Ўлмас Умарбеков деган Ёзувчини дўстлари яхши билишади. Эслашади. Яқинда шу ижодкор тўғрисидаги замондошлари ёзган хотиралар китоб бўлиб чиқди. Ўтган адибларимиз ҳақида бундай хотира китоблари босилаётгани фақат бугун эмас, келажак учун ҳам муҳим воқеадир.
Катта Ёзувчи, давлат ва жамоат арбоби бўлган Ўлмас Умарбеков тўғри, самимий, ҳар жиҳатдан кўркам инсон эди (унга бағишланган хотираларда ҳам бу яққол акс этган). Албатта, мен анча йил бирга ишлаб, унинг баъзи инсонга хос ожизликларини ҳам кузатганман ва у муҳтож бўлмаган ҳолда, бу кун уни яна бир карра улуғлаб, идеал даражага кўтариш фикридан узоқман.
Гап бошқа томонда. Ўлмас ака умри охирида ҳакимларнинг нотўғри ташхис қўйгани натижасида оғир хасталикка йўлиқди. Чидамсиз азобларни бошидан кечирди. Лекин буни у қисмат деб билиб, ўлимга тик қаради. Олдинги хизмати билан кифояланмай, “Фотима ва Зуҳра” романи, “Қизимга мактублар (Мангу дунё бўсағасида)” қиссаси, қатор ҳикояларини ёзди. Айтиш мумкинки, ҳар қандай Ёзувчи бу тахлит мардлик-матонат намунасини кўрсатишга қодир бўлавермайди!
* * *
Одатда, ўқувчи (китобхон) барча Ёзувчилардан эзгулик, олижаноблик, керак пайтда мардлик-матонатни кутади. Аммо турли касб-кор кишилари сингари ҳаётда Ёзувчилар ҳам ҳар хил кишилардир. Шунга қарамай, уларнинг аксари инсоният шартларини бажариш, ўзини муносиб тутишга ҳаракат қилади. Умуман, адабиёт доим соғлом куч бўлган. Ҳозир ҳам шундай.
Бир ижодкор сифатида мактабда ўқиб юрган ва адабиётга қизиққан болалик кунларимдан йиллар давомида: “Адабиёт қачон, қандай, нега бунёд бўлган? Ёзувчи ким? Қалам тебратишдан муроди нима?” деган саволларга жавоб излайман. Инсоният тарихи то ҳозир китобларда чала ёзилганидек, асрлар бўйи бу саволларга берилган жавоблардан кўнглинг тўлмайди. Қўлига қалам олган киши бош қотиришга мажбур.
Афсуски, умри адабиёт майдонида ўтиб, бу тўғрида ҳеч қачон ўйлаб кўрмаган биродарларимиз ҳам учрайди.
* * *
Менинг фикрим кўпинча зиддиятли. Шу боис гоҳо дакки еганман.
Айрим биродарларимиз бугун ҳаёт тарзини инобатга олмайди ёки тушунмайди. Зиддият фалсафий тафаккурнинг асоси бўлиб қолмай, ҳаётни ҳаракатга келтирувчи куч ҳамдир. Зиддият бўлмаса, ҳаёт ҳаракатдан тўхтайди.
Шу кунларда бир анкетада: “Сизни адабиётнинг бугунги аҳволи қаноатлантирадими?” деган саволга дуч келдим. “Қаноатлантиради” дедим. Кейин иккилана бошладим.
Гап шундаки, у мени ҳам қаноатлантиради, ҳам қаноатлантирмайди.
Бир томондан, мамлакатимиз мустақилликка эришиб, ўтган ўн саккиз йил ичида ҳаётнинг шакл ва мазмуни ўзгариб кетди. Адабиёт гўёки тор хонадан тоза ҳавога чиқди. Ёзувчи ўз фикрини эркин, истаган шакл ва йўсинда ифодалаши учун имконият туғилди. Бу — қуруқ гап эмас, мен ўз асарларим тимсолида буни исботлашим мумкин (мустақиллик йилларида мен ёзган романларни ижодкор олдин ёзишни ўйлашга ҳам қўрқар эди. Фикр, эътиқод, ҳатто муҳаббат тушунчаси “кишанланган”, “руҳ қуллиги” ҳукм сурар эди!) Яна, муҳими, мамлакатдаги эзгу мақсад йўли билан адабиётнинг мақсад йўли бирлашиб кетди. Соддароқ қилиб айтганда, Ёзувчи минг йиллар орзу қилган инсоний олижаноб тушунчалар давр минбарига кўтарилди.
Бизнинг ўзбек (туркий тилдаги) адабиётимиз юксалган ва юксалмаган даврлар бор. Қошғарий тузган китоб минг йил яшаган, яна шубҳасиз минг йиллар яшайди. Яссавий, Навоий, Бобур яшаган замонларда адабиёт абадият касб этган. Кейин Фитрат айтганидек, Умархон даври. Ниҳоят, йигирманчи аср бошланиши ва олтмишинчи йилларда кўринган тўлқин. Мамлакатимиз мустақилликка эришган ҳозирги кунда янги бир кўтарилиш куртаклари кўзга ташланаяпти.
Иккинчи томондан, жаҳон адабиёти эришган бадиий маҳорат мактабини ўрганиш ўрнига “чаққонлик” қилиб, “болта билан” адабиёт майдонига кириш кайфиятида бўлган “ижодкор”лар сони ортиб бораётгандек таассурот уйғонади. Бунинг устига, юзта ижодкорнинг юзта китобини йиғиб ўқишга тутиниб кўринг: барчаси бир ранг, бир оҳангда. Шахс қани? Ўзлик қани? Оддий кишилар, ҳатто адабиёт муаллимларини қўйинг, адабиётшунослар, Ёзувчилар китоб эмас, кундалик адабий нашрларни кам ўқишаяпти. Бунинг натижасида адабий савод анча паст экани сезилаяпти. Дейлик, буюк Алишер Навоийнинг бир ғазалини ўқиб баҳраманд бўлиш (маза қилиш, баданнинг яйраб роҳатланиши) учун энг аввал у нима деяётганини тушуниш керак. Бунинг учун адабий савод керак.
Яна бир гап. Ёзувчи илк қарашда минг йиллик “адабиёт дўкони”да ўзининг одатдаги ҳунари билан машғул. Бироқ дунёда ҳар қандай касби-кор (оддий соатсознинг иши ҳам) такомиллашиб боради. Бизда эса мана шу такомиллашув очиқ-ойдин кўринмаяпти. Бунинг учун давр ўзгаргани, дунё катта тараққиёт йўлидан бораётганини тушунишга тўғри келади. Адабий меросни тугал тасаввур қилиб асраш, жаҳон адабиёти майдонига чиқиш сингари ишлар ҳам ҳали яхши ўрганилмаган. Шу жиҳатлардан адабиётнинг бугунги аҳволи кишини қаноатлантириши қийин.
* * *
Аслида ҳар ким ўз ҳаётини ўзи эплаши керак. Дунёда кўп давлат раҳбарларнинг маънавият, адабиёт билан у қадар иши бўлмайди, дейишади. Бизда эртанги кунни ўйлаб, меҳр билан қайғуриб қаралаётгани қадрли. Шахсан мен ҳеч муболағасиз Юртбошимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” китоби ва бу йил адабиётни ривожлантириш борасида билдирган фикр-мулоҳазаларини чинакам ижтимоий ҳодиса деб тушунаман.
“Ёзувчилик — бу оддий касб эмас, худо берган истеъдоддир. Бу — қисмат, пешонага ёзилган тақдир. Бу касбга ҳеч қаерда ўқитиб, ўргатиб бўлмайди. Ёзувчиликнинг мактаби ҳам, дорилфунини ҳам битта. У ҳам бўлса, бир умр ҳаётнинг ичида бўлиш, ўз халқи билан ҳамдард-у, ҳамнафас бўлиб яшаш, ҳақиқат ва адолатга садоқат билан хизмат қилишдир”.
Президентнинг бу сўзлари фақатгина ижодкорга берилган баҳо эмас, балки унутилмас йўлланма ҳамдир.
Адабиёт ўз вазифасини бажараяпти. Кўп китоблар ёзилаяпти. Босилаяпти. Шунинг баробарида уларнинг бир дастаси тарихдаги йирик шахслар ҳақида. Яна бир қисми зиёлилар ҳаётидан. Бошқа бир дастаси одамлар орасидаги икир-чикир муносабатлар-у, оилавий турмушга бағишланган. Аммо бу асарларда ўзини таниган (очиғи, таний бошлаган) халқ қани? Юрт қани? Бир гуруҳ Ёзувчини тўплаб сўранг, Ўзбекистон тарихи, айниқса, жуғрофиясини улардан неча киши яхши биларкин? Наҳот халқимизнинг ўзига хослиги фақат меҳмондўстлик, одоб ва бировга яхшилик қилишдан иборат бўлса?
Жаҳон адабиётида Ёзувчилар ўз халқини ҳар томонлама мукаммал тасвирлаб шуҳрат қозонган. Биз эса ҳали халқ ҳаётига чуқур кириб борганимиз йўқ (баъзи бир шеърлар ва ҳикоялардагина буни кўриш мумкин).
Юртбошимиз бизга ошкор мурожаат қилгандек бўлади: “Барчамизга аёнки, ХХI аср интеллектуал салоҳият, тафаккур ва маънавият асри сифатида инсоният олдида янги-янги уфқлар очиши билан бирга биз илгари кўрмаган, дуч келмаган кескин муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда Ёзувчининг башариятнинг эртанги кунини ўйлаб, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда”.
Биз бу сўзлар мағзини чақиб, амал қилишга тайёрмизми?
* * *
Аксар Ёзувчиларни ҳакимлар (шифокорлар) билан ёнма-ён қўйгим келади. Иккиси ҳам инсонни даволайди (ёки даволаши керак).
ЙОмон ҳаким жисмни, руҳни парчалайди. Эмиради. ЙОмон (ҳақиқатни, адолатни билмаган) Ёзувчи китобхон руҳига (демакки, жисмига ҳам) зиён етказади.
Ўтган йили бир касалхонада даволандим. Биласиз, жони оғриган киши худога, шифокорларга ёлвориб, сиҳатлик сўрайди. Йиқилиб қолганимизда ҳакимлар бизни оёққа турғизишади. Улар бизнинг саломатлигимиз посбонларидир.
Мен ётган касалхона доимий ишлаётган бир комбинатни, аниқроғи, муҳораба кунларидаги госпитални эслатарди. Кунми, тунми ўз оёғи билан келгандан кўра кўпроқ замбилга солинган инсон палатага олиб кирилади, бошқаси жарроҳлик столига ётқизилиб, “тайёрлаб” олиб кетилади.
Аммо бу ерда бошқа бир кичик ҳолат мени ажаблантирди: деярли ҳар куни эрталаб бош ҳакимлар гоҳ тўпланиб, гоҳ айри-айри, қўл остидаги даволовчи ходимлар-у, талабаларни эргаштирган ҳолда палаталарни айланишади. Бунга эътироз йўқ. Гап шундаки, улар ҳеч қачон беморларга салом беришмайди. Мабодо ётганлардан кимдир салом берса, унинг саломи ҳам ҳавода муаллақ қолади. Улар киноларда кўрсатилганидек бирор бемордан ҳол сўраб ҳам ўтиришмайди. Қўл остидагиларни дағал-дағал сўроққа тутишади, холос.
— Бу ҳалиям ётибдими?
— Буниси қачон келган экан?
— Бунга нима бўлган?
Беморлар катта маблағ сарфлаб, даволанаётган ҳозирги кунда бундай совуқ муомалани ҳеч бир важ-карсон оқлаёлмайди. Ўша касалхонада ётганимда ҳам, кейин ҳам бу борада кўп ўйладим. Аввалида уларга биров вақтида салом беришни ўргатмаганми, деган хаёлга бордим, кейин улар халқ билан гаплашиш бобида тарбия кўрмаган, билмайди, деган фикрга келдим.
Биз Ёзувчилар-чи? Халқ билан гаплашишни биламизми? Халқ ичига кириб бориш, одамларнинг дард-у, ғами билан яшаш учун олдин улар билан гаплашишни ўрганиш керак. Баъзан газеталарда қайсидир Ёзувчи билан суҳбатни ёки унинг мақоласини ўқийман, танишларим фикр сўрашади.
— Ёмон эмас, — дейман.
— Сизга ёқдими?
— Нима десамикан?.. Бу ҳар ким гапирадиган гаплар. Ёзувчининг қуроли тил, сўз. У бошқачароқ сўзлашга, бошқачароқ ёзишга мажбур. Ўқувчи ундан аниқ кузатишлар, бировникига ўхшамаган гапни кутади, — дейман дилимдагини яширмай.
Баъзан китобхонлар билан учрашамиз. Қайсидир биродаримиз минбарга чиқиб нутқ ирод қилади. Даврадагилар тезда зерикади. ўала-ғовур бошланади. Айримлар хонани тарк этади. Ёзувчимиз хафа бўлиб, эшитувчиларга танбеҳ беришга тушади… Мен эса унинг халқ билан гаплаша олмаётганини ҳис этаман.
Адабиёт қадимда, инсоният ҳали Ёзувни ҳам ўрганмаган даврда бировлар билан кўнгиллашиш эҳтиёжидан бунёд бўлмаганмикан?! Адабиёт керак пайтда бировларга руҳ бағишлаш, керак пайтда бировларни ҳимоя қилиш учун инсониятнинг қалб-қалбидан очилиб, эзгу ва қудратли илк нидолар бўлиб, яратилмаганмикан?!
* * *
Сукунат (ёки ёлғизлик) суронли дунёда гоҳо одамга керак ҳам! Киши яшаш маъносини ўйлаш, чор-атрофга осойишта қараб олиш учун ҳам бу ҳолатни қўмсаган пайтлар бўлади.
Лекин бутун ҳаётда сукунат хиёнатли, қабиҳ ҳолат.
У — инсоннинг ғафлат, уйқу босишидир.
Навқирон ўн саккиз ёшга тўлган Мустақиллик бизни камарни маҳкам боғлаб, дадил қадам ташлашга ўргатди.
Бу — бевосита адабиётга ҳам тегишли.
Ҳаёт — ҳаракат, адабиёт — суҳбат демакдир.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).