Буюк сўз санъаткорлари тарихнинг туб бурилиш нуқталарида, миллатни бирлаштирувчи, руҳан юксалтирувчи бадиий сўзга кучли эҳтиёж туғилган пайтда дунёга келади. Алишер Навоий худди ана шундай даврда яшади. Ўша даврда туркий халқлар XI асрдаги юксалишдан кейин янги бир тўлқинни, маънавий-маданий тараққиётни – Уйғониш даврини бошдан кечираётган эди. Бу маданий юксалишга эса Темурийлар салтанати замин яратган эди.
Соҳибқирон Амир Темур тарқоқ қавмларни бирлаштириш, уларни ягона, кучли ва аҳил миллатга айлантиришни ўзига мақсад қилиб қўйганди. Бу мақсад йўлида кучини ҳам, вақтини ҳам аямади. У ўзбек тилини биринчи марта расмий муомалага олиб кирди. Фармонлар, ёрлиқлар ва хатлар араб ва форс тиллари қатори ўзбек тилида ҳам ёзила бошлади. Бошқа тилларда ёзилган расмий хатлар ҳам “Амир Темур Кўрагон сўзимиз”, деб бошланар эди.
Алишер Навоий ўз даврининг бу етакчи ғоясини сўз санъати, бадиий образлар воситасида акс эттирди. Унинг деярли барча асарларида қардош-қондош қавмларнинг бирлиги, она тилининг аҳамияти қаламга олинган. У ўзини туркий тилда сўзлашувчи барча қабила ва уруғларнинг шоири, деб ҳисоблайди ва бундан ифтихор қилади.
Беихтиёр ўйлаб қоласиз: шоир абадиятининг сири нимада? 500 йилдан ортиқроқ вақтдан буён неча-неча авлодларга ҳамроҳ ва маҳбуб бўлиб келаётган асарларининг қиммати нимада? Нега шоир фикрлари ва ўгитлари барча даврлар учун долзарб бўлиб қолаверади?
Бундай саволларга жавобни фақат шоир асарларидан топиш мумкин. Навоий ҳар бир асарида инсоннинг турфа қиёфасини, унинг қалб туғёнларини акс эттиради, оҳори тўкилмаган фикрлар, фалсафий мушоҳадаларини баён этади. Инсонга ва инсониятга буюк эҳтиром шоир ижодининг ўзагини ташкил этади. Шунинг учун ҳам улар барча тилларда бирдек жаранглайди, эъзозланади, қадрланади. Юртбошимиз таърифлаганидек: “Агар бу зотни авлиё десак, у — авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак — мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак — шоирларнинг султонидир. Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади”.
Навоий яшаган даврдан буён беш асрдан кўпроқ вақт ўтди. Мовароуннаҳр тупроғи не-не босқинларга, тожу тахт учун қонли курашларга саҳна бўлди. Аммо шоир ижодининг қиммати асло пасаймади. Ҳар авлод ундан ўзи учун нимадир топди. Навоий асарлари халқимиз учун маънавий қувват ва юксалиш манбаи бўлди.
Навоийнинг дунёвий шуҳрати ўз давридаёқ бошланган эди. Унинг асарлари Туронзамин ҳудудларидан чиқиб, Чин, Эрон, Араб давлатлари, Туркия, Гуржистон, Арманистонда ҳам ўз мухлисларини топган эди. Шоир бу воқеани ифтихор билан шундай таърифлайди:
Низомий олса Бардаъ бирла Ганжа, Қадам Рум аҳлиға ҳам қилса ранжа. Чекиб Хусрав дағи тиғи забонни, Юруб фатҳ айласа Ҳиндустонни. Яна Жомий Ажамда урса навбат, Арабда доғи чолса кўъси шавкат. Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур, Муайян турк улуси худ менингдур. Олибмен тахти фармонимға осон, Черик чекмай Хитодин то Хуросон. Хуросон демаким, Шерозу Табрез, Ки қилмишдир найи килким шакаррез. Кўнгул бермиш сўзумга турк жон ҳам, На ёлғуз турк, балким туркмон ҳам…Ўша даврда Навоий ижодининг шуҳрати шу даражада эдики, подшоҳлар бир-бирларига туҳфа сифатида унинг асарларини юборарди. Бу мамлакатлардаги кўпгина шоирлар Навоий услубида ижод қила бошладилар. Буюк ижодкор асарлари юксак маҳорат намунаси бўлиб келди. ХVII асрда яшаган грузин шоири Нодар Персоданидзе “…биз шоирликда бирон кишини у билан тенглаштириб тасаввур қила оламизми?”, деб хитоб қилгани бежиз эмас.
30-йилларда самарали ижод қилган таниқли адабиётшунос Миён Бузрук Солиҳов шундай деб ёзган эди: “…Машҳур Абдуллахон (Бухоро хони, 1583 — 1598) Истанбулга юборган ҳадялар орасида Навоийнинг “Хамса”си ҳам бўларди. Амир Умархон (Қўқон хони) ҳам Лутфий, Навоий ва ўзининг девонини тўплаб, “Муҳаббатнома” номи ила Истанбулга, Султон Маҳмудга ҳадя қилади…”.
Таниқли адабиётшунос Наим Каримов “Алишер Навоий ва Аҳмад Пошо” мақоласида Навоий ижоди турк адабиётига катта ижобий таъсир кўрсатганини ишончли мисоллар асосида кўрсатиб берди. Турк шоири Аҳмад Пошо Навоий шеърларига назира боғлайди, ўзи ҳам шу услубда ғазаллар битади. Бошқа турк шоирлари ҳам чиғатой лаҳжасида шеърлар ёза бошлайдилар. Навоий ғазаллари улар учун ўзига хос ижодий мактаб вазифасини ўтайди.
Султон Боязид иккинчи Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий билан яқин алоқада бўлган, уларга тез-тез хат ёзиб, элчилар жўнатиб турган. Ҳиротдан ҳам турли совғалар ва китоблар келиб турган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Навоий 1480 — 1481 йилларда ўзининг 33 ғазалини Боязид иккинчига совға тариқасида юборган. Кейинги йилларда ҳам бундай алоқалар узлуксиз давом этган. Масалан, 1501 йили ҳиротлик шоир Вазирий Боязид иккинчи ҳузурига келиб, унга Навоийнинг саломини ва шеърлар девонини топширган.
Навоий асарлари ўша пайтда Туркияда кенг тарқалганини кўрсатувчи мисоллар кўп. Масалан, XVI асрнинг биринчи ярмида Султон Сулаймон даврида Туркияда номаълум муаллиф томонидан Алишер Навоий асарларига махсус луғат тузилган. Қўлёзма нусхаларда кенг тарқалган “Ал-луғат ал-Навоият вал-истишҳодат ал-Чағатаият” (“Навоий луғати ва Чағатой тили гувоҳномаси”) номли бу асар рус шарқшуноси В.В.Велъяминов-Зернов томонидан Санкт Петербургда 1868 йили нашр этилган. 1869 йили шу шаҳарда мазкур луғат француз тилида ҳам босилган. Ўша йиллари Туркияда Шайх Сулаймон Бухорийнинг Навоий асарларига ёзган луғати ҳам чоп этилган.
ХIХ асрдан бошлаб Европа давлатлари ва Россияда Навоий ижодига қизиқиш кучайди. Француз шарқшуноси Катрмер 1841 йилда босилган мажмуасида “Муҳокамат ул-луғатайн” ва “Тарихи мулуки Ажам” асарларини, И.Н.Березин “Турк хрестоматияси” тўпламида шоир асарларидан парчаларни эълон қилган эди. Рус шарқшуноси М.Никитский 1856 йили “Амир Низомиддин Алишер, унинг давлат ва адабиёт соҳасидаги аҳамияти” мавзуида магистрлик диссертациясини ёзди. Шундан кейин Н.И.Ильминский, В.В.Вельяминов-Зернов, В.В.Бартольд, Е.Э.Бертельс, М.Белен, Паве де Куртейль, Э.Браун сингари машҳур олимлар Навоий ижодий мероси ҳақида тадқиқотлар олиб бордилар.
Навоий ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш миқёси ХХ асрда янада кенгайди. 1941 йили қамал қилинган ва бомбалар ёғилиб турган Санкт-Петербург шаҳрида шоир ижодига бағишланган анжуманнинг ўтказилиши илм йўлидаги фидоийликнинг ёрқин намунаси бўлган эди. Кейинги ярим аср давомида Навоий асарлари жаҳоннинг турли мамлакатларида қайта-қайта чоп этилди, у ҳақда турли тадқиқотлар, бадиий асарлар яратилди. Жаҳон тинчлик кенгаши 1968 йили Навоий юбилейи муносабати билан йўллаган табрикномасида: “Жаҳон маданиятининг энг яхши дурдоналарига мансуб бўлган Алишер Навоийнинг қудратли ҳаётбахш шеърияти бутун тараққийпарвар инсониятнинг бойлиги бўлиб қолди”, дея эътироф этган эди.
Навоий ижоди ўзининг ҳақиқий қадр-қимматини мустақил Ўзбекистонда топди, дея оламиз. Юртбошимиз ташаббуси билан 1991 йил Алишер Навоий йили деб аталган эди. Мамлакатимиз бу улуғ зот номи билан мустақиллик даврига қадам қўйди. Бунда ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, Навоий ўзининг бутун ҳаёти ва фаолиятини юрт мустақиллиги ва тинчлиги, ўзбек тилининг нашъу намоси учун бахшида этган эди. Ўша йили Тошкентда Навоийнинг улуғвор ҳайкали ва Миллий боғ очилди. Орадан кўп ўтмай Навоий шаҳрида шоирнинг яна бир улкан ҳайкали ва кўркам боғ барпо этилди.
Ўшандан буён ҳар йили шоирнинг таваллуд куни шеърият байрамига айланиб кетади. Бугунги кунда ўнлаб хиёбонлар, кўчалар, мактаблар шоир номи билан аталмоқда. Марказий шаҳарларимизда бобокалон шоиримизнинг муҳташам ҳайкаллари қад кўтариб турибди. Агар шоир асарлари илгари шўролар мафкурасига мосланиб, узуқ-юлуқ эълон қилинган бўлса, бугун мукаммал шаклда мухлислар қўлига етиб борди. Мактаб ўқувчиларидан университет талабаларигача, оддий ишчидан олиму муҳандисгача унинг ижодидан баҳраманд бўлмоқда. Шоир номидаги Адабиёт музейи, Катта театр, миллий кутубхона ҳар куни минглаб мухлисларни ўз бағрига олади.
Бугун Алишер Навоий ҳақли суратда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Унинг асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг мероси билан қизиқмоқда, асарларида тараннум этилган олийжаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадалардан завқ олмоқда. Шоир ҳайкаллари Япониянинг Сока университети ҳовлисида, Россия пойтахти Москва ва Озарбайжон пойтахти Боку шаҳарларида қад кўтарди.
Барча даҳо санъаткорлар сингари Алишер Навоий ҳам ўзининг номи ва яратган асарлари асрлар оша яшаб қолишига ишонган эди. “Умидим улдурки ва хаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай”, деб ёзган эди улуғ шоир. Бу башоратомуз сўзлар ижобат бўлди. Эндиликда шоир сўзлари дунё бўйлаб ўзининг юксак парвозини давом эттирмоқда.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 5-сонидан олинди.