Кейинги ўн йил ичида шунчалик кўп роман чоп этилдики, бу китобхонларни ҳам, адабиётшуносларни ҳам бир оз шошириб қўйди. Энг ачинарлиси, сохта кечинма, майда маиший масалаларни атайлаб шишириб, уч-тўрт юз бетга келтириб ёки кичик бир ҳикояга арзигулик кечинма тасвирланган тўрт-беш саҳифалик қораламани «роман» деб эълон қилаётганлар ҳам учрамоқда.
Тўғри, адабиётшуносларимиз бу «роман»ларга ҳам ўз муносабатини билдираяпти, ҳатто уларнинг айримларига “улкан воқеа” сифатида баҳо беришаяпти. Бироқ бу баҳолар қанчалик тўғри ва холис? Ваҳоланки, бу романларни ўқиганда қониқиш ёхуд оддийгина ҳаяжонланиш у ёқда турсин, уларни «роман» деб чоп этган ёзувчига ҳам, кўкка кўтариб мақтаб, тақриз ёзган адабиётшуносга ҳам таассуф қиласан, холос.
Биз қайси асосга кўра насрий асарнинг жанрини белгилашимиз лозим? Ҳажмига кўрами ёки бошқа хусусиятларига қарабми?
Нега Николай Гоголь ўзининг машҳур “Ўлик жонлар”ини роман эмас, поэма деб атади? Ёки романнинг юки бўлган, унга қўйиладиган талабларга ҳар томонлама жавоб бера оладиган “Саодат соҳили” қиссасини муаллиф роман, катта бир қиссанинг юки бўлган “Дашту далаларда” ҳикоясини ёзувчи қисса деб чоп этмади? Таниқли адибларимизнинг бундай камтарлиги “роман”чи қаламкашлар учун ибрат бўлиши керак эмасми?!
Адабиётшунос олимлар томонидан кўплаб изланишлар олиб борилганига қарамай, роман қандай жанр, деган саволга ҳануз тўла-тўкис жавоб берилгани йўҳ. Адабиёт назарияси билимдонлари А.Вселовский, М.Бахтин, М. Шродер ва бошқалар бу жанр Европа учун “ўгай”лигини урғулашади. Ортега и-Гассет эса романга ўз умрини яшаб бўлган жанр сифатида қарайди.
Айрим адабиётшунос олимлар романнинг юзага келиш тарихи ҳақида фикр юритиб, эпос юқори табақа вакилларининг, роман эса қуйи табақа вакилларининг эстетик эҳтиёжлари асосида ёзилган, деган фикрни билдирадилар. Бошқача айтадиган бўлсак, «Алпомиш», «Гўрўғли» каби эпик ижод намуналари, романдан фарқли ўлароқ, бой-зодагонларнинг эстетик талабларини қондириш учун юзага келган ва бу асарларда уларнинг орзу-умидлари куйланган эмиш.
Бундай чалкашлик фикрларнинг илдизлари Ғарб адабиётшуносларининг қарашларига бориб тақалади. Ғарблик олимларнинг бу каби чалкаш фикрлари кейинчалик рус ва бошқа халқлар адабиётшуносларининг ишларига ҳам кўчиб ўтган. Оқибатда адабиётшуносликда романни эпосга қарама-қарши қўйиш, романни қуйи қатлам эҳтиёжи асосида пайдо бўлган бадиий жанр деб баҳолаш қатъий фикрга айланди.
Аслида «роман» атамаси ўрта асрларда юзага келди. Бунга қадар Ғарбда ҳар қандай санъат асари ўша пайтгача урф бўлган лотин тилида ёзилган. Дастлабки тажриба сифатида роман тилларида ёзилган бадиий асарлар “роман” номи билан машҳур бўла бошлаган. Лотин тилида илгари ёзилган бадиий асарлардан фарқлаш учун бу асарларни «conte roman» – роман тилида ёзилган қисса, ҳикоя деб аташган. Бу ўринда «conte» сўзига изоҳ бериб ўтиш зарур. Ушбу ўринда роман, яъни айнан бирор-бир эпик асар эмас, балки асарнинг роман тилидаги қисқа бир шакли, иккиламчи ҳолати ҳақида сўз кетаяпти. Изоҳда ҳам айнан роман эмас, балки унинг қисса, ҳикоя эканлиги ойдинлашаяпти. Кейинчалик эса бу сўзнинг асл маъноси унутилиб, насрда ёзилган ҳар қандай йирик бадиий асар роман деб атала бошланди. XVII-XIX асрга келиб эса роман энг етакчи жанрга айланди. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай, бу жанрга берилаётган тавсифлар ягона хулосага, таърифга олиб келгани йўқ.
Ғарбда эпик санъат сўна бошлагани боис бу турдаги ижод намуналари фақат тарихий мавзуда бўлади, деб тушинилган. Ваҳоланки, туркий халқлар эпик ижод намуналари қаҳрамонлик, жанговор, тарихий ва китобий достонлардан иборат эканини яхши биламиз. Қаҳрамонлик достонларидаги сюжет, мотив ранг-баранглигини кузатамиз. Қолаверса, Ғарб эпик ижод намуналарининг якуни кўпинча фожеали бўлса, биздаги достонларнинг аксарияти яхшилик, эзгуликнинг тантанаси билан якун топади. Албатта, ҳар бир жанрнинг юзага келиши жамиятдаги ўзгаришлар ва бунинг натижасида инсонлар тафаккурида юз берадиган эврилишлар билан боғлиқ.
Умуман, бадиий сўз санъати намуналари қадимдан учта катта: эпос, лирика, драма турларига ажратиб келинган. Буни Аристотелдан анча илгарироқ Суқрот урғулаган бўлса-да, «Поэтика»да бу фикр янада чуқур асосланиб, маълум бир тизим ҳолатига келтирилди ва орадан шунча вақт ўтганига қарамай адабиётшуносликда Аристотелнинг қарашларига суяниб келинмоқда. Шунингдек, тадқиқотчи олимлар, жумладан, А.Вселовский ҳам адабий турлар қадим замонларда маросим қўшиқларидан келиб чиққанини урғулайди. Демак, бадиий санъатнинг асоси фольклорда экан, кейинчалик юзага келган ҳар қандай жанрни фольклор намуналарига қарама-қарши қўйиш, умумхалққа тегишли маънавий мулкни муайян бир табақа эҳтиёжи билан боғлаш мантиқсизликдир.
Маълум бир даврда устувор бўлган қонуниятлар бошқа бир даврда сусайиши, унутилиши, ўрнига янгилари келиши мумкин. Шундай экан, янги даврда эпос ижрочилари билан бир қаторда янги ижодкорларнинг майдонга келиши ҳаётий зарурат эди. Бироқ бу дегани эпик ижод тамоман унутилди, унинг ўрнини роман эгаллади, роман ўз-ўзидан пайдо бўлган, бадиий адабиётда эпоснинг инкори ўлароқ юзага келган мутлақо янги ҳодиса, дейиш тўғри эмас. Роман эпосдан андоза олган ҳолда, унга тақлид ўлароқ юзага келди. Бироқ энг муҳими, бу жанр биз учун тамомила бегона ёхуд том маънода кутилмаган бир янгилик эмас.
Романнинг эпосдан фарқли томони бу оғзаки эмас, ёзма қонуниятлар асосида яратилишида ҳамда урғу асар ёзилаётган замон воқелигига қаратилишидадир. Маълумки, ҳар қандай эпик ижоди намунаси ҳеч бўлмаганда бир ёки икки авлод томонидан оғзаки ижрода куйланган бўлиши шарт. Бироқ шундай эпос намуналари ҳам борки, улар фақат бир бахши репертуарида учрайди. Шундай экан, эпосда фақат олис ўтмиш воқелиги акс этган бўлиши шарт, деган тушунча ҳам ўзини оқламайди.
М.Бахтин фикрича, фақат романгагина хос деб урғулаган кўп қатламлилик, замон ва маконга муносабат масалаларини бемалол эпик ижод намуналарига ҳам тадбиқ этиш мумкин. Умуман, романнинг европа адабиёти учун «ўгай»лигини кўпгина адабиётшунослар тан олишади. Бу «ўгай»лик нималарда кўринади?
Роман аслида Европада эпосга тақлид, унинг замонавий кўриниши сифатида юзага келган. Бироқ роман урф бўлганда Европада эпик ижод деярли сўниб бўлган эди. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса, адабиётшунослар, хусусан, Ғарб адабиётшунослиги ўз қарашларини исботлаш учун биринчи навбатда юнон адабиётига, хусусан, Гомер ижодига суянган.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмига келиб Гомернинг шоир эмас, бахши бўлгани, у яратган «Илиада» ва «Одиссия» достонлари оғзаки ижод намунаси экани фанда ойдинлашди. Бу янгилик хорижда қанчалик шов-шувларга сабаб бўлмасин, хорижлик адабиётшунослар Гомер ижодига суяниб чиқарган хулосаларини қайта кўриб чиққанлари йўқ. Бу, жумладан, роман жанрига ҳам тааллуқлидир.
Атоқли адибимиз Абдулла Қодирий: «Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар қандай йўсинда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашишимиз ва шунга ўхшаш достончилик, рўмончилик ва ҳикоячиликларда ҳам янгаришға, халқимизни шу замоннинг «Тоҳир ва Зуҳра»лари, «Чор дарвеш»лари, «Фарҳод-Ширин» ва «Баҳромгўр»лари билан таништиришка ўзимизда мажбурият ҳис этамиз», деб ёзганди.
Бир қарашда адиб бу гапларни камтарлик маъносида айтгандай туюлади. Бироқ роман жанрининг келиб чиқиши тарихига назар ташлайдиган бўлсак, адиб сўзлари чин ҳақиқат экани англашилади.
Роман жанри тарихида из қолдирган Ф.Рабленинг «Гаргантюа ва Пантагрюэл»ини оламизми ёки Ж.Свифтнинг «Гулливернинг саёҳатлари», Д.Дефонинг «Робинзон Крузо»сини оламизми — барчасида эпосга тақлидни кўрамиз. Зеро, Гегелнинг романда воқеликнинг эпик тасвири бўлиши шартлигини урғулаши, В.Белинский «роман шахс ҳаётининг эпоси»дир, деган хулосага келиши бежиз эмас. Роман жанри эпосга тақлид ўлароқ пайдо бўлиб, мустақил жанр сифатида шаклланиш жараёнида ҳамда бугунги ҳолатида ҳам (Жойс, Маркес асарларида мисолида) фольклордан узоқлашмаган, айниқса, янгича ижод тамойиллари асосида фольклорга яқинлашган. Шу боисдан ҳам бир қатор хорижлик олимлар халқ достонларига нисбатан “роман” атамасини қўллашади. Роман билан достоннинг фарқига боришмагани учун эмас, балки ҳар иккала жанр хусусиятларини ўрганиб, Европа ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун айнан шу атамани ишлатишади.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, романга қисқача шундай таъриф бериш мумкин: роман — мотив ва сюжетлар талқинида кўп қатламлиликка эга, халқ достонларидаги каби воқелик кенг эпик кўлам касб этган, бироқ эпик ижоддан фарқли ўлароқ индивидуал ижодкор томонидан яратилган, турли мураккаб вазиятларда гавдалантирилган қаҳрамонлар характерининг шаклланиш жараёни тасвирланган, ранг-баранг образлар галереяси ҳамда наср ёки назмда ўзига хос услуб ҳамда бадиий тасвир воситалари билан ажралиб турувчи ёзма ижод намунаси. Албатта, бу ҳам сўнгги таъриф бўлолмайди. Энг муҳими, романга таъриф берилар экан, уни эпосга қарама-қарши қўймасдан, бадиийлик мезонларидан келиб чиққан ҳолда ёндошмоқ лозим.
Романни қисса ёки ҳикоядан фарқлантириб турадиган асосий жиҳат бу — халқ достонларига хос бўлган эпик кўлам. Мотив ва сюжетлар қурилиши, воқеа баёни, образлар талқинида ҳам ана шу эпик кўлам сезилиб туриши шарт. Бирор бир асарда ана шу яхлит эпик кўлам йўқ экан, ҳажми қанчалик катта бўлишидан қатъи назар, уни роман деб атай олмаймиз. Қиссада эса эпик кўлам маълум даражада чегараланган. Бу чегараланиш воқеалар талқини, қаҳрамонлар тавсифида ҳам ўз аксини топган бўлади. Ҳикояда эса қаҳрамоннинг маълум бир вақт ёхуд вазиятдаги ҳолати, кечинмалари ўз аксини топади. Эпик кўлам ҳикоядан талаб этилмайди.
Романга хос тафаккур, тил, услуб, қаҳрамон ва характерлар талқини ҳамда энг муҳими, воқеликни поэтик идрок этишда эпик кўлам бўлмас экан ҳар қандай «салмоқли» қоралама роман талабига жавоб бермайди. Роман жанри эпос каби халқнинг тарихи, тақдири, тафаккур тарихи билан бевосита алоқадордир.
Албатта, биргина мақолада роман жанри билан боғлиқ масалаларга тўла-тўкис ойдинлик киритиш мушкул. Шунинг учун кейинги мақолаларимизда романда эпик кўлам ва воқелик, характерлар талқини, мазкур жанрда услуб, замон ва макон муаммоси, тил ва бадиият масалаларини имкон қадар ёритишга ҳаракат қиламиз.
Жаббор Эшонқул,
филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 24-сон