“Романга қўшилган қисса”. “Чингизхоннинг оқ булути” қиссаси жанрини Айтматов “Асрни қаритган кун” романини назарда тутиб шундай белгилайди: роман етмишинчи йиллар охирида ёзилиб, “1980 йилда Новый мир” журналида эълон қилинган эди. Муаллиф аввал сўзида ёзганди: “Мафкуравий таъқиб-тазйиқ авж олган, ўта ҳушёр, тўрт кўзли цензорлар ва “юқорининг турли фикрлари” маъмурий йўл билан асар тақдирини ҳал қилган замонда илк вариантда ушбу матн бўлмаганини айтиб ўтирмай. Кўп ҳолларда китобга “умуман” йўл берилиши учун кулфатнинг кичигига рози бўлишга, образли айтганда, қаттиқ довул, бўрон пайти ўқувчилар қирғоғи томон сузиб бораётган кемага ортиқча юк ортилишининг олдини олишга тўғри келди. Ҳар доим ҳам “чала айтилган қўшиқни охирига қадар куйлаш” имкони бўлмасди. Мана энди шунга имконият туғилди, ва эски “янги” романимнинг ушбу қисмини тақдим этмоқчиман”.
Ҳа, бу – адабий воқелигимизнинг табиий мантиқсизликларидан. Муаллиф қалб қўри, кўз нури билан, илҳом ва маҳоратини ишга солиб тугатган асари ўз вақти-соатида босилмас, редактор ва цензорлар қайчиларида истаганча қирқиладиган, заха етказиладиган замонлар эди. Яна шуниси ҳам тўғридирки, муаллиф ўз асари бошига тушажак кўргиликларни олдиндан сезиб, пишиб етилган, маъқул, сўз, бирикмаларга “йўқ, бу ўтмайди!” – дея ижодий жараённи бўғишга, асарига аввалдан жароҳат етказишга мажбур бўларди.
Албатта, жонли ижод оқими шикаст олиб бўлса-да бу тўсиқларни босиб ўтарди. Баъзи муаллифлар эса ҳафсаласи пир бўлиб, умидсизликка тушиб эълон қилиш учун эмас, буюртма билан, маъқул келтириш учун ёзишарди. Шундай қилиб, илгарилари яратилган деярли ҳар бир ёрқин асар эндиликда тўлдирилган, ҳолда қайта нашр этилса соз бўларди. Мана, Айтматовнинг романи ҳам энди янги қисса билан тўлдириладиган, мазмунан бойийдиган бўлди.
Айтматовнинг ушбу матни нимаси билан 1980 йил цензорлари ғазабини қўзғаган? Авваламбор, Абутолиб тақдири билан боғлиқ воқеалар, унинг чақув асосида қамалиши, ўша авжи “турғунлик” йиллари Сталин қатағонларини эслаш мақбул кўрилмаган кезларда ёзувчи жасорати кутилмаган портлаш билан баробар эди; ва, албатта, унинг давоми, қамоқдаги азоб ва қийноқлар, чекистнинг довруқ қозониш, амал пиллапоясини ўстириш учун йирик ишни дўндиришни ният қилгани, Абутолипнинг ўзини ҳалок этиши ўша кезлар цензураси “мумкин” деган доирасига кирмас эди. Чингизхоннинг оқ булути ҳақидаги афсона-миф балким “ўтса” бўларди… Лекин бу ерда муаллиф танлови, диди рўйхуш бермади, унда роман афсонавий-мифологик материал қатлами билан семириб кетарди, ахир у ерда ривоятлар етарли эди-да: қўшиқчи оқин Раймали оға, оқина Бегимой, манқуртлар… Тўғри, “Дон Кихот”нинг катта қисми, “Вильгельм Мейстер”, “Оға-ини Карамазовлар” ҳам “киритма ҳикоялар” ва ривоятлардан иборат. Ўша пайтдаги романда ушбу ривоятга ҳам жой топилиши мумкин эди ва деярли ўзаро тенг икки массивдан иборат бўларди: Едигей ва Абутолип ва бизнинг ҳаётимиз тасвирланган инсон, замин қатлами ҳамда миф, метафизика, олиймақом ғоялар қатлами. “Илиада”да ердаги – ахеанлар ва трояликлар қўшинидаги ва Олимпда, маъбудлар орасидаги воқеалар алмашиниб ҳикоя қилинади. Турмуш қатламлари, ноуменлар ва феноменлар ҳаётини параллел равишда ёритиш йирик услубдаги эпосга хос хусусиятдирки, Чингиз Айтматовнинг “Асрни қаритган кун”и шу хилдаги эпик асарлар сирасидан. Чингизхон ҳақидаги афсона ўшандаги вариантга бемалол кириши мумкин эди, агар ўшанда ёзилган бўлса (ўйланган, қолдирилган бўлмаса…). Афсона кейинроқ, яқин ўртада (мақола 1990-1991 йилда ёзилган – С. У.) битилмаган эканми, деган фикрга етаклайди каминани. “Романга қўшилган қисса”да давом эттирилган Абутолиб линияси ҳам кейин ёзилгандай туюлади менга…
Шу боис ўқувчига тақдим этилган матнни аввалгисига қўшимча сифатида эмас, изчил тартибга солинган, тугалланган мустақил асар сифатида қарашга мойилман. Бунда, мусиқа тили билан айтганда, “оддий уч қисмли шакл” яққол илғанади: Абутолибнинг бошда ва такрорий тўқнашувлари, оралиқда – афсона. “Бу ўлкаларда поездлар машриқдан мағрибга томон, мағрибдан машриққа томон пайдар-пай қатнаб туради…” деган анъанавий жумла матнни мустаҳкамлаб, роман воқеалари билан боғлаб туради. Романнинг кўп боблари ҳам шу жумла билан бошланади. Бунда, Сариўзак кенгликлари нафасидан ташқари метафизик маъно ҳам мавжуд: матнда тасвир этилганидай даврнинг тикланиши, тарихнинг “ағдарилиб” абадиятга, мифга қайтарилиши… Бу билан муаллиф ўй-хаёлларининг ортга – аламли замонавийликдан олиймақом ғоялар оламига қайтиши гўё “оқлангандай” бўлади. Олиймақом ғояларда воқелик, турмуш ва Худонинг одам моҳияти хусусидаги ўй-ниятлари мифларда халқчил, ёрқин ифодасини топишини Чингиз Айтматов асарларида кўрамиз. Бас, шундай экан, муаллиф, Чингиз Айтматов, мени кечирсин, ҳақиқий “романга қўшилган қисса” “Асрни қаритган кун”дан олдин ёзилган ва мустақил бадиий организмга хос барча хусусият-аломатларга эга деб ўйлайман. Ва бу қандоқ яхши. Гарчанд уни, албатта, кассетадай роман матнига киритса ҳам бўлар – бунинг учун уловчи жиҳатлар мавжуд… Ва мен асарни романга муқояса қилиб эмас, мустақил бадиий ҳодиса сифатида таҳлилга тортмоқчиман…
У ҳолда муаллифнинг аввалсўзи-огоҳи нима бўлади – сўраши мумкин ўқувчи – ахир адиб ўша йиллардаги мафкуравий босим туфайли ижодий ниятларини тўлиқ амалга оширолмаганини айтган-ку. Нима, у бизнинг бошимизни қотирмоқчими?…Ҳаям, йўғам. Албатта, у “ўз ашуласи овозини бўғиши” (Маяковский совет ёзувчиларининг ушбу жарроҳлик амалиётини башорат қилгандай), ўша даврнинг қаттиқ шароитлари боис ниятини амалга ошира олмаслигини кўриши мумкин эди… Айни чоғда шартли усул, ижодий топилма, ўқувчиларга мурожаат ўрнида ҳам қабул қилса бўлади, худди Лермонтов “Замонамиз қаҳрамони”ни ўқувчиларга олдиндан тушунтириб ўтгандай; ё ёзувчилар, бу ерда нима дейилган бўлса бари чин ҳақиқат деб ишонтиришади, ёхуд бошқалари, аксинча, бари исм-шарифлар ўйлаб чиқарилган, бадиий тўқима, умумлаштириш ортига яширинишади, токи ўқувчи қавми норизо хат-хабарлари билан муаллифни ҳоли-жонига қўйишмасин, қариндош-уруғлари ёки касб-корларини “ҳақорат қилгани” учун судга тортишмасин. Гоголь ўз вақтида амалдор ёки офицерни тасвирлаш мумкин эмаслиги, акс ҳолда аларнинг бутун қавми шаънини таҳқирлашда айбламасликлари олдини олиш шундай қилиш кераклигини тушунтириб ўтган эди. Бизнинг ғаройиб вазиятда муаллифларнинг аввалги мурожаатларидан фарқ қилароқ янги, новаторлик вариантни кўриб турибмиз. Ёзувчи, ўқувчиларни қизиқтириш мақсадида, бу нарсалар ўшанда, айтиш мумкин бўлмаган кезларда рўй бергани, қоғозга тушганига урғу қилади… Бу, ҳақиқатан ҳам, шундайми ёки ижодий усул, вазифа, тақлидми – бу ёғини топиш ўзингизга ҳавола!… Нимага деганда ҳозирги фош этувчи, аяб ўтирмовчи публицистик усулга – “ошириб ур, пўстагини қоқ”қа – кўникиб, кўзи пишиб қолган юзаки ўқувчи ҳафсаласи пир бўлиб матндан узоқлашиши мумкин, а энди, бундай нарсалар ёзишга ижозат берилганда ёзилибди!.. Шундай ўйловчиларга жавоби тайёр – бу ўшанда ёзилган!.. Бадииятдан хабардор, жиддий ўқувчилар учун бунинг аҳамияти йўқ. Менга, масалан, адибнинг шу тариқа юзаки ўқувчи “бошини қотириши” хуш ёқади. Энди, келинг, қиссани мустақил асар сифатида таҳлил этишга киришайлик.
Мустақиллиги хусусида. Абутолиб тақдири роман воқеаларига тиркалмасдан ўз ўзича у қадар тушунарли бўлмайди. Бу ерда у, умуман олганда, унча қизиқарли эмас: ички муаммолари йўқ персонаж, шунчаки ачиниш объекти. Бунда чекист Тансиқбоев – руҳият ва ҳаёт овчиси образи янги. Бу иблислар Ўрта Осиёда “буржуа миллатчилари”га қарши олиб борган навбатдаги йирик тадбири тугаши муносабати билан катта базми жамшид қилишади. Давлат сирларига дахлдор бу ёлланма ваҳшийлар тўдаси ялтироқ қандиллар нур сочиб турган, увилдириқлару егулик-ичкилик тўла дастурхон устида Сталин учун ҳамду саноли ва душманларга қарши дағдағали қадаҳлар кўтаришади.” Ва бу гап-сўзлар, шу ернинг ўзида туғилиб, кўпайиб, узоқ вақт йиғилганлар боши устида айланиб, ёввойи қовоғарилар галаси сингари пинҳоний ғазаб-нафратга тўлиб борарди, қовоғариларнинг кўплиги, заҳарлилиги уларни баттар дарғазаб қиларди”. Воқеа ва одамлар тасвирида Айтматов кўзгуси мана қандай. Тубанликдан тепаликкка кўтарилган, тўқимтабиат Тансиқбоевнинг ички монологи, тўданинг шоҳона базми жамшиди, уларнинг тубан психикаси, бир томондан, ички монологи, ўй-хаёллари орқали берилади. “Ҳамкасблари” омадига ҳасад кўзи билан қараётган майор: шошмай туринглар, Абутолип орқали инглиз-югослав жосуслари кенг тармоғининг СССР зиёлилари билан алоқасидан ҳали шундай иш чиқарайки, ҳасаддан қотасизлар, келгуси зиёфатни мен бераман! Иккинчи томондан, буларнинг бари тепадан, худолар қароргоҳидан туриб кузатилади: заҳар-заққум сўз-иборалар қовоғарилар галаси ғинғирлашига тенглаштирилиши бежиз эмас; “Бўронли бекат”нинг бошида егулик топиш илинжида санқиб юрган тулки; кейин калхатнинг баланддан дафн маросимига йўл олганларни кўп бор кузатиши… – одамлараро муносабатларнинг ҳайвонлар, фалокатлар, ғоялар, афсоналар орқали берилиши…
“Кураш муттасил қизғин олиб борилиши учун фикр юритилади ўлжага олинган немис сервислари, ҳавас қиларлик қулайликлар муҳайё банкетда – янги-янги объектлар, янги йўналишдаги фош этишлар керак бўлади; бу борада кўп иш қилиб бўлингани, бутун бир халқлар депортация қилингани, Сибир ва Ўрта Осиёга нақ ўлимга жўнатилгани, чекка ўлкаларда “буржуа-феодал миллатчилик”да айблашдек вақтида кўп қўлланган вариант асосида “ялпи” ҳосил йиғиш тобора қийинлашиб бораётибди”.
Бунда икки образ: ишдан чиққан шахта ва далалардан олинган ҳосил “чекистлар”деб аталмиш нотайин қавм – мамлакат ва халқларни маҳв этувчилар психикасини равшан ифодалайди. Бундан ташқари, биз, содда ва гўл одамлар, шахта қазиймиз, дон экамиз, ҳар биримиз, қалб ва ҳаёт соҳиблари, ўз навбатида, хомашё ва шахтага, кон ва ҳосилга айланамизки, Ҳокимиятга дохил, Давлат сирларига яқин “одам овловчилар” устакорлик билан ўз бурчакларини қуришади, ҳосилини кўтаришади. Бизнинг оҳ-воҳларимиз, дод-войларимиз билан бир пуллик иши йўқ, улар учун кўмирнинг ғичирлашию бошоқнинг узилишидай гап. Биз бир-биримизга қаршимиз. Улар биз – хомашё ва егуликнинг ошпазлари. “Тансиқбоев…, биринчи қарашда кичкина туюлган делога (Абутолиб делосига – Г.Г.) керакли ишлов берилса катта аҳамият касб этишига тобора кўпроқ ишона бошлади.” Кулинарлар! Овчилар… Кейинги образ мени ушбу касб-кор билан кўпроқ яқинлаштирди. Уларнинг психологияси ҳам овчиларникидек. Овчилар қуён, лойхўрак ёки буғуни пойлагани сингари, булар ҳам шаҳар ва қишлоқ кунжакларида, фабрика ва китобларда мафкуравий душман қушини овлар экан, виждони заррача бўлсин қийналмайди. Бунда энг муҳими – ўзларини бошқа-бошқа насл-насаб одамлари, бир-бирларини тоқат қилолмайдиган, қарама-қарши мавжудотлар деб ҳис қилиш, қурбони чеккан азобларга заррача ҳам парво қилмаслик. Агар Сталин одамни “бир мурват” деган бўлса, чекист ўтин ўрнида кўради. “Давлат манфаатларидан юқори нима бор?”–мулоҳаза юритади алдоқчи, афсунгар, ўзини ҳукмрон, Худо чоғлайдиган чекист. Киши ҳаёти-чи? – дейиши мумкин баъзилар. Соддадил нодонлар! Давлат – бу печ, одамлар унинг учун ўтин. Ўтин қалаб турилмаса печ бурқсиб, тутаб, ўчиб керак бўлмай қолади. Локин шу касларнинг ўзи давлатсиз яшай олмайди. Ўзларини ўзлари ёқадиган бўлишади. Гўлахлар ўтин қалаб туришга мажбур. Бариси шунга қурилган, вассалом!”.
Ҳа, афсонада қайсар Чингизхоннинг ўзи шу йўсинда четга сурилиб қўйилади. Унинг қўшини “аждаҳо ўт пуркаб турган” туғлар остида йўл босарди. Унга, қатъиян ман қилишига қарамай, қўшини кўч-кўронидаги бир аёл туққанини айтишганда, “фарзанд кўрган аёл туғ тўқувчиларидан эканини эшитиб бағоят ҳайрон бўлади, кимдир бу иш билан шуғулланиши, кимдир унга этик тикиши, яшаб турадиган ўтовини тиклаши илгарилари ҳеч хаёлига келмас, бундай майда-чуйда нарсаларни ўйлаб ўтирмас эди. Бу қанақаси, шоҳона туғлар ён-атрофида, қўшинларида ўз-ўзидан пайдо бўлмаганмиди, ловуллаб ёнаётган гулханлар у келмасдан олдин ёқиб қўйилмаганмиди…”
Тасарруфидаги турмуш, ҳаёт тарзи кутилмаганда ҳокими мутлақ нигоҳида намоён бўлди: меҳнат қилаётган, ишлаб чиқараётган, туғаётган, дунёга келтираётган турмуш, шароит – хоқон ҳам унинг маҳсули, тайёрига айёри, соҳиби бўлса-да, ниманидир ўзгартириш, олиш, қўйиш, рад этиш, йўқ қилиш унинг измида эди-ку…
Қайсарнинг энг аввал ғашини келтираётган нарса – унинг буйруғисиз ўз-ўзича турмуш кечирилаётгани, ижод қилинаётгани, туғилаётгани, ўзбилгича ишлаб чиқарилаётгани, бошқарувга чап берилаётгани, итоатсизлик, ўзбошимчалик, кўнгли тусаган ишни қилиш. Бу қанақаси?! Бунинг натижаси-оқибатини кейин ҳам кўрдик: социализм-тоталитаризм ҳамма соҳага човут солди, планли хўжаликни, меҳнат армиясини ўйлаб чиқарди, ишлаб чиқариш, иқтисодиётни, барини ўз қўлига олди, унинг хоҳиш-иродасисиз бирон нарса қилишга йўл қўймади!
Айтматов афсонасидаги Чингизхон бошқача йўл билан ўзибўларчилик, бошбошдоқликнинг олдини олишга қарор қилади: қўшин ортидан келаётган кўч-кўрон аҳлига қаттиқ тартиб ўрнатади, “Ғарбга юриш ғалаба билан якунланганга (коммунизм қурилиши тугалланганга – Г.Г.) қадар аёл зотига туғишни қатъиян ман қилади. Ҳарбий ғалабалар учун Чингизхон ҳатто табиат қонунларини ҳам рад этади, Ҳаётни ва Тангрини таҳқирлашдан ҳам қайтмайди.
Ҳомиладан дарак берувчи Тангрини ҳам ўз измига солмоқчи бўлади. Халқда ҳам, қўшинда ҳам ҳеч ким унга қаршилик кўрсатолмайди…”
Ҳатто севги-муҳаббат бобида ҳам тартибга солиш, бошқаришга қадимдан жазм этилгани, “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” принципига асосланиб иш кўрилгани маълум. Платон “Давлат”ида, Томас Кампанелла “Қуёш шаҳри”да, Фурье асарларида, умуман барча утопист, хомхаёл бандаларида ҳаётни Табиат ва Худо асос солган “боболар йўриғи”да эмас, балки бир-бирига мос жуфтлар танлаш, зот-зурриёд яратиш (национал-социализм ўйлаб топган “орий” ирқларга ўхшаб) орқали “қайта қуриш” белгилаб берилган эди. Марксизм-ленинизм ўзи ишлаб чиққан программасига эга бўлмагани боис, бу борада қандайдир оқсади, хотин-қизларни никоҳ “кишани”дан халос қилиш, кухаркага давлатни бошқариш ҳуқуқини беришни ҳисобга олмаганда…
Лекин бизнинг “социализм” меҳнатга раҳбарлик қилиш орқали ушбу соҳага кириб борди: деҳқонни ердан, аёлни эрдан ажратиб табиий кўпайишдан маҳрум этдики, асрий ҳукмронлик натижаси-оқибатида батамом ишдан чиққан хўжаликка, насл айниш чегарасига бориб қолган аҳолига эга бўлдик.
Чингизхоннинг телбанамо тақиқи ўзларини ҳокими мутлақ деб ҳисобловчи, ҳатто худони тан олмовчилар назарида мантиқий туюлади, инсоният тарихида бундай ёвуз ниятли каслар бир-бир учраб туради. Ўзини ҳаммадан зўр, олиймақом инсон деб билганларнинг ҳам ишқ, муҳаббат бобларида ҳам дил яралари, дард-аламлари бор эдики, улар бунинг учун бани одамзоддан, табиатдан, Худодан ўч олмоқчи бўлишган. Сталин ҳам, Гитлер ҳам ожизликлардан холи эмасди, ёш хотини Бортэни қўшни қабила – меркитлар олиб қочишгани умри бўйи юрагида тузалмас яра бўлиб қолди, ғанимлари кўркам табиат қучоғида нима қилса қилишгани, тўнғичи кимданлигига гумон қилиб ўртанганича бор…
Шуни тушунмоғимиз керакки, тиран, моҳиятан табиат ва Худо бенасиб қилган (Муҳаббат ва Виждондан ҳам қисган) бахти қаро кас, шу боис бор ғазаб-нафратини турмушдан ўч олишга қаратади. Ёвуз ҳеч қачон ҳаддини билмайди, нафақат одамларга, айни чоғда ҳаёт тарзига, космосга, Гўзалликка, Табиатга ва Худога тажовуз қилади.
Ва бунинг акси: золимга уни енгиб эмас, аёлга рўбара қилиш, андак муҳаббат, инсонийлик уйғотиш йўли билан бас келиш мумкин. Шунда у одамлигини ҳис этиши, яқинларига ачиниш, шафқат пайдо бўлиши, ахлоқийлик, виждон туйғуси уч бериши, яхши ҳукмдорга айланиши мумкин… Қадимда иудейлар буни ўзларича тушуниб гўзал аёлларини душман қўмондонларига (Юдиф ва Эсфирни эслайлик) қўшиб мағлуб этишган.
Чингизхон ҳақидаги афсонада ҳукмдордаги одамийлик, юмшоқликнинг сўнгги томчилари марҳаматли Оқ булутга муносабатида намоён бўлади. Башоратга кўра, Оқ булут унинг армиясига ҳамроҳлик қилиб, эзгулик тилаб боради, Худо, Табиат, Ҳукмдор ўртасидаги алоқа воситаси.
Бизнинг афсонамизда ким қаршилик кўрсатди, нимага? Муҳаббат! Шахси номаълум кимса эмас, Чингизхоннинг яқин доирасидаги юзбоши Эрдене билан аждаҳо тасвири туширилган туғ-байроқ тикувчиси Догуланг ўртасидаги муҳаббат. Догуланг рус афсоналари қаҳрамони Феврония сингари ижодий қалб. “Сен менинг аждаримсан, – дейди у севгилисига. – Мен байроқларда аждар расмини чизаман. У кимлигини бошқа биров билмайди. Бу – сен. Баъзан уни тушларимда кўрсам тушларимда чизардим, унга жон ато этардим ва, сен фақат кулмагин, уни тушимда бағримга босаман, биз топишамиз, аждар мени кўтариб кетади, у билан бирга учаман, энг тотли лаҳзаларда у сен бўлиб чиқасан. Тушимда сен ё аждар, ё одам тарзида…Сен менинг оловли аждаримсан… Бундан чиқдики, мен аждардан бола орттирибман-да”.
Турли халқлар ривоят ва эртакларида қизнинг Оловли илон билан учрашуви руҳият таҳлилчилари томонидан образ ва эҳтиросли висол онлари сифатида изоҳланади. Бу, шубҳасиз, бизнинг адибимизга ҳам маълум бўлган, фақат афсона қаҳрамони дилидагини жуда аниқ, тушунарли изоҳлайди, худди Фрейд ва Юнгнинг руҳ таҳлили асарларини ўқигандай… Умуман Чингиз Айтматовнинг кейинги ижодида рўй берган воқеа-ҳодисаларни бир қадар мулоҳазакорлик билан, босиқ тасвирлашга мойиллик сезилади.
Хуллас, севикли маъшуқа айни чоғда беназир мусаввир. Ўзи ва севгилисининг қалби ва шахсини салтанатнинг расмий, қиёфасиз рамзи – ғалаба туғига нақшлайди. Жаҳоннинг катта ҳудуди, мулки Ҳукмдори , ўзи бехабар, Тангри ва Табиат томонидан қуршалиб, чеклаб қўйилганидан олинганига қарамай бошқарувга бўлган иззат-нафси баландлиги Толстой тасвиридаги боланинг каретани эшиги тавақасини очиб тасма билан бошқаришга уринишини эслатади.
Ушбу мазмун-моҳият таҳлили ўта муҳим. Сиртдан қараганда, Ҳукмдор кучли-қудратли, сон-сановсиз жангчилар, отлар, туялар, кўч-кўрон бари унинг изми-ихтиёрида. Лекин уларнинг бари “феноменлар”, ҳал қилишга, фикр беришга ожиз вазифадорлар. Омма ичида икки шахс алоҳида ажралиб, Ҳукмдордан устунлигини кўрсатиб туради. Шу булут ҳақидаги афсонада ифодаланган олиймақом ғоя билан икки инсоний мавжудот ўртасида тўғридан тўғри алоқадорлик бўлиши мумкин. Барчага ибрат-даҳшат бўлсин деб ошиқ-маъшуқлар Сариўзакда қатл этилганда булут чекинади, Чингизхонга соябонликни тўхтатади, тарқайди, Осмон воз кечганини англаган ҳукмдор юришни тўхтатиб, қўшинни ортга қайтаради.
Догулангни қўшин сафи олдида қатл этишга олиб кетишаётганда болани кимдан орттирганини айтишни талаб қилишади.
– Кимданлигини билмайман. Бу аввал ва жуда узоқда бўлган эди – жавоб берди байроқ тикувчи.
Чўл узра эркакларнинг дағал кулгиси, аёлларнинг чийиллаши эшитилди…
– Кимдан бўлганини қандай тушунмоқ керак, бозордами?
– Ҳа, бозорда – жаҳл билан жавоб қайтарди Догуланг.
– Савдогармиди ё саёқмиди? Балки бозордаги ўғридир?
– Савдогармиди, саёқмиди, ўғримиди, билмайман – зарда қилиб деди аёл.
Яна қаҳқаҳа ва чийиллаган товушлар босиб кетди.
– Нима фарқи бор: савдогарми, саёқми, ўғримиди – муҳими бозорда бу ишни қилган.
Кутилмаганда қўшин сафидан кимнингдир овози янгради:
– Боланинг отаси – менман! Ҳа, менман, агар билишни хоҳласангиз!
Ҳамма бир зум жимиб, ҳайратдан қотиб қолди. Ким экан бу? Тикувчи сирини очмай кетаётган сўнгги дақиқада ўлимни бўйнига олган мард ким бўлдийкин? Барча ҳайратга тушди. Пешонаси юлдуз тамғали отини ниқтаб, қамчи уриб қўшин орасидан юзбоши Эрдене чиқди.
Юзбоши Эрдене ўлимини кутаётган маъшуқаси олдига келиб, тиз чўкди, бағрига олди, у бўлса қўлини бошига қўйди, ўлим олдидан яна қучоқлашиб тек қотишди.
Ушбу саҳнани қайта ўқир, қоғозга туширар эканман, кўз ёшларимни тиёлмадим.
Бу ерда жамики гўзаллик, фазилат тантанаси, портлашини кўрамиз. Бари бир жойга жам бўлди – Шайтон ва Ўлим енгилди. Бу қандай кучлар эди? Муҳаббат ва Виждон! Улар энг сўнги дамларда инсонийлик мазмун-моҳиятини кўрсатишди… Қўшин сафларида маъшуқасини судраб келишгани, кўкрагини чақалоғидан ажратишганида юзбоши тишини тишига қўйиб чидаб турди. Лекин уни “бузуқи” дея таҳқирлаб, шаънини ерга уришганда тоқат қилолмади, виждони ларзага келди. Ва қўшин олдига чиқди, айтди.
Бу ўринда Достоевский “Кулгили одам тушлари”да инсонга таклиф этган ахлоқий тажриба ёдга тушади: “Тасаввур эт, сен қаердадир, масалан, Ойда мудҳиш жиноятга қўл урдинг, бу ерда қилмишингни ҳеч ким, ҳеч қачон билмайдиган бошқа сайёрага ўтиб қолсанг қандай бўларди?”.
“Романга қўшилган қисса”да асосий муаммо, албатта, тотал шароитда қандай яшамоқ? Золим салтанат ҳамма нарсани ёпиб, тамбалаб қўйган бўлса? Албатта, Қайсар қўли, ҳукми етмаган жойлардан Меҳнат, Табиат, Оила қароргоҳига кетмоқ. Муҳаббат ва Ижодга кетмоқ. Бўронли бекатда Абутолиб шундай яшади. Афсонада ҳам юзбоши ва тикувчи бир-бирини пинҳона севишди ва кенгликларга қочишни кўнгилларидан ўтказишди…Ва Осмон бундайларга ҳомийлик қилади – ҳаётни давом эттирай деганга Тангрининг манзиллари кўп. Фақат тасаввуринг, тафаккуринг бўлса, юрилган йўллардан четга чиқмасанг бўлгани…
Оддий меҳнат тарзи: этик тикмоқ, намат тикиш, дон-дун, олма-ўрик етиштириш Қайсарни четлаб Тангрига ва Табиатга олиб боради. Бизда ушбу қальани қўлга олишмоқчи бўлишди холос ва доғда қолишди. Оилавий тинч-сокин ҳаёт кечириш ва ишлаш, бу “физика” тўғридан тўғри “метафизика” – Худо, Муҳаббат, Ҳақиқат, Гўзаллик мувофиқ-мутаносиб келса – марҳамат, мурувватга ҳам йўл очилади. Тутиб олиб судга келтириш, азоб бериш, қатл этишса-чи – у ҳолда нима қилмоқ керак?… Имкон борича чап бермоқ, ўзини қутқараман деб бошқани сотмаслик – тик туриб, кўкрагини тутиб бермоқ. Афсонада севишганлар худди шундай йўл тутишди. Абутолиб ҳам худди шундай қилди умумий иш бўйича юзлаштиришга олиб кетишаётганда, ўзини поезд тагига ташлади, Тансиқбоевнинг шум ниятларини чиппакка чиқарди… Тоталитар режимда энг қўрқишадигани нияти, хатти-ҳаракатини олдиндан билиб бўлмайдиган одамлар. Хуфя Чингизхонга, унинг қатъий ман этишига қарамай, кўч-кўронда аждаҳо расмини чизувчи аёл туққанини айтганда, “гарчанд ҳеч нарса юриш тартибини бузмаган, саҳро қўшинининг Ғарб томон ҳаракатига, дунёни забт этишдек буюк мақсадининг амалга ошишига монелик йўқдай туюлса ҳам, бари бир, нимадир рўй бергандай, ҳукмдорнинг қўзғолмас тоғидан бир тошча юмалагандай бўлди. Ва бу унинг тинчини бузди…
Бўлмаса-чи! Ахир тоғ кўчкиси кичик бир тош юмалашидан бошланади. Гарчи у ҳеч нарсага тегиб ўтмай юмаласа ҳам юқоридаги қўзғолмас юлдузлар озодликка интилишни кузатиб, бир киши ҳам майдонда жангчилигини кўриб туради.
Тарих ҳаракати тўлқинсимон тарзда, паст-баланд, аста-секин кечади. Танглик, зулм (деспот) давридан кейин енгиллашиш, эркинлик даври келади, лекин эзгуликка ҳаракат бир текис, силлиқ кечмайди. Яхшилик, фаровонлик ҳам, зулм, ёвузлик ҳам параллел тарзда, бир-бирини рағбатлантириб, озиқлантириб куч тўплайди. Айтматов ҳам шу тахлит фикрлайди, деб ўйлайман. Махсус вагонда Бўронли бекат орқали олиб ўтилаётган маҳбус Абутолиб бир зум хотини Зарипа, ўғиллари Эрмек, Довулни, Казангапни вагон панжарасидан кўриб қолишга улгуради, ўзини зориқиб, лекин беҳуда кутишаётганини билиб юраги зирқирайди, хаёлидан “тугалмас зулм” ҳақидаги ўйлар кечади. “энди у , мабодо тағин дунёга келадиган бўлса шунда ҳам Тансиқбоев ортидаги қиёфасиз, раҳм-шафқатсиз кимсалар билан билан тўқнашувдан қочиб қутула олмаслигига тобора ишонаётган эди. Бу куч, дунё яралгандан бери давом этиб келаётган ёвузлик урушдан ҳам , асирликдан ҳам даҳшатли эди. Эҳтимол, Абутолиб, камтар мактаб ўқитувчиси, коинот кенгликларида бекорчиликдан узоқ муддат азоб чеккан шайтон учун товон тўлаётган одамзод вакилларидан бири бўлган бўлса. Ер махлуқларидан якка-ягона бири дарҳол шайтон билан тил топишиб, кунма кун, асрма аср зулм уруғини эка бошлади. Фақат одамгина жон куйдириб ёвузлик қиладиган бўлди. Шу маънода Тансиқбоев Абутолиб учун шайтонлик ташувчи, тарқатувчи иблис бўлди. Худди шу боис улар бир поездда, бир махсус вагонда, бир ўта муҳим иш юзасидан келишаётган эди”. Бамисоли эзгулик ва ёвузлик бир қаторга қўйиладиган бўлса, улар бир тизгинга боғланган ҳолда боришарди. Эзгулик ва ёвузлик бир сафга, қаторга қўйиладиган бўлса узлуксиз-тўлқинли-тебранувчи ҳаракат юзага келади. Тўғри, ушбу схема кам таскин беради: қиш ортидан баҳор, ёз келади! Лекин яна қиш келиши ҳам бор-да… Эзгулик тантанаси кафолатли деб бўлмайди. Эзгулик мўрт келади, сенинг хулқ-атворингга, ҳар сониядаги фикр-ниятингга боғлиқ. Шу ерда ва ҳозир қандай қарорга келсанг, нима қилсанг – ҳар доим ҳамма жойда ва тоабад шундай бўлади. Ва бу – инсонга берилган имконият ва туҳфа, истеъдод ва қизиқиш ҳам одамга ишонч, айнан сенга, менга –Турмушдан, Тангридан. Шунинг учун инсон эркли-иродали қилиб, Оллоҳ-ижодкор томонидан ҳамкору ҳамдастликда яралган. Озодлик дегани – қул ва маҳбус зиндондан кенгликка чиқиши ҳамоноқ нима хоҳласам шуни қиламан дегани эмас. Бу ҳали озодликни зоҳиран тушуниш. Озодликни ботинан тушуниш ҳар лаҳзада ўзини қутқариш ёхуд нақ ўлимни бўйинга олишдек даҳшатли танлов. Бунда инсон сифат-фазилатлари виждон аталмиш компасда ва “ўзинг хоҳламаган нарсани бошқага раво кўрма”, деган ахлоқий қоидага таянади. Бу барча динларда, Кантнинг қатъий императивида бор нарса, гарчи мен қоидани салбий маънода деган бўлсам ҳам. Ижобий маънода айтганда: “Шундай йўл тутгинки, бошқалар ҳам сенга шундай йўл тутсин”.
Мана ҳозир бизда демократия ва эркинликка кенг йўл очилган. Узоқ йиллар қуллик шароитида яшаганимиз боис биз эркинликни ҳам зоҳиран тушундик: бизни озод қилишди! Тийиқсиз бебошлик даври келди: яйраб қол, Вася! Озодлик эса – масъулият дегани. Буни таъминлаш учун бизда “масъул ўртоқлар” ажратилган, тўғри улар “коллектив раҳбарлик” ортига бекиниб масъулиятдан жилиб қолишди. Оддий одамлар-ку оғриқни сезмайдиган, иродасиз бўлиб қолган…”.
Эндиликда масъулиятни ўз зиммасига оладиган пайт келди. Бу – йўл қўйилиши эҳтимол хатолар, айб, гуноҳлар учун жавобгар бўлмоқ дегани.Узоқ вақт “Бизни нималарга гирифтор қилишди!”, дея бошга тушган азоб-уқубатларимизни ҳузурланиб фош этиш билан машғул бўлдик ва шу билан ўзимизни қулларча ҳис этишларига озиқ бердик, ёвузларга объект бўлдик.
Бу маънода Айтматовнинг “романга қисса”си бир матнда яқин тарихимиз манзаралари ва кишилар ҳаётини афсоналар, мифлар асосида кўрсатди, онгимизни абадият ва олий ғоялар даражасига чиқишга даъват этади, бирини бири билан ўлчайди, доноларча матонат, мардлик, эзгулик яратишга чорлайди. Ташқи шарт-шароитлар даврига қараб яхши ҳам, ёмон ҳам бўлиши мумкин…Лекин сен, инсон, Ота ва Она аталмиш зотларда ўз макон ва замонингни яратишинг, қалб қўринг ила фаровонлик, бахт-саодат, муҳаббат, меҳнатни танлаш туҳфасини олгансан Ва ўзингни воҳада ҳис этгандай бўласан. Ва бу воҳа – истаган тарихий саҳрода сен томонидан яратилгуси.
Ҳа, мен қачонлардан бери Чингиз билан Чингизхон ўртасида кураш, олишув бўлишини кутиб юрардим. Мана, кураш вақти етди, бўлиб ўтди.
Рус тилидан Сайди Умиров таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 8-сон
____________
Георгий Дмитриевич Гачев (1929–2018), адабиётшунос, маданиятшунос, файласуф, филология фанлари доктори. Москва давлат университетининг филология факультетини тугатган. 30 дан ортиқ китоб, кўплаб мақола, тадқиқотлар муаллифи. “Адабиётнинг тезкор ривожи” (1964), “Севги, инсон, давр” (Ч.Айтматовнинг “Жамила” қиссаси ҳақида, 1965), “Ижод, ҳаёт, санъат” (1980), “Фан ва миллий маданиятлар” (1992), “Жаҳон миллий образлари” (1999), “Космо-Психо-Логос” (2007) китоблари айниқса машҳур.