Ёзувчи Алланазар Абдиев ижодига бир назар
Элимизда оққан дарё оқаверади, деган гап юради. Бугун ҳам ана шу улуғ устозларининг ортидан бораётган, қисмати бадиий сўз излаш заҳматидан иборат бўлган ижодкорлар бор. Шундай заҳматкаш адиблардан бири Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Алланазар Абдиевдир.
Эсимда, 2001 йили “Ёшлик” журналида унинг “Эран сахий” номли қиссаси эълон қилинди. Асарни қорақалпоқ тилидан Раҳимжон Отаев таржима қилган. Алланазар оғанинг қандай ёзувчи эканини илк бора ана ўшанда билганман. Журнални ўқиганимдан кейин анча вақт асар таъсирида юрганман. Ёзувчи бир қавмнинг ҳаёти, турмуш тарзи, урфу одати, қадриятларини қаламга олади. Шунингдек, Тангрининг инсон аталмиш хилқатининг мураккаб феълу атворини ёрқин ҳолатлар, кечинмалар, тасвирлар билан кўрсатиб беради. Асар қаҳрамони Эраннинг мардлиги, довюраклиги, халқига, севгисига содиқлиги қалбимизга бир олам ҳавасу муҳаббат армуғон этади. У ўзига нисбатан қилинган адолатсизликлар, туҳмату бўҳтонларни сабр билан енгади. Кўнглингдан одам дегани мана шундай бўлиши керак, деган ёрқин фикр ўтади.
Асарнинг яна бир қаҳрамони Фосиднинг фосиқлиги, ўз манфаати учун ҳеч нарсадан тап тормайдиган тубан кимсалиги қалбга оғриқ беради. Номард одам учун эли – ота-онасидан ҳам, ёридан ҳам, қавмдошларидан ҳам нафси азиз, жони азиз. У ҳузири жон учун уларни сотиб ҳам юбораверади. Бу каби қабиҳ феълидан заррача виждони азоб чекмайди. Фосид ана шундай нокас инсон. Надоматки, бундай кимсалар ҳам орамизда яшаяпти-да.
Асарни ўқиш жараёнида менинг эътиборимни тортган яна бир жиҳат бор: у ҳам бўлса асар қаҳрамонлари исми. Эран соф туркий сўз. Мард, жасур, қўрқмас, қаҳрамон деган маъноларни билдиради. Фосид арабча сўз. Аммо бизнинг тилимизда ҳам фаол қўлланади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бу сўз бузилган, айниган, йўлдан адашган, ахлоқсиз, ёмонлик қиладиган деган мазмунни ифодалаши битилган. Ёзувчи шу тариқа асар қаҳрамонлари исмларига ҳам мазмун юклайди. Назаримда, бу адибнинг ўзига хослиги, керак бўлса, ютуғи ҳам дейиш мумкин.
Шундан кейин мен Алланазар Абдиевнинг “Бургут чўққиси” номли ҳикоясини ўқидим. Бир нафасда ўқидим. Таниқли шоир ва таржимон Рустам Мусурмон ўзбек тилига жуда чиройли ўгирган. Худдики, асар қорақалпоқ тилида эмас, ўзбек тилида ёзилгандай. Асарнинг асосий қаҳрамони – бургут. Адиб бургут тимсоли орқали инсон ҳаётининг баланду пастини жуда ишонарли тасвирлаган. Ёзувчи мардлик, бир сўзлик, довюракликни улуғласа, сотқинлик, ялоқхўрлик, мунофиқлик каби иллатларни қоралайди. Инсон руҳи қачон хотиржам бўлади? Албатта, тўғри, ҳалол, бировнинг ҳақидан ор қилиб, ўзлигини, ғурурини билиб яшаган бўлса, шундай эмасми? Асар мутолааси менга ана шундай хулосаларни берди.
Алланазар Абдиевнинг шу икки асарини ўқиганимдан сўнг унинг бошқа китобларни излаб ўқийдиган бўлдим. Ўша асарлар шарофати билан катта бир адиб – яқин дўст топганимдан кўнглим шод бўлди. Яхши асарларнинг таржимони ҳам кўп бўлади, назаримда. Унинг аксарият асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, матбуотимизда эълон қилинган. У ўз йўлига, услубига эга катта ижодкор.
Унинг ҳажми катта бўлмаган “Субҳидам арафасида” романида ҳам турмушда учрайдиган жирканч ҳолатлар ёзувчининг ўткир қалами билан ўз бадиий ифодасини топган. Ҳалол яшашга ҳаракат қилиб, кураш олиб борган Саимбет – жиннига, Қайип – ўғрига айланса, нафс ботқоғига йиқилган Аяп Турдиев – порахўрликка берилади. Роман кескин қарама-қаршиликлар, зиддиятлар, курашлар тасвирига бой. Бировнинг никоҳидаги аёл билан ўйнаш тутинган Мирзамурод Фазилов Қайип томонидан сувга чўктирилиб ўлдирилади. Бундан қувонган Саимбет “жинни”нинг ўғли Эрназар бу хабарни отасига суюнчи сўрагандай қилиб етказади. Қўшмурод билан кампири Улмекен Мирзамуроддан қутилганига қўй сўйиб, садақа беради. Ёзувчи айрим кимсаларнинг ўлими бошқа бировларга қувонч олиб келишини ишонарли тарзда тасвирлаган.
Саимбетнинг кўчада, бозор дарвозасининг олдида ўтириб ўғли Эрназарни ҳам яхши танимай, гоҳ қизларининг, гоҳ ўғлининг исмини айтиб, ўзича гапиришлари, нолишлари ҳаётнинг ўткир зиддиятлари сабаб юзага чиқади. Муаллиф адолат учун курашиб темир тўрга тушган Қайипнинг кечинмаларига доир аччиқ ҳақиқатларни ишончли очиб беради. Асарда воқеа ва ҳодисалар баёни изчил эмас, Саимбет ва Қайипнинг тақдирлари тасвири бир-бири билан параллел тарзда ривожланади. Бунда воқеалар оддий баён қилинмай, қаҳрамонларнинг хотиралари, тушлари, ички монологлари, хатлари, диалоглар билан бадиий параллелизмлар орқали кўрсатиб берилади. Бу асарнинг таъсирчанлигини оширишга хизмат қилган.
Ёзувчининг қайси бир асарини олиб ўқиманг, ҳаётда рўй бераётган, сизу биз гувоҳи бўлаётган турли воқеалар, яхши ва ёмон одамларнинг қисмати, ҳаёт машаққатлари ўзига хос бадиий ечими орқали китобхонни теран мулоҳазага чорлайди.
“Ҳаётда нималар бўлмайди?!” ҳикоялар туркумидаги “Бир тишлам нон”да ўзига тегишли нонни тортиб олиб еб қўйган қуролдошини панадан пойлаб отган аскар ҳолати ёки “Эльза хоним” ҳикоясидаги табиий чирой, гўзаллик олдида қирғинбарот урушнинг ҳам бир зумда тўхташи ишончли чизиб берилган. Адибнинг болажонларимиз учун ёзган асарлари алоҳида бир мавзу. Фурсати келганда, бу ҳақида ҳам фикр билдирамиз.
Яна бир гап. Ижодкор ватанпарвар, халқпарвар, жонкуяр бўлиши керак. Элим деб, юртим деб яшаш ибрати олдида даврнинг, замонинг аҳамияти йўқ, ижодкор учун ягона талаб шу. Алланазар Абдиев буни теран ҳис этади. Ёзувчининг “Қорақалпоқ қўшиғи” номли китоби бор. Китоб сизни туғишган қорақалпоқлар элига саёҳатга чорлайди. Мазкур асарда бош қаҳрамон Жавинғир полвон, унинг онаси Тўмарис, қавм оқсоқоли Қўнғирот ота, рафиқаси Зулайҳо образлари орқали қорақалпоқ халқининг тарихи, урф-одатлари, миллий қадриятлари, бағрикенглиги, меҳмондўстлиги, мардлиги, донишмандлиги, ҳалоллиги, бир сўз билан айтганда, миллий характери маҳорат билан кўрсатиб берилади. Ўқувчи асар мутолааси асносида қорақалпоқларнинг ҳаёт тарзи билан танишиб, завқ олади. Албатта, бундай асар ёзиш учун ижодкорда элу юртга муҳаббат тўла қалб, нозик дид, ўткир зеҳн ва теран билим бўлмоғи лозим. Ишонаманки, ёзувчининг бу асари ҳам янги ижод намунаси сифатида йиллар ўтса ҳам ўз моҳиятини асло йўқотмайди.
Қорақалпоқ адабиёти ва журналистикаси ривожида муносиб хизмат кўрсатган адиб Алланазар Абдиев бир дақиқа бўлсин қаламини қўлдан қўйган эмас. Нима ҳам дердик, қалам тутган қўлингиз асло толмасин, Алланазар оға!
Дарвоқе, бултур ёз фаслида хизмат сафари билан устозлар – Усмон Азим, Рустам Мусурмон Қорақалпоғистонда хизмат сафарида бўлган эдик. “Алланазар ҳалол йигит, тоза инсон, сафар давомида бизга ҳамроҳлик қилар экан”, деган. Усмон аканинг айтганича бор экан, Алланазар оға чиндан ҳам тоза кўнгилли, пок ниятли инсон экан. Ватанимиз тарихини муҳаббат билан ўрганган, юртимизнинг нурли келажаги учун куюнадиган жонкуяр, фидойи қорақалпоқ ўғлони экан. Энди бундай одам яхши ёзувчи ҳам бўлади-да!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2023 йил 17-сон

