Боқижон Тўхлиев. «Мен – шоирман»

Иқтидорли халқнинг шоирлари, адиблари, ижодкорлари кўп бўлади. Ўзбек — иқтидорли халқ. Унинг доно, зукко ва фозил фарзандлари кўп бўлган. Фақат Х—ХI асрларда Хуросон ва Мовароуннаҳрда яшаб ўтган қалам эгаларининг аниқ саноғини ҳеч ким билмайди. Уларнинг араб тилида ижод қилган 124 нафари ҳақида Абу Мансур ас-Саолибий ўзининг “Йатимат ад-даҳр фи маҳосин аҳл ал-аср” (“Аср аҳлининг фозиллари ҳақида замонасининг дурдонаcи”) номли асарида маълумот беради. Шунга қарамай, ўша давр адиблари орасида Юсуф Хос Ҳожиб номи ягонадир.

Унинг адабиёт оламидаги, айниқса, туркий адабиёт соҳасидаги беқиёс хизматлари бугун ҳам эл ардоғида.
XV асрда, хусусан, Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида Ҳирот шаҳрининг атрофида мингдан ортиқ ижодкорлар истиқомат қилган. Аммо улар орасида “энг кўб ва хўб айтқон” (Заҳириддин Муҳаммад Бобур) Алишер Навоий эди.
Ҳозирги адабий жараёнда иштирок этаётган адибларимиз оз эмас. Уларнинг барчаси қадим ва бой адабий анъаналаримизни янги бир тарихий шароитда, мустақиллигимиз ардоғида давом эттирмоқда. Ифтихор билан айта оламизки, уларнинг сони кўп. Сайфи Саройи тили билан айтганда, «аларнинг уш бири» Абдулла Ориповдир.
Шубҳасиз, Абдулла Ориповни бугунги шеъриятимиз уммонининг дар ғаларидан, адабиёт карвонининг сорбонларидан бири деб айта оламиз. Бу мақтов эмас, оддий эътирофдир.

Мен шоирман,
Истасангиз шу,
Ўзимники эрур шу созим,
Бировлардан олмадим туйғу.
Ўзгага ҳам бермам овозим.

Ижодининг илк одимларидаёқ айтилган бу мисралар шоирнинг ҳақлигини такрор ва такрор тасдиқлаб турибди. Унинг ҳар бир янги асари ўзиники бўлиб, ҳеч кимга ва ҳеч кимникига ўхшамагани учун ҳам яхшидир.
Абдулла Ориповнинг «сирли қўшиқ»лари ундаги «ўтли юрак»нинг тепишлари натижаси. Уларда ҳаёт ҳақиқати кўнгил даъвати билан уйғун:

Тупроқ қўзғалмасдан ўрнидан баттар,
Солмасидан аввал даҳшат қатағон –
Ер ости тинч турсин десангиз агар,
Сизлар шеър устида сўйламанг ёлғон!

Ана шу ақида, назаримизда, адиб шеъриятининг таянч нуқталаридан биридир. «Шеър устида ёлғон сўзламаслик» чинакам санъатнинг бош мезони. Абдулла Ориповнинг миллионлаб кўнгиллардаги эътирофи, эҳтимол, шу билан боғлиқдир. Шунга кўра унинг:

Бу асрнинг талаби оддий ва содда:
Юрагинг буюрган ҳар қандай гапни,
Тилагинг буюрган ҳар қандай гапни
Ҳеч кимдан тортинмай ўртага ташла,
Бўғзингда қолмасин овозинг асло! –

деган мисралари ўша ақидадаги шеърий гувоҳдир.
Шоир ижодида мавзулар ҳаётнинг ўзи қадар ранг-баранг. Уларда шоирона мушоҳаданинг қамрови кенг: эзгулик ва ёвузлик, шафқат ва меҳрсизлик, инсон ва табиат, уруш ва тинчлик, аждодлар ва авлодлар… тилга олинади, том маънода Олам ва Одамнинг ўзига хосликлари инкишоф этилади.
Адабиётни аслида инсоншунослик дейишади. Абдулла Орипов ҳассос инсоншунос сифатида одам боласининг турфа хислатларини, бошқалар кўрмаган томонларини илғайди, уларни ниҳоятда нозик ва таъсирчан бадиий ифодалайди — ўз тасаввур ва ҳукмини бошқалар билан ҳам ўртоқлашади. Ушбу мулоқот натижасида китобхон олам-олам завқ ва ҳузур туяди. Шу маънода Абдулла Орипов шеърияти тафаккурга қувват, туйғуларга, ҳисларга эрк берадиган манбага айланади. Шунинг учун ҳам адибнинг ҳар бир янги шеъри, асари билан учрашув инжа туйғули қалблар учун ўзига хос байрамдир.
Қолаверса, Абдулла Орипов шеърияти ҳассос қалблар излаган тасалли: уларда армон ҳам, изтироб ҳам, орзу-ю умидлар, ҳаёт ва табиат ҳодисалари туфайли юзага келадиган ҳайрат ва гўзаллик ҳам таъсирчан бадиият либосида «сўз аруси» (Навоий) қиёфасида намоён бўлади.
«Классик бўлиш ҳар қандай ортиқчаликни қатъий равишда рад этиш, қай даражада маҳлиё этувчи бўлишига қарамай, ҳар қандай ёлғонни итқитиб ташлаб шундай руҳий енгилликка эришишки, унда фақат ҳақиқат мужассам бўлсин, бир сўз билан айтганда, бу ҳақгўй бўлиш демакдир». Француз мутафаккири Морис Баррес айтган ушбу таъриф, назаримизда, Абдулла Орипов ижоди учун тўлиғича хосдир.
Дарҳақиқат, ҳақиқий истеъдод эгаси ўз кучини реал баҳолашнинг уддасидан чиқади. Шунга кўра, илк изланишларидаёқ:

Шалоладек бўлса шеърларим,
Ёғду сочса мисли аланга.
Сидқидил-ла қобил ўғилдек
Хизмат қилса элга, Ватанга —

— деган шоир ижод машаққатларини, ҳаёт ҳақиқатини, бу ҳақиқатни бадииятнинг талабчан мезонлари билан ўлчашни ҳам нечоғли теран англаганини ҳис этиш мумкин. Ана шу талабчанлик, ана шу сабот, матонат, узлуксиз меҳнат, тинимсиз изланиш, кашфиётлар замиридаги содда ва самимий ҳақиқатлардир.
Маълумки, Абдулла Орипов ижодида Ватан мавзуи алоҳида мавқега эга. Биргина шу мавзу талқинидаги тадрижийликни, ижодий такомилни кузатсак ҳам ушбу фикрларнинг нақадар реал ҳаётий заминга эгалигига гувоҳ бўламиз.
«Сароб» шеърида шоирнинг оламга нисбатан ижтимоий-эстетик қарашлари муайян даражада акс этган. 1966 йили, бундан сал кам қирқ йил олдин ёзилган шеърда шундай сатрларни ўқиймиз:

Ватан! Менинг бор қисматим шу
бир сўзда ҳал,
Балки мен ҳам бахш этурман
унга жон-танни.
Лекин,дўстлар, ростин айтсам,
мен ўша маҳал, –
Жондан ортиқ севар эдим
она Ватанни…

Илк шеърларидаёқ Ватан билан ифтихор қилиш, шу юрт фарзанди эканлигидан ғурурланиш Абдулла Орипов шеъриятига хос эди. «Осиё қўйнида яшаган бўстон» — Ўзбекистон шоир қаламида мислсиз ўхшатишлар, нодир сифатлашлар билан таърифланади. Ҳар ҳолда бошқа адиблар ўз юртига турли хил нисбат берган бўлишлари мумкин, аммо ҳеч ким шамолни юртимники деган эмас, «юртим шамоли» ифодаси фақат Абдулла Ориповникидир.
Юрт ва Ватан ўз ўтмиши, бугуни, келажаги билан мукаммал, аждодлари ва авлодлари билан тўкис. Шоир шеърларида ана шу бутунлик тадрижий равишда тиклана борганини кузатиш мароқли:

Боболарим юрти.
Отам маскани.
Онамнинг муборак қони барқарор.
Бир фарзанд мисоли куйлайман сени,
Эй оташ заминдан яралган диёр.

«Мен нечун севаман Ўзбекистонни» шеъри бу туркумнинг авж пардаларга кўтарилганини билдиради. Шоир ўзини Ватаннинг бўлаги, қалбини эса шу муқаддас Ватан жо бўлган бебаҳо маскан сифатида тасаввур ва тасвир этади. Ранглар анчайин қуюқ, тиниқ ҳамда аниқроқ кўринади:

Хўш, нечун севаман Ўзбекистонни,
Сабабини айтгин десалар менга,
Шоирона, гўзал сўзлардан олдин
Мен таъзим қиламан она халқимга.

Халқим, тарих ҳукми сени агарда
Мангу музликларга элтган бўлсайди,
Қорликларни макон этган бўлсайдинг,
Меҳрим бермасмидим ўша музларга?

Ана шу пиллапоялар шоирни «Ўзбекистон» шеърини ёзиш даражасига кўтарди. Шубҳасиз, бу асар том маъноси билан Ватанга, юртга битилган энг тўлиқ қасидадир. Адиб ҳали-ҳануз «қиёсингни топмадим», дейди. Аслида унда Ўзбекистоннинг мутлақо янгича, бор бўй-бастини намоён қилувчи тасвири чизилган эди. Адабиётшунослигимиз бу шеърни атрофлича таҳлил ва талқин қилиб келмоқда. Фақат бир нарсани айтиш жоизки, шеър яратилган замон қалтис эди. Бундай ошкора, дангал, ўткир ифодалар учун катта куч, буюк жасорат талаб этилар эди. Натижа тезда кўринди: шеър шоирга шуҳрат келтирди; уни бутун Ўзбекистон ёддан айтиб юради дейиш мумкин.
Бу шеър мактаб дарсликларидан ҳам ўрин олди. Шу ўринда Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодининг таълим босқичларида ўрганилиши ҳақида икки оғиз гапириб ўтиш жоиз.
Аслида ўқитувчи билан шоир, адиб бир хил вазифани бажаради: уларнинг ҳар иккиси ҳам ёш авлодни ҳаёт пиллапояларига тайёрлайди, фақат буни бошқа-бошқа жабҳаларда туриб амалга оширади. Шу жиҳатдан адабиётнинг, хусусан, Абдулла Орипов шеъриятининг маърифий нуқталарида қанчадан-қанча ҳаёт ҳикматлари, тарихий факт ҳамда ҳақиқатлар мужассам. Машҳур «Ўзбекистон» шеърининг айрим мисраларини эслайлик:

Кўз олдимда кечар асрлар,
Кўз-кўз этиб нуқсу чиройин.
Сарсон ўтган неча насллар
Тополмасдан туғилган жойин.
Америка – сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали.
Денгиз ортин ёритди илк бор
Берунийнинг ақл машъали.
Колумбда бор аламим маним,
Ўзбекистон – Ватаним маним.

Тарихчи, астроном, географлар мутахассис сифатида ушбу тарихий фактларни билиши табиий. Аммо миллион-миллион китобхон, жумладан, ўқувчи ёшлар ҳам ушбу фактни — тарихий ҳақиқатни Абдулла Орипов шеърияти туфайли билиб олганлари сир эмас. “Мўмин Мирзо”, «Сув», «Генетика», «Ҳамза монологи», «Афғонистон ёшларига» шеърларида ҳам ана шундай маърифий нуқталар кўзга ташланади.
Шубҳасиз, Абдулла Орипов шеърлари ўзининг таъсирчан тарбиявий кучи билан эътиборлидир. Юксак бадиият либосидаги тафаккур меваларининг ўзи ёш ва мурғак кўнгилларга бебаҳо озуқа бўлиши муқаррар. Улардаги теран фикр, нозик кузатиш, фалсафий умумлашма ва лўнда хулосалар ёшларимиз учун муносиб сабоқ мактаби бўлади. Муҳими, уларда инсониятни ўйга толдирадиган, сўнгсиз саволларга жавоб бўла оладиган мисралар оз эмас.
Ушбу мисраларнинг яна бир фазилати бор. Уларда ёшларни фаол фикрлашга ундайдиган, чорлайдиган оҳанглар мавжуд. Мустақил, ижодий фикрлашни эгаллаш, онгли мақсад йўлида жидду жаҳд кўрсатишга интилиш эса ёш авлод олдидаги энг муҳим вазифалардан биридир («Арслон ва инсон», «Диалектика», «Ўтинч», «Уқтириш», «Бургут», «Тунислик бола», «Кекса муҳожир», «Онажоним шеърият», «Қўриқхона», «Учинчи одам», «Тилла балиқча»…).
Умумтаълим мактабларининг бешинчи синфида «Ўзбекистон» шеърини ўрганиш дастурда белгилаб қўйилган. Унга кўра, шоир ҳақида қисқа маълумот берилиб, қасидада она юрт тарихини, улуғ аждодларимиз руҳининг улуғланиши, Ўзбекистонда яшашгина эмас, бу ерда туғилишнинг ўзи миллий ифтихор манбаи эканлиги кўрсатилиши, шеърнинг бадиий хусусиятлари очиб берилиши керак. Мақсад ўқувчиларда она-Ватанга, унинг шонли ўтмишига нисбатан муҳаббат ҳисларини тарбиялашдан иборат.
IХ синфда эса «Сароб» («Ўйларим»), «Баҳор», «Генетика», «Баҳор кунларида», «Куз манзаралари», «Ҳолат», «Кетганлар ёди бу…» шеърлари асосида Абдулла Орипов лирикасининг ўзига хос хусусиятлари, улардаги кучли эҳтирос, табиийлик, фикрий теранлик, поэтик мукаммаллик, шаклий-услубий ранг-баранглик борасида фикр юритиш тақозо этилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу шеърлар шоир ижодига хос бўлган асосий бадиий-эстетик принципларни қамраб олиши билан ажралиб туради. Аммо шу ўринда методист-олимларимизга нисбатан озгина эътироз ҳам йўқ эмас. Ушбу шеърлар бадиий жиҳатдан қанчалик юксак бўлмасин, IХ синф ўқувчилари билан уларни беш академик соат давомида ўрганиш бирмунча қийинлик қилади. Умумтаълим мактаби ўқувчисининг мутахассис-адабиётшунос эмас, балки ўқувчи эканлигини назардан қочирмаслик лозим.
Адиб ижодида яна бир етакчи мавзу борки, унинг бадиий талқинларини кузатиш мароқлидир. Бу тарих, тарихий шахслар ҳаёти, ижодининг бадиий ифодасидир. Абдулла Орипов Алишер Навоийга бағишланган бир туркум шеърий асарларини яратди. У Навоийни буюк шахс, улкан истеъдод эгаси сифатида тавсифлайди, таърифлайди, Навоий даҳоси олдида бош эгади. Айни шу ҳис-туйғулар шундай сўз ва ибораларда ифодаланганки, бу эҳтирос оқимидан юзага келадиган эпкин китобхонга ҳам таъсир қилади, унга ҳам «юқади». Адиб Навоиий сиймосида дастлаб халқни, миллатни кўради:

Жаҳонки муқаддас нени кўрибди,
Барига онасан, эй қодир ҳаёт.
Беш юз йил наридан боқиб турибди,
Нурли бу юзларга нуроний бир зот.

Шу буюк ўғлингни ардоқлаб дилдан,
Халқим, таъзим этсанг арзигай тамом.
Унинг номи билан бирга битилган
Дунё дафтарида ўзбек деган ном.

Навоий даҳоси улуғ истеъдод ва комил шахс сифатида юксак эътибордадир. «Занжирбанд бир шернинг назмий саройни беш асрдан буён титратиб туриши» билан боғлиқ тасвирлардаги асосий нуқта мана шунда. Тарихий шахслар улуғ ва бардавом ифтихор манбаи, ўзни ва ўзликни танишнинг омилидир. Абдулла Орипов шеъриятидан келиб чиқадиган яна бир асосий хулоса мана шу.
Ҳаётга очиқ кўз, соғлом нуқтаи назар билан қараш Абдулла Орипов шеъриятининг тамал тошларидан. Шу боисдан ҳам адибнинг гоҳ шўхчан, гоҳ маҳзун, гоҳ кўтаринки, гоҳ босиқ ва ўйчан мисралари инсон қалбига яқин. Уларда безовта руҳ, уйғоқ тафаккур, бус-бутун иймон, покиза эътиқод уйғунлашган. Мана шу хислатлар билан бу шеърият замондошларимиз, хусусан, ёшларимиз учун азиз ва мўътабар, уларнинг қўлидан тутади, олға етаклайди, ҳаётни севишга, унинг қадрига етишга ундайди.
Адабиёт ҳар доим анъаналар силсиласида камол топиб келган. Аммо фақат анъана билан яшайдиган адабиёт заволга маҳкум. Анъана заминида кашфиётлар яратиш адабиётнинг такомилини, унинг ривожини белгилайди. Шу жиҳатдан қаралса, Абдулла Орипов шеърияти тафаккур ва туйғулар товланишининг янги-янги намуналаридир. Буни шакл ва мазмунда ҳам, ифода имконларини излаш, уни реалликка айлантиришда ҳам пайқаш, ҳис қилиш мумкин.
Биргина мисол. Ўқ ва ёй адабиётимиздаги энг қадим анъанавий образлардан. Биз уни ёзма адабиётимизнинг илк йирик обидаси «Қутадғу билиг»да, оғзаки адабиётнинг бебаҳо дурдонаси «Ўғузнома»да, IХ—ХI асрларга, айрим тадқиқотчиларнинг кўрсатишига қараганда эса, V—VIII асрларга оид халқ оғзаки ижоди намуналарини қамраган «Девону луғот ит-турк»да учратамиз. Бу образлар замиридаги энг кенг тарқалган талқинлардан бири уларнинг қад ва кўнгилга нисбат берилишдир. Кейинроқ улар киприк ва қошга нисбат бериладиган бўлди. Мумтоз адабиётимизда унинг янада турфароқ (масалан, тўғрилик ва эгрилик) талқинлари мавжуд. Аммо ҳеч бир замонда, ҳеч қайси адиб камонни отага, ўқни фарзандга ташбиҳ қилганича йўқ. Бу Абдулла Орипов бадиий тафаккурининг ҳосиласидир:

Ногоҳ энтикди-ю, эгилди камон,
Ўқ учди белгисиз ёқларга томон.
Кекса отасининг қаддин дол этиб,
Кетиб борар эди фарзанд шу замон.

Шу хилдаги бадиий топилдиқлар, ноёб кашфиётларсиз Абдулла Орипов шеърияти жозиба, тароват, оҳор ва жарангга эга бўлмасди.
Шеърий шаклларга ўзгартиш киритиш, уларни янгилаш осон эмас. Бу даҳо санъаткорларгагина насиб этадиган буюк кашфиётдир. Шу маънода Абдулла Ориповни юксак дидли, босиқ журъатли ихтирочи дейиш мумкин. Фикримизни айрим мисоллар билан далиллашга уриниб кўрайлик.
Мумтоз адабиётимизда мусаддас деган жанрнинг борлиги яхши маълум. Унинг ҳар бир банди олти мисрадан иборат бўлади. Мусаддаснинг қофия тузилиши ўзига хос. Одатда, биринчи бандда ҳар олти мисра қофияланган бўлади. Кейинги бандларнинг беш мисраси ўзаро, олтинчи мисраси олдинги бир банд билан қофиядош бўлади. Навоий мусаддаслари асосан шу усулда яратилган. Айрим ҳолларда эса кейинги бандларнинг тўрт мисраси ўзаро, охирги икки мисраси биринчи банд билан қофиядош бўлади. Бунинг энг яхши намунаси Фурқатнинг «Сайдинг қўя бер, сайёд» мусаддасидир.
Абдулла Орипов мумтоз адабиётимиз анъаналарини пухта ўрганган. Адибнинг аруз вазнида битган талайгина дилбар шеърлари мавжуд. Энди мусаддасга келганда шуни айтиш жоизки, шоир бу борада жиддий янгиликлар қилади (бунда Европа шеъриятининг таъсирлари ҳам йўқ эмас). «Сен баҳорни соғинмадингми?» бунинг яхши намунасидир:

Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим —
Лолазорга бурдим юзимни
Учратмадим аммо ўзингни
Сен баҳорни соғинмадингми?

Мусаддаснинг қофияланиш тартиби а: б: а: б: б: в; г: д: г: д: д: в шаклига эга. «Куз хаёллари» эса мусаддас бандларининг яна бир янги намунасини беради. Унда а: б: а: б: в: в шакли намоён бўлган.
Бундай ёндошув мухаммас шаклида ҳам кузатилади («Биринчи муҳаббатим»).
Тасвир усулларида, сўз қўллашда, поэтик образ яратишда, шубҳасиз, Абдулла Орипов мутлақо оригинал ва такрорланмас шоирдир:

Гўдак уҳича ҳам шамол топилмас,
Бутанинг тагида бўзтўрғай ҳайрон.

Саратоннинг чилласидаги чўл шароитида «ғир» этган шабаданинг йўқлиги, иссиқ ва дим ҳаво биринчи мисрада нақадар аниқ ва ҳаётий ифодасини топган. Бу таъсирчан тасвирни китобхон мароқ ва завқ билан ўқийди, ихтиёрсиз равишда уни эслаб ҳам қолади. Энди қуйидаги мисраларни кўрайлик:

Увада камзулда биллур тугмадай
Булутлар ортидан боқади юлдуз.

Ҳар ҳолда бу мисраларни ўқиганда уни фақат ўзбек шоири ёзиши мумкинлигига имон келтирасан киши. Аслида миллийлик дегани ҳам шу эмасми?!
Мумтоз адабиётимизда саҳли мумтани деган шеър тури бор. Атоуллоҳ Ҳусайний: «ани айтмоқ осону енгил кўринур, аммо анингдек қилиб айтмоқ мумкин бўлмас ё қийин бўлур» деб ёзади. Бундай шеърлар муаллифи сифатида форс-тожик адабиётидан Абдураҳмон Жомий, туркий адабиётдан Алишер Навоий номларини келтиради.
Назаримизда, Абдулла Орипов шеърларининг катта қисми саҳли мумтани услубида ёзилган. Уларнинг ўқилиши равон, мисралар қуйма, фикрлар теран, ифода аниқ.
Аммо бу даражага эришиш ҳаммага ҳам насиб бўлавермайди. Эҳтимол, у қадимий мумтоз адабиётимиз, барҳаёт оғзаки ижод анъаналари, жаҳон адабиётининг нодир намуналарини тинимсиз ўрганаётган, улардаги энг яхши тажрибаларни узлуксиз ижодий ўзлаштираётган, буларга ўзининг табиий истеъдоди ва салоҳиятини уйғунлаштириб бораётган адибимизнинг ўзига хослигидир. Ҳар ҳолда, адибнинг бу борадаги изланишларига хос қонуниятларни очиш соҳасида адабиётшунослигимиз қарздор бўлиб турибди.
Наврўз арафасида адибнинг ўзига ҳам, унинг мухлисларига — бутун юртимиз аҳлига ҳам шоирнинг ўз тили билан айтган тилакларини тилаб қоламиз:

Орзум шул, ўчмасин ёнган чароғинг,
Юлдуздай нур сочсин чашминг-қароғинг.
Магар чинор бўлсанг, чинордай яша,
Бевақт узилмасин бирор япроғинг.

Боқижон Тўхлиев, профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 13-сонидан олинди