Гулабза Қаршиева. Жадид драматургиясига хос хусусиятлар

ХХ аср бошларида жадид-маърифатпарвар арбоблари Туркистонда миллий тараққиёт асосларини ҳар томонлама ишлаб чиққанликлари маълум. Бу борада бир гуруҳ олимлар ва ёш тадқиқотчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни таҳлил қилишнинг ўзи алоҳида тадқиқотни тақозо этади. Аммо, жадидшунос олимлар бу масалада шундай бир якдил фикрга келадилар: жадид маърифатпарварлари миллий тараққиётнинг бутунлай янги асосларини ишлаб чиққанлар. Бу ғояни биргина жадид драматургиясига назар ташлаш билан ҳам англаб олиш мумкин.

Маҳмудхўжа Беҳбудий «театр — ибратхона» ғоясини илгари сургач, илғор фикрли жадид маърифатпарварлари масаланинг моҳиятини тез англаб олдилар. Чунки саҳна асари ўша даврдаги туркистонликларнинг аянчли турмуш тарзини, ижтимоий ҳаётдаги иллатларни инсонга кўзгу сифатида кўрсатиб бера олар эди. Саҳна воқелигида одамлар ўз ҳаётларини кўриб, илғор жиҳатларидан суюнар ва иллатларидан эса куйинар эди. Бу театрнинг ўзига хос ибратхона бўлишини англатарди. Шу маънода жадид драматургияси Туркистон халқлари маданиятининг кўзгуси сифатида пайдо бўлди, лекин унинг ҳақиқий кўзгуга, чинакам ибратхонага айланиши учун янги асарлар керак эди. Эътиборлиси шундаки, бу эҳтиёж ҳам тўлақонли равишда қондирилди.

Жадид драматургияси мазмун-моҳият ва шакл-мундарижа жиҳатидан нафақат ўша давр ижтимоий-маданий ҳаёти учун, балки ўзбек адабиёти тараққиётига ҳам янги хусусиятларни тақдим қилди. Аввало жанр малакасини олайлик. Жадид драматургияси трагедия жанри билан бошланди. (М.Беҳбудий «Падаркуш»). Кейин унда комедия (Ҳожи Муин, А.Авлоний, Ҳамза) жанри таркиб топди. Ниҳоят, драма жанрида ёзиш кенг урф бўлди. (Фитрат, Ҳожи Муин, А.Авлоний, Ҳамза). Жадидлар умумий маънода бу жанрларни «пьеса» деб юритганлар.

Ўзбек адабиёти асрлар давомида тараққиёт ва таназзул босқичларини ўтиб келди. ХХ асрнинг бошларида фаолият олиб борган жадид маърифатпарварлиги даврида ўзбек адабиёти, шубҳасиз тараққий этди. Миллий адабиётимиз учун мутлақо янги жанр бўлган драматургиянинг пайдо бўлиши ва шаклланиши бу давр адабиётидаги катта ютуқ сифатида баҳоланишга лойиқ.

Туркистонда ХХ аср бошларида янги мазмун ва шаклдаги оврўпача йўналиш касб этган бадиий адабиёт ривожлана бошлагани маълум. Қисқа фурсатда роман, ҳикоя, бармоқ вазнидаги шеър турларининг истеъдодли ижодкорлари пайдо бўлди. Шулар қаторида XX асрнинг 10-йилларидан ўзбек жадид драматургиясининг тажрибалари куртак ёзди.

Жадид адабиёти намояндаларининг ҳаёти ва ижодий фаолияти, уларнинг асарлари, жумладан, драматургияси хусусида Ғ.Каримов, О.Шарафиддинов, Б.Қосимов, Н.Каримов, Ш.Ризаев, С.Аҳмад, Ш.Турдиев, Б.Дўстқораев ва бошқа йирик олимлар ҳамда бир қанча ёш тадқиқотчилар томонидан салмоқли ишлар амалга оширилган. Мазкур мақолада биз, жадид драматургиясининг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида фикр юритмоқчимиз.

Давр пьесаларининг мазмуни, мавзуси тўғрисида Миён Бузрук Солиҳов шундай ёзади: “Агар биз у даврда саҳналаша борган пьесаларнинг мазмунларига қарасак, жадид программасини амалийлаштириш ва оммани у мақсадга ошно қилиш асосий нуқта бўлганини кўрамиз: яъни, пьесаларда ислом динини капитализм талабларига мослаб ислоҳот яратиш, тарихпарастлик йўли билан миллий таассубни кучлантириш, эски исхолостик тарбия ерига миллий тарбия бериш ва миллий буржуазияга онг бағишлаш мақсади анча маҳкамлик билан ёқланадилар.”[1]

Ҳақиқатдан ҳам, жадид драматургияси “ғоянинг амалий кўриниши” бўлиб майдонга келди ва шу сабабдан халқ томонидан жуда тез қабул қилинди. Чунки, одамлар театр саҳнасида ўз турмуш тарзидаги иллатларни жиҳатларини кўра бошлаган эдилар.

Ўзбек халқ театри – кенг меҳнаткашлар оммасининг ҳаёти, дунёқараши, орзу-интилишлари ва бадиий талаблари асосида ташкил топган ва ривожланган, кўп асрли тарихга эга бўлган мазмундор санъат. У ўз тараққиёти даврида халқ оммаси ижтимоий норозилигининг ёрқин ифодаси бўлиб келган, маданий ҳаётда, хулқ дунёқараши ва тафаккурининг такомиллашувида маълум даражада рол ўйнаган.

Маълумки, жадид драмаси халқ ҳаёти, давр тақозоси билан турмуш тарзининг иллатли жиҳатларини кўрсатиш натижасида юзага келди. Анъанавий халқ театрлари жадид драматургиясининг туғилиши, ривожланиши, униб-ўсишида маълум маънода замин бўлди. Асосий таъсир ва намунани маърифатпарвар адиблар XIX асрнинг 70-йилларидан Туркистонга кириб кела бошлаган рус, озарбайжон, татар ҳамда оврўпоча театр шаклларидан ўргандилар ва ижодий ўзлаштирдилар. Бу жадид драматургиясининг ўзига хос биринчи хусусиятидир.

Иккинчи хусусият, замонавий Осиё тарихидаги театр санъатининг тараққиёти ёзма драматургиянинг пайдо бўлиши “масхарабозлик ва қизиқчилик” санъати тарихи билан боғлиқ бўлиб, бу санъат турли кўринишларда то ҳозиргача давом этяпти. Драматургиянинг жадид адабиётида ёзма намуналари пайдо бўлгунига қадар кечган тарихи ана шу масхарабоз ва қизиқчилар театрида ижро этиб келинган оғзаки дра­ма кўринишларидан иборат.

Булар шунчалик узвийлашиб кетган санъат ҳодисаларики, уларнинг яратувчиси ҳам ижрочиси — тарғиботчиси ҳам масхарабоз ва қизиқчиларнинг ўзидир. Узоқ йиллар давомида оғзаки драмаларнинг юзлаб намуналари яратилди, бир қанча ижрочилари яшаб ўтди.

Зоҳиран ҳам, ботинан ҳам кескин фарқлари яққол кўриниб турган анъанавий халқ театри ўзбек жадид театри ва драматургияси шаклланишига муайян таъсир кўрсатди, унинг ривожланиши, мустаҳкамланишига ўзига хос ҳисса қўшди. Табиийки, бу жараёнда у баъзи умумий жиҳатлар ҳам касб этди.

Жадид драматургиясининг ўзига хос учинчи хусусияти пьесаларда давр ижтимоий ҳаётидаги долзарб масалаларнинг кўтарилганлигида кўринади.

Таъкидлаганимиздек, ўзбек жадид драматургияси ҳамда театрининг шаклланиши, аввало, ижтимоий ҳаёт тақозоси ва эҳтиёжи туфайли содир бўлди. Шунинг учун улар томонидан яратилган драматик асарларда мавзу кўлами жиҳатидан давр ҳаётидаги барча ижтимоий масалалар қамраб олинган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий “Теётр надур” деб савол қўяди ва “Теётр ибратнамодур, теётр ваъзхонадур, теётр таъзири адабийдир. Теётр ойинадурки, умумий ҳолларни анда мужассам ва намоён суратда кўзликлар кўриб, кар-қулоқсизлар эшитиб, асарланур. Хулоса: теётр ваъз ва танбеҳ этгувчи ҳамда зарарлик одат, урф ва таомилни, қабиҳ ва зарарини аёнан кўрсатгувчидир. Ҳеч кимни риоя қилмасдан тўғри сўйлагувчи ва очиқ ҳақиқатни билдургувчидир”[2] дея жавоб беради.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш”, Ҳожи Муиннинг “Эски мактаб ва янги мактаб”, “Мазлума хотун”, “Кўкнори”, Ҳожи Муин ва Нусратулла Қудратуллаев ҳамкорлигида ёзилган “Тўй”, Абдулла Бадрийнинг “Жувонмарг”, “Аҳмоқ”, Абдулла Авлонийнинг “Пинак” ва бошқа бир қатор драмаларда мазлум халқнинг оғир турмуши, ҳуқуқсизлик ва эрксизлик, билимсизлик ва қолоқлик, маиший турмушдаги бидъат ва иллатлар рўй-рост акс эттирилган. Бунда айбдор бўлган мавжуд ижтимоий тузум қораланди. Бу тузумга барҳам бериш, озодлик, мустақилликка эришиш учун барча соҳаларни ислоҳ қилишга даъват ва маърифатпарварлик ғоялари илгари сурилди. Жадидларнинг ижтимоий фаолияти мазлум халқ тақдири, мустақиллиги билан мустаҳкам боғланган. Бу билан улар ўзларидан кейинги авлодга машъал бўлдилар.

Миён Бузрук Солиҳов “феврал инқилобидан бурунда энг кўп пьеса ёзган киши” деб таъриф берган Ҳожи Муин Шукруллонинг “Кўкнори” ва “Мазлума хотин” пьесаларида даврнинг энг долзарб мавзулари кўтарилганлиги ва жуда таъсирчан чиққанлиги боис, 1916 йилда Г.Андреев тақриз ёзган ва “Туркистон вилоятининг газети”да эълон қилинган. “Мазлума хотин” пьесаси рус ва яҳудий тилларига таржима қилинган. Мазкур драмаларда кўтарилган мавзулар орадан бир асрдан кўпроқ вақт ўтган бўлса ҳам долзарблигини йўқотган эмас.

Тўртинчи хусусият, драмаларнинг турли хил жанрларда яратилганлигидир.

Драматургия жанрлари хусусида Маҳмудхўжа Беҳбудий: «Ҳар замонни бир усули эҳтисоби бордур. Бу замонда теётрхоналар ҳам ямон ва зарарлик одатларни эҳтисоб ва танқид қилиб ямонлигини, қабиҳини халойиққа кўрсатиб ваъз ва насиҳат этгувчи бир жойдур. Теётрхона саҳналаринда қўюлатургон асарлар фожиа, яъни қайғулик, мазҳаки, яъни кулгу, драма, яъни ҳангомалик бир воқеа ва ҳодисани тасвир этиб, халойиққа кўрсатилур. Ул воқеадаги ямонлик ва яхшиликни пайдо бўлгани ва сабабини ҳар ким кўруб, англаб, ибрат олур ва ямонликдан қочиб, яхшиликға ҳаракат қилмоқға, теётрда кўрсатилгон воқеалар сабаб бўлур», — дейди. Бундан англаш мумкинки, Беҳбудий театр саҳнасида қўйиладиган асарларни уч жанрга ажратади:

  1. “Фожиа, яъни қайғулик”;
  2. “Мазҳака, яъни кулгу”;
  3. «Драма, яъни ҳангомалик»[3]

«Феврал инқилобигача юзага чиққан пьесаларнинг жуда кўплари фожиадирлар. Баъзи кулкилар кўрилсалар-да, улар бир пардалик кичик асарлар бўлиб, фожиа қўйилганидан сўнгра, бир оз овутиб қўймоқ учун, саҳнага қўйилар эдилар»[4]. Ўша даврда фожиага бундай катта эътибор бериш ҳам тасодифий ҳодиса эмас эди. Бу давр тақозоси, ижтимоий вазият, мавжуд турмуш тарзи талаби билан юзага келган ҳодиса ҳисобланади.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, жадид театр арбоблари драматургия назариясидан ҳам яхши хабардор бўлганликлари сабаб, ушбу адабий жанр ривожида муҳим ўрин тутувчи мунаққидлик, яъни драматургия танқидчилигини йўлга қўйдилар. Ўз навбатида, театр танқидчилиги жадид драмаси ривожига ижобий таъсир кўрсатди. Маҳмудхўжа Беҳбудий “Теётр надур?” мақоласидан ташқари 1911 йили Абдурауф Фитрат (1884-1938)нинг “Мунозара” пьесасига оид “Мунозара ҳақида” номли мақола ёзади. Фитрат бу асарини “рисола” деб атайди, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам “бир рисола шаклинда” деб ёзади. Таъкидлаш лозимки, бу ўринда «рисола» атамаси ҳозирги тушунчадаги соф илмий рисоладан фарқ қилади. Чунки, «бир рисола шаклинда» ёки «театр рисоласи» атамалари «воқеликни таҳлилий тасвирлаш ва муайян муаммолар ечимини кўрсатиб бериш» маъноларида келади. Демак, жадид маърифатпарварлари “театр рисоласи” деганда “мукаммал саҳна асари” ёки “сценарий” маъносини назарда тутадилар.

Жадид драмаларининг ўзига хос бешинчи хусусияти, драмаларнинг бадиий хусусиятлари, характерларнинг яратилишида намоён бўлади.

Яратилган ҳар бир асарда жадид образининг киритилишини жадид драматургиясига хос бўлган олтинчи хусусият сифатида кўрсатишимиз мумкин. Масалан: «Падаркуш»да (Маҳмудхўжа Беҳбудий) Зиёли, «Мунозара»да (Фитрат) Фаранги, «Тўй»да (Ҳожи Муин Шукрулло ва Нусратилла Қудратилла) Мирзо, «Бахтсиз куёв»да (Абдулла Қодирий) Элликбоши, «Жувонмарг»да (Абдулла Бадрий) Жўрақул, «Эски мактаб, янги мактаб»да (Ҳожи Муин Шукрулло) Комилбой, «Мазлума хотин»да (Ҳожи Муин Шукрулло) Муаллим каби образлар. Бу образлар орқали жадидлар ўз ғояларини халқ онгига сингдириш билан бирга, миллий мустақилликка эришиш, жамиятни тараққиётга бошлайдиган тўғри йўлни англаш учун халқни ғафлат уйқусидан уйғотиш, илмли, маърифатли бўлиш лозимлигини уқтирганлар

Жадид драматургияси бир неча ўзига хос хусусиятлар билан бирга, драматургияни реал ижтимоий ҳаётнинг эскизи, тасвирий ойинаси деб билиш, драмаларни яратишда дунёнинг илғор ижодкорлари тажрибаларига таяниш, драматургия назарияси талабларига тўлиқ жавоб берувчи асарлар яратиш ва саҳнага қўйишга интилиш, саҳна асарлари воситасида халқни ғафлат уйқусидан уйғотиш ва миллатни тараққиётга бошлаш каби муҳим жиҳатларга ҳам эгадир. Жадид драмаларида кўтарилган мавзуларнинг аксарияти бугунги кунда ҳам долзарб эканлиги билан аҳамиятлидир.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 10-сон

[1] Солиҳов Б. Ўзбек театр тарихи учун материаллар. Т.: Ўздавнашр. 1935. 87-бет.

[2] Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. Тўпловчи: Б.Қосимов. Маънавият, 1999. 174-бет.

[3] Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. Тузатилган ва тўлдирилган 2-нашри. Тўпловчи: Б.Қосимов. Маънавият, 1999. 174-бет.

[4] Солиҳов Б. Ўзбек театр тарихи учун материаллар. Т.: Ўздавнашр. 1935. 88-бет. «Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 10-сон