GfK халқаро тадқиқот институти ўтказган сўровнома натижаларига кўра, 2016 йили дунёнинг энг китобхон миллати хитойликлар бўлишди. Сўровномага жавоб берган хитойликларнинг 70 фоизи ҳар куни ёки ҳар ҳафтада ақалли бир марта китоб ўқишини таъкидлаган. Иккинчи ўринни россиялик (59 %), учинчи ўринни испаниялик (57 %) китобхонлар эгаллашди. Ушбу институт томонидан аввалги йилларда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳиндистонликлар (ҳафтасига 10,7 соатни китоб ўқишга сарфлайдилар), таиландликлар (9,4 соат) ва хитойликлар (8 соат) энг кўп китоб ўқувчи давлатлар рейтингида пешқадам эдилар.
Бизда-чи? Аҳолимизнинг қанча қисми ҳар куни ёки ҳафтасига ақалли бир марта китоб ўқийди? Ҳафтасига қанча соатни китоб ўқишга сарфлаймиз? Менимча, умумий аҳолига нисбатан натижаларимиз қониқарли чиқмаса керак…
Жамиятимизда китобхонликнинг юксалишига тўсқинлик қилувчи бир қанча сабаблар мавжуд:
– китоб маҳсулотларининг нисбатан қимматлиги (ривожланган давлатларда ойлик даромад миқдорига нисбатан китобга сарфланадиган маблағ фоизи кам);
– ҳар томонлама профессионал нашриёт ва матбаа корхоналарининг камлиги (қоғоз ва матбаа маҳсулотлари ва техникасини эркин импорт қилиш, ўзаро рақобатнинг ўсиши китобларнинг нархи ва сифатига ижобий таъсир этади);
– имло билан боғлиқ муаммолар «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида»ги Қарорга кўра, янги алифбога босқичма-босқич ўтилиб, бу иш 2010 йилнинг 1 сентябрига қадар тўлиқ тугалланиши керак эди. Амалда эса ҳамон кирилл ёзувидан фойдаланяпмиз. Орада кирилл ва лотинда ўқийдиган авлодлар орасида тафовут пайдо бўлган)…
“Очиқ кутубхона” ташкил этамизми?
Ҳозир китобхонлар учун барча шароитлар мавжуд. Бир маълумотни қидириш учун соатлаб энциклопедия титкилашга ҳожат йўқ. Интернетга кириб, исталган маълумотни сониялар ичида топиш мумкин. Электрон кутубхоналар ташкил этилиши билан китобларни ҳам қисқа муддатда қўлга киритиш ва мутолаа қилиш осонлашди. Аввалгидек кутубхонага бориш, аъзо бўлиш, китобга буюртма бериш, топиб олиб келгунларигача кутиш, расмийлаштириш каби вақтталаб даҳмазаларга ҳожат қолмади.
Албатта бу жараён кутубхоналарга борувчиларнинг камайишига ҳам сабаб бўлди. Нима қилиш керак? Агар китобхон кутубхонага келмаса, кутубхона китобхонларга бориши керак. Дунёнинг энг катта кутубхоналари китоб фондлари электронлаштирилиб, онлайн ўқиш имконияти тақдим этилган. Яқинда Туркиядаги барча қўлёзма асарлардан нусха кўчириш бепул бўлганлиги хабари тарқатилди. Кутубхоналар ва жамоат ташкилотлари шаҳар ва қишлоқларнинг гавжум жойларида, транспорт бекатларида мутлақо бепул халқ кутубхоналарини ташкил этмоқдалар.
Ўтган йили озарбойжонлик ҳамкасбларим ажойиб янгиликни етказишди. Қардошларимиз давлат кутубхонасидан айри ҳолда, турли қоғозбозликдан холи, ҳафтанинг 7 куни, 24 соат фаолият юритадиган халқ кутубхонасини очибди. Кутубхона Боку шаҳрининг Хоқоний кўчасида, соя-салқинда жойлашган. Хиёбонда китоб жавонлари ўрнатилган. Ўқиш ва мулоқот учун қулай курсилар жойлаштирилган. Кечаси фонус ёруғида мутолаа қилиш мумкин.
“Мен ўқидим, сен ҳам ўқи” шиори остида фаолият юритувчи бу мўъжаз зиё масканига Озарбойжон миллий кутубхонаси дастлаб 1500 китоб тақдим этган. Ҳозирда китоблар сони 4000 га етибди.
Кутубхонадаги турли мавзулардаги китобларни исталган пайт бориб ўқиш, уйга вақтинча ёки доимий олиб кетиш мумкин. Уйга олиш учун сиз ҳам кутубхонага бир китоб тақдим этишингиз керак. Шунингдек, ўқиб бўлинган китобларни ҳам очиқ кутубхона фондига ҳадя қилиш мумкин.
Бу масканда муаллифлар, олим ва ёзувчилар билан учрашувлар ўтказилиб, имзо кунлари ташкил этилар экан.
Менимча, бизда ҳам бу лойиҳани қўллаб кўрса бўлади. Ҳозир аксар тараққий этган давлатларда халқни босма китоблар ўқишга қайтариш мақсадида мана шундай буккроссинг ҳаракати кенгаймоқда.
Бизга китоблар шаҳри керакми?
Сўнгги йилларда юртимизда катта китоб мажмуаларининг очилиши барчани қувонтирмоқда. Мана шу китоб дўконларини сифатли ва керакли адабиётлар билан тўлдириш давр талабидир. Китобхон дўконга кириб адашиб қолиши керак, кунлаб қолиб кетиши керак, керакли барча адабиётларни топа олиши шарт. Авваллари чойхоналар жамиятнинг китобга бўлган эҳтиёжини ҳам қондирадиган маскан бўлган экан. Айнан чойхоналарда навоийхонлик, бедилхонлик, саъдийхонликлар бўлганини манбаларда кўп ўқиймиз. Ҳозирги замонавий китобхоналарга бориш ҳам аҳолининг кундалик ҳаёт тарзига айланиши керак.
АҚШнинг Портленд шаҳрига борганимда “Powell’s китоблар шаҳри” деб номланувчи мажмуани кўриб, ҳайратлангандим. Бутун бир квартални эгаллаган, 3 қаватдан иборат ушбу зиё салтанати АҚШдаги энг катта китоб дўконидир. “The Washington Post” газетасининг ёзишича, “Powell’s китоблар шаҳри” инглиз дунёсидаги энг яхши ва энг катта китоб дўконларидан биридир. Бу ердан исталган мавзудаги янги ва эски китобларни топиш мумкин. Исталган китобни олиб, шу ернинг ўзида хоҳлаганча ўқиш мумкин.
Дўконда 4 миллиондан ортиқ китоб сотилади, кунига 3000 эски китоб сотиб олинади. Китоблар мавзусига кўра, 9 та зал, 3500 та бўлимга ажратилган. Ҳар бир залда китобни электрон тарзда қидириш учун компьютерлар ўрнатилган. Телефонлар учун ҳам махсус илова дастури мавжуд бўлиб, у орқали маълум китобни қайси бўлимдан топишни аниқлаш мумкин. 50 нафардан ортиқ хизматчилар сизга китоб топишда ёрдам беришади. Дўконни айланиб чиқишга ярим кун кетди, шунда ҳам барча бўлимлар билан танишиб чиқишга имкон бўлмади. Асосий ва ўзимга қизиқ бўлган бўлимларни кўриб чиқдим.
Ислом бўлимида 1000 га яқин китоб мавжуд. Бўлимда Имом Термизий ривоят қилган ушбу ҳадис ёзиб қўйилган: “Агар сиз фақирларни севсангиз ва улар билан яқин бўлсангиз, Қиёмат куни Аллоҳ ҳам сизни Ўзига яқин қилади” (1376-ҳадис маъноси). Жалолиддин Румий учун ҳам алоҳида бўлим ажратилган. Саёҳатлар бўлимидан Ўзбекистон ҳақида ҳам учта китоб топдим. Луғатшунослик, энциклопедиялар, болалар учун китоблар бўлимида кўпроқ қолдим. Болаларнинг интеллектуал шаклланиши учун ажойиб китоблар мавжуд экан.
Баъзи китоблар икки хил: арзон ва қиммат вариантда чоп этиларкан. Қимматроқ вариантининг муқоваси қаттиқ, ялтироқ, қоғоз сифати ҳам аъло. Арзонроқ вариантдаги китобнинг муқоваси юмшоқ, қоғози сариқ, лекин ҳамёнбоп — қиммат версиядан 2 баробар арзон. Биздаги нашриётлар ҳам ушбу тажрибани амалда қўллаб кўришса, китобхонликни ривожлантиришга яна бир туртки бўларди.
“Бир мамлакат — бир китоб”: ҳатто қамоқхоналарда ҳам ўқишмоқда
Яқинда Қозоғистон Республикасининг пойтахти Остона шаҳрида «Ўқиётган дунёда китобхон миллат» халқаро симпозиумида иштирок этдим. Бутун дунёдан 400 нафар зиёлиларни жамлаган ушбу анжуманда “Мутолаа ва тафаккур”, “Болалар ва ёшлар орасида китобхонликни тарғиб этиш”, “Биз нега ўқиймиз?” каби мавзуларда қизиқарли маърузалар, “Миллий ахборот сиёсати ва халқаро ҳамкорлик жараёнида миллий кутубхоналар”, “Кутубхоналар ва музейлар: уларнинг жамиятдаги роли”, “Болалар адабиёти ва замонавий таълим: тенденциялар ва истиқболлар”, “Жаҳон ахборот тармоғидаги манбалар интеграцияси” мавзуларида муҳокамалар бўлиб ўтди.
Қозоғистон Республикаси Миллий академик кутубхонаси директори ўринбосари Алия Кожабекованинг айтишича, Қозоғистонда 2007 йилдан бери “Бир мамлакат — бир китоб” акцияси муваффақиятли амалга оширилмоқда экан. Бунда бир йил давомида бутун мамлакат бўйича битта китоб тарғиб қилинади ва ҳамма ўша китобни ўқийди, муҳокама қилади. Абайдан бошланган лойиҳа орқали 11 йилдан бери қозоқ зиёлилари асарлари халққа танитиб борилмоқда. Ёзувчи-шоирлар, олимлар, жамоат арбобларидан иборат комиссия ҳар йили ўқиладиган муаллиф ва унинг китобини белгилаб беради. Дастлабки йили бу лойиҳада 70000 киши иштирок этган бўлса, сўнгги йилда 3 миллион киши қатнашибди.
— Информацион қамров кучайган замонда бунга осонликча эришиб бўлмайди, — дейди Алия Кожабекова, — Мамлакатдаги ҳар бир кутубхона йил китобини тарғиб этишга ҳисса қўшмоқда. Турли конференция, тадбирлар, маърузалар, ток-шоулар, театр постановкалари, танловлар ташкил этамиз. Асарнинг электрон версиясини турли форматларда (матнли, овозли) тайёрлаймиз. Махсус мобиль илова ташкил этганмиз. Шаҳардаги барча автобус бекатларида илова QR-кодларини жойлаштирганмиз. Республика радиосида ҳар ҳафта 1 соат жонли эфирда китобхонликни тарғиб қиламиз. Йил китоби бўйича флешмоблар ўтказамиз. Дастлабки йиллари бу акция фақат кутубхоналар доирасида бўлган эди. Ҳозир унинг қамрови бутун мамлакатга ёйилди. Ҳатто қамоқхоналарда ҳам ўқишмоқда.
Ўзиборар кутубхона
Менга Россия Федерациясининг Саха Республикаси миллий кутубхонаси ташкил этган “адабий пикник” тажрибаси ҳам маъқул келди. Кутубхона директори ўринбосари Мария Андрееванинг айтишича, республиканинг кўп ҳудудларида интернет мавжуд эмаслиги сабабли кутубхоналарга эҳтиёж катта. “Адабий пикник” лойиҳаси орқали улар улус(туман)лардаги қишлоқларга кўчма кутубхоналарни олиб бориб, адабий тадбирлар ўтказишмоқда экан.
— Очиқ осмон остидаги китоб музейида ўқувчилар орасида энг яхши китобхон, энг яхши ёш шоир, ёзувчи ва таржимонлар танловларини, янги китоблар тақдимотини, асарлар муҳокамасини ўтказамиз. Яна республикамиз зиёлилари, давлат ва жамоат арбоблари томонидан ўқилиши шарт бўлган 100 та китоб рўйхати тузиб чиқилган. Ушбу китобларнинг барчаси электронлаштирилган ва кутубхонамиз сайтида тақдим этилган. Ҳозирда Саха Республикаси Россиядаги энг китобхон регионлар бешлигига киради, — дейди Мария Андреева.
Энг китобхон шаҳар бўлиш сари
Астананинг диққатга сазовор жойлари ва деярли барча транспорт бекатларида «Astana – Bilimland» онлайн-лойиҳаси ижтимоий рекламасини кўриб қувондим. Бу лойиҳа «WikiBilim» фонди томонидан Астана шаҳри ҳокимияти кўмагида амалга оширилаётган бўлиб, қозоқ тилидаги барча адабий ва илмий адабиётларни электронлаштириб, халққа бепул тақдим этишни мақсад қилган.
Ҳозирда 10000 дан ортиқ китоб (1500 аудиокитоб, 400 аудиоэртак) рақамлаштирилиб, E-PUB форматда тайёрланибди. 150000 сўз ва бирикмалардан иборат қозоқ тили универсал луғати ҳам лойиҳага бириктирилган. Асар муаллифлари ва ҳуқуқ эгалари билан уни бепул ҳавола этиш бўйича келишувлар олиб борилмоқда экан.
Лойиҳа ташкилотчиларининг айтишича, «Astana – Bilimland» хизматидан фойдаланиш учун интернетга уланган мобил қурилма бўлса кифоя. Бекатлардаги баннерларда жойлашган QR-кодни фаоллаштириш орқали китобни телефонга сақлаб олиш мумкин. Шунингдек, мобиль иловани ўрнатиб, китобларни аудио форматда эшитиш ва интернет йўқ бўлган пайтда ҳам фойдаланиш мумкин.
Ёшлар китоб ўқимай қўйдими?
Кўпинча катта авлод вакилларидан “ёшлар китоб ўқимай қўйди” деган танбеҳни эшитамиз. Яқинда босма китобларни электрон китоблардан жудаям қизғонувчи бир зиёли акамиз эътироф этиб қолди: “Метрода, автобусда ёшлар телефонига термулиб, нуқул ўйин ўйнайди, деб ўйларканман. Кейин кузата бошладим. Телефонида китоб ўқиб кетадиган ёшлар ҳам кўп экан”.
Баъзи катта ёшли зиёлилар орасида интернет ва электрон китоблардан ҳайиқиш ҳали ҳам мавжуд. Мутолаанинг шакли ўзгангани билан сифати ўзгаргани йўқ. Аксинча, кейинги йилларда информация миқдори кескин ортиб, мутолаа ҳам ортаётганини статистика кўрсатмоқда. Дунёдаги энг катта китоб сотувчи компания — Amazonнинг хабар беришича, ҳозирда дунёда бестселлер бўлган китобларнинг 25 фоизи ҳали нашриётлар томонидан чоп этилмасдан туриб муаллифлар бевосита интернетга жойлаган асарлардир. Аввал интернетда машҳур бўлган китоблар босма ҳолида ҳам чоп этилиб, бестселлер бўлмоқда. Дунёда китоби энг кўп сотилган муаллифлардан бири Пауло Коэльо таъкидлаганидек, “Китобларимнинг интернетда электрон версияси тарқатилиши уларнинг босма нашрини бестселлер қилди”.
Бундан икки йил аввал Android тизимида ишловчи телефонлар учун нашриётларнинг янги чиққан китобларини сотиб олиб, ўқишга мўлжалланган Kitobim мобил-иловасини чиқаргандик. Аввалига роса иккиландик. Ёшлар электрон китобни сотиб олишмаса керак деб ҳадикка тушдик. Маълум бўлдики, Ўзбекистонда электрон китобларни сотиб олиб, ўқиш анъанаси шаклланибди. Албатта, бу борада ҳали ҳал қилишимиз керак бўлган ишлар олдинда.
Ўзбек тилидаги биринчи электрон кутубхона – www.ziyouz.com 2004 йили ташкил этилган бўлиб, ҳозирда порталда 9000 дан ортиқ электрон китоблар мавжуд. Уларнинг кўп қисми ноёб нашрлардир. 2016 йили Ziyouz порталига 3,5 миллион киши ташриф буюрди, китоб ва мақолалар 20 миллион марта ўқилди. Android телефонлари учун ҳам 20 дан ортиқ китоб иловалари чиқарилган. Уларнинг ҳар бирини 50000 дан ортиқ фойдаланувчи кўчириб олган.
Ziyouz портали томонидан китобхонликни тарғиб этиш бўйича бир қанча амалий ишлар қилинди. Порталда доимий равишда китоблар тарғибот қилинади, машҳур кишиларнинг китоб мутолааси бўйича тавсиялари бериб борилади. Яқинда “Зиёлилар: ким нима ўқияпти?” деб номланган сўровнома ўтказдик. Юртимиз зиёлиларидан айни кунларда қандай китоб ўқиётгани сўралди ва 120 дан зиёд жавоб олинди. Атоқли олимлар, ёзувчи-шоирлар, адабиёт ва бошқа соҳа вакиллари – миллатимиз зиёлиларининг жавобини ёшларга тақдим этдик. Энди “Ёшлар нима ўқимоқда?” деб номланган сўровнома ўтказмоқчимиз.
Ёшлар ўқияпти! Электронми, босма китобми, муҳими — мутолаадан чекинмасак бўлгани! Шундагина энг китобхон миллатлардан бирига айланишимиз муқаррар!
Давронбек Тожиалиев,
www.ziyouz.com кутубхонаси асосчиси