Жаҳон адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган ёзувчиларнинг ҳам, асарлари кичикроқ давраларда севиб ўқилган қалам аҳлининг ҳам шаклланишида адабий муҳитнинг таъсири оз эмас. Ёзувчи қай даражада истеъдодли бўлмасин, дунёқарашининг шаклланиши ва бадиий маҳоратининг камол топишида нафақат у таҳсил олган ўқув масканлари, балки у дахлдор бўлган адабий муҳитнинг аҳамияти ғоят катта. ХХ асрнинг 10-йилларида шеърият, драматургия ва насрда озми-кўпми машқ қила бошлаган Абдулла Қодирийнинг 20-йиллар арафасида “Ўтган кунлар” романини ёзишга киришиши ва 20-йилларнинг ўзидаёқ икки буюк романни яратиши ажабтовур ҳодиса. 1913 йилда “Садои Туркистон”, “Самарқанд” газеталари ва Татаристонда чоп этилган вақтли нашрларга кўзи тушгунга қадар деҳқончилик, тоқичилик ва приказчиклик билан машғул бўлган, 1917 йил феврал инқилобидан кейин ҳам бир неча йил халқ милицияси ва озиқ-овқат комитетида хизмат қилган йигитнинг 1918 — 1919 йиллардаёқ роман жанрига қўл уриши бахтли тасодифми? Ёки у шу йилларга қадар Тошкентдаги “адабий” ҳаводан нафас олиб, ўзини романнависликка чоғлаб-тайёрлаб келганми? Афсуски, бундай саволларга Қодирий ҳақидаги на илмий, на мемуар адабиётдан жавоб топамиз.
* * *
ХIХ аср охири — ХХ аср бошларида Тошкентдаги адабий-маданий ҳаёт асосан “Кўкалдош”, “Беклар беги”, “Бароқхон”, Абул Қосим, Хўжа Аҳрор мадрасаларида, шунингдек, айрим чойхона, дўкон ва хонадонларда кечган. Дастлабки икки мадрасанинг мавқеи ғоят баланд бўлган. “Кўкалдош”да машҳур тошкентлик хаттот, “Тиғбандий” тахаллуси билан шеърлар ёзган Шоҳмурод котиб (1850 — 1922), шоир Қосимхон тўра Музтариб (1858 — 1944), “Беклар беги”да “Қашшоқ Мулла” номи билан танилган Раҳимхўжа Хатмий (1835 — 1908), “Бароқхон”да эса машҳур бедилхон Алоуддин Фунуний (1861 — 1932) мударрислик қилишган ва улар атрофида олиму фозиллар, хонандаю машшоқлар, шеърият муҳиблари ҳамиша гавжум бўлишган. 1890 йилда Фурқат, 1899 йилда Муқимий Тошкентга келганларида “Кўкалдош” мадрасасида туриб, Каримбек Шарифбек ўғли Камий (1865 — 1922), Қодир қори Рамизий (1861 — 1943), Афандихон маҳзум Ахтарий (1870-1946) каби шоирлар билан самимий суҳбатлар қуришган. Бу, Саидҳайбатулло Хислат (1880 — 1945) билан Мулла Қўшоқ Мискин (1884 — 1934)нинг “Кўкалдош” дарвозаси зулфини эндигина қоқиб келаётган йиллари эди.
“Кўкалдош”да, — деб ёзган эди профессор Б.Қосимов “Миллий уйғониш” китобида, — 90-йилларда муайян давра қарор топган эди. Фурқат унинг иккинчи қаватидаги кунгай бет ҳужралардан бирида тўққиз ойча истиқомат қилган. Бу ерда машҳур Муқимий ҳам кўп бўлган, 1899 йилнинг ёзида Тошкент сафари пайтида бир муддат яшаган ҳам… Бу даврада Тошкентнинг машҳур хонандаю созандалари ҳам иштирок этардилар. Жумладан, довруқли Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов уларга ҳомийлик қиларди. Асримиз бошларидаги жуда кўп баёз ва тўпламларда улар ҳамкорлигининг самараси сифатида майдонга келган ўнлаб шеърларни учратамиз”.
Агар 90-йилларда “Кўкалдош” мадрасасининг довруғи баланд бўлган бўлса, ХХ аср бошларида “Беклар беги”нинг рутбаси юқори кўтарилди. Эски Жўвадаги “Турон” кутубхонасидан “кунчиқар томонга кўтарилишда жойлашган, нақшин дарвозаси кунботарга қараган, икки қаватли ҳужралари шимолу жанубга чўзилган бу илм ўчоғи”нинг ҳужраларидан бирида Муқимий, Фурқат ва Тошхўжа Хўжандийнинг қадрдон дўсти Камий домла ғарибона турмуш кечирган. Ҳужраларнинг бошқа бирида эса Шайх Саъдий “Гулистон”ини шу йиллари ўзбекчага ўгирган Муродхўжа домла истиқомат қилган. “Кўкалдош”да бўлганидек, Тўйчи ҳофиз сингари машҳур санъаткорлардан ташқари, назм ва наво шайдоларининг ҳам оёқлари бу ердан узилмаган.
Бу ва бошқа мадрасаларнинг ҳужраларида тошкентлик маърифатпарвар шоирларнинг ғазал ва мухаммаслари яратилган. Улар бедилхонлик, навоийхонлик, фузулийхонлик оқшомларида устоз шоирларнинг бадиий маҳорати, теша тегмаган ташбеҳлари ҳақида тонготарга қадар баҳслашиб, ягона адабий ва илмий ҳақиқатга келишга уринганлар. Яратилган янги дилрабо ғазаллар ҳофизларда катта қизиқиш уйғотган, шу ғазалларга басталанган куй ва ашулалар навбатдаги гурунгларда завқ-шавқ билан ижро этилган.
Шу йилларда шакллана бошлаган Тошкент адабий муҳитида Каримбек Камийнинг ўрни ғоят катта эди. Унинг “Беклар беги” мадрасасидаги файзиёб ҳужрасида Хислат, Мискин, Сидқий Хондайлиқий сингари шоирлар устоздан сабоқ олиб, бадиий ижод пиллапояларидан секин-аста юксалиб боришган. Мўминжон Муҳаммаджонов-(Тошқин)нинг “Турмуш уринишлари” китобида ёзилишича, Хислат ХIХ асрнинг 90-йилларида Каримбек Шарифбек ўғли Камий билан танишган. “Бу одам, — деб ёзган у, — шоир Камий Муқимий ва Фурқат баробаридаги бир шоир эди. Шоир Хислат мавлоно Камийнинг фазлу балоғатини билганидан кейин уни биринчи устоз сифатида ушлаб олди. Қаерга борса, бирга борди, ширин-ширин ва бамаъни суҳбатларидан сира ажралгиси келмас ва бир кун суҳбатлардан ажралса, ўзини жонсиз танадек ҳисоблар эди. Ғоятда нозик табиатли бу устоз Хислатни ихлосига яраша тарбия қилар, шеър ва ғазаллар айтиш йўлларидан баъзи билмаган нуқсонларини ўргатар ва ўша замоннинг адиб ва шоирлари билан уни таништирар эди”.
Нафақат Хислат, балки Мискин ва Тошқин сингари жадид шоирлари ҳам Камийнинг шогирдлари эди. “Мен, — деб давом этган М.Муҳаммаджонов, — бу мадрасага келганимдан кейин Камий… билан танишиб, бориш-келиш алоқасида бўлдим. Мулла Камий, мадраса тили билан айтганда, табиати жуда юқори илҳомий… дунёдан кечганлигини даъво қилиб юрган бир шоир эди”.
Хотиранависнинг бу сўнгги сўзлари Камийни таркидунёчиликка ружу қўйган, узлатга чекинган киши эмас, балки кўзига шеъриятдан бошқа нарса кўринмаган, яшаш маъносини фақат бадиий ижоддан, шеъриятдан топган шоир, деб тушуниш тўғрироқ бўлади.
А.Авлонийнинг “Таржимаи ҳоли”дан маълум бўлишича, 1904 йилда Тошкентда яширин “жадидлар тўдаси” ўз ишини бошлаган. 1909 йил 12 майда Мунаввар қори Абдурашидхонов, Мулла Абдулла Авлонов (Авлоний), Баширулла Асадиллахўжаев, Тошҳожи Туёқбоев, Низом қори Ҳусанов муассислигида “Жамияти хайрия” ташкил этилган. Мазкур жамият бир йил кейин Бухорода тузилган “Тарбияи атфол” жамияти билан бирга истеъдодли ёшларни хорижий мамлакатларга ўқишга юборишдек ўта хайрли ишни бошлаб юборади. 1913 йили эса М.Абдурашидхонов, А.Авлонов, Б.Асадиллахўжаев, шунингдек, Убайдулла Асадиллахўжаев, Комилбек Норбеков, Муҳаммаджон Пошшахўжаев, Каттахўжа Бобохўжаев, Низомиддин Асомиддинхўжаев муассислигида “Турон” жамияти, 1914 йили эса М.Абдурашидхонов, А.Авлонов, М.Пошшахўжаев, Тўлаган Хўжамиёров (Тавалло) ва бошқалар муассислигида “Нашриёт” ширкати ишга тушади. Бу маърифий ташкилотларнинг тузилиши, бундан аввалроқ эса янги усул мактабларининг очилиши, ўзбек тилида қатор газеталарнинг босила бошлаши Туркистонда бир маромда кечаётган ҳаёт денгизини тўлқинлантириб юборади.
Тошкентлик шоир ва ёзувчилар “Ал-Ислоҳ” журналида, “Тараққий”, “Хуршид”, “Шуҳрат”, “Тужжор”, “Осиё”, “Садойи Туркистон” газеталарида ўз асарларини чоп этиш имконига эга бўладилар. Айни пайтда китоб нашр қилиш ишлари йўлга қўйилиб, турли-туман баёз ва мажмуалар чоп этила бошланади.
Шубҳасиз, мустамлака шароитида яшаган Туркистонда бу ишларни амалга ошириш осон бўлмади. Масалан, газета учун қоғоз ва араб ҳарфларини топишдан, уларни бошқа шаҳарлардан олиб келишдан ташқари, вақтли нашрларнинг ҳар бир сони чор охранкаси — муҳофиза идорасининг назоратидан ўтар ва баъзан арзимаган баҳонаи сабаб билан бу нашрларга катта жарима солинар ёки ёпиб қўйилар эди. Чор цензурасидан ташқари, мутаассиб руҳонийлар ҳам жадид газеталарида босилган материалларни диққат билан кузатишар ва “дид”ларига мос келмаган мақолалар туфайли у ёки бу нашрни ёпиш чораларини кўришарди.
А.Авлонийнинг рафиқаси Саломат Исломованинг “Меҳри дарё эдилар” сарлавҳали хотирасида шу масалага оид қизиқ бир факт келтирилган. У ўз хотирасида хонадонларидаги самимий муҳит ҳақида сўз юритгач, бундай ёзган: “Уйимиз сермеҳмон бўларди. Домла қувноқ ва ҳикоячи эдилар, жуда кўп шеър ва ҳикояларни, “1001 кеча”, “Калла ва Димна” кабиларни ёд билардилар. Чолғумиз ҳам бор эди. Уйимизга бошқа шаҳарлардан ҳам одамлар келиб туришарди. 1914 йилимикан, Бокудан 3 киши келди. Шоп мўйлов, тўладан келган бировини Жалил Мамадқулизода дейишди. Домла (Авлоний — Н.К.) 2 – 3 йил кейин Бокуга бориб, шулар ёрдамида газета учун ҳарф олиб келган эдилар.
Яхши эслайман. Бир куни уйга жуда паришон ҳолда қайтди. Ўртоқлар йиғилишди. Ҳаммалари Мунаввар қорини гапиришар, домла эса қандайдир маслак ҳақида жон куйдириб тушунтирарди. Кейин билсам, “Шўрои ислом” ва “Уламо” жамиятлари қайси бир иш хусусида домла муҳаррирлик қилаётган “Турон” газетасини ноҳақ тўхтатишган экан”.
Адиб рафиқасининг бу сўзларига изоҳ бермай илож йўқ. “Турон” газетаси 1913 йилда чиқа бошлаган ва унинг муассислари орасида, Авлонийдан ташқари, М.Абдурашидхонов ҳам бўлган. Ижтимоий-маърифий дастури билан Авлонийга яқин бўлган Абдурашидхоновнинг (у “Шўрои ислом” жамиятининг раиси бўлган) мазкур газетанинг ёпилишига сабабчи бўлиши асло мумкин эмас.
10-йилларда “Турон” жамиятининг майдонга келиши Тошкентнинг маданий ҳаётида беназир воқеа бўлди. А.Авлоний ва М.Абдурашидхонов раҳбарлигида вужудга келган бу жамият қошида театр труппасининг тузилиши, бир томондан, ўзбек адабиётида драматургиянинг, иккинчи томондан эса, театр санъатининг туғилишига сабаб бўлди.
1914 йил 27 феврал “Турон” жамияти тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган. Шу куни Тошкентнинг 2000 кишилик “Колизей” театри томошабинлар билан, айниқса гавжум бўлган. Нафақат томоша зали, балки залга кирадиган йўлаклар ҳам одамлар билан тирбанд. Тошкент жадидлари сарвари М.Абдурашидхоновнинг театр санъати ҳақидаги машҳур нутқидан сўнг парда кўтарилиб, М.Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси асосида яратилган спектакл намойиш этилган. Мазкур спектаклнинг намойиши, Туркистонда янги театр санъатининг туғилиши Тошкент зиёлиларини ларзага келтирди.
Ушбу спектакл премерасини кўрган томошабинлар орасида А.Қодирийнинг бўлгани ҳақида бирор маъумот йўқ. Аммо Беҳбудий драмасининг 1913 йилда чоп этилган нашри билан танишиш дастлабки асарлари эндигина “Садои Туркистон”, “Самарқанд” газеталарида чиқа бошлаган адибни ҳайратлантириб юборди. Адиб 1926 йили бўлиб ўтган суддаги нутқида шу ҳақда бундай деган эди: “1913 йилларда чиққан “Падаркуш” пиесаси таъсирида “Бахтсиз куёв” деган театр китобини ёзиб юборғонимни ўзим ҳам пайқамай қолдим”. Агар “Бахтсиз куёв”нинг 1915 йилда ёзилиб, шу йили Туркистон генерал-губернаторлиги қошидаги босмахонада чоп этилганини эътиборга олсак, адибнинг мазкур спектакл намойишида иштирок этгани шубҳа уйғотмайди.
Чамаси, адиб шу воқеадан кейин ва шу воқеа таъсирида “кўнгилли милиция” таркибида хизмат қилган 1917 йилда “Турон” жамиятига аъзо бўлиб киради ва қисқа вақт жамият ҳаётида қатнашади.
1917 йил феврал ва октябр воқеаларидан кейин чор ҳокимиятининг тарих саҳнасидан кетиши билан Туркистондаги ижтимоий ҳаёт асослари остин-устун бўлиб кетди. Тошкент адабий муҳитини ташкил этган шоирлар эрк ва ҳуррият ғояларини баланд пардада куйлай бошладилар. Уларнинг бир қисми эса большевикларнинг ёлғон ваъдаларига учиб, советлар томонига ўтди. Шу йилларда “Турон” жамияти базасида вужудга келган “Турон” кутубхонасининг ташаббуси билан Тошкент шоирларининг эрк ва ҳуррият ҳақидаги шеърлари варақа тарзида чоп этилиб, тарқатила бошланди.
Камийнинг “Муҳиббий” тахаллуси билан шеърлар битган шогирди Абдумажид Ҳусанов устози ҳаётининг шу даврини эслаб ёзган эди: “Инқилоб арафасида мавлоно Камий касалликка чалиниб қолди. Янги замонни ашъори таронага солиш билан бирга янги мактаблар очиб, кутубхоналар ташкил этиш борасида кўп жаҳду жадал қилди. Хусусан, “Турон” кутубхонаси устознинг саъй-ҳаракати билан бунёд бўлган. Кутубхона атрофига Хислат, Мискин, Мўмин кофир, Сидқий Хондайлиқий сингари қаламкашларни жалб қилиб, замона таронасида ғазаллар битиб, алоҳида адабий варақалар чоп этишни ташкил қилиб, 1918 — 22 йиллар мобайнида бир неча ашъорий варақалар тарқатилгани аниқ эсимда”.
Тошкент мадрасалари, чойхона ва хонадонларида, кейинчалик эса кутубхоналарда кечган шундай шеърхонликлар, бедилхонликлар, адабий гурунглар Қодирий яшаб нафас олган адабий муҳитнинг таркибий қисмларидир. Гарчанд Қодирийнинг ўзи ҳам, фарзанди Ҳ.Қодирий ҳам адибни шу ажойиб муҳит билан боғловчи ришталарни бирор жойда тилга олмаган бўлсалар-да, у шу муҳитдан узоқ бўлмаган. Бу фикрни, ўйлаймизки, Ҳ.Қодирий хотираларидаги қуйидаги лавҳа ҳам тасдиқлайди. Хотиранавис отасини назарда тутиб ёзади: “Қай бир вақт Жосият бибим ва Раҳимберди амакимларнинг “Қўшоқбойникига бордим”, “Қўшоқбойни кўрдим, салом айтди”, деган сўзларини эшитганим эс-эс ёдимда. Бувма холанинг ўғли Мурод амакининг… айтишларича, Қўшоқбой ака (шоир Мискин) бизга қариндош, яъни Хосият холанинг ўғли экан.
— Шоир Мискин бизга холавачча эди, — дейдилар Мурод амаки, — уни “Қўшоқ домла”, “Қўшоқ баққол”, дейишарди. Ўзи Девонбеги маҳаллалик, ўртабўй, қорача юзли, қора соч-соқолли, келишган киши эди. Қўшоқ домланинг Баландмасжидда бир боққоллик дўкони бўлиб, озиқ-овқат ва ем, беда сотарди. Кейинги вақтларда Кўкалдош мадрасаси ёнидаги майизбозордан бир мева дўкони очган эди. Биз ёшлик пайтларимизда Қўшоқ аканинг уйларига тез-тез борардик… Қўшоқ домла дўконига доим муллалар йиғилишиб, суҳбат қуриб ўтиришарди. Кўпинча улар масала талашиб, баъзан уришиб ҳам кетишарди (таъкид бизники – Н.К.)…
Шоир Мискин даставвал, эҳтимол, ёш Қодирийга озми, кўпми ўз таъсирини кўрсатган, шеъриятга ҳавас уйғотган бўлиши мумкин. Ахир Қодирийнинг илк ижод чоғларида шеърлар машқ қилгани маълум-ку.
Раҳбар ойим дер эдилар (1918 — 1919 йиллар — Ҳ.Қ.), шоир Камий домла бизникига тез-тез келиб турарди. Камий домла кексайганроқ киши эди. У баъзан аданг билан, баъзан ўзича аста кириб келарди. Домла эшикдан кўриниши билан уйдагилар: “Абдулланинг ўртоғи келаяпти”, деб кулишар эди. Камий домла меҳмон бўлиб, аданг билан суҳбатлашиб, китобхонлик қилиб қайтар эди. Аданг уни жуда ҳурмат қиларди”.
Қодирийзода қариндош-уруғларнинг бу хотиралари, бизнингча, “Ўтган кунлар” муаллифи билан Тошкент адабий муҳити ўртасида муайян алоқа бўлган, деган фикрни тасдиқлаши мумкин.
Адиб билан Тошкент шоирлари ўртасидаги адабий алоқа тўғрисида сўз борганда, Ҳ.Қодирий хотирасидаги яна бир лавҳани келтириш лозим кўринади. У отасининг 1917 йилгача ёзган асарлари тўғрисида баҳс юритар экан, “Тешабой ямоқчи билан Ойниса бойвучча” деган саҳна асарини тилга олиб, бундай ёзган: “Бу сўнгги асар тўғрисида бирор из, ёзма маълумот қолмаган. Фақат бу комедиянинг Қодирий ёзганлиги, саҳнага қўйилгани ва мазмуни ҳақида Раҳимберди амаким шундай маълумот берган эдилар:
— Ҳали инқилоб бўлмаган эди. Кузак пайтлар бўлса керак, Абдулла бир кун: “Ака, юринг, бугун менинг ёзган пьесам ўйналади, томоша қилинг”, деб мени Тожи хўжайиннинг мўрчаси ёнига (ҳозирги Свердлов театри биносига) бошлаб борди. Саҳнада ўйнаган таниш артистлардан Ғулом Зафарийни эслайман. Театрни кўриб кула-кула қайтганман”.
Ҳ.Қодирий бу пиесанинг сюжетини ҳам анчагина муфассал баён қилган.
Аммо илмий изланишлар шундан шаҳодат берадики, бу хотирада тилга олинган комедия “татар турмушидан ўзбек турмушига татбиқ” қилинган асар бўлиб, унинг асл муаллифи номаълум. Аммо ўзбек саҳнасида “Топилған нарса” номи билан қўйилган бу асарнинг табдилчиси, аниқроғи, таржимони Ғози Юнусдир.
Раҳимберди амаки берган маълумотнинг биз учун аҳамиятли томони шундаки, биз шу хотира орқали Қодирийнинг, биринчидан, театр санъатига қизиқишда давом этгани ва “Колизей”да саҳналаштирилган айрим спектаклларни бориб кўргани, иккинчидан эса, унинг бундай “маданий сафарлари”га Ғози Юнус сингари дўст-ёрлари сабабчи бўлганидан хабар топамиз.
Ҳ.Қодирий “Отамдан хотира” китобида адибнинг яқин жўралари тўғрисида сўз юритиб, яна бундай маълумотни берган: “Совунбозор қаторида Ҳожи сартарош исмли дўсти бор эди. Унинг сартарошхонаси кенггина, унда икки-уч киши ишлар эди. Ҳожи сартарош эллик-олтмиш ёшларда, баланд бўй, бароқ қош, қора соқол, салмоқлаб сўзловчи, кўпни кўрган, дунё кезган киши эди…
Ҳожи сартарош, билмадим, шоиртабиат бўлганиданми ёки унинг ҳалигидек саргузашт ҳикояларни тинглаганиданми, ҳар ҳолда унинг дўконида кўпинча шоир, ёзувчилар тўпланишиб, суҳбат қуриб ўтиришганини кўрардим. Масалан, унда шоир Тавалло, Хислат ва Ғози Юнусларни кўрганман.
Тавалло бизнинг уйга бир неча бор келган… У дутор чалар, дадам билан сенсираб сўзлашар эди.
Шоир Хислатни мен биринчи бор шу сартарошхонада таниганман”.
Ҳ.Қодирийнинг бу ва аввалги хотиралари адиб билан тошкентлик шоир ва ёзувчилар ўртасида доимий яқинлик бўлганидан далолат беради. Шубҳасиз, шундай яқин алоқада бўлган ижод аҳлининг замон ва адабиёт ҳақида суҳбат қурмаслиги, бир-бирларининг янги асарлари ҳақида баҳс-мунозаралар қилмаслиги мумкин эмас.
Юқорида Мискин ҳақида айтилган сўзларни яна давом эттириш тақозо этилади. Шоирнинг замондоши Риҳситилло бобо унинг Баландмасжиддаги дўкони ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашиб, бундай деган: “У ўз дўконида доим шоирлар билан суҳбатлашиб ўтирар, ёзган шеърларини уларга ўқиб бериб, камчиликларини тузатишга ҳаракат этарди. Унга Тошкентнинг машҳур шоирларидан мавлоно Камий кўмаклашди, ижодига чин юракдан ёрдам берди”.
Тахмин қилиш мумкинки, Мискиннинг Баландмасжиддаги шоирлар йиғилиб турадиган шу дўконига Қодирий ҳам келиб, адабий суҳбатларда иштирок этиб турган.
Атоқли адабиётшунос Ҳамид Сулаймоннинг “Отам ҳақида” (“Кино” журнали, 1966 йил, 11-сон) сарлавҳали хотирасидан маълум бўлишича, ўзбек кино санъатининг асосчиларидан бири Сулаймон Хўжаев Абдулла Қодирий ва Ғулом Зафарий билан мадрасадош бўлишган, бир-бирлари билан учрашиб, гурунглашиб туришган.
Маълумки, Ғ.Зафарийнинг боғ ҳовлиси адиб яшаган Эшонгузар маҳалласида эди. У адибга ижодкор сифатидагина эмас, балки улфат, гапхўр сифатида ҳам яқин бўлган. Ҳатто унинг онаси ҳам адиб хонадонининг азиз кишиларидан бўлган. “Ғулом Зафарийнинг онаси (биз уни “қўқонлик ойи” деб атар эдик) эса, — деб ёзади Ҳ.Қодирий, — Жосият бувим билан тенгдош, ўртоқ, борди-келдилари қуюқ эди. “Қўқонлик ойи” ҳам жуда мулойим, хушмуомала, ширин суҳбат, Қўқон ҳаётини, хонлар замонини яхши билувчи, уни бизга ҳикоя қилиб ўтирувчи аёл эди (таъкид бизники – Н.К.)”.
Бу ҳар икки хотирага асосланиб айтиш мумкинки, Қодирий юқорида муборак номлари тилга олинган шоирлардан ташқари, бўлажак шоир ва драматург Ғ.Зафарий билан ҳамҳужра бўлибгина қолмай, улар билан яқин ижодий алоқада яшашда давом этган. Жосият буви билан “қўқонлик ойи” ўртасида “борди-келди”нинг ўрнатилиши ҳам яқинликнинг самарасидир. Ким билади, балки Қодирийда “Ўтган кунлар”ни ёзиш ғоясининг пайдо бўлишида нафақат отасидан эшитган хотиралар, балки “қўқонлик ойи” билан қўқонлик Ғ.Зафарийдан эшитган ҳикоятлар ҳам туртки бергандир?!.
Юқорида баён қилинган фикрлар ХIХ аср охири — ХХ асрнинг биринчи чорагида Тошкентда соғлом адабий-ижодий муҳит бўлганидан ва бу муҳит турли шаклда ва турли жойларда давом этганидан шаҳодат беради. Айтиш мумкинки, Абдулла Қодирий, шак-шубҳасиз, шу адабий муҳитдан озиқланди ва шу муҳит адиб ижодининг шаклланишида муайян аҳамиятга молик бўлди.
Наим Каримов,
филология фанлари доктори, профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 43-44-сонларидан олинди.