Низомиддин Маҳмудов. Сўзимиз рост ва расо бўлсин

Жамиятнинг маънавий-маърифий тараққиётида китоб дейиладиган туганмас хазинанинг ўрни фавқулодда улкан ва муҳташамдир. Башарият тамаддуни тарихининг турли босқичларида сопол, тош, пўстлоқ, тери ва ниҳоят, қоғоз каби турли ашёларда тартиб берилган китоблар инсониятнинг маънавий-ақлий оламига чироқ тутиб келганини яхши биламиз. Кишилик жамияти тарихан қўлга киритган билиму тажрибалар, инсон закоси яратган нодир кашфиётлар, бадиий тафаккури маҳсули бўлган сўз санъати дурдоналари, фозилу фузало, азизу авлиёларнинг комиллик, одиллик, муслимлик эшикларини очишга ундаш йўлидаги табаррук каломлари, жамиятлар тарихи саҳифалари ва шу каби ахборотлар барча-барчаси авлодлардан авлодларга китоблар орқали етиб боради.

Китоблардаги ибрат ёғдулари бизнинг кўнглимизга ёруғ ва муқаддас тушунчаларни олиб киради, уларни қалбимизга муҳрлайди. Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, “ҳар бир зиёлининг виждон иши бўлган маънавият, маърифатни тарғиб қилиш”да китобдан ўтадиган ўткир восита йўқ.

Шарқда, хусусан, бизнинг юртимизда босма сўзга, китобга ишонч-эътиқод, ҳурмат-эътибор азалдан мунтазам ва мустаҳкам бўлганлиги маълум. Тилимиздаги “китобий гап”, “китобий хулоса”, “рисоладагидай” каби ибораларда “тўғри, ҳаққоний, адолатли” каби маънолар мужассам бўлиб, бу маънолар китобга бўлган айни шу ишонч-эътиқод натижаси сифатида барқарорлашган. Ҳатто баъзан у ёки бу фикрнинг тўғрилиги, бирор ифоданинг аниқлигини жиддий далиллаш зарурияти туғилганда, “китобда шундай дейилган”, “фалон ­китобда шундай ёзилган” деган асосларга мурожаат қилиниши ҳам бежиз эмас, албатта. Китобхонларимизда ана шу ишончнинг собитлиги, бардавомлиги бениҳоя муҳим. Бу тушунчаларнинг муаллақлашмаслиги учун китобимиздаги фикр ҳам, айниқса, гапимиз ифодаси тиниқ ва тирик бўлмоғи шартдир. Ушбу ­талабларни уддалаш муаллифдан ­қанчалик маҳорату масъулиятни талаб этса, ноширдан ҳам шунчалик жавобгарликни тақазо этади.

Адиб, шоир, журналист маҳоратининг ибтидоси тилни тўғри ва бенуқсон қўллай билиш малакасидан, зийрак сўз сезгиси ва севгисидан бошланади. Ҳар қандай нашрнинг ягона қуроли сўздир, унинг мақсад-манзилга етиб бормоғи учун, аввало, ўзи соғлом бўлмоғи лозим. Айни сўзи ночор бўлган нашр таъсирсиз ва ҳатто яроқсиз бир нарсага айланади. Нашр бетаъсир бўлса, сўз увол, қоғоз увол, техника увол, меҳнат увол… Бунинг устига, китоб тилидаги, каттадир-кичикдир, ноқислик жамиятда тил дидсизлигига йўл очади, китобхоннинг нутқ маданиятини мўртлаштиради, унинг тирик она сўз туйғусини ўтмаслаштиради. Демакки, шахснинг маънавий-маърифий дунёсига дахл қилади.

Бизнинг буюк аждодларимиз нутқ зарофатига, тил маҳоратига, имло балоғатига бемисл эҳтиром ва эътибор билан қараганлар, бу хусуслардаги ҳар қандай сакталик уларнинг назаридан қочиб қутулмаган. Сўз ва саркардалик илмининг беназир билимдони Бобур ўғли Ҳумоюнга битган мактубида ана шу борадаги нодурустликларидан ёзғириб, қуйидагиларни ёзган: “Хатингни худ ташвиш била ўқуса бўладур, вале асру муғлақтур (жуда чалкашдир). Насри муаммо ҳеч киши кўрган эмас. Имлонг ёмон эмас. Агарчи хейли рост эмас, илтифотни “то” (ҳарфи) била битибсен, қулунжни “ё” (ҳарфи) била битибсен. Хатингни худ тавр қилиб ўқуса бўладур, вале бу муғлақ алфозингдин (чалкаш сўзларингдан) мақсуд тамом мафҳум бўлмайдур (тушунилмайди). Ғолибо хат битирда коҳиллиғинг (бўшлигинг) ҳам ушбу жиҳаттиндир. Такаллуф (ҳашамат, безак) қилай дейсен, ул жиҳаттин муғлақ бўладур. Бундин нари бетакаллуф ва равшан ва пок алфоз била бити: ҳам сенга ташвиш озроқ бўлур ва ҳам ўқуғувчиға” (Бобурнома. Т., “Юлдузча”, 1989, 321-бет).

Бугун юртимизда жуда кўплаб давлат ва хусусий нашриётлар фаолият кўрсатмоқда. Улар чиқараётган босма нашрларнинг аксариятида тилимизнинг ифода имкониятлари бўй кўрсатиб турибдики, буни мамнуният билан эътироф этмоқ керак. Аммо таассуф билан таъкидламоқ лозимки, мамлакатимизда айрим нашриётлар томонидан чоп этилаётган баъзи китобларни варақлаганда, “ўқуғувчиға фақат ташвиш” бўладиган думбул жумлаларга, матнда ўзининг тайинли жойини топа олмаган бежо сўзларга, бегона тафаккур қуюшқонидан озод бўлолмаган “ўзбекча” ифодаларга бот-бот дуч келиш мумкин.

Китобдаги сўз рост ва расо бўлиши, китобхонни ишонтириши, туйғуларига таъсир қилиши ёки, камида, бу туйғуларни қийнамаслиги шарт. Акс ҳолда, китобнинг сариқ чақалик қиммати қолмайди. Китоб бадиий бўладими, илмий бўладими, бундан қатъи назар, ундаги тил тугал, тил идроки интизоми учун ибрат мақомида бўлмоғи лозим.

Тил халқнинг бебаҳо мулки, ундан ҳар ким ҳар куни ҳар қадамда фойдаланади, аммо бу тилнинг темир қонуниятларини ҳар ким ҳам, албатта, билаверади, дегани эмас. Математика ёки физикадаги қонуниятларни билиш учун қанчалик махсус тайёргарлик зарур бўлса, тилдаги теран ва таранг қонуниятларнинг мағзини холис чақиш учун ҳам шунчалик тайёргалик, хабардорлик зарур эканлигини унутмаслик лозим. Тил илми ер юзидаги энг қадим фанлардан биридир.

Ўзбек тилига фамилия сўзи кириб, ўзлашиб бўлган, унга ўзбекча муқобил ахтариш кераксиз юмуш. Лекин қайсидир бир “тил билимдони”нинг “ихтироси” билан бу сўзга шариф деган муқобил топилибди, баъзи мундоқроқ иш юритувчилар томонидан тайёрланган босма қайдномаларда “И.Ф.” (исми, фамилияси) ўрнида ҳатто “И.Ш.” (исми, шарифи) тарзида ёзиш ҳам бошланибди. Бу “ихтирочи”лар билмайдиларки, эски ўзбек матнларидаги исми шарифи (исми шарифингиз) ибораси “исми, фамилияси” дегани эмас, балки “шарафли, шарафланган исми” дегани бўлади, мазкур иборани тушунмаслик оқибатида улар қош қўяман деб кўз чиқарганлар. Бу дўсти нодоннинг ишидир, яъни ўзбек тилининг софлигини сақлаш учун қайғуриш эмас, балки ўзбек тили қонуниятларини бузишнинг ўзидир. Бундай сакталик ҳақида кўп айтилди, лекин ҳали-ҳамон, таассуфки, ундан қутулиб бўлингани йўқ.

Илгарироқ таниқли адиблардан бири “адабиёт” сўзининг қорақалпоқ тилидаги “адаб” ва “ыят”(уят) сўзларидан таркиб топганлигини асослашга уринган эди. Яқинда бошқа бир мутахассис ўзбек тилидаги “адабиёт” сўзининг ўзаги “ада” (дада, ота) эканлигини адабиётнинг асосий вазифаси тарбия, панддан иборатлигига, тарбия бериш эса кўпроқ отанинг вазифаси бўлганлигига асосланган ҳолда исботлашга ҳаракат қилди. Тил илмининг алифбосидан хабардор одам “адабиёт” сўзининг арабча эканлигини, унинг на “уят” сўзига, на “ада” сўзига ҳеч қандай дахли йўқлигини яхши билади. Ёки бир китобда араб тилидан ўзлаштирилган “тилсим” сўзининг ўзаги ҳақиқатга мутлақо зид ўлароқ туркий “тил” сўзи эканлиги “асосланади”. Босма сўз шаклида тақдим этилган бундай янглиш фикрлар, табиийки, одамларни чалғитади, маърифатга хизмат қилмайди.

Ўзбек тили асоссиз улуғлашлар, сохта ҳамду саноларга муҳтож эмас. Бу тил ер юзидаги энг қадимий ва бой тиллардан бири эканлиги ўзимизда ҳам, хорижда ҳам мутахассислар томонидан холис эътироф этилган. Кейинги йилларда, таассуфки, мутахассис бўлмаган “ҳаваскор тилшунос”ларнинг ўзбек тилининг қадимийлиги, бойлиги, дунё тилларидаги аксарият сўзлар шу тилдан олинганлиги ҳақидаги ноилмий фикрлари айрим хусусий нашриётлар томонидан китоб шаклида тақдим этилмоқда. Биргина мисол. 2012 йили “Chashma print” нашриётида чоп этилган “Т” товушининг товланиши. Тамаддун тахтиравонидан тўсатдан топилган товуш тилсими тафсилоти тўғрисида тазкира (эссе)” китобидан олинган қуйидаги айрим фикрларнинг ­тўғри-­нотўғрилиги ҳақида гапириб ўтириш ҳам ортиқча:

“Мен тарихчи ҳам, филолог ҳам эмасман… Аммо асарни яратиш бобида тилшунослик ва тарих фани бўйича бир неча мустақил хулосаларга келдим. Биринчиси, икки талаба шогирдим билан ўзбек тилшунослиги тарихида ҳали қилинмаган бир ишни қилдик. “Ўтмоқ” феълининг 175.400 та шаклини ясадик. Қўйиб берса, бу шаклларни 500.000 тага ҳам етказиш мумкин эканлиги ҳақида хулосага келдик. Бу нимадан далолат беради? Бу ўзбек тилининг қадимийлигидан далолатдир… Мен ушбу асаримда ҳинд-европа тиллари оиласига кирувчи европа халқлари тилларидаги асосий элементлар қадимги туркий тилдан олинганлиги ҳақидаги ғояни илгари сурмоқдаман” (4-бет). “Киев” сўзининг келиб чиқиш этимологияси “қия + эв” сўзлари қўшилувидан ташкил топади… Кишинев… унинг этимологияси туркийча “қишки + эв”дир” (26-бет). “…Европаликлар тилидаги “Альберт” бизнинг тилда деярли “Алпомиш”дир!!!” (56-бет). “Энди “Европа” сўзининг ўзи ҳам “Ойропа” дейилади. Туркий ўзак билан ўқилса, бу сўз “Ой”, “Эр”, “Алпа” сўзларидан ташкил топганлигини кўриш мумкин” (59-бет). “Англиядаги “Оксфорд” сўзида ҳам бизнинг, нафақат бизнинг, балким жуда кўп халқларнинг жаҳонгир бобоси Ўғизхон номи мужассам”(65-бет). “…Арабча “жасур” – ғоят мард, қўрқмас маъносини беради, яъни “жа” бўғини бизнинг тилда “ғоят” сўзини беради”(79-бет). “Гетман “манғит”нинг тескари талаффузи…” (84-бет). “Бизнинг тилимизда “инглиз” уларнинг тилида “инглиш” дейилади. Қадимги туркий тилда “инг” – энг, олий, “л” –эл, “иш” – аш, ботир ёки дўст, яъни “энг мард” ёки “дўст эл” маъносида бўлиши мумкин” (102-бет)… Бундай нозик хусусларда жўяли фикр билдирмоқ учун филологиянинг, ҳеч бўлмаганда, алифбосидан хабардор бўлмоқ шарт.

Адабиёт сўз санъати эканлиги жуда эски ҳикмат. Унда сўз ўзининг бор бадиий синоатларини намоён этмоғи тамал талаблардандир. Бизнинг адабиётимизда бундай талаблар тамоман адо этилган бадиий дурдоналар бениҳоя кўп. Аммо бадиийлик деган тушунчани мулзам қиладиган, тил ноқислиги манаман деб турадиган, сифатсиз нутқ намунаси деса ҳам бўлаверадиган баъзи асарларнинг китоб шаклини олаётганлиги таассуфланарли эканлигини айтмаслик мумкин эмас. Кўп мисолнинг ҳожати йўқдир, “Паймона” деган бир романдан олинган қуйидаги айрим парчалар бу фикрни далиллайди: “Зарифа холанинг учала ўғли, битта ота-онадан бунёд бўлишларига қарамай, бири бирига мутлақо ўхшашмайди” (3-бет). “Ёдгор … яна институтга кирди, аммо ўқишга ҳафсаласи бўлмади, ташқи бўлимга ўтди” (4-бет). “Карим аканинг қалби жунбишга тушган, ҳаяжони қувончли эди”(9-бет). “Қудрат у пайтлари ичкуёв бўлса-да, биринчи фарзанди туғилган… эди”(9бет). “Қиз шўрлик ҳам, ота-онаси ҳам иснод чекишмайди ” (15-бет). “…оламшумул кашфиётлар ихтиро қилишган” (17-бет). “Қудрат ака укасини тандир панасига имлаб, хўб танбеҳини берди” (20-бет). “Тўйни кечиктирилса, укаси ҳар кўчага кириб кетиши… мумкин” (23-бет). “Ким унинг мушугини кишт дея олади?” (24-бет). “Унинг елкаси ортидан осилиб тушган бир ўрам қора сочи арқондек йўғон, илондек оғир эди”(27-бет). “Машина пастга тушиши билан қоронғи бошланди” (31-бет). “Ёдгор акасига дарҳол телефон қоқди” (42-бет)… Бундай жумлаларнинг бадииятга дахлсиз эканлигини, уларда ўзбек тилининг ҳатто грамматик, мантиқий-мазмуний қоидаларига мутлақо амал қилинмаганлигини, сўз сезгисининг бениҳоя ночорлигини исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Улардаги лисоний-мантиқий нотамомликларни оддий китобхон ҳам бир қарашда сеза олади.

Босма нашрлар, катта-кичик китоблар тилининг рост ва расо бўлиши, уларда минг йиллик тилимизнинг тўғрилиги ва тароватини тўлиқ акс эттириш учун муаллифлар ҳам, муҳаррирлар ҳам масъулиятни ҳамиша ёдда тутмоқлари зарурдир. Тилга тинимсиз эътиборни элга мунтазам эътибор деб билган бурунги улуғ боболаримизнинг бугунги фаросатли фарзандларининг сўз сезгисини асраш, парваришлаш эҳтиёжи, юртимизда маънавий-маърифий тарбияга берилаётган фавқулодда эътибор ана шуни талаб этади.

Низомиддин Маҳмудов,

филология фанлари доктори, профессор

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 2-сон