Aлишер Нaвoийнинг фoрсий ғaзaллaри кўпдaн буён илмий жaмoaтчиликнинг диққaтини ўзигa жaлб этиб келмoқдa. Жумлaдaн, Ўзбекистoндa ҳaм “Девoни Фoний” ҳaқидa қaтoр тaдқиқoтлaр aмaлгa oширилгaн. С.Aйний, A.Фитрaт, A.Сaъдий, O.Шaрaфиддинoв, В.Мaҳмуд кaби oлимлaримизнинг Нaвoийнинг фoрсий ғaзaллaри ҳaқидaги aйрим ишoрaлaрини инoбaтгa oлгaн ҳoлдa, “Девoни Фoний” aтoқли мaтншунoс oлим Ҳ.Сулaймoн тoмoнидaн нaшргa тaйёрлaниб, эълoн қилингaндaн кейин фoнийшунoслик навоийшуносликнинг алоҳида тармоғи сифатида шаклланди, десaк янглишмaгaн бўлaмиз.
Фoний шеърияти бугунги кунгaчa aсoсaн қиёсий aдaбиётшунoслик нуқтaи нaзaридaн тaҳлил этилиб, унинг ғaзaллaридaги aнъaнa вa нoвaтoрлик, бaдиийлик вa безaвoл янгилик мaсaлaлaри турли oлимлaр тoмoнидaн тaҳлил қилингaн. Жумлaдaн, A.Мирзoев вa М.Aзимoв Фoний вa Ҳoфиз Шерoзий ғaзaллaрини қиёсий тaҳлил дoирaсигa киритгaн бўлсaлaр (қаранг: А.Мирзоев. Сездаҳ мақола. Д., “Ирфон”, 1973; М.Азимов. Хафиз Ширази и узбекская литература (влияние, интерпретация, перевод). Т., 1989), A.Шoмуҳaмедoв тaтaббу aнъaнaсини илмий-нaзaрий жиҳaтдaн aсoслaш учун Фoнийнинг Жoмий ғaзaллaригa жaвoбaн ёзгaн лирик aсaрлaригa эътибoр қaрaтгaн (А.Шомухамедов. Традиция татаббу в узбекской классический литературы. Т., “ФАН”, 1993) Филoлoгия фaнлaри нoмзoди С.Сoтибoлдиевa Фoний ғaзaллaрининг бaдиий хусусиятлaрини Aмир Хусрaв Деҳлaвий ғaзaллaригa ёзгaн тaтaббулaри aсoсидa ёритиб беришгa ҳaрaкaт қилгaн.
Фонийнинг бировга издошлик қилмаган ҳолда ёзган гўзал ғазаллари (уларга нисбатан шоирнинг ўзи “мухтара”, “ихтиро” истилоҳларини қўллаган) бугунги кунгача тадқиқот доирасидан четга қолиб келмоқда. Ҳолбуки, айнан шу ғазалларнинг бадиий хусусиятлари, анъана ва новаторлик масаласи, шоирнинг ижодкорлик маҳоратини тадқиқ қилгандагина Фонийнинг форс адабиётидаги ўрни ва мавқеи ҳақида тўла тасаввур ҳосил этиш имконига эга бўламиз.
“Девони Фоний”да 95та ғазал “мухтара” ёки “ихтиро” номи билан қайд қилинган Алишер Навоий, Тўла асарлар тўплами: 10 жилдлик. 5-жилд. Девони Фоний/Нашрга тайёрловчилар Ҳ.Сулаймонов, С.Рафиддинов, С.Ғаниева. Т., Ғ.Ғулом номидаги НМИУ, 2011). Шулардан “шароб” радифли иккита ғазалнинг бошқаларга ўхшамайдиган бир жиҳати бор: буларда Фоний ўзининг мухтара ғазалига ўзи жавобия ғазал яратган. Биринчи ғазалнинг матлаи қуйидагича:
Ба субҳ тоибам аз меҳнати хумори шароб, Вале ба шоми дигар дорам интизори шароб.(Маъноси: Шароб хуморининг азобидан тонг пайти шаробдан тавба қиламан, Лекин кеч киргач, яна шаробга мунтазирман.)
Кейинги ғазал эса “Дар жавоби ғазали гузашта” (Олдинги ғазалга жавоб) деб номланиб, қуйидаги матла билан бошланади:
Чунон шудаст рухат гул-гул аз баҳори шароб, Ки дигарам ба дил афканд хор-хори шароб.(Маъноси: Юзинг шароб баҳоридан гул-гул очилиб, шундай яшнабди, Ким яна кўнглимга шароб изтиробини солди.)
Иккала ғазал ҳам радифли ғазал бўлиб, музореи мусаммани мақсур баҳрида яратилган. Анъанавий хамриёт жанрида битилган ушбу ғазалларнинг бошқа ғазаллардан фарқланувчи асосий хусусияти – ҳам оҳанг, ҳам мазмун жиҳатидан бир-бирига жуда мос ва мувофиқ тушган қофия ҳамда радиф танланган. Радифли ғазал айтиш эса, Амир Хусрав Деҳлавий исботлаганидек, форс шоирларининг шеъриятга киритган янгиликларидан ҳисобланади. Араб шеъриятида радифли ғазал деярли йўқ, чунки араб тилининг табиати радифли шеър ёзишга мос келмайди. Шеърни радифнинг мантиқий меҳвари атрофида бирлаштириш, шу орқали ягона мавзунинг турли қирраларини очиб бериш, ҳар бир байт ва ҳатто айрим пайтларда алоҳида бир мисрада тугал бир маънони жойлаштириб, гўзал маънавий силсила ҳосил қилиш шоирдан катта куч ва иқтидор талаб қилади. Таҳлил қилинаётган ғазалларда ушбу фазилатлардан ташқари, унга зийнат бағишлаб турган яна бир шаклий унсур бор: қофия ва радифда ёнма-ён келадиган чўзиқ алиф (о) ҳамда сонорли ундошлардан бўлмиш “ре” ҳарфи (хумор, интизор, баҳор, хор-хор ҳамда шароб) ғазалдаги оҳанглилик, мусиқавийлик, равонликни таъминлай олган. Ғарб адабиётшунослигида аллитерация, мумтоз адабиётшунослигимизда тавзиъ санъати номи билан ихтисослашган ушбу ифода усули шоирдан чексиз тахайюл билан бир қаторда теран тафаккурни ҳам тақозо қилади. Араб адабиётшуноси ал-Аскарийнинг (XI аср) машҳур ибораси бор: “Шеъриятда энг муҳими – янги мавзу топиш эмас. Чунки бунга араб ҳам, ажамий ҳам, шаҳарлик ҳам, кўчманчи ҳам бир хилда қодир. Муҳими – қай тариқа ифодалаш”. Агар Ибн Сино шеърга “каломи мавзуни мухайяли муқаффо” (вазнга эга, тахайюл билан ёзилган, қофияланган сўз) дея таъриф берганини инобатга олсак, юқоридаги байтларда ҳам вазн, ҳам қофия ва ҳам радиф бир-бирига мутаносиб равишда танланганига гувоҳ бўламиз.
Фоний ғазалиётига хос яхлитлик, мантиқий изчилликни таъминлаган омиллардан яна бири – ҳар бир ғазалга конкрет бир фикр, тимсол ё деталнинг асос қилиб олиниши ва тасвирий имкониятларнинг барчаси тасвир объектининг тўлиқ ва изчил ифодаси учун сафарбар этилишидан иборат. Юқоридаги мисолларда ҳам матлаъда тугал бир маъно ўз ифодасини топган бўлиб, ғазалнинг умумий мазмун-моҳиятини ўзида акс эттира олган. Агар биринчи ғазалда лирик қаҳрамоннинг иштиёқи, умидворлиги, руҳий ўзгаришлари шароб хуморидан тавба қилиш йўлидаги ночорлиги орқали тасвирланган бўлса, иккинчи ғазалда бу иккиланишлар буткул бартараф бўлиб, шоир ўз дардининг чораси шаробда эканлигини изҳор этади. Биринчи ғазалда руҳий тасвир унсурлари етакчилик қилса, иккинчи ғазалда фалсафий оҳанг устувор. Шу тариқа, айни бир мавзуда, вазн, қофия ва радиф, асосий тимсолни ўзгартирмасдан ҳам иккита мустақил ва айни пайтда бир-бирини тўлдирувчи, умумлашма хулосалар, кутилмаган ташбеҳлар, олдин учрамаган кузатувларга бой, энг муҳими, ҳар бири ўзгача кайфият бағишловчи асар яратиш мумкинлигини ушбу ғазаллар мисолида кўрамиз.
Фонийнинг мухтара ғазалларида кўзга ташланадиган янгиликларидан яна бири шуки, у халқ тилида мавжуд, аммо ўша давр ёзма адабиётида қўлланилмайдиган сўзларни дадиллик билан қўллаб, шеъриятни лексик жиҳатдан ҳам бойитган. Жумладан, таҳлил қилинаётган ғазалнинг қуйидаги байтларида мумтоз форс шеъриятига “бегона” иккита сўзга кўзимиз тушади:
Балохўрони хароботи ишқро дар дил, Чи фитнаҳо, ки дарояд ба рўзгори шароб Сабўкашони майи ишқро чу уштури маст Ба роҳи дайр кафандоз бин зи бори шароб.(Маъноси: Ишқ хароботидаги озиғи бало бўлганларнинг кўнглида шароб давронида не фитналар кирар. Ишқ майининг тарқатувчиларини маст туялар каби шароб борида дайр йўлида оғзидан кўпик сачраётганига қара).
Юқорида белгиланган иккала сўз “Фарҳанги забони тожики”да мавжуд эмас. Қолаверса, бу сўзлар Фонийнинг ғазалнависликдаги устозлари – Ҳофиз, Саъдий, Амир Хусрав ва Жомийнинг асарларида ҳам учрамайди. Навоийнинг туркий тилда ёзган асарларининг луғавий бойлиги тенгсиз эканлигини олимларимиз аллақачон исботлашган. Маълум бўладики, Навоий-Фоний туркий асарларида қўллаган муваффақиятли тажрибаларини форсий ғазалларида ҳам татбиқ этган ва бунда ҳам юксак натижаларга эришган.
Бундан ташқари, Фоний форс мумтоз адабиётига хос бўлган теранлик хусусиятига кўламлилик хоссасини ҳам қўшишга ҳаракат қилди. Фонийгача бўлган ғазалларда (бу ҳолат, айниқса, Ҳофиз Шерозий ғазалларида ўзининг авжи аълосига етган) маъно дақиқлиги ва чуқур ўйлаш орқали ундан эстетик завқ олиш мумкинлиги шоирлик маҳоратининг етук намунаси бўлган. Шу тариқа, ҳар бир байт, мисра ё иборага турли мазмун-моҳият “юкланиб”, ғазаллар “фикрлар ассоциацияси”га (И.Брагинский таъбири) айланиб қолган. Фоний эса, тахайюл уфқларини кенгайтириб, ҳар бир ғазални яхлит руҳий манзара ва ягона кайфиятни ифодаловчи сўзлар ва маънолар тизмасига айлантиришга эришган. Ғазал энди ичида бебаҳо маънавий хазиналар яширин чиройли уйлар (байтнинг луғавий маъноси уй демак) кўчаси эмас, балки муҳташам маънавий кошонага эврилгандек эди. Фоний ғазалларидаги ҳар бир ибора, ҳар бир сатр, ҳар бир байт маънолар силсиласини ҳосил қилиб, муайян ҳолат ва кайфиятни тўлиқ тасвирлашга хизмат қиладиган детал вазифасини ўтайдиган бўлди. Фонийнинг ғазалнависликдаги бундай тажрибалари кейинчалик форс-тожик адабиётида янги услуб – “сабки ҳиндий”нинг пайдо бўлишига замин яратди. Бу эса, кейинги тадқиқотларда Фоний девонини фақат салафлари билан эмас, балки ундан кейин ижод қилган шоирлар девони билан таққослаган ҳолда компаравистик усулда чуқур ўрганиш лозимлигини билдиради.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 47-сонидан олинди.