Халқаро Нобель мукофоти. 1900 йилдан бери ҳар октябрь ойининг биринчи ярмида бутун дунё нигоҳи бир нуқтага жам бўлади. Чунки шу кунларда халқаро Нобель мукофоти совриндорлари рўйхати эълон қилинади. Даставвал, мазкур мукофот кимларга насиб этиши, фан-техника, адабиёт ва тинчлик соҳасида қандай умумжаҳоний эътирофга арзигулик ишлар қилинганлиги йил давомида турли баҳсу мунозараларга сабаб бўлади. Бу борада ҳар ким ўзича фикр юритади: кимдир бу мукофот ҳақиқий эгасига берилади деса, кимдир бу мукофот анчайин нисбий, унинг остида қандайдир сиёсий кучларнинг ички манфаатлари ётади, дея мулоҳаза юритади.
Нобель мукофотига кўрсатилган номзодлар қўмита томонидан эллик йилгача қатъий сир тутилишига қарамасдан, турли нашр ва сайтлардаги адабий “фолбин”ларнинг башорати бўйича бу йил япон адиби Харуки Мураками, канадалик Элис Мунро ва белоруссиялик ёзувчи ва журналист Светлана Алексиевич мукофот учун асосий даъвогарлар эди.
Нима бўлганда ҳам, мукофот кимга насиб этмасин, бу борада турли фикрлар, баҳсу мунозаралар, танқидий қарашлар авж олган тақдирда ҳам ҳақиқат битта – Эзгулик, илму фан, адабиёт соҳаси ҳар йили ўз юлдузларини кашф этади, улар номини дунёга танитади, адабиёт ва илму фан ривожи йўлида қилинган қанчадан-қанча меҳнатлар самараси рўёбга чиқади.
Одатдаги анъанага кўра, бу йил ҳам швед Академияси томонидан тақдирланганлар рўйхати эълон қилинди. Дунё адабиёти мухлислари олис Шимолий Америка қитъасидаги саксон икки йилдан буён ўз қалби, ўз дунёси, ўз руҳиятини таҳлил қилиб, ҳаёт ҳақиқатини излаб яшаётган бир ёзувчи аёлни шу баҳонада яна-да яқиндан таниди. Уни олдиндан таниганлар яна бир бор ёдга олди, адиба асарларини мунтазам ўқиб борувчи чинакам мухлислари эса шодликдан юраклари ёрилгудек бўлиб, миллат, аёл, адабиёт шаънини юксакларга кўтарган адиба номини қайта-қайта шарафлади.
Шундай қилиб, бу йилги адабиёт соҳасидаги мукофот канадалик ёзувчи Элис Энн Мунрога тақдим этилди.
Олис Канаданинг Уингем даҳаси Онтарио шаҳрида фермер Роберт Эрик ва ўқитувчи Энн Кларк Лейдлоу оиласида қиз фарзанд дунёга келди. 1931 йил 10 июлда таваллуд топган мурғаккина чақалоққа Элис Мунро деб исм қўйишди. Ушбу хилқатнинг вақти келиб жаҳоний шов-шувларга сабаб бўладиган адиба бўлиб етишувини ким ҳам хаёлига келтирибди, дейсиз.
Бўлғуси ёзувчи ҳаётга жуда эрта кириб келди. 1950 йилда Ғарбий Онтариодаги Университетда таҳсил олаётган Элис Мунро ўша пайтда официанткалик орқасидан тирикчилик қиларди. Унинг “Булутлар мезони” номли илк ҳикояси шу йилларда ёзилди. Барибир ҳам Элис Мунрога ўқишни тугаллаб, диплом олиш бахти насиб этмади: у 1951 йили университетни ташлаб, Жеймс Манро исмли йигитга турмушга чиқди. Улар шу йили Ванкувер шаҳрига кетишади ва турмушлари давомида уч фарзанд кўришади. 1963 йили оила Виктория шаҳрига келади ва ёзувчи бу ерда “Манро китоблари” номли китоб дўконини ташкил этади.
Шу тариқа йиллар ўтиб борар, ёш Элис дўконда тинимсиз мутолаа орқали ўз адабий билимларини ошириб, шу билан бирга рўзғор ишларида эрига ёрдам берарди.
1966 йили уларнинг тўртинчи фарзанди (фарзандларининг барчаси қизалоқлар эди) дунёга келди.
Адибанинг ҳаёти бир текис кечмади. Турфа тақдирлар, ғаройиб характерлар, образлар, воқеалар, фожиалар акс этган китоблар ичида ҳаёт кечирган Элис асарларида гўзал ва бахтли ҳаётни тинимсиз тараннум этди-ю, аммо ўз ҳаётидан сира қониқмади.
1972 йилда эри билан ажрашиб, яна Ғарбий Онтарио университети сари йўл олди. У ерда адиба маслаҳатчи вазифасида ишлай бошлади. Бу пайтда у аёл руҳияти, унинг қалбида кечаётган турли ҳолатларни моҳирона акс эттирган, Канада адабиётида ўзига хос ўринга эга ёзувчи сифатида танилиб бўлган эди. Унинг “Бахтли соялар рақси” номли ҳикоялар тўплами турли адабиётшунослар томонидан юқори баҳоланди ва Канаданинг генерал-губернатор мукофотига лойиқ деб топилди. Тўпламдан жой олган ҳикоялар адиба туғилиб ўсган кичкинагина шаҳарчадаги ижтимоий муҳит, унда ёзувчининг кўрган-кечирганлари, кундалик ҳаётимизда учрайдиган, аммо биз кўпда эътибор бермайдиган майда-чуйда воқеаларнинг инсон ҳаётига таъсири ҳақида эди, бундан ташқари, уруғларию, таниш-билишлари ҳаёти ҳақида ёзилган реалистик услубдаги биографик қайдлар ҳам унинг ижодий фаолиятининг бир қисмини ташкил этарди.
Элис Мунро 1976 йилда географ Жеральд Фремлинга турмушга чиқади.
1978 йилда чоп этилган “Аслида, кимсан ўзи?” номли ҳикоялар тўплами унга оламшумул шуҳрат келтирди. Шу тўплам орқали у Шимолий Америка, Европа оламини забт этди. Шундан кейин адиба асарлари кетма-кет дунёнинг йигирмадан ортиқ тилига таржима қилинди.
Инсон қалбини юксак пардаларда куйлаган адиба 1968, 1978, 1986 йилларда Канада миллий генерал-губернатор мукофоти, 1995 йилда Англиянинг У. Г. Смит номидаги адабий мукофоти, 2008 йилда АҚШнинг О. Генри мукофоти билан тақдирланди. Адиба 1979 йилдан 1982 йилгача Австралия, Хитой ва Скандинавияга қилган ижодий сафарларидан илҳомланиб, қатор эсселар ва хотиралар иншо қилдики, улар адиба ижод хазинасидан муносиб ўрин эгаллади. Мунронинг “Сизга бир гап айтмоқчиман”, “Ошкора сирлар”, “Нафрат, дўстлик, мулозамат, муҳаббат ва никоҳ”, “Қочқин” каби инсонлардаги турфа муносабатлар, характеру кайфиятлар, айниқса аёл руҳиятидаги мураккаб кечинмалар чуқур бадиий таҳлил қилинган тўпламлари унинг “канадаликларнинг Чехови” деб номланишига сабаб бўлди.
Адиба асарлари турли мамлакатларда қайта-қайта чоп этилишидан ташқари, ҳикоялари сюжети асосида бир қанча киноасарлар ҳам яратилди. Унинг “Тоғ оралаб келаётган айиқ” номли ҳикояси асосида суратга олинган “Ундан олисда” фильми режиссёр Сарой Поллига ҳам, Элис Мунрога ҳам кутилмаган қувонч бахш этди. Ушбу кинокартина 2006 йил Оскар мукофотига сазовор бўлди. 2009 йилда эса адиба ижоди халқаро “Букер” мукофотига лойиқ топилди. Шу йили эълон қилинган “Бахтга тўла олам ” ва 2012 йил нашр этилган “Қадрли ҳаёт” ҳикоялар тўпламлари аёл психологияси, ички кечинмалари гўзал поэтик тилда ифодалангани билан ўқувчилар меҳрини қозонди. 2012 йилда “Қадрли ҳаёт” китоби тақдимоти маросимида мана шу тўплам ижодининг юксак чўққиси эканлиги, унда ҳаёт, дунё, инсон ва аёл ҳақидаги қарашлари, кўп йиллик ижодий изланишлари, изтиробларию фалсафий хулосалари жам бўлганини эътироф этган ҳолда бошқа асар ёзмаслигини эълон қилди.
Швед академиясининг доимий котиби, профессор Петер Энглунд совриндор исми эълон қилингандан кейин: “У илдизи Чеховга бориб тақаладиган анъаналар руҳида ишлайди ҳамда ҳикоя жанрини юксак мақомга кўтарди” дея таъкидлаб, швед Академияси “Замонавий ҳикоялар устаси” сифатида адабиёт соҳаси бўйича ўн учинчи аёлни мазкур мукофот билан тақдирланганини қайд этади.
Адиб ва таржимон, “Иностранная литература” журналининг бош муҳаррири, Мунро ҳикояларининг шу журналда эълон қилинган таржималари муаллифи Александр Ливергант Мунронинг Чехов билан қиёсланишини “кулгули” дея ҳисоблайди. Чунки унинг фикрича, “Мунро жуда қуйи даражадаги адиба, аммо унинг жиддий ғарбпараст ижодкор, яхши руҳшунос, аъло даражадаги услубшунос эканлигидан юз ўгириб бўлмайди”, дейди. Юқорида айтиб ўтилганидек, бу ҳам бир муносабат. Ўзини адабиёт дунёсига руҳан тааллуқли билган киши борки, муносабат билдиришга, танқидий фикр айтишга, кескин инкор қилишга ҳақли. Зеро, адабиётнинг майдони кенг, у курашлар, баҳслар, фикрлар, ғоялар майдонидир.
Алимурод Тожиев тайёрлади.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 10-сон