Маматқул Жўраев. Халқ ижодиёти — бебаҳо қадрият

Мустақиллик даври ўзбек фольклоршунослигига бир назар

Миллий истиқлол халқ оғзаки ижоди намуналарини барча ҳудудлар бўйича изчил тўплаш ва бир тизимга солиш борасидаги ишларни жадаллаштириб юборди. Собиқ шўролар мафкурасининг тазйиқи туфайли ёзиб олиниши мушкул бўлган айрим жанрлар, жумладан, маросим фольклорининг кўплаб намуналари тўпланди. Масалан, қадим аждодларимиз тафаккурининг маҳсули ҳисобланган мифлар, турли удумларда ижро этиладиган айтим-олқишлар, «ё рамазон» қўшиқлари, никоҳ тўйда айтиладиган қўшиқлар, Амир Темур, Алишер Навоий, Бобур сингари улуғ юртдошларимиз тўғрисидаги тарихий ривоятлар, жой номлари, қадимий шаҳарлар, қалъалар, зиёратгоҳлар, муқаддас мозорлар ва қадамжолар билан боғлиқ афсоналар, ривоятлар ёзиб олинди. Истиқлол йилларида халқимизнинг табиат ҳодисалари, осмон ёритқичлари ва анъанавий тақвим билан боғлиқ халқ қарашлари тўпланди, болалар фольклори, бешик тўйи, суннат тўйи ва никоҳ тўйи маросимлари билан боғлиқ намуналари ёзиб олинди.

Хусусан, Ўзбекистоннинг қадимий фольклор ва анъанавий ижрочилиги сақланиб қолган Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона водийси бўйлаб экспедициялар уюштирилди. Номоддий маданий мерос ёдгорликларини кенг кўламда тўплаш ва хатловга олиш мақсадида 2012 йил 9-18 апрел кунлари Фарғона водийсида ўтган экспедиция давомида ўзбек халқ оғзаки бадиий ижодининг “ўлан”, “лапар”, “ёр-ёр”, “алла”, “келин салом”, “келин ўтирсин”, “терма-қўшиқ”, “ашула”, “байт-ғазал”, “йиғи-йўқлов қўшиқлари”, “ривоят”, “афсона”, “топишмоқ”, “мақол”, “дуо-олқиш”, “ё рамазон”, “айтишув”, “кинна айтимлари”, “зикр айтимлари”, “аския”, “қизиқчилик (кулги-ҳикоя)”, “латифа”, табиат ҳодисалари билан боғлиқ халқ қарашлари, мифологик тасаввурлар, халқ календарига оид материаллар, об-ҳаво ўзгаришларига оид таъбирлар тўпланди. Халқимизнинг қадимий деҳқончилик маданияти билан алоқадор маросимлар замирида шаклланиб, ўзида серҳосиллик ғояси ҳамда табиатнинг кўкламги уйғонишини тараннум этувчи “Арғувон гули” номли анъанавий баҳорий удум ва “Сумбула сайли” фольклори ёзиб олинди.

Истиқлол шарофати туфайли халқ оғзаки бадиий ижодиётини тўплаш, системалаштириш, оммавий ва академик нашрларини амалга ошириш ҳамда кенг кўламли фундаментал тадқиқотлар яратиш борасида йирик ишларни амалга ошириб келаётган ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг Фольклор архивига мамлакатимизнинг бой маданий меросни ўзида мужассамлаштирган ноёб илмий объектларидан бири мақоми берилди. Фольклор архиви мамлакатимизнинг етакчи илмий фондларидан бири бўлиб, унда сақланаётган материаллар ўзбек филологиясининг тараққиётини белгиловчи йирик илмий ишларнинг яратилиши учун манба бўлади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин халқ оғзаки ижоди намуналарини нашр этиш ишлари ҳам сифат, ҳам миқдор, ҳам қамров жиҳатидан ўсди. “Алпомиш” достони яратилганининг 1000 йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан достоннинг Фозил шоир, Берди бахши, Пўлкан ва Эргаш Жуманбулбул ўғли, Бекмурод Жўрабой ўғли, Саидмурод Паноҳ ўғли вариантлари 1999 йилда алоҳида китоблар ҳолида тўла нашр қилинди. Фольклоршунослик амалиётида биринчи маротаба “Алпомиш” достони Фозил Йўлдош ўғли вариантининг матни рус тилига қилинган илмий-адабий таржимаси билан биргаликда профессор Тўра Мирзаев томонидан академик нашр сифатида чоп эттирилди. Раҳматулла Юсуф ўғли репертуаридаги “Гўрўғли” туркумига кирувчи достонлар тўла нашрга тайёрланди ва унинг асосий қисми “Гўрўғлининг туғилиши” (1996), “Авазхон” (1997), “Гўрўғли достонлари” (2006) номи билан нашр этилди. 2006 йилда эса Раҳматулла Юсуф ўғли репертуаридаги “Гўрўғли” достонлари тўла ҳолда нашр этилди. Ўзбек эпосининг қадимий намуналаридан бири – “Эдига” (Тулумхўжа) достони, афсона ва ривоятлардан тузилган “Эл деса Навоийни. Ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳақидаги ривоятлар” (1991), “Ипак йўли афсоналари” (1993), “Бухоро афсоналари” (2002), уч жилдли «Ўзбек халқ эртаклари» (2007), “Ўзбек халқ мақоллари” (2012) тўпламлари босмадан чиқди. Хоразм “Гўрўғли” туркуми достонлари биринчи марта тўла оммалаштирилди. Бу воҳа бахшилари репертуари асосида “Ошиқ” туркуми достонлари “Ошиқнома” рукнида олти жилдли китоб ҳолида нашр этилди.

Истиқлол туфайли маросим фольклорининг илгари босилмаган ёки қисман оммалаштирилган намуналари тўла чоп эттирилди. Хусусан, ўзбек фольклоршунослиги тарихида биринчи марта Наврўз байрами билан боғлиқ фольклор асарларидан тузилган “Наврўз” китоби (1992), йилбоши байрами ва баҳорий удумлар билан алоқадор урф-одат ҳамда маросимлар, унда ижро этиладиган қўшиқлар таҳлилига бағишланган “Наврўз қўшиқлари” (2007), “Наврўз нашидаси” (2010) тўпламлари, халқимизнинг табиат ҳодисалари билан алоқадор инонч ва таъбирлари жамланган “Об-ҳаво даракчилари” тўплами (1996), “Улуғ ой умидлари. “Ё рамазон” қўшиқлари» (2001), таъзия маросимлари фольклори намуналаридан таркиб топган “Бўзлардан учган ғазал-ей” (2005) сингари китоблар халқимиз маросим фольклорини тўла нашр этиш йўлидаги муҳим қадамлардан ҳисобланади.

Эндиликда халқ ижоди намуналарини бадиий тафаккур дурдонаси сифатида ҳар томонлама чуқур ўрганиш тамойили шаклланди. Жумладан, «Алпомиш» достонининг шаклланиш тарихи ва поэтикаси, ўзбек халқ лирикасининг тарихий асослари, фольклор-этнографик жамоалар ижодиёти ва унинг ҳозирги адабий жараёндаги ўрни, ўзбек мифологияси, дев, ялмоғиз, пари, илон-аждар, Хизр каби мифологик образлар, «Гўрўғли» туркуми достонларининг тарихий илдизлари, типологияси ва бадиияти, афсона ва ­ривоятлар, болалар фольклори, халқ қўшиқлари, ҳозирги тарихий-фольклорий жараён масалалари фундаментал тадқиқ этилди.

Ҳар бир халқнинг миллий ўзлиги, аввало, унинг урф-одатлари ва маросимларида намоён бўлади. Шунинг учун мустақиллик йилларида маросим фольклорининг жанрлар таркиби, генезиси ва бадиий хусусиятлари, айниқса, ­илгари кам ўрганилган жанрларни тадқиқ этиш тамойили кучайди.

Халқ достонларининг вариантлари ва версияларини қиёсий тадқиқ этиш орқали фольклорнинг миллий ўзига хослигини кўрсатишга қаратилган қатор илмий тадқиқотлар яратилди. Бу йўналишда Жанубий Ўзбекистон достончилигининг ҳозирги ҳолати ва бахшилар репертуари, «Юсуфбек ва Аҳмадбек», «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам», «Ширин билан Шакар», «Ҳурлиқо ва Ҳамро», «Ёзи билан Зебо», «Оллоназар-Олчинбек», “Тоҳир ва Зуҳра” достонлари вариантларининг қиёсий тавсифи, генезиси ва поэтикасига доир тадқиқотларни эслатиб ўтиш лозим. Бу изланишлар натижасида Т.Мирзаевнинг “Эпос и сказитель”, Ш.Турдимовнинг “Эпос ва этнос”, “Гўрўғли” достонларининг генезиси ва тадрижий босқичлари”, ­Ж.Эшонқуловнинг “Фольклор: образ ва талқин”, “Эпик тафаккур тадрижи”, “Ўзбек фольклорида туш ва унинг бадиий талқини” каби йирик ­монографиялари яратилди.

Истиқлол йилларида ўзбек эртакшунослиги янги босқичга кўтарилди. Фольклоршунос олим К.Имомов ўзбек халқ насрининг жанрлар таркибини таснифлашнинг илмий мезонларини баён қилди, эртак ва ижтимоий ҳаёт, эртак мотивлари ва қадимги маросимларнинг ўзаро муносабати, ўзбек халқ эртакларининг асосий сюжет типлари, образлар таркиби ва бадиий хусусиятларига доир қатор тадқиқотларини, жумладан “Ўзбек халқ насри поэтикаси” номли монографиясини (2008) нашр эттирди.

Мамлакатимиз Президенти ­Ислом Каримовнинг Наврўз айёмини умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш тўғрисидаги фармони асрлар давомида инсониятни эзгу манзиллар сари чорлаб келган бу беназир анъанага қайта ҳаёт бахш этди. Фольклоршуносликда ҳам ана шу қадимий ва навқирон байрамнинг тарихий илдизлари, ривожланиш босқичлари, фольклорини тўплаш ва ўрганиш борасида самарали ишлар қилинди. Жумладан, ушбу сатрлар муаллифининг «Ўзбек халқ тақвими ва мифологик афсоналар» (1994), “Наврўз байрами” (2008), “Ўзбек мавсумий маросим фольклори” ­китоблари, А.Мусақуловнинг “Ўзбек халқ лирикаси” монографияси нашр этилди.

Ҳозирги кунга келиб ушбу соҳада амалга оширилаётган тадқиқотлар янги босқичга кўтарилди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги “2010 — 2020 йилларга мўлжалланган номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 222-сон қарори халқимиз поэтик тафаккурининг тарихий-тадрижий ривожи ва тараққиёт қонуниятларини янада чуқурроқ тадқиқ этиш ва фольклорнинг мукаммал намуналарини кенг кўламда оммалаштириш борасида олиб борилаётган изланишларга қанот бахш этди. Фольклоршунос олимлар мазкур “Давлат дастури” ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигини асар матни, ­нотаси ва изоҳлари билан нашрга тайёрлаш натижасида халқ ижодиётининг энг сара намуналари жамланмасини яратишга киришдилар.

Халқимиз томонидан асрлар мобайнида ижро этилиб, сайқалланиб келган фольклор асарларининг шўро даври мафкурасига мувофиқ келадиган қисмлари ажратиб олиниб, қисқартирилиб, қайта ишланиб, таҳрир қилиниб нашр этилгани эса халқ ижодиётининг бадиий-эстетик табиатига зид бўлган ғайриилмий ёндошув эди. Шу боис, ўзбек халқ оғзаки бадиий ижоди асарларининг матнини ҳозирги замон фольклоршунослигининг энг янги илмий-назарий концепциялари асосида тадқиқ этиш ҳамда ҳар бир асар матнини у ҳақидаги фундаментал илмий тадқиқот, изоҳлар, нота ёзувлари, луғат ва кўрсаткичлар, рус ва инглиз тилларидаги аннотация билан тўла нашрга тайёрлаб, мазкур нашрга оид фотоматериаллар билан бирга нашр этиш халқ бадиий ижодиёти дурдоналарини янада кенгроқ кўламда оммалаштириш имконини беради. “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлиги халқ оғзаки поэтик ижоди дурдоналарининг мукаммал куллиёти бўлиб, Шарқ халқлари маънавий тараққиётига улкан таъсир кўрсатган миллий бадиий тафаккуримизнинг жаҳон халқлари поэтик маданияти контекстида тутган ­ўрнини кўрсатишга хизмат қилади.

Фольклоршунослик тарихида илк бор яратилаётган “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлиги ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди асарларининг ҳозирга қадар ёзиб олинган энг мукаммал намуналарини ўз ичига қамраб олади. Ҳозирги кунгача мазкур кўп жилдлик доирасида “Алпомиш” достонининг Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан, Берди бахши, Бекмурод Жўрабой ўғли, Раҳматулла Юсуф ўғли, Зойир шоир Қўчқор ўғли, Саидмурод Паноҳ ўғли вариантлари, шунингдек, “Орзигул”, “Кунтуғмиш”, “Қиронхон”, “Соҳибқирон”, “Якка Аҳмад”, “Эрали ва Шерали”, “Ёдгор”, “Муродхон”, “Рустамхон”, “Юсуф билан Аҳмад”, “Гўрўғлининг туғилиши”, “Гўрўғлининг болалиги”, “Зайдиной”, “Малика Айёр”, “Авазхон” достонлари, ўзбек халқ эртаклари, болалар ўйин фольклори, маросим қўшиқлари, афсона ва ривоятлар, топишмоқ ва мақоллар нашрга тайёрланди.

Шарқ халқлари маънавий тараққиётига улкан таъсир кўрсатган миллий бадиий тафаккуримизнинг жаҳон халқлари поэтик маданияти контекстида тутган ўрнини кўрсатишга хизмат қиладиган бундай кенг қамровдаги тадқиқот изчил давом эттирилмоқда.

Маматқул Жўраев,

филология фанлари доктори

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 32-сонидан олинди.