Катта иқтидор ва қобилият эгаси бўлса-да, машҳур бўлишни истаймай, яширин ижод қилиб оламдан ўтиб кетган адиблар ҳам бор. Эмили Дикинсон ана шундай ижодкорлардан биридир.
Эмили Дикинсон /1830-1886/ Америка адабиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўшган шоирлардан. Умуман, Америка адабиётига назар ташласангиз, унинг равнақига аёл адибалар сезиларли улуш қўшганини кўрасиз. Жумладан, Анна Бредстрит, Мэри Роулендсон, Энн Ҳачинсон, Энн Коттон, Сара Кембл Найт, Филлис Уитли, Сюзанна Роусон, Ҳанна Фостер, Жудит Саржент, Отис Уоррен, Маргарет Фуллер, Эмили Дикинсон, Лидия Чайлд, Энжелика Гримке, Сара Гримке, Элизабет Кейди Стенсон, Сожорнер Труф, Ҳарриет Бичер Стоу, Ҳарриет Жейкобс, Ҳарриет Уилсон, Мэри Уилкинс Фримен, Сара Орн Жуитт, Эдлен Глазгоу, Уилла Кэсер, Марианна Мор, Зора Нил Керстон, Силвия Платт, Анна Секстон, Элизабет Бишоп, Эми Клэмпит, Ники Жовани, Майа Ангелоу, Юдора Уэлти, Тони Моррисон каби Америка адиба ва шоиралари ижодининг ҳар бири ўзига хос бир олам. Афсуски, ҳозирча Ҳарриет Бичер Стоудан бош-қа Америка адибаларининг асарлари ўзбек тилига таржима қилинмаган ва шу боис улар аксар ўзбек китобхон- лари учун нотаниш. Адабиётшуносларимиз, таржимашуносларимиз ва таржимонларимизни бу соҳада улкан ишлар кутмоқда.
Юқорида номлари санаб ўтилган аёл ижодкорлар ичида жаҳон адабиётида энг ёрқин из қолдиргани Эмили Дикинсондир. ХIХ асрда яшаб ижод этган бу Америка шоирасининг ҳаёти ва ижодини бошқа бирон адиб ёки адибанинг ҳаёти ва ижодига ўхшатиб бўлмайди. Унинг тили ва услуби ҳам нодир ва сирлидир. Шоира ижодининг ажиб хислатлари унинг ўзига хос ҳаёт йўли билан ҳам белгиланади.
Эмили Дикинсон ҳаёти ва ижодини ўрганган олимларнинг таъкидлашича, у Америкадаги Масачусетс штатининг Амҳерст қишлоғида туғилган. Бутун ҳаётини шу ерда танҳоликда ўтказишга ҳаракат қилган: турмушга чиқмаган, ёзган шеърларини яширин тутган, 35 ёшидан бошлаб эса ташқи ҳаёт билан алоқаларини деярли узган ҳолда кун кечирган. Эмили Дикинсон ўз даврининг зиёли аёлларидан бўлиб, хотин-қизларга олий маълумот беришга мўлжалланган Аёллар семинариясини тугатган эди. Лекин бошқа қалам соҳибларидан фарқли ўлароқ, уни бадиий адабиётни кўп ўқир эди деб таъкидлаб бўлмайди. Ван Спэккерен Кэтриннинг ёзишича, Эмили Дикинсон бадиий адабиётдан Шекспир асарларини, мумтоз афсоналарни ва Инжилни жуда яхши биларди. Бу камтарин, камсуқум, иболи қишлоқ аёли XIX аср Америка адабиётидаги энг буюк шеъриятнинг каттагина қисмини яратган эди. Шоиранинг услуби кам сўз ишлатиб, катта маънони баён этишга қаратилган. У ҳеч қачон бир сўз ишлатиш кифоя бўлган жойда икки сўзни ишлатмасди. У камтарликни манманликка қарши қўйди, шон-шарафдан кўра танилмай ўтишни афзал кўрди.
Шоира табиатидаги ўзига хос хусусиятлар унинг шеъриятида ҳам ўз ифодасини топган. Мисол учун, ўзининг “Мен ҳеч кимман! Сиз кимсиз? (I’ m Nobody! Who are you?)” шеърида у ўзининг “Ҳеч ким”лигини, унга ўхшаган кишиларни атрофидагилар тушунмаслиги туфайли бу ҳақда оғиз очмаслик кераклигини ёзади. Манманлик билан шуҳрат орттирадиганларни ботқоқларни хушнуд қилиб, сайраб вақт ўтказадиган қурбақаларга ўхшатади.
Жаҳон адабиётида Эмили Дикинсон ўта камтарин, шуҳратпарастликка тамоман ёт табиатга эга бўлган аёл тимсолида намоёндир. У яратган 1775 шеърдан фақат бир нечтасигина унинг рухсатисиз ҳаёт пайтида чоп этилган. Шоира истамаган шуҳрат вафотидан кўп йиллар ўтгандан кейин 1955 йилда уни излаб топди. Шу йили унинг уч жилдлик шеърлар тўплами чоп этилди ва улар адабий танқидчилар томонидан турлича баҳоланди, шундан кейин Дикинсон Америка ва хорижда тез танилиб, машҳур бўлиб кетди.
Эмили Дикинсон шеърияти билан танишар экансиз, ўзингизни ажиб бир сирли даргоҳга кириб қолгандек ҳис этасиз. Хасталикка чалиниб, у дунёни кўп ўйлаганиданми, ташқи дунё билан кам алоқада бўлганиданми, унинг шеъриятида борлиқнинг ички моҳиятига эътибор жуда кучли. Машҳур инглиз шоири Ж.Г.Байрон ўзининг “Чайльд Ҳарольд зиёратлари” асарида инсон танҳо қолганда, денгиз у билан суҳбат қилишга қодир дейди, яъни табиат инсонни ёлғизлатиб қўймайди деган фикрни илгари суради. Шу фикрнинг исботи Эмили Дикинсон ижодида инъикос топган. Щоиранинг аксар асарларида қайноқ ҳаёт эмас, сукунат ҳукм суради. Бу сукунат табиат ва атрофдаги муҳит мавқеини кучайтиради. Шоира ўз асарларида астагина эсган елни меҳмон қилади (“Аста эшик қоқди шамол гўё чарчаган одам” — “Тhe wind Тapped like a Тired мan”), мотам маросими сукунатини қандайдир ўзгача ранглар билан тасвирлайди (Қаршимдаги ҳовлида таъзия бўлди” — “Тhere’s been a Death in the opposite нouse”), хаста кишиларнинг ҳаётга бўлган муносабатини нодир ранглар билан баён қилади, ўлим дақиқаларини тасвирлайди (“Ўлаётиб визиллашни эшитдим” — “I нeard a Fly Bиzz when i died”), (“Бу ўлиммас, ўрнимдан турдим” — “It was not Death, for I stood up”), (“У яшаган охирги кеча” — “Тhe Last Niqht that She Lived”), табиатдаги жонзотлар хатти-ҳаракатида бошқалар учун пинҳон бўлган маънони илғайди (“Ерга қўнди қандайдир қушча” — “A Вird came down the Walk”), осий бандаларнинг қилмишлари ҳақида хаёл суради (“Биз Худодан авф этмоқни сўраймиз” — “Of God We Ask One Favor”), ўткинчи дунё ҳақида фалсафий мушоҳада юритади (“Янги оёқлар кезар менинг боғимда” — “new Feet Within My Garden Go”). Бу шеърлар ўқувчини ўйлашга мажбур этади, воқеа-ҳодисаларга муаллифнинг кўзи билан қарашга ундайди.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 1-сон