Муҳаммадали Қўшмоқов. Ижод зиёси

Севимли адибимиз Шукрулло неча минглаб мухлисларнинг, кўп улуғларнинг таҳсинига сазовор бўлган – барчаси самимий ва фахрланиб айтилган. “Йирик лирик шоиримиз” (Ғафур Ғулом таърифи), “Улкан миллий шоир” (Мирмуҳсин таърифи), “Шеърият заргарлари сафидан ўрин олиш ҳуқуқига эга” (Қайсин Қулиев эътирофи),“Тўла маънода ҳақиқат куйчиси” (Расул Ҳамзатов таърифи), “Ўз миллатининг муносиб фарзанди ва умуман, мустақил гражданин” (Чабуа Амирэжиби таърифи)…

Устоз Шукрулло истеъдоди – бой ва  кўпқиррали.

У шоир сифатида “Биринчи дафтар” (1949), “Қалб қўшиқлари” (1949), “Ҳаёт илҳомлари” (1959), “Умрим борича” (1960), “Инсон ва яхшилик” (1961), “Инсон – инсон учун” (1964), “Зарралар” (1973), “Суянчиқ” (1977), “Яшагим келади” (1978), “Сенинг бахтинг” (1988), “Тўкилган дардларим” (2001) сингари шеърий тўпламларини, “Чоллар” (1948), “Россия” (1956), “Икки қоя” (1964), “26-тонг отари” (1966), “Гул ва оташ” (1972), “Нур (Кўнгил чироғи)” (1975), “Аср баҳси” (1985) каби достонларини, болаларга аталган “Баҳор совғаси” (1962), “Юлдузлар” шеърий тўпламларини кенг ўқувчилар оммасига тақдим этган.

Шоиримиз коинотни яхлитликда ва айни вақтда ўзгаришлар жараёнида тасвирлай олган лаҳзалар бизни ҳаваслантиради, хотирамизга нақшланиб қолади:

Саҳрода ой ботар, саҳро зим-зиё,
Юлдузлар ёпирилар осмонга бир дам.
Юлдуз оқ из солиб учади баъзан,
Биллур жомдан шароб тўкилди гўё.

У юксак илҳомий ҳолатларида инсон қалбининг ақл бовар қилмас эврилишларини ҳассослик ила намоён қила олади. “Нур (Кўнгил чироғи)” достонидаги ошиқ йигит иккинчи жаҳон уруши жабҳаларига жўнаб кетишидан аввал, ўзи ўсиб-улғайган қадрдон ерларни зиёрат қилади, кўзига диёри улуғвор қиёфада намоён бўлади: “Қуриб чордона / Давра олиб бир тўда улфат / Ўлтиргандек атрофда тоғлар… / Ўрталикда гўёки неъмат / Ёзилгандек мевазор боғлар / Яшнаб ётар. Пастда Сирдарё…” Боқар экан, юраги тўлиб-тошади, мижжасига ёш тепчиб, “бирданига хўнграб юборади”… Муаллиф бизни у билан шу тарзда – ватанга муҳаббати авж пардаларга кўтарилган лаҳзаларда таништиради… Бу, эҳтирослар туғёни – “Қиз севганда хўнгир-хўнгир қон йиғладим”, – деб куйлаган эди Шук­руллонинг севимли шоири Усмон Носир) шу она-тупроқни деб қурбон бўлишга  ҳам тайёр фидойиликнинг мужассамидир.

Ошиқ йигит қуёшли туйғуларини эл-юртига бахш этиб, гўё кўкларда парвоз қилиб, улар дийдорига тўйолмай турганида, тағин ҳам балқишига гал келади:

…ўзи севган қиз
Пайдо бўлди сув парисидек,
Иккаласи тикилишди тек…

Севишганлар учрашуви висол мўъжизасига айланиши аёндай эди…

Қиз турарди ҳўл сочин ёйиб,
Беркитгандек холли бўйнини.
Юзларидан томчилар томиб,
Излагандек унинг қўйнини
Оқ кўксидан аста сизарди
Ва қиз юзи бирдан қизарди.

Таажжубки, олов музга, ёруғ зулматга, ловуллаган қалб тафтсиз кесакка эврилади ногаҳон, илкис…

Аммо йигит боқди бепарво,
Кўрмагандек умрида гўё.

 Бундай ҳолдан – кўриб туриб ўзини кўрмаганга олишдан лол-у ҳайрон, изза бўлган қиз бирдан шиддат билан бурилиб, аламларин ичига ютиб, қайларгадир кетади… Ушбу кескин хатти-ҳаракатда бутун бир драма бор.

Лирик чекиниш қилиб, шоир ўз қаҳрамони руҳида ҳеч кутилмаганда рўй берган ўзгариш сирларини ахтаради; унинг мисралари шалоладай ўйнаб, қуйилиб келади, ўзига тобора маҳлиё қилади:

Оппоқ, майин  оёқларидан
Майсаларга аста солиб из
Парилардек сеҳрлаб секин
Кўздан ғойиб бўлганида қиз,
Юлдузлардек тиниқ ва шаффоф
Ўйнаб турган қуралай кўзи,
Шарқ қуёшин шимган илиқ, соф
Ҳаё билан бўртиган юзи
Наҳот солмас қалбига ором!
Наҳот қилмас тушларида ром!
Суқсур каби қора сочлари,
Йигит қалбин қилганда шайдо,
Кўкдан тушган каби бир нафас
Чақмоқ каби бўлганда пайдо,
Нега тилсиз ёр бўлдинг, севги!
Нега қилсиз тор бўлдинг, севги!

Таъбир жоиз бўлса, муаллифнинг ушбу нидоси достондаги бадиий образлардан бири – севги шу ондан эътиборан замирдан юзага чиққанини кўзгудагидай акс эттиради, биз буни айни дақиқалардан бошлаб аниқ англаймиз. Зеро, у асарнинг бошидан охиригача нажот ва балогардон: севиб-севилганларнинг олижаноблиги, мардлиги, ҳаёси, сукути ёки табассуми, ҳар бир хатти-ҳаракатини қўлловчи ва йўлловчидир… Дарвоқе, достондаги йигит ва қиз образларидан ташқари, севги ва муаллиф образлари ҳам асар ғояси тадрижий равишда бадиий очилиб, намоён бўлишини таъминлайди.

Ҳар икки ёш халққа хос фазилатларни ўзларига сингдирганлар, “коса, коса остида нимкоса” тарзида юритилган фикрлар, билдирилган муносабатлар, қилинган ҳаракатлар маъносини тўғри илғашга одатланганлар.

Масалан, йигитнинг бепарво муносабати мағзида шундай ҳаётий донолик пинҳон. Висол илинжида ўртанаётган бўлса-да, юрагидаги алангаларни жиловлайди, фироқ, айрилиш синовлари борлигини эслатади дийдорига муштоқ ёрига, эсанкиратиб туриб синайди… Ниҳоят, “қалбин тўкиб солмоқчи бўлди”, излаб борди, лекин отаси жангларда мардларча ҳалок бўлгани тўғрисида хабар – қора хат олган севиклиси қора либосда эди… Шу ҳолида у иймони бутунлигини, бир умр вафодор бўлишини билдирди, бепарволик  аро сўзсиз янграган ҳаёт-мамот саволига некбин жавобларини қатъият билан айтди – қонига она сути билан сингган донолик мезонларига амал қилиб яшашини намоён этди. Бир ёстиққа бош қўймоқчи бўлган одами (йигит олчоқларнинг алдовларига учмади, ўз шаънига лойиқ қарорга келди: “Ёв қўлига тушгандан асир, / Ўз юртида бўлишни басир / Афзал билди”) урушдан икки кўзи кўр бўлиб қайтганида, қиз аҳди ростлигини исботлади, севгилисининг кўнгил чироғига айланди. Оила қуришди, фарзандлар кўриб, уларни тарбиялаб, вояга етказишди. Садоқатли хотини тоғдай таянч бўлгани учун, бағри бутун эр сўқирлик тўрини узиб ташлаб, тўлақонли ҳаёт кечирди. Достондаги бадиий ҳикматлар туйғун, оловли туйғуларнинг жавҳари бўлиб вужудга келади:

Бахтсиз ҳолин билмаган инсон
Бўлолурми бахтли ҳеч қачон!

Ёки:

Юракларда ёнмас экан нур
Кўзлар топмас ҳаётдан ҳузур.

Танқидчи Маҳмуд Саъдий ўз вақтида (1981 йил) ушбу достонни “адабиётимизнинг кейинги йиллардаги жиддий ютуғи” деб баҳолаган  эди. Назаримизда, у ҳозирда ҳам шундай юксак эътирофга лойиқ асар сифатида яшаб келмоқда.

Шукрулло насрда бадиий ижод сирлари, устозларнинг тажрибалари тўғрисидаги “Жавоҳирот сандиғи” (1983), адабиётшунослигимизда “қатағон йиллари ҳақида ўзбек ёзувчилари томонидан ёзиб қолдирилган ҳозирча ягона ҳужжатдир ва шу жиҳатдан аҳамиятлидир” (Н.Каримов) деб ҳисобланаётган “Кафансиз кўмилганлар” (1989), жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили, ўзбек матбуотининг илк ташкилотчиларидан бири Убайдулла Хўжаев (Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, 1878–1937) ҳаёти асос қилиб олинган “Тирик руҳлар” (1999), ўзи ва рафиқасининг кўрган-кечирганлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Оғир кунлар севинчи” (2001) каби асарларни яратди. Публицист сифатида олиб борган ижодий меҳнати “Қасосли дунё” (1994) мақолалар тўпламида жамланган.

“Кафансиз кўмилганлар” китоби маънавий ўзаги муаллиф образидир. У мустабид тузум исканжасига тушиб қолган – қатағон қурбонига айланган инсоннинг ожиз, эрксиз, топталган ҳолатини эмас, ички эркинлигини, маънан юксаклигини бутун асар давомида изчиллик билан ифодалаб боришга интилади. Шундай бадбин муҳитда азиз умри увол бўлаётганига қарамай, бу зўрлик-зўравонлик замони бари бир заволга учрашига ишонч ҳосил қилган қўрқмас, фаҳми ўткир одамларнинг қиёфаларини эсда қоларли тарзда ифодалашга ҳаракат қилади. Улардан бири – андижонлик Ёрқинжон ака. Муаллиф, жумладан, шундай деб хотирлайди: “Унинг ўз бошидан кечирганлари нақадар даҳшатли, кишини ваҳимага соладиган бўлишига қарамасдан, иккинчи бир жиҳатдан менга далда ҳам бўлди… Бу одам қамоқда ўз уйидек мағрур, гўё табиий бир ҳол дегандек юрарди… Бу одамнинг ўз фалсафаси бор эди, гарчанд унинг хулосаси мантиқан тўғри бўлиб, ичингда тан олсанг ҳам, аммо ҳозирги қама-қама даврида унча-мунча одам эшитишга ҳам чўчирди…

Аммо у одам ўзига ишонч ва ҳақлигидан фахрланиб ҳузур қилгандек:

– Инсофли, виждони бор одам бир-бирини талайдими? Бизнинг ҳукумат эса, талашни, бировларнинг ҳақидан қўрқмасликни савоб деб ўргатади. Қариндош қариндошни талади, синфий душман деб бола отанинг кўзини ўйди. Мана оқибат; ҳаммани ўғирликка, Худодан қўрқмасликка, бандадан уялмасликка ўргатиб бўлдик. Одамлардан меҳр-шафқат кўтарилди. Мана булар – ўша сиёсатнинг меваси, – деди ўз атрофидаги ўғирлик қилиб қамалганларни кўрсатиб. – Ҳар қандай ақли бор инсон оч-қашшоқлик, муҳтожликда эмас, бой бўлиб, тўқ бўлиб яшасам, дейди. Бизнинг ҳукумат-чи, камбағалликни эмас, бойларни йўқотаман, деди. Мана энди ниятига етди. Ҳамма камбағал, ҳамма ўғри. Мана шундай тўғри гапни айтган сиз билан биз – халқ душмани. Виждонингни ютиб, ҳақиқатни гапиролмай эркин юрганингдан, оч-яланғоч бўлсанг ҳам, овозинг борича ўзинг севган куйни айтганинг маъқул.

Бу одамнинг шунча йил қамоқда бўлиб, руҳан тушкунликка тушмай, бунчалик тетик юришига сабаб энди аён бўлган эди”.

Ёрқинжон ака сирасидаги қамоқ, маҳбуслик қийноқлари остида ҳам руҳан синмаган кишилар ҳақидаги ҳикоялар мазкур асарнинг маънавий ўзагини мустаҳкамлашга омил бўлган.

Ҳеч шубҳасиз, Шукрулло “Кафансиз кўмилганлар”, “Тирик руҳлар” насрий асарлари билан ҳам адабиётимиз ривожига сезиларли ҳисса қўшди, ундаги мавжуд бўшлиқларни тўлдириб, халқимиз тарихининг ҳали бадиий тасвирланмаган даврларини ёритди – керакли ишни зарур вақтида журъат ила бажарди.

Шукрулло драмалари эса театримиз саҳналарини обод қилиб, томошабинлар меҳрини қозонди. Ҳозирги Ўзбек Миллий театри ва вилоят театрларида “Хатарли йўл” (1962), “Табассум ўғрилари” (1964), “Тўйдан кейин томоша” (1980), “Ўғрини қароқчи урди” (1982), “Жанжал” 1983), “Ҳасрат боғи” (2004) сингари шеърий драмалари, шунингдек, унинг таржимасида итальян драматургиясида фьяба – театр эртакчилигига асос солган Карло Гоцци (1720 – 1806) “Бахтли гадолар” трагик-комик эртак пьесаси 1985 йили саҳналаштирилган.

Биргина “Ҳасрат боғи” тўғрисида тўхталайлик:

Унда Ўзбекистонда ХХ асрнинг 20–30-йилларидан бошлаб, то 70–80-йилларигача кечган – афғон босқини оқибатларини ҳам қамраб олган ҳаёт манзаралари, турли тақдирлар намоён бўлади. Муаллиф ва режиссёр (Т.Исроилов) ижодий режасини, фалсафий фикрини тўлақонли мужассамлаштирган икки образ – Она ва партиявий раҳбар Холиқулов образларига алоҳида тўхталган театршунос Т.Исломов “Ҳасрат боғи”ни “театр санъатининг ривожланишида профессионал услубиятларни кўриш, таҳлил этиш, зарур бўлса, баҳс-мунозараларга имкон берувчи”, ёки том маъносини айтсак, Миллий театрнинг ўзига хос юксак мақомини намоён этувчи спектакль яратилганини эътироф қилди. Режиссёр ва жамоа, муаллиф билан ҳамкорликда пьеса қурилмасини қайта кўриб чиқиш, янги саҳналар ижод этиш, таъсирчан пластик ечимлар топиш йўли билан эришган муваффақиятдан қувониб, айни вақтда унинг замона берган имконият даражасида яратилганини назарда тутиб, санъатшунос олим Тошпўлат Турсунов, жумладан, шундай деган эди: “Чунки, бундай пьесани ҳозирги замонда яратиш мумкин, гарчи пьесада ҳамма гаплар очиқ айтилмаган бўлса ҳам. Ҳали шундай даврлар келадики, пьесада тилга олинган фожиаларни ёзувчилар, санъаткорлар тўла-тўкис ёритмаганларини келажак авлод айтади. Бугунги кунда шу спектакль яратилишининг ўзи ҳам жасорат”.

Хуллас, истеъдодли адибимиз халқнинг қалбини ўртаб, тили учига келиб турган гапларни ўз ўрнида: гоҳ шеърий, гоҳ насрий, гоҳ драматик асарларида айтиб келмоқда.

Устоз Шукруллонинг “Танланган асарлар”и аввал 2 жилдда (1973–74) нашр этилган бўлса, эндиликда эса унинг 9 жилдлик “Танланган асарлар”и китобхонлар қўлига етиб борган. Асарлари рус, олмон, араб, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, болқор, қорақалпоқ ва бошқа тилларга ҳам таржима қилиниб, эътибор қозонган. У 1981 йили Ўзбекистон халқ шоири фахрий унвони билан тақдирланган, 1994 йили Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати бўлган, “Дўстлик” (1994) ва “Эл-юрт ҳурмати” (1999) орденлари билан тақдирланган.

* * *

Унинг ҳаётига бадиий таржима – қатағон исканжасида, ноҳақлик жаб­рини тортаётган маҳбуслик чоғларида – умид париси бўлиб кириб келган… Бу сўзимизнинг исботи – шоирнинг “Кафансиз кўмилганлар” асаридаги ушбу кўнгил изҳори:

“Айниқса, – ёдимда йўқ, Александр Востоковми ёки бошқа рус шо­ирими, – Гётенинг “Умид” шеърининг таржимаси суд олдидан менга шу қадар далда бўлдики, китобни қайтариб йиғиштириб олгунча бу шеърни ўзбек тилига таржима қилиб, ёдлаб олдим.

Ёлбораман, умид париси,
Иш чоғлари менга бўлгил ёр.
Тугатмасдан ишнинг барисин,
Толиқишга эрк берма зинҳор!

Ишонаман, рўёбга чиқар,
Таскинларинг кетмай беҳуда,
Умид билан суқилган таёқ,

Меҳнат, чидам натижасида
Бир кун берар мева ва япроқ.

Қамоқ муҳитида бу шеър энг яқин дўстнинг менга таскинидек бўлиб қолди. Бу шеър азобимни енгиллаштирди, дармон бўлди. Шайтоний хаёллар босиб келганда, ётган-турганимда ўқидим. Қамоқда ширин хаёлдан бошқа сенга ким таскин беради, ким дардкаш бўлади”.

Шоир Шукрулло ҳаётининг энг оғир дамларида рўй берган айни воқеа инсоннинг руҳий эркинлигини на мустабид тузум, на қамоғу қийноқ чеклай олмаслигини, ҳар қандай аянчли ҳолатда ҳам маънавий ҳаёт, ижод дарди одамни ор-номус поясидан қуйи тушмасдан яшашга қобил қилишини сездиради. Бежиз эмаски, у маҳбуслик – чорасизликда қўл қовуштириб ўтирмай, қандай қилиб муаллифи шаънини сақлайдиган, имкони борича ҳақиқатни айтадиган асарлар ёзиш йўлларини ўйлайди: “Лекин буни халққа айтиб бўладими? Бўлади! – деб ўйлайди у. – Унинг бирдан-бир йўли бундай гапларни насрий ёки драматик асарда салбий образлар орқалигина, уларнинг тилидан айттириш мумкин… Драматургия ҳақида, драматик асар ёзиш ҳақида жиддий ўйлай бошладим… Драма ҳақида ўйлаш бир неча вақт икир-чикир хаёллар азобидан мени холи қилиб, худди айтадиган гапларимни айтиб, хуморим тарқагандек, дардим енгиллашгандек бўларди”.

Шоир  рўшноликка етишгач, ўз ижоди билан биргаликда, бадиий таржима соҳасидаги фаолияти билан ҳам мухлисларни хурсанд қилишга интилди. Шукрулло таржимасида турли йилларда Гёте, Ҳ.Ҳайне, Байрон, Ш.Петёфи, Т.Шевченко, А.Исаакян, А.Блок, А.Твардовский, М.Дудин, М.Танк, Р.Ҳамзатов, М.Карим, Қ.Қулиев каби шоирлар шеърий ижодидан намуналар ўзбек тилида янгради. Бу таржималарнинг вақт синовидан ўтганлари айни маълум ва машҳур шоирлар ижодига хос фазилатларни янада яқиндан ҳис қилиш, англашга ёрдамлашганини, шунингдек, адибимиз истеъдод хазинасида навбатини кутиб ётган бадиий захиралар рўёбга чиқишига йўл очганини исботлашга эҳтиёж йўқ.

“Оқсоқол шоир унча-мунча поэтик экспериментлардан чўчимайди. Ундаги бу хусусият Расул Ҳамзатовнинг “Набирам Шаҳризодага” номли насрий шеъри таржимасида намоён бўлади, – деб ёзади профессор Қозоқбой Йўлдош. – Хаёлий савол-жавобга қурилган бу мансурада бобо билан неваранинг тақдирлари мувозий қўйиб тасвирланади. Шеърда йиғлоқи неварага узун ҳаёт йўлини босиб ўтган бобонинг таъкидлари ўта таъсирли ифода этилган. Шеърнинг биргина сўнгги, асарнинг поэтик моҳиятини ўзида акс эттирган банди серйиғи невара тилидан берилади… Шеърда ёш авлоднинг зиммасида ҳам ўзига яраша ижтимоий-маънавий юк борлиги таъкидидан ташқари, катталарнинг келажак олдидаги масъуллиги ҳам акс этган. Шеърда шоир Шукруллога ҳам ўртоқ туйғулар тасвирга олингани учун мансуранинг таржимаси оригинал янглиғ жаранг­лайди” (Шукрулло. Танланган асарлар. 2-жилд. “Шарқ”, Т., 2008. 12-13-бет).

Шукрулло таржималари хусусида ўйлаганда, К.Гоцци “Бахтли гадолар”  пьесаси, албатта, диққатимиз марказида бўлиши табиийдир.

“Атоқли шоир ва драматург Шукрулло Карло Гоцци асарини ўзбек тилига улкан маҳорат билан ғоят саҳнавий таржима қилган, – деб таъкидлайди профессор Тоир Исломов “Бахтли гадолар” намойиш этилишига бағишлаб 1986 йили ёзган мақоласида. – Спектаклни кўриш жараёнида унинг таржима асар эканлиги сезилмайди. Спектакль режиссёри Тожи Муҳаммад Исроилов ижодий изланувчан, забардаст санъаткор эканлигини томошабинларга ҳам, мутахассисларга ҳам англатади” (Режиссёр Тожи Муҳаммад. (Режиссёр масъулияти). Мақолалар, лавҳалар ва эсселар. “Адабиёт учқунлари”, Т., 2015. 105-бет).

Шукрулло “Бахтли гадолар”ни Т.Шчепкина-Куперник итальян тилидан рус тилига қилган таржима (К.Гоцци. Сказки для театра. Москва, “Искусство”, 1956) асосида ўзбекчага ўгирган (К.Гоцци. Бахтли гадолар. Драма. Шукрулло таржимаси. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Бадиий адабиёт нашриёти, 1970; кейинги нашри – Шукрулло пьесалари 2-жилди (“Тўйдан кейин томоша”, 2006).

Бу таржима тўғрисида театршунос олим айтган ижобий хулосани юқорида келтириб ўтдик. Айни шу фикрга таянган тасаввуримизни қисқа бир таҳлил воситасида тағин ҳам тиниқлаштиришни истаб, пьесанинг сўнгги кўриниши тугалланмасини қиёсан ўрганиб, бир неча мисол келтирайлик.

Масалан, русчаси:

М у д з а ф е р

… Нет! Не зову тебя великодушным.
Ты хуже пытки выдумать не мог.
Но я сумею прекратить мученья!
(В бешенстве убегает).

Таржимаси:

М у з а ф ф а р

… Йўқ! Мен сени айтолмайман олиҳиммат деб,
Наҳот, бошқа қийноқ ўйлаб топа олмадинг,
Фақат ўзим бу азобга барҳам бераман.
(Қутуриб қоча бошлайди).

Ҳар икки тилдаги матнни муқояса этганимизда, юксак мартабасидан ажралгач, жазавага тушиб, ақлини йўқотгудай ҳолга келган бу кимсанинг пўртанали ҳиссиётлари ўзбек томошабини ёки ўқувчиси эътиборига ишонарли, лекин бир мунча босиқлик билан етказилганини уқамиз.

Ёки бошқа мисол; русчаси:

У з б е к
(страже)

За ним, чтоб он с собою не покончил!

Таржимаси:

Ў з б е к
(навкарларига)

Орқасидан боринг, яна ўзини-ўзи
Ўлдирмасин!

 Таржимонимиз, Ўзбек – асар қаҳрамони, – гарчи руҳий ҳолати асов ғалаёнларни эслатса-да, – ғазабини жиловлаб иш кўраётганлигини таъкидлаш учун, “сенга жазо бериб ўтирмайман (яъни ўз жазонг – ўзинг билан)” деган гапни қўшади, бадиий мантиқдан келиб чиққан бу бадиҳа табиий ва ишонарли; “мукофот” сўзини шундай ўйнатадики, у “жазо”, “тавқи лаънат” маъноларини жилвалатиб янграйди. Буни томошабин ҳам, ўқувчи ҳам янглишмай илғайди.

Ўзбек ўз севикли ёри – Анжелага мурожаат қилиб, фақирларнинг бахтини ўйлаб, бирор ният қилган бўлсанг, айт, деганида, у ҳеч кутилмаган бир жавобни беради.

Русчаси:

А н д ж е л а

Не знать им счастья, если не найдут
У зрителей любезных одобренья!

Таржимаси:

А н ж е л а

Агар булар, шу ўтирган томошабинлар –
Халойиқнинг ҳурматига лойиқ бўлмаса,
Бир умрга бахт топмайди.

Анжеланинг сўзлари ушбу трагик-комик эртак пьеса моҳиятини тиниқ кўзгудай яққол акс эттиради. Зеро, унинг қаҳрамонлари хатти-ҳаракатлари, ишларига  томошабинлар тимсолида халқ баҳо беради. Бахт эса, – юқорида ҳам эслаганимиздек, – улардан халқнинг, жумладан, айни ҳолатда томошабинларнинг розилигидадир. Таржимон “томошабинлар” – “халойиқ” рамзи деб таъкидлаш учун ўзидан шу мантиқий аниқламани қўшар экан, мазкур фалсафий-эстетик умумлашмани томошабин ва ўқувчи онгига ўнғай қилиб етказишга интилади. Ушбу интилиш замирини эса, устозимиз – Мавлоно Шукрулло Шоший одамлар ризоси йўлида сочаётган  ижод зиёси  ташкил этади.

* * *

Навоий ҳазратлари “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида турк шуароси тўғрисида сўзлар экан, Мавлоно Лутфий Шоший (1366 – 1465) сиймосига алоҳида эҳтиром кўрсатади; форсий тилда ижод қилган улуғ шоирлар номларини зикр этгач, турк шуароси орасида булар “муқобаласида киши пайдо бўлмади, бир  Мавлоно Лутфийдин ўзгаким, бир неча матлаълари борким, табъ аҳли қошида ўқуса бўлур”, – деб таъкидлайди. (Шайх Аҳмад Тарозий Мирзо Улуғбекка бағишлаган “Фунун ул-балоға” асарида “маъдан ул латойиф Лутфийи Шоший” деб берган шаҳодат эндиликда барчамизга маълум. Барҳаёт адабиётшунос олимимиз Абдуқодир Ҳайитметов нашрга тайёрлаб эълон қилган шу китобга суяниб, “Мавлоно Лутфий Шоший” дейишга ҳақлимиз).

Мавлоно Лутфий Шошийнинг асрлар оша шогирдларидан ҳисоб­ланмиш Мавлоно Шукрулло Шоший (1921 й.т.) ўз юртию жаҳонда овоза кўтарган қирғиз адиби Чингиз Айтматов, авар шоири Расул Ҳамзатов, рус шоири Михаил Дудин, болқор шоири Қайсин Қулиев, бошқирд шоири Мустай Карим, қалмиқ шоири Давид Қуғултинов ва бошқалар қаторида туриб, улар билан қиёматлик дўст, бу қутлуғ ижодий биродарлик даврасининг файзларидан бўлиб, шу муборак мушоирада ҳамиша ёруғ юз билан қатнашиб келди.

Навоий ҳазратлари Мавлоно Лутфий Шоший 90 ёшдан ўтганида ҳам барча замондошларини қойил қолдириб, гўзал асарлар яратганлигини уқтиради.

Мавлоно Шукрулло Шоший ҳам (умри зиёда бўлсин!) юз ёшни қоралаб бораётганига қарамай, қалбини илҳом ёритиб турибди.

Мавлоно Лутфий Шоший ва Мавлоно Шукрулло Шоший гўзал анъанаси уларнинг келгуси авлодларида ҳам шарафли давомини топсин!

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 5-сон