Имонғози Нураҳмад ўғли. Туркий халқлар адабиётининг илдизлари

Туркий халқлар учун умумий бўлган адабиётимизни сак (соқ)лар давридан бошлашимиз тахминларга асосланган фаразий гаплар эмас, аксинча, аниқ далиллар билан исботланган ҳақиқат бўлса, бу даврдан қолган меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш – замон талаби, бизнинг муқаддас бурчимиз ҳамдир. Адабиётимиз тарихини қайси даврдан бошлаш, қандай тарихий тараққиёт даврларига бўлиб ўрганиш адабиёт тарихидаги асосий омиллардан бўлибгина қолмай, биз учун миллат сифатида тарихимизни ўрганишимизда ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга. Сабаби, бундай тадқиқотлар бизнинг миллий менталитетимизнинг шаклланиши ва халқ сифатидаги теран илдизларимиз қайларга бориб туташажагини ҳам ёритиб беради. Бинобарин, биз адабиётимиз тарихини тўғри ёрита олмасак, заифлашиб кетган миллий хотирамизни ҳам асл ҳолига келтира олмаймиз, миллий-маданий тараққиёт дастуримизни ҳам замонга мос равишда ривожлантира олмаймиз.

Адабиётимиз тарихининг тўғри ёритилиши – туркий халқлар бирлигига асос бўладиган, бизни руҳий-маънавий муштараклик сари бошлайдиган йўлдаги дастлабки асосий қадамдир. Туркий халқлар учун умумий бўлган адабиётимизнинг дастлабки давр тарихини биз Турк хоқонлиги давридан бошлаймиз. Шўролар ҳокимияти бошимизда зуғум ўтказиб турган бир пайтда, туркий халқлар учун умумий бўлган адабиётнинг мавжуд бўлганлигини айтиш, уларнинг тарихан-маънан муштарак халқлар эканлигидан сўз очиш, умуман мумкин эмас эди, бундай фикр дарҳол улкан қаршиликка учрарди. Шунга қарамай, бундай нуқтаи назар собиқ иттифоқ миқёсидаги адабиётшунослик илмида 50-йилларда ниш ура бошлаб, 60-йилларда шаклланиб бўлган эди. Бу фикрни ёқлаб, туркий халқларнинг барчаси учун умумий бўлган адабиёт тарихини Турк хоқонлиги давридан бошлаш тўғри бўлишини илмий жиҳатдан асослаган Б.Кенжебоев, М.Авезов, Н.Маллаевларнинг нуқтаи назарлари, уларнинг асарлари, шунингдек, эски турк девор битикларини илк бор қозоқ тилига ўгириб, бу ёзувларнинг адабиёт тарихидаги ўрнини, аҳамиятини ёритиб берган олим М.Жўлдосбековнинг асарлари ҳали-ҳануз қимматини сақлаб келмоқда. Шу ўринда Х.Суюнчалиев, А.Ўспанўғли, А.Қировбоева сингари олимларнинг қадимги адабиёт борасидаги изланишлари қозоқ адабиётшунослиги илмининг тараққий топишида сезиларли таъсир кўрсатганлигини айтиб ўтиш керак.

Қадимги турк девор (таш, йўл) битиклари билан танишганимизда, Турк хоқонлиги давридан қолган адабий мерос намуналари – ўша даврлардаёқ гуркираб ривожланган адабиёт намуналари эканлигини сезамиз. Тош битикларга битилган, сулолалар ҳақидаги роман дейишга арзигулик ёзма мерослар қолдирган даврнинг улкан маданиятини ана шундай ноёб сўзлар билан ардоқласак, арзийди.

Бир халқнинг адабиёти ўша халққа мансуб бўлган дастлабки ота-боболарнинг дунёга келган даврларидан, шу халқни шакллантирган уруғ-қабилалар умргузаронлик қилган даврлардан бошланиши чин ҳақиқат. Илм-фан ҳамиша тараққиётда, ривожланишда давом этади. Ҳар бир давр кишилари ўз замонасидаги моддий имкониятларга асосланиб, тадқиқотлар олиб боради, нуқтаи назарларни, таҳлилларни ўртага ташлайди. Шу сабабларга кўра ҳам, ҳар бир даврда илм ўзигагина хос бўлган хусусиятларни намоён қилади, ўзига хос савияга кўтарилади. Ижтимоий илмларнинг бугунги ютуқлари, бугунги даражаси бизнинг туркий халқларимиз учун умумий бўлган қадимги адабиётимиз тарихини саклар замонидан бошлашимизга имкон беради. Бу борадаги ташаббус авваллари ҳам фанимиз доирасида ўртага ташланган эди. Ўзбек олими Натан Маллаев, қозоқ олимлари А.Ўспанўғли, А.Қировбоева, уйғур олими Турғун Олмос сингари тадқиқотчилар адабиётимиз қадимги тарихи ҳақида янги-янги фикрларни билдириб ўтганлар.

Албатта, қадимги туркий адабиёт деганимизда, сак халқига ёки хуннуларга дахлдор бўлган бир неча ривоят, миф, ҳикоятларни тилга олиб ўтишимиз, ёки бўлмаса, уларнинг мазмунини ёритиб бериш билангина бу масала ҳал бўлиб қолмаслиги аниқ. Бунинг учун, ҳеч бўлмаганда, ҳар бир даврдаги адабиёт намуналарини топиш, бу намуналар нима сабабдан адабиёт тарихидан ўрин олганлигию, улар ўртасида қандай алоқалар борлигини ёритиб бериш зарур. Бу эса ўта жиддий тадқиқотлар ўтказишни талаб қиладиган заҳматли, машаққатли юмуш. Аммо айнан мана шу йўлдан юрибгина биз чин ҳақиқатга томон етиб бора оламиз.

Ғарбдаги тарихий маълумотлар бўйича, эрамиздан аввалги VII-VI асрлардан бошлаб, Хитой маълумотлари бўйича, эрамиздан аввалги XII-Х асрлардан бошлаб, эрамизнинг V асрлари оралиғида Хитой деворидан Қора денгизгача бўлган чексиз далаларда саклар, хуннлар, уйсунлар, қанглилар, сарматлар, сафраматлар ва ҳоказо кўчманчи қабилалар яшаб ўтганлар. Улар гоҳ бир бутун қабилалар иттифоқи сифатида, гоҳ эса якка-якка, кичик-кичик халқлар сифатида тарихда из қолдириб кетганлар.

Саклар даврига хос бўлган қишлов (қўрғон, ўба) одамларидан қолган қабристон суякларини тадқиқ қилган Бернштам, Ақишев каби атоқли олимларнинг ёки хитой археологлари тадқиқотларидаги хулосаларга назар соладиган бўлсак, Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистондаги қайси бир қадамжодан қадимий суяк топилса, уларнинг барчаси ягона бир антропологик типларники эканлиги маълум бўлмоқда. Яна бир атоқли олим М.М.Чебокоровнинг эътироф этишича, “фақат қондош, генетик (ирсият) жиҳатдан қариндош бўлган унсурларгина муайян бир антропологик типга киради” (Қаранг: М.М.Чебокоров. Основные принципы антропологических классификаций. Труда института этнографии. – М.: 1957, Ст. 306). Шунингдек, қадамжолардан топилган уй жиҳозлари, асбоб-ускуналардаги безак-нақшлар, битиклар ҳам ишонч-эътиқод рамзлари бўлганлиги қайд қилинади. Бинобарин, ушбу қабилаларда ишонч-эътиқод яхлитлиги, ягона бир цивилизация бунёдкорлари, иштирокчилари бўлганлиги сезилади.

Қадимги даврлардаги адабиёт ҳақида сўз кетганда, биз учун муаммо туғдирадиган жиҳат – бизга ўша даврлардан бевосита етиб келган ёзма адабиёт намуналарининг сақланиб қолмаганлигидир. Етиб келганлари ҳам кичкина эсдалик-ҳайкаллардаги ёзувлар, холос. Саклар замонидан бизгача етиб келган миф-ҳикояларнинг ўзи бошқа халқларнинг ёзма ёдгорликлари орқали етиб келган.

Адабиётимизнинг нариги тарихи – дастлабки адабий нусхалар борасида сўз кетганда, биз адабиётнинг ҳув бошдаёқ ҳаётга туйғудошликдан пайдо бўлгани эстетик вазифани бажариш учун эмас, балки, аввало, қайта англаш эҳтиёжи туфайли пайдо бўлганини, тафаккурнинг ривожи учун хизмат қилганини, ундан кейингина одамзоднинг тафаккури, эстетик дунёқарашининг ривожланишига боғлиқ ҳолда, дунёни таниш воситасига айланганини унутмаслигимиз керак. Бинобарин, олим Н.Мижжонийнинг: “Ибтидоий уруғ-қабилаларнинг ижоди сифатида дунё кўрган дастлабки мифлар инсон тафаккурида ишонч-эътиқод туйғуларини уйғотишдек муҳим вазифани бажарган” (“Қозоқ халқининг миф ва асотирлари”, Урумчи, 1996, 1-бет). Ушбу нуқтаи назар янги фалсафа учунгина эмас, балки адабиётнинг ибтидоий нусхалари учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, адабиётнинг тетапоя давридаги асарларни бугунги куннинг мезонлари билан ўлчаб бўлмайди.

Туркий халқларнинг ҳаммасига тегишли бўлган қадимий ўртоқ ёзма адабиётлар саклар давридан бошланади. Бу давр адабий ёдгорликларнинг шаклланиши ва ривожида саклар даври адабиётининг, шунингдек, хуннлар замонининг адабиёти, уйсун-қангли даврининг адабиёти деган ҳудудий марказлари ҳам бўлганлиги айтиб ўтилади. Ушбу мақолада биз саклар давридан қолган адабий намуналарга доир ўз фикрларимизни ўртага ташламоқчимиз. Саклар даври адабиётининг юқорида айтиб ўтилган ҳар қайси тараққиёт марказларига алоқадор бўлган ибтидоий нусхаларини қуйидагича бир қанча тармоқларга ажратиш мумкин:

  1. Саклар даври адабиёти ҳақида сўз, энг аввало, қадимдан қолган ихчам асл ёзма мерос намуналаридан, кўламли маърифий аҳамиятга эга бўлган тарихий ёдгорликлардан бошланади. “Эшик ёзуви”, “Павлодардан топилган суяк тумордаги руник ёзуви”, Шарқий Туркистондаги Хўтан биқинидан топилган қадимги санскрит алифбосидаги Хўтан сакларининг қадимги ёзувларининг адабиётимиз тарихидаги ўрни жуда муҳимдир. Ваҳоланки, бу битиклар то шу кунгача адабиётчиларимизнинг таҳлил доирасига тортилган эмас. Шу сабабли ҳам, адабий ёдгорлик сифатида ўрганилмаган. Уларнинг сони ҳам бизнинг билганларимиздан анчагина кўп бўлмоғи ҳам, эҳтимол. Устига устак, бу ёдгорликларнинг кўпини қадимги туркий руник алифбога асос бўлган хатда ёзилган, деб тахмин қилса бўлади. Бу борада А.Аристов, И.Батмановларнинг қадимги туркий битиклар ҳақида айтган: “Ҳеч бир алоҳида алифбосиз оқ туркий битиклар асосида пайдо бўлган асл ёзув”, деган нуқтаи назарларининг мағзи тўқ. Биз бу каби ёдгорликларимизни адабиётимиз сарчашмаси сифатида тадқиқ қилиб, қадду қадрини тиклаёлсак, ажойиб ютуқ бўлган бўларди. Шу билан бирга, эстетик аҳамиятга эга бўлган тарихий сўзлар, қадимий ер-сув атамаларининг ҳам аҳамияти ойдинлашиб, адабиётимиз тарихидаги ўрни белгиланса, фандаги қадр-қиммати янада ортган бўларди. Бундай тажриба жаҳон адабиётшунослигида мавжуд бўлган урфдир. Беш минг йиллик ёзма тарихи бўлган хитой адабиётининг дастлабки намуналаридан бири “Катта сичқон” деб аталувчи, муаллифи номаълум асар атиги икки сатрдан иборат. Ушбу шеър, бор-йўғи, “Катта сичқон, катта сичқон, сен менинг ғалламни еб қўйдинг”, деган сўзлардангина иборат. Ёки бўлмаса, рус, украин, белорус, француз адабиётларининг сарчашмаси маърифий аҳамиятга эга бўлган содда ёзувлардан олинганлигини Б.Кенжабоев тадқиқотларидан биламиз (Қаранг: “Адабий мерос ва уни тадқиқ қилиш”, Олмаота, 1961, 297-бет). Биз тилга олаётган маърифий аҳамиятга эга бўлган жиҳатлар, деталлар, юқорида айтилганлардан ташқари, мақол-маталларда, ибораларда ҳам учраши мумкин. Буларнинг бари – қадимги замон туркий адабиётдаги ўзгаришсиз келаётган, қайнар булоқ каби ўлмас, барқарор манбалардир;
  2. Ҳозиргача саклар замони адабиётининг намуналари сифатида Юнон, Рим, форсий битикларда учрайдиган миф-ҳикоялар, ривоятлар тилга олиниб келинади.

Атоқли ўзбек олими Натан Маллаев “Ўзбек адабиёти тарихи” (1964) номли кўламли тадқиқотида “Широқ”, “Зарина ва Зария”, “Дандамид ва Эмизок”, “Тўксарид”, “Тўмарис” афсоналарини ўзбек адабиётининг сарчашмалари сифатида келтириб ўтади ва шу асарларнинг мазмунини баён қилади. Кейин А.Ўспанўғли ҳам, саклар даври адабиёти ҳақида гап кетганида, шу афсоналарни келтириб ўтган. А.Қировбоева “Қадимги адабиёт” номли асарида (1999) юқорида номлари келтирилган афсоналар билан бирга, Мўдэ Тангриқут ва Тарғитой ҳақидаги афсонага ҳам қадимги адабиёт намунаси сифатида қарашни тавсия қилади.

Ушбу афсона-ҳикояларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири – уларнинг мазмуни оғзаки адабиётдан кўра ёзма адабиётга яқинлигидадир. Чўпон Широқ ҳақидаги афсонада Широқ бола-чақасининг бахти, халқининг омон-озод яшаши учун ўзини қурбон қилса, Зарина эл-юртининг мустақиллиги йўлида муҳаббатидан воз кечган аёл сифатида гавдаланади. Ҳар бир афсонанинг ўз ҳикоя қилиш услуби бор. Ҳаммасидаям такрорланмас маъно-мазмун мавжуд. Афсоналарда қаҳрамоннинг бутун ҳаёти бир чеккадан батафсил айтиб ўтирилмайди. Уларнинг маълум бир воқеадаги иштирокларигина ёритилади, холос. Шу жиҳатдан ҳам улар оғзаки адабиётдан фарқланиб туради. Афсоналардаги қаҳрамонлар фольклор асаридаги каби халқ орзуларидан пайдо бўлган, идеаллашган сиймолар эмас, реал ҳаётдан олинган, тип даражасига кўтарилган образларга яқин. Афсоналарда услубий жиҳатдан ботирларнинг ватанни қўриқлаш йўлидаги ботирликларини таҳлил қилароқ баён этиб берилиши ҳам қадимги туркий ёдгорликлар ҳамда ундан кейинги даврлардаги ботирлар қўшиқларига ўхшаш. Бу – фақат услуб жиҳатдангина ўхшашлик бўлиб қолмай, балки эпиклик жиҳатидан ҳам яқинликни кўрсатади. Бундай ўхшашлик уларнинг ораларидаги вазифавий тақдирдошлик борлигига ҳам ишора. Бу – саклар даври адабиётининг бир жиҳати. Шу билан бирга, бунинг баҳсли томонлари ҳам бор. Баъзи бировлар, бошқа халқларнинг, бошқа бир элларнинг ёзма адабиётида сақланиб қолган шундай афсоналар қандай қилиб бизнинг адабиётимизда сарчашма бўлиб хизмат қилиши мумкин, деб шубҳаланадилар. Бу – табиий ҳол. Бу борада эса мулоҳазаларимиз шундай: тўғри, кўплаб афсоналаримиз чет эл асарларида сақланиб қолган, аммо улар, авваламбор, бизнинг ота-боболаримизнинг ҳаётини ёритганлиги билан азиз ва ардоқлидир. Мисол учун, ўзини ҳисобсиз талофатларга дучор килган сак жангчиси Широқнинг мардлигини форслар ўйлаб топган десак, бу гапга ким ишонади?! Ёки Хитой империясини қалтиратиб-чўккалатган Мўдэ Тангриқутнинг мардлиги ҳақидаги афсонани хитойликларнинг ўзлари ўйлаб топган дейиш, куракда турадиган гапми?! Шунинг учун ҳам А.Ўспанўғлининг қуйидаги фик­рида, бизнингча, жон бор, у ёзади: “Бу афсоналар ва ҳикояларни ёзиб қолдирган Ҳеродот ва Лукианлар ўз даврида ушбу афсоналарни турли эллар, мамлакатларни кўп кезиб юриб ёзиб олган ёки бошқа ёзма манбалардан ўзлаштирган бўлишлари мумкин”.

Адабиёт тарихининг афсоналардан бошланиши ҳам жаҳон адабиётида бор анъана. Хитой эпик адабиётининг асосий намунаси ҳисобланадиган “Конфуций таълимоти” ҳам мазкур донишманд ҳақидаги афсоналардан озиқланган. “Конфуций дедики…” деб бошланадиган ҳикматлар ҳам Конфуций шогирдларининг устоз ҳақидаги хотираларидан ташкил топган. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Анахарсис айтибди”, деган фалсафий мулоҳазалар ҳам фақат фалсафа учунгина эмас, балки бизнинг адабиётимиз тарихи учун ҳам муаллиф мероси сифатида ўта қимматлидир;

  1. Саклар давридаги адабиёт ҳақидаги тасаввурларимизни кенгайтирадиган, кучайтирадиган яна бир манба – хитойлик муаллифларнинг қўлёзмаларидир. Хитой қўлёзмаларида ҳам сак, хунн, уйсун қабилаларига доир озми-кўпми маълумотлар сақланади. Шулар ичида адабиёт тарихи учун бевосита алоқадор бўлган, хитой тилида ёзилган адабиёт намуналари бор. Бу намуналарни тарихчилар тарихий факт сифатида асарларида аллақачон ёритган бўлсалар-да, улар адабиётчиларнинг таҳлил доирасига тортилганича йўқ.

Эрамиздан аввалги Х асрда яшаб ўтган хитой саёҳатчиси Му Тиянзи қаламига мансуб “Му Тиянзининг таржимаи ҳоли” деб номланган ёзма манбада сак подшоси онасининг иккита шеъри сақланган. Китобда бу шеър “Ғарб подшоси онасининг сўзлари” деб сарлавҳаланган экан. Бу шеър­ларни хитой элчиси сак онасининг оғзидан ёзиб олган. Шеърларнинг бирига “Оқча булут”, иккинчисига “Сак онанинг овози”, деб ном қўйилган. Тарихий маълумотларга қараганда, хитой саёҳатчиси саклар мамлакатига Хитой мамлакати фойдасига ҳал бўладиган аллақандай бир таклиф билан келган, сак подшосининг онаси эса шунга жавоб тарзида ушбу шеърни Хитой подшосига йўллаган кўринади. Биринчи шеър:

Оқча булут
Ҳув узоқдан кўринар тоғ тизмалари,
Оқча булутлар, бошига юрар қўниб.
Бизнинг қўниш, билганга мустаҳкам ер,
Умр тилаб, дуомни айтай аниқ:
Қовушарга кун бўлсин қайта ўралиб!

Иккинчи шеър бошқача хаёл оламига етаклайди. У Хитой подшосига сак подшоси билдираётган расмий-сиёсий нуқтаи назар (позиция)нинг акси ўлароқ жаранглайди.

Сак онамнинг товуши
Сенинг ботиш[1] томонингдаман,
Яралганман ўша тупроқдан.
Ов ва қушлар, минг хил ўсимлик
Тупроғимнинг тўшини ёпган.
Тангримнинг хончасиман,
Ёр бўлади Яратган.
Ғарқ бўлгудай жойим йўқ,
Мизғимайди бўсағам.
Чертилди тўлқинли куй,
Уйғотди армонни.
Подшоҳим ўғил суйиб,
Унутдим ёлғонни.

  1. Туркий халқлар орасида сақланган қадимги шеърият намуналари ҳам бор. Лекин уларни кейинги пайтларда яралганларидан бўлиб олиш, ажратиб кўрсатиш қийиндан-қийин иш. Узоқ йиллардан бери, қайси давр­нинг маҳсули эканлиги номаълум бўлиб келаётган қўшиқлардан бири – Алп Эр Тўнга ҳақидаги йўқлов. Бу йўқлов бизга Маҳмуд Қошғарий асаридан маълум. Шу сабабларга кўра, бу йўқлов анча пайтгача IХ-XII асрларда яратилган оғзаки шеърият намунаси ҳисобланиб келди. Алп Эр Тўнга ҳақидаги йўқловни VIII-XII асрларнинг оғзаки шеъриятига киритган Қ.Ўмралиевнинг ўзи ҳам бу асарни ўша даврдан анча илгари пайдо бўлган, алоҳида бир асар эканлигини қайд этиб, “туркийларнинг улуғ хоқони Тўнга алп эр – Афросиёб VII асрдан илгарироқ яшаб ўтган деб қараб, йўқловнинг ўзини “ажойиб услубга эга бўлган чинакам шоирнинг ёзгани”, деган ўта ўринли хулосага келади. А.Қировбоева Алп Эр Тўнга ҳақидаги йўқловга саклар замони адабиётига мансуб асар сифатида қарайди. М.Мирзааҳмет ўғли “Турон нега Туркистон деб аталди?” деган мақоласида Юсуф Хос Ҳожиб (Болосоғуний)нинг “Қутадғу билик” асарини таҳлил қилар экан, Алп Эр Тўнганинг қандай қилиб Афросиёб деган номни олгани, унинг бу хил номланиши турк донишмандлари томонидан қандай куйлангани борасида айтиб ўтади.

Булардан ташқари, халқ оғзида айтилиб юрган, жуда қадимий даврларга оид бўлган ишонч-эътиқодга доир қўшиқларимиз бор. Кўп тангрилик динидан ҳам аввал пайдо бўлган, самовий эътиқодга алоқадор саналган, ундан ҳам бурунги эътиқод – ҳар бир нарсанинг ўз эгаси бор, деб тан оладиган, мифлар пайдо бўлган даврнинг белгиларини ташувчи қўшиқларимиз ҳам бор, мисол учун, бунга янги ой чиққанда айтиладиган дуо, қурт чақириш (дуо ўқиб, ҳашоратларни ҳайдаш), авраш (саннаш) қўшиқларининг барчаси ҳам жуда қадим замонларнинг маҳсули эканлиги маълум бўлади. Нима бўлмасин, бу қўшиқлар ҳали бугунги кунга қадар етарли даражада таҳлил қилиб чиқилгани йўқ.

А.Қировбоеванинг “Қадимги адабиёт” деб номланган асарида Тарғитой ҳақидаги афсона билан мазмундош шундай халқ қўшиғи бор:

Ёвонда ўсиб турган бир бойтерак,
Зоти бор, бутоқ сайин жонга керак.
Болта, чўмич, турен ва бўйинтириқ,
Учовин танлаб олдим бўлак-бўлак.

Мана шунга ўхшаш жуда қадим замонлардан бери давом этиб, шаклланиб келган, ўзларидаги эски замонлар белгиларини бирдан танитадиган ўланлар, жумбоқлар, мақол-маталлар бизда етарлича топилади. Уларнинг ҳаммасини ҳам, эски замонлардан қолган адабиёт намуналари, деб қараш тўғри бўлвермаса керак-у, аммо уларни тадқиқ қилмасдан ташлаб қўйиш ҳам ўринли эмас. Сабаби, бизнинг барча маънавий-руҳий меросимиз, тарихимиз ёзма турда эмас, балки оғзаки турда шаклланиб, сақланиб келган. Бинобарин, неча асрлардан бери халқларимиз ёдида сақланиб келган мана шуларга ўхшаш шеърий сатрларнинг мазмуни ҳам, шакли ҳам, маъно-моҳияти ҳам, тарихни ўрганиш борасида аҳамияти ҳам мавжуд эканлиги шубҳасиздир. Болалар фольклорига оид бўлган қуйидаги сатр­ларни ўқиб чиқайлик:

Сақ, сақ бўлдим, сақ бўлдим,
Совутимга чоқ бўлдим.
Қулапарим босимда,
Кўшк (отим) қошимда.
Сақмонга солсанг, тош бўлай,
Соқолимга бош бўлай.

Бу ўланларни неча асрлардан бери қанчадан-қанча авлодлар айтиб, давом эттириб келганинига ақл бовар қилмайди. Сўнгги даврларнинг муҳри босилиб, мазмуни ҳам, шакли ҳам ўзгаришларга учраган бўлиши мумкин. Шуларга қарамай, олтиннинг парчаси каби қимматли, қадимий сатрлар – қадимий бир маданиятнинг маҳсули эканлиги шубҳа уйғотмаса керак.

Шулардан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак, туркий халқларнинг барчаси учун бирдай тегишли бўлган ўртоқ (ўртадаги) адабиётимизни сак­лар давридан бошлашимиз – қуруқ тахминларга асосланган ишлар эмас, балки муайян далиллар ила ўз исботини топадиган ҳақиқат, замон талаби, биз учун эса бурч ва шараф бўла оладиган вазифадир.

Адабиётимизнинг қадимий намуналари саклар даврига мансуб юқорида тилга олинган мисоллар билангина чекланиб қолмайди. Ундан кейин тарих саҳнасига чиққан хуннлар, уйсунлар даврида ҳам ўзига хос адабиёт вужудга келди. Бу адабиёт сонининг оз ёки кўп бўлишига, сифатининг юксак ёки паст бўлишига, қайси бир тилда сақланиб қолганлигига қарамасдан, бизнинг даврларгача етиб келганлигининг ўзи катта гап. Инчунун, бундай маънавий бойликларимизни четлаб, назардан соқит қилиш ҳам яхши иш эмас, уларни четга суриб қўйишга, тадбиқ доирасига тортмасликка эса сира ҳаққимиз йўқ.

Имонғози Нураҳмад ўғли,

Л.Н.Гумилёв номидаги Евроосиё Миллий университети Ўтрор кутубхонаси илмий маркази катта илмий ходими

 Қозоқ тилидан Музаффар Аҳмад таржимаси

 

ТИЛ – ТАРИХИЙ ХОТИРА НАМУНАСИ

Л.Н.Гумилёв номидаги Евроосиё Миллий университети Ўтрор кутубхонаси илмий маркази катта илмий ходими Имонғози Нураҳмад ўғли томонидан қўйилаётган илмий муаммо таҳсинга лойиқ. Аммо у фан тарихидаги биринчи ҳодиса эмас. Ҳозиргача ҳам бу борада талайгина таклиф ва мулоҳазалар, илмий баҳс ва мунозаралар бўлиб келган. Сак ва массагетлар номи билан машҳур бўлган қадимги халқлар бугун дунёнинг кўплаб элат ва миллатлари учун ўқ илдиз бўлажагига оид кузатишлар замирида жон бор. Йирик тарихчи олимларнинг биз қадимий тарих сарҳадларига чуқурроқ кириб борганимиз сари кўплаб халқ ва миллатлар орасидаги тафовутларнинг камайиб боришига кўпроқ иқрор бўлиб бораверамиз, деган мулоҳазалари ўзини тўлалигича оқлайди. Мантиқан олиб қаралаганида, одамзоднинг илк манба ва маншалари Одам Ато ва Момо Ҳавволардан бошланади.

Мақоладаги бош ғоя сакларга оид манба ва материалларга бугун бутун туркий халқларнинг тўла даъвогарлик қила олиши ҳақидаги қарашларни тавсиф этиш ва ҳимоя қилишдан иборат.

Саклар ҳақидаги маълумотлар кўплаб қадимги ёзма манбаларда сақланиб қолган. Бу обидалар орасида Авесто, Қадимги форс ёзма обидалари, Юнон ҳамда Хитой олимларининг тарихий мероси намуналари мавжуд. Уларда “Моури”, “Марғун”, “Марғиёна”, “Сўғда”, “Сўғуда”, “Сўғдиёна”, “Баҳди”, “Бақтриш”, “Бақтриёна”, “Хваризам”, “Хваразмин”, “Хорасмия”, “Парфиёна”, “Тур”, “Шак”, “Сак”, “Массагет” сингари жой ҳамда халқларнинг номлари тилга олинган. Булар билан юзаки танишишнинг ўзи ҳам мазкур атамаларнинг бизнинг ҳудудларимизга, тарихимизга бевосита дахлдорлигидан далолат эканлигини исботлаб турибди.

Психолог олимларнинг кўрсатишича, инсон хотираси ниҳоятда мураккаб психо-физиологик қонуниятлар билан боғлиқ ҳолда фаолият кўрсатади. Ундаги асосий қонуниятлардан бири номуҳим нарсаларни эътибордан соқит қилиш ҳамда муҳим нарсаларга, албатта, хотирадан жой ажратиш билан боғлиқ. Турли этнонимлар, топонимлар таркибидаги айрим сўз ва тушунчалар шунинг учун ҳам айрича аҳамият касб этади. Булар халқ хотирасининг, ижтимоий хотиранинг қонуний натижалари сифатида намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан ёндашиладиган бўлса, “сак” атамасининг туркий тиллар доирасида турли шакл ва кўринишларда сақланиб қолгани бежиз эмас.

Қримда Сак (Саки) деб номланадиган шаҳар ва кўл бор. Ёқутларнинг асл миллий номи саха (сак+а = саха) эканлиги яхши маълум. Қозоқ этноними таркибида ҳам “сак” унсури мавжуд (қа+сақ = қасақ = қазақ = қозоқ). Ўзбек халқи шеваларидан бири (қипчоқлар) ҳам шу номга дахлдор: қип+сақ = қипчақ = қипчоқ. Қирғизларда “сактан” деб номланадиган уруғ номи қайд этилган. Ўзбек киши номлари орасида “Сактош” номи ҳам учрайди.

Ўзбек уруғлари орасида “сактиян”, “сахтиян” номи билан ҳам юритиладиганлари бор. Ҳозирги ўзбек адабий тилида бу сўз “сахтиён” тарзида сақланган вариантга ҳам эга. У “ошланган эчки териси” маъносини билдиради. Агар “сак”нинг дастлаб буғу териси, кийик териси, деган маънога эга бўлганини назарда тутсак, бу сўзлар орасидаги боғланишларнинг тасодифий эмаслиги очиқ кўринади.

Бу мулоҳазаларни билдиришдан асосий мақсад шуки, биз мақола муаллифининг қарашларини маъқуллаймиз. Бундай мисоллар бошқа мутахассислар томонидан олдин ҳам у ёки бу йўсинда айтилган. Албатта, муаллиф уни ўзига хос тарзда асослашга ҳаракат қилган. Уларнинг кўпроқ публицис­тик руҳ ўрамида берилганини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Шунга қарамай, муаммонинг тўла илмий ечимлари учун тахмин ва фаразларнинг ўзи камлик қилишини ҳам эътироф этишга тўғри келади. Фақат тарихий, этник, этнографик эмас, балки фонетик, лексик, морфологик, синтактик қонуниятлар ҳам “бир ёқадан бош чиқариб” тасдиқлаган ҳолдагина илмий хулосаларнинг кучига куч қўшилади. Шунга қарамай, мақоладаги далилларнинг асосий қисми соҳа мутахассисларининг эътиборини тортади ва бу борадаги янгича фикр ва мулоҳазаларнинг пайдо бўлиши учун муҳим омил бўлади, деб ишонаман.

 Боқижон Тўхлиев,

 Низомий номидаги ТДПУ профессори,  филология фанлари доктори

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 2-сон

[1] Ботиш – кун ботадиган томон, Ғарб.