Абдулла Тўқай
Устоз Озод Шарафиддиновнинг таржималарини илк маротаба олтмишинчи йилларнинг иккинчи ярми — етмишинчи йилларда ўқиганман. Бу Проспер Мерименинг «Карл IX салтанатининг йилномаси» эди. Ёки тўғрироғи, Э.Казакевич деган таниқли ёзувчининг ўша олтмишинчи йилларда янги сўздай қабул қилинган ва тушунилган «Кўк дафтар» деган мўъжаз қиссаси эди. Кейин Проспер Мериме. Ўзбекча таржимагача рус тилидаги таржимасини ва аллақанча менда жуда кучли таассурот қолдирган новеллаларини ўқигандим. Негадир Мериме ҳикояларига нисбатан новелла деб аталса керак, деб тушунардим. Мериме ҳикоялари, ҳақиқатан ҳам, фавқулодда тугаши билан ҳайратга соларди. Озод аканинг таржимасини ўқиганда, дастлаб туғилган фикр: «Нега «солнома» эмас?» Тарихий воқеаларга нисбатан «йилнома» дегандан кўра «солнома» дейиш назаримда чиройлироқдек, мувофиқроқдек туюларди. Лекин у пайтлар ҳали-ҳамон эски сўзлардан ҳадиксираш одати тугамаган эди, шекилли. Лекин гап бунда эмас. Таржимани ўшанда қизиқиб ўқиб, француз мумтоз адибини ҳам шундай келиштириб ўгирса бўлар экан-ку, деган қониқиш ва умид туғилган. Озод Шарафиддинов француз тарихининг бадиий инъикоси ичига ҳозирги замон ўзбек тили воситалари билан анча чуқур ёриб киролган ва Меримега хос пафосни — тарихий муҳитнинг поэзиясини чиқара олган эди. Шу билан бирга, булар ўша пайтлар ном қозониб келаётган адабий танқидчининг таржималари эканлиги сезиларди.
Мана энди ҳозир Озод Шарафиддинов таржималари дунёси ҳақида сўз юритиш — турли халқларга мансуб ранг-баранг адиблар, публицистлар, мутафаккирлар, файласуфларнинг ажойиб-ғаройиб ғоялари ва уларнинг ажиб бир тарзда кесишган, туташган — олтин туташтирмалар олами тўғрисида гапириш билан баробар.
Бу таржималар каҳкашони (бу кўтаринки сўз учун узр сўрайман — лекин у Озод Шарафиддиновнинг кўп йиллар мобайнида қилган таржималарининг ниҳоятда ранг-баранглигини бошқа сўзлардан кўра аниқроқ акс эттирадиганга ўхшайди) — Озод Шарафиддинов ўз замонасининг белгили бир маърифатпарвари сифатида катта маданий-маърифий оламлар ичида, улар қуршови ва қучоғида яшаганлигини ва тинмай ижод қилганлигини кўрсатади.
Баъзи бир психологик-руҳий ҳолатларни кузатганман: чунончи, киши таржима ишига аввало ўзига ҳамроҳ излаб, уринади. Таржима оғирчиликда бўлса-да, доимо ижодий нафас билан яшаш, ижоднинг тирик томирини ушлаб туришга бўлган улкан эҳтиёжнинг меваси. Чунончи, Санжар Сиддиқ, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Усмон Носир, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Зулфия таржималарига улар яратилган муҳитдан келиб чиқиб шундай қаралса, ўринли деб ўйлайман.
Ҳа, ижодкор таржимага аввало ўзига ижодий ҳамроҳ излаб юз тутади. Ҳамфикр топилгач, кейин фикрлар мусобақасига ўтади.
Бизнинг қадим ва ҳозир ўзбек таржимонларимизга эски кўз илғамас замонлардан — Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Қутб Хоразмий, Қаффол Шоший, Сайфи Саройи, Ҳайдар Хоразмий ва ниҳоят, Алишер Навоийдан мерос бўлиб келаётган, наслдан наслга ўтаётган катта эътиборга лойиқ бир ижодий фикрни эсга олиб ўтайлик. Билишимча, исмининг тархига кўра ҳам Муҳаммад Мусо Хоразмийда икки-уч пайғамбарнинг кучи бор эди. У Ал-Мансур топшириғига кўра буюк «Сиддханта»ни табдил этиб, уни замонаси ва бутун ислом Шарқи маданиятлари учун қайта яратаркан, фалакиёт илмига, унинг тараққиётига мислсиз ҳисса бўлиб қўшилган «Зижи Хоразмий»ни дунёга келтираркан, «Мен бу асаримни одамларга фойда келтирсин, деб ёздим», деб қайд қилиб ўтди. Таржималар орқали ўз халқи онгини очиш, хазиналарини бойитиш, руҳоний тарзда сарафроз этиш ғоясини Беруний ҳам «Ҳиндистон»да, Қутб «Ҳусрав ва Ширин»да, Саройи «Гулистон»да, Навоий эса «Насойим», «Наср ул-лаолий», «Лисон ут-тайр», «Назм ул-жавоҳир»да аниқ одампарварона, ватанпарварона сўзлар билан баён этиб ўтганлар. Таржимадан ўз халқини аксарият яратган буюк маданият обидаларидан баҳраманд этишликни мақсад қилиб қўйганлар.
ХХ асрнинг энг маҳсулдор ва энг синчков таржимонларидан бири Озод Шарафиддинов ўз таржимачилик амалиётида шу олийжаноб меросий ғояни муваффақият билан давом эттирди.
Ундан жуда катта илмий, публицистик, маърифий, бадиий таржима асарлари янги авлодга мерос қолди.
Узоқ вақт мобайнида бунёд бўлган ушбу таржима меросини диққат билан кузатган кишига шу нарса равшан бўладики, Озод Шарафиддинов доимо ва изчил тарзда таржимага жиддий прагматик нуқтаи назар ҳамда ижодий, социал бир мақсад билан ёндашган.
У таржима қилинадиган асарлардан фикр излаган.
Ўз олдига ўқувчиларда муайян таржима асари орқали муайян фикр уйғотиш, фикр ҳосил этишни мақсад қилиб қўйган. Бу унинг эллигинчи йилларда Белинский, Добролюбов, Горькийдан қилган илк таржималаридаёқ кўзга ташланганди.
Озод Шарафиддинов фикр уйғотиш, фикр ҳосил қилиш деганда, аввало китобхон фикрини янгилаш, бойитишни назарда тутарди. Фикрни янгилаш эса ўқувчини янги фикр довонларига олиб чиқиш, бир поғона юқорига кўтариш, тўрт қадам илгарироқ қадам ташлаш дегани билан тенг эди. Яна бир қизиқ ижодий хусусиятни ҳам қайд этиб ўтайликки, Озод Шарафиддинов ўзининг тошқин, суронли адабий-танқидчилик фаолиятида, жўшқин мақолаларида янги фикр айтиш, фикр янгиланишини биринчи ўринга қўярди. Безовта фикр қайнашлари билан замондошларини ўзига жалб этар, баҳсларга тортарди. Доим фикрлашга, мулоқотга, баҳсга интилиш унинг инсоний ижодкорлик табиатида етакчи майлга эга эди. Фикрсиз яшолмаслик унда туғма одат, туғма феъл бўлса эҳтимол.
Муттасил ўқиш-ўрганиш, билим хазиналарига интилиш, ғаюр китобхонликда бу майл унинг ижоди, хусусан, таржимачилигининг характерли, ўзига хослигига айланганлиги аён кўзга ташланади. Интеллектнинг чанқоқлиги, фикр уйғотиш ва уни янгилашга бўлган туганмас иштиёқни унинг юзлаб шогирдлари, тингловчилари дарсларида ўтириб ҳам кузатганмиз. Дарслар қизғин фикрлашларда ўтарди. Домламиз фикрни жиловлаш, қолипга солишга эмас, парвозга ундарди, қанотлантирарди, фикрчанлик муҳитида нафас олишга ундарди.
Нима учун Озод Шарафиддинов таржимачиликда Мериме, Оскар Уайлддан, Анатолий Рибаков, форс адиблари ва Тонкабонигача қамраб олишга уринади?
Нима учун Максим Горькийнинг бошқа асарларини эмас, айни кам танилган «Шахснинг емирилиши» асарини таржима учун танлайди?
Нима учун ўқишлари ва таржималари доирасига Стефан Цвейгу Васил Биков, Эфраим Севилаю Владимир Войнович, Пауло Коэло, Ханс Иоахим Шадлих ва ўнлаб бошқа биз яхши билмаган, қарийб ўқимаган, тасаввуримизда йўқ бўлган неча ўнлаб адиблар ва уларнинг ғалати-ғалати асарларини олиб киради?
Нима учун Ортега-и-Гассет, Олвин Тоффлер, Збигнев Бжезинский, Александр Генис, Жан Жак Руссо ва Юхан Боргенлар устида машаққатга берилиб қора тер тўкади? Бу тўккан қора терлари билан юрагимизнинг қоронғу пучмоқларини электр нурлари билан ёритмоқчи бўлиб уриндимикин?
Лев Толстойнинг кенг маълум бўлмаган ва кенг тарқалмаган «Иқрорнома»сини қидириб топади ва кўзлари яхши кўрмай қолган бўлишига қарамасдан, лабига бир томчи сув теккизиб узоқ уйқусиз тунлар лупада ўқиб дард билан ўзбекчалаштиради? Нима учун?
Унинг бу фидокорлигини қайси сўз, қайси таъриф билан изоҳласа бўлади? У шундай узоқ тунлар нималарни ўйлади, бошидан кечирди, қандай туғёнларга ғарқ бўлди экан? У бекорга «Иқрорнома»ни қўлга олмагандир? Толстой даҳоси етагида бу фикрлар унинг худди ўз фикрлари каби ўртанган юрагидан тошиб чиқмадимикин? Эллигинчи йилларнинг бошида, йигит чоғлари Миртемирнинг ўзи қаттиқ ҳаяжонланиб ўқиган шеъри бот-бот ёдига тушмадимикин, юрагига далда бермадимикин, сўнаётган ҳаёт пиликларини яна бир карра кўтариб, равшанроқ қилиб қўймадимикин?
Қоғозда қолсин, майли, Некрасовга қўшилиб, Матрёнушка ҳолига Кўз ёши тўкканларим… Силалмай ёшгинамни, Букилмас бошгинамни, Дёмушка тобутига Жимгина букканларим… Савелий бобо билан Не фарёд чекканларим Қоғозда қолсин, майли… … Манзиллар ўтган сари Ҳақиқат уруғини доналаб экканларим Қоғозда қолсин, майли… Ўзбек шеърин чархладим Рус шеърининг чархига…Озод Шарафиддиновнинг ижод чархи узоқ уқубатли тунларда бир зум тинмади.
У ХХ аср ўзбек сўзини, ХХ аср ўзбек бадиий тафаккури, илмий-адабий услубларини дунё адабиётининг ранг-баранг, дам қувноқ, дам дарднок, дам фожиали, дам ҳикмат ёғилган қуюнларига чархлади. Юракдан чиққан сўз ижтимоий бўронлардан, чексиз заҳматлардан, оғриқли аламлардан, тузалмас касалликлардан, кети узилмай келадиган айрилиқлардан кучли эканлигини исботламоқчи бўлди. Унинг сўзи бу талашларда ғолиб чиқди. Қачон ўқувчи толиб бўлса, унга бағрини очиб, пешвоз юради ва: «Ол, ўқи! Булар сенинг хазиналаринг. Қалбинг тўрида сақла ва сероб қил!» — деб туради.
Аммо Лев Толстой! Аммо «Иқрорнома»!
Таржимон ўзи учун сўз бойликларини яратади. У сўзлар, жумлалар, образлар оламлари ичида яшайди. Таржимон сўзни юрагига экади. Сўз унинг юрагининг ҳарорати ва покиза муҳитида унади, куртак ёзади. Ерга ташланган уруғ худди шундай эмасми?
Лев Толстой «Иқрорнома»да яшашнинг маъносини қидирган. Унинг худди шу «Иқрорнома» билан бир пайтда ёзган «Менинг ҳаётим» («Моя жизнь») ва «Телбанинг битиклари» асарида ҳам оғриқ-азоблар ичида ҳаётнинг, яшашнинг маъносини қидиради. Бу уч асар бир-бирига қаратиб қўйилган уч ойнадир. Уларда Толстой бутун даҳоси, инсонийлигининг қудрати билан рўй-рост кўриниб туради. Толстой ҳаёт бошдан-охир бемаъни бир нарса, давоси йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди деган фикрга келган. Инсон нима қилмасин, қанча уринмасин, бари беҳуда деган фикр уни тарк этмаган. Бу саволлар ва бу каби фикрлардан телба бўлиб қолган. Арзамас ва Москвага борган кезлари ўзини ўлдириб қўйишдан базўр қутулган.
Озод Шарафиддинов Толстойни бутун умр чулғаб, уни ҳеч қачон ўз фожиали исканжасидан бўшатмаган фикрларни теран илғайди. Толстойча оҳангини топиб ўзбекчага ўгиради. Ўша пайтлар буюк Нитше ўзининг сероғриқ «Инсоний, ҳаддан зиёд инсоний» деган бутун Европани талвасага солган асарини янги нашрдан чиқарган эди. Толстой рус заминида туриб уларга жўр бўлган эди.
Озод Шарафиддинов асарни таржима қиларкан, унинг номини луғатларимизда учрамаган сўз билан атади. Оддий қилиб «Иқрор» дейиши ҳам мумкин эди. Аммо «Иқрорнома» дейиш мумтоз адабиётимиз, ўзбек ўқувчисининг маданий анъанасига яқинроқмикин, деб мулоҳаза қилди ва луғатимизга янги бир тушунча киритди. «Исповедальная литература» деган тушунчани нима деб таржима қилишга ўйланиб ўтирардик. Мана энди бунга дуч келганда, уни аниқ қилиб «иқрорномалар» деб атайверамиз. Озод Шарафиддинов Войновичнинг романи номини «Монументал тарғибот» деб атайди. Бу билан шахсга сиғиниш даврининг монументал санъати ва адабиётига, унинг туб моҳиятига ишора этгандай бўлади. «Монументал» тушунчасини ўзбекчалаштирмай (ҳолбуки, азим тарғибот, азамат тарғибот деб аташи ҳам мумкин эди) унга мос эквивалент қидирмай тарихий ҳақиқатни сақлайди. Озод Шарафиддинов тилимизга кириб келган табдили бўлмаган хорижий сўзларни сунъий тарзда ўзбекчалаштиришга уринмайди. Уларни ўз ҳолича, ўз маъносича қўллайди.
Унинг барча таржималарида илм кишисининг тили, олимона тил ва яна ҳам аниқроқ айтганда, танқидчининг тили, танқидчининг сўзи бўртиб сезилиб туради. Унинг таржималарига хос услуб қирраси бир чеккаси худди мана шундай ҳосил бўлади. Унинг таржимонлик услубида аниқлик, тўғрилик, пухталик, ортиқча безаклар ва ҳашамлардан қочиш устун туради. У аслият услубини қандай бўлса шундай ифодалашга, аслиятнинг жумла қурилишларига эргашишга насрнинг ритмикасини чиқаришга интилади.
Озод Шарафиддинов таржимачилиги билан танқидчилиги бир-бирини тўлдиради, бир-бирини фикр билан бойитади. Таржимачилик ҳам худди танқидчилик каби жуда кўп ўқиш, китобпарварлик билан боғлиқ. Озод Шарафиддинов ижодий меросида буларни бир-биридан сира ажратиб бўлмайди. У Ўзбекистонда энг кўп китоб ўқиган ва энг кўп китоб тўплаган, ажойиб кутубхона яратган ноёб зотлардан эди. Бу жиҳатдан йигирманчи-ўттизинчи йилларда фидокорлик қилган танқидчи таржимонлар Маннон Ройиқ, Санжар Сиддиқ, Абдураҳмон Алимуҳамедов, Наби Алимуҳамедов, Ваҳоб Рўзиматов, Жуманиёз Шарипов (кейинроқ Ғайбулла Саломов) сингари ҳам таржима амалиёти, ҳам танқидчилиги билан шуғулланган сиймолар қаторига киради. У таржимонлигида, худди танқидчилигида бўлганидек, теран маърифатпарвар адиб, чинакам зиёли эди.
Нардасан, оҳ, нардасан, дунёдами, ухродами?“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 3-сон.