Ҳаётда нопоклик кўп, демоқчи эмасман.
Ҳаёт бўлгандан кейин, бўлади-да…
Мен фақат қордай оққушларни истайман.
Имант Зиедонис
Халққа унинг буюк фарзандлари орқали баҳо берадилар, деган эди Расул Ҳамзатов. Назаримда, шу буюк фарзандлар чеккан озорлари орқали ҳам шу халққа, унинг маданий меросига, даврга баҳо бериш мумкин. Улар қиёфасида ҳар биримиз ўзлигимизни кўрамиз, таниймиз.
Кўнглимизга нохуш кечинмалар соя солганда Ойбек лирикасини ўқиймиз:
Ёлғизмен, ёлғизмен, шундай ёлғизмен
Юлдузлар узоқдир, еллар бегона…
Шоирнинг сирдоши самодаги ой ўзидек мунгли. У хасталигида ҳам эски дўсти ойни унутмайди, у билан ҳамқадам юради. Шунинг учун ҳам бу шеърият кўнгилга яқин. Умуман, Ойбек лирикаси шоирнинг ўзи сингари минбарбоп эмас. Унинг ижодкор замондошларидан ажралиб туришининг сабаби ҳам шундадир балки. Яъни шеърларининг ўзидек соф ва юксаклигидир. Бахтиёр лаҳзаларда “Навоий” романидаги Нурбобонинг Тўғонбекка қарата айтган: “Бу дунёнинг завқ-сафосига нодон одам берилади. Қадаминг остига қара, мингларча кўзлар термулади! Сен уларни кўрмайсан, аммо кўнгилнинг кўзи уларни жуда равшан кўради… билиб қўйки, иккимиз бир жойга борамиз, насибамиз бир парча совуқ тупроқ!” деган сўзлари кўзни каттароқ очиб мулоҳаза қилишга ундаса, “Ойбегим менинг” китобини варақлаганимизда Зарифахонимнинг муҳаббати ва ақлу заковати таскин беради.
Ойбек олами, Ойбек дардлари ҳар биримизнинг юрагимизга яқин, қадрдон. Бир неча йиллардирки, адибнинг бой руҳий оламини англашга уринаман. Ўзимча нималарнидир излайман. Ойбек мен учун ҳайратлар эшиги. Адибнинг улкан ижоди ва буюк шахсияти кишини юксакроқ кўтарилишга ундайди, унга руҳий бардамлик бағишлайди. Ойбек ўттизинчи йилларда ёзилган соф лирикасининг ўзи биланоқ башариятнинг маънавий чўққисига олиб чиқувчи зиналарнинг бирига айланиб улгурган эди.
Ойбекнинг сиймосида сирларга тўла чексиз уфққа туташиб кетган самовий нигоҳни, чўнг бир дардга айланган исёнлар учқунини, дунё телбаликларига ҳайратдан тикилганча қотиб қолган тийран кўзларни кўраман. Назаримда, уларда ҳали ҳануз ҳаёт бордек, Яшашга, Сўзлашга, Ижод қилишга ҳаққи бордек туюлади. Ойбек мана шу ҳолатда менинг шууримни забт этган. Олтмиш ёшли донишманд шоир кўнгил харитасини қуйидаги мисраларда чизади:
Дўстим, ёмонлардан зинҳор ҳазар қил,
Фирибгар ошнолар зимдан тўсар йўл.
Ҳақиқатни севмас, виждонсиз бахил.
Куйганмен улардан: ёғдирган тош-дўл.
Зимдан йўл тўсиб шоирни куйдирганлар, оғзидаги сўзини олиб, қаламини қайирганлар кимлар эди?
Улуғ истеъдодларга ҳамиша қийин бўлган. Чунки уларнинг қадри на пул, на мансаб, на унвону мукофотлар билан ўлчанади. Шунинг учун ҳам улар олдида ўртамиёна кишиларнинг баҳоси тезда белгиланади. Истеъдод эса ҳамма вақт ҳам туғилавермайди, лекин ўртамиёналар ҳар қадамда учрайди. Ойбекнинг ҳам дилини доғлаганлар ана шу ўртамиёналар ва уларнинг раҳнамолари эди.
Ўтган асрнинг 30-йилларида бошланган қатағонлар даврида бундайлар учун давлат обрўйи, синфий ёки партиявий обрўй, доҳий авторитети бир ҳимоя қобиғига айланган эди. Дунёни ҳам улар мана шу қобиқ орқали кўрдилар.
Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви ҳужжатлари орасида Ёзувчилар союзининг 1937 йил 31 августдан 5 сентябрига қадар давом этган 4-пленумига оид стенограммани (фонд р.2356, рўйхат 1, йиғма жилд рақами 31) ўқиб, унда Ойбекка қилинган туҳматларга гувоҳ бўлиб, ўйланиб қолдим. Хўш, адибга туҳмат тошларини отганлар кимлар ва уларни бунга нима мажбур этган. Ўзимча уларни тушунишга уриндим: уларни мажбур қилишган, начора, тирик жон… Ҳаммасига ўша қаттол давр айбдор. Бироқ бундай даврга ном топиб берган, унинг қозонини қайнатганлар кимлар эди?..
Келинг, ўша машъум қатағон йилларига доир архив материалларининг айрим парчаларини ўқиб, бу каби саволларга биргаликда жавоб излашга уриниб кўрайлик.
Мана, Ойбек билан тенгдош, собиқ “совет адабиёти”нинг оқсоқолларидан ҳисобланган шоирнинг стенограммада қайд этилган сўзи: “Мен Усмон Носир ва Ойбек масаласида адашганман. Уларнинг миллатчилик ижодига чуқур баҳо беролмасди, миллатчилик таъсирида деганман. Ҳолбуки, “таъсир” эмас, миллатчилик адабиётининг тўла ўзи эди. Ойбек ажойиб икки тармоқли одам. Иккита Ойбек бор. Биттаси совет шеърини ёзадиган Ойбек, иккинчиси буржуазия лирикасини ёзадиган Ойбек. … Мен Усмонга сен кимга тақлид қиласан, деб сўраганимда, у Ойбек акага деб жавоб берган эди… Менинг қўлимга Ойбекнинг бир китоби тушди. Шу шеър тўплами билан у совет позициясидан чиқади. У табиат лирикаси ниқоби остида буржуазия шеърини илгари суради. Мисол учун, “Наъматак” шеъри “санъат санъат учун” дейишдан бошқа нарса эмас. Ҳамиднинг “Ўрик гуллаганда” шеърини олинг. Сиёсий ўткирликни, партиявийликни, совет мафкурасини куйлайди. Бу йўл Ойбекни кейинги ижодида ҳам ҳукм суради. “Шоир билан суҳбат” шеърида у совет партиясига ўтишини айтган. Агар ёзувчи чиндан бизнинг партиямизга ўтган бўлса, нима учун “Кўклам деразамдан қараб турибди ва талоқ қўйдим, мен у баҳорга” деган. Бу билан нима демоқчи? Бу унинг буржуазияга қарши эканлигини билдирмайди. Нима учун у айнан баҳорни образда берган? Миллатчилик ғояси остида иш кўрувчилар, очиқдан-очиқ чиқишни ташлаб, ниқобли йўлга ўтишган…”.
Бундай кескин танқидга Ойбек қуйидагича жавоб берган: “Тан оламан, ўттизинчи йилгача бўлган таъсирнинг қолдиқлари бор эди. Чунки 1921—22—23-йилларда Ўзбекистонда маориф соҳасида тарбия ишларини кўпинча жадидлар эгаллаб келганлар. Мен мана шу даврда ўқиганман. Яъни бизнинг муаллимларимиз турк зиёлилари ва Фитратлар эди. Биз, асосан, Туркияда чоп этилган китобларни ўқир эдик… Ўшанда асосан Фитрату Чўлпонларнинг ғоялари менга таъсир қилган, ҳам шу вақтда миллатчи ёш шоир эдим. Кўп вақт уларнинг ғоясида бўлганман… Ҳар қандай ижодда халтурага қаршиман. Умуман, санъатда чуқур самимийлик бўлиши керак. Кейинги ижодимга келсак, тоза лирика тематикаси бор. Лекин буни сиёсий хато деб бўлмайди. Сиёсий оқланиш натижасида дейишларига ҳам қаршиман. Агар шундай бўлганда, бу 4-5 йил ичида сезиларди. Совет мавзуида, ҳаётий мавзуда, сиёсий ғоя ташувчи, халтурачи бўлиб юрардим… Ҳеч вақт табиатнинг гўзаллигини махтаб ёзиш совет позициясига ёт эмас, балки совет мавзуини кенгайтиришга хизмат қилади. Табиат мавзусида шеър ёзиш ҳеч бир миллатчиликкаям олиб бормайди. Сўнгра, менинг тоза лирикам, табиат устида боради. Табиатнинг кўринишларида табиатнинг буюклигини кўрсатаман, менинг ўзбек поэзиясига интилишим шундан…”.
Шўро адабиётининг йирик вакили сифатида Ҳамза сиймосини гавдалантирган драматургнинг ўша пленумда айтган даъволарига эътибор қилинг: “Ойбек миллатчиликдан қайтдим дейди. Ўзини совет ёзувчисиман деган одам миллатчиликка қарши курашади, унинг кирдикорларини фош қилади. Ойбек эса, аксинча, ўзининг миллатчилик изларини бўямоқчи бўлади. У фақат статистика тариқасида палон йилдан палон йилгача ундай эдим, кейин эса совет позициясига ўтиб олдим, дейди. Албатта, бунинг билан ҳеч ким қаноатланмайди. 1929 йилда қандай нарсалар билан ўзингизни пантуркист деб айтар эдингиз, деб сўраганимизда, у: “пессимист бўлганлигим учун”, деб жавоб беради. Бу паришонликнинг асоси қаердан топилади. Руҳ тушкунлиги бу фақат даврий норозиликдан, Сталин йўлидан норозиликдан иборат. Очиқдан-очиқ айтиш керакки, у Усмон Носирнинг ўзгинаси. Миллатчи бўлишдан мақсадинг нима эди, дейишса, у айтади: “Бизлар ўйлар эдикки, ўзбеклар ўзига бир давлат тузсалар”. Бу Ойбек ҳақидаги Уйғуннинг фикрига етарлик жавоб. Ойбекда самимият йўқ. Москвада, декададалигида “Навоий. Ўзбек классиклари тўғрисида” мақоласи чиқди. У бунда Навоий даврини олтин давр деб айтади. Рус адабиёти инқилобий-демократик адабиётдан фойдаланиб ўтилганини тамомила рад қилади. Бунга қарши Пушкин томонидан шарқ классикларини кўтаришга тарафдор бўлганлигини, Пушкин таржимасини ғоя сабаб қилиб рус классик адабиётларини эмас, асосан, шарқ адабиёти деган нарсани ўртага қўймоқчи бўлади… Унинг яна бир асосий камчилиги Усмон Носир гапирган гаплар ҳақида яхши била туриб, яшириб келган… Лаврентьев келиб бу ишларни очганда ҳам мумкин қадар Усмон Носирни сақлаб қолмоқчи бўлади…”.
Бу маломатларга жавобан Ойбек: “Мендаги хатоларнинг бари, кўпинча характеримга махсус бўлган аҳволлар билан англашилади. Менда бепарволик, сиёсий беғамлик очиқ кўринади. Бу хусусият илгари ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Шунинг учун ҳам мен Усмон Носирнинг гапларига шунчаки қараганман. Москвадалигимизда унинг сўзларига аҳамият бермаганман. Мен унинг сўзларида аксилинқилобий маъноларни ҳам пайқаганим йўқ”, дейди.
Усмон Носир ишини кўрган комиссия аъзоси, шоир: “…Комиссияда беш марта чақириб сўраганимизда ҳам ҳеч нарса демадингиз”, деганда Ойбек: “Унутганман. Барча қилган хатоларим сиёсий кўрлик, ҳушёрсизлик, сиёсий беғамлик туфайлидир. Мен бунга иқрорман”, дейди.
Пленумда фаол қатнашган, Ойбекнинг тенгдоши бўлган шоир: “Усмон Носир шеърларини ўқиган ва эшитган экансиз, нима учун ёқмаган жойлари ҳақида гапирмадингиз?” деганда Ойбек: “Зарур ишим бор эди, кетиб қолганман…”, деб жавоб берган.
Ойбек билан Тил ва адабиёт институтида бирга ишлаган шоир эса шундай деган: “…Ойбек менга бир нарсани айтди, “Менга совет адабиётининг душманларими, дўстларими фарқ қилмайман. Ҳамма одамларам ёмон одамларми унга ишим йўқ. Мен сиёсий беғам одамман.” Шунинг натижасида аксилинқилобчи қайнотаси сургундан қайтгандан кейин ҳам муносабатда бўлибди. Яна бир мунча миллатчилар билан оғиз-бурун ўпишиб юрибди. Ҳаммаларинг Ойбекни талантли шоир дейсанлар, лекин у ўзи билан адабиётга кириб келган тенгдошларидек асарлар бераётгани йўқ… Унда бўлаётган ўзгаришларга нисбатан Ғафурдака ҳозиржавоблик йўқ. Ҳолбуки, унинг қаламидан ҳеч нарса қочиб қутулмаслиги керак. Бунинг сабаби нима? Ойбек яхши асар беролмаётганининг сабаби, унинг фикри очилиб кетмаганлигида, яъни Ойбек дунёқарашида, кўзининг остида тош ётади. Ана шу тошнинг отини айтмоқ керак. Бу тош миллатчилик деб номланади. Шу жиҳатдан Ойбек очилмасдан бўғилиб ётибди. Мен ўйлайманки, агар Ойбек мана шу тошни самимий равишда отиб ташлаганда очилар эди, лекин у қилмаётипди, ҳозиргача ҳам қилгани йўқ… 1934 йилда Қодирий ижоди юзасидан текшириш ёзади. Нега Қодирийни танладингиз деганимда у марказий фигура бўлганлиги учун танлаганлигини айтади. Бундай ёндошиш нотўғри, чунки Жулқунбой романлари бизнинг роман эмас. Яна Ойбек айтадики, “миллатчи бўлсам ҳам актив миллатчи бўлмаганман”, дейди. Мен шунда, Сиз кўзёши қилиб, 1927 йилда Чўлпонни шахсига тегмайлик, унинг ижодини текширайлик, деб уни ёқлаб мақола ёзгансиз. Шу вақтда Чўлпон катта миллатчи эди деб айтганимда, ҳақиқатдан ҳам актив иш қилганини тан олди-да, Ойбек ўйланиб қолди…”. (Архив материалларидан айнан кўчирилди.)
(Ушбу пленумдан сўнг, Ойбек Ёзувчилар союзи аъзолигидан ўчирилиб, Тил ва адабиёт институтидан ҳайдалади. Ана шу даврда у илк романи “Қутлуғ қон”ни ёзади. )
Юқорида келтирилган парчалар Марказий Давлат архивида сақланаётган ўша машъум тўртинчи пленумга оид стенограмманинг учдан бир қисми ҳам эмас. Начора, бу айни ҳақиқат, бу ҳақиқат сизу бизнинг кечмишимиз. Ахир, кўзим хира кўради деб, уни ўйиб ташлолмаймиз-ку. Бу даврни миллионлаб кишилар яшаб ўтган, минглаб тақдирлар синган. Давр шоввозларининг “қаҳрамонлик”лари ортида юзлаб мозорларнинг изи бор… ШАХСлар бағри ерни қучоқлаганда, бу нуфузларнинг кўкси орденга тўлган… Зора, булар келажак учун сабоқ бўлса. Биз қанчалик бўяб, пардоз бермайлик ҳеч бир нарса унутилмас экан, ҳеч бир нарса шунчаки изсиз қолиб кетмас экан. Умуман олганда, бир нима деб ҳукм чиқариш, таҳлил қилиш бизнинг ишимиз эмас. Ҳукм ҳам, ижроси ҳам Яратганга ҳавола. Бизнинг ихтиёримизда фақат биргина имконият бор. Бу ҳам бўлса эзгу ишлар билан биргаликда улкан хатоларни, оғир бўлса-да, бир лаҳза ҳам унутмаслик, улардан сабоқ чиқара билишдир. Токим, ҳеч бир зот “Тош экан бошим, Ҳеч ёрилмади Ёғилди минг тош”, дея армонли нигоҳи билан ўтган умрига назар ташламасин.
Қаттол давр ва унинг “фаол”лари Ойбекнинг ижодига, жисмига таъсир қилишди-ю, лекин унинг ҳис-туйғуларини маҳв этишолмади, унинг Ўзини енгишолмади. Муҳими, унинг қалби, эътиқоди дарз кетмади. Ўзи куйлаб ўтган даҳшатли қоя бағрини ёриб чиқиб, нафис товланган “ваҳший қояларнинг ажиб ижоди” наъматакдек “кўнгилидаги ҳар қандай чиркинликлар, даҳшатлар… қирғинидан омон қолган” гўзал туйғусига, эътиқодига содиқ яшади. Ойбекнинг бетакрорлиги ҳам, улуғлиги ҳам, ғалабаси ҳам мана шунда.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 4-сонидан олинди.