Ўлик жонлар” (Н.В.Гоголь) ва “Эски арава” (Шойим Бўтаев) асарлари мисолида
“Ё парвардигоро, нақадар мотамсаро бизнинг Русия!”
А.С.Пушкин
Ўзбек адабиётшунослигида киноявий-пародия асарлар шу пайтгача ўрганилмаган. Ваҳоланки, ҳозирги ўзбек прозаси ва шеъриятида пародия асарларнинг намуналарини исталганча топиш мумкин. Аввало, “Пародия нима?” – шу саволга жавоб берсак. Пародия – юнонча сўз бўлиб, “тескари қилиб куйлаш” маъносини беради. Пародияга адабиётшунослик луғатларида “бирон бир асар, ижодкор, ижодий услуб, жанр кабилар устидан кулиб ёзиш” дейилади[1]. Ҳар ҳолда рус-европа адабиётшунослигида мазкур илмий масала юзасидан анчагина тадқиқотлар олиб борилган[2]. Дунё адабиётшуносларининг эътироф этишича, адабий пародия илк бор антик юнон адабиётида яратилган. Хусусан, олимлар Гомернинг “Илиада” асарига Батрахомиомахиянинг “Сичқон ва қурбақанинг уруши” асарини “илк пародия” намунаси сифатида кўрсатишади. Хаёлимизга пародия асар дейилган заҳоти Сервантеснинг “Дон Кихот” ҳажвий романи келади. “Дон Кихот” рицарлик романларига қарши пародия тарзида ёзилган беқиёс, буюк асардир. Умуман, дунё адабиётида Салтиков Щедрин, Мольер, Д.Дефо, Ж.Свифт, Байрон, В.Скотт, Гейне ижодида пародиянинг турфа кўринишлари учрашини хорижлик олимлар тадқиқ этишган.
Пародия қачон туғилади? Пародия эскилик билан янгилик ўртасида кураш кучайган пайтда, бирон бир жиддий муаммо устидан аччиқ кулиш мақсадида, жамиятдаги ёмон иллатларни таг-томири билан йўқотишга қаттиқ киришилган пайтда энг моҳир, истеъдодли ёзувчи-шоирлар томонидан пародия асар яратишга зарурият туғилади.
Пародиянинг муҳим адабий-назарий канонлари сифатида рус адабиётшунослари қуйидагиларни кўрсатишади:
- Муаллиф услубига тақлидий пародия;
- Танқидий йўналиш;
- Юмор;
- Поэтик маҳорат.
Мазкур фаслда ўзбек адабиётида “пародия”нинг генезислари ва унинг намоёндалари хусусида тўхталмаймиз. Бу алоҳида, жиддий мавзу. Биз ҳозирги ўзбек насрида ўнлаб қиссалар яратган Шойим Бўтаевнинг “Эски арава” пародия-қиссасига тўхталамиз. Шойим Бўтаев шу кунга қадар “Шамол ўйини”, “Эски арава”, “Муюлишдаги уй”, “Шўродан қолган одамлар”, “Шоҳона совға”, “Бир кунлик меҳмон”, “Кайвонининг мангу макони”, “Юлдузларга элтар йўл”, “Кунботардаги боғ”, “Кутубхоначи қиз” каби ўнга яқин қиссалар ёзди. Саналган қиссалар орасида “Эски арава” ўзининг пародиявий бадиий модуси билан бошқа асарлардан ажралиб туради. Адабиётшунос А.Расулов мазкур қисса ҳақида шундай ёзади: “Шойимнинг Гоголь ижодига бўлган алоҳида ҳурмати “Эски арава” қиссасида кўзга яққол ташланади. Асарнинг асосий қаҳрамони Павел Иванович Чичиков – “Ўлик жонлар” асаридаги устаси фаранг, илоннинг ёғини ялаган одам. “Эски арава”га Чичиков ўз малайи Селифан, отбоқари Петрушка, олди-сотди масалалари бўйича мулоқотга киришган Собакевич, Манилов, Плюшкин, Кошкаревлар билан кириб келади. Шойим Бўтаев Чичиковнинг маънавий “олами”ни роса ўрганган.
…Шойим Бўтаев “Ўлик жонлар”ни чуқур англаб етади ёхуд ҳазрат Гоголь болининг мазасидан ҳузур қилади”[3]. Домла ниҳоятда чиройли таърифлар беради, Гоголга эргашган Шойим Бўтаевнинг “Эски арава” қиссасига одилона баҳо беради.
Нима учун Шойим Бўтаев 80-йиллар охирига келиб, Гоголь услубига, бинобарин, муаллифнинг машҳур “Ўлик жонлар” асарига пародия асар яратди? – деган савол туғилади. Бизнингча, юқорида хорижлик олимлар ўрганганларидек, қачонки, жамиятда эскилик билан янгилик ўртасида аёвсиз руҳоний кураш авжига чиққанида “пародия асар” пайдо бўлади. Шойим Бўтаев шўро тизимидаги эскирган раҳбарият, яккаҳокимлик, лаганбардорлик, хушомадгўйлик, фикрсизлик авж олган паллада Гоголга суянади. Гоголнинг сатирик услуби ёзувчига қўл келади. Гоголдан кимлар таъсирланмади, дейсиз? Абдулла Қаҳҳор бир мақоласида “Менинг биринчи устозим Гоголь” деб эътироф этади. Гоголнинг ўткир, кинояли, заҳарли қаҳқаҳаси нафақат Россияни зир титратди, бутун дунёни ларзага солди. Унинг заҳарханда сатирасидан кишилик жамияти маънавий озуқа олди. Шу жумладан, Николай Васильевич Гоголнинг “Ўлик жонлар” асари қаҳрамонларини Шойим Бўтаев “Эски арава” қиссасида қайтадан тирилтиради. Россиянинг “Ўлик жонлар”ига Ўзбекистонда эҳтиёж сезилади. Ёзувчи Гоголнинг ўткир қалами билан ҳажв тиғи остига олинган қаҳрамонларга эҳтиёж сезади. “Ўлик жонлар” образи орқали Шойим Бўтаев жамиятдаги бутун ноқисликлар устидан боплаб кулиш йўлини топади. “Эски арава”нинг илк саҳифаларини ўқий бошлашингиз билан юзингизда ним табассум пайдо бўлади. Бу жаноб Гоголнинг ҳажвий қаламими, ёки Шойим Бўтаевнинг ўзига хос тақлидий пародиясими? Назаримизда, “Эски арава” қиссасида Гоголь яратган образлар, яъни Чичиков, Селифан, Петрушка, Собакевич, Кошкарёв, Маниловларнинг трансформацияси юз беради. “Эски арава”да муаллифнинг ўзига хос фантасмагорияси, сатирик салбий типлар Чичиков, Селифан, Петрушка, Кошкарев ва бошқаларнинг трансформацияси натижасида мавжуд жамиятдаги бюрократизм, ижтимоий-маънавий инқироз ҳолатига киноя қилинади.
Баъзи бир тадқиқотчилар “Эски арава” қиссасини англаб-англамай тадқиқотларига объект сифатида танлаб, “ўрганишди”. Аслида, улар бу асарни етарлича ўргана олишдимикан? Кузатиб турганимиздек, қиссанинг бадиий моҳияти очилмаган қопқоққа ўхшаб, очилмай, маҳкам ёпишиб ётибди.
Шу ўринда Гогольнинг “Ўлик жонлар” асари моҳияти ва унинг ижодий биографиясига қисқача тўхталиб ўтамиз. Муаллиф “Ўлик жонлар” асари жанрини “поэма” деб белгилаган. Ижодкорнинг режасига кўра бу поэма уч жилддан иборат бўлиши керак эди. 1842 йилда асарнинг биринчи жилди нашр этилади. Иккинчи жилди ёзилган, аммо йўқолган, қўлёзма қораламаларда сақланиб қолган. Ёзувчининг вафотидан сўнг, “Ўлик жонлар” романининг иккинчи жилди топилиб, нашр этилади. Поэманинг учинчи жилди ёзиб бошланмаган, шунчаки баъзи бир эскизлар ёзувчининг шахсий архивида сақланиб қолган. Гоголнинг кундаликларидаги ёзувларда қайд қилинишича, “Ўлик жонлар” асарининг сюжетини Пушкин унга 1834 йилда гапириб беради. “Ўлик жонлар” ғоясини А. С. Пушкиннинг ўзи берган, Кишинёвга сургун қилинганда шу воқеага дуч келган. Айтишларича, Пушкинга Россияга қўшилган вақтдан бошлаб полковник Липранди ҳам тасдиқлаган. Гап шундаки, XIX аср бошларида Россия империясининг марказий губернияларидан кўплаб деҳқонлар Бессарабияга қочишган. Полиция қочоқларни аниқлаши керак эди, аммо аниқлошолмасди, чунки қочоқлар ўлган одамларнинг исмларини олишарди. Натижада, Бендерада бир неча йиллар даомида бирорта ўлим қайд этилмаган. Расмий тергов бошланган ва унинг натижаларига кўра ўлганларнинг исмлари ҳужжати бўлмаган қочоқ деҳқонларга берилиши аниқланган. Бир неча йил ўтиб, шунга ўхшаш воқеани Пушкин ижодий ўзгартириб, Гоголга айтиб берган. Бадиий асар биографиясига доир ҳужжатларга кўра, 1835 йилнинг 7 октябрида бошланади. Шу сана қўйилган, Пушкинга йўллаган хатида Гоголь илк бора “Ўлик жонлар”ни тилга олади”[4]
Маълумотларга қараганда, Гоголь “Ўлик жонлар” романи нашр этилмасдан олдин, ундан парчаларни ўз замондошларига ўқиб эшиттиради. Масалан, А.С.Пушкин, Александра Смирнова, Карамзин, А.Тургенеев, В.Жуковский ва бошқа замондошларига асарнинг маълум бир қисмларини уларнинг уйларида ўқиб беради. Бу асар китоб ҳолида нашр этилмасдан туриб, дворян аслзодалар ва рус интеллегенцияси орасида “шедевр” асар сифатида тан олинади. Рус олими, Н.В.Гоголь асарларининг тадқиқотчиси Н.Онуфриевнинг ўрганишича, “Ўлик жонлар”нинг баъзи бир бобларини Гоголь Пушкинга ўқиб берганида шундай ҳолат юз берганини ёзади: “Мен ўлик жонларнинг дастлабки бобларини Пушкинга ўқиб бера бошлаганимда, илгари мен асаримни ўқиганда ҳамма вақт куладиган Пушкиннинг (у кулишни яхши кўрарди) бу сафар қош-қовоғи солина бошлади ва ниҳоят, унинг қиёфаси бутунлай тунд бўлиб қолди. Мен бобларни ўқиб бўлгач, у қайғули бир оҳанг билан: “Ё парвардигор, бизнинг Русия нақадар мотамсаро!” деди”[5]. Қисқаси, “Ўлик жонлар” асари ҳали китоб ҳолида нашр этилмасдан илгарироқ, жамоатчилик орасида шов-шувларга сабаб бўлиб, у ҳақдаги фикрлар турлича кечди. Жумладан, яна бир рус олими С.Т.Аксаков бу асарнинг жамоатчилик орасидаги баҳоси ҳақида шундай ёзади: “Китобхонларни уч қисмга бўлиш мумкин эди. Ўқимишли ёшларнинг ҳаммасини ва Гоголнинг юксак фазилатини тушуна олган кишиларни ўз ичига олган биринчи қисми уни зўр хурсандлик билан қабул қилди. Иккинчи қисми эса, чунончи, ҳайратда қолган кишилардан эди, илгари Гоголнинг асарларини эрмак қилиб юришга одатланиб қолган бу кишилар унинг поэмасининг чуқур ва жиддий аҳамиятини тушунаолмадилар; улар бу поэмада карикатура кўп деб билдилар ва майда-чуйда нуқсонларга асосланиб кўп жойларни нотўғри ва ҳақиқатдан узоқ деб ҳисобладилар… Китобхонларнинг учинчи қисми Гоголдан ғазабланди: бу қисмдан бўлган кишилар поэманинг турли шахсларини ўзларига ўхшатдилар ва бутун Русия ҳақорат қилинибди деб фарёд кўтара бошладилар”[6].
Рус адабиётшуносларининг талқинига кўра, “Ўлик жонлар” асари Итальян адиби Алигьер Дантенинг “Илоҳий комедия” асаридан таъсирланиб яратилган. Муаллиф Данте каби “Ўлик жонлар” асарининг биринчи қисмини “Дўзах”, иккинчи қисмини “Аросат”, учинчи қисмини “Жаннат” деб аташни, шу типда “Поэма” яратишни мақсад қилади. Дунё адабиётшунослигида “Ўлик жонлар” асарининг тугалланмай қолиши ва тугалланган 2 қисми ҳақида турли хил гипотезалар ва тахминлар юради. Масалан, замондошлари “Ўлик жонлар”ни “Шедевр” деб баҳолашига қарамасдан, Гоголь асарнинг иккинчи қисми қўлёзмаларини ёқиб юборади. Машҳур рус рассоми Репин “Гоголнинг “Ўлик жонлар” асари қўлёзмаларини ёқиши” лавҳасини картина қилиб чизган. Муаллиф ўз асарининг 1 қисмини тугатиб, “Рус жамияти ва Россия мамлакати нақадар чиркинликка ботиб кетганидан” даҳшатга тушади. Асарнинг ижодий биографиясидан тортиб, муалиф руҳияти ва унинг кейинги қисмлари ҳақидаги “афсонавий” гап-сўзлар ҳамон тадқиқотчилар ва дунё адибларини қизиқтириб келади. Жумладан, Украинанинг Киев шаҳрида туғилган, жуда эрта вафот этган (44 ёшида оламдан кўз юмган – изоҳ бизники. М.Қ) Михаил Булгаков ҳам Гогольнинг “Ўлик жонлар” асаридан таъсирланиб, “Чичиков саргузаштлари” (1922 йил) фельетонини ёзган. Шундан сўнг, муаллиф “Чичиков саргузаштлари ёхуд Ўлик жонлар” (1930 йил) саҳна асарини ҳам яратади. Бу драматик асар ўз вақтида Москва театри саҳналарида қўйилган. М.Булгаков Чичиков образини ўз ижодий лабораториясида қайта тирилтириши ва унинг сабаблари ҳақида Викпедия луғатидан қуйидагиларни олдик: “Гоголь қаҳрамонлари трансформацияси, уларни турдош от маъносида қўллаш (бу Салтиков-Шчедрин ижодига ҳам хос) Булгаковга ўз сатирасининг таъсир кучини бюрократизм, эгасизлик, тартибсизликка қарши кучайтириш, асл камчиликларни фош қилувчи ақл бовар қилмас манзарани яратиш имконини беради”[7]. Михаил Булгаков қайта тирилтирган салбий тип Чичиков ХХ асрнинг 20-йилларига қайтиб келади ва миллиардерга айланади.
М.Булгаков сингари Шойим Бўтаев ҳам Гоголнинг сатирик образи Чичиковни ХХ асрнинг 80-йиллари охирида қайта тирилтиради. Демак, бундан хулоса чиқаришимиз мумкин, Гоголнинг катта истеъдоди билан яратилган Чичиков асрлар билан юзлашиб юрган ўлмас сатирик образ саналади. Ш.Бўтаев қалами билан Чичиков образи ўзбек миллий насрида қайта яралди. Бу орқали муаллиф Гоголь дунёга келтирган Чичиков ва унга ўхшаш кишиларнинг ХХ аср бошида ҳам, ХХ аср охирида ҳам ҳамон яшовчанлигига ишора қилади. “Ўлик жонлар” қаҳрамонларининг бирортасида ижобий хислат йўқ. Масалан, асарнинг бош қаҳрамони Павел Иванович Чичиков – фирибгар, товламачи, бойлик тўплашни олий мақсад деб билади. Ҳатто қонунга хилоф бўлган ҳар қандай разил ишлардан ҳам қайтмайди. У ўлиб кетган мужик деҳқонларнинг рўйхатини помешчик эгаларидан арзон-гаровга сотиб олиб, уларнинг номига давлатдан пул ундиришни режалаштиради, шу “беқиёс режаси” ортидан помешчиклар билан битим тузади. Собакевич, Коробочка, Ноздрев, Манилов, Плюшкин каби салбий типларнинг барчасига хос хусусият – улар мол-дунё тўплаш билан овора, хасис, зулмкор помешчик, мумсик одамлар. Мана шундай мол-дунёга муккасидан кетган, шунча давлати бўлишига қарамасдан на ўзига, на жамиятга фойдаси тегмайдиган ўлик жонлар образини Шойим Бўтаев “Эски арава” қиссасига маҳорат билан кўчиради. Табиийки, қиссадаги гоголона образлар трансформацияси ниҳоятда билиб мақсадли равишда ишланган.
Ш.Бўтаевнинг “Эски арава” қиссасида Гоголь қаҳрамонлари жаноб Павел Иванович Чичиков хизматкорлари Селифан, отбоқари Петрушка билан эски аравада Ўзбекистонга йўл олишади. Тўғрироғи, улар жаҳаннамдан тирилиб, ёруғ дунёга қайтиб келишади. Эски замоннинг ўлик жонлари нега Ўзбекистонга керак бўлиб қолди? – деган савол туғилади. Чунки, Ўзбекистонда ҳам “Ўлик жонлар”нинг қавмлари Нишонбой Ҳурзамонович, Кошкарёв, Манилов, Собакевичлар бор эди. Шойим Бўтаев Гоголнинг “Ўлик жонлари” билан ўзи яратган янги “Ўлик жонлар”ни учраштиради. Натижада қиссада кутилмаган, кўрилмаган, шу пайтгача ҳис этилмаган янги адабий жанрдаги асар вужудга келади.
Чичиков, Селифан, Петрушка эски аравада Ўзбекистон кўчаларидан кетишар экан, ҳар қадамда учрайдиган ҳодиса ва тафсилотлар “Марказдан бериладиган буйруқбозлик”, “Ёт маданиятга сажда”, “Хушомадгўйлик”, “фикрсизлик”, “қарсакбозлик”, “офаринбозлик”, “Марказдан келган (Москва) раҳбарга сажда қилиш” сингари иллатлар зимдан киноя қилинади. Муаллиф Гоголь қаҳрамонлари тимсолида жамиятда ёмон илдиз отган иллатларга болта уради. Бизнингча, “Эски арава” – ўтмиш, эски дунё, эски тартибот, эски тузум, эскирган тартиботлар Социалистик тузум тимсоли бўлса, “Эски арава” ичидагилар Павел Иванович Чичиков, Петрушка, Селифанлар замондан орқада қолган, дунёқараши чириган, янги дунё тутимига дош беролмайдиган, жамиятга фойдаси тегмайдиган “ўлик жонлар”нинг рамзий тимсолларидир. Нишонбой Ҳурзамонович эса ҳар қандай буйруқларни ўйламай-нетмай бажараверадиган бажарувчи, итоаткор қул тимсолидир. Аслида, унинг фамилиясида “эркин замон” сўзи бор. Аммо унинг қилмишлари тескари, у бирон бир ишни эркин ва мустақил бажара олмайди. Демак, ёзувчи қаҳрамон исмига ҳам тескари маъно юклайди. Муаллиф исмга пародовий бадиий маъно бағишлайди. У тобеъ, итоаткор, буйруқни бажарувчи роботга ўхшайди. Чичиков билан Ҳурзамонович ўртасидаги суҳбат ва мулоқотлар бунга яққол мисол.
Асл илдизи Гоголнинг “Ўлик жонлар”идан ўсиб чиққан Шойим Бўтаевнинг Кошкарёви Чичиковга ўзининг янги режалари ҳақида мана нима дейди: “ – Оврупо тупроқлари билан Осиё тупроқларини аралаштириб, янги серунум тупроқ ҳосил қилиш режаси кечаю кундуз мени бирдай безовта қилади. Майли, бу бўладиган иш ҳам дейлик, чунки Оврупо кечаги Оврупа эмас, тайёрагоҳлар, темир излар унинг ихтиёрида. Унинг шарофатидан Осиё гуллаб-яшнади, етти ухлаб тушига кирмаган техникавий инқилобга ҳам осонликча эришди-қўйди-ки, кишининг ҳавасини келтиради. Эндиликда янги деҳқонлар балет ва операдан хабардор бўлишлари шарт”[8]. Кузатиб турганимиздек, муаллиф гоголона трансформацияга учраган Кошкарев тимсолида илм-фанда қандайдир янгилик яратаман, деб чиранадиган, аммо қилган кашфиётларининг ҳеч кимга, ҳеч қандай жамиятга нафи тегмайдиган ахмоқона фикрлар ва ғоялар оламида яшайдиган одамларнинг салбий киноявий типини яратади. Ўзбек деҳқони учун опера ва балет не қадар аҳамиятга эга? Балет томоша қилиш, опера куйлай олиш юксак маданият белгиси эмас-ку? Ёки мана “замонавий билимга эга” Кошкарёвнинг қуйидаги фикрларига диққат қилсак: “Кошкарёв Нишонбой Ҳурзамоновичга қараганича пахтакорларнинг ишлари кўнгилдагидек эмаслигини, аёллар назокату нафосатни билмасликларини, далага лозим билан чиқаётганликларини, эркаклар тасвирий санъат ҳақида китобларни ўқимаётганликларини куюниб гапира бошлади. Чунончи, ҳосилдорликнинг камлигини деҳқонлар далага олмонча шолвор кийиб чиқмаётганларига йўйди. Кийим-бош деҳқоннинг устки зийнати экан, бунинг аҳамиятига тенг келадиган бошқа нарса йўқ экан. Агар деҳқонларга олмонча шолвору амриқоча пойабзал кийдирилмас экан, жуда катта режалар ўлда-жўлда қолиб кетар экан”[9]. Шойим Бўтаев гоголона Кошкарёв образини “Эски арава” қиссасига кўчириш орқали “осмоний ғоялар”, “пуч гаплар” оғушида яшайдиган замоношларимиз устидан қаҳқаҳа уриб кулади. Зеро, деҳқоннинг пахта даласига олмонча шолвору, америкача пойафзал кийиши нимани ҳам ўзгартирарди. Муаллиф шўро давридаги Ўзбекистонда кечаётган пахта яккаҳокимлиги, пахта қулига айланган ўзбек деҳқонининг фожеавий ҳолатини киноя қилади. Ёзувчи асарда Кошкарёв каби миллий менталитетга мос келмайдиган кераксиз ғояларни олабайроқ қилиб кўтариб юрувчи шўро даври раҳбарларини киноя остига олади.
Шу ўринда Гоголь тасвиридаги Кошкарёв образи тасвирланган бобга (саҳифага) эътибор қаратамиз. Кошкарёв аслиятда шундай бадиий акс эттирилади: “Чичиков кирганда, полковник тишида пат қалам, баланд ёзув столининг пупитири ёнида ўтирган эди. Чичиковни у жуда меҳрибонлик билан қарши олди. Кўринишидан у жуда хушфеъл, хушмуомала кишига ўхшарди. У дарҳол Чичиковга ер-мулкини ҳозир юксак даражага етказиш учун қанча меҳнат сарф қилганини сўзлаб берди: инсонга юксак орзуларни, маърифатли зеб-зийнат, санъат ва бадиият беришни мужикка тушунтиришнинг қийинлигидан зорланди, аёлларни ҳозиргача корсат боғлашга мажбур этолмаганидан шикоят қилди, ҳолбуки ўн тўртинчи йилда поляк билан Германияда турганимда ҳатто тегирмончининг қизи фортепиано чалганини кўрганман, деди; аммо нодонлар нечоғлиқ қаршилик кўрсатишига қарамай, мен албатта ўз айтганимни қилдираман: қишлоғимнинг ҳар бир мужигини плуг ҳайдаш билан айни бир вақтда Франклиннинг яшил зарбини қайтариш ҳақидаги китобини, ёки Виргилийнинг “Георгиклар” деган асарини, ёйинки, “Тупроқни кимёвий текшириш”ни ўқийдиган қиламан.
“Ўқийдиган қилиб бўпсан!” – деди Чичиков ичида. – Мендай одам ҳалигача “Графиня Лавальер”ни ўқиб тамом қилолганим йўқ-ку: ўқишга сира вақт тополмайман.
Полковник қандай қилиб мужикларнинг турмушини яхшилаш ҳақида яна кўп гапирди. Бу жиҳатдан кийим-либос масаласига катта аҳамият берди. Агар рус мужикларининг фақат ярмисига немисча чалвор кийгизилса, илм-фан тараққий қилиб кетади, савдо-сотиқ юксаларди ва Россияда олтин давр бошланарди, деб қасамёд қилди у”[10]. Кузатиб турганимиздек, Шойим Бўтаев аслиятдаги Кошкарёвнинг телбанамо руҳи, унинг дунёқараши ва гапириш манерасини ўзининг пародия-қиссасига катта маҳорат билан кўчирган. Пародия асарнинг моҳияти ҳам шу аслида. Кошкарёв сингари Чичиков, Селифан, Петрушка, Манилов, Собакевич каби аслиятдаги салбий сатирик образлар Шойим Бўтаевнинг “Эски арава” қиссасига ўз руҳлари ва дунёқараши, характери билан тўлақонли олиб кирилган.
Қиссадаги Замзам тўра образи эса Садриддин Айнийнинг “Эсдаликлар” асарида тасвирланган эскича билими билан аллада азиз бўлиб юрадиган мулла одамларнинг қондоши бўлиб, у “Эски арава ”қисса саҳифаларида Кошкарёвни “Илмлари зиёда бўлсин” дея тушунса-тушунмаса алқайдию, пинакка кетади. Ш.Бўтаев қиссада жамият, яъни шўро ҳукумати (собиқ Ўзбекистон Совет социалистик давлатида) мана шундай бефойда ишлар билан машғул бефаросат, илмсиз, мутеъ, очкўз, хасис, худбин кишиларнинг (Нишонбой Ҳурзамонович, Замзам тўра, Кошкарёв, Собакевич, Манилов) қўлида қолганлигига рамзий ишора беради.
“Ўлик жонлар”даги Собакевич образи Гоголь томонидан ўта даражада очкўз, товламачи, муштумзўр, бесўнақай (уни Гоголь айиққа ўхшатади. – Изоҳ бизники. М.Қ.) қилиб тасвирланади. Бинобарин, олим бу образ ҳақида шундай ёзади: “Айиқсимон Собакевич Маниловга ўхшамайди, у теварак-атрофдаги кишиларнинг ҳаммасини товламачи, ўғри деб атайди. Лекин унинг ўзи ҳам ўта кетган товламачидир. Унинг муштумзўрлик хулқ-одати ҳам ҳамма кирдкорларида, одамларга бўлган муносабатида, ҳаётга қарашида яққол кўриниб туради. У одамларга ўжарлик, қўполлик қилади, лекин ўз манфаатини жуда яхши билади”[11]. Аслиятда Собакевич образи жаноб Чичиков нигоҳи билан ҳамда муаллиф баёнида шундай чизилади: “Чичиков кўз қири билан Собакевичга қаради; бу сафар Собакевич унга ўртача катталикдаги айиққа ўхшаб кўринди. Эгнидаги фраги худди айиқ рангида бўлгани учун бу ўхшашлик яна ҳам мукаммалашган эди; енглари, шими узун бўлиб, у лапанглаб юрар ва ҳамиша бировнинг оёғини босиб олар эди. Юзлари бир мирилик мис чақадай қип-қизил а чўғдай ловиллаб турар эди. … Собакевичнинг беўхшов ва ажойиб-ғаройиб қилиб ясалган шакл-шамойили ана шунақа эди; у гавдасини тикка тутолмас, сал эгилиб юрар, бўйнини сира буролмас эди, шунинг учун бирон киши билан сўзлашганда, унга қараёлмас, ҳамиша печканинг бурчи ёки эшикка қараб гапирарди. … Чичиков кўз қири билан унга яна бир қараб қўйди: худди айиқ! Айиқнинг ўзгинаси! Шундай ғалати ўхшашлик бўладими ахир?”[12].
Шойим Бўтаев “Ўлик жонлар” поэмасидаги мазкур бесўнақай образни “Эски арава” қиссасига олиб кирар экан, гоголона ташбеҳлар ва сифатлашларни назардан четда қолдирмайди. Гоголь Собакевичнинг уйини тасвирлашда уй-жиҳозларига алоҳида эътибор қаратади. Собакевичнинг уйидаги барча жиҳозлар худди унинг каби баҳайбат ва бесўнақай шаклда тасвирланади. Гўёки, Собакевичнинг уйидаги баҳайбат, улкан жиҳозлар “Мен эгамга ўхшайман” – деяётган бўлади. Бу Гоголнинг ўзига хос тасвири. Шойим Бўтаев “Ўлик жонлар”даги Собакевичнинг уй тасвири ва қаҳрамоннинг ўзига хос характерини аслиятдагидек кўчириш мақсадида “Эски арава” қиссасида уни катта ошхонада, баҳайбат столда бўккунича овқат еб ўтирган ҳолатда тасвирлайди. Масалан, “Павел Иванович ошхона остонасидан ичкарига қадам қўяркан, оғзи ланг очилиб қолди. У бунақа катта ошхонани ҳеч қаерда кўрмаганди. Бундай катта ошхонани бирон жойда учратиб қолгудай бўлса ҳам ўртадаги эллик-олтмиш киши бемалол сиғишадиган баҳайбат эман столни учратиш душвор эди. Борингки, овқат деса ўзини томдан ташлайдиган Собакевич бу ерга ис олиб келди, дея фараз қилинган тақдирда ҳам унинг ёнида бош тебратиб ўтирган Манилов кишини ҳайратга солмай иложи йўқ эди”[13]. Шойим Бўтаев Собакевичнинг очкўз ва баднафлигини қиссада алоҳида ёритади: “Ёлғиз Собакевичгина жим эди. У кўз қири билан дастурхон ўртасида турган, турли зираворлар солиб пиширилган қўй сонига қараб-қараб қўяр, бу мазали таом тақсимчаларга бўлинмасдан ўзиники қилиб олишни мўлжалларди. Одатдагидек, бошқа майда-чуйда таомларга назар ҳам солмас, уларга ўзини овора қилиб ўтиришни истамасди.
Меҳмонлар аввалига икки қадаҳдан ароқни уриштириб ичиб олганларидан сўнг, овқат ейишга тутинишди. Собакевич ҳеч нарса емай, тўйган қўзидай пича мўлтираб ўтирди-да, ҳеч ким ҳеч кимга эътибор бермаётганини кўргач, қўй сонини товоқ-повоғи билан аста олдига сурди. Қўй сони жуда ҳилвираб пишган экан, санчиқини санчиши биланоқ катта-катта бўлаклар ажралиб чиқаверади. Меҳмонлар яна бир қадаҳдан ароқ ичиб, сўзлаши турган пайтлари, айниқса, Собакевичга қўл келди. У ўзининг ароғини шоша-пиша ютиб юбориб, яна машғулотда давом этди”[14]. Ёзувчи “Ўлик жонлар”даги Чичиков билан Собакевич ўртасида бўлган мажорали (Елизавета Воробей) воқеага ҳам имо-ишора қилади[15].
Қиссада Павел Иванович Чичиковнинг манфур иши унинг туши орқали эсланади: “Айни замонда у Чичиковнинг тушига кираётганди. Тушга нималар кирмайди, ахир. Павел Ивановичнинг тушида Нишонббой Ҳурзамоновичнинг боши ўрнида саримсоқпиёз бор эмишу, у аллақандай йиғилган ўликларни тахлашга бош-қош бўлиб турганмиш, унинг ортида саф тортишганларнинг барчаси ўликфуруш эмиш, Нишонбой Ҳурзамоновични ўртага қўйиб ўзлари қаёқдандир арзон-гаровга келтиришган ўликларни Чичиковга қимматга пуллаб юборишни мўлжаллашаётган эмиш”[16]. Демак, Нишонбой Ҳурзамонович образи Чичиковнинг қондоши. Чичиковнинг миясида манфур режалар чарх уради. У Гоголь тасвирида крепостнойлик тузумида ўз ери ва маблағини кўпайтириш учун ўлиб кетган мужик деҳқонлар рўйхатини помешчиклардан сотиб олиш билан шуғулланади. Шойим Бўтаев бу манфур, пул-мол дунёсини кўпайтириш учун ҳар қандай разилликдан қайтмайдиган фирибгар Чичиков образини 80-йилларга қайтариб келиш орқали, жамиятда урчиб кетган бошболдоқлик, бошқарув системасидаги офаринбозлик, миллий заминдан узилган раҳбарларни, дардини ичига ютиб яшаётган қора халқ ҳақида рамзий-ироник пародивий асар яратади. Ёзувчи ҳам Гоголь услубига тақлид қилади, ҳам унинг қаҳрамонларини ўз қиссасига олиб кириш орқали образларни трансформация қилади. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Чичиков образи жуда кўпчилик ёзувчилар томонидан қайта трансформация қилинган. Масалан, юқорида эслаганимиздек, Михаил Булгаков “Чичиков саргузаштлари” фельетони, сўнгра “Чичиков саргузаштлари ёхуд Ўлик жонлар” пьесасида Чичиков образини тирилтиради. Шунингдек, яна машҳур ёзувчи Салтиков Щедрин ҳам Гогольнинг “Ўлик жонлар”идан таъсирланиб, гоголь анъаналарини “Жаноб Головёвлар” сатирик романида, публицистикасида маҳорат билан қўллайди. Бинобарин, “Ўлик жонлар”даги хасис ва зиқна Плюшкин образи Салтиков Щедрин томонидан жаноб Головёв қиёфасида янада маромига етказиб тасвирланди. Айтиш мумкин, Плюшкин образи Головёв образи учун бадиий эскиз вазифасини ўтади. Ҳар икки ёзувчи ижодида ўткир сатира, халқоналик, табиийлик, кулги, карикатура, гротеск, киноя, кесатиқ, истеҳзолар бўртиб кўринади. Табиийки, мазкур бадиий хусусиятлар Шойим Бўтаев ижодига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Гоголнинг бир қатор сатирик типлари “Эски арава” қиссасида трансформацияга учрайди.
Гоголь ижодига хос ўткир сатира, кулги, юмор элементлари ХХ аср замонавий ва бугунги кун ёзувчиларига битмас-туганмас илҳом чашмаси бўлиб беминнат хизмат қилиб келмоқда. Гоголона ташбеҳлар, сифатлашлар, гоголона батафсил тасвирийлик, гоголона эпик кўлам, гоголона аччиқ заҳарханда кулги Шойим Бўтаевни ҳам четлаб ўтмади. Гоголь ўз даврида Рус жамияти ва инқирозга юз тутган крепостнойлик тузуми ҳақида катта эпик полотнода “Ўлик жонлар”дек асарни ёзишга киришди ва уни охирига етказа олмади. Аммо унинг яратишга улгурган “Ўлик жонлар” поэмасининг 2-жилдида Русиянинг нақадар разил жамият эканлиги қора фонда танқидий руҳ билан бадиий талқин қилинади. Гоголь яратган “Ўлик жонлар”ни улкан денгизга қиёсласак, Шойим Бўтаев яратган “Эски арава” ўша Гоголь уммонидан атиги бир томчи холос. Аммо масалага биз бошқача некбин нигоҳ билан кўз ташласак, томчида ҳам қуёш нури акс этишини инобатга оладиган бўлсак, Шойим Бўтаев Гоголь бадиий дунёсидан нималарнидир ўрганиб, таъсирланиб, ҳозирги ўзбек насрида янгиланиш қила олди.
Ҳақиқатан ҳам Шойим Бўтаев Гоголь ижодий маҳоратини жуда чуқур ўзлаштирган. Бу ҳолат “Эски арава” ва “Ўлик жонлар” кетма-кетликда ўқиб-танишиб чиқилгач, аниқ-тиниқ сезилади. Ёзувчи Гоголнинг салбий типлари ва ўзига хос сюжетларини қиссада ниҳоятда катта маҳорат билан пайвандлай олган. Аммо Павел Иванович Чичиков, Петрушка, Селифан, Собакевич, Кошкарёв, Манилов каби образларни қисса матнига олиб киришдан ёзувчининг кўзлаган мақсади бўлиши шарт ва зарур. Зеро, пародия асардан кутилаётган натижа ҳам шу. Мақсад эса аниқ, 80-йиллар охирига келиб, социалистик жамиятнинг инқирозга юз тутганини англаган Шойим Бўтаев Гоголнинг машҳур “Ўлик жонлар”ини тирилтириш орқали, гоголона сатирик салбий типларни трансформация қилиш орқали мавжуд жамият устидан “раҳбарларга лаганбардонлик қилиш”, “Марказдан келган ҳар қандай кишини Оллоҳнинг инояти сифатида қабул қилиш”, “Омилик” устидан заҳарханда кулги қилади. Мазкур қиссани ўрганган Д.Холдоров шундай ёзади: “Ш.Бўтаевнинг “Эски арава” қиссаси ҳам ижодкор фантазиясининг маҳсули ҳисобланади. Қиссада китобхонга яхши таниш бўлган Н.В.Гоголнинг “Ўлик жонлар” асаридаги Чичиков ва унинг малайлари Селифан, Петрушка, ҳамтовоқлари билан Ўзбекистонга келиши, ўша даврдаги амалдорларнинг уларга кўрсатган лаганбардорлиги тасвирланади. 80-йиллар ўрталаридаги Ўзбекистон собиқ раҳбарларининг марказдан “ҳалоллик ўрнатиш учун раҳбар кадрлар” сўраши натижасида юртимизга келиб қолган ҳар хил тоифадаги одамлар характери ва кирдикорлари адибнинг рамзий-ироник услуби орқали очиб берилади”[17]. Тадқиқотчи қисса таҳлилида бадиий матн контекстидан бироз чиқади. Чичиков икки хизматкори Селифан, Петрушка билан жаҳаннамдан тирилиб, Ўзбекистонга келади. Унинг ҳамтовоқлари бўлган Собакевич, Кошкарёв, Манилов билан Чичиков Ўзбек диёрида учрашади. Улар бир-бирини танийди. Аммо бир-бирини сотмайди. Бу билан ёзувчи Чичиков ва унинг ҳамтовоқлари Собакевич, Манилов, Кошкарёвлар ҳамон тирик, деган бадиий фалсафага ишора беради. Улар нима учун бир-бирини сотмайди? Чунки, уларнинг тупроғи бир жойдан олинган. Уларнинг ҳаммаси бир хил фикрлайди. Ҳалол қора меҳнат қилмасдан бойлик орттиришни режалаштиришади. Асрлар қаъридан тирилиб келган салбий қаҳрамон Чичиковнинг ҳамтовоқлари билан учрашиб туриши табиийки, бадиий тўқима. Бу эса Шойим Бўтаевнинг ўзига хос фантасмагорияси ҳисобланади.
Умуман, қиссадаги замзам тўра, пичирлашиб бир-бири гаплашаётган оломон, халқ образлари ҳам алоҳида рамзларга, алоҳида воқеаларга ишора беради. Қисса сўнггида Чичиков тун қоронғисида хизматкорлари Селифан ва Петрушка билан эски аравасига миниб, зулмат бағрига кириб ғойиб бўлишади. Назаримизда, қиссанинг бадиий ечими ҳам яхши топилган. Бу орқали ёзувчи социалистик жамиятнинг умри тугаб бўлгани ва Чичиков ва унинг гумашталарига бу ерда ҳам ўрин йўқлигига рамзий ишора беради.
Энг муҳими, “Ўлик жонлар”да ҳам, “Эски арава”да ҳам жамиятда онгли, ақлий салоҳияти етук, ҳалол, маърифатли, билимли одам қолмагани ўткир киноя қилинади. Жумладан, Гоголь тасвиридаги хизматкор Петрушка шундай тасвирланади: “… Петрушка жигар ранг кенг сюртук кийиб юрарди, бу сюртук унга хўжайинидан теккан эди… Ўз феълига яраша камгап, кўп гапиришга ҳуши йўқ эди; ҳатто маърифатга, яъни китоб ўқишга интилиш каби олижаноб одати бор, лекин ўқийдиган китобларининг мазмуни билан иши йўқ, унга қанақа китоб бўлса барибир эди. Бирон ошиқнинг саргузаштларими, алифбе китобими ёки дуономами – ҳаммасини қизиқиб ўқийверарди. Унга китобда нима ёзилганини билишдан кўра кўпроқ китоб ўқишнинг ўзи, ёки аниқроқ қилиб айтганда, ўқиш жараёнининг ўзи ёқарди; чунончи хатга қараб турса, ҳарфлардан қандайдир сўз пайдо бўлар, баъзан бу сўзнинг маъносини ҳатто шайтон ҳам билмас эди. Китобни у кўпинча даҳлиздаги каравотда узала тушиб ётиб ўқирди ва бундай ётиб ўқишдан каравот устидаги тўшак босилиб-эзилиб чалпакдек юпқа бўлиб қолган эди”[18].
Гоголь тасвиридаги Петрушка қўлига математика китоб тушадими, химия китобими ўқийверади. У кўр қорига ўхшаб, онгсиз равишда ҳарфларни хатм қилаверади. Шойим Бўтаев Петрушканинг “китобпарастлиги”дан унумли фойдаланиб, қисса якунида дарахт остида китоб варақлаб ўтирган Петрушкани тасвирлайди. “Чичиков негадир ҳадемай тонг отиб қолишидан чўчиди. Ҳаммаёққа аланг-жаланг назар ташлаб хизматкорларини излади. Хайрият, икки-уч одим наридаги Чичиков бўлса тепадан қараганча муқованинг ўртасидаги ўқловдай-ўқловдай ёзувга кўзи тушди: “Ўлик жонлар”[19].
Ўзи ҳақида бутун бошли асар ёзилганини билган Павел Чичиков уч отли аравасига чиқиб, зулмат қўйнига сингишиб, йўқ бўлиб кетади. “Ўлик жонлар”даги Манилов ҳам бир китобни бор-йўғи 14 саҳифасини 15 йилдан бери ўқийди. Шу варағига хатчўп тиқиб қўйилган. Бир сўз билан айтганда, Гогол тасвиридаги қаҳрамонлар ҳам, Шойим Бўтаев тасвиридаги қаҳрамонларда ҳам чуқур билим олишга, маънили ва ҳалол ҳаёт кечиришга иштиёқ йўқ. Хуллас, ҳар икки асардаги қаҳрамонлар жамиятда ўлик жонлар каби ҳаёт кечириб, янгилик қилишга, бирор бир ўзгаришлар қилишга қодир бўлмаган одамлардир. Соддагина қилиб айтсак, улар ҳеч кимга фойда келтирмайди. Фойдасиз ишлар билан шуғулланиб, бўлмағур ғоялар қуршовида ўзларини ҳам ва бошқаларни ҳам алдаб яшайди.
Хулоса шуки, Шойим Бўтаев “Эски арава” қиссасида тоталитар тузумга қарши киноявий муносабатда бўлиб, Гоголниинг “Ўлик жонлар” поэмасига тақлидий асар битади, гоголона сатира адиб асарида аччиқ иронияга эврилади, шунингдек, машҳур адиб сатирик ёзувчилар Н.В.Гоголдан ташқари, Салтиков Щедрин, М.Булгаков анъаналарини ҳам давом эттиради;
Адиб “Эски арава” қиссасида пародиянинг уч хил услубини қўллайди, яъни ёзувчи услубига тақлид қилади; асарда Гоголь қаҳрамонлари Чичиков, Селифан, Петрушка, Собакевич, Кошкарёв, Манилов каби образларни қайта трансформация қилиш орқали асарда енгил юмор ва заҳарханда иронияни ҳосил қилади;
Қисса 80-йиллар охирида яратилган бўлиб, истеъдодли ёзувчи Шойим Бўтаев пародиявий бадиий шартли восита орқали социалистик тузум ва “ўликфурушлик” ва “Ўлик жонлар”га тўлиб кетган тузум, ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий муаммоларни заҳарханда киноя воситада фош этади;
Ўзбек адабиётшунослигида хорижда “метажанр” сифатида ўрганиб келинаётган тақлидий пародия шу кунга қадар ўрганилмай келади, Шойим Бўтаевнинг ўнлаб қиссалари орасида “Эски арава”гина пародия қисса бўлиб, ёзувчи бу асарни гоголона ташбеҳлар, сифатлашлар, енгил кулги, ироник заҳарханда бадиий услуб билан безайди, натижада ҳозирги ўзбек насрида илк бор оригинал пародия қисса ярата олишга муваффақ бўлинди.
Марҳабо Қўчқорова,
филология фанлари номзоди
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими
_____________________
[1] Қуронов Д., ва бошқалар. Адабиётшунослик луғати. Тошкент: Академнашр, 2010. – Б. 217.
[2] Бахтин М.М. Вопросы литературы и эстетики. М.: Художественная литература, 1975. 504 с; Фрейденберг О.М. Происхождения пародии // Русская литература ХХ века в зеркале пародии: Антология. М.: Высшая школа, 1993; Новиков В.И. Книга о пародии. М.: Советский писатель, 1989. 544 с; Сысоева О.А. Литературная пародия: проблема жанра // Вестник Нижегордского университета им. Н,И,Лобачевского, 2013. №5. – С. 330-335.
[3] Расулов А. Таваллуд топаётган кўнгил муждалари / Бўтаев Ш. Ҳаёт. Тошкент: Шарқ, 2000. – Б. 436.
[4] ru.wikipedia.org/wiki/мёртвые_души
[5] Гоголь Н.В. Н.В.Гоголнинг “Ўлик жонлар” поэмаси ҳақида / Гоголь Н.В. Ўлик жонлар. (Таржимон: Рустам Абдураҳмонов) – Т.: ЎзССР бадиий адабиёт нашриёти, 1959. – Б. 466.
[6] Онуфриев Н. Н.В.Гоголнинг “Ўлик жонлар” поэмаси ҳақида / Гоголь Н.В. Ўлик жонлар. (Таржимон: Рустам Абдураҳмонов) – Т.: ЎзССР бадиий адабиёт нашриёти, 1959. – Б. 480.
[7] ru.wikipedia.org/wiki/ Похождения_Чичикова
[8] Бўтаев Ш. Эски арава / Шўродан қолган одамлар. – Т.: Ижод-пресс, 2019. – Б. 251.
[9] Бўтаев Ш. Эски арава / Шўродан қолган одамлар. – Т.: Ижод-пресс, 2019. – Б. 250.
[10] Гоголь Н.В. Ўлик жонлар. (Таржимон: Рустам Абдураҳмонов) – Т.: ЎзССР бадиий адабиёт нашриёти, 1959. – Б. 383-384. (Аслиятга ҳам қаралади)
[11] Онуфриев Н. Н.В.Гоголнинг “Ўлик жонлар” поэмаси ҳақида / Гоголь Н.В. Ўлик жонлар. (Таржимон: Рустам Абдураҳмонов) – Т.: ЎзССР бадиий адабиёт нашриёти, 1959. – Б. 468.
[12] Гоголь Н.В. Ўлик жонлар. (Таржимон: Рустам Абдураҳмонов) – Т.: ЎзССР бадиий адабиёт нашриёти, 1959. – Б. 111-112.
[13] Бўтаев Ш. Эски арава / Шўродан қолган одамлар. – Т.: Ижод-пресс, 2019. – Б. 240.
[14] Бўтаев Ш. Эски арава / Шўродан қолган одамлар. – Т.: Ижод-пресс, 2019. – Б. 241.
[15] Бўтаев Ш. Эски арава / Шўродан қолган одамлар. – Т.: Ижод-пресс, 2019. – Б. 242.
[16] Бўтаев Ш. Эски арава / Шўродан қолган одамлар. – Т.: Ижод-пресс, 2019. – Б. 239-240.
[17] Холдаров Д.Э. Ҳозирги ўзбек қиссаларида бадиий услуб муаммоси (Шойим Бўтаев ва Назар Эшонқул қиссалари мисолида): фалсафа док. (PhD)… дисс… автореф. – Т.: 2017. – Б. 14.
[18] Гоголь Н.В. Ўлик жонлар. (Таржимон: Рустам Абдураҳмонов) – Т.: ЎзССР бадиий адабиёт нашриёти, 1959. – Б. 22.
[19] Бўтаев Ш. Эски арава / Шўродан қолган одамлар. – Т.: Ижод-пресс, 2019. – Б. 254.