Агар ушбу ёзувларимизда “Адиб фалон йили туғилган, фалон йили вафот этган, фалон – пистон асарлар ёзган”, деган сўзлар билангина кифоялансак, улар анчайин жўн, қуруқ саналару ғарибгина маълумотлардангина иборат бўлиб қоларди. Жюл Верн сингари оламшумул адибларга – ку инчунун!
Зеро, бу буюк француз ёзувчиси ҳали ҳаётлигидаёқ “афсона”га айланиб кетган инсонлардан бири эди. Замондошлари уни “тиним билмас саёҳатчи” деб ҳисобласалар, кимлардир уни “денгизчи, кема капитани” деб ўйлашар, яна кимлардир “кўчирмакаш ёзувчи” деб ғийбат қилар, бошқалар эса, “бунақа ёзувчи йўқ. Жюл Верн – бу географик жамиятнинг номи. Ана шу ташкилотнинг аъзолари шу ном остида китоблар ёзадилар”, деб исботлашга уринадилар.
Аслида эса, Жюл Верн ёзиб чарчамайдиган ёзувчи эди. У фақат ижод оғушидагина хордиқ чиқарарди. Ҳатто айтишадики, Верннинг уйига уни кўргани келган меҳмонларни ҳам оиласи даврасига ўтқазиб қўйиб, ўзи хонасида ёзиб-чизиб ўтиравераркан. Жюл Верн умр бўйи ана шундай ишлади. 60 йилдан ортиқ давом этган ижодий фаолияти мобайнида тинимсиз ёзди ва жами ёзган асарлари 130 жилдни ташкил этди.
Унинг асарлари бошқаларникига ўхшамас, гўё у бошқа дунёда, ўзга бир сайёрада яшар, аниқроғи, унинг романларидаги воқеа-ҳодисалар ерда ҳам, осмонда ҳам, сув остида ҳам, космосда ҳам содир бўларди. Жюл Верн шу тариқа ўз оламини яратди. Яъни, замонавий илмий-фантастик роман жанрининг асосчиларидан бири бўлиб қолди. Айнан унинг асарлари орқали жаҳон адабиётига жасур сайёҳлар, кашфиётчилар, олимлар, муҳандислар, ўз ҳаётини илм-фан ва техника тараққиётига бағишлаган одамлар образи ҳамда географик, геологик, биологик, астрономик, аэронавтик ва тиббий мавзулар кириб келди. Диққатга сазовор томони – инсоният тарихида сув ости кемалари, самолётлар, электр ёритгичлар ва телефонлар яратилишини биринчи бўлиб башорат қилган киши ҳам Жюл Верн бўлди. Айтишларича, унга ана шу йўлни кўрсатган, фан ва адабиётни омухта қилиб асарлар ёзишга даъват этган машҳур француз ёзувчиси Александр Дюма бўлган экан. Лев Толстойдек улуғ адиб ҳам Жюл Верннинг ана шу “маҳорати”га тан берган, ҳатто унинг “Ер шари бўйлаб 80 кун” романига суратлар ҳам чизган. Дмитрий Менделеевдек буюк олим эса уни “даҳо” деб атаган, денгизнинг қудрати ва сув ости тўлқинларининг электр қуввати ҳақида ихтиролар қилган академик Жорж Клод бўлса, бу кашфиётларига Жюл Верннинг “Капитан Немо” асари сабаб бўлганини эътироф этади. Биринчи бўлиб сув ости кемасини яратган ихтирочи Лебеф ва таниқли ғоршунос олим Кастерлар ҳам адибни ўз кашфиётларининг “ҳаммуаллифлари” ҳисоблайдилар, ўзларида илмга муҳаббат туғилишига айнан Жюл Верн асарлари сабаб бўлганини фахр билан тилга оладилар.
Адибнинг “Ҳаво шарида беш ҳафта” номли биринчи романиёқ китобхонларда катта қизиқиш уйғотган. Нашриёт ёш ёзувчининг келажагига ишонч ҳосил қилиб, у билан 20 йилга, ҳар йили 3 та роман ёзиб беришга шартнома тузган ва биз билган “Ғаройиб саёҳатлар” номли романлар туркуми шу тахлит дунёга келган. Яъни, адибнинг “Капитан Грант болалари”, “Ер марказига саёҳат”, “Сирли орол”, “Ўн беш ёшли капитан”, “Сув остида 80000 километр”, “Сузиб юрувчи орол” сингари машҳур романлари ана шу саъй-ҳаракатининг маҳсули ўлароқ яратилган.
Шу ўринда кутилмаган ва ғалати бир маълумотни ҳам келтириб ўтмоқ жоиз кўринади. Ҳамма гап шундаки, Жюл Верн ҳеч қачон Ўрта Осиёда, хусусан Ўзбекистонда бўлмаган. Аммо ўзининг “Клодиус Бомбарнак” номли романида Ўрта Осиёнинг тарихи, географик ўрни ва иқлими, маҳаллий халқларнинг урф-одатлари ҳақида шундай ёзадики, ҳайрон қоласан. Жумладан, асар қаҳрамони тилидан Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларни тасвирларкан, Бухорони “Туркистон Рими” деб таърифласа, Самарқанднинг тарихий обидалари, кўча ва маҳаллалари, боғлари, одамлари тўғрисида ниҳоятда ишонарли тарзда ҳикоя қиладики, ёзувчининг тасаввур олами кенглигига, қуввайи ҳофизасига, тахайюли чексизлигига беихтиёр қойил қолади киши. У ўзининг ўнлаб романлари қаторида “Франциянинг безакли географияси”ни ҳам ёзган, 6 жилдлик “Буюк саёҳатлар ва саёҳатчилар” энциклопедиясини, 4 жилдлик “Илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг дунёни забт этиши” сингари илмий асарларини ҳам яратди. Зеро, у ёзишдан чарчамайдиган ёзувчи эди. У 81 ёшга тўлгандагина толиққанини ҳис қилди, тоби қочди, хасталикларга чалинди, кўзлари кўрмай қолди, аммо шунга қарамай, охирги романларини набираларига айтиб туриб ёзишга ҳаракат қилди. Франциянинг Амьене шаҳридаги қабристонда унинг қабрига маҳобатли ёдгорлик ўрнатилган бўлиб, унда ёдгорликни қабрдан елкасида кўтарганча турган Жюл Верн тимсоли тасвирланган ва тагига “Абадият ва мангу ёшлик сари” деган сўзлар ёзиб қўйилган экан. Яна бир ажойиб маълумот. ХХ асрда Ойнинг орқа томони космик ракеталар томонидан биринчи марта суратга туширилганда янги кашф этилган кратерлардан бирига “Жюл Верн” номи берилган экан. Демак, буюк адибнинг номи нафақат ер юзида, балки юксак ва олис самоларда яшаяпти, дейиш мумкин. Бунинг номи эса бир сўз билан айтганда “Мангулик” деб аталади…
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон