Озод Шарафиддинов. Миллатни уйғотган адиб

Агар мендан шунча йил яшаб умрингдан топган қувончинг ва мамнуниятинг нима бўлди деб сўрасалар, мен ҳеч иккиланмасдан Ойбек ва Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ва Шайхзода каби буюк сўз санъаткорлари билан замондош бўлганим, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлганим, бетакрор асарларИдаги гўзаллик ва нафосат сирларини кашф этиб, вояга етганим бўлди, деб жавоб берардим. Агар мендан ушалмай қолган орзуларинг, армонларинг борми деб сўрасалар, ҳа, улар тўғрисида, айниқса, Ойбек ҳақида адабиётшунос сифатида ёлчитиб ёзолмаганим, унинг асарларидаги битмас-туганмас бойликни кўнгилдагидек қилиб китобхонларга етказиб беролмаганим менга армон бўлиб қолди, деб жавоб берардим.

Билмадим, нега шундай бўлдикин? Эҳтимол, шўро замонидаги сон-саноқсиз мафкуравий чеклашлар асоратидан қутула олмаганим сабаб бўлгандир. Ёки Ҳомил Ёқубов, Матёқуб Қўшжонов, Наим Каримов, Бахтиёр Назаров, Иброҳим Ғафуров каби забардаст ойбекшунослар панжасига панжа уришдан ҳайиққандирман. Балки ҳамиша Ойбекнинг вужудидан уфуриб турадиган улуғворлик қаршисида ўзимни ожиз сезгандирман. Бўлмаса, Ойбек ҳақида ёзмадим эмас, анчагина ёзганман. Ҳатто айрим мақолаларим «Вопросы литературы» каби нуфузли журналларда ҳам эълон қилинган эди. Лекин, барибир, бу мақолалар кўнгилдагидай бўлиб чиқамас эди. Уларда Ойбекка муносиб бўлган пафос етишмасди, сўзлар алланечук рангсиз ва суст бўларди. Бу гал ҳам шундоқ бўлди. Куюнчак олимларимиздан Абдуллажон Аъзамов менга Ойбек таваллудининг юз йиллиги олдидан бирон мақола эълон қилишни маслаҳат берди. Бу таклиф менга маъқул тушди ва дарҳол бошқа ишларни йиғиштириб, мақолани ёзишга киришдим. Аввалига ишлар силлиқ кечди — қалам кўк денгиз узра сузиб кетаётган оқ елкандай қоғоз узра силлиқ югура кетди. Ҳаш-паш дегунча ўн-ўн беш саҳифани қоралаб ҳам қўйдим. Бироқ шундан кейин иш таққа тўхтаб қолди. Қарасам, яна ўша эскича қараш, яна сийқа жумлалар, Ойбек асарларининг руҳидан узоқ мулоҳазалар.
Мақолани шу аҳволда давом эттиришнинг маъниси йўқ эди. Ёзишни тўхтатиб ўйлай бошладим. Бу орада эски дардим қўзғаб, шифохонага ётишга мажбур бўлдим. Оғриқ кучайгандан кучайди. Кўргани келган дўсту ёрон «Худо дардни севган бандасига юборади» деб менга тасалли беришарди. Кимдир: «Худо бандасига чидай олмайдиган дард юбормайди» деб мени сабр-бардошга чақирди. Шифохонага ётганимдан икки-уч кун ўтгач, дорилар ўткирлик қилдими ё бошқа сабабданми, анча оғирлашиб қолдим. Ҳаттоки хотин билан рози-ризолик ҳам тилашиб олдик. Қўрқинчли ва оғриқли кунлардан бири бошланди. Оғриқдан чалғиш учун яна ҳар нарсаларни ёза бошладим. Назаримда, сира оқариб тонг отмаётган бу тун ҳаётимдаги охирги тун бўладигандек эди. Билмадим, кейин ухлаб қолдимми ёки босинқирай бошладимми — ҳарқалай, хонамнинг энг қоронғи бурчагидан бир махлуқ ўрмалаб чиққандай бўлди ва менга қараб карнайдан чиқаётганга ўхшаш овозда «Ҳали фурсатинг битгани йўқ, ҳали зиммангда ишларинг бор», дегандай бўлди.
Уч-тўрт тўлғонганимдан кейин, англадимки, бугунги тун ҳали охиргиси эмас экан. Шундай қилиб, ажалнинг кўзига тик қараб, алахсираб ётган одам Худонинг қудрати билан яна бир марта ўлимдан қолганига ишондим ва тонгга яқин ухлаб қолдим. Эртасига оғриқ камайди. Профессор Бобожонов ва профессор Тефаев бошлиқ врачлар ва ҳамширалар кўплашиб, жонимга оро киришди. Мен тунги воқеани Тефаевга гапириб бердим. У ўрнидан туриб палатадан чиқиб кетди-да, зум ўтмай, бир даста қоғоз кўтариб келди. «Мана қоғоз. Аста-аста, кучингиз етган қадар ёзиб туринг». Мен яна ўйлашга тушдим. Энди яна адабиёт ҳақида, Ойбек тўғрисида ёзилажак мақола ҳақида фикрлай бошладим. Унинг шеърлари насрий асарларини эслатди. Албатта, унинг йигирма жилдга жо бўлган роман ва қиссаларини, шеър ва достонларини бирваракайига эслашнинг имкони йўқ эди. Шунинг учун биринчи навбатда ўзим ёқтириб келган «Қутлуғ қон» ва «Навоий» романини эсладим, ҳатто баъзи саҳифаларини қайта ўқиб чиқдим. Шунда ғалати бир ҳол рўй берди — илгаридан таниш бўлган саҳифалар бирдан бошқача салобат касб этди, уларнинг рангин қирралари кўз ўнгимда ўзгача бир тароват билан жилоланди. Менга аён бўлдики, ўзбек романлари ичида олтинчиси ва еттинчиси бўлиб майдонга келган бу асарлар мазмун жиҳатидан ҳам, бадиият жиҳатидан ҳам жаҳоннинг ҳеч қайси асаридан қолишмайди. Улар фавқулодда зўр истеъдод билан яратилган баркамол асарлар эди. Шундан қирқ йилча аввал университетдаги математик дўстларим билан бўлиб ўтган бир баҳс эсимга тушди. Синчков математик дўстим «Қани айтгин-чи, ҳозирда ўзбек романларидан қайси бири XXI асрга ўтади?» деб сўраб қолди. Мен бу тўғрида ўйламаган эканман — дабдурустдан нима дейишимни билмай қолдим. Кейин ҳушимни йиғиштириб олиб, «Навоий» романи», деб жавоб бердим. «Шунақами? Билмадим-ов», деди дўстим ишонқирамай. Буни қарангки, адашмаган эканман. Лекин ўшанда «Қутлуғ қон»ни ҳам қўшиб айтишга тилим бормаган эди — адашган эканман. «Қутлуғ қон» бугун, XXI асрда ҳам яшашда давом этяпти.
Хўш, бу романга қандай омиллар умрбоқийлик бахш этган — қайси сифатлари уни ўзбек романлари ичида энг баркамолидан бирига айлантирган? Умуман, ўзбек адабиётшунослари романнинг фазилатларини анча батафсил таҳлил қилишган — уларни бу ўринда яна бир марта такрорлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Мен фақат айрим ўринларгагина диққатни жалб қилмоқчиман.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, роман том маънода реалистик асардир. Унда фақат Йўлчи, Мирзакаримбой каби етакчи қаҳрамонларгина эмас, бошқа иккинчи даражали персонажлар ҳам ғоятда мукаммал ишланган — уларнинг ҳаммаси ўзининг бетакрор белгиларига эга. Романда улар қандай ўрин тутишларидан қатъи назар, бир умрга китобхон хотирасида муҳрланиб қолади. Табиийки, ёзувчи улар ўртасида Йўлчига алоҳида ўрин беради, уни бениҳоя илиқ меҳр билан тасвирлайди. Сюжет ривожида Йўлчи характери аста-секин очила боради ва ундаги фазилатлар маржондек тизилиб, Йўлчининг ички дунёсини тугал очиб беради. У кўп фазилатлар эгаси, лекин бу уни идеал образга айлантирмайди. Муаллифнинг маҳорати шундаки, у Йўлчи образини тасвирлашда романтик чизгилар ва рангларни бемалол ишлатишдан чўчимайди, лекин айни чоғда ҳеч бир нуқтада реализм қонунларидан бирон марта ҳам чекинмайди. Натижада мардлик, тантилик, маънавий юксаклик, жасорат, теран ақл-идрок, олижаноблик каби сифатлар ғоятда ҳаётий тарзда тасвираланади. Умуман, табиий шаклда намоён бўладиган ҳаётийлик муаллиф услубининг етакчи фазилатини ташкил қилади. Натижада Йўлчи шунчаки бир шахс сифатида эмас, бутун ўзбек халқининг тимсоли сифатида гавдаланади. Унинг эволюцияси, қишлоқдан келиб шаҳар муҳитини кашф этганки, XXI аср бошидаги ўзбеклар ўртасида бошланган янги уйғониш жараёнини ўзида акс эттиради. Йўлчи ўзининг ҳаётий принциплари Мирзакаримбойлар дунёсининг ахлоқига тубдан зид эканини англайди, ўзининг маънавий-ахлоқий ақидалари беқиёс даражада юксак эканини идрок этади. Китобхон муаллиф билан бирга келажак Йўлчиларники деган эътиқодга келади. Ҳаёт қозонида обдон қайнаган Йўлчи жисмонан ҳалок бўлса-да, маънавий жиҳатдан ғолиб чиқади. У том маънода уйғонади, бу уйғониш эса миллий уйғонишнинг бир босқичи эди.
Худди шунга ўхшаб, «Навоий» романида ҳам муаллиф буюк шоир характерини яратиш билан чекланмайди, балки XV асрдаги ижтимоий муҳитни ҳам жамики ички зиддиятлари ва мураккаблиги билан кўрсатади. Бироқ бу романнинг маърифий аҳамияти ҳам каттадир. Ўтган асрнинг 40-йилларида — Навоий таваллудининг 500 йиллигини нишонлашга қарор қилинганда, ҳали халқ Навоий сиймоси билан унчалик таниш эмас эди. Хондамир, Восифий каби ўтган улуғ муаррихларнинг асарларини ҳисобга олмаганда, Алишер Навоий ҳақида маълумот берадиган тайинли асарлар йўқ эди. Бунинг устига яқиндагина ёзувини ўзгартириб, ёппасига саводсизга айланган халқ учун унинг тиши ўтадиган ёзувда Навоий асарлари нашр этилганча йўқ эди. Хуллас, Ойбек романи кенг халқ оммасига Навоийнинг сиймоси, қиёфаси ва ижоди ҳақида, айтиш мумкинки, илк марта атрофлича тасаввур берар эди. Ҳатто қай бир нуқталарда биз бугунга қадар ҳам Навоийни шу роман орқали тасаввур қиламиз.
Бу романда ҳам олис Ҳиротнинг ҳаёти бениҳоя аниқ ва қабариқ ҳолда тасвирланади ва Ойбек Навоий характерини яратар экан, биринчи навбатда, унинг буюк гуманист эканига, нафақат санъаткор, балки мутафаккир сифатидаги қарашларини ифодалашга алоҳида аҳамият беради. Натижада, ўша пайтдаги атама билан айтганда, Чиғатой улуси, яъни бугунги ўзбекларнинг боболари, бошқача айтганда, буюк бобомиз Амир Темурнинг бевосита авлодлари жаҳон цивилизациясига катта ҳисса қўшган, жаҳон гуманизмининг шаклланишида фавқулодда катта ўрин тутган, юксак маданият эгаси, ёрқин интеллектуал салоҳияти билан кўриниб турган халқ бўлгани очиб берилган.
Навоий образини бундай талқин қилиш ҳам ғоятда катта аҳамиятга эга эди — бу ҳам бевосита миллатни уйғотишда жуда муҳим рол ўйнайди. Шулар билан бирга «Қутлуғ қон» ва «Навоий» романларининг аҳамияти билан чекланмайди. Менинг назаримда, Ойбек нафақат санъаткор сифатида, балки мутафаккир олим сифатида ўзбеклар тарихининг ички оқимларига чуқур нигоҳ ташлайди, бу тарих ҳудудий жиҳатдан ҳам, хронологик жиҳатдан ҳам ўзбеклар тарихи тарқоқдек, парчаланиб кетгандек кўринса-да, аслида бир халқнинг тарихи бўлганини кўрсатади, бу бўлакларнинг мантиқан боғлаб турадиган ришталарини топади. Албатта, буни у ошкора тарзда, яққол кўриниб турадиган шаклда қилган эмас, у шароитда бундай қилишнинг имкони ҳам йўқ эди, ўз миллатини улуғлаш, унинг ижобий сифатларини мадҳ этиш бутун дунёда ижобий ҳодиса деб қаралса-да, бизнинг шўро мамлакатида бу миллатчилик деб ҳисобланар ва бу йўлга кирган ҳар қандай фикрловчи одам даҳшатли таъқиблар хавфига ва ҳатто жисмонан фаол ҳаётдан четлаштириш хавфига ҳам рўпара келар эди. Шунинг учун миллатни уйғотишга, миллий онгни ўстиришга, халқни ўз-ўзини танишига йўналтирилган ҳаракатлар кўп ҳолларда эзоп тилида, рамзий шаклларда олиб бориларди.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш керак — бугун ҳаммамиз «миллат», «миллий онг», «миллатнинг уйғониши» каби ибораларни ҳеч тортинмасдан бемалол қўллаяпмиз. Албатта, бу ҳам мустақиллигимизнинг шарофати, миллий эркинлигимизнинг ҳосиласидир. Истиқлол бизга тарихимизни қайтариб берди ва миллий онгимиз, миллий уйғонишимиз тўғрисида ҳақиқатни айтишга, ҳаққоний фикрлашга имкон берди. Бугун биз шу имконият туфайли узоқ ўтмишда ва нисбатан яқин тарихда яратилган буюк маънавий қадриятларимизга эга бўлдик. Бу ишда бошқа олимларимиз ва адибларимиз қаторида Ойбекнинг хизматлари чиндан ҳам буюкдир. Шунинг учун халқимиз бу адибни «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирлаганини катта мамнуният билан қабул қилди.

* * *

Миллатни уйғотиш салоҳиятига эга бўлган адиб фавқулодда бадиий қимматга эга бўлган асарлар яратишдан ташқари, юксак инсоний фазилатларга ҳам эга бўлмоғи зарур. Назаримда, Ойбек ана шундай инсон эди. Эҳтимол, бироз муболаға бўлар, лекин ўйлайманки ёзувчилар орасида ХХ асрда иккита комил инсон ўтган бўлса, уларнинг бири Ойбекдир, агар битта бўлган бўлса, у ҳам Ойбекдир. Минг афсуски, менга Ойбек билан етарли даражада мулоқотда бўлиш насиб этмади. Шунинг учун мен унинг шахсий одатларини, ички дунёсини етарлича тасаввур қилолмайман. Бироқ Ойбек билан бирга ўқиган Ҳомил Ёқубовга ва Субутой Долимовларнинг эслашларига қараганда, у техникумда талабалик вақтида ўқувчилар ўртасида жуда катта ҳурматга эга бўлган. У талабалар ичида ҳар нарсага қизиқувчанлиги билан ажралиб турган. У ғоятда ташаббускор бўлган — ҳар хил баҳслар, адабий кечалар, шеърхонликларга бош-қош бўлган. Ойбекни билганлар унинг ақл-заковати теран бўлганини айтишади. Шу билан бирга, унинг характерида ижтимоий адолат туйғуси кучли бўлган. Маълумки, ҳар қандай жамиятда ҳам ижтимоий адолатни барпо этмоқ учун кураш жуда катта шижоат ва жасоратни талаб қилади. Бундай одам кўп жиҳатдан кўкрагидаги юрагини суғуриб олиб, зулматда йўлдан адашган юртдошларига, қабиладошларига йўл кўрсатган афсонавий Данкони эслатади. Фақат Ойбек Данкодан фарқ қилароқ, «социалистик зулмат»ни маърифат нури билан, ақл-заковат нури билан ёритмоқчи бўлган. Назаримда, ўшшайган бадқавоқ қоялар салтанатида уларнинг совуқ нигоҳларини писанд қилмай, бир сават оқ ҳарир гулларни қуёшга тутиб, нурга интилган наъматак тимсолида Ойбек ўзининг асл ниятини тасвирлаган. Бунинг учун эса ўша шароитда катта жасорат керак эди, ўзлигидан кечмай туриб, том маънода қаҳрамонлик йўлини тутмай туриб шундай тимсол яратишга журъат қилиш қийин эди. Унинг жасорати нечоғлик катта ва муҳим бўлганини тасаввур қилиш учун Ойбекнинг бошқа адиблар қаторида бутун умри давомида «занжирбанд шер» ҳолатида яшаганини, ҳар кун, ҳар соатда сайёднинг домига илиниш хавфи билан яшаганини эслаш кифоя. Вазият яна шу билан оғирлашганки, Ойбек яшаган муҳитда ҳукмрон кучлар қўрқув салтанатини барпо этганлар, ҳар бир одам хавотирда, таҳликада яшашга мажбур бўлган.
Одамлар ўртасидаги энг кучли инстинктлардан бири ўз ҳаётини сақлашга интилиш инстинктидир. Тоталитар тузум шароитида жамият ҳаётининг ҳамма жиҳатларини белгилайдиган муҳим туйғу қўрқувдир, қўрқув ҳар қандай одамни ҳам лоқайд қилиб қўяди. У теварак-атрофидаги ҳодисаларга бефарқ бўлиб қолади. Ҳаётда Шчедриннинг тангабалиғининг фалсафаси ёхуд «Синчалак»даги Эшоннинг отаси уқдирган: «қозиқнинг учи эмас, кети ҳам эмас, ўртаси бўлиб яшаш» ақидаси тантана қилади. Бу эса манқуртлик сари қўйилган биринчи қадамдир. У жуда қисқа фурсатда одамни карахт қилиб, уни фаолликдан маҳрум этади. Афсуски, шўролар замонида ўзбек халқи бу иллат билан жиддий заҳарланган эди. Фақат минглардан, юз минглардан биригина адолат йўлида унинг ҳимоясига бирор оғиз гап айтишга журъат топар эди. Шундай бўлгани учун Ойбекнинг шахсий ҳаётда соғлом адабиёт учун дадил кураши кишини ҳайрон қолдиради. Мен бу ўринда 1927 йили Чўлпон тўғрисидаги баҳсда Ойбекнинг ҳеч иккиланмасдан шоирни ҳимоя қилганини назарда тутяпман. Ўшанда Чўлпон очиқдан-очиқ «совет халқига ёт шоир», деб эълон қилинган эди. Уни «буржуа зиёлиларининг шоири» деб эълон қилишган. Ойбек уни ҳимоя қилади. Пушкинни мисол келтириб, адабиётнинг спецификасини эслатади, шеър ва шоирни теранроқ тушунишга, истеъдодни қадрлашга ундайди. Шунда Ойбек бор-йўғи 22 ёшда эди. Махсус органлар, эҳтимол, уни ёшлиги учун бир марта кечиргандирлар. Йўқ, бунга ишониб бўлмайди. Улар шунчаки арқонни узун ташлаб, бир йўла улгуржи ўлжа олишдан умидвор бўлган бўлишлари мумкин. Ўшанда Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби бўлмиш Акмал Икромов Ойбекни жиндай суяб ғоявий-сиёсий хатосини уқдириб ўтган эди. Бироқ бу адибга «сабоқ» бўлмайди. У «шаккоклик»ни давом эттиради. У 30-йилларнинг ўртасида «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» деган рисолани эълон қилади. Маълумки, 20-йилларнинг охири 30-йилларнинг бошларида бу буюк ижодкор ҳам аёвсиз танқид остида қолган эди.
Айниқса, ўша пайтда нуфузли партия идораларида хизмат қилган Сотти Ҳусайн «Ўтган кунлар» деган катта мақола ёзиб, «Ўтган кунлар»нинг соғ жойини қолдирмаган эди. Бироқ унинг мақоласи вулгар социология позициясидан ёзилган бўлиб нафақат Абдулла Қодирийни аёвсиз қоралаган, балки бутун адабиёт ривожини нотўғри йўлга солиб юборишга ҳам қодир эди. Ойбек нафақат Абдулла Қодирийни ҳимоя қилади, балки рак касалига ўхшаш адабиётни ҳалок этиши муқаррар бўлган вулгар социализмни ҳам аёвсиз фош қилади. Бунинг учун ҳам чуқур билим билан бирга катта жасорат ва фидойилик ҳам керак эди. Буларнинг бари айрим одамларимизнинг ғашини келтирмай қўймас эди. Ўзини ҳукмрон мафкуранинг соқчилари деб билган бу одамлар Ойбекка яширин душман сифатида қарашган ва унинг ишларига ҳар томонлама тўсқинлик қилишган. Натижада, у ишлардан кетишга мажбур бўлган, рафиқасининг арзимаган маошига тирикчилик қилиб, шундай шароитда «Қутлуғ қон» романини ёзиб тугатган. Ҳукмрон мафкура муҳиблари ҳатто «Қутлуғ қон»дан ҳам ғоявий иллат топишади — унга ёпишса-ёпишмаса инқилобчи Петров образини киритиб, уни Йўлчига устоз қилиб қўйишга мажбур этишади. 1937 — 38 йиллар шароитида Ойбек «дўстлари»нинг талабига ён беришга мажбур бўлади — натижада романда сўгалга ўхшаган совуқдан-совуқ бир боб пайдо бўлади.
Ойбекнинг жасорати, дадиллиги, адабиётга фидойи садоқати баъзи бир асарларни рўёбга чиқаришдаги саъй-ҳаракатларида ҳам кўринади. Яқинда таниқли шоир Рамз Бобожоннинг янги китоби чиқди. Унда шоир 60-йилларнинг сўнгидаги бир воқеани эслайди. У пайтларда Рамз Бобожон Ғафур Ғулом номидаги нашриётда директор бўлиб ишлаган йилларда бўлса керак — нашриётга «Тирик сатрлар»нинг қўлёзмаси келади. Китоб 20-йилларга бағишланган эди. Унда жадидлар ва «миллатчи» саналган шоирларнинг, шу жумладан, Фитрат ва Чўлпон ижодидан намуналар ҳам берилган эди. Бунақа «ғалвали» асарлар одатда тақриз қилинар, «хатолари» тузатилиб, кейин босишга рухсат бериларди. Китобни Ойбекка тақризга беришади. Ойбек ундаги мафкуравий баҳсли ўринлардан тап тортмай китобга ижобий тақриз беради. Китоб 1968 йили босилиб чиқади, афсуски, бу пайтда Ойбек ҳаётдан кўз юмган эди. Шундан фойдаланибми, йўқми, партия мутасаддилари китобни тарқатишни таъқиқлаб қўйишади. Бу мисол Ойбекнинг ҳақиқий адабиёт учун кураши умр бўйи давом этганини кўрсатади.
Ойбек ижодда шахсан ўзига тааллуқли масалаларда ҳам ақл бовар қилмайдиган даражада олижаноб эди. Унга ҳатто бир вақтлар ўзига ёмонлик қилган одамларнинг тагига сув қуйишга интилиш ҳам бегона бўлган. Мана, унинг ҳаётида рўй берган ва ҳозирга қадар ҳаммани ажаблантириб келган бир воқеа.
1946 йили «Навоий» романи мамлакатдаги энг юксак адабий мукофот билан тақдирланди. Ўша давр таомилига кўра, бундай асарлар мутлақо танқид қилинмасди, чунки ҳар қандай танқид «халқлар доҳийси»га тегиб кетиши мумкин эди. «Навоий» романи ҳам аввалига 3-4 йил ҳамма жойда мақтаб кўкларга кўтарилди. Кейин эса бирданига булутсиз осмонда чақмоқ чақнагандек, республика газетасида Ботир Файзиев деган одамнинг катта мақоласи босилди. Унда романда тасвирланган Биноий ва Навоий муносабатларини рўкач қилиб, муаллиф Ойбекни тожик халқига туҳмат қилишда айблаган эди. Унинг фикрича, Ойбек тожик ва ўзбек халқларининг тарихий дўстлигини бузиб кўрсатган ва ашаддий миллатчиликка йўл қўйган. Мақоладан кейин ғийбат ва бўҳтон қозони жўш уриб қайнай кетди — Ойбекнинг бошига қора булутлар ёғилди, Академияда, Ёзувчилар уюшмасида, яна бошқа баъзи ташкилотларда муҳокама устига муҳокамалар бўлди — кечагина лауреат, зўр истеъдод сифатида шуҳрат қанотида учиб юрган Ойбек бир зумда лойга қориб ташланди, сиёсий айбдор қилиб қўйилди. Бу эса қамоққа ва сургунга олиб борадиган йўл эди. Хуллас, Ойбек жуда оғир касалга учраб, йиқилиб қолади ва шу йиқилганича умрининг охиригача ўзига келолмайди. Унинг тили дудуқланиб, қўли қалам тутишга ярамай қолади. Бу мудҳиш воқеанинг илҳомчилари ва ташкилотчиларини Ойбекнинг рафиқаси Зарифа опа «Менинг Ойбегим» китобида батафсил ёритиб берган. Табиийки, жамоатчилик бу бўҳтонлар ярмаркасини бошлаб берган Ботир Файзиевни қаттиқ қоралади. Орадан йиллар ўтди — бу ғалваларнинг туҳматлиги аниқ бўлди, ҳақиқат тикланди. Лекин Ойбекнинг соғлиғи тикланмади. Бу ўринда Зарифа опанинг Ойбекка садоқати ва вафодорлигини таъкидлаб, уни алоҳида эҳтиром билан тилга олиб ўтиш керак. Зарифа опа беморнинг аҳволини имкон қадар енгиллатишга ҳаракат қилди, уни салкам ўн саккиз йил парвариш қилди ва бу билан чекланмади. Ойбекка тааллуқли ҳар қандай ҳужжатни, ҳар лахтак қоғозни авайлаб асради. Ойбекнинг кейинги асарлари Зарифа опанинг саъй-ҳаракатлари билан дунё юзини кўрди. Шу тариқа Ойбекнинг дастлабки 45 йиллик умри шундоқ ҳам осон кечмаган бўлса, сўнгги 15-16 йили турган-битгани жисмоний ва руҳий азобларга тўла бўлди.
Мен буни ўйлар эканман бошқа бир атоқли ўзбек ёзувчисининг аламлар бағрини тешиб ўтганда, ҳукмрон мафкура муҳибларининг фаросатсизлигидан бўғилиб кетганда «Нега онам мени ёзувчи қилиб туғдийкин!» дея фиғон чеккани эсимга тушади. Ҳа, Ойбек кўп йиллар мобайнида ўз нурлари билан халқ қалбини чароғон қилиб келган гавҳар эди, бизнинг иккиюзламачи муҳитимиз туфайли, чинакам истеъдодларни оёқости қилган мудҳиш тартиблар туфайли бу гавҳар хира тортди.
Кейин янада қизиқ бир воқеа рўй берди. Кунлардан бирида кафедрамизга ранглари сўлғин бир одам кириб келди. Биз уни тузукроқ танимас эдик. У қўлтиғидаги семиз картон папкасини олар экан, бир томонга қараб туриб худди нимадандир пушаймон одамдек паст овозда ўзини таништирди. «Ботир Файзиевман. Ойбек ҳақида диссертация ёзган эдим. Шунга оқ йўл берсанглар…» Бу гапни эшитиб ҳаммамизнинг ғашимиз келди — у билан тузукроқ кўришмадик ҳам, ишини қўлига қайтариб бериб, бошқа жойга олиб боришни маслаҳат бердик. У тарвузи қўлтиғидан тушиб, ишини қўлтиқлаб чиқиб кетди. Шу кетганича ҳар хил илмий ташкилотларнинг эшигини қоқиб анчагина юрди. Халқ назаридан қолиш ёмон нарса экан. Ҳеч қаерда унга рўйхушлик беришмади. У боши берк кўчага кириб қолган эди. Биз — домлалар, илмий ходимлар, сирасини айтганда, унчалик бағритош одамлар эмасмиз. Лекин шунга қарамай Ойбекка нисбатан хоинлик қилган одамга муносабатимиз илимади-илимади. Ботир Файзиевни Ойбекнинг уйига Носир Фозилов бошлаб келибди. Ҳеч кимдан илтифот кўрмаган Ботир Файзиевнинг Ойбекнинг ўзидан ёрдам сўрашдан бошқа иложи қолмабди. Ойбек эса унинг ишига ижобий мулоҳазалар билдириб, тақриз ёзиб берибди. Носир Фозилов билан меҳмонни кузатиб чиққан Ойбек ҳовлида кийик билан бўри боласи ёнма-ён турганини кўрибди ва дудуқланиб «Одам… ҳам шунақа бўри билан ёнма-ён туради», дебди. Хуллас, ҳар нима бўлганда ҳам, Ойбек унинг гуноҳидан ўтиб ижобий тақриз берганидан кейин, кўп ўтмай, Ботир Файзиев диссертациясини ҳимоя қилиб олди. Бироқ ҳимоя қилгани билан унинг бири икки бўлиб қолгани йўқ. Шунақа — халқ назаридан қолиш ёмон бўлар экан, бунақа одамнинг ўнгарилиши жуда қийин бўлар экан.
Ўшанда анча вақтгача мен Ойбек аканинг нега бу одамнинг гуноҳини кечиргани сабабини англаёлмай юрдим. Менга қолса, шахсан мен уни кечира олмасдим. Лекин Ойбек ака мен эмас, Ойбек ака-да. Эҳтимол, у Толстойнинг «Ёвузликка ёвузлик билан жавоб берма», деган ақидасига амал қилгандир. Ҳар ҳолда, кейинроқ ўйлаб қарасам, бировнинг гуноҳидан ўтган Ойбек ака янада олижаноброқ ва салобатлироқ кўриниб кетди. Албатта, Ойбек Ботир Файзиевнинг бу можаролар ташкилотчиси эмас, оддий бир ижрочиси бўлганини яхши билган ва шунинг учун у билан олишиб ўтиришни эп кўрмаган. Ҳар ҳолда, Ойбекнинг кечиримлилиги ва олижаноблиги унинг том маънодаги бағрикенг, серсаховат инсон эканидан далолат бериб турибди. Бу билан буюк адиб одамларга яна бир карра олижанобликдан сабоқ берди.
Ойбек ака шунақа қийин замонда ҳаёт кечирган эди. Унинг карвони, шоир айтгандек, итлар галаси орасидан ўтган эди. Ойбек яшаган муҳит талантли одамларни чиқиштирмайдиган, тилли-забонлиларни ёқтирмайдиган, фақат мутелар ва лаганбардорларга, чақимчилар ва ҳасадгўйларга кенг йўл очиб қўйган муҳит эди. Бу муҳитда яшаган заифроқ одамлар ундан бошдан оёқ жирканч иллатларга бурканиб чиққан эди. Фақат Ойбекка ўхшаган қалби тоза, энг юксак даражадаги инсонийлик мақомига эга бўлган олижаноб инсонгина бу муҳит иллатларини юқтирмаган. Нопоклар ичида покиза қолиш ҳам улуғликнинг белгисидир.
Шундай қилиб, Ойбек истеъдод учун унча қулай бўлмаган оғир замонларда яшаган бўлса-да, энг мураккаб талатўплар орасида ҳам, мудҳиш қирғинбаротлар шароитида ҳам инсон ўзининг инсоний қадр-қимматларини сақлаб қолиши мумкин эканини ва бу фақат унинг ўзигагина боғлиқ эканини исбот қилди.
Мен бу гал шифохонада умримдаги энг оғир кунларимни ўтказдим. Охир-кети кўринмайдиган оғриқли дардчил тунларда неча марталаб ажалнинг кўзига қарадим ва бу гал ҳам чоҳ лабидан омон қайтдим. Энди ўйласам, бунга адабиётни, адабиёт дунёсидаги тозалик ва покликни ўйлаганим ҳам сабаб бўлдимикин? Ўша оғир кунларда менинг қай бир сифатим ёқиб қолган бўлса, Ойбек домланинг ўлмас руҳи менга мадад берган бўлса ажаб эмас.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 44-сонидан олинди.