Носир Муҳаммад. Мумтоз адабий тилимиз қандай шаклланган эди?

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” деб номланган илмий бадиасини ўқиш жараёнида муҳтарам адибимиз ўзбек мумтоз адабий тилининг кўп асрлик тарихий йўлини тадқиқ этиб, кўп хайрли ишни амалга оширганига амин бўлдим. Муаллиф мумтоз адабий тилимизнинг шаклланиш даврини “Билге ҳоқон ва Култегин” достонидан “Алп Эр Тўнға жангномаси”гача, “Қутадғу билиг”, “Девону луғатит турк”дан Яссавий ҳикматларигача, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”, Қутб Хоразмийнинг “Хусрав ва Ширин” достони, Сайфи Саройининг “Гулистон бит турки”сидан соҳибқирон Амир Темур даврига қадар ва ундан сўнг ҳам яратилган нодир асарлар мисолида тадқиқ этади. Адиб мумтоз адабий тилимизнинг кўп асрлик қарор топиш жараёнларини таҳлил этар экан, шу тилдаги илк манба-битиклар билан бирга ўтмишда бу тил амалда бўлган ҳудудлар жўғрофиясига ҳам катта аҳамият беради. Ўз илмий қарашларини бундан бир минг уч юз йил илгари ҳам амалда бўлган қадимги туркий ёзувнинг илк манбаларидан ҳисобланган Ўрхун ёдгорликлари, Мовароуннаҳр ва Хуросон, айни чоғда, Олтин Ўрда ҳудудида яратилган ва тил жиҳатидан муштараклик касб этган адабий асарлар орқали далиллайди.
Ушбу мақоламизда қадимда мумтоз адабий тилимиз шаклланган муштарак ҳудуднинг бир қисми бўлган Олтин Ўрда тарихи ва ундаги адабий жараёнларга назар солмоқчимиз.
Орол денгизининг шимоли ва Ти
ёншон тоғининг ғарбий ён бағридан то Днепр дарёсининг қуйи оқимига қадар ёйилган даштлар XI — XV аcрларда “Дашти Қипчоқ”, деб аталган. Йирик туркий қабилалардан бўлган қипчоқлар XI аср бошларида Иртиш дарёси соҳилларидан ғарбга томон кўчиб, Хоразмнинг шимоли ва ҳозирги Қозоғистон ҳудудида, шунингдек, Итил (Волга) дарёси соҳилларида жойлашган.
Дашти қипчоқ аҳолиси Шарқ манбаларида — половецлар, Византия солномаларида — куманлар, венгер манбаларида кунлар деб аталган. Қипчоқ дашти шарқий ва ғарбий қисмдан иборат бўлиб, Ёйиқ дарёси уларни ажратиб турган. Ғарбий қисм Ёйиқ ва Итил (Волга) дарёсидан то Днепргача бўлган ҳудуддан иборат эди. XIII асрда Қипчоқ даштини мўғуллар босиб олиб, тарихда Жўчи улуси номи билан машҳур бўлган Олтин Ўрда давлатини барпо этганлар. Бу давлат Қорақурумдаги мўғул хонига қарам бўлиб, Ботунинг иниси Берка даврида мустақилликка эришади.
XIV аср бошларида ўзаро тахт талашишлар туфайли Жўчи улуси икки қисмга бўлиниб кетган. Дашти Қипчоқнинг шарқий қисмида Оқ Ўрда ташкил топди. XIV асрнинг 60-йилларида шарқий Дашти Қипчоқ “ўзбеклар мамлакати”, унинг аҳолиси эса “ўзбеклар” деб атала бошлаган. XV асрнинг 20-йилларидан бошлаб шарқий Дашти Қипчоқда Абулхайрхон ва унинг авлодлари ҳукмронлик қилган. Дашти Қипчоқнинг асосий аҳолиси кўчманчи ва ярим ўтроқ бўлиб, чорвачилик ва овчилик билан, дарё ва кўл бўйларида яшаган аҳоли деҳқончилик билан, шаҳарлардаги аҳоли эса ҳунармандлик ва савдо-сотиқ билан шуғулланган. Бу даврда халқ оғзаки ижоди, мусиқа, санъат ва меъморлик ривожланган.
Олтин Ўрда пойтахти Ботухон даврида Итил (Волга) дарёсининг қуйи қисмидаги Сарой Боту шаҳри эди. Беркахон (1255 — 1266) даврида пойтахт соҳил бўйлаб юқорига — Сарой Беркага кўчирилади. Сарой Боту, Сарой Берка, Урганч, Судак, Қофа (Феодосия), Азақ (Азов) савдо марказлари эди.
Олтин Ўрда Жўчи ўғилларига қарашли ўн уч улусдан иборат эди. Улар ўз улусларини мустақил бошқаришга интилганлар. Бу ҳаракат Мангу Темур (1266 — 1282) вафотидан кейин янада кучаяди. Тўда Мангу (1282 — 1287), Талабуға (1287 — 1291) хонликлари даврида туманбеги Нўғайнинг нуфузи кўтарилади. Орадан беш йил ўтгач, яна исён кўтарилади. Унга Ўзбекхон (1290 — 1312) барҳам беради. Ўзбекхон ва унинг ворислари ҳукмронлик даври Олтин Ўрда ҳарбий салоҳиятининг энг кучайган пайти эди. Ўзбекхон даврида Олтин Ўрда қуролли кучлари 300 мингдан ошган. Улуслар вилоятларга айлантирилиб, улар амирлар томонидан бошқарилган, қурултойлар чақирилмай қўйган.
1357 йили Жонибекнинг ўлдирилиши билан яна ички зиддиятлар юзага чиқади. 1380 йилгача йигирма беш марта хон алмашади. XIV асрнинг 60-йилларида Хоразмда Олтин Ўрдага бўйсунмаслик майллари кучаяди. Полша ва Литва Днепр дарёси ҳавзасини босиб олади. Ҳожитархон (Астрахан) хонлиги ташкил топади. Фақат Тўхтамиш даврига (1380 — 1395) келиб исёнлар тўхтайди. 1382 йили у Москвани эгаллаб, унга ўт қўйган. Тўхтамиш соҳибқирон Амир Темурга хиёнат қилиб, ҳукмдорнинг олис юртлардалигидан фойдаланиб, бир неча бор Мовароуннаҳр ҳудудига ҳам бостириб киради ва қочиб қолади. Бунга жавобан соҳибқирон Амир Темур 1389, 1391, 1395-1396 йилларда Тўхтамишга қарши юриш қилиб, Олтин Ўрдага жиддий зарбалар беради.
Тўхтамиш вафотидан кейин Олтин Ўрдада ҳокимият амалда ғайратли “сарой бошқарувчиси” Эдигей қўлига ўтади. Аммо 1419 йили Эдигей вафот этгач, ўзаро тахт талашишлар туфайли бу давлат аста-секин парчаланиб кетган. XV асрнинг 20-йилларида Сибир хонлиги, 40-йилда Нўғай Ўрда, 1438 йили Қозон хонлиги ташкил топади. 1480 йили Олтин Ўрда хони Аҳмад Русни бўйсундиришга уриниб, бунга эришолмайди. 1502 йили Қрим хони Менгли Гарой Олтин Ўрдани батамом тор-мор қилади.
Кўпгина тарихий манбаларда Олтин Ўрда мўғул давлати дейилган. Аслида эса бу давлат бошқаруви ва лашкарининг ўзагини қарлуқ, қипчоқ ва ўғуз лаҳжаларида сўзлашувчи туркий қабилалар ташкил этган. Хоразмликлар саройдаги турли вазифаларда ва вилоятлар бошқарувида фаол иштирок этганлар. Бу даврда Олтин Ўрдада адабий тил туркий тилнинг Чиғатой лаҳжаси эди. Расмий ёзишмаларнинг катта қисми ана шу тилда уйғур имлосида битилган. Олтин Ўрда хонлари ҳам асосан шу тилда сўзлашганлар. Машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута ўз хотираларида Ўзбекхон (1290 — 1312) ва Мовароуннаҳр ҳукмдори Тармаширин (1326 — 1334) туркий тилда сўзлаганларини ёзиб қолдирган. У Азақ (Азов) шаҳри ҳокими, амир Муҳаммад ҳожи Ал-Хоразмий билан ҳам учрашган.
Олтин Ўрда аҳолисининг ислом динини қабул қилишида Ўрта Осиёлик тасаввуф шайхларининг роли катта бўлган. Машҳур тасаввуф шайхи Занги Ота ўзининг шогирди Саид Отани шу мақсадда Олтин Ўрдага жўнатган. Ўзбекхон унинг ташвиқи билан ислом динини қабул қилган ва бу дин асосларини қаттиққўллик билан жорий этган. Бу ҳаракатга қаршилик қилган шаҳзода ва беклар қатл қилинган.
Мирзо Улуғбекнинг “Тарихи арбаъ улус”
(“Тўрт улус тарихи”) китобида қуйидагиларни ўқиймиз: “Султон Муҳаммад Ўзбекхон ўзининг эл-улуси билан илоҳий саодат ва фазилатга етишгач, ҳазрати Сайид Отанинг ғайб ишорати ва Оллоҳнинг инояти билан уларнинг барчасини Мовароуннаҳр диёри сари олиб келди. Ҳазрати Сайид Отага (унга Оллоҳнинг раҳмати ва ризолиги бўлсин) қулоқ солишдан бўйин товлаганлар бу саодатдан бебаҳра ҳолда у ерда (Дашти Қипчоқда) қолдилар ва “қалмоқ” деган номга мансуб бўлдиларки, бунинг маъноси “қолган” демакдир. Ҳазрати Сайид Ота (унга Оллоҳнинг раҳмати ва ризолиги бўлсин) ҳамда Султон Муҳаммад Ўзбекхон билан ҳамроҳликда Мовароуннаҳрга келган кишилардан: “Бу келган ким?” деб сўрардилар. Уларнинг сардори ва подшоҳи Ўзбекхон бўлгани учун уларни “ўзбек” деб атадилар. Шу сабабдан ўша замондан бошлаб Мовароуннаҳрга келган кишилар “ўзбек” деб атала бошланди. Дашти Қипчоқда қолиб кетган кишилар эса “қалмоқ” бўлдилар”.
Бу даврда Марказий Осиёда яшаган аҳоли қабилалар номи билан ҳам, умуман “турк” деган ном билан ҳам аталган. XVI аср бошларида Шайбонийхон бошчилигидаги қавмларнинг Мовароуннаҳрга кириб келиши билан маҳаллий аҳоли таркибида “ўзбек”ларнинг нуфузи янада ортган ва аста-секин бу ном туркий аҳолининг умумий номига айланган.
Таниқли рус олими, туркий халқлар тарихи бўйича йирик мутахассис Лев Гумилёв шундай ёзади: “Олтин Ўрдада ҳам этногенез жараёнлари борарди. Жўчи улусининг 20 минг мўғул аҳолиси уч ўрдага ёйилиб кетди: Ботухон авлодлари томонидан бошқарилаётган Волга бўйидаги Катта ёки Олтин Ўрдага; Ботухоннинг акаси Ўрда Иченга берилган Иртиш дарёси бўйидаги Оқ Ўрдага; Орол денгизидан Тюменга қадар ҳудудда кўчиб юрган Шайбанхоннинг Кўк Ўрдасига. Бундай тарқоқликдан кейин тез орада дезинтеграция ҳолати рўй берди. XIV аср бошларига келиб мўғуллар қипчоқлар билан шу даражада аралашиб кетдиларки, улардан фарқланмай қолдилар”.
Аслида бу жараён анча илгари бошланган эди. X — XII асрларда Мўғулистон пасттекислигида яшаган аҳолининг тўртдан уч қисмини туркий қабилалар ташкил этган. Қиёт, қўнғирот, найман, барлос, манғит сингари уруғлар катта нуфузга эга бўлган. Қозоқ олимларининг фикрича, Чингизхон ҳам туркийлашган мўғул эди. У ҳам, ўғиллари ҳам асосан туркий тилда сўзлаганлар. Чингизхоннинг онаси ва катта хотини эса қўнғирот уруғидан бўлган. Анъанага кўра, ўғилларининг ҳам катта бекалари шу уруғдан танланган.
Ботухон юришидан кейин у билан бирга борган туркий қабилалар Дашти Қипчоқдаги яйловлардан макон топдилар ва маҳаллий қипчоқ қабилалари билан қўшилиб кетдилар. Саройдаги иш юритувчилар, мирзалар, лашкарбошиларнинг асосий қисми туркийлардан бўлган. Бу эса туркий тилни кенг муомала тилига айлантирган.
Таниқли рус тарихчиси А.П.Григорьев бу ҳақда шундай ёзади: “Ўша пайтда ( XIII — XIV а.) Олтин Ўрдада сўзлашув ва ёзув тили бўлган қипчоқ, яъни туркий тилни католик миссионер монахлар яхши билишарди… Маълумки, 1221 йилдаёқ доминикан монахлари Дашти Қипчоқда фаол иш олиб борардилар, 1228 йилда эса бу ерда ўзларининг епископликларини қурган эдилар. Маҳаллий туркий тилли аҳоли билан бевосита муомала монах-миссионерлардан туркий тилни билишни тақозо этарди. Олтин Ўрдада католик миссионер монахлар томонидан машҳур “Кодекс куманикус” — лотин-форс-қипчоқ тиллари луғати тузилган эди. 1303 йилда битилган бу асар кейинроқ Венецияда топилди”.
Бу фикрга бироз аниқлик киритиш лозим бўлади. Гарчи, ўша пайтда сўзлашувда қипчоқ лаҳжаси қўлланган бўлса-да, расмий ёзишмалар ва адабий матнларда Чиғатой лаҳжаси, яъни эски ўзбек тили қўлланган. Бунга талайгина мисоллар бор. Олтин Ўрдада яшаб, ижод этган Қутб Хоразмий Низомийнинг “Хусрав ва Ширин” достонини форс тилидан таржима қилиб, Ўзбекхоннинг ўғли Тинибекка бағишлайди. Бошқа бир Хоразмийнинг “Муҳаббатнома” достони эса Олтин Ўрда хони Жонибекнинг яқин одамларидан Муҳаммад Хўжабекнинг таклифи билан 1353 йили ёзилган. Достонда айтилишича, у “туркий тилда бир китоб ёзиб беришни” илтимос қилган. Сайфи Саройининг “Гулистон бит-туркий” (1391) асари ҳам шу даврда яратилган. У маҳаллий ҳукмдорлар ва зодагонлар илтимосига кўра Саъдийнинг “Гулистон” асарини шу ном билан туркий тилга таржима қилган. Сарой шаҳрида, бир муддат Мисрда ҳам яшаган Сайфи Саройи 1394 йили “Сухайл ва Гулдурсун” номли достон ҳам ёзган. 1966 йилда чоп этилган “Ўзбек адабиёти” хрестоматиясининг 5-жилдида Сайфи Саройи, Хоразмий ва Аҳмадхўжа Ас-Саройи ижодидан намуналар берилган. Бу асарлар худди бугунги ўзбек тилида ёзилганга ўхшайди. Мана баъзи мисоллар:

Ул юзи ойким, жаҳоннинг жонидур,
Бу замона хўбларининг хонидур.

Ёсамин тан, қомати сарви равон,
Зулфи жаннат боғининг райҳонидур.
Ғамзасининг олтина олам асир,
Кўзлари даври қамар фаттонидур…

* * *

Дилбаримнинг ул садафтек оғзида дур бор эрур,
Лаълининг шавқинда тун-кун дийдалар дурбор эрур.

Зулфи сунбултек, бўйи сарв, энглари гулзор эрур,
Юзини кўрмакка бир дам булбулу гул зор эрур.

Ўша даврда Олтин Ўрда ва Миср давлати ўртасида яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Қора денгиз ва қуруқлик орқали савдо-сотиқ ва борди-келдилар йўлга қўйилган. Чунки Миср ҳукмдорлари бўлган Баҳрийлар сулоласи (1250 — 1390) вакиллари Дашти Қипчоқдан чиққан туркийлардан эди. 1398 йили Абдул ибн Қодир исмли шахс Олтин Ўрдалик бир гуруҳ туркийзабон шоирлар шеърларини Мисрда китобат қилган. Бу воқеа Мисрдаги сарой доираларида ҳам туркий тилли адабиёт мухлислари бўлганидан далолат беради.
Олтин Ўрдада вужудга келган адабий анъаналар то XX асрнинг бошларига қадар давом этган. Таниқли рус тилшунос олими Олег Мудрак бу ҳақда шундай деб ёзади: “Волгабўйи ҳудудида XX асрнинг 20-йилларига қадар Чиғатой лаҳжаси асосида шаклланган адабий тил — “Волгабўйи туркийси” амалда эди. Чиғатой тили — Чиғатой улуси, яъни ҳозирги Ўрта Осиёнинг тилидир. Бу туркий халқнинг, унинг авлоди бўлган ўзбек халқининг тилидир”.
Чиндан ҳам асримиз бошларида ижод қилган татар ва бошқирд шоирларининг шеърларини ўқисангиз, луғатсиз тушунасиз. Бир татар дўстимиз “Бу шеърлар татар тилидан кўра ўзбек тилига яқинроқ”, дейди. Бу бежиз эмас. Чунки Волгабўйи аҳолисининг адабий тили ҳам, ҳозирги ўзбек тили ҳам туркий тилнинг қарлуқ гуруҳига оид Чиғатой лаҳжаси заминида шаклланган.
Тилшунос олимларнинг фикрига кўра, туркий тиллар эрамизнинг IV асрида уч гуруҳга бўлинган ҳамда қарлуқ, қипчоқ, ўғуз гуруҳлари вужудга келган. Булар орасида энг қадимги ёзув тили қарлуқ гуруҳи заминида шаклланган эски ўзбек тилидир. Қадимдан шу тарзда шаклланиб келган бу тил Чингизхоннинг фарзанди Чиғатойга улус қилиб берилган ҳудудда аввалдан кенг муомалада бўлиб келган бўлса-да, Чиғатой ҳукмронлиги даврида Чиғатой тили деб номланган, холос. Тарихда энг кўп адабий ва илмий асарлар ҳам шу тилда ижод қилинган. Лутфий, Саккокий, Навоий, Бобур сингари сўз усталари ижоди билан бу тил янада сайқалланган.
Таниқли турк адабиётшунос олими Аҳмад
Бижан Эржиласун туркий тиллар тарихи ҳақида шундай деб ёзади: “Турк тили XIII асрдан кейин икки ёзув тили сифатида давом этди. Бири Шимоли-шарқда, бугунги Туркистон ва Эдил-Урал ҳудудида Чиғатой туркчаси сифатида ҳамда Анатолия ва Озарбайжонда Ғарб туркчаси сифатида XIX асргача келди. Аммо биздаги турклар Навоийни ўқидилар ва тушундилар. Навоийни тўлароқ тушуниш учун “Абушқа” деган луғат туздилар. Ҳатто Навоийга Чиғатой туркчасида назиралар ёздилар. Анадолу шоирларининг асарларини эса улар ўқидилар. Бизнинг катта шаҳарларимизда, хусусан Истанбулда Навоийнинг бир олам қўлёзмалари бор”.
Хулоса қилиб айтганда, Олтин Ўрданинг расмий ва адабий тили турк тилининг Чиғатой лаҳжаси, яъни ўзбек мумтоз адабий тили бўлган. Қолаверса, Марказий Осиё билан Дашти Қипчоқ туркий халқлар яшайдиган ҳудуд сифатида асрлар давомида узвий алоқада бўлиб келган, ўзаро сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатлар узлуксиз давом этган. Ва бунда, сўзсиз, муштарак тагзаминда шаклланиб борган ўзбек мумтоз адабий тилимиз алоҳида аҳамият касб этган.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 37-сонидан олинди.