Бегали Қосимов, Суннат Аҳмедов. Муқимий (1850-1903)

Муқимий XIX аср ўзбек адабиётининг энг машҳур вакилларидан. У ўз ижоди билан жаҳон адабиётшунослигида «девон адабиёти» деб номланадиган Шарқ адабиётидаги энг яхши анъаналарни давом эттирди. Айни пайтда, рус истилоси туфайли ижтимоий ҳаётда кечаётган ўзгаришларни адабиётга олиб кириб, унинг янгиланишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Унинг шеърлари ҳаётлик пайтидаёқ Туркистоннинг турли шаҳарларига ёйилган, шоирлар уларга мухаммаслар боғлар, хонандалар қўшиқ қилиб айтар эдилар. Муқимий миллий озодлик ҳаракати ҳақида шеърлар ёзган, ўз салоҳияти ва мавқеи билан мактаб яратган шоир эди.

 

Муқимийшуносликка бир назар

Шоир ижодини ўрганиш унинг ҳаётлик чоғидан бошланган. Шеърларига билдирилган турли-туман муносабатлар, улар ҳақдаги баҳслар, мақолалар бунга далил. Шоир вафотидан кейин унинг девони «Девони Муқимий» номи билан илк бор 1907 йили Н.Остроумов томонидан нашр этилди. Унда шоирнинг шеърий асарлари билан бирга таржимаи ҳоли ва ижоди ҳақида қисқача маълумот ҳам берилган эди. Мақола муаллифи Н. Остроумов унинг шахсига баҳо бераркан, шоирни ўқувчига қаландарсифат, дарвешваш бир қиёфада тақдим этади ва асосий машғулотини тақво ва шеър ёзиш эди, деб қўрсатади. Бунинг тагида шоирни халқдан узиб олишга уриниш ётишини пайқаш қийин эмас. 1910 йили Пордев литографиясида «Девони Муқимий маа ҳажвиёт» номи билан шоир асарларининг иккинчи нашри амалга оширилди. 1912 йили юқоридаги номда Муқимий асарларининг учинчи нашри дунё юзини кўрди. Шоирни сохталаштириш, афсуски, кейинги икки нашрда ҳам давом этди.

Давр ҳодисалари ижтимоий фикрдаги қутблашувни тезлаштирди. Файласуфлар айтганидек, ўнглар ўнглашиб, сўллар сўллашиб борди. 1915—1916 йилларда диндорларнинг мутаассиблашган қисми жамият ахлоқининг бузилишида (фаҳш, баччабозлик, товламачиликнинг кучайиши каби) ишқий мавзуда ёзувчи шоирларни айбдор топдилар. «Ал-Ислоҳ» журнали 1916 йилда бу мавзуда бутун бир баҳс очди. Дин пешволари номидан Муқимий ва Фурқат шеърларини «ҳаром» дейишгача борди.

Шоир ижодини жилдий ва кенг кўламда ўрганиш ўтган асрнинг 30-йилларидан бошланди. Бу даврда Муқимий асарларини тўплаш, ўрганиш, нашр этиш қизғин ва самарали олиб борилди. Газета ва журналларда қатор мақолалар эълон қилинди. Бу хайрли ишнинг бошида отахон шоиримиз Ғафур Ғулом турди. Унинг ташаббуси билан 1938 йили «Муқимий баёзи» тузилиб, нашр этилди. 1950 йили шоир асарлари «Лирика и сатира» номи билан Москвада рус тилида босилди.

1953 йили Муқимий вафотининг 50 йиллиги муносабати билан у ҳақда бир қатор тадқиқотлар яратилиб, муқимийшуносликка асос солинди. Ҳомил Ёқубов, Абдулла Олимжонов, Ҳоди Зарипов, Ҳошимжон Раззоқов, Ғулом Каримов, Абдурашид Абдуғафуров каби олимлар салмоқли ишлар яратдилар.

Муқимийшунослик, асосан, икки йўналишда борди: а) Муқимий ижодини бевосита ўрганиш; б) шоир ижодини ижтимоий-тарихий аспектда, замондошлари ва салаф (ўтмишдош) ҳамда ҳалаф (издош)лари меросига қиёсан ўрганиш.

Муқимий ижодини ўрганишда профессор Ғулом Каримов (1909-1991) нинг хизматлари катта бўлди. Ғ. Каримов – муқимийшунослик мактабига асос солган олим. Унинг бу борадаги илк ма-қоласи «Муқимийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш тарихидан» (1957) олий ўқув юртлари талабалари учун ёзилган «Ўзбек адабиёти тарихи» (3-китоб)идаги (1966, 1975, 1987) Муқимийга бағишланган тадқиқотлари, хусусан, 1962 йили ёқлаган «Ўзбек демократ шоири Муқимий ва унинг даври адабиёти» докторлик диссертацияси, 1970 йили нашр этган «Муқимий. Ҳаёти ва ижоди» монографияси муқимийшунослик илмининг сара намуналаридир. Ниҳоят, Муқимий асарларининг шу кунгача амалга оширилган ўзбек, рус ва бошқа тиллардаги нашрларининг аксарияти профессор Ғ.Каримов номи билан боғлиқ.

Муқимийшунослик истиқлол муносабати билан янги босқичга кўтарилди. Шоир босиб ўтган мураккаб ижодий йўл ва унинг сермазмун адабий меросини мустақиллик, Миллат ва Ватан манфаатлари нуктаи назаридан кўздан кечириш ва хулосалар чиқаришга эҳтиёж бор. Бу борада профессор Ғ.Каримов издошлари самарали иш олиб бормоқдалар.

 

Ҳаёти ва фаолияти

Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли Муқимий 1850 йили Қўқон шаҳридаги Беквачча маҳалласида новвой оиласида туғилди. Отаси Мирзахўжа асли тошкентлик, онаси Бибиойша хўжандлик бўлган. Улар тўрт қиз ва бир ўғил кўрганлар. Қизларининг оти Тожиниса, Улуғбиби, Сайдиниса, Меҳриниса.

Муҳаммад Аминхўжанинг онаси Бибиойша адабиёт ва санъатни севувчи, сўзга уста аёллардан бўлган. Уни яқиндан билган ўртоқлари «Хуморбиби» дер эканлар. Ёш Муҳаммад Аминхўжанинг шеърга ҳавас қўйишида, тахмин қилиш мумкинки, унинг хизматлари катта бўлган.

Бўлажак шоир эски мактабда хат-савод чиқаргач, 1864 йилдан Қўқондаги «Ҳоким ойим» мадрасасида ўқийди. 1867 йили Бибиойша вафот этади. Бир оз вақт ўтгач, Мирзахўжа Зиёдабиби исмли аёлга уйланади. Муҳаммад Аминхўжа 1872-1873 йилларда Қўқон мадрасасини битириб, Бухорога йўл олади. 1876 йилгача Бухоро мадрасаларидан бирида ўқийди, сўнг Қўқонга қайтади. Уни Санамбиби исмли қизга уйлантириб қўядилар.

1877 йили Муҳаммад Аминхўжа Қўқондаги ер қурилиши маҳкамасига мирзалик вазифасига ишга киради. Ер ўлчовчи амалдорларнинг ҳийла-найрангларини кўради. «Танобчилар» ҳажвини ёзади. Сўнг Сирдарё бўйидаги Оқжар паромига паттачи бўлиб ишга ўтади. Бу ердаги аҳвол ҳам шоирга ёқмайди. Оқжар одамлари ҳақида ёзган мухаммасида қуйидагиларни ўқиймиз:

Келганим ушбу маконга қиладур манга алам,
Лойиқи табъ йўқ одамки, десам ҳасрату ғам,
Гаплашурга киши йўқ эртадин оқшомғача ҳам,
Кун совуқ, қора чироқ, гўрдек ую, ўтин кам.
Чиқсам эшикка қилур тўрғайи чулдур-чулдур.

Одамларичи?

Кема важҳини демасларки, берибон қутулай,
Тарзи бир ҳийла қилиб, дерки юкумни яшурай,
Билса саркори, «почо!» деб этагига осулай.
Икки пул бер яна буйруққа қараб, – деса дегай:
«На қилурсан, чақамиз йўқ, мана ўлдур-ўлдур».

Шоир Оқжарнинг айрим шум, баттол одамларини мана шундай тасвир этган эди. Бироқ у Оқжар паромида ҳам узоқ ишлай олмади. 70-йилларнинг охирларидаёқ паттачиликни йиғиштириб, Қўқонга қайтади. Ижодга берилади. «Муқим» (турғун, туриб қолган), «Муқимий» тахаллусида ёзган шеърлари билан довруқ қозонади. Аммо шоирнинг шахсий ҳаёти юришмади. Санамбиби билан узоқ яшай олмади. 1879 йили Санамбиби Мукимийдан ажрадди, ўғли Акбархўжани онаси Зиёдабибига қолдириб, бошқага турмушга чиқиб кетди. Кўп ўтмай, Мирзахўжа ҳам вафот этди.

Муқимий 1887-1888 йилларда Тошкентга келади, ота қариндошлари билан учрашади. Алмаий, Нодим Намангоний билан танишади. Улар билан яқиндан алоқа боғлайди.

Шоир шу йиллари оғир иқтисодий тангликда яшаган. 1890 йили отадан қолган ҳовлини сотиб, мадраса ҳужрасига кўчиб ўтишта мажбур бўлган. Хаттотлик ҳунари жонига ора кирган. Кишилар учун хат (китобат) ёзиб, китоб кўчириб, шундан келадиган даромад ҳисобига кун ўгказган. Адабиёт-санъатни яхши кўрган давлатманд кишилар моддий ёрдам берганлар. Шуларнинг ёрдамида 1892, 1899 йилларда икки маротаба Тошкентга келиб кетгани маълум.

90-йилларнинг ўрталарида Муқимий тақдирнинг бир ғаройиботи туфайли Москвада Лазарев номли жонли Шарқ тиллари институтида ўқиб турган жияни Рўзимуҳаммад Дўстматов (отаси ҳаж сафарида ўлиб қолганида яхши одамлар учраб, тарбия қиладилар ва ўқишга йўллайдилар) билан топишади ва улар орасида ёзишмалар бошланади. 1898 йили РДўстматов Қўқонга келади, тоға-жиян учрашадилар. Ёз таътили тугагач, Рўзимуҳаммад яна Москвага қайтиб кетади. Шоир кузатиб қўяди. Кечинмаларини сўнгроқ шеърий мактубда шундай ифодалайди:

То видолашмакға борилди кеторингда сани,
Йиғладим пинҳон оташга тушорингда сани,
Сайр этиб юрганда, юрмишдим канорингда сани,
Не саодатлиғ замон эрканки, борингда сани,
Маҳфилим, равшан сафолиғ рўзгорим бор эди.

Давлату иқбол жомидин Ҳақ айлаб баҳраманд,
Пояи қадрингни қилгай бора-бора то баланд,
Айлагай ақронинг ичра сарфарозу аржуманд,
Ҳеч ёдинга келурму дебки шаҳрида Хўқанд,
Бир ғариб бекас тагойи хоксорим бор эди.

Р. Дўстматов иккинчи марта 1904 йилда Қўқонга келди ва умрининг сўнгигача Муқимий уй музейида хизмат қилди.

Муқимий ҳаётининг сўнгги йиллари касалликда кечди. Қулоқ оғриғи, сўнг «ярақон» (жигар хасталиги) шоирни қийнаб қўйди. 1902 йилнинг 16 декабрида Андижонда даҳшатли зилзила юз берди. Шаҳар лаҳзада вайронага айланиб, 4652 киши ҳалок бўлади. Шоир бундан қаттиқ ларзага тушади. Шаҳарга бориб офат оқибатларини ўз кўзи билан кўради ва изтироб тўла таърих-марсия битади.

Шоир фожиа манзараларини рўйи рост тасвир этар экан, сабабларини, ўз ақидасига кўра, жамият ахлоқи билан боғлайди, айрим одамларнинг бузилишидан кўради. Шеър шоир ўлимидан бир ой оддин «Туркистон вилоятининг газети»да босилган эди.

 

Ижодий мероси

Муқимий 1903 йилнинг 25 майида вафот этади. Муқимийнинг бизгача етиб келган ижодий меросини 10 минг мисра атрофида тахмин қиладилар. Улар асосан лирика ва ҳажвиётдан иборат.

Муқимий табиатан ҳозиржавоб киши эди. Кўплаб замондошлари сингари ўзбек ва тожик тилида баравар ёза оларди. Кўпгина шеърлари ўзининг ёзилиш тарихига эга. Улардан айримларини таржимаи ҳолида кўриб ўтдик. Маълум муносабат билан ёзилган шеърлари орасида Тошкент ноиби вафотига бағишланган («Тарихи фавти ноиби Тошкандий») беш байтлик тожикча таърих-марсияси бор. «Ноиби Тошкандий» 1892 йилдаги Тошкент қўзғолонининг ташкилотчиларидан ва фаол иштирокчиларидан Инъомхўжа бўлади. Туркистон ҳарбий округ суди уни 1892 йил 10 декабрда Иркутск губерниясига сургун қилган эди. Бироқ у касалмандлиги туфайли шу ерда қолдирилади. Қамоқни шу ерда ўтайди. 1897 йилнинг 3 февралида шу ерда вафот этади.

Таърих-марсияда шоирнинг рус сиёсатига қарши бош кўтарган қаҳрамонга меҳр-муҳаббати очиқ ифодаланади. «Гарчи ҳибсда ғурбатдан қон йиғласа-да, оқибат шаҳид бўлди. Унинг вафоти куни азиз-авом, катта-кичик бутун Хўқанд халқи мотам тутди», – дейилади марсияда.

Муқимий Инъомхўжа машаққатларига ўзини ҳамдард тутади. Шоир фикрича, Инъомхўжа ўлган эмас, у шаҳилдир. У ҳаётга шунчаки келиб-кетган эмас, жуда катта иш қилган. Шу сабабли, у эл-юртнинг меҳрига, муҳаббатига мушарраф бўлган. Шунинг учун ҳам унинг ўлимига бутун Хўқанд аза тутди.

Афсуски, Муқимий 1898 йилги Дукчи Эшон бошчилигидаги халқ озодлик ҳаракатини мана шундай теран англай олмади. Рус ҳукуматининг расмий талқини изидан бориб, ҳажвиялар битди.

 

Лирикаси

Муқимийнинг жуда кўп ғазаллари унинг тириклигидаёқ қўшиқ қилиб қуйланган. Унинг шеърлари кўпроқ хонандалар орқали ёйилган. Жуда қўп таникди санъаткорлар ўз ҳаётларини Муқимий ижоди билан боғлаганлар. Шоир шеърларида Мамажон макай, Низомхон, Фарзинча (Фарзинхон), Исмоил найчи исмлари учраб қолади. Уларга бағишланган байтлар, шеърлар ҳам бор. Булар ўша даврдаги машҳур санъаткорларнинг исмлари, лақаблари. Муқимийнинг улар билан бундай яқин алоқаси бежиз эмас. Шоир ғазаллари мусиқий, оҳангдор эди, харидори кўп эди.

Бу шеърларнинг мавзуи аксарият анъанавий, ёр ҳақида. Унинг ҳусни, яъни қоши, кўзи, юзи, сочи, қадди-қомати таърифига бағишланган.

Ошиқ шоир висолдан қувонади, ҳижрондан изтироб чекади. Лекин ҳар қандай ҳолда ҳам ёрнинг ҳусни давлатига ривож тилайди. Унинг меҳр ва шафқатидан умидвор. Аммо у ёр қанчалик гўзал бўлса, шунчалик бевафо, жафокор. Шу сабабли, шоир шеърларида қувончдан ҳасрат кўп.

Тийғинг менинг қонимдадур, зулфинг гирибонимдадур,
Юз минг алам жонимдадур, ман мубтало қайда борай?!

Ишқий анъанавий шеърлар замонга мосланиб борди. Масалан, Муқимий ва унинг замонасида «Суратинг» радифли шеърлар пайдо бўлди. Бу, биринчи навбатда, фотографиянинг ҳаётга кириб келиши билан изоҳланади.

Муқимий лирик жанрлардан мураббаъга алоҳида эътибор берди. Маълумки, мураббаъ бошқа жанрлардан, аввало, вазн ва қофиясига кўра фарқланади. Рубоий фақат ҳазаж баҳридагина ёзилса, мураббаъ учун бундай чекланиш йўқ. Рубоий, туюқ мустақил тўртликлардир, мураббаъда эса бир неча тўртликлар қўшилишидан яхлит асар бўлади ва улар а-а-а-а, б-б-б-а, в-в-в-а шаклида қофияланадилар. Сўнгги бандда тахаллус бўлади.

Муқимийнинг мураббаълари йигирмадан ортиқ, деярли ҳаммаси ишқий мавзуда. Оҳангдор, равон. Вазнига кўра аруздан бармоққа яқин туради. Халқ қўшиқларини эслатади. Масалан:

Эмди сандек жоно, жонон қайдадур,
Кўриб гул юзингни боғда бандадур,
Сақлай ишқинг токи жоним тандадур,
Ўзим ҳар жойдаман, кўнглум сандадур.

Меҳринг ўти ногаҳ тушди жонларга,
Парвойим йўқ зарра хону монларга,
Лола янглиғ тўлиб бағрим қонларга,
Ўзим ҳар жойдаман, кўнглум сандадур.

Эрта-ю кеч фикру зикрим хаёлинг,
Бир сўрмадинг: «Налар кечди аҳволинг?»
Эсларимга тушиб ширин мақолинг,
Ўзим ҳар жойдаман, кўнглум сандадур.

Шоирнинг айрим ғазалларида унинг ҳаёти билан боғлиқ лавҳалар акс этган.

Ёр ила не хуш замони рўзғорим бор эди,
Подшолик давлатидин ҳамки орим бор эди, –

матлаъи билан бошланадиган ғазал шундайлардан. Шеърда бошдан-оёқ ёр билан кечган кунларни қўмсаш ҳукмрон. Бу,. эҳтимол, маъшуқадур. Эҳтимол, бирор дўстдир. Балки оиласи — хотини Санамбиби ва ўғли Акбархўжа билан бирга кечирган кунлардир.

Шоирнинг яна бир шеъри:

Подшоҳ йўқлатсалар, ногаҳ гадо деб ахтаринг,
Тутманг ҳаргиз номими, бахти қаро деб ахтаринг, –

матлаъи билан бошланади. Ундан Муқимийнинг қандайдир бир «иш»да айбланиб, таъқиб этилгани англашилади. Умуман олганда, шоирнинг катта-кичик амалдорлар билан алоқаси яхши бўлган эмас. Шахсий ҳаётидаги омадсизлик, ҳукумат хизматида чиқишиб ишлаб кета олмаслиги, оқибатда турмушининг ночор бир ҳолга тушиши, Ҳазрат мадрасасида ғарибона ва сўққабош ҳаёт кечиришга мажбур бўлиши «Толеим» шеърида таъсирчан акс этган:

Оҳким, афсус, эмас ҳеч ишда раҳбар толеим,
Вожтундур имтиҳон қилдимки, аксар толеим…

Юз тарафдин еткуруб, гарди кудурат занги ғам,
Айлагай оинаи табъим мукаддар толеим.

Ҳар неча килсам тавалло — зор қилмас илтифот,
Рўйгардон тескари, тобора бадтар толеим.

Рўзгорим тийра, иқболим забун, бахтим қаро,
Бўлса равшан, бормукин тадбири дийгар толеим?

Ногаҳон берсам, Муқимий, бир мусулмонға салом,
Дафъатан икки қулоғини қилур кар, толеим.

Яна бир шеърида ёзади:

Кетардим бош олиб, гар бўлса эрди, рўзғорим йўқ,
Нетай безоду тўша йўлга юрмакка мадорим йўқ.
Турарга қолмади тоқат, кўнгулда ихтиёрим йўқ,
Ўзингдан ўзга, ё раб, раҳбари лайлу наҳорим йўқ,
Ҳидоят айлагайму деб Муқиминг интизор ўлмиш.

Яна бир маълумот. Москвадаги жияни Р. Дўстматовга хатидан:

«Бечорачилик. Подшолик мадрасаларимизни(нг) вақфини олиб қўйган, ҳеч бир тарафдан даромад – дахл йўқ, қашшоқлиғ».

Илгари мадрасаларнинг сарфу харажатини таъминлаб туриш учун вақф (ер, мулк) ажратилган. Русия Туркистонни босиб олгач, шуларни олиб қўйди. Мадрасаларнинг таъминоти бузилиб, бирин-кетин ёпила бошлади. Айниқса, мадрасаларда истиқомат қилувчилар қийин кунда қолдилар. Муқимийнинг ўз тақдири ва тирикчилигидан зорланиш сабабларидан бири – шу.

 

Табиатдан жамиятга

Муқимийнинг энг сара лирик шеърларидан бири  «Навбаҳор»дир. «Навбаҳор» – янги баҳор дегани. У – уйғониш фасли. Борлиқнинг, мавжудотнинг энг сара фасли. У тириклик нишонаси, табиатнинг узоқ, рутубатли қишдан кейинги қайта жонланиши. Ана, қорлар кўтарилиб, ернинг иссиқ нафаси тупроқлар орасидан кўкка ўрлайди. Қушлар чуғури тинмайди, калдирғочлар тикка кўтарилади. Чор атроф яшиллик билан қопланади. Шоир бу манзарадан туганмас завқ-шавқ олади. Тирикликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини англайди. Унда ҳаётта сўнгсиз иштиёқ уйғонади. Энг муҳими, чинакам умр одамлардан узоқда кечириладиган узлатнишинлик эмас, дўстлар билан тўлиб-тошиб, ёниб-жўшиб яшамоқ экан:

Навбаҳор! Очилди гуллар, сабза бўлди боғлар!
Суҳбат айлайлик, келинглар, жўралар, ўртоғлар!

Хуш бу маҳфилда тириклик улфату аҳбоб ила,
Ўйнашиб, гоҳе табиатни қилайлик чоғлар!..

Лекин, афсуски, замона — ёмонники. Ақлли, доно кишилар (аҳли тамиз) оёқ остида, булбул ўрнини қарға (зоғ)лар олган:

Ҳайфким, аҳли тамиз ушбу маҳалда хор экан,
Олдилар ҳар ерда булбул ошёнин зоғлар.

Шоир кутилмаганда гапни мана шундай жамият ҳаётига буради ва унга ўз муносабатини билдиради. Агар замона адолатли бўлса, ҳар ким ўзига муносиб жойда бўлмоғи лозим эди. Ҳолбуки ундай эмас. Шоирнинг эътирози шунда.

 

Ҳажвиёти

Муқимий кўплаб ҳажвий шеърлар ҳам ёзди. XIX аср охиридаги тарихий шароитда томир отган такаббур, порахўр танобчиларнинг, товламачи, юлғичларнинг эсда қоладиган образларини яратди. У ўз шеърларидан бирини «Танобчилар» деб атади. Танобчи — ер ўлчовчи дегани. Эрта баҳорда деҳқон ерга экинни экиб бўлгач, махсус кишилар чиқиб уни ўлчаганлар ва шунга қараб солиқ белгиланган. Бир таноб — гектарнинг олтидан бирини ташкил қилган. Муқимий шулардан иккитасини қаламга олади. Шеър улардан зулм кўрган бир деҳқоннинг ўзига хос «арзнома»сидир. Муаллиф шундай ҳикоя қилади:

Бўлди таажжуб қизиқ ҳангомалар,

Арз этайин эмди ёзиб номалар.

Сўнг гап ўн икки ойда бир келадиган таноб воқеасига ва танобчиларга кўчади. Улар: Султон Алихўжа ва Ҳакимжон. Улар бир-бирлари билан ғоят иноқ. Икки амаддорнинг гапи бир ердан чиқ-моғи учун иноқлик лозим. Улар қайси қишлоққа борсалар, элни йиғиб, ўзларини зиёли, анбиёу авлиёлар зотидан қилиб кўрсатадилар. Сўнг бу ҳам етмагандай дўқ-пўписага ўтадилар. Хуллас, пора олмагунча қўймайдилар. Ҳам «эллигу юзни» оладилар, ҳам танобларини «ду чандон» (икки марта) ошириб кетадилар. Воқеа шундай якунланади:

Ақча қўлида икки-уч мўйсафид,
Дерки: «Бу назрингизу, бизлар — мурид».

Зулм билан эллигу юзни олур,
Боз танобини ду чандон солур.

Шоир шундай хулоса чиқаради:

Тағи булар яхшию бизлар ямон,
Эл тамизидин ҳазар эт, алъамон.

Мақтанчоқ, ҳаромхўр танобчиларнинг мушугини «пишт» дейдиган кимса йўқ. Халқ — гумроҳ. Чор ҳукуматига эса шуниси маъқул. «Танобчилар» адабиётимиз тарихида ушбу ҳолатнинг умумлашма ифодасини берган асар сифатида алоҳида аҳамиятга эга.

Сайлов – адабиётимиз учун янги мавзу. Чор ҳукумати Туркистонда сайловни жорий этди. Юзбоши, мингбоши, қози сайланадиган бўлди. Лекин бу сайлов порахўрликка йўл очди. Бадавлат кишиларнинг пул сочиш мусобақасига айланиб кетди. Муқимийнинг «Сайлов» шеъри шу ҳақда.

«Тўйи Иқонбачча»да бир тўй ҳангомаси тасвирланган. Тошкентдаги бир бойнинг Иқондаги гумашта (хизматчи)си тўй қил-моқчи. Ҳаммаёққа овоза тарқатган: ундай қиламан, бундай қиламан!.. Ногоҳ Тошкентдан «хўжайин» «сизга тўй қилишни ким қўйибди», деган мазмунда сим қоқади. «Туйнугингдан агарда чиқса тутун, Мунда бер дастмояларни бутун», — дея танбеҳ беради. Имога маҳтал гумашта ва унинг хотини хурсандчиликларини зўрға яши-радилар. Енг учида тўй ўтади. «Шираворнинг ўзига икки юз сўм бўлурми?!» деб керилиб юрган гумашта, тузни ҳам «чўт»га урган-да, ўттиз уч тангалик тўй қилади.

Шеърда мана шу «тўй»га тайёргарлик ва унинг ўтказилиши кулгили бир шаклда ифода этилган. Масалан, тўй яширинча ўтиши керак эди. Шоир уни шундай тасвирлайди:

Ўчоқ устида гар йўталса биров,
Ер эди елкасига катта касов.

Бири қаттиқ чиқарса овозин,
Билмасин қўшни, деб тутиб оғзин.

Ёки тўйга айтишни кўрайлик:

Етти одамни ўз маҳалласидин,
Қорни тўқ, янги тўн басалласидин.

Қилди шовқинламай имо уйидин,
Мундин, ундин, юқоридин, қуйидин.

Мана, меҳмонларга ош қўйилиши:

Сўзди ош бир ликавда уч кишидин,
Кетги ошни кўриб ҳамма ҳушидин.

Ош мисоли табақда кўз ёши,
Курмаки кўп, гуручидин тоши, –

ва ҳоказо.

Муқимийнинг бир қатор ҳажвий шеърлари борки, улар аниқ, тайинли кишилар ҳақида. Масалан, «Ҳажви Викторбой», «Ҳажви Виктор», «Воқеаи Виктор» шеърлари Виктор Димитрович Ахматов ҳакида. У Қўқондаги ака-ука Каменскийларнинг савдо идорасида иш бошқарувчи бўлган. 1891 йили Москвадан арзон мол келтириб бераман, деб бир тўда содда ўзбекларнинг пулини олиб, бедарак кетган. Бу гап ўз даврида бутун Фарғона водийсига ёйилиб, шов-шув бўлган.

Иккинчи бир «қаҳрамон» Лахтин дегани ҳам шунақа юлғич, учарлардан. У бир қатор завод, фабрикалар, босмахона ҳам очган эди. Шоирнинг «Дар шикояти Лахтин» шеъри шу ҳақда.

«Масковчи бой таърифида» шеъри маҳаллий бойларимиздан Ҳодихўжа ҳақида ҳикоя қилади. У рақобатга дош беролмай, уқувсизлик қилиб синган бойлардан.

«Воқеаи кўр Ашурбой ҳожи»да қариб қуйилмаган, ҳажга бориб келса ҳам ахлоқи бузуқлигича қолаверган бир бойнинг қилмиши ва у қўлга тушганида сувдан қуруқ чиқиши ҳажвий йўсинда тасвир этилган.

Бу ҳажвияларнинг кўпчилиги мумтоз шеъриятимизнинг маснавий жанрида ёзилган. Масалан, «Танобчилар», «Тўйи Иқонбачча», «Масковчи бой таърифида», «Воқеаи Виктор» каби. «Сайлов», «Дар шикояти Лахтин», «Воқеаи кўр Ашурбой ҳожи» ғазал йўлида қофияланган. «Ҳажви Виктор», «Ҳажви Викторбой» мухаммасда ёзилган.

Қизиғи шундаки, Муқимийнинг айрим сатирик шеърлари ҳам куйга солинган. Масалан, «Ҳажви Викторбой» мухаммасининг матнини Н. Остроумов ашулачилар оғзидан ёзиб олгани маълум.

Муқимий қатор шеърларида қулоқларни тарақа-туруғи билан батанг қилувчи, шалағи чиққан аравалар («Ароба»), «фақиру бой», «зоҳиду обид» демасдан, оёқдан олиб ерга йиқитадиган «полвон», «лой» («Лой») ҳақида гап кетади.

Муқимийнинг жияни Р. Дўстматов 1898 йили Қўқонга келганида безгак билан касалланиб қолади. Шоирнинг «Безгак» радифли шеъри шу муносабат билан ёзилган. Шоир унга одамга хос хусусиятлар беради. «Номусулмон» деб қарғайди, мезбонликни ўрнига қўймаганликда айблайди:

Демаским: «Тутмайин, қавму-қариндошини қўрмаққа,
Келибдур мунда Масковдан неча қун меҳмон», безгак.

«Пашшалар» шеърида кечаси оқи, кундузи қораси ором бермайдиган пашшаларнинг «бир-бирини қувлашиб», доимо «ғавғо» қўтаришини, «жанжали» битмаяжагини хабар қилади. Улар устидан «судясига арз этмоқчи» бўлади.

«Кўса» туркумидаги тўрт шеъри машҳур найчи Исмоил ота ҳақида. Шоир ўз дўстининг камсуханлигига ишора эттани ҳолда унинг касбкори, ётиш-туриши билан боғлиқ ҳар хил қочиримлар қилади.

Хуллас, Муқимий турмушнинг хилма-хил манзараларини, замондошлари ва уларнинг феълларини қулгили, эсда қоладиган лавҳалар, ифодалар билан бизга етказади. Бу шеърлар оҳангига кўра ҳам енгил, равон.

 

Саёҳатномалари

Муқимий Фарғона водийси бўйлаб қилган саёҳатлари таассуротларини шеър қилиб ёзди ва булар «Саёҳатнома» номи билан шуҳрат топди. Булар шоирнинг Қўқон—Фарғона, Қўқон—Шоҳимардон, Қўқон-Исфара саёҳатлари таассуротларидир. Ҳар уч саёҳатнома яхлит бир асар шаклида бўлиб, тўртликлардан таркиб топган. Жами 244 мисра. Ҳаммаси бир вазнда—ражази мураббаи солимда, ҳар бир банд «экан» радифи билан якунланади. Ҳаммаси учун битта умумий муқаддима ва битта умумий якун—хулоса бор. Асарда саёҳат сабаби берилади, сўнг турли манзил-қишлоқлар, уларнинг табиати, манзаралари тасвир этилади. Жойлардаги одамлар, феъл-удумлар ҳикоя қилинади.

«Саёҳатнома»:

Фарёдким, гардуни дун,
Айлар юрак-бағримни хун.
Кўрдики бир аҳли фунун
Чарх анга кажрафтор экан, –

сатрлари билан бошланади.

Мумтоз адабиётимизда «ҳасби ҳол» деган махсус жанр бор. Унда шоир ўз аҳволи ҳақида ёзади. Гоҳо унинг айрим кўринишлари бошқа хил шеърларда ҳам учрайди. «Саёҳатнома»да мана шундай ҳол мавжуд. Шоир «гардуни дун» («пасткаш дунё»)дан фарёд қилади, юрак-бағрини «қон» («хун») қилганидан шикоят этади. «Аҳли фунун» («илм-фан кишилари»)га бу дунёнинг ҳамиша тескари («кажрафтор») юрганини таъкидлайди. Шоир бу фикрини олтинчи бандда давом эттириб, саёҳат сабабини шундай аникл аштиради:

Қолмай шаҳарда тоқатим,
Қишлоқ чиқардим одатим.
Хоҳи яёв, бўлсун отим,
Гоҳ сайр ҳам даркор экан.

Муаллиф кайфияти, ҳолати, атроф-муҳитга, кишиларга муносабати «Саёҳатнома» сатрларида аён сезилиб туради. Масалан, шоир Шоҳимардон томон йўл олар экан, Ултарма, Дўрмонча, Бўрбалиқ, Оқ ер, Рошидон, Зоҳидон, Олтиариқ, Чимён, Водил қишлоқлари билан таништиради, уларнинг ҳар бирини таъриф-тавсиф этади:

Аммо назарда Рошидон
Фирдавс боғидин нишон.
Ўйнаб оқар оби равон,
Саҳни гулу гулзор экан.

Ёки:

Водил мақоми дилфизо,
Кўчаларидур дилқушо,
Анҳорида оби сафо,
Себарга обишор экан.

Худди шунингдек, кейинги саёҳатномасида Қудаш, Яйпан, Нурсух, Бешариқ, Конибодом каби қишлоқ ва шаҳарлар билан боғлиқ тафсилотлар берилади. Шоир соя-салқинга кўмилган Рапқонни, толзорлари кишини маҳлиё қиладиган Яйпанни завқ-шавқ билан мақтайди. Она-Ватаннинг бетимсол табиатини, кўзни қамаштирувчи манзараларини, «анҳору сою чўллари» ва «ширин зардолулари»ни сўнгсиз меҳр ва ифтихор билан тасвирлайди.

Асарнинг оҳанги равон, ўйноқи. Ражазнинг тўрт рукнлик солим баҳрида ёзилган, яъни мустафъилун мустафъилун.

Нурсух каби бир жой кам,
Тушмай ўтиб қилди алам,
Олма анор ўрнига ҳам,
Боғида току занг экан.

Муқимий «Саёҳатнома»си Қўқон шоирлари орасида акс-садо топган. Фурқат, Завқий, Тажаллий каби забардаст шоирлар Муқимий асарининг вазни ва радифи билан саёҳатномалар ёзганлар. Фурқат «Саёҳатномаси» фурқатшунос Ш. Юсупов томонидан эълон қилинган. Завқий саёҳатномаси «Обид мингбоши ҳақида ҳажв» номи билан танилган. Тажаллий «Саёҳатнома»сидан парчаларгина етиб келган.

Иккинчи томондан, агар биз XIX асрда Бухоро адабий муҳитида ҳам форс-тожик тилида саёҳатномалар битилганини хотирга олсак, мазкур жанрнинг ушбу даврда кенг шуҳрат топганлиги маълум бўлади. 70-йилларда Бухорода ўқиб қайтган Муқимийнинг улардан бехабар бўлган бўлиши мумкин эмас.

Хулоса қилиб айтганда, Муқимий шеърияти янги ўзбек адабиётининг шаклланишида, айниқса, унда ижтимоий сатира ва сероҳангликнинг марказий ўрин эгаллашида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шоир ҳақида бир қатор бадиий асарлар ёзилган, жумладан, Собир Абдулланинг «Мавлоно Муқимий» романи бор.