Яхши инсоннинг баҳоси борми?.. Азиз умрининг қирқ йилини илмга, тинимсиз изланишга бағишлаган филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Саримсоқов ҳақида ўйлаганимда хаёлимга шу савол келаверади.
У илмда ҳам, давралар у йиғилишларда ҳам исми жисмига мос — Баҳодир йигит эди. Мунозараларда фикрини аниқ илмий манбалар асосида исботлаб берар, давраларда мумтоз қўшиқлар айтиб, барчанинг кўнглини олар, табиатан киришимлилиги туфайли барчага бирдек ёқиб қоларди. Айниқса, илмий анжуманларда бирон нотўғри фикр айтилса, дарҳол сўз олиб аниқ манбаларга таянган ҳолда мулоҳазаларини далиллаб берарди. Бу айримларга қайсарликдек туюлган бўлса ажаб эмас. Баҳодир эса ўзининг билимдонлигини кўрсатишни мутлақо хаёлига келтирмас, аксинча, фанда хато қарашлар, нотўғри фикрлар кўпайиб кетишини истамасди.
Мен уни талабалик йилларидан билардим. 1963 йили Фарғона давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факултетига ўқишга киргач, бир йилдан сўнг ҳарбий хизматга чақирилди. Уч йиллик хизматни ўтаб қайтгач, ўқишни давом эттирди ва институтни имтиёзли диплом билан битирди. Мен “Қардош халқлар адабиёти”, “Ўзбек адабиёти” ва “Ифодали ўқиш” фанларидан дарс берардим. Баҳодир курсдошларига қараганда ёши хийла катталиги боис ўзини сипо тутар, аммо дарс давомида айтилган фикр-мулоҳазаларга дарҳол муносабат билдириб, ўзининг ҳақлигини исботларди. Бундан айрим ўқитувчилар оғринишар, дарсга аралашаверади, деб нолишарди. Талабалар тушунмаган саволларини ундан сўраб, жўяли жавоб оларди.
Институтни битиргач, Б.Саримсоқов Тошкентга келиб Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг фольклор бўлимига лаборант бўлиб ишга кирди. Уч йилга етмай “Сажъ ва унинг ўзбек фольклорида тутган ўрни” мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Ёш илмий ходим тиришқоқлиги туфайли Ҳоди Зариф, Иззат Султон, Тўра Мирзаев, Музайяна Алавия, Мансур Афзалов сингари фан дарғаларининг меҳрини қозонди, фақат фольклорни эмас, балки адабиётшуносликнинг барча соҳаларини чуқур ўрганишга ҳаракат қилди. У билан ҳамсуҳбат бўлган киши мумтоз ўзбек адабиёти, адабиёт назарияси, ХХ аср ўзбек адабиёти, жаҳон адабиёти, матншунослик, ҳатто тилшунослик соҳалари бўйича ҳам чуқур билимга эга эканлигига ишонч ҳосил қиларди.
Олимнинг филология фанлари номзоди Н.Ҳотамов билан ҳамкорликда тайёрлаб, нашр эттирган “Адабиётшунослик терминларининг русча-ўзбекча изоҳли луғати” қарийб 30 йил мобайнида олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари, мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари учун қўлланма сифатида хизмат қилди. Шундан сўнг “Ўзбек маросим фольклори” номли монографияси нашр этилди.
Баҳодир Саримсоқов адабий жараённи синчковлик билан кузатиб борадиган, юз бераётган янгиликларни тез илғаб оладиган ва уларга дарҳол муносабатини билдирадиган олим эди. Бу фикримизга унинг адабиётшунос Э.Очилов билан “Ҳозирги ўзбек шеъриятининг тараққиёт тамойиллари” мавзусидаги илмий-адабий мулоқоти (“Ўзбек тили ва адабиёти”, 2005 йил 3-сони), “Абсурд маънисизликдир” сарлавҳали мунозарали мақоласи (“ЎзАС”, 2002 йил, 28 июл) далилдир. Қолаверса, ўзбек адабиётшунослигида илк бор “Адабий турлар ҳақида мулоҳазалар”ини билдирган олим ҳам айнан Б.Саримсоқов эди (“Ўзбек тили ва адабиёти”, 1993 йил, 5 — 6-сонлар). “Мана, йигирма тўрт асрдан ошибдики, — деб ёзади ушбу мақоласида муаллиф, — қадимги юнон файласуфи Арасту “Поэтика” асарида поэзия санъатини – бадиий адабиётни уч катта турга ажратади. Улар адабий турлар деб аталади ва ҳозирга қадар ҳеч қандай ўзгаришларсиз адабий амалиёт ва назарияда қўлланиб келинади”. Ваҳоланки, давр ўтиши, тафаккурнинг ўсиши туфайли адабиётда бу турлар қолипига сиғмайдиган қанчадан-қанча асарлар яратилди. Жаҳон адабиётида рўй берган бундай ўзгаришларни эътиборга олган Б.Саримсоқов “такрор-такрор айтилганларни яна такрорлаш, қайта-қайта кўчириш” фаннинг бир жойда депсиниб туришига олиб келишидан ташвишланади. Унингча, олимлар қачонки “қотиб қолган фикр ва қарашларга “шубҳа” билан қараб, уларни янги-янги муаммолар мисолида синаб кўрса, янги фикр ва фаразлар билан бойитса, фан шу пайтда ҳақиқий фанга айланади”.
Фаннинг ривожланишини кўзлаб, янги фикр ва фаразларни айтишга бел боғлаган олим илмий жамоатчиликка бадиий адабиётнинг тўртинчи – паремия турини тавсия этди. Айни шу масала бўйича кейинчалик янада жиддийроқ шуғулланиб, “Янги адабий тур ҳақида” (“ЎзАС”, 2002 йил, 7-июн) иккинчи мақоласини эълон қилди. 2004 йили босилган “Бадиийлик асослари ва мезонлари” номли рисоласида бу масалага чуқурроқ ёндашиб, бадиийлик моҳияти ҳамда руҳий ва ақлий асосларига таянган ҳолда лирика, эпос, драма ва паремия турларининг ўзига хос хусусиятларини батафсил изоҳлаб берди.
Арасту фикрларини “тузатиш”га жасорат билан ёндашганлиги, илмий тафаккурининг кенглиги, дадил фикрлар билдириши, ҳақлигини исботлаш йўлидаги қатъияти боис у адабий, илмий жамоатчиликнинг эътиборини тортди. Албатта, янги давр ҳар бир масалага янгича эстетик ёндашувни талаб қилади. Мустақиллик даври адабиётининг ғоявий-бадиий хусусиятларини аниқлаш, адабиётшунослик фанининг янгича методологик асосларини яратиш, адабий тур ва жанрлар таркиби ҳамда табиатини қайтадан ишлаб чиқиш бу пайтда жиддий илмий эҳтиёжга айланганди. Шуни назарда тутиб, Б.Саримсоқов институт ходимларининг илмий салоҳиятига таянган ҳолда “Адабиёт назарияси”нинг уч жилдли фундаментал нашрини тайёрлашга киришди. Бу улкан тадқиқотни амалга оширишга вилоятлардаги тажрибали олимларни ҳам жалб этди. Афсуски, бу хайрли иш ташаббускор олимнинг бевақт вафоти туфайли ниҳоясига етмай қолди.
Ўзи таълим олган Фарғона давлат университети ректорати уни 2000 йилда ёш тадқиқотчиларни илмий ишга кўпроқ жалб этиш, магистратура бўлимини очиш ниятида ўриндошлик асосида ўзбек адабиётшунослиги кафедрасининг профессори лавозимига таклиф қилди. 2004 йилгача Б.Саримсоқов университетга келиб, талабалар ва магистрларга сабоқ берди, кафедра аъзолари билан илмий суҳбатлар ўтказди. Тез орада бунинг самараси ҳам кўзга ташланди. Ҳозир кафедрада фаолият кўрсатаётган фан докторлари, фан номзодлари бевосита Баҳодирдан йўл-йўриқ ва илмий маслаҳатлар олишганини миннатдор бўлиб эслашади.
Ҳа, олим сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам, дўст сифатида ҳам, Баҳодирнинг баҳоси йўқ эди. У қалбимизда ана шундай бебаҳо шахс бўлиб яшайверади.
Йўлдош Солижонов,
филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 14-сон