«Алпомиш» достони ўзбек халқининг жаҳон халқлари маданий меросига қўшган энг муносиб жавоҳирларидан биридир. «Манас», «Калевала», «Қирқ қиз», «Рамаяна» деб аталмиш турли миллатлар оғзаки ижоди намуналари дунё бўйича инсон бадиий тафаккури кўламининг нодир асарлари сифатида баҳоланган. Ўзбек халқи бу соҳада ҳам тақдир саховатидан бебаҳра қолмаган. Чунки туркий халқларнинг ўнга яқин вакилларида «Алпомиш» билан алоқадор достон, эртак, афсона, ривоятлар бўлса, улар орасида ғоявий, бадиий жиҳатдан энг мукаммали Фозил Йўлдош ўғли ижро этган нусха деб тан олинди.
Ўзбек фолклоршунослиги тарихини ҳеч иккиланмай мазкур достонни ўрганиш билан узвий тасаввур қилиш мумкин: 1999 йили достоннинг мингйиллигини нишонлаш байрами ўтказилди, матнини ёзиб олиш бошланганига юз йилдан ошди, таҳлил қилишга бағишланган асарларни эса кўплаб диссертатсиялардан ташқари, ўнлаб рисолалар сифатида санаш мумкин. Қизиғи шундаки, ҳар бир санъат турида санъаткорнинг маҳоратини баҳолашга асос бўладиган ўлчов бор. Масалан, мусиқада «Насруллойи» куйи, хонандаликда «Чоргоҳ», «Ушшоқ», «Гиря» куйи билан айтиладиган ашулаларни шулар жумласига қўшиш мумкин.
Булунғур, Қўрғон, Хатирчи, кейинчалик Шеробод, Қамай достончилик анъаналарида эса, шоирнинг қадрини кўпинча «Алпомиш»ни қай даражада усталик билан ижро этиши белгилайди. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, бу шоирлар маҳорати даражаси бир неча йўналишларда синовдан ўтказилади. Хусусан, аввало, у сўзга чечан, вазият ўзгариши билан достон матнига янгиликларни қўшиб кета оладиган фазилатга эга бўлиши лозим. Иккинчидан, достондан олдин чалинадиган куйларни халқ созандалиги талабларига мос ижро қилиши, достондаги шеърий мисраларга мос куй топиши, учинчидан, овози ҳам тингловчиларга маъқул келиши керак. Бундан ташқари, бахши насрий ўринларни ўқишда тингловчини жалб эта олиши, қолаверса, муомаласи, одамларнинг луқмасига жавоби, ҳатто ҳусн нури билан атрофдагиларни ром қилиши оддий талаблар мезонига киради, десак, хато бўлмайди. Хуллас, шоир юқоридаги фазилатларга эга ҳолда «Алпомиш»ни ижро этса, эл назарига тушади.
«Алпомиш» достони фақат ижро жиҳатидан эмас, мазмун, ғаройиб тасодифий воқеалар тасвири, қаҳрамонлар саргузаштлари, ҳаётий муаммоларнинг қўйилиши билан ҳам мураккабдир. Масалан, бугунги кун илм тарихида бир аёлнинг бир неча ака-укалар билан битта оилада бўлиб турмуш қуриши – полиандрия ҳақида маълумотлар бор. Биз ҳозирги пайтда достоннинг моҳир ижрочиси Фозил Йўлдош ўғли оила турмушининг бу системаси ҳақида хабари бор- йўқлиги ҳақида бирор аниқ фикр билдира олмаймиз. Лекин устоздан ўрганилган матнга фидойилик, устознинг фикрини икки қилмаслик одати Фозил отани достон айтишда бир неча марта алп ака-ука номидан «…ё биримизга тег, ё баримизга тег», – дейишга мажбур қилган. Инсоният тарихидаги минглаб йиллар олдин ўтган полиандрия оила системаси белгиси қандай қилиб «Алпомиш»да сақланиб қолди? Яна бир муҳим томон: достонда на Бойсари(Барчиннинг отаси), на Барчин ака-ука алпларнинг гапларига ортиқча асабий муносабатда бўлишмайди. Уларнинг гапини оддий маиший ҳаётдаги ҳолат сифатида қабул қиладилар. Халқимизнинг «Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур» деган ҳикматли сўзи бор. Хўш, «бир балоси бўлмаса», «Ё биримизга тег, ё баримизга тег», – деган гап достондан қандай қилиб ўрин олади. Ўрин олганда ҳам, бир марта эмас, бир неча марта такрорланади. Маълум бўладики, «Алпомиш» достонини ижро этиш қанчалар машаққатли меҳнат талаб қилса, уни уқиб эшитиш ҳам, достон сифатидаги матнни ўқиш ва тушуниш ҳам осон эмас экан.
Эҳтимол, шунинг учун ҳам бундан роса олтмиш йил олдин ўзбек халқ достонлари ҳақида чуқур илмий муносабат билдирилган китоб «Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси»да В.М.Жирмунский ва Ҳ.Т.Зарифов «Алпомиш»нинг сўнгги нусхада шоирлар таҳриридан ўтишини ХВ-ХВИИ асрлар билан белгиласалар-да, ундаги уруғ, қабила бўлиб яшаш ҳақидаги далилларни нисбатан аввалги давр таъсири сифатида баҳолайдилар. Асарнинг ўрта асрлардан аввалги кўринишдаги нусхалари борлигини эса қорақалпоқ, қозоқ ижодкорлари ижроларида ҳам «ўзбак» сўзининг қайта-қайта келиши билан изоҳлайдилар. Ҳатто таниқли олимларнинг таъкидлашларига кўра, «Алпомиш»да юртимиз тарихида патриархал уруғчилик муносабатларининг таназзули ва давлатнинг шаклланишидаги вазият акс этганлиги маълум бўлади. Бу фикрларни агар ҳақиқат деб қабул қилсак, достоннинг вужудга келиш тарихи янада қадимги замонларга бориб тақалади.
Достоннинг тингловчи эътиборини ўзига жалб этувчи нуқтаси дастлабки воқеалар баёнидан бошланади. Шоир қадимги ўн олти уруғ Қўнғирот элида Добонбий, Алпинбий, Бойбўри, Бойсари бийлар ўтганини ҳикоя қилади. Демак, ака-ука Бойбўри ва Бойсаригача Бойсин-Қўнғирот элатидаги ҳаёт ўз маромида кечган. Бундан кейинги ҳаётда муайян ўзгаришлар бўлишига ака-укада фарзанд йўқлиги билан тайёргарлик кўрилмоқда. Чунки халқимизда узоқ кутилган ёки Яратгандан тилаб-тилаб олинган фарзанд ҳамиша фавқулодда янгиликлардан хабар берувчи омил сифатида баҳоланади. Халқ бу фарзанднинг дунёга келиши зарурлигини уқтириш учун жуда чиройли бадиий вазиятни ўйлаб топган. Чупрон тўйи мазкур ҳолатнинг ечимига айланади. Бойбўри ва Бойсарини тўйда ўта ҳақорат билан кутиб олишади. Уларнинг оти жиловини хизматкорлар илтифот билан олишмайди. (Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида тўйга отда борган меҳмоннинг оти жиловини хўжайиндан олиб махсус тайёрланган жойга боғлаш ва улов олдига беда ташлаш одати ҳозир ҳам сақланган. Бу одатга амал қилмаслик от эгасига ҳурматсизлик ҳисобланади.) Ака-укага дастурхоннинг пойгагидан жой тегади. Ошнинг ҳам кетини тортишади. Бийларнинг кўнглини хушлашмайди. Демак, бир йўсинда давом этиб келаётган муносабатда фавқулодда портлаш рўй бериши кутилмоқда. Ҳақиқатга чидай олмаган ака-укаларга энди фарзандсизлик оқибатида дашном тошлари отилади: «Бу тўй ўғиллининг ўғлидан қайтади, қизлининг қизидан қайтади, сенинг нимангдан қайтади?» – дейди чапанитоб бойвачча. Эътибор беринг, тўёна сифатида бериладиган саксон тилла тўйдаги бир лаган ошнинг тўловига ярамади. Элда юртга ош бериш қарзи фақат ош бериш билан тўланади. Бунинг учун эса асосли сабаб – ё ўғилга суннат тўйи қилиш, ё қиз узатишда юртга ош бериб, тўй хабарини эълон қилиш шарт.
Достонда фарзанд кўриш бахти ҳар бир инсон учун тангри инъоми экани ҳам алоҳида таъкидланади. Ака-укалаларнинг маслаҳатига қулоқ солайлик: «Тортиб олиб бўлмаса, ўғирлаб олиб бўлмаса, сотиб олиб бўлмаса, Худо бизга бермаса, қаёқдан қиламиз тарадди?!».
Мана шу ўринда ислом динидаги Яратгандан астойдил фарзанд тилаш шарти намоён бўлади. Бунинг учун аввало ният, ундан сўнг назр-ниёз бериш ва қирқ кун равзада тунаш зарур. Яна эътибор берадиган ҳолат рўёбга чиқмоқда: ислом динида инсондаги руҳий, иқтисодий, жисмоний ҳаракат ҳамиша юқори баҳоланади. Ака-укалар ҳам ана шу ўлчовга бўйин сунишга мажбурлар. Шундай қилиб, Бойбўри билан Бойсари фарзанд кўриш ниятини қилишди, Шоҳимардон пир равзасига назр-ниёзни олиб, уч кун йўл юриб равзага етишди.
Шоирлар тарбия кўрган муҳитда диний эътиқоднинг чин юракдан тўла амалга оширилиши талаб этилган. Эҳтимол, шунинг учун ҳам бир кам қирқ кун деганда равзадан овоз келади: «Яратган худоларинг фарзанд бермайман, деди». Бу овозни эшитгандан сўнг ака-укалар равзадан чиқиб кетиши мумкин эди. Ёки ўттиз тўққиз кунни эсга олмай, биратўла қирқ кун чилла ўтиришлари ҳам мумкин эди. Бизнингча, айнан ниятнинг тўлиқ бажарилиши шарти шу лавҳа орқали таъкидлангандек бўлади, яъни ака-ука равзада тўла қирқ кун ўтиришга ният қилганликлари учун яна бир кун чидашга қарор қиладилар. Қирқинчи кун эса вазият бутунлай ўзгаради. Яна овоз келади: «Бойбўри, сенга худойим бир ўғил, бир қиз берди. Ёлғиз эмас, эгиз берди; Бойсари, сенга худойим бир қиз берди, эгиз эмас, ёлғиз берди». Маълум бўладики, астойдил қилинган эътиқод самарасиз якунланмайди. Худодан чин дилдан бирор мушкулни осон қилиш сўралса, руҳан иймон билан ҳаракат қилинса, албатта, ниятга етилади.
Юқорида қайд этилган фикрларимиз «Алпомиш» достонининг яратилишида табиий файласуфлар, комил ва аллома инсонлар, ҳаёт тажрибасига эга кексалар, нияти покиза инсонлар иштирок этганини тасдиқлайди. Шоир атрофидаги ижодий муҳит қаҳрамонлик эпоси намунасида ўзининг мукаммал ифодасини топганлигига далил бўла олади. Албатта, достоннинг яратилишидаги шоиртабиат ижодкорларнинг ҳам ҳиссаси йўқ эмаслигини айтиб ўтмоқчимиз. Равзадан келган садога диққат қилсак, унда «қиз», «эгиз», «ёлғиз» сўзлари бир неча марта такрорланганига гувоҳ бўламиз. Ҳар сафар бу сўзларнинг маъно таъсири ҳам ўзгача ифодаланган. Бундай бадиий кашфиёт халқимиз орасида сонсиз, саноқсиз олий даражадаги номи маълум бўлмай қолган шоирлар яшаганидан далолат беради.
Юқорида достондан келтирган мисолимизда яна бир ибратли вазият акс этганини ҳам айтиб ўтиш лозим деб ўйлаймиз. Бойбўри билан Бойсари юртдаги энг обрўли одамлардан эдилар. Аммо фарзандсизлик ҳақида ўз мулоҳазасини айтиш учун чапанитоб бойбаччага улардаги бу обрў қаршилик қилолмади. Яъни «Алпомиш» достонида ҳар бир инсон истаган мустақил фикрини айтиш ҳуқуқига эга экани алоҳида таъкид билан қайд этилгандек туюлади. Агар достондаги воқеалар силсиласига зеҳн билан диққат қилсак, бугунги кунда демократия деб аталмиш одамларнинг тенгҳуқуқлилиги ўз ифодасини топганига тўла амин бўламиз. Хусусан, Бойсари акаси томонидан талаб қилинган закот муносабати билан Қўнғиротдан кўчмоқчи бўлганида ўн минг уйли қариндошга мурожаат этади ва оддий фуқаролардан маслаҳат сўрайди. Бу кенгашда сўзга чиққан Яртибойга «Тўрдан жой тегмай, пиёладан чой тегмай» юрар эди.
Худди шундай вазият Қалмоқ элидаги алплардан Барчинни хотинликка сўраб совчилар келганида ҳам рўй беради. Шунингдек, Барчин йигитлар томонидан совчилик муносабатлари билдирилганда, у шартини ҳаммага бир хил талаб қўйиб эълон қилади ва ўзидек олий мартабали қизга уйланиши учун ҳар бир мард, чавандоз, мерган, полвон йигит ҳақли эканини кўрсатади. (Яна алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкинки, қўйилган шартларни бажаришда фақат Алпомишгина ғолиб келишига қизнинг ишончи ҳам комил эди, ундан кўнгли тўқ эди, аммо одамлар кўзига ўзини холис кўрсатишга уринарди.)
Алпомиш достонини эътибор билан ўқир эканмиз, шоир томонидан айтилган ҳар бир маълумот тингловчига, бугунги вазиятда ўқувчига жамият ҳақида муайян хабар бераётгандек бўлади. Бир-икки мисолга мурожаат қилайлик. Ҳакимбек етти ёшга етганида Алпинбий бобосидан қолган ўн тўрт ботмон биричдан бўлган парли ёйидан ўқ узиб Асқар тоғининг чўққиларини учириб юборади. Ўзбек тили изоҳли луғатида бир ботмон юртимизда ҳар хил ўлчовга эга экани ва икки пуддан ўн бир пудгача оғирлиги кўрсатилган. Бу ҳисобдан келиб чиқсак, Ҳакимбек кўтарган ёй энг кам ҳисоб билан 224 килограммни ташкил этади. Табиийки, бундай оғир ёйни отиш даражасида инсон бандаси кўтара олмайди. Лекин гап ёйни жисмоний куч билан кўтариш ҳақида бораётгани йўқ. Шоир Ҳакимбекнинг ёйни кўтаришда маънавий ҳуқуққа эга эканини таъкидламоқчи. Алпинбий Қўнғирот элида йирик бир давлатни вужудга келтириш режаси билан яшаган. Ёй туркий халқларда ҳокимлик нишонаси ҳисобланади. Ўқ эса тобеълик белгисидир. Ҳакимбек узоқ кутиб, тилаб олинган фарзанд сифатида ота-боболари яшаётган жамиятда янги тузум – давлат бошқаришини амалга ошириш имконига эга. Бу ҳақда филология фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, илмий фаолиятининг салмоқли даврини «Алпомиш» достонини ўрганишга бағишлаган профессор Муҳаммаднодир Саидов ҳам асосли фикрлар билдирган эдилар. Маълум бўладики, ёйга эга бўлиш, ўқ узиб Асқар тоғининг чўққиларини учириш достондаги кейинги воқеалардан келиб чиқадиган «закот»га тайёргарлик кўриш эди, холос. Ҳақиқатан ҳам достондаги закот биз бугунги кунда тушунадиган исломий тушунча эмас. Балки, давлат томонидан фуқаролар зиммасига юклатиладиган даромад солиғи маъносини беради. Бойбўри ўйлайди: «Мен ўн олти уруғ Қўнғирот элининг ҳам бойи бўлсам, ҳам шойи бўлсам, мен кимга закот бераман». Агар кўпчилик китобхонлар ўйлаганидек, «закот» сўзида исломий маъно бўлганида, Бойбўри «мен закотни кимга бераман», – деб хаёл қилмас эди. Чунки одатда закот иқтисодий қийналган одамларга берилади. Бойбўри фикр қилган закот айнан давлат томонидан белгиланишини назарда тутсак, достондаги ўлчов ҳам изоҳини топади. Чунки Бойбўри укасидан закот учун битта улоқ сўрамоқда. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, ака укасидан истаган миқдорда қўй, от ёки бошқа қимматбаҳо нарсани шунчаки сўраганида, укаси Қалмоқ юртига кўчиб кетадиган даражада хафа бўлмас эди. Бойбўри ундан айнан «закот» деб сўрагани учун «Акамиз ўғилли киши бўлиб, дарров бизнинг молимизни закот қиладиган бўлибди-да!» деб ҳисоб юритиши бежиз эмас. Профессор М.Саидов бу лавҳада давлат тузумининг пайдо бўлаётганини алоҳида таъкидлаган. Таниқли олимлар В.М.Жирмунский ва Ҳ.Т.Зарифов ўзларининг 1947 йили Москвада нашр этилган «Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси»(«Узбекский народн?й героический эпос») китобида ҳам «закот» сўзидан келиб чиқиб, достонда патриархал-уруғчилик тузумининг емирилиши ва давлатчиликнинг туғилиши ҳақида фикр юритилганини қайд этишган.
Достон матнидаги кейинги воқеалар: Бойсарининг кўчиши, Алпомишнинг Барчиннинг шартларини бажариши, кўчган элни ўз юртига қайтариши, иккинчи сафарида Қалмоқшоҳни мағлуб қилиши – ҳаммаси Қўнғирот элида давлатнинг пайдо бўлишини далиллайди. Ҳатто Ёдгорнинг Алпомишдан қолган ёйни кўтара олмай фақат судрашга кучи етгани ҳам, бизнингча, шу фикрнинг далили ҳисобланади. Етти йил зиндонда ётган Алпомиш ўз ватанига Қултой қиёфасида қайтишни маъқул кўради. Кўпчилик уни ўлган деб ҳисобларди. Унинг ўғли Ёдгор етти ёшда эди. Энди ёйни кўтариш навбати Ёдгорга келади. Аммо шоир Ёдгорнинг ёйни ердан тўлиқ кўтариб олганини, устига устак, ундан ўқ ўзганини тасвирламайди. Кўп ўринда «тортиб» сўзи қўлланади. Лавҳа охирида эса:
Ўн тўрт ботмон парли ёйни судираб,
Келиб қолди Қўнғирот дарвозасига, – дейилади.
Хўш, нега Ҳакимбек етти ёшида ўн тўрт ботмон ёйни кўтариб, ундан ўқ узиб тоғ чўққиларини учириб юборди-ю, Ёдгор бу ишни қила олмади. Чунки Ёдгор, ўз навбатида, Ҳакимбекнинг меросхўри бўлса-да, ҳали Ҳакимбек тирик эди. Унинг давлатни бошқариш ҳуқуқи тўла тасдиқланмаган эди. Шунинг учун ҳам Ёдгор ёйдан мутлоқ фойдалана олиши мумкин бўлмади. Шу ўринда яна бир савол туғилади. Нима учун етти йил зиндонда ётган Алпомиш юртига қайтганида Қултойнинг олдига келиб ўзини танитади, аммо ўз уйига Қултой қиёфасида боришга қарор қилади? Гап шундаки, ҳар бир раҳбар, юртнинг иссиқ-совуғига масъул одам қарамоғидаги одамларнинг ўзига бўлган муносабатини иккинчи шахсдан билиши турли чалкашликларга, ноаниқ маълумотларга сабаб бўлади. Алпомиш ўзи чиқиб кетган Қўнғирот аҳволини бевосита ўзи билишга аҳд қилади. Айнан шундагина у дўст ва душманни аниқ ажратиш имконига эга бўлади.
«Алпомиш» достонидаги ҳар бир маълумотни алоҳида эътибор билан қабул қилишга ўрганишимиз керак. Фозил Йўлдош ўғлидан ёзиб олинган матнда ечимини топиши лозим бўлган лавҳалар етарли. Жумладан, ҳар бир замонда ҳаётда рўй бераётган воқеаларга, ўзгаришларга кекса авлод ва ёш авлод ўз ўлчови билан ёндашади. Кўпинча оталарга келажак авлоддаги кўп хусусиятлар маъқул бўлавермайди. Бу анъана юзлаб йиллар давомида жамият тараққиётида аниқ кузатилмоқда. Буни қарангки, «Алпомиш» достонида ҳам худди шунга ўхшаган ҳолатга гувоҳ бўламиз. Ўзингиз фикр юритиб кўринг: Ҳакимбек билан Бойбўри қатнашган суҳбатда закот муаммоси пайдо бўлади. Бойбўри билан Бойсари ўртасидаги низо закотдан бошланади. Агар Бойбўри закотнинг бу қадар ечими оғир муаммо эканини дастлаб билганида, тинчгина ҳаётни лойқалатишга журъат этмасди. Аслини олганда, Алпомиш ёруғ дунёга мана шу закотни ўйлаб топиш учун келган. Бойсари эса, кексалар вакили сифатида закотни маъқул кўрмайди: у ука бўлса ҳам ўзини Бойбўрига тенг деб билади. Закот бу ҳуқуқдан уни айирмоқчи. Нафсонияти топталган деб ҳисоблаган Бойсари Қалмоқ юртига кўчмоқчи. Қизиғи шундаки, ўн минг уйли қариндошдан биронта одам Бойсарига эътироз билдирмайди. Фақат Барчин онасига:
Хўжа келса чиқар мурид назири,
Хотин бўлмасмикан эрнинг вазири?!
Эр деганнинг ақлин олмас бўлурми,
Алдаб-алдаб йўлга солмас бўлурми,
Бий отамман бий бобома на бўлди, –
деб ҳижратга қарши чиқади. Шундай қилиб, Барчин ўзининг Алпомиш тарафида эканини кўрсатади. Бу вазият достоннинг бошланишида қайд этилгани билан шоирнинг эсидан чиқиб кетмайди. Барчин ўзга юртдан Ҳакимбекдан ўзини қалмоқлардан қутқаришни сўраб хат ёзганида Бойбўри энди оталар авлодидан эканини тан олади. У хатни сандиққа яширади ва хат олиб келган карвонга бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмасликни тайинлайди. Аммо тақдир ўз ҳукмини бу ерда ҳам ўтказади: хатни сандиқдан Қалдирғоч топиб олади ва акасини сафарга отлантиради. Достонни ўқир эканмиз, яна ўзига хос бадиий кашфиёт гувоҳига айланамиз. Энди Ҳакимбекнинг ўзи ҳам Барчиной олдига бутун вужуди билан ошиқмаётгандек кўринади бизга. Бадиий кашфиётнинг моҳияти ҳам шундаки, бу баҳона билан достондаги ҳаракат суръатини Қалдирғоч тезлатади. У акасига йўл-йўриқлар кўрсатиб Барчинойни олиб келишга ундайди. Ҳатто Ҳакимбекнинг ор-номусини, йигитлик ғурурини ҳам ўртага қўяди. Натижада биз «закот» тушунчаси билан бирлашган уч ёшни янгилик тарафдорлари сифатида баҳолаш учун асосга эга бўламиз: Ҳакимбек закотни ўйлаб топди; Барчиной отасининг закот учун ўзга юртга кўчишини маъқул кўрмади; Қалдирғоч эса, акасини Барчиной ҳузурига боришга даъват этди. Яъни акаси Барчинойга уйланса, кўчган элни ҳам юртига қайтаради ва у элдан закот олишни ҳам асослайди.
«Алпомиш» достонида олимларни ҳам ўйлантирадиган, асосли илмий изоҳларни талаб қиладиган яна бир муаммо Қалмоқ элидаги юртни бошқариш системаси ҳисобланади. Аввало, қўнғиротликлар қалмоқлар эккан буғдойни ўт ҳисоблаб чорвани дон унаётган далага ўтлагани қўйиб юборадилар. Ер эгалари келгинди кўчманчилар дастидан шикоят қилиб Тойчихон олдига борадилар. Воқеани тўла ўрганиб чиққан Тойчи ер эгаларини пайҳон бўлган ерлари ҳисобига йиллик солиқдан озод қилади. Демак, Қалмоқ юртида закот бор экан-да. Ундан ташқари, бу ерда қалмоқшоҳни ташқи душмандан ҳимоя қиладиган тўқсон алп ҳам хизматда эди. Бу алплар ёяндоз, мерган, темирдан совут кийган эдилар. Бойсин-Қўнғиротда эса бундай вазифани бажарувчилар ҳақида достонда маълумот берилмайди.
Яна бир қизиқ маълумот. Қалмоқшоҳнинг қизи Товка Янгибозор деб аталган бозорда раислик вазифасини бажаради: қирқта канизи билан бозор расталарини назорат қилади. Баззозликни тергайди, қалами, яъни газмол сотиладиган растага келиб қаламини ўлчаб кўради, ўлчовдан қочганга ташвиш беради(жазолайди), қассобликдаги тошларни текширади, «тоши енгил чиқса, таъзир беради» ва ҳоказолар.
Ваҳоланки, бу ғаройиб тартиблар Алпомиш юртида кўзга ташланмайди. Ана энди ҳақиқий маънода чигал вазиятга дуч келамиз. Чунки қалмоқлар яшайдиган юртда ижтимоий ҳаёт Бойсин-Қўнғиротдагидан достонда юқори ҳолатда ифодаланади. «Алпомиш» достони юзасидан илмий кузатиш ишларини олиб борган тадқиқотчилар бу ҳақда аниқ бир хулосага келмаганлар.
Хуллас, «Алпомиш» достони халқ қаҳрамонлик эпосининг ёрқин намунаси бўлиб, ўзида ўзбек халқининг авваллари туркий қавмлар қаторида шаклланганини, кейинчалик алоҳида халқ сифатида ривож топганини ифодалаши билан қимматлидир. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, достонда ўзбекнинг тарихи ҳақиқий маънода ўзининг бадиий аксини топган. Адабиёт ўқитувчиси достон юзасидан ўқувчиларга маълумот беришда достоннинг бу хислатини назарда тутиб дарс ўтиши ўқувчилар эътиборини достонга жалб этишда муҳим аҳамиятга эга.
“Маърифат” газетасидан олинди.