Кўп йиллар Озод Шарафиддинов билан бирга адабий ижод ишлари билан шуғулланган одамлар яхши билишади: Озод Шарафиддинов жуда синчков инсон эди. Унинг синчковлиги табиий эдими ёки туғмамиди? Ўхуд домла олам-олам китоблар ичида айланганлигидан, олам-олам китобларга қизиққанидан, уларни мук тушиб ўқиганидан, уларга олам-олам ҳаваслар туйганидан ва ўзи ҳам олам-олам китоблар ёзишни орзу қилганидан туғилганмиди, пайдо бўлганмиди? Бу саволни қўйиш мумкину, аммо унга жавоб беришга келганда ҳар қандай киши ва ҳатто Озод Шарафиддиновнинг яқинлари ҳам сукутга кетиб ўйланиб қолишади. Аслида бу саволнинг ўзи унчалар ҳам муҳим эмас. Усиз ҳам Озод Шарафиддинов тўғрисидаги тасаввурларимизни жонлантирадиган, уйғотадиган ҳодисалар етарли. Лекин бу сиймо ҳодисасида бизни ҳайратлантирадиган кўпгина нарсаларгатўғри жавоб топаман десангиз, албатта, синчковлик устида бош қотиришга тўғри келади.
Синчковликни ҳар қандай одамда туғма, деб олайлик. У фаросат билан эгиз ва ҳафсала билан туғишган. Бу уч ажойиб хусусият Озод акада, ҳақиқатан, туғма эди. Бирлашган эди, туташган эди, чатишган эди. Булар Озод акадаги адабий ва муаллимлик талантининг бош хусусиятларини ташкил этарди.
Пиёз нега қават-қават бўладию, саримсоқ нега дона-дона бўлади? Абсурд савол. Лекин бу абсурдлик ичида табиат ва яратилишнинг ҳеч ечиб ва тагига етиб бориб бўлмайдиган сири яшириниб ётади. Нега бир одам жуда синчков, жуда ҳафсалалик, жуда фаросатлик? Нега худди ушбу инсон учун ниҳоятда зарур бўлган хусусиятлар бошқа иккинчи одамда йўқёки мутлақо етишмайди? Лоақал мана шу нарсанинг ўзи бу уч нарса ва улардан ташкил топган талант ҳамиша туғма эканлигини кўрсатади.
Булар ҳақида сўз очдик. Нега?
Чунки улар адабиётчи учун, ёзувчи учун, ижодкор, санъаткор, олим, танқидчи учун бениҳоя зарур бўлган хислатлардир. Буларсиз адабиётчи йўқ, танқидчи, санъаткор йўқ. Вассалом.
Энди бу жамланган китобнинг қандай дунёга келганлиги ҳақида тўхталайлик.
Бу китобнинг боши ўтган аср эллигинчи йилларининг аввалларига боради. Ўша пайтларда Озод ака рус адабиётидан, Добролюбов, Белинский, Горький ва бошқа адибларнинг ижодидан намуналар таржима қилишга киришганди. Агар Озод аканинг танқидчилик услуби, танқидчиликка қарашлари шу каби таржималарда шаклланди деб айтсак, бу ўз ўрнига эга гап бўлади. Бу таржималар унинг таланти тиғини қайради, унинг танқидий жумласини ўткирлаштирди ва ўзига хос шаклга солди.
Мен ҳам ўз жумламни олтмишинчи йиллар бошида Максим Горькийнинг бадиий ижод соҳасидаги беҳад фойдали мақолаларини таржима қилиш имконияти туғилганда, топганман. Ўшанда ҳам Озод аканинг мақолаларигагина эмас, таржималарига ҳам ҳавасимиз келиб қарардик. Ундан улги олишга интилардик. Бегона эмас, университетда таълим берган, бизни йўлга бошлаган домламиз эди-да!
Танқид ва таржима жуда туташиб кетган ҳодисалар эканми дейман-да. Ростдан ҳам. Таржима билан шуғулланмаган ёзувчи йўқ. Танқидчи ҳам йўқ. Таржима — ижод мактаби. Фикрлар ўт оладиган қўра. Бунда жумла мумтоз жумла ва мумтоз намуна воситасида чархланади, ўз оригинал шаклини топади.
Озод Шарафиддиновнинг адабий-танқидий, публицистик ижоди таржимачилик фаолияти билан чамбарчас боғланган: бири-биридан қувват олади, илҳомланади, доим бири иккинчисига ижобий таъсир кўрсатади.
Бутун ижодий йўли давомида Озод ака адабий-танқидий, публицистик ва эссеистик асарларни таржима қилишга жуда катта эътибор қаратди. Мақолалар таржима қилишга жуда кўп қизиқди. У адабий билимлар ўқувчилар орасида кенг тарқалишини истарди. Чамаси буни ўзининг муаллимлик фаолиятининг узвий томони деб биларди. У одамларнинг дунёқарашлари кенг бўлишини хоҳларди. Шу истаги унинг танқидчилик фаолиятига маъно ва мазмун бағишларди.
Озод ака, айниқса, озодлик ва мустақиллик даври бошланганда, «Тафаккур» ва «Жаҳон адабиёти» журналларида ишлаганда, янги тузилган нашриётларда дунё адабиётини ўзбек тилида чиқариш орзулари билан ранг-баранг олижаноб ғоялар ичида қайнаганда, ўнлаб десак оздир, юзлаб десак тўғридир, дунё адабиёти намояндаларининг адабий ижод, маърифат, маънавият, инсоннинг руҳий борлиғини очишга бағишланган мақолалари – эсселарини завқ-шавқ билан она тилимизга ўгирди. Қуллик, мутелик онгининг яшовчан асоратларидан халос бўлиш йўлини қидирди, дунё адабиёти, санъати намояндаларининг инсонпарварлик, озодлик, тенглик, ахлоқий камолот йўналишидаги энг яхши мақолаларини ўзбек тилига ўгириш бу йўлда энг самарали хизмат қилади, деб ишонди ва енг шимариб ишлади. Бу асарларни заҳматкашларча, фидокорларча шаҳд-шиддат билан таржима қилди ва турли нашрларда бостирди. У кейин бу мақолаларни тўплаб нашр қилишни ўйлаганми йўқми, буни айтиш қийин. Лекин ўша пайтларда буларнинг чиқиши онгларнинг ўзгариши учун, янги нуқтаи назарларнинг шаклланиши ва кенгайиши учун, шубҳасиз, буюк хизмат қилади, деб эътиқод қилди.
Ҳа, эътиқод қилди. Чунки ушбу таржималарнинг бари эътиқоднинг ҳосилаларидир.
Ўзувчилар ҳамма нарсаларни ёзиб ташлайвермаганлари сингари, таржимонлар ҳам дуч келган асарларни таржима қилишга уринавермайдилар. Шундай таржимонлар борки ёки бўлганки, улар фақат ўзларига ёққан,ўзлари севган адибларнинг асарларинигина ўгирганлар. Ҳар қанча бўлмасин, бошқа таржималарга қўл урмаганлар.
Яна бошқа таржимонлар ҳам бўлади ёки бўлганки, улар фақат ўзларининг ғоявий, инсоний эътиқодлари, қарашларига тўғри келган, шунга мос ва муносиб китобларнигина таржима қилганлар. Толстой Мопассаннинг бир ҳикоясини ўқиб ғоятда таъсирланиб, дарҳол уни таржима қилган.
Чингиз Айтматовни айтинг. У қаламкашлик ишларига бошдан-оёқ шўнғиган ёш йигитлик чоғларида «Оққайин» ва «Полк ўғли» деган ўша пайтларда тоза машҳур бўлган китобларни ҳеч кимдан сўрамай ўзича таржима қилган. Кейин нашриётга кўтариб борган. Не қулоғи билан эшитсинки, бу асарлар аллақачон қирғиз тилига ўгирилиб, чиқиб ҳам кетган экан. Лекин бу ишлар беиз кетган эмас. «Полк ўғли»нинг таъсирлари узоқ замон унинг асарларида у ёки бу тарзда нафас уфуриб турган…
Қўйинг-чи, Озод ака адо этган эссеистик адабиёт таржималарига ҳар ким ҳам ва унча-мунча одамлар ҳам журъат қилавермайди. Мен буни чин дилдан айтаман. Гап шундаки, бу тарздаги асарларни таржима қилиш унчалар ҳам осон иш эмас. Бадиий адабиёт таржимасидан фарқи — бунда жуда катта билим талаб қилинади. Иккинчидан, мутахассисликнинг бутун сир-асроридан хабардорлик. Терминлар, тушунчалар ичида билимдонлик билан моҳир ихтисос эгаси сифатида ишлаш. Учинчидан, ривожлантирилаётган фикрлар ва ғояларнинг нозик товланишлари ҳамда боғланишларини англаш ва тушуниш. Тўртинчидан, буюк қунт. Қунт ва сабр-тоқат билан таржима устида ўтириш. Бешинчидан, қилаётган таржиманг ҳеч қандай моддий манфаатдорлик келтирмаслигини аниқ билиш. Олтинчидан, қандай бўлмасин, замондошинг ёки келажакнинг кишилари бу асарларга муҳтож, эҳтиёжманд эканликларини тўла маънода ҳис қилиш…
Озод ака буларни ва булардан бошқа қатор нарсаларни ҳам тамом онгига сингдирган ва ўз эътиқодига кўра, ўқувчисининг манфаатларини кўзлаб, унинг онги ва қарашларини ўстириш, эстетик оламини бойитиш учун ишларди…
Агар унда, юқорида сўз юритганимиз синчковлик, фаросат ва ҳафсала юксак бир тарзда шаклланмаган ва жамланмаганда эди, ҳеч қачон бу маърифатчилик ва муаллимлик йўналишидаги ишларни адо этмаган бўларди. Озод аканинг ушбу эссеистик таржималари «Жаҳон адабиёти» журналининг пойдеворини мустаҳкам кўтариб турар, уни салмоқли номига муносиб нашр сифатида ўқувчиларга етказарди.
Шуларга кўра, ушбу таржима мақолаларнинг барига Озод Шарафиддинов адабий-танқидий, ижтимоий, инсоний эътиқодининг сар мевалари, деб қарамоқ керак. Ўзи шундай ҳам. Озод ака ўзи ёзолмаган, айтолмаган (турли сабабларга кўра) фикрларни шу таржималар орқали ўқувчисига етказди. Зеро, биз учун озодлик ва маънавиятга хизмат қиладиган ҳар бир нарса қадрлидир.
Хўш, бу китобга жамланган дунё адабиёти намояндаларининг адабиёт ҳақидаги мақолаларининг бугунги кундаги фойдаси нимада? Улар XXI асрнинг ўнинчи йилларида яшаётган кишиларга қандай манфаат етказади?
XX аср Англия адабиётининг улкан намояндаларидан бири, «Форсайтлар» деган машҳур эпопеянинг муаллифи Жон Голсуорси жаҳон адабиёти кутубхонаси тўғрисида ғоятда қизиқарли ва ўта оригинал мулоҳазаларини ёза туриб, «қанчадан қанча ёзувчилар тегирмонда ҳеч вақо бўлмаса ҳам, ёғ чиқаришга уриниб ётадилар», деб киноя қилади. Аммо Озод Шарафиддинов таржимасидаги бу ерда жамланган барча ранг-баранг мақолаларни ўқиганингиз сари, ўзбекнинг содда гапи билан айтганда, уларнинг таъсирли мазаси ҳеч тугамайди.
Лоақал инглиз адиби Ирвинг Стоун ёзган биографик роман ёки қиссанинг жанр хусусиятлари тўғрисидаги мақолани кўриб ўтайлик. Ирвинг Стоун биографик бадиий асар яратиш машаққатлари устида батафсил тўхталади. Ўзининг ажойиб-ғаройиб тажрибалари ҳақида гапиради. У биографик қисса ва шунингдек, бадиий биография қандай яратилади, деган саволга жавоб бераркан, бениҳоя қизиқарли маълумотлар, тажрибаларни ҳикоя қилади. Фактлар йиғиш, уларни ўрганиш, саралаш, баҳолаш, уларга ёндашув принциплари қандай бўлиши кераклиги устида шунчалар кутилмаган фикрлар, ахборларни ўртага қўядики, одам беихтиёр фақат шу биографик жанрларда ёзилган асарларнигина ўқигиси келиб қолади.
Бизда бадиий биографик жанр жилла ҳам қўриқ аҳволда эмас. Навоийнинг Жомий, Сайид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад ҳақидаги гўзал асарлари, Бобурнинг «Вақое»си, «Шайбонийнома» шу жанрнинг мумтоз намуналари. XX аср ўзбек адабиётида Саид Аҳмаднинг қатор биографик қиссалари, Йўлдош Шамшаровнинг Сўфизода ҳақидаги романи, Яшиннинг Ҳамзага бағишланган романи, Наим Каримов, Шукур Холмирзаев, Дадахон Нурийнинг бир қатор эътиборли асарлари биографик роман, қисса, ҳикояларнинг яхши намуналари саналади. Лекин шуларга қарамасдан, бу жанрнинг буюк имкониятлари ҳали тўла очилган эмас. Унинг жанр хусусиятлари ҳақида тадқиқотлар жуда кам ёзилган.
Шу маънода Ирвинг Стоун асарини ўқиган ўқувчи янги дунё адабиётларида бу жанрнинг ўрни ва таъсири, аҳамияти қанчалар чексиз бир мақомда эканлигига тўла ишонч ҳосил қилади. Ирвинг Стоун ўз ижодий лабораториясидан шунчалар кўп ҳайратомуз мисоллар келтирадики, одамнинг хаёлида бадиий тадқиқот шунчалар бепоён ва хайрли иш экан-да, деган тасаввур маҳкам ўрнашади. Ирвинг Стоун биография билан биографик қиссанинг, тарихий асарлар билан биографик романларнинг ўзаро яқинликлари ва фарқланадиган жиҳатларини ёрқин мисоллар орқали кўрсатиб ўтади. Шунда Озод Шарафиддинов бизни бу мақола билан таништириш орқали қанчалар улуғ иш қилганига яна бир карра амин бўласиз.
Ҳерман Ҳессе «Жаҳон адабиётига нималар киради?», деган савол атрофида жуда кенг мулоҳазаларини баён қилади. Унинг жаҳон адабиётида из қолдирган адиблар ва уларнинг асарларини танлаб олиш принциплари билан танишиб бораркансиз, адабиёт уммони беҳад ажойиб-ғаройиб ҳодисаларни яратганлиги ва ўзида йўқотмай сақлашига гувоҳ бўласиз. Унинг адиблар асарларининг эскириши, ўқувчи уларни ўқимай қўйиши сабабларини очишга уринишлари, Шарқ ва Ғарб адабиётига қарашлари, китоб мутолаа йўллари ҳақидаги мулоҳазалари ғоятда мароқлидир.
Жон Голсуорси эса Тургенев, Мопассан, Диккенс, Толстой услублари борасида шахсий, жуда жозибадор қарашларини баён этади.
Александр Гениснинг «Филологик роман» деб аталмиш янги беллетристика жанри ва умуман ҳозирги замон адабиётларидаги жанр изланишлари, Шарқ ва Ғарб адабиётларининг эстетик қарашлари хусусидаги кузатишлари ҳеч кимни бефарққолдирмаса керак.
Толстойнинг Шекспир ижоди ҳақидаги мақоласи шу қадар ўткир, шу қадар қудратли танқидий руҳ билан тўлиб-тошиб ётадики, буни ўхшатиб таржима қилган Озод Шарафиддиновнинг жасорати, фидокорлигига қойил қолмай илож йўқ. XX аср адабиётининг танқидий руҳи ва қудратли маърифий йўналиши, айтиш мумкинки, Толстойнинг мана шу — кутилмаган эҳтирослар қайнаб ётган мақоласидан бошланган эди десак, бизни ортиқча муболаға қилаётганликда айбламаслар, деб ўйлаймиз.
Шекспир дунё адабиётида жуда улуғҳодиса. Шу улуғҳодиса янада улуғвор танқидий фикрлар оқимини дунёга келтирганлиги адабиётнинг беҳад саховатли ва беҳад пўртанали, гўзал зиддиятли дунё эканлигидан дарак беради. Толстойнинг бу асари танқидий фикр ва танқидий ёндашувнинг шедевр намунаси ва унинг ўзбек тилига ўгирилганлиги, албатта, изсиз кетмас.
Бу ажойиб китобга кирган биронта ҳам мақола ўқувчини бефарққолдирмайди. Уни тўплаган, тайёрлаган ва меҳрибонлик билан нашр этаётганларга ўқувчи, албатта, чексиз миннатдорчилигини билдиради.
Озод Шарафиддинов орамизда худди тирикдай ишлаётгани, бу ахир, мўъжиза эмасми!
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 41-сонидан олинди.