Шарқ тасаввуф адабиёти, энг аввало, руҳ ва руҳоният адабиёти. Чунки руҳ яратиқларнинг энг софи ва энг порлоғи. У фақат хайр, фақат гўзаллик учун ҳаракат қилади. Англаниши қийин, ҳатто имконсиз кўринган нарсаларни ҳам руҳ англашга қодир. Ғайб дунёсига руҳ йўл очади, ҳақиқат аҳлининг кашфи руҳ биландир. Мутасаввифлардан бири: “Руҳ, Жаноби Ҳақнинг “Кун!” (“Бўл!”) амри жалили билан пайдо бўлгани йўқ. Агар шундай бўлганда эди, унда зиллат (пастлик, тубанлик) аломатлари бўларди”, – дебди. Шунда унга: “Бундай бўлса, руҳ қаердан ва қандай яралган”, – дея савол берилганда у: “Жаноби Ҳақнинг жалоли ва жамоли орасидан зуҳур этмишдир. Шу учун ҳам руҳ “Кун!” амри ила майдонга келган ашёдаги зиллат ва ноқисликлардан фориғдир”, – деган экан.
Баъзи калом олимлари бир турли модда – нозик ва шаффоф жисм (жисми латиф) деб қарашган. Имом Ғаззолийга кўра, руҳ маънавий бир жавҳар бўлиб, Қуръони каримда ҳаёт бергувчи қувват, ваҳий, амр, Оллоҳнинг каломи, раҳмат ва Жаброил каби маъноларда қўлланилган. Мумтоз шеъриятда руҳ ҳақида, руҳнинг хусусият ёки фазилатлари борасида ёзмаган шоирни топиш қийин. Чунки руҳни билиш, руҳоний ҳаёт учун ғамхўрлик қила олишга қадим-қадимдан инсон ўзлигини англаш ва танишнинг туб асоси деб қаралган. Улуғ мутасаввиф Юсуф Ҳамадоний таъкидлаганидек, “Руҳ аслларнинг аслидир. Одам вужуди ва аъзолари руҳ билан тирик. Руҳ борлиғи паноҳида бадан кўради, билади, эшитади, ушлайди, юради. Руҳнинг хусусият – фазилатлари туфайли доноликда қатъият, назарда фаросат ва ибрат, эшитишда ҳикматни англаш, эргашишда итоат, юришда хизмат юзага келади”.
Руҳ моҳиятини англаш ва чуқур идрок қилиш кишини охир-оқибатда само одами ҳолатига етказади. Буни Машраб биргина байтда акс эттирган:
Руҳи жоним аршга етти мен ўзум осмониман,
Тутти оламни шарорим, мен ўзим осмониман…
Дарвоқе, руҳ толиби бора-бора ўзини руҳоний гўзаллик посбони қиёфасида ҳис қиладиган бўлади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийларидан бирида шу ҳақда ёзган:
Руҳим яратиб эдинг латофат бирла,
Қилдинг анга танни ҳамроҳ офат бирла.
Руҳимни чу тан эвига келтурдунг пок,
Мундин бори элитма касофат бирла.
Руҳнинг бош сифатларидан бири латофат, яъни латифлик. Латифнинг офат ила йўлдошлиги – руҳга нафснинг яқин келтирилиши. Вужуд уйига жойлашган руҳ покизалигини бузувчи касофат эса яна нафсдир.
Бизнинг назаримизда, Шарқ тасаввуф адабиёти ва мумтоз фалсафани билиш, уларда ёритилган энг мураккаб ва жумбоқли мавзуларни ҳам тўғри талқин қилиш учун тазодий иккита тушунча маъно-моҳиятини чуқур тушунмоқ зарур. Улардан бири – руҳ ва нафс, иккинчиси – фано ва бақо. Қадим даврларда айрим тариқатларда булар нафс илми, руҳ илми, фано ва бақо илми тарзида ўргатилган.
Адабиётни ўқиб-ўзлаштириш бош мақсад эмас, балки ҳамиша восита деб англанган. Чунки адабиётнинг дунёга келиши инсонни билиш, унинг ташқи ва ички ҳаёти тўғрисидаги фикр-қарашларни жозибали шаклларда акс эттириш эҳтиёжини ифодалаган. Бу йўлда эришилган натижаларнинг баъзилари саёз, ниҳоятда тахминий тасаввурларга асосланган бўлса, айримлари инсонни таниш, инсонни инсон “ойна”сида кўришга рағбатлантирган. Буюк Насимий бир ғазалида:
Нафсини ҳар кимса ким таниди, ул Ҳақни билур,
Орифи Раб ўлди ул ким, таниди топди сабот, –
дейди. Ушбу байт “Нафсини билган, Раббини билур” ҳадиси шариф асосида яратилган. Чиндан ҳам нафсни таниш ва билиш, Ҳаққа етгунга қадар нимани англаш зарур бўлса, комиллик йўлидаги шахс шуларнинг ҳаммасини имкон даражасида мушоҳададан ўтказа олади. Бу ҳадис икки шаклда шарҳланган. Биринчиси, маърифатуллоҳ орқали нафснинг моҳиятидаги зиддиятларни билиш. Зеро, нафснинг муҳтожлигини англаган Оллоҳнинг ғанимлигини тушунади. Нафсини залил, ҳақир кўрган Оллоҳнинг улуғ ва азизлигига асло шак келтирмайди. Хуллас, нафсида убудият (қуллик)нинг маънисини мушоҳада этган Оллоҳда рубибият (раблик, яратувчанлик)ни идрок қилади.
Ҳадиснинг иккинчи шарҳи эса мана бундай: Оллоҳ инсонни ўз сувратида яратиб, уни ер юзида халифа қилган. Суратни таниган сурат соҳибини ҳам танийди. Инсондаги барча ёмонликларнинг икки манбаи бор: бири – шаҳват, иккинчиси – ҳою ҳавас. Шаҳват вужуднинг барча аъзоларида ҳаракатланадиган ва тўхтовсиз равишда мақсадга етишни истайдиган бир завқ қуввати. Шу йўлда туйғулар унга ёрдам беради. Меъданинг шаҳвати – еб-ичиш, кўз шаҳвати – кўриш, қулоқники эшитиш, бурунники ҳидлаш, тил шаҳвати – сўзлаш, ақлники эса росту ёлғон фикрлашдир. Мана шуларнинг барини билиш ва ҳақиқатига етиш, наинки нафс, балки охир-оқибатда Раббини танишга хизмат қилади.
Тасаввуфий мушоҳада эса, аввало, нафсийдир. У олдин нафсни, кейин вужудни тозалашни ўргатади. Агар инсон тўла маънода нафсини танимаса, унинг ҳийла ва тузоқларидан воқиф бўлмаса, руҳ ҳамда руҳоний ҳаёт ҳақида ҳам тўғри тасаввурга соҳиб бўлолмайди.
Тасаввуфга доир айрим асарларда қайд қилинишича, руҳ вужуддан, яъни ҳазрати Одам а.с.дан 4000 йил муқаддам яратилган экан. Бу сананинг тахминлиги ўз-ўзидан кўриниб турибди. Сўфий ва мутасаввифлар руҳнинг ҳақиқати ҳамда хусусияти тўғрисида ҳам ҳар турли фикр-мулоҳазаларни илгари суришган. Абу Наср Саррожи Тусийнинг маълумоти бўйича улардан бир гуруҳ “Руҳ Оллоҳнинг нуридан бир нурдир”, – дея руҳни зоти илоҳиянинг нури ҳисоблаб адашишган, бошқа бировлар эса “Руҳ ҳаёти илоҳиядан бир ҳаёт эрур”, – деб хато қилишган. Шунингдек, авомнинг руҳи махлуқ (яратилиш), хавосники махлуқ эмас”, “Руҳлар қадимдир: ўлмас, азоб чекмас ва қаримас”, “Руҳ руҳонийдир, малакутдан яратилмиш, софликка эришгач, яна такрор малакутга қайтади”, – дегувчилар ҳам бўлганки, буларнинг ҳар бири адашиб, хатога йўл қўйишган. Лекин кимки Қуръони каримдаги мана бу сўзларга таянган бўлса, ўзини ғалат фикр ва нотўғри тасаввурдан муҳофаза этган: “Эй Муҳаммад, сендан руҳнинг ҳақиқати ва кайфияти ҳақида сўрайдилар. Сен уларга жавоб бергилки, “Руҳ Парвардигорнинг махлуқлари (яратиқлари)дан бир махлуқ (яратиқ)дир. Унинг ҳақиқатини Худодан бошқа зот билмайди”. (Исро: 85-оят). Ана шу илоҳий ҳукмга кўра бу мавзудаги тўғри тушунча шундай: Руҳларнинг ҳаммаси ҳам махлуқ (яратилиш)дир. Амри илоҳийдан бир амр эрур. Оллоҳ билан руҳ орасида, руҳнинг Унинг мулкидан, Унинг амри ва қаровида бўлишдан бошқа сабаб ила ёки нисбатда алоқаси йўқдир. Руҳ таносих этмайди, бир жасаддан чиқиб бошқасига кирмайди, вужуд ўлим азобини тортгани каби руҳ ҳам азоб чекади. Хуллас, Одам а.с.нинг аносири арбаъ – тўрт унсурдан бино этилган жасадига Оллоҳ малакутдан яралган руҳни киритган: “Эй Муҳаммад (с.а.в), Парвардигорнинг малакларига: “Мен Одамни қора балчиқдан халқ қилгувчиман. Вақтики, мен Одамни халқ қилсам, унинг жасадига руҳни дохил этсам, ҳаммаларингиз унга сажда қилиш учун йиқилинглар”, – деган вақтни фикр қил” (Ҳижр: 29-оят).
Нафсни сўфийлар вужуддаги латиф бир мавжудлик тарзида қабул қилганда, тасаввурларида нафснинг моддий томони устунлик қилган. Буни очиқ-ойдин эътироф этишмаган бўлишса ҳам, нафс деганда жисмоний бир нарсани хаёлга келтиришганини сезиш қийин эмас. Лекин руҳнинг ғайримоддий, вужуддан мустақил ва айри, вужуд йўқолса ҳамки, латиф бир борлиқ ўлароқ унинг йўқолмаслиги хусусида аҳли тасаввуф ўртасида ихтилоф бўлмаган. Бу эса тасаввуфда руҳ мавзуида жуда кенг ва изчил баҳс юритишга яқиндан ёрдам берган.
Тасаввуф таълимотининг ибтидоси руҳ ва нафс хусусиятларини аниқлаш, ўртадаги алоқа, зиддият, ихтилофларни ойдинлаштириб, уларни кўпроқ рамзий-мажозий тарзда шарҳлашдан бошланган. Ахлоқий-маъруфий бу ҳаракат эса одам ўзлигини англаш нуқтаи назаридан ҳам, унинг фикрий ва ҳиссий оламининг адабиётдаги тасвирларини қалб нигоҳидан ўтказиш учун ҳам алоҳида аҳамият касб этган. Ўзбек мумтоз адабиётида биринчилардан бўлиб руҳ ва нафс мунозарасини ёритган Сулаймон Боқирғоний бундай дейди:
Нафсим айтур, садр ёнида ўлтурибон,
Турлук-турлук неъматларни келтурубон,
Ейиб-ичиб, туну кун қорин тўлдурубон,
Ёстуқ узра такя қилиб ётойин дер.
Руҳим айтур, туни куни қатланубон,
Ҳақ мавлом ризосини тилаюбон.
Қул Сулаймон ишқ отиға отланубон,
Узоқ-кечмиш эранларга етойин дер.
Бундоқ қаралганда, ҳаяжон ва ҳиссиёт, туйғу ва эҳтирос Шарқ шеъриятида азим дарёдай мавжланиб оқади. Бироқ бу шеърият деярли барча давр ва замонларда юксак маданият, теран илм ва маърифат заминида илгарилаб борган. Чунки илм нури, маърифат завқи сингмаган шеър – авом ўқийдиган, энг ёмони омийликни муҳофаза қиладиган шеър. Бунақа шеърларда ҳам жанр, вазн, қофия ва радиф – бадиий унсурлар бўлади. Бироқ уларнинг муаллифида мустақил маънавий-руҳий қиёфа бўлмаганидек, сўзларида бир ҳарорат таъсири сезилмайди. Авомлик, жўнлик туғёни ўқувчилар манфаатига зарарлигини ҳисобга олиб, Абдураҳмон Жомий мана нима деган:
Шеър к-афтод қабули хотири ом,
Хос донад ки суст бошад хом.
Мазмуни: авом бандаларга мақбул тушадиган шеърнинг бўш ва хом бўлишини баланд, табиати хассос, яъни хос кишилар, албатта, билмоғи жоиз.
Байтда таъкидланган гап айни пайтда икки тоифа – онг ва идроки паст, завқ ва мушоҳадаси юксак ўқувчи тўғрисида ўйлашга ҳам даъват этади. Зеро, адабиёт тараққиётини талантли, талабчан ўқувчисиз хаёлга келтириш ҳавоийликдан ўзга ҳеч нима эмас. Тўғри, оқилми ё жоҳил, дономи ёки нодон, бундан қатъий назар, ҳар бир кимсанинг шеър ўқиш, шеърни ўзича англаш ва баҳолашга ҳаққи бор. Бироқ ўз аҳволи, фикр йўлини фаҳмлашдан йироқ зотлар шеърга қўл чўзиб, шеърдан баҳс юритишганда, ҳаттоки, улкан ижодкор ҳам оломон даражасига тортилади. Ўртамиёначилик, эстетик дид ва мезонларнинг бузилиши ана шу зайлда бадиий ижодда ғовлаб кетади. Гўё тасаввуфий ранг ва бўёқлар билан зийнатланган, аслида мутасаввифлик ишқи ва руҳ изтиробларидан маҳрум шеърлар шу фикрнинг иштибоҳсиз далилларидандир. Тасаввуфий шеър матнлари тадқиқи мавзуи бизда махсус ўрганилмаганлигидан шарҳ ва талқинчиликда йўл қўйилган хатою чалғишлар ҳам назардан четда қолиб кетмоқда.
Шайх Суҳравардийга кўра, “Тасаввуфнинг бошланғичи илм, ўртаси амал, охири мавҳиба. Мавҳиба Ҳақ ҳадяси бўлиб, Оллоҳ суюкли қулига бахшида қиладиган қалб очиқлиги ва бойлигидир”.
Алишер Навоийнинг “Фавойид ул-кибар” девонидаги ғазаллардан бири:
Гар фано расмин қилмоқ тилар эрсанг мазбут,
Нафс ила руҳни зинҳорки қилма махлут, –
матласи билан бошланади. Байтнинг асосий мазмуни бундай: фано расм-равишини агар эгаллайман десанг, нафс билан руҳни ҳеч қачон бир-бирига қўшма, яъни аралаштирма.
Нафс, руҳ, фано, бақо калималарининг маъно-мазмуни бизга гўё ёд бўлиб кетгандай. Уларнинг луғавий маъноси шундай дейишга асос ҳам бериши мумкин. Аммо истилоҳий, ирфоний мазмун ушбу калималарнинг ҳар бири устида алоҳида тўхталиш, муаллиф мақсадига яқинлаштирувчи тушунча, маълумот ва шарҳлардан хабардорликни талаб қилади.
Руҳ ҳақиқий гўзаллик, нафислик, самовий завқ ва эркинлик тимсоли. “Руҳнинг моҳиятини изоҳлаш, – дейди Имом Ғаззолий, унинг ўзига хос хусусиятларини англаш ғоят ҳайратланарли ва кўп ғаройиб ишлардан баҳс юритиш демак. Руҳнинг асосий сифатлари завқ, софлик, басират, ғафлатда қолмаслик, сироят қуввати, ашёдан туғиладиган ғам-аламни қабул қилмаслик”.
Маълумки, инсон ҳам илоҳий, ҳам башарий, ҳам мутлақ, ҳам муваққат бир мавжудлик. Унинг тўрт унсур – тупроқ, сув, ҳаво ва оловдан яратилганлиги ҳисобга олинмаганда ҳам у ўзаро қарама-қарши икки кучдан таркиб топгандир. Шунинг учун башарий ҳис, майл, эҳтиёжлар гирдобига тушиб, руҳ ва руҳий ҳаёт билан чуқур қизиқилмаса, нафс ғалаёни ва исёнидан вужуддаги мусаффо фазилатлар ё мажруҳланади ёки бутунлай барҳам топади. Сувратдан сийратга бориш, сийратга суяниб сувратни тасвирлаш бу – маърифат белгиси, яъни басират очиқлиги. Мана шундагина қуйидаги сингари “маълумот”лар кўнгилга акс-садо уйғотади:
Руҳ ул нурдурки, Ҳақ анга бермиш авж,
Нафс зулматга қолиб, қилмиш анга поя ҳубут.
Бундан олдинги байтда Навоий нафсни – нафс, руҳни эса руҳ деб билгил, деган бир кўрсатма берганди. Ўша кўрсатмага қайтиб, нафс ила руҳни ажратувчи хусусиятлар яна ҳам аниқлаштирилмаса, ўқиган байтимиз калитсиз қулфга ўхшаб тураверади.
Нафс турли луғатларда руҳ, жон, жасад, қон; бирор бир нарсанинг асли, жавҳари, ўзлиги каби маъноларда шарҳланган. Бу сўз ёлғиз Шарқдамас, Ғарбда ҳам алоҳида қизиқиш пайдо этган. Тасаввуф психологиясини тадқиқ қилган профессор Роберт Фрагер ёзади: “Тасаввуф психологиясидаги энг фаол қўлланилган терминлардан бири нафс, яъни менликдир. Бу термин баъзан “эго” ёки “руҳ” деб ҳам таржима қилинган. Нафснинг бошқа маънолари орасида “ўз” ва “нафас” ҳам ўрин олган. Сўфий ижодкорларнинг кўпчилик қисми нафс сўзидан ёмон хулқлар ва тубанликларни ифодалашда фойдаланишган…”.
Назаримизда, ғарблик тадқиқотчининг қуйидаги мулоҳазаси янада қизиқарли: “Нафснинг илдизи ҳам баданда, ҳам руҳда ўрнашганлиги туфайли у моддий ва маънавий хусусиятларга соҳибдир. Бошланғичда унда моддиёт ҳокимлик қилса… Оллоҳга яқинлашиб, табиат ўзгаргач, унинг дунёга боғланиши бутунлай сусайиб кетади”. Бу янги гап эмас, балки эски сўфий ва мутасаввиф алломалар айтган ҳақиқатнинг бир ифодаси. Ғарб олимлари аллақачон анча теран ўзлаштирган ишқ ва ирфон сирларидан бехабарликка кўникишимиз афсусланарли, албатта.
Нафснинг зулматга чулғаниши нимани билдиради? Буни фақат нафсини таниган, нафсга қарши курашиш “тажриба”сидан хабардор, маломат ҳолига соҳиб кишиларгина билади. Лекин тилда нафсни айблаш ва таҳқирлаш билан ҳеч қандай ёмонлик ёки нуқсон барҳам топмайди.
“Нафсни севиш энг муҳташам бутдир. Ўзга бутлар унинг воситасида пайдо бўлади ва қолган барчасини угина яксон айлай олади”, – дейди Азизиддин Насафий. Демак, донишманд шоир Муҳаммад Ризо Огаҳий:
Руҳимни ҳамиша нафсга ғолиб эт,
Нафсимни ҳамиша айла мағлуб менга,
деганида маънавий бутунликнинг ўзак нуқтасига диққатни қаратган. Навоийнинг “Руҳ ул нурдурки, Ҳақ анга бермиш авж”, дейиши руҳнинг нурдан яралганига ишорадир. Бандаси шу нурга ошуфталик ва ғамхўрликни қанча оширса, Ҳақ унга ўшанча куч ва илҳом беради. Нафсда эса ҳаммаси нисбатан бошқача: у буқаламунлик сифатига эга. Ҳар он, ҳар лаҳзада ўзга тусга кириши, исталган бир пайтда ишни бузиб, соҳибини хаёлга келмас шумликларга йўллаши ҳеч гапмас. Чунки тасаввуфшуносликда таъкидланганидек, “Нафснинг барча хулқ ва сифатлари икки нарсадан туғилади: биринчиси, ҳафифлик, яъни енгиллик, иккинчиси, очкўзлик ва эҳтирос. Енгиллик унинг жаҳолатидан, очкўзлик ҳирсидан юзага чиқади”. Хуллас, нафснинг зулматпарастлиги, беқўним ва қаноатсизлиги уни шайтонга айлантирган:
Руҳ раҳмони эрур, нафс эрур шайтони,
Иккисин бир-бирига қўшмоқ эмастур машрут.
Шайтонийлик тарихи ҳам жуда узоқ бир тарих. Навоий шу тарихни эслатиб ёзади: “Одам билан шайтон мухолифотин унутма. Отангни биҳиштдек маъманидан (тинч, хотиржам жойидан) жало қилди (ажратди). Ва отанг авлодидин баъзи анга интиқом туздилар ва хору забун қилиб жафолар кўргуздилар. Нафсни чун тақво риёзати била зеридаст қилдилар – Шайтонни залиллиқ (хорлаш) била ерга паст қилдилар”.
Модомики, нафсни зеридаст қилиш шайтонни енгиш экан, инсонга унинг таъсир ўтказиши қандай аниқланади? Бир неча олимларнинг фикри бўйича, ўша таъсир нафс ва руҳнинг ҳаракатидан ҳосил бўлади. Чунончи: нафс ҳаракат бошлаши ҳамон, унинг жавҳаридан бир қоронғилик қалқиб чиқади ва қалбдан ёмонликка бошловчи бир йўл ахтаради. Худди ана шу пайтда шайтон қалбни мўлжалга олиб фаолиятга киришади. Руҳ ҳаракатидан эса унинг сифатига мувофиқ бир нур таралиб, ундан олий маъно, ноёб хислатлар туғилар экан. Руҳнинг раҳмонийлигига сабаб шу.
Ростини айтганда, инсондаги барча адашиш, катта-кичик фожеаларнинг тамали руҳ билан нафсни бир-биридан ажратишни билмасликда. Акс ҳолда, Бобур Мирзо нафсни ич-ичдан танишга ташвиқ айловчи мана бу сўзларни битиб қолдирмасди:
Нафснинг касбидур ҳавоу ҳавас,
Руҳ олидадур булар ярамас.
Нафс душман дурур яқин билгил,
Дўстум, бу сўзумни чин билгил.
Душманедур агарчи ўтру эмас,
Лек бир лаҳза сендин айру эмас.
Гарчи зоҳирда тўғридиндур нафс,
Жамъинг ўйида ўғридиндур нафс…
Бадан ҳисни, нафс ҳавову ҳавасни нечоғлик севса, руҳ ақл ва ирфонни улардан ҳам ортиқроқ яхши кўради. Руҳдаги тўғрилик нафсда йўқ. У ваҳдат – бирликка эмас, касрат – кўпликка толиб. Унинг ўғрига ўхшаши, зоҳирда тўғриликни ёқлаб, амалда эгрилик ва нифоққа куч сарфлаши мана шундан. Бобур нафснинг душманлигига ҳеч шубҳаланма, “Дўстум, бу сўзумни чин билгил”, – дейди. Ҳақиқатда шундайми? Нафсни ҳамиша ғаним деб билиш, уни тўхтовсиз маломат қилиш керакми?
“Нафс ва руҳ орасида, – деб ёзади Шайх Суҳравардий, – азалдан бир севги бўлган. Бунинг сабаби нафснинг аёллиги (унусат), руҳнинг эркаклиги (зукурат)дир. Модда оламида Момо Ҳаво Одам Атодан яратилганидек, қудрат оламида нафс ҳам руҳдан яралган эди. Нафс ва руҳ ўртасидаги унсият ва улфатлашувнинг асоси мана шудир. Чунончи: нафс ҳайвоний бир руҳдирки, руҳоний руҳга яқинлашув шарофати туфайли унинг жинсиятини эгаллаган”. Бундай унсият ва эврилиш камдан-кам одамга насиб айлаган. Навоий айтган мана бу фикр ҳам буни тасдиқлайди:
Руҳга шева Калимулло ишин қилмоқ фош,
Нафс фиръавнлик асбобини айлаб марбут.
Бу мулоҳазалар нафсни янада чуқурроқ билиш, нафсга тегишли маълумот ва ҳукмларни яна ҳам теран ўзлаштириш истагини кучайтиради. Тасаввуф руҳшунослигида белгиланишича, инсонда етти турли руҳ (нафс мартабалари ҳам еттита) мавжуд. Булар: 1. Маданий руҳ. 2. Наботий руҳ. 3. Ҳайвоний руҳ. 4. Нафсоний руҳ. 5. Инсоний руҳ. 6. Сирли руҳ. 7. Энг сирли руҳ.
Ушбу руҳларнинг бош хусусияти, сифати, вужудга таъсири, асосий фаолияти кабилар борасида маълум бир тасаввур ҳосил қилмай одамнинг илоҳий ишқ мақомига қандай ноил бўлишидан сўзлаб бўлмайди. Ўзича руҳ илми билан қизиққан киши эса онг, ақл, кўнгул ва руҳни пайғамбар севгиси қандай мунаввар айлашини осон тушунади:
Руҳга дааъб Ҳабибулло иши ойини,
Нафс Бужаҳиллик асбобин айлаб мабсуд.
Маҳобатли, кўркам бино қуриш учун, албатта, кенг ва катта майдон керак. Ўзини англаган бутун шахсни камол топтириш учун ҳам кенглик зарур. Бу кенглик, энг аввало, руҳ ва руҳдадир. Шунинг учун мумтоз шоирлар комиллик тушунчасини ёритишда руҳга, руҳнинг нафс билан муносабати ва зиддиятларига кенг ўрин ажратишган. Ўтмишда яшаб, ижод этган улкан санъаткорларнинг шеърияти, таъбир жоиз бўлса, руҳ ва руҳоният заминидан ўсиб чиққан шеърият. Очиғи, бундай шеъриятнинг гўзаллик сир-асрори ва туб моҳиятини биз кам биламиз. Чунки руҳ нафасини ҳис қилиш, руҳ оҳанги, ранги, шавқи ва мусаффолиги билан яшашдан анча йироқлашганмиз. Навоий “Лисон ут-тайр” достонида Ҳудҳуд тилидан кимки эр, яъни мард ва матонатли бўлса, нафсониятни енгиб ўз зоти – моҳиятида руҳониятни ғолиб айлайдики, шунда у чинакам поклик шарафига етишади дейди:
Улдур эрким салб этиб нафсоният,
Ғолиб этгай зотиға руҳоният.
Ҳар кишида бу шараф биззот эрур,
Ул киши поку шариф авқот эрур.
Руҳониятнинг нафсоният устидан ғалаба қилиши комиллик йўлининг ниҳоясидир. Бунга эришмоқ учун икки куч – руҳ ва нафс орасидаги муросасиз курашнинг сабаб ва эҳтиёжларини мушоҳада қилиш зарур. Руҳнинг камоли ва шахсиятнинг бутунлашувига шундан сўнг бир умид билан қараш мумкин бўлади. Мумтоз шеъриятимиз меҳваридаги масала ҳам мана шу эди.
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 10-сон