Халқлар ва адабиётлар ўртасида дўстлик алоқаларининг ўрнатилиши ва камол топишида ёзув маданияти, хусусан араб ёзуви яқин-яқингача ғоят катта роль ўйнаб келган. Бу ёзувнинг асосан ундош товушларни ифодаловчи ҳарфларга асосланганлиги шу ёзувда битилган китобларнинг Ўрта Осиё, Кавказ ва Волга бўйларида яшаган барча туркий халқлар томонидан ўқилишига имкон берган. Шу бахтли имконият туфайли ўзбек зиёлилари И.Гаспринский, Ш.Маржоний, Ҳоди Тоқтош, Ҳусайн Жовид сингари машҳур маърифатпарварлар, шоир ва ёзувчилар ижоди билан танишган бўлсалар, улар вакиллари бўлган халқлар ХХ асрнинг 20-30-йилларида буюк ўзбек адибининг “Ўткан кунлар” романини ўқиш саодатига муяссар бўлишган.
Нақл қилишларича, Абдулла Қодирий бир гуруҳ қаламкаш биродарлари билан бирга 1936 йилнинг ёз ойларида Қозонга ижодий сафар билан борганида, “Ўткан кунлар”нинг татар китобхонлари ўртасида ҳам машҳур бўлганини ўз кўзи билан кўриб, ҳайратга тушган.
Энди гапнинг “бисмилло”сига қайтсак.
ХХ асрдаги ўзбек адабий алоқалари тарихидан шу нарса маълумки, 1928 йилнинг ёз ойларида Зиё Саид, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон каби ўзбек ёзувчилари Қозонга бориб, татар ҳамкасблари ва китобхонлари билан илк бор учрашишган, ижодий мулоқотда бўлишган. Шу ижодий сафар қардош ёзувчилар ва китобхонларда яхши таассурот қолдиргани боис мезбонлар 1936 йил ёзида яна ўзбек биродарларини Қозонга таклиф қилишган.
“Красная Татария” газетасининг 1936 йил 16 июнь сонидаги маълумотга қараганда, 14 июлда Қозонга Шокир Сулаймон (делегация раҳбари), Ғафур Ғулом, Абдулҳамид Мажидий, Амин Умарий ва Матёқуб Абдуллаевдан иборат ўзбек ёзувчилари поездда етиб келишган. Уларни Татаристон Ёзувчилар уюшмаси раиси Ярмий, ёзувчилардан Усмонов, Тўфон, Хонжамил, шунингдек, татар опера студияси артистлари тантанали вазиятда кутиб олишган. Татаристон Республикаси Миллий архивидаги Татаристон Ёзувчилар уюшмаси фондида сақланаётган маълумотномадан аён бўлишича, Қодирий 8 августда Қозонга етиб келиб, делегацияга қўшилган ва 6 сентябрга қадар татар ёзувчиларининг меҳмони бўлган. Меҳмонлар, “Красная Татария” газетасида ёзилишича, “Ўзбекистон билан Татаристон адабиётчилари ўртасидаги қардошлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсади”да Қозонга ташриф буюришган.
Ўзбек ёзувчилари 6 сентябрда ижодий сафардан қайтиб келганларидан сўнг, “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 24 октябрдаги шанба сонида Ш.Сулаймоннинг “Татар совет адабиёти” мақоласи, Қодирийнинг “Качида икки ҳафта” очерки, Ғафур Ғуломнинг “Шеър ҳам совун”, Амин Умарийнинг “Овул кечаси” шеърлари эълон қилинган. Шу саҳифадан ўрин олган “Биродарона ҳамкорлик” деган хабарда қайд этилишича, ватандошларимиз “татар меҳнаткашларини ўзбек адабиётининг ривожланиши билан, Ўзбекистон меҳнаткашларининг турмуши билан таништириб келганлар, (Татаристондаги) газеталарда махсус саҳифалар чиқарганлар”.
Ш.Сулаймон ўз мақоласида ўзбек-татар адабий алоқалари тарихига назар ташлаб, татар адабиёти ва матбуотининг “октябргача Ўрта Осиёда жуда кенг тарқалгани”, Қозон, Оренбург ва Москвада чиқарилган “Қуёш”, “Вақт”, “Юлдуз”, “Эл” газеталари ҳамда татар ёзувчилари асарларининг Ўрта Осиёда, айниқса, Ўзбекистонда алоҳида эътибор қозонганлиги тўғрисида сўзлаб, ғаройиб бир фикрни ўртага ташлаган: “Маълум бир қора мақсад билан бошланган бу алоқанинг сири, сабаби, – деб ёзган у, – табиий, маълум эди. Февраль кунларида биз буни очиқ кўрдик. Татар буржуазияси, унинг малайи бўлган миллатчи зиёлилар “Булоқбоши жумҳурияти”(ни) қуриш биланоқ ўз тилагини очиб қўйди…”
Ш.Сулаймоннинг фикрига кўра, ўзбек-татар адабий алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлашдан мақсад – келажакда чор ҳокимияти мустамлакачилигига қарши ўзбек ва татар халқларининг бирлашган ҳолда курашиши экан. “Бироқ бу қора тилак, – деб ёзган у яна, – бўшга чиқди. Октябрь довули уларнинг кулини кўкка учирди. “Қўқон мухторияти” сингари Қозонда тузилган “Булоқбоши жумҳурияти” ҳам ерга кўмилди”.
Ш.Сулаймоннинг бу сўзлари, шубҳасиз, мустамлака шароитида яшаган халқларнинг ўзаро яқинлашишидан қўрққан унсурлар “қўшиғи”ни такрорлашдан ўзга нарса эмас эди. Ҳолбуки, биз Туркистон Россия қўшинлари томонидан забт этилганидан кейин татар савдогарларининг Туркистонга самовар, гугурт, чўян-темир асбобларини, татар ёзувчиларининг Қозон босмахоналарида босилган асарларини олиб келганларини, сўнгроқ эса турли сабаблар билан Волга бўйларидан кўчиб келган татар зиёлиларининг Туркистонда янги усул мактабларини ташкил этишда фаоллик кўрсатганларини яхши биламиз.
Ғафур Ғулом ўз мақолаларидан бирида шу масалага доир бундай қимматли маълумотни берган: “Татар маърифатпарварларидан Маржоний, Қаюм Носирий ва татар зиёлиларининг бошқа бир қанча намояндалари Бухоро мадрасаларида таҳсил кўргани сингари, ўзбек зиёлиларининг ҳам бир қанча вакиллари Оренбургнинг “Ҳусайния” мадрасаси, Қозоннинг “Муҳаммадия” ва Уфанинг “Олия” мадрасаларида ўқиганлар. Бухоро амири бадарға қилган ўзбек зиёлилари Қозонда бошпана топган. Ўзбекларнинг биринчи босма китоблари Қозон университети босмахонасида босилган. Хива ва Тошкентга “мих босма” деб аталган замонавий матбаа ва литографияни дастлаб Шоҳимардон обзийлари олиб келган ва шу босмахоналардаги биринчи ишчилар авлоди татарлардан бўлиб, уларнинг набиралари ҳозир ҳам Ўзбекистон босмахоналарида ишламоқда”.[1]
Кўрамизки, ўзбек-татар адабий алоқалари тарихи фақат ХХ асрнинг 20-йилларида бошланган эмас.
Шундай қилиб, Татаристон Ёзувчилар уюшмаси таклифи билан Волга бўйларига борган ўзбек ёзувчилари, жумладан, Абдулла Қодирий татар ёзувчилари билан бўлиб ўтган учрашувлардан сўнг, татар овулларига бориб, икки ҳафта давомида қардош халқнинг ҳаёти билан таниша бошлашган. Биз Қодирийнинг “Качида икки ҳафта” очеркини ўзбек ёзувчиларининг Қозон яқинидаги овулларга, Ғ.Ғуломнинг “Шеър ҳам совун” шеърини ўқиб, ўзбек ёзувчиларининг Мулланур Воҳидов номидаги совун заводига борганлари, татар деҳқонлари ва ишчилари ҳаёти билан яқиндан танишганларини яққол тасаввур этамиз.
Ш.Сулаймон мақоласидан аён бўлишича, Қодирий ҳам, бошқа ўзбек ёзувчилари ҳам сафар чоғида Карим Тинчурин, Қави Нажмий, Тулумбайский, Мирсой Амир, С.Баттол, Олимжон Иброҳимов, Ҳоди Тоқтош, Ҳасар Тўфон, Фотиҳ Карим, Аҳмад Файзий, Ноқий Исонбат, Муҳаммедшин каби татар шоир ва ёзувчилари билан учрашиб, дўстона мулоқотда бўлишган. Ишонч билан айтиш мумкинки, улар К.Тинчуриннинг ўзбек халқи ҳаётидан олинган “Мукаррам”, “Бухоро”, О.Иброҳимовнинг ўзбек тилига таржима қилинган “Теран томирлар” сингари асарлари билан яхши таниш бўлишган ва шу ҳол улар суҳбатига муайян йўналиш берган.
“Ўзбек ёзувчилар бригадаси, – деб якунлаган мақоласини Ш.Сулаймон, – Қозонга бориб, бир мунча катта ва ёш ёзувчиларнинг ижодлари билан яқиндан танишди. Бу ҳақда айрим маърузалар эшитди. Булар очиқ кўрсатдики, биз сўнгги йилларда қардош республикаларнинг адабиётидан, уларнинг сўнгги ўсишларидан четда қолганмиз. Шунга ўхшаган татар ёзувчилари ҳам ўзбек, тожик, туркман, қозоқ ёзувчиларининг асарлари билан унча таниш эмаслар.
Татар ёзувчилари қардош республикаларнинг адабиётдаги ўсишлари билан танишиб боришни биринчи ва асосий вазифа қилиб олдилар”.
Қодирий айрим татар ёзувчилари билан аввал ҳам таниш бўлган. Таниқли адабиётшунос Шерали Турдиевнинг маълумот беришича, Қодирий 1924-1925 йилларда В.Я.Брюсов номидаги Олий адабий-бадиий институт (Москва)да таҳсил олган кезларида О.Иброҳимов, К.Тинчурин, Ф.Амирхонлар билан учрашиб, уларнинг Москва кутубхоналаридаги асарларини топиб ўқиган. Хусусан, О.Иброҳимовнинг “Ёш юраклар”, Туркистондаги мадраса талабалари ҳаётини ёдга туширувчи “Бизнинг кунлар” романлари унга, айниқса, манзур бўлган. Олимнинг эътироф этишича, у шу маълумотни кекса таржимон М.Булатовдан олган, унга эса шу воқеанинг шоҳиди журналист ва таржимон Саховат Шафигуллин сўзлаб берган экан.
Афсуски, Ш.Сулаймон ҳам, Қозон сафарида қатнашган бошқа ўзбек ёзувчилари ҳам ўзбек адабиёти намуналари, хусусан, “Ўткан кунлар”нинг татар тилига таржима қилиниши ва татар китобхонлари ўртасида тарқалишига оид бирор сўзни ёзиб қолдиришмаган. З.Фатхуллиннинг адиб ҳақидаги хотираларида эса “Абдулла аканинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларини, “Калвак маҳзум…”, “Тошпўлат тажанг…” каби ҳажвий асарларини ўқимаган татар зиёлилари, китобхонларининг камдан-кам экан”лиги, шунинг учун уни, “айниқса, ҳурмат қилишгани”, “Абдулла обий” деб қариялар маҳаллама-маҳалла зиёфатга чақришгани” айтилган, холос.
“Абдулла ака, – деб ёзган хотиранавис, – Волга бўйидаги Верхний Слон (Татаристон Ёзувчилар союзининг боғи)да бир неча кун дам олдилар, ёзувчилар билан улфатлашдилар, кейин татар овулларини айланиб, танишишга хоҳиш билдирдилар.
Ёзувчилар союзи махсус извош ажратди: ўзи Бухоро мадрасаларида ўқиган, ўзбек тилини яхши билувчи, шу чоқларда Татар академик театри кутубхонасида мудирлик қилувчи ёши улуғроқ бир кишини кучер қилиб тайинлади ва ҳозир Татаристон Ёзувчилар союзининг раиси, таниқли романчи Иброй Ғозийни Абдулла акага ҳамроҳ қилиб, татар овуллари бўйлаб саёҳатга жўнатди”.[2]
З.Фатхуллиннинг хотирасидан маълум бўлишича, Қодирий татар овулларида ўн беш кундан зиёдроқ бўлган ва Тошкентга қайтганидан сўнг Ёзувчилар уюшмасидаги ҳисобот мажлисида қўлидаги ёзув дафтарларига қараб овуллардаги ободонлик, колхоз-совхоз қурилишлари, ёшлар ва қарилар билан бўлган суҳбатлар ҳақида сўзлаб берган. Хотиранависнинг шу сўзларини адибнинг “Качида икки ҳафта” очерки тасдиқлаши мумкин.
Очерк қуйидаги изоҳнамо сўзлар билан бошланади: “Менга Татаристоннинг Арча районига қарашли Качи овулида икки ҳафталаб қолишга тўғри келди. Овулни, ундаги колхозни ва халқ аҳволини ўрганиш учун келган бир кишига икки ҳафтали бир муддат жуда қисқа бўлса-да, кўп нарсалар ўргана олдим. Татар овули деҳқони қандай ишлайди, нечук яшайди, унинг молдорлиги, колхозга уюшгандан сўнгги ҳоли каби жиҳатларни кўздан кечириб қайтгач, ўз таассуротим билан газета ўқувчиларини ҳам таништиргим келди”.[3]
Қодирий Качига етиб келган чоғда аксарият аҳоли далада бўлганлиги учун овул кимсасиз, ҳатто бирор ҳаёт белгисидан маҳрум бўлиб кўринган. Аммо кеч соат 6-7 лардан бошлаб қишлоққа жонли ҳаёт нафаси шиддат билан кириб келган. Адиб овулнинг ана шу ҳаётбахш манзарасини бундай тасвирлаган:
“Овулнинг жонлануви кеч соат 6-7 миёнасида бўлади: қир ишларидан қайтаётган ёш йигитлар овулни бошга кўтариб қўшиқ айтадилар, унда-мунда гармон товушлари эшитилиб, бир-бириси билан ўйнашиб, сайрашиб қайтган татар қизларини кумуш танга тўкилган сингари жаранглаб кулишлари юракка тўқинадир. Шу вақтда овулнинг подасида (кутувида) яйловдан қайтиб, сигирлар бузовларини соғиниб маърайдилар, сариқлар[4] қўзиларини қўмсаб, “бааа-буу” қиладилар. Овул жуда ҳам кўнгилли ҳол олади…”[5]
Ушбу манзара Амин Умарийнинг “Овул кечаси” шеърида бундай тасвирини топган:
…Булутларга санчилди қош қораяр чоғ Куннинг қиличи. Кўнгил паришон эмас, шому ғарибон эмас Шодликлар кечи. Кечада руҳсизлик йўқ, зулмат ҳам эмас, Ит увлаши йўқ. Фараҳбахш замоннинг қувноқ кечида Ой нури қуюқ… Овулнинг кўчасидан дарёдек оқар Ёшлар шовқини. Кўнгилларнинг шодлиги тортиб олади Кўздан уйқуни…Шеърни ўқишда давом этар эканмиз, Качи овулига қилинган сафар чоғида Қодирий билан бирга А.Умарийнинг ҳам иштирок қилганига амин бўламиз.
Афсуски, татар биродарлари ҳузурига меҳмонга борган ёзувчиларимиз ўртасида айрим келишмовчиликлар ҳам рўй бериб, уларнинг бир қисми ҳатто муддатидан аввал ўз юртига кетиб қолган. Низога асос бўлган сабаблардан бири, ижодий масалага оид эди. Бир томондан, А.Умарий сингари шоирларнинг сафар кунларида турли учрашувлар таъсирида шеърлар ёзаётганини, иккинчи томондан, ўзининг татар ёзувчилари ва китобхонлари ўртасидаги катта ҳурмат-эътиборини кўрган Қодирий: “Ҳозир фақат кўриш, татар халқининг ҳаётини ўрганиш лозим. Тошкентга борганимиздан кейингина тиниқланган сафар таассуротлари асосида асар ёзсак, ўринли бўлади”, деб ёш дўстларига танбеҳ берган ва улар истеъдодига шубҳа билан қараган. Бундай муносабатдан ранжиган шоирлар Қозонда адиб билан бирга ортиқ қолишни исташмаган.
Айтиб ўтилганидек, “Ўткан кунлар” довруғи Қозонга ҳам етиб борган, араб ёзувида чоп этилган бу асарни ўқиган татар зиёлиларида ҳам, оддий китобхонларда ҳам Қодирийга нисбатан катта ҳурмат туйғулари уйғонган экан.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 4-сон
————————–
[1] Ғафур Ғулом. Адабий-танқидий мақолалар. Икки жилдлик. 1-жилд. – Т.: 1971. – Б.245
[2]2 Абдулла Қодирий замондошлари хотирасида. – Т.: 1986. – Б.81.
[3] Абдулла Қ о д и р и й. Кичик асарлар. – Т.: 1969. – Б.99.
[4] Қўйлар.
[5] Ўша манба. – Б. 90-100.