Носир Муҳаммад. “Бириси туюғдурким, икки байтда муқаррардир…”

http://n.ziyouz.com/images/alisher_navoiy3Мумтоз адабиётимизда туюқ жанри милодий XIV аср охири —XV аср бошларида пайдо бўлган. Шаклан бир-бирига ўхшаш, аммо мазмунан турлича маънога эга бўлган қофиялар заминига қурилган тўрт қатор шеър — туюқ битиш шоирдан катта маҳорат ва истеъдод талаб қилган. Зеро, қатъий қолип ичида мантиқни бузмай, янги мазмун ва фикр баён этиш лозим бўлган.

Маълумки, бу даврда Мовароуннаҳр ва Хуросонда туркий тилда ижод қилган Лутфий, Ҳайдар Хоразмий, Юсуф Амирий, Атоий, Саккокий, Гадоий, Яқиний сингари шоирлардан бизга бой адабий мерос қолган. Уларнинг ранг-баранг жанрлардаги ижод намуналари орасида туюқлар алоҳида ўрин тутади.

Шайх Аҳмад Тарозий ҳижрий 840 йилда (1436—1437) битган «Фунун ул-балоға»(«Етуклик илмлари») асарида туюқ ҳақида шундай ёзади: «Ва бу турк шоирларининг ихтиросидур. Муни турклар туюқ дерлар”. Мисоллар:

To кўнгулда ишқ ўти тобандадур,
Ғам маишат панжасин тобандадур.
Киприк ўқин қисмат этиб отсангиз,
Ҳеч кишига тегмас ул — то бандадур.

* * *

Ишқсиз узди юроким ёғини,
Ер юзин тутти кўзумни ёғини.
Сирри дилни кўз ёши фош айлади,
Асрамишмон ўз кўзумда ёғини.

                    (Муҳаммад Темур Буғо)

Бергил эй симинзақан, илик манга,
Неча ёши бўлғасан, элик манга.
Дардингиз дармони жонимдир менинг,
Соғинурлар билмаган илик манга.

(Ҳожи Ақча Киндий)

Тушти ишим бир янгоқи ол била,
Боғлади кўнглумни зулфи ол била.
Қубла бериб жон олурға, эй санам,
Бўлмасанг рози, кўнгулни ол била.

(Аҳмад Тарозий)

Алишер Навоий ижодида ҳам туюқлар алоҳида ўрин тутади. Шоирнинг «Мезон ул-авзон» асарида туюқ ҳақида шундай тавсифни ўқиймиз: «Бириси туюғдурким, икки байтда муқаррардир ва саъй қилурларким, тажнис айтилғай ва ул вазн рамали мусаддаси мақсурдир, мундоқким:

Ё раб, ул шаҳду шакар ё лабмудур,
Ё магар шаҳду шакар ё лабмудур.
Жонима пайваста новак отқали
Ғамза ўқин қошина ёлабмудур».

«Муҳокамат ул-луғатайн» асарида эса Навоий туюққа янада кенгроқ тавсиф беради:

«Чун парию ҳурдур отинг бегим,
Суръат ичра дев эрур отинг, бегим,
Ҳар хадангиким, улус андин қочар,
Нотавон жоним аро отинг, бегим.

Ва бу икки байтки, тажниси томдур ҳам турк шуароси хоссасидурки, сортда йўқтур ва муни туюғ дерлар… Ва бу навъ алфоз ҳамки, уч маъни ва тўрт маъни ва ортуғроқким, ирода қилса бўлғай, кўп борки, форсий алфозда андоқ йўқтур”.

Асарда яна бир туюқ келтирилган. Муаллифи кўрсатилмаган туюқ қуйидагича:

Эй рақиб, ўзни анга тутсанг ҳам ит,
Бизга раҳм айлаб онинг кўйидан ит.
Гарчи бор дўзахча ишқинг шуъласи,
Бизни ўз илгинг била ул сори ит.

Алишер Навоийнинг тоғаси Мир Саид Кобулий ҳам шоиртабиат бўлган. «Мажолис ун-нафоис’’да унинг қуйидаги туюғи келтирилган:

Эй, муҳиблар, етсангиз гар ёза сиз,
Гул адоқинда хумори ёзасиз.
Гар мен ўлсам, турбатимнинг тошиға
«Куштаи бир шўх эрур» деб ёзасиз.

Маълумки, Амир Темур авлодлари орасида шоирлар кўп бўлган. Улар адабиётни, санъатни севишган, бу соҳада ўзларидан муносиб из қолдиришган. Улардан бири Соҳибқироннинг набираси Абобакр Мирзодир. Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида у ҳақда шундай ёзади: «Баҳодирлуғи ва қиличи зарби Чиғатой улусида машҳурдир. Чун табъида назм чошниси бор эрмиш. Ҳамул баҳодирлиғ таврида бу туюқ андин машҳурдирким:

Эр керак ўртанса, ёнса ёлина,
Ёра еб ётса отининг ёлина.
Ит ўлуми бирла ўлса яхшироқ
Эр отониб, душманиға ёлина.

Агарчи баъзи алфози турконароқдур, аммо тажнисини (шаклдош сўзларни — Н.М.) яхши топибдур».

Шундан кейин Навоий Амир Темурнинг яна бир набираси — Султон Искандар Шерозий ҳақида сўз юритади: “Салтанат тажаммулини (зийнатини) дерларким, салотиндин ози онча қилмиш бўлғай. Етти ё секиз йиллиқ салтанатида гўёки уч ганж топибдур. Мавлоно Ҳайдар туркигўй анинг модиҳи (мадҳ этувчиси) экандур… Султон Искандарни дерларким, табъи назм эрди. Ва бу туюқни андин нақл қилурларким:

Тўлун ойға нисбат эттим ёруми,
Ул хижолатдин кам ўлди ёруми.
Тори мўюнгнинг закотин мен берай,
Ё Мисрни, ё Ҳалабни, ё Руми.
Бурунғи туюқдин бу турконароқдур».

Юқорида келтирилган мисоллар туркий тилда ижод қилган кўплаб истеъдод эгаларининг меросидан ҳали бехабар эканимиздан далолат беради. Афсуски, қўлёзмаларнинг катта қисми жангу жадалларда ва фалокатларда йўқолган. Аммо турли мамлакатларнинг китоб хазиналарида сақланаётган қўлёзмалар орасида ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб асарлари борлиги ҳам шубҳасиз. Уларни қидириб топиш ва ўрганиш олимларимизнинг галдаги вазифаларидандир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 2-сонидан олинди.