Ўлим ҳақида кўп ўйлаш ўлимга элтади, дейдилар. Ажаб, чиндан ҳам шундайми?! Лекин нима бўлганида ҳам бу синоатли дунёда ҳамманинг тақдири ҳар хил интиҳо топади.
…1899 йилнинг 11 июнида япон оилаларидан бирида Ясунари исмли чақалоқ дунёга келди. У ўзининг икки ёшга киришини отасининг ўлими билан қаршилади.
Турфа касалларни даволаб, минглаб инсонларни ҳаётга қайтарган доктор — Ясунарининг отаси ўзини муқаррар ўлим чангалидан қутқара олмади. Ясунари бу вақтда етимлик нималигини, ўлим нима эканлигини англамагани аён. Аммо орадан бир йил ўтиб, у “чин етим”га айланди: 3 ёшли гўдакнинг онаси ҳам оламдан ўтди.
Ясунари она томонидан бобоси ва бувиси тарбиясида улғайди. 12 йил қадимий япон афсоналари, эртакларини тинглаб, унинг мўъжизаларига ишониб яшади. Аммо қисмат … аччиқ эди, тахир эди. Тақдир уни бобосидан ҳам айирди.
Ота, она ва бобосидан айрилган бўлғуси адибнинг тез орада бувиси ҳам мангулик сари юз тутди. Шунча изтироб унинг учун камлик қилган, шекилли, камига тақдир уни синглисидан ҳам айирди. Ўша шафқатсиз, ўша ғаддор ўлим уни яккаю ёлғиз дардманди — синглисидан жудо қилганида ўспирин Ясунарининг кўнглидан нималар кечгани бизга қоронғу.
Болаликдан такрор ва такрор яқинларидан айрилаверган, такрор ва такрор етимликка мубтало бўлаверган, аччиқ қисматнинг таъмини эрта татиган ёш Ясунари шаҳд ва дард билан қўлига қалам олганида 12 ёшда эди. 16 ёшга тўлганида эса автобиографик ҳикоя ёзди. Бу “изтиробнома”си 1925 йилга келиб чоп этилди.
Узоқ қариндошлари билан яшаб юрган Ясунари Токиодаги ўрта мактабга кириб, таҳсил ола бошлади. Тенгдошлари орасида вазминлиги, ўйчанлиги ва ёшига нисбатан фикрининг теранлиги билан ажралиб турадиган ўсмир мактабда Европа маданиятини, санъатини, адабиётини чуқур ўрганишга киришди. Кейинчалик америкалик тадқиқотчилардан бири бу ҳақда “Ню-Ёрк таймс” газетасида эълон қилган мақоласида шундай ёзган эди: “Ғарбнинг таъсири соф японча бир нарсага айланиб қолган!..”
Университетнинг инглиз тили факултетида ўқишини давом эттиришга муваффақ бўлган Ясунари модернизм йўналишидаги журнални ташкил этишда қатнашди. 1925 йилда ёзгани “Идзулик раққоса” қиссаси эса унга мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган муваффақият келтирди: энди уни одамлар оддийгина қилиб Ясу эмас, “Ёзувчи Ясунари Кавабата” деб ҳурмат бажо келтирадиган бўлишди. Мазкур асарда, нафақат унда, балки Кавабатанинг бутун ижодида 2 та персонаж — автобиографик қаҳрамон ва ҳур қиз образи гавдалантирилади.
1933 йилда Ёзувчи “Қушлар ва йиртқичлар” номли яна бир асарини оммага тақдим қилди. Бунда бир бўйдоқнинг ҳаёти, севиб қолиши, аммо севганига етиша олмаслиги ва унинг ҳасратида одамларга аралашмай, ҳайвонлар орасида умргузаронлик қилиши маҳорат билан тасвирланади.
1934 йили адиб “Қорли ўлка” модерн асарини ёзишга киришди. Орадан 3 йил ўтиб унинг дастлабки вариантини нашр эттирди. 10 йилдан сўнг эса асарнинг тўла нашри ўқувчилар орасида оммавийлашиб кетади. Ёзувчи ушбу асарида ўрта ёшларни қоралаб қолган токиолик хотинбоз, суюқоёқ эркак билан катта ёшдаги қишлоқи фоҳишанинг ўзаро пинҳоний муносабатларини акс эттиради…
Хуллас, Ёзувчи ёзаверди. Иккинчи жаҳон уруши кечган ўша машъум йилларда ҳам Я.Кавабата мунтазам ижод билан шуғулланди, саёҳат қилди ва яна ёзди.
Қадимий япон миллати даҳосининг акси садоси ўлароқ мангу яшашга “маҳкум бўлган” “Гендзи ҳақида афсона”ни ўрганди, таҳлил қилди ва шу асардан мутаассир бўлиб, 1949 йилда “Мингқанотли турна” номли қиссасини ёзиб тугатди. Бу қисса адибга Ғарб мамлакатларида ажойиб муваффақият ва машҳурлик олиб келди. Айрим мутахассисларнинг таъкидлашича, 1945 йилда “дунёга келган” “Тоғлар нидоси” деб ном олган асари Кавабатанинг энг мукаммал ижод намунаси ва жаҳон адабиёти хазинасининг нодир гавҳаридир.
Унинг 1954 йилда ёзиб тугатилган “Кул” қиссаси ҳақида америкалик Ёзувчи Эдмунд Уайт шундай фикр билдирди: “Идеал чой боғи қанчалик табиий ва пухта ўйланган бўлса, бу асар ҳам шунчалик қисқа ва мағзи тўқ!”
Кавабатанинг 1961 йили ёзган ҳикояси — “Уйқудаги гўзаллар уйида”ни ўқиб кўрган танқидчи Артур Кимбалл ёзади: “Адибнинг маҳорати ўлим ҳақидаги фикрлар билан ҳаёт жилваларини биргаликда тасвирлашда намоён бўлади…” Эдгар Аллан По фикрича, бу — идеал ҳикоя. Унда муаллиф кўпмаъноли самарага эришган. Асарнинг қисқача мазмуни эса қуйидагича: руҳий тушкунликка тушиб қолган бир чол турли кўнгилочар жойларга бориб, ҳаётнинг мазмунини англаб етишга ҳаракат қилади, ўлимни ўйлашдан, ёлғизлик дардидан халос бўлишга интилади. Адиб ўлим тўғрисидаги ғаройиб фикрларини асар мағзига сингдириб юборади…
Руҳий ёлғизлик суяк-суягидан ўтиб кетган Я.Кавабата ҳаётида муҳим ҳодиса содир бўлади: у чинакам дўст топади! Воқеа бундай бўлганди: 1960 йили АҚШ давлат департаменти таклифи билан адиб Қўшма Штатларга боради. У ерда бир қанча университетларда талабаларга маърузалар ўқийди ва худди шу ўлкада япониялик Ёзувчи, киноактёр, сиёсий арбоб — Мисима билан танишиб қолади. У билан дўст тутинади.
1968 йил — Ясунари Кавабата умрининг зарҳал ҳарфлар ила битилиши жоиз бўлган санаси. Маҳоратли адиб япон шоир ва Ёзувчилари орасида биринчи бўлиб Нобель мукофотига лойиқ кўрилди. “Бутун умр гўзалликка интилиб келдим ва ўлгунимча шундай бўлиб қоламан!” — деди Ёзувчи мукофот олиш маросимида. Кейин фақат японларгагина хос бўлган содда ва самимий тавозе билан минбарни тарк этаркан, қўшиб қўйди: “Нима учун бу мукофотни менга берганингизни тушунмаяпман, лекин сизларга ташаккур! Миннатдорман!.. Барибир шон-шуҳрат — оғир юк”.
Бир умр яқинлари доғини кўтариб яшаган адиб ана шундай юксак марраларни забт эта олди. Барига дош берди. Чидади, бироқ…
1970 йили Кавабатанинг яқин дўсти Мисима Япония ҳарбий базаларидан бирида қўзғолон кўтаришга уриниб, муваффақиятсизликка учради ва ўз-ўзини “ҳаракири” қилди. Бундан қаттиқ таъсирланган Кавабата 2 йил ўтгач, оғир хасталик билан касалхонага тушди. Касаллик уни енголмади. Адиб оёққа туриб, уйига қайтди. У бардошли эди. У собир эди. Бироқ у дўстидан-да жудо бўлганига чидай олмади.
1972 йилнинг 16 апрел куни. Бутун Японияга ларзага келди. Ўша куни буюк адиб Я.Кавабата оламни тарк этди.
Тадқиқотчи Такаси Оканинг мақоласида шундай жумла бор: “Кавабатанинг асарлари жаҳон адабиёти ўзанида мангу қолади!” Дарҳақиқат, ўлим Кавабатани енга олмади. Адиб “идзулик раққоса” билан “қушлар ва йиртқичлар” орасида “қорли ўлка”даги “уйқудаги гўзаллар уйида” яшамоқда.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).