Эргаш Очилов. “Яхшилик айлагил, олдингдан чиқар”

Мумтоз Шарқ адабиётининг забардаст сўз санъаткори, улуғ мутафаккир, нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад Жомий (1414-1492) Нишопур яқинидаги Жом шаҳрида туғилиб, Ҳиротда яшаган ҳамда шу ерда машҳур шоир ва аллома бўлиб етишган.

У Ҳиротда Хожа Алоуддин Али Самар­қандий, Шаҳобиддин Муҳаммад Жожармий каби устодлар қўлида таҳсил олади. Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи каби қомусий олимлар маърузаларини эшитишга муяссар бўлади. Маш­ҳур мударрис Фазлуллоҳ Абуллайс­дан фиқҳ, Қуръон, ҳадис ва араб тили бўйича сабоқ олади. Бу ерда у тил ва адабиёт, дин ва тасаввуфга оид фанларнигина эмас, айни пайтда риёзиёт, фалакиёт, фалсафа ва фиқҳ асосларини ҳам ҳар томонлама кенг ва чуқур ўрганади ҳамда илму адаб аҳлининг турли мавзулардаги баҳсу мунозараларида қатнашиб, етук ва сер­қирра илм соҳиби сифатида танилади.

Алишер Навоийнинг ёзишича, Жомий гарчи зоҳир юзидан Саъдиддин Кошғарий муриди бўлса-да, аслида увайсий бўлиб, Баҳовуддин Нақшбанд руҳониятидан тарбия топган, ўз даврининг улуғ алломалари билан мулоқот қилган. Хожа Аҳрор Валий билан яқин муносабатда бўлган. 1476 йили Алишер Навоий унга мурид тушиб, расман нақшбандия тариқатига кирган.

Абдураҳмон Жомий Алишер Навоий маслаҳати билан ўз шеърларидан учта девон тузади: “Фотиҳат уш-шабоб” (“Ёшликнинг бошланиши”), “Воситат ул-иқд” (“Ўртадаги дур”) ва “Хотимат ул-ҳаёт” (“Ҳаёт хотимаси”). Бу девонлардан шоирнинг 1805 ғазал, 274 рубоий, 137 қитъа, 53 қасида ва бошқа турли жанрлардаги жами 2340та асари ўрин олган. Жомий еттита достон, тасаввуфга доир кўплаб асарлар ёзган. Жумладан, “Нафаҳот ул-унс” тазкирасида 616 нафар шайху авлиё ҳақида маълумот берилган.

Жомий нуктадон ва нозиктаъб адабиётшунос ҳам эди. Унинг “Рисолаи аруз” асари аруз ҳақидаги энг мукаммал қўлланмалардан ҳисобланади. У муаммо жанрига бағишлаб тўртта рисола ёзган. “Шарҳи рубоиёт”ида ўз рубоийларини ваҳдати вужуд таълимоти асосида шарҳлаган. Яна қофия ҳақида махсус рисола ёзган. Шарқ сўз санъатидаги бир неча машҳур қасидаларга алоҳида-алоҳида шарҳлар битган. Саъдийнинг “Гулистон”ига назира тарзида яратилган “Баҳористон” пандномасининг шеър ва шоирлик ҳақидаги еттинчи бобида ўтмиш ва замондош шоирларга, ижодининг асосий йўналишидан келиб чиқиб, холис илмий баҳо берган.

Алломанинг мусиқа ҳақидаги рисоласи (“Рисолаи мусиқий”) Шарқ мусиқаси тарихида муҳим аҳамиятга эга. Мусиқа масалаларига бағишланган “Нақши Мулло” (“Нақши Имома”) асари ҳам машҳур. У мусиқада Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино ва Абдулқодир Мароғий анъаналарини давом эттирган ва ривожлантирган.

Жомий асарларининг умумий сони 100 га яқин деб тахмин қиладилар. Алишер Навоий “Хамсат ул-мутаҳаййирин” (“Беш ҳайрат”) асарида уларнинг 38 тасини санаб кўрсатади. Кейинги тадқиқотлар натижасида уларнинг умумий адади 48 тага етди.

Буюк адиб асарлари таржимасини ўз даврида Алишер Навоий бошлаб берган эди. ХIХ асрга келиб Огаҳий шоирнинг “Юсуф ва Зулайхо” ҳамда “Саломон ва Абсол” достонлари ва “Баҳо­ристон” пандномасини ўзбекчалаштирган. Унинг ҳамюрти ва замондоши Раҳмонқул қори эса “Нафаҳот ул-унс”ни таржима қилган.

ХХ асрнинг иккинчи ярмида ғазал, қитъа ва рубоийларидан намуналар, “Силсилат уз-заҳаб”, “Искандар хирадномаси”, “Юсуф ва Зулайхо” достонлари, “Баҳористон” асаридан парчалар таржима қилиниб, “Танланган асарлар” номида чоп этилди. Асарларни Ғафур Ғулом, Васфий, Чустий, Ҳабибий, Улфат, Боқир, Анисий, Шоислом Шомуҳамедов, Назармат каби мумтоз шарқ адабиётининг билимдонлари таржима қилганлар. Ш.Шомуҳамедов таржимасида Жомийнинг “Баҳористон” асари икки марта босилиб чиқди. “Инжулар уммони” тўпламидан Жомийнинг 14 ғазали, 15 тадан қитъа ва рубоийси, “Силсилат уз-заҳаб”дан катта шеърий парча ва “Искандар хирадномаси” дос­тонидан парчалар ўрин олган.

1989 йили Абдураҳмон Жомийнинг “Мақсуди дил…” номли китоби нашр этилди. Ундан шоирнинг ғазаллари, қитъалари, рубоийлари ва ҳикматлари жой олган. Ж.Қувноқ таржимасида 29та, Т.Қаҳҳор таржимасида 24та ғазал, шунингдек, турли асарларидан олинган ҳикматлари таржимаси берилган.

Жомийнинг йирик асарлар – достонларидан намуналар ҳам ўзбек тилига таржима қилинди. Ш. Шомуҳамедов “Искандар хирадномаси”, О.Бўриев “Юсуф ва Зулайхо”, “Лайли ва Мажнун”, “Соломон ва Абсол” достонлари таржимасини ўзбек ўқувчилари эътиборига ҳавола этдилар. Матншунос олима Ҳ.Мухторова Фахриддин Ироқийнинг “Ламаъот” (“Шуълалар”) асарига Жомийнинг ёзган шарҳини таржима қилган. “Гулшанингда сўлмасин гул” тўплами (2008) эса 201 ғазал ва 100 қитъа, 260 рубоий ҳамда ҳикматларидан иборат. Биз бу борадаги изланишларимизни давом эттириб, ўз таржималаримизга шоирнинг яна 23та ғазалини қўшган ҳолда “Муҳаббат маз­ҳаби” номи билан алоҳида тўплам ­сифатида нашр эттирдик (2011). Ҳ.Неъмат шоирнинг 120та ғазалини ўз таржимасида ўзбек ўқувчилари ҳукмига ҳавола қилди.

Абдураҳмон Жомий инсоний фазилат ва иллатларни фалсафий таҳлил қилиб, ҳар бири мақол даражасидаги шаклан гўзал, мазмунан теран, бадиий юксак ва таъсирчан ҳикматлар яратган мутафаккир шоирдир. Ҳикматлари ҳаётдан олинганлиги, ихчам, гўзал ва таъсирчан бир шаклда назм риштасига терилгани туфайли бир ўқигандаёқ ўқувчини ўзига жалб қилади ва хотирасида нақшланиб қолади.

Қуйида мутафаккир шоирнинг турли асарлари ичида келган ҳикматли мисраларининг ушбу сатрлар муаллифи томонидан амалга оширилган янги таржималари билан танишасиз.

Эргаш Очилов,

филология фанлари номзоди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 52-сон