Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов билан 1965 йилда танишгандим. Эндигина Москвадаги Горький номидаги Адабиёт институти 4-курс талабаси мақомида Тошкентга амалиёт ўтказиш учун келган кунларим эди.
Туш вақти, Тошкентнинг Навоий кўчасидаги 30-уйнинг учинчи қаватида буфет олдидан ўтиб кетаётгандим, уч киши бир стол атрофида тушлик қилиб ўтиришган экан. Мени кўриб таклиф этишди. Беихтиёр уларга қўшилдим. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Танишдик. Улардан бири Абдулла Орипов экан, у ўша пайт жуда урф бўлган оқ кепка кийиб олган, озғиндан келган хушрўй йигит эди. Кўп ўтмай шерикларимиз бирин-кетин туриб кетишди, икков қолдик.
Ўша пайт Абдулланинг ярқ этган шеърлари машҳур бўлиб, мухлислари сони ортиб бораётган пайтлар. У менинг Москвада ўқиётганимдан хабардор экан. Шу кунларда, аниғи, “Совет Ўзбекистони” газетасининг 25 январь сонида эълон қилинган бир туркум шеърларимни ўқиганини айтди. Раҳмат, дедим. Гапларимиз бир-бирига қовушиб кетди. Суҳбатимиз тугамасди. Вақт кеч бўлиб борар, бизнинг эса айрилгимиз келмасди.
Менинг борадиган жойим йўқ. Ҳали аниқ жой топмагандим, вақтинча Ёзувчилар уюшмаси қабулхонасида “турардим”. Абдуллада ҳам аниқ турар жой йўқлиги маълум бўлди.
– Дўстим, бир иш қиламиз, – донишмандона фикр билдирди у. – Ҳозир бир жойга борамиз!
Икков эш-қўш бўлиб “бир жой” – “Аспирантлар уйи”га етиб бордик. Бинога кирдигу долонда чапга бурилдик ва тўғридаги 11-хонага қараб юрдик. Абдулланинг бу ерга кўп марта келгани кўриниб турарди. Бизни бежиримгина мўйлов қўйган, ўзимизга ўхшаган озғингина бир йигит қарши олди.
– Танишинг: бу – Бегали Қосимов! – деди Абдулла.
Бегали бизни кўриб хурсанд бўлиб кетди, очиқ юзли, хушрўй йигит, дарров чой қўйди, меҳмон қилди.
Хушсуҳбат йигит экан. Давра қизигандан қизиб кетди. Адабиётнинг бугунги аҳволи, унинг келажаги ҳақида қайғуришлар суҳбатимиз мавзуи эди. Соат кеч ўнлар бўлиб қолди. Бегали кўрдики, меҳмонларнинг бугун бу ердан кетгилари йўқ… У бизларни ҳоли қолдириб, бошқа хонага чиқиб кетди. Биз кечаси билан шеър ўқиб, завқланиб тонг оттирдик…
Ўша-ўша, мен Бегали Қосимов билан қадрдон дўст бўлиб қолдим.
Абдулла Орипов – ўзбек шеърияти осмонида ўзининг “Митти юлдуз” номли китоби билан ярқ этиб кўзга ташланди. Кейин маълум бўлдики, Абдулла Орипов ўзининг ноёб истеъдоди, тафаккурининг тиниқлиги, ақлининг теранлиги, идрокининг ўткирлиги, фикру мушоҳадасининг файласуфона юксаклиги билан митти юлдуз эмас, балки буюк салоҳият эгаси бўлган порлоқ юлдуз эканини кўрсатди. Бадиияти кучли ажойиб шеърлар, достонлар ёзди, таржималар қилди, адабиётимиз хазинасини ҳақли равишда бойитди. Унинг ҳар бир шеърида янги фикр, ибора, ажойиб ўхшатма, муболаға, бадиий топилма бўларди, шеърни пухта ишларди. Ўша пайтлар “Октябрь асри” деб ҳамма ёқда жар солиниб турганда, Абдулла Орипов ундайларга қарата:
Асрим-асрим, дейсан, асринг нима у?
Тўзғиган календарь вароқларидир! –
дея ҳайқирган эди.
Абдулла Орипов менинг илк китобим “Фазодаги ҳислар”га муҳаррирлик қилди, таҳрирдан ўтказди, чиройли муқова ишлатди, нашр қилинишида жонбозлик кўрсатди. Китобга Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳратдан сўзбоши олиш фикри ҳам Абдулладан чиқди. Ҳаммаси кўнгилдагидек чиройли бўлди.
Бизлар ўз ижодий машқларимизни ўзаро таҳлил қилиб, маслаҳатлашиб турардик. Абдулла аввал шеърини ёзиб, иккиланган жойлари бўлса, ўқиб берар, фикрларни эшитиб, кейин таҳрир қилар, маромига етказарди. Жуда кўп шеърлари кўз олдимизда ёзилган. “Тилла балиқча”, “Онажон”, “Аёл”, “Баҳор”, “Ўзбекистон” ва бошқа шеърлари шулар жумласидан.
1967 йилда “Гумбаздаги нур” достоним ёзилганда кўп маслаҳатлар берганди, ҳатто достонни “Гумбазлар гурунги” деб номлашни таклиф қилганди. “Улуғ салтанат” эпопеясининг биринчи китобида: “Осмон фавқулодда тиниқ, худди артиб қўйилгандай топ-тоза эди” жумласини ёқтириб: “Тасвирни қаранг!” деб мақтаб қўярди. “Улуғ салтанат” эпопеясининг 4-китоби “Шоҳрух Мирзо” романи муҳокамасини Абдулла Ориповнинг ўзи бошқарган эди.
1970 йилда бир гуруҳ уй-жойга муҳтож ижодкорларга янги қурилган тўққиз қаватли уйдан хонадонлар ажратилди. Абдулла рафиқаси Ҳанифахон билан 2-қаватга, мен оилам билан 9-қаватга жойлашдик. Бу уйда Миртемир, Шукур Холмирзаев ва турли миллат вакиллари яшар эдилар.
Ҳозиргидек эсимда, бир куни кечаси соат тўртларда эшигимиз тақиллади. Эшикни очсам… Ҳанифахон турибди. Оғирбўй ҳолида қийналиб иккинчи қаватдан тўққизинчи қаватга чиқибди! Лифт шу куни аксига олиб ишламай қолган…
“Анча беҳузурман… Мени туғруқхонага олиб боринглар!..”
“Абдулла қани?.. Пастдами?..”
“Йўқ… Чилонзорда меҳмонда эдилар…”
Машина чақирдик. Олтинчи туғруқхона ҳам, хайрият, узоқ эмас…
Соат эрталаб олтида кимдир эшигимизни қоқди. Абдулла экан. Уйга келса, Ҳанифахон йўқ… Дарҳол иккимиз туғруқхонага чопдик. Буни қарангки, биз Ҳанифахонни туғруқхонага элтганимиздан ўн беш минут ўтмай, у кўз ёриган экан! Чақалоқ номини “Шоира” деб қўйдилар.
Ўшанда собиқ иттифоқда аҳолини рўйхатга олинаётган кунлар, чамаси, 1970 йил 20 – 21-январь кунлари эди. Мен Шоирани кўрсам: “Сен менинг ҳам қизимсан. Сен ўша аҳоли рўйхатига кириб қолгансан!”, деб ҳазиллашаман.
Бизларни яқинлаштирган жиҳатлар, албатта, биринчи галда, ижод, иккинчиси, ёшимиз тенглиги (йўқ, Абдулла мендан бир ёш катта эди), учинчиси – замондошлигимиз. Балки муҳими – иккимизнинг ҳам қишлоқ болалари эканимиз, феълларимиз ҳам жайдари, соддалиги. Ҳарқалай, муносабатларимизда қуруқ олифтагарчилик йўқ эди. Мен нимагадир: “Бизлар – плебейлармиз” деган сўзни такрорлашни яхши кўрардим. Абдулла ҳам менга қўшиларди. “Плебей” – лотинча сўз бўлиб, “оддий халқ” маъносини беради.
Бир-биримизни яқин олишга ундайдиган қизиқ жиҳатлар ҳам бор. Масалан, Абдулланинг онаси Турди Карвон қизи, менинг онам Турдихон Эгамназар сўфи қизи, улар отдош эдилар. Абдулланинг отаси Ориф бобо юртнинг таниқли кишиларидан, узоқ йиллар колхоз раиси бўлган, менинг отам Аҳмадқул сўфи Бекназар сўфи ўғли ҳам колхоз раиси бўлган, ҳар хил давлат ишларида хизмат қилган. 1939 йилда Катта Фарғона канали қурилишида қатнашган. Ўшанда мамлакатда ҳар бир корхона, колхоз ё ташкилотга қазиш учун ўн метр, йигирма метр ер ажратиб берилган, шу сабабдан канал 45 кунда тайёр қилинган. Канал қурилиши умумхалқ иши эди, аниқ билмайман, лекин Ориф бобо ҳам ўз колхози аъзолари билан канал қурилишида қатнашганларига шубҳа қилмайман.
Абдулла менинг отам билан таниш эди, улар кўришганларида узоқ суҳбатлашишар, отам ҳам бундан мамнун бўлар эди. Ориф бобо Тошкентга келганларида бориб зиёрат қилардим, суҳбатларимиз қизғин кечар, кўп нарсаларни сўраб олардим. Хайрлашаётганимизда, Ориф бобо менга ҳамиша: “Сен Абдуллага айтиб тургин, тенгқурсизлар-да, гапинг ўтади, оғир ботмайди, анови зормандадан узоқроқ юрсин! ”, деб насиҳат қиларди.
Кўп сафарларда Абдулла билан бирга бўлганмиз. 1983 йили Москвада, Марказий адабиётчилар уйида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, камина ва Омон Матжон ижодига бағишланган “Ўзбек шеърияти кечаси” ўтказилди. Москвалик шеър ихлосмандлари, шоирлар ва таржимонлар залга йиғилиб келдилар. Шеърлар ўқилди, рус шоирлари сўзга чиқдилар… Камтарликни бир четга қўйиб айтиш мумкинки, кеча ўзбек шеъриятининг байрамига айланди!
1970-йилларда жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилишдек қутлуғ ишлар бошланиб кетди. Бир давр бўлган экан. Абдулла Орипов Данте Алигьерининг оламшумул “Илоҳий комедия” асарини ўзбек тилига таржима қилишдек ишга қўл урди… Шуни айтиш жоизки, Дантедек шоир ижодини ўз она тилида жаранглатиш учун жуда катта салоҳият, билим ва жасоратга эга бўлиш лозим. Абдулла Орипов худди шундай ижодкор эди. Ўша паллалар Эркин Воҳидов Иоганн Вольфганг Гётенинг бебаҳо “Фауст” трагедиясини ўзбек тилига ўгирди. Қодир Мирмуҳамедов Ҳомернинг улуғ “Илиада” билан “Одиссея” эпосларини, Жованни Бокаччонинг “Декамерон” романини ўзбекчалаштирди. “Шоҳнома” таржима этилди. Ўзим ҳам буюк ҳинд эпоси “Рамаяна”ни она тилимизга таржима қилдим. Шу муносабат билан ўша пайт Республика раҳбари бўлган давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидов каминани олтин пероли ручка билан тақдирлаганди. Шу воқеалар нари борса ўн-ўн беш йил ичида рўй берди. Адабиётимиз қанчалар бойиди, буни оддий сўз билан таърифлаб бўлмайди! Ҳайратга лойиқ ҳодиса!
Дўстим, халқимизнинг ардоқли ўғли ҳамиша ёдимизда. Турли йилларда ўзбекнинг буюк шоири Абдулла Ориповга шеърлар ҳам бағишлаганман. Хотираларим кўп, лекин ҳозирча мақоламни ушбу шеърлар билан якунламоқчиман.
Мувашшаҳ
Аламли ҳаётдан нолиб гоҳида
Боболар кўзига олишарди ёш:
“Дунёнинг беқарор қароргоҳида
Умр посангисин босарми ҳеч тош?…”
Лаълу дур ҳам бунда чорасиз қолур,
Лавозим дегани маънисиз бир гап.
Аммо яшамоқнинг файзи йўқолур
Жаҳоннинг савдосин кетсангиз ўйлаб.
Омади гап эмас, хазинаи ганж,
Нурафшон эрмак бу, буюк бир юпанч:
Озодлик туйғуси дилни яшартсин,
Руҳият тонглардан олсину нафас,
Илҳом моҳпайкари бағрига тортсин,
Фароғат гоҳида сийлаб турсин. Бас!
1970
* * *
Абдулла Ориповга
Рост дединг: ит ҳурар карвонга доим,
Бекордир саклардан ўзгани кутмоқ.
Азал қонунида битилмиш қоим,
Итларга ҳурмоғу карвонга ўтмоқ…
Майлига, дўстгинам, койитма жонни,
Беҳол увалмасин ҳориган юрак.
Ғафлат босмасин деб, ахир, карвонни,
Итларнинг ҳам ҳуриб турмоғи керак!..
2007
Муҳаммад Али,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти лауреати
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 10-cон