Ҳаким Сатторий. Адабиёт одамийликка ўргатади

Пойафзал таъмирловчи устадан кечикиб қолганимни хаспўшлаш учун худди оламшумул бир ишни дўндириб келаётгандек важ кўрсатиб, узр сўрадим:

— Мутолаага берилиб кетиб, иш вақтингиз тугаётганини сезмай қолибман.

Туфли устанинг қўлидан қошиқдай бўлиб чиққан эди, маҳоратига қойил! Шунда ўз миннатдорлигимни сидқидилдан изҳор этиш учун дедим:

— Сиз ҳам ўқишга қизиқасизми? Менда яхши китоблар бор…

Бу гап беихтиёр тилимга келиб қолди. Одам бир ёқимли ҳис оғушида мутаассир бўлса, изнсиз ўша кайфиятини яқин одами билан баҳам кўриб кетади-ку. Уста ўз санъати билан мени мафтун этган эди ва уни ўзимга яқин олиб қолгандим. Мурожаатимга нисбатан устанинг чеҳраси бир сўлиш олиб, кўзлари қисилди, лабида бир киноя зоҳир бўлди. Сўлжайди, лекин гапирмади. Менга шу кифоя эди: жуда ўсал бўлдим. Уста гўё овозсиз шундай деяётган эди:

— Менга бошқа ҳақоратингиз йўқми?

Жуда ноқулай аҳволга тушдим, тезда ҳақини узатдим-да, устадан узоқлашдим. Барибир мен уни ёқтириб қолдим, юраги тоза (бундай одамнинг ботиний кечинмаси шундоқ рухсоридан уфуриб туради), самимий одам экан.

Бўлгани шу. Фақат мулоҳаза қилиб кўриладиган далил. Ҳамон кутубхоналарда навбатларнинг кети узилмайди, китоб дўконлари харидорлар билан тирбанд. Ҳалигидай ҳолатлар эса шунчаки, ўткинчи кайфият. Аммо бундай бўлгани ҳам яхши эмас. “Бирники — мингга, мингники — туманга” деган гап бор, фақат ушбу муносабатларнинг урчиб кетиш хавфи кўнгилда иштибоҳ туғдиради.

Азалдан китобхонлик хос табақанинг машғулоти, юқори маданият белгиси ҳисобланган. Фақат зиёлилар, жамиятнинг етук вакиллари даврасида китоблар, умуман, адабиёт, маданият юзасидан қизғин суҳбатлар бўлган. Бундай ҳол ҳозир ҳам кўзга ташланади. Бу борада аҳоли табақалари эмас, ҳатто шаҳарларнинг маънавий даражаси ҳам фарқланади. Талабалик йилларимиздаги бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди ва бот-бот мулоҳаза қилишга ундайди. Ўша йилларда машҳур ёзувчи Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” асари ­“Роман-газета”да эълон қилинадиган бўлди. Романга қизиқиш шунчалик кучли эдики, ҳамма нашрни пойлайди. Аммо у келиб тар­қалиб кетибди-ю, биз талабалар қирғоғини ҳам кўрмабмиз. Армон қилиб қолавердик. Орадан 4-5 ой ўтгач, йирик шаҳарлардан бирига курсдошлар билан айланишга бордик. Нима дейсиз, вокзалдаги газет дўконида бизга тўтиё бўлган нашр сарғайиб, пештахтада ётарди. Ҳатто нархи тенг ярмига арзонлашган…

Бугун китобхонлик маданиятини кучайтиришга катта эътибор берилаётир. Шу сабабли болаларни китобхонликка ўргатишнинг синовдан ўтган тажрибаларидан кенгроқ фойдаланишга эҳтиёж бор. Масалан, ўқув юртларида Адабиёт фанининг ўқитилиши аҳволи қандай? Дарсликлар талабга жавоб берадими? Адабиёт муаллимларининг савияси, фидойилиги не чоғлиқ? Бу борада жамоатчилик билан маслаҳатлашиб оладиган анчагина масалалар мавжуд назаримда.

Сир эмас, таълим дастуридаги дарс­ликлар тизимида бошланғичда Ўқиш дарслари, юқори синфларда эса Адабиёт дарслари ўқувчиларда мутолаа кўникмасини ҳосил қилиш, бадиий адабиётга қизиқишни уйғотиш ва тарбиялаш, шу орқали китобхонликка ўргатиш мақсадларига йўналтирилган. Билганларимиз шуки, синфда ифодали ўқиш, мавзу юзасидан китобларни мутолаа қилишни ташкил этиш, бу юмушни назорат қилиш, қолаверса, синфдан ташқари ўқилган китобларнинг ҳисобини олиб бориш, вақти-вақти билан китобхонлар анжуманлари ташкил этиш, кўп китоб ўқиганларни рағбатлантириб бориш ҳам шу фан ўқитувчилари зиммасида эди. Маълумки, бола бирданига китобхон бўлиб қолмайди. Бу кўникма ифодали ўқиш дарсларида шакллантирилади. Бир бола доскага чиқиб ўқийди, қолганлари ичида такрорлаб, келган жойни қўли билан кузатиб борарди. Бир муаллимдан:

— Ҳозир ҳам шунақа дарслар бўладими? — деб сўрасам, ҳеч иккиланмай:

— Бунақа дарслар уйга вазифа қилиб берилади, — дейди.

Бу ёғи маълум.

Бошқа бир ўқитувчи эса:

— Ҳозир китоб ўқиб ўтириш ҳам шарт эмас, киносини кўриб қўя қолса бўлади. Қолаверса, матнларнинг диктофонга ёзилган шакли ҳам мавжуд, шуни эшитса, кифоя қилади, — тарзида мулоҳаза юритади.

Ҳолбуки, айнан китоб мутолааси бола учун меҳнат, у ҳарфма-ҳарф, сатрма-сатр тер тўкиб, ўзида янги бир олам яратади. Қаҳрамонлар билан дунё кезади, севинади, хафа бўлади, кулади, кўз ёш тўкади. Шу жараёнда унинг шахси камол топади. Бир буюк асарни мутолаа қилиш бир ҳаётни яшашдек гап. Баъзан ҳаётга енгил-елпи қараш ана шундай тарбия шаклидан бехабарликдан эмасмикин?

Адабиёт фанини мактабда қолган фанларнинг бошловчиси, очқичи, калити деб аташ урф бўлганди. Чунки адабиёт айнан ҳаётнинг ўзидан баҳс этади. Яъни адабиёт йўловчи тарбия­ламайди, балки шу йўловчилар учун кема яратади. Кемасиз эса йўловчилар денгиздан ўта олишмайди. Ҳолбуки, болага мурғаклигиданоқ техника воситаларининг фойдаланиш меъёрлари ва китобнинг афзалликлари етарлича тушунтириб борилса, адабиёт ўқитувчилари замонавий талабларга жавоб берадиган таълим усулларидан кенг фойдаланса яхши бўларди.

Бир ижодий анжуманда ҳаваскор қаламкашлар машқларини ўқиб, ўзаро муҳокама қилишди. Шунда бир ҳолат аниқ кўзга ташланиб қолди: ёзилганларнинг кўпи ўлим ҳақида эди ва муаллифлар бу даҳшатли тафсилотларни киприк қоқмай баён этардилар. Шунда машғулотни ўртасидан тўхтатишга тўғри келди ва бунинг боиси билан қизиқилди:

— Мен бу асаримни, — деб гап бошлади ёш ёзувчи, — чет элнинг “Пункт назначение” деган дискини кўргандан кейин ёзганман. Умуман, бу блокбастер дунёга қарашимни ўзгартириб юборди. Ҳозир ҳам унинг таъсиридаман.

Маълум бўлишича, бу сериални кўплар кўрган ва қаттиқ таъсирланган экан. Мана, адабиётнинг яхши ўқитилмаслиги оқибати! Агарки, ҳеч нарсани чеклаб бўлмас экан, зарарли вируслар исталган пайтда юқиши эҳтимоли кучли экан, шунга қарши ёшларимизда маънавий иммунитет кучли бўлиши лозим эмасми? Уни ким шакллантиради? Ёшлар ҳар қандай хуружларга қарши туриши учун миллий ақидалар билан қуролланган бўлиши керак-ку. Бу вазифани мактабда адабиёт ва адабиёт муаллими бажариши зарур.

Биз адабиёт муаллимларини ўта тартибли ва талабчан, чеҳрасидан нур ёғадиган, шоирликдан ҳам, ёзувчиликдан ҳам хабари бор, юқори маданиятли зиёли сифатида тасаввур қиламиз. Бундай зотлар республикамизда жуда кўплаб топилади. Энди уларнинг илғор тажрибасини ёядиган, бошини қовуштирадиган усуллар юзасидан жиддийроқ ўйлаб кўрадиган фурсат келгандек. Ҳақиқатан, ҳозирги техника, ахборот асрида ёш қалбларга гўзалликнинг илк унсурларини юқтирадиган адабиёт муаллимларига алоҳида эътибор лозим.

Вилоятда бир адабиёт ўқитувчиси билан суҳбатлашиб қолдик. Мумтоз адабиётимизга меҳри бўлакча киши экан. “Ўқувчиларимга мумтоз асарлардан кўп мисоллар келтириб, дарс ўтаман”, дейди у. Аммо бу асарларни, улардаги битта ривоят ёки байтни алоҳида тайёргарликсиз, шарҳ­сиз тушуниш қийин, болалар уларни қандай қабул қиладилар, деган андишага бордик. Истиқлолимиз туфайли катта маънавий хазиналарга эга бўлдик. Аммо уларни боланинг ёш ва руҳий ҳолатига қараб тавсия этиш лозимга ўхшайди. Билмадик, бу борада мутасадди идоралар қандай тавсия берган, бироқ ўқитувчи нимадан, қандай сабоқ беришини эътибордан соқит қилиб бўлмайди.

Бошқа бир мактаб ўқувчилари эса: “Муаллимамиз шоиралар, бизга ҳар куни янги шеърларини ўқиб берадилар”, деб мақтанадилар. Албатта, ижодкорлик яхши, ижодни тарғиб қилиш ҳам яхши, аммо бу машғулотнинг педагогик андозалари ҳам бор.

Ёш, мурғак қалб парвозга шайланган истакларига қанот излайди, бепоён орзулар шарҳи, ҳаёт манзаралари дарж этилган адабиётни варақлаб, саволларига жавоб топгиси келади. Келажак ворисининг бу талабига жавоб бериш ҳаммамизнинг бурчимиз. Бинобарин, қадриятларимизда таркиб топган таомил шуки, Адабиёт, биринчи навбатда, кишиларни адабга ўргатмоғи лозим. Ке­йин эса у китобхонга одамийликдан сабоқ беришга “ихтисослашган”. Инчунун, бошқа жами инсоний фазилатлар ҳам кўнгилга адабиёт ор­қали кириб боради: ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик, одамийлик, иззат-ҳурмат, севги-садоқат, мардлик ва ҳоказо. Негаки, инсоният бутун фаолияти давомида яратган энг яхши бойликлар адабиётда, китобларда муҳрланган. Бу бойлик тирикликнинг минг-бир синовларида чийралган, хатолардан қаттиқ азият чеккан аждодларнинг келажак ворисларига қолдирган панд-насиҳатларидир. Уларни ўрганмай, олға ҳаракат қилиб бўлмайди. Ана шу йўлда адабиёт ўқитувчилари камарбаста экан, уларнинг масъулиятга муносиб бўлишларини хоҳлаймиз. Сиз нима дейсиз?

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 41-сон