Туркий халқлар тарихи қанчалар қадим, туркий дунё ҳудуди нақадар бепоён, турк тили бой, рангин бўлмасин, турк дунёсининг адабиёти ҳам шунчалар юксакдир. Бу юксаклик белгиларини биз ёлғиз маданий омиллар доирасида олиб қарасак, бу муҳташам тарихга ва чексиз ҳудудга, “қавоийиди мукаммал” тил ва гўзал адабиётга нисбатан тор кўнгиллилик қилган бўламиз. Зеро, туркий халқлар тарихининг кўҳна ва бой қатламларини кузатганда ёлғиз ҳайрат ва ғурур эмас, балки ҳасрат ва надомат туйғуларимизни ҳам яшира олмаймиз. Бой, лекин тақдири қадар бахтсиз тил; чексиз, лекин ҳозирда юзлаб чегаралар ортида бўлинган ҳудуд; улуғвор, лекин ягона бир қудратли мўъжизага айлана олмаган адабиёт — буларнинг бари туркий дунё тамаддуни (цивилизацияси) билан боғлиқ севинч ва қайғулардир.
“Турк дунёси ўртоқ адабиёти” умумий рукни остида чоп қилинаётган китоблар, асосан, тўрт йўналишда бўлиб, уларнинг бири “Турк дунёси адабиёти матнлари антологияси”дир[1]. Айтиш керакки, турк ноширларининг бу соҳадаги тажрибаси улуғ ва ўрганишга лойиқдир. Ўнгсўздан маълум бўлишича, 1991 йилгача чоп қилинган мажмуалар 1200 дан ортиқ номда. 1430-40-йилларда тартиб берилган Ўмар ибни Мажиднинг “Мажмуату-н-назойир”идан тортиб 2000 йилда ўн жилдда “Гўзал ёзувлар” умумий номи остида нашрдан чиққан мажмуа (Исмоил Порлатир ва.б.)ларнинг номлари ёки муаллифлари рўйхатини келтириш ҳам биргина мақола доирасида мумкин бўлмаган ишдир. Бу биргина Туркия жумҳуриятида бажарилган ишлар, агар бунинг қаторига Тошкент ва Алмати, Бишкек ва Асхабад, Қозон ва Уфа, Урумчи ва Бокуда чоп этилган мажмуаларни қўшсак, турк дунёси адабиётининг тарғиботи ҳам кейинги даврларда ёмон кечмаганини кўрамиз.
XX аср бошларидаги Исмоил Ҳикматнинг “Турк адабиёти тарихи” (1926), Фитратнинг “Энг эски турк адабиёти намуналари” (1927) ва “Ўзбек адабиёти намуналари” (1928), Фуод Кўпрулунинг “Девон адабиёти” (1934) ёки “Турк соз шоирлари” (1940) китоблари мажмуачилик биргина тарғибот иши бўлмай, балки тадқиқот иши ҳам бўлганини англатади.
1-жилд Отатурк Юксак Қуруми бошқони проф. Содиқ Туралнинг “Бир Антоложинин вар ўлуши” (“Бир мажмуанинг яратилиши”) мақоласи билан очилади. Сўнг проф. Шукри Элчиннинг “Ўнгсўзи”дан кейин мажмуага киритилган матнлар “Аноним” адабиёт сарлавҳаси билан мифлар, афсоналар ва манқабалардан намуналар ҳудудлар бўйича тартиблаштирилган: дастлаб Туркия ва балканлар, Озарбайжон, Қора денгиз ва Шимолий Кавказ турклари, Туркистон, Идил — Урал ва Жанубий ва Шимоли Шарқий Сибир ҳудудлари бўйича фольклор асарларидан намуналар келтирилган. Чунки турк асотирларининг қамрови дунёнинг пайдо бўлишидан тортиб, кундалик маиший ҳаётнинг икир-чикирларигача бўлган мазмунни ўзида акс эттиради. Қарийб 700 саҳифани ташкил этган китобнинг атиги 50 бети Туркия турклари фольклорига бағишлангани мажмуа муаллифларининг ўз соҳасига инсоф билан ёндашганини кўрсатади.
Табиийки, Туркистон ҳудуди бизни қизиқтиргани ҳолда бу рукнда берилган ўзбекча миф, афсона ва ривоятлар мундарижасига эътибор қаратамиз. Мажмуада Тўмарис, Зариадр ва Одатида, Широқ, Ибн Сино (уч афсона), Мирзо Улуғбек (икки афсона), Навоий ва Қора Бўғрохон номлари билан боғлиқ афсона ва ривоятларнинг қисқа баёнлари келтирилади (буларнинг нашр манбалари айтилмай, барчаси проф. Б. Қосимовнинг архивидан олинган деб кўрсатилган). Бунинг устига матнларнинг фонетикаси ўқишга мослаштирилган ўзбек тилида берилиши (туркча таржимаси билан) китобхонлар томонидан уларни тушунишни енгиллаштиради. Бироқ матн парчаси олинган манба аниқ кўрсатилса, илмий жиҳатдан тўғри бўлур эди. Ҳар йили мактаб дарслик — мажмуаларида миллионлаб нусхада эълон қилиниб, ўзбек ўқувчиларининг қалб мулкига айланган Тўмарис ва Широқ каби афсоналарнинг “архив мулкига айлантирилиши” ўзбек зиёлиларнинг шаънига ҳам дуруст иш эмас. Кўп минг йиллик тарихимиздан танлаб олинган бу миф ва афсоналар ўзбек маданияти ва тамаддуни қирраларини ўз тилида дунёга намойиш қилади. Бироқ умумий ҳажми 100 босма табоққа яқин миф ва афсоналар жилдлигидан атиги 8 саҳифалик ўнтача қисқа асарнинг жой олиши турк дунёсида ўзини бутун кўришни истаган ўзбек китобхонларини қониқтирмайди, албатта. “Авесто” ёки “Тарихи Табарий” ва “Жомеъу-т-таворих” таркибидаги миф ва афсоналарнинг ўзи мингдан ортиқ. Уларда зоти башарнинг олам ва одам ҳақидаги поэтик тафаккури ибтидоси акс этган. Биргина “Жомеъу-т-таворих”да дунёнинг пайдо бўлиши ҳақидаги қарашлар Ш. Ибрав тайёрлаган қозоқ афсоналаридан (66 бет) ҳамда Тува турклари (78 бет) афсоналаридан кўҳнароқ ва турк тамаддуни тараққиётига дохилроқдир. Мажмуадаги ривоятларнинг вужудга келиш даври чекланмаган кўринадики, ундан XX аср бошларида яратилган айрим айтимлар ҳам ўз аксини топган. Шундай экан, биргина Ислом мифологияси билан боғлиқ Туркистондаги ривоятлар (мажмуа сарлавҳасига имконни кенгайтириб “манқабалар” сўзи ҳам қўшилган) саноғига етиб бўлмайди. Ана ўшаларнинг айримларига ҳам мажмуадан жой берилганда турк мифологияси тарихида Ўзбек феноменининг ўрнини тўғрироқ белгилаш имкони бўлармиди?
“Антология”нинг 2-жилдидан достонлар ўрин олган бўлиб, унинг Туркистонга бағишланган бўлимида Туркманистон (347-599 б.), Ўзбекистон (600-687 б.) ва Уйғур туркларининг (688-715 б.) достонлари берилган. Ўзбек достончилигининг шоҳ асари “Алпомиш”нинг жилддан ўрин олишини табиий деб билганимиз ҳолда асардан олинган уч қисқа парча ва унинг Туркия туркчасига таржимасининг берилиши бу буюк даҳо асарга бўлган ҳурматнинг натижасидир. “Алпомиш”нинг ўзбек тилида бир неча ривоят ва вариантлари мавжудлиги, уларнинг турли хил бахшилар томонидан куйланиб, турли йилларда бир неча марталаб нашр этилганидан ўзбек ўқувчиси хабардор. Бироқ китобда бу парчанинг қайси нашрдан олингани ёки ким томонидан айтилган вариант асосида матн тайёрлангани кўрсатилмагани учун унинг сифати ҳақидаги фикрларимизни кимга қарата айтишни билмаймиз. Жилднинг ички муқовасида эса, “Бу жилднинг ёзарлари” сарлавҳаси билан Ўзбекистон учун масъул проф. Б. Қосимов ва Л. Қаюмов фамилиялари келтирилган. Таассуфки, бу олимлар ҳам ушбу матн қайси манбадан олиниб, нашр этилганидан бехабар эканлар.
Антологиянинг 3-жилдидан “Қўбланди ботир”, “Эр Тарғин”, “Қўзи Кўрпеш-Байан Сулув”, “Қизжибек”, “Кўрўғли” (Жамбул нусхаси), “Бекет Ботир” сингари қозоқ достонларидан намуналар келтирилган, уларнинг нашри, айтувчиси ва нашрга тайёрловчиси ҳам ўринли кўрсатиб борилган. Шу каби 4-жилд қирғиз достонларига бағишланган. Ўзбек китобхони бу ўринда ҳам юзлаб достонларимиз орасидан биргина “Алпомиш”дан кичик бир парча олинса-ю, у ҳам ҳаминқадар енгил-елпи нашр қилинганини кўриб ачинади. Эҳтимол, Антологиянинг кейинги жилдларида бу кемтик тўғриланар деган умид билан унинг давомини интиқ кутади.
“Турк дунёси адабиёти тарихи” деб номланган кўпжилдликнинг биринчи китоби[2] “Аноним сўзли адабиёт” рукни билан турк мифологияси ва достонлари тадқиқига бағишланган. Жилддаги проф. Содиқ Туралнинг “Ўртоқ адабиёт тарихимиз” ва “Турк тилининг дунё тиллари орасидаги ўрни ва тарихи” номли кириш мақолалари, проф. Ўндер Гўчгуннинг ўнгсўзидан ташқари асосий қисм Ўзкул Чўпонўғлу томонидан (470 б.) ёзилган.
“Турк мифологияси боби” миф ва мифология истилоҳларининг шарҳи билан очилади. Олим бу жиҳатдан Ричард Чанзенинг “Адабиёт ва миф” (1960), Б. Малиновскийнинг “Примитив филологияда миф” (1955) каби фундаментал тадқиқотларига таянади. Миф нафақат тамаддун тарихи, балки инсоният тарихининг номаълум қатламларини очиб берувчи калит экани уқтирилади. Мифларнинг вужудга келиши билан боғлиқ фандаги тарихий, аллегорик, физик ва концептуал назариялар талқини жиҳатидан турк мифологиясининг вужудга келиши ва мавзулар кўлами таҳлилга тортилади. Муаллиф турк мифологияси манбаларини ўрганишда В. Радлов, Н. Катанов, А. Анихин, А. Вамбери, В. Банг, К. Брокелманн, Н. Бичурин, В. Еберхард, С. Малов, Е. Диваев, К. Иностранцев каби тадқиқотчилар ишларидан хабардор равишда тадқиқга киришган.
Жилд муаллифи Ў. Чўпонўғлунинг қарашлари ўзига қадар бу мавзуга қўл урган М.Ф. Кўпрулу, З.В. Тўғон, Р.Р. Арат, А. Инон, Н.С. Банарли, Ф. Сумер, А.Б. Эржиласун, Д. Йилдирим, Б. Сейидўғлу, М. Ўроз, Х. Гунгўр, Н. Йилдиз, А.А. Чинар каби олимларнинг ишларидан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади? – деган савол қизиқтиради. Муаллиф қарашларининг жўғрофий кенглиги, илмий чуқурлиги тадқиқотнинг сифатини белгилаган. Туркистон, Кавказ, Қипчоқ ва Сибир туркларининг мифологияси тадқиқи билан машғул олимлар А. Авезов, А. Бакиханов, М. Қасимбей, Ф. Кўчерли, Й.В. Чаманзаминли, И. Мурадов, С. Асалов, А. Асланов, С. Мумтоз, Х. Зейналли каби турли даврларда яшаган ўнлаб тадқиқотчиларнинг номлари қаторида ўзбек олимларининг ишларини учратмасак-да, Ў. Чўпонўғлу турк мифологиясининг асосларини белгилашда Марказий Осиёда С.В. Киселев, С.С. Черников томонидан ўтказилган археологик қазишмаларга таяниб, турк мифик тафаккурининг ўқ илдизлари Туркистон билан боғлиқ эканлигини ҳаққоний равишда англатган. Мифология ва ёзма адабиёт ўртасидаги муносабатлар ўрганилар экан, Ўзбекистон ҳудудида биргина Ғулом Акрамов (1978) тайёрлаган мажмуанигина эслатади. Юқорида атиги ўн бир миф ва афсона берилгани, уларнинг адреси сифатида Б. Қосимов архиви кўрсатилишининг ўзиёқ бизда миф ва афсоналар нашри етарли эмаслигини англатувчи далилдир. Кейинги вақтда олимларимиз миф ва афсоналарнинг айрим вилоят ва ҳудудлар бўйича тадқиқи (Ж. Юсупов “Хоразм эртак ва афсоналари”, 1991; М. Жўраев, Р. Саидова “Бухоро афсоналари”, 2002 каби)га берилиб, умумтурк мифологиясининг типологик тадқиқидан йироқлашганини қайсидир маънода эсга солади.
Тарихнинг салмоқли қисми турк достонларига бағишланган. Эпик достон тушунчаси ва атамаси талқинида бу истилоҳнинг туркий халқларда қўлланилаётган “қисса, масал, халқ ҳикояси, манзум масал, биографик ва диний роман, диний ҳикоялар, тасаввуфий асарлар, мансур тарихлар, воқеаномалар” билан нисбатини аниқлайди. Достонга таъриф беришда уни “бир миллат руҳидан келиб чиққан, миллатнинг менлиги, жўғрофий ҳудуди, турмуш тарзи бир қаҳрамон ҳаётидан баҳс юритган манзум асар” (С. Турал) деб берилган таърифга муносабатини англатади. Сўнгра туркий достон ташаккули (шаклланиши), таснифи, тил, услуб ва композицион гўзалликларини тавсифлайди.
Таснифда халқ достонлари жуда ибтидоий тарзда (эски достонлар, янги достонлар) синфларга ажратилиб, эски достонлар сифатида Алп Эртўнга, Ўғуз хоқон, Атилла, Бўзқурт, Монийлакнинг қабул қилиниши, Гўч, Эргенўкўн ва Турайиш достонлари келтирилган. Бу ўринда асосий илмий тамойил бўлмаса-да, тасниф мезони сифатида бизгача яхлит, мушаккал (шаклланган) достон шаклида эмас, балки парча-парча ҳолида, айрим қисмларигина сақланган асарлар, эски достонлар истилоҳи билан берилади. Албатта, тасниф асосига жиддий илмий тамойил қўйилмагани учун муаллиф билан бу жиҳатдан ҳам баҳслашиш мумкиндек туюлади. Янги достонлар қаҳрамонлик ва тарихий достонлар каби гуруҳланиб, Олтин Ёруқ достонидан Нури Маодиргача етмиш достон номлари келтирилади, 122 қаҳрамонлик достонлари орасида Гўрўғли, Алпомиш, Қирқ қиз, Рустамхон, Муродхон, Кунтуғмиш, Аваз ботир каби ўзбек ва қорақалпоқ эпик шеъриятига дохил етти достонни учратамизки, бу ўзбек достончилиги тарихидан муаллиф қарашлари у қадар бой эмаслигини кўрсатади. 14 тарихий достон орасида Эрназарбек ва Темур ҳақидаги достонлар номларининг келтирилиши ҳам юқоридаги фикрни тасдиқлайди.
Сўнгра эса достонларнинг тамал ва мавзулари, бош тип (қаҳрамон)лари, муштарак мотивлари шарҳланади. Достонлардаги муштарак хусусиятларни белгилашда, асар қаҳрамонларининг илк ботирликлари, илк муҳаббати ва севгилиси билан учрашувлари сингари асосли мисоллар орқали иш кўрилган. Кейинги доирада қаҳрамонларнинг курашлари, мағлубият ва аламлари, ғолиблик сабаблари келтирилса, алоҳида доирада севгилисини қутқариши воқеалари келтирилган. Сезиладики, сюжет типларинигина асос қилиб олган бундай илмий уриниш тадқиқотдан кўра тадқиқот учун материаллар, чизгилар тарзида тартибланган.
Адабиёт тарихининг 2-жилди “Афсона” (Б. Сейидўғлу), “Турк дунёсида афсона” (М. Эргун), “Манқабалар” (Н. Йилдиз), “Масаллар” (С. Сақаўғлу), “Халқ ҳикоялари” (Б. Алптекин) рукнлари бўйича тартибланган. Афсоналар таъриф ва таснифида ўзбек олими К. Имомовнинг “Ўзбек халқ прозаси” (1986) китоби, 1990 йилда муаллифлар гуруҳи томонидан нашр этилган “Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди” дарслигидаги фикрларга муносабат билдирилган. Таснифда эса Яратилиш (дунёнинг — Ҳ.Б.) афсоналари, тарихий ва нореал шахслар, борлиқ ва илоҳий кучлар ҳақидаги диний афсоналар каби таснифларга асосланиб фикр билдирилган. Афсона-миф, афсона-масал, афсона-достон, афсона-халқ ҳикояси муносабатлари ойдинлаштирилган. Афсоналар ҳақидаги илмий ишлар ва китоблар библиографияси анча изчил ишлангани ҳолда ўзбек афсоналари ҳақидаги ўнлаб рус олимлари қаторида Ш.Шоназаров, Ғ.Акрамов, Ғ.Жалолов, К.Имомов, Б.Саримсоқов, М.Муродов, У.Жуманазаров, М.Ҳошимов, М.Жўраев ва бошқа ўзбек олимларининг мақола ва китоблари қисқа изоҳлар билан келтирилган. Таассуфки, ушбу рўйхат 1991 йилга келиб тўхтаб қолган. Таажжубланишга ўрин бор: ёки бизда афсоналар ҳақидаги китоблар кейинги 12 йил ичида яратилмаган ёки муаллиф булардан бехабар кўринади.
Арабча “манқаба” сўзи – “обрў, иззат, мақтовга муносиб сифат; тақдирланарли иш” маъноларига эга[3] бўлиб, Адабиёт тарихида бу истилоҳ “тарихий ёки афсонавий шахсларнинг ҳаётига оид ҳикоялар” деб талқин қилинган. Ҳадисларда Пайғамбаримиз асҳоблари тарихига оид айрим бобларга “маноқиб” номи берилиб, бунда й асарлар туркуми “маноқибнома” дейилган. Манқабаларга илк намуна сифатида Хожа Аҳмад Яссавий ҳақидаги “Жавоҳир-ул-аброр мин Амвожу-л-биҳор”дан сўнгра “Маноқиби Хожа Бектош Вали”, “Маноқиби Шайх Бадриддин” сингари асарлар намуна сифатида келтирилган. Қардош турк халқларидаги манқабалар ҳақида сўз кетганда муаллиф “Шоҳ Машраб”, “Қиссайи Иброҳим Адҳам”, “Маноқиби Хожа Баҳовуддин Нақшбанд” сингари халқ китоблари мавжуд бўлгани ҳолда “Пари билан дев”, “Хоразм воҳаси ва Амударёнинг пайдо бўлишига оид латифалар”, “Ҳазрати Нур” афсоналарини келтириш билан чекланган. Манқабалар ўзбек адабиётида ҳам кенг тарқалгани ҳар бир турк зиёлисига кундай равшан-ку?!
Туркларда “масал” истилоҳи билан “эртак” тушунилади. Шундай экан, бу бўлимда 1960-94 йилларда нашр этилган эртак китоблар рўйхати келтирилиб, уларни мажозий (ҳайвонлар ҳақидаги), сеҳрли ва маиший эртаклар қабилида тасниф қилинган.
“Халқ ҳикоялари” бобида бу адабий истилоҳ ўрнида “ўзбекларда достон ёки халқ достони англашилади” дейиш билан чекланилиб, мисол тариқасида “ўзбек, қорақалпоқ ва туркманлар орасидаги “Сайатли-Ҳамро” достони борлиги айтилган. Айни бобда қардош халқлар фольклоридаги “Гўрўғли” цикли достонлари таҳлил этилгани ҳолда ушбу сюжет муносабати билан ҳам бирор ўзбек достони тилга олинмаган. Жилд сўнгида фойдаланилган манбалар рўйхати илова қилинган.
Адабиёт тарихининг 3-жилди халқ театри, фикралар (латифалар), олқиш ва қарғишлар, отасўзлари (мақоллар), такрорламалар, билмеже (топишмоқ)лар, нинни (алла)лар, турку (қўшиқ)лар, ағит (марсия)лар ва ошиқ адабиётига бағишланган. “Латифалар” истилоҳи Ўзбек тилининг изоҳли луғати орқали шарҳланиб, Мулла Насриддин ҳақидаги бир неча латифаларни эслатиш билан муаллиф ўз вазифасини бажарган деб ҳисоблайди. Олқиш ва қарғишлар ўрнида айрим турк халқларида дуо ва баддуо (дуойибад)лар қўлланилиши ўринли изоҳланиб, мавзу жиҳатидан уларнинг таснифи келтирилган. Ушбу йўналишда етарли тадқиқотлар камлигидан ҳатто туркий халқлардаги бу жанрдаги асарларга алоҳида мисоллар берилмаган. Мақол, такрор, топишмоқларга ажратилган бўлимларда бундай ўзбек фольклор жанрларига тўхтанилмаган. Фақатгина бир неча аллалар келтирилиб, уларнинг маънолари шарҳланилган, холос. Музайяна Алавиянинг қўшиқлар ҳақидаги тадқиқотидан айрим намуналар бериш билан бу жанрдаги кузатишлар ҳам тугайди. Марсиялар хусусида озар олими Озод Набиевнинг “Озарбайжон-ўзбек фольклор алоқалари” (1978) китобидан кичик бир парча бериш орқали бундай жанр ўзбекларда “мотамнома” (?) дейилиши эслатилиб кетилади.
Жилднинг салмоқли қисми Ошиқ адабиёти, яъни бахшилар хусусида бўлиб, бу жиҳатдан “Қадимги даврдан ҳозирга қадар Туркия ташқарисидаги турк адабиёти антологияси” (2000)нинг “Ўзбек адабиёти” қисми (муаллиф Тоҳир Қаҳҳор)дан фойдаланилгани ҳолда Эргаш Жуманбулбул, Фозил Йўлдош, Ислом шоир, У. Сафаров, Х. Абдукарим ўғли, Тилла кампир, Пўлкан, Ёдгор бахши каби ўнлаб бахшилар ҳақида биографик маълумотлар берилган.
Ўзбек халқ оғзаки ижоди нақадар бой ва рангин экани унинг намуналаридан маълум. Агар мана шу бой оғзаки адабиёт намуналарини кенг ва изчил таҳлил қилинганда ҳам ўзбекларнинг ҳеч бир турк қавмларидан қолишмайдиган адабиёти мавжудлиги ушбу китоблар воситасида маълум бўлар эди. Бироқ уни танитишга келганда, туркий халқлар ҳамдўстлигидаги маданий илдизлари ва адабий алоқаларини кузатганда мана шу бой рангин дунёга яраша тадқиқотлар етарли бўлмагани “Турк дунёси ўртоқ адабиёти” рукнидаги бир неча китобларни ўрганганда маълум бўлиб қолмоқда. Е.М. Мелетинский “халқ оғзаки адабиётининг вужудга келиш тарихини ўша халқнинг тамаддуни тарихи” билан боғлайди. Шундай экан, ўзбек тамаддуни асослари ҳақида сўз кетар экан, оғзаки миллий адабиётимизга ҳам етарли эътибор берилиши назарда тутилади.
“Турк дунёси адабиёти тарихи” ва “Турк дунёси адабиёти матнлари антологияси”нинг навбатдаги жилдлари муаллифларидан ўзбек тамаддуни асослари кенгроқ ва илмийроқ ёритилишини кутиб қоламиз.
————
[1] Turk Dunyasi Edebiyat Metinlari Antolojisi. Cild 1-4. Ataturk Kultur Merkezi Baskanligl Yayinlari. – Ankara, 2001-2003.
[2] Turk Dunyasi Edebiyat Tarihi. Cild 1-3. Ataturk Kultur Merkezi Baskanligl Yayinlari. -– Ankara, 2001-2003.
[3] Ан-найм. Арабча-ўзбекча луғат. — Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2003.