айвон лоши остида қабр кўмилиб, фақат шимолий қисми кўриниб турадиган ҳолга келади.
Икки йил муқаддам мазкур қабристонни яхши биладиган Ғаффор Давлатов билан Беҳбудий хоки қўйилган деб келинаётган мазкур жойда дуойи фотиҳа қилган эдик. Вилоят ҳокимлиги архивидан яқинда топилган қайдномада Беҳбудий қабрининг тилга олингани туфайли буюк сиймонинг сўнгги манзили тўғрисида муайян хулосага келсак бўлади, деб ўйлайман. Демоқчимизки, Беҳбудийнинг қабри “Эшони шаҳид” қабристонидадир. Айни чоғда 1926-1936 йилларнинг матбуот нашрлари ҳамда архив ҳужжатхоналаридан бу борада янада аниқроқ маълумотларни излаш бўйича амалга ошираётган ишларимиз ҳам давом этади.
Истиқлол шарофати билан юртимиз озодлиги йўлида шаҳид бўлган қатағон қурбонлари хотирасини азиз ва мўътабар билаётганлигимиз бизни шунга зиммадар этади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 30-сонидан олинди.