Дилшоджон Тангриев. Атторшунос олмон олими

Ҳамиша афсонавий бўлиб келган Шарқ тафаккури, жумладан бадиий адабиёти Европа халқларини мафтун этиб келгани сир эмас. Шарқ адабиёти даҳоларининг юксак адабий-илмий мероси Ғарб олимларини ғаройиб тадқиқот материаллари билан таъминлаб тургани, шоир ва ёзувчиларни эса гўзал бадиий ғоялари билан илҳомлантириб келгани ҳам айни ҳақиқатдир. Улуғ мутаффакир, йирик мутасаввиф шоир Фаридуддин Абдуҳомид Муҳаммад Ибн Абу Бакр Иброҳим Атторнинг номи ва маънавий мероси ҳам европаликларда катта қизиқиш уйғотган. Атторнинг ҳаёти, ижоди ва қарашларини таҳлил ҳамда тадқиқ этиш йўлида Европада кўплаб илмий изланишлар амалга оширилди. Улар орасида Аттор ижодини биринчилардан бўлиб ўрганган ва жиддий шуғулланган олмон олими Ҳелмут Риттер (1892-1971 ) фаолияти алоҳида ўрин тутади. У Фаридуддин Атторнинг “Илоҳийнома” асари қўлёзма нусхаларини катта заҳматлар билан йиғди ҳамда тадқиқотчилар учун ўзига хос йўл ва кенг имкониятлар очиб берди. Жумладан, олим асар қўлёзмалари орасида энг мўътабар беш нусхасини аниқлаб берди, улардаги хатоликлар ва нуқсонларни тасҳиҳ этиб асарнинг илмий-танқидий матнини тайёрлаш устида эътирофга лойиқ тадқиқот олиб борди.

“Илоҳийнома”нинг Истанбулдаги Султон Муҳаммад Фотиҳ кутубхонасида 3674 рақами остида сақланувчи қулёзма “F” ҳарфи билан белгилаб олинади. У ҳижрий 729 йили ёзиб Муҳаммад Ибн Муҳаммад Ал-Камол томонидан насх хатида кўчирилган. Қўлёзма бетлари нотўғри тартибда рақамланган. 195 рақамидан 2 марта фойдаланилган. Ҳар бир бети 16 мисрани ўз ичига олади. Унчалик чиройли бўлмаган Шарқий насхда ёзилган. 131- ва 139-бетлари алмаштирилгани учун бироз сифати ёмонлашган.

Асарнинг Лондондаги India оffice қўлёзмалар хазинасида сақланаётган 2684 рақамли нусхаси “I” ҳарфи билан белгилаб олинади. Бу нусха мажмуа таркибида бўлиб, Муҳаммад Ҳожи Ибн Бобо Ҳожи томонидан 807 ҳижрий йилда кўчирилган китобнинг 196-б ва 278-а варақларини ишғол қилган. Уч устунли. Мисралар ташқи томондан рамкага олинган. У ҳам Шарқий насх хатида ёзилган бўлиб, баъзи ҳарфларнинг истифодасида фарқлар бор. Хусусан, п ҳарфи форсча “пе” орқали, ч ҳарфи эса форсча “жим” орқали ифодаланилишини, шунингдек, “дол” ҳарфининг нуқтасиз шаклидан фойдаланилиши Риттер томонидан таъкидланади.

British muzeum кутубхонасида сақланаётган 27261 рақамли нусха “B” ҳарфи билан белгиланади. Қўлёзма Темурий Жалолиддин Искандар Ибн Умар Шайхнинг кутубхонаси учун 813 ҳижрий йилда кўчирилган. Бу қўлёзма ҳам мажмуа таркибида бўлиб, нусханинг 3-б – 112-а бетларида келтирилган. Риттер Низомийнинг “Ҳафт пайкар” достони танқидий матнини ҳам ана шу нусха асосида тайёрлаган эди. У ҳам кичик латиф насх хатида ўша даврнинг анъаналарига мос дид билан кўчирилган. Унда “дол” ҳарфи унлилардан сўнг нуқтали келиши аниқланган. Унинг муқовалари нотўғри тартибда бириктирилган. Масалан, 98-бетдаги жумлалар 108-бетда давом эттирилган. Қўлёзмани ёзган котиб ўзининг ёзганларига кўп марта қайтадан эътибор қаратган. Достоннинг бутун бир қисмини икки мартта қайта кўчирган, аммо у тезда ўзининг хатосини сезган. Мисралар ҳамма томондан рамкага олинган. Ёзуви кичкина чиройли насхда ёзилган.

Аё София кутубхонасида 4792 рақами остида сақланувчи нусха ҳижрий 816 йили Шерозда Асад Ибн Муҳаммад Ал-Котиб томонидан кўчирилган. У “А”ҳарфи билан белгиланади. Нафис мажмуа таркибидан ўрин олган. “Илоҳийнома” 209-а – 555-а саҳифаларда кўчирилган. Унда ҳам “дол” ҳарфининг унлилардан сўнг нуқтали келиши кўрсатиб ўтилган. Бу қўлёзма Темурий Искандар кутубхонасига тегишли бўлган бўлиши ҳам мумкин. Чунки иккала қўлёзма ёзувлари бир бирига ўхшаш. Бу қўлёзмада ҳам п ҳарфи форсча “пе” орқали “ч” ҳарфи форсча “жим” орқали ифодаланган. Иккала қўлёзма мисралари ўхшаш бўлса-да, у бу қўлёзма рамкага олинмаган.

Истанбулдаги Султон Муҳаммад Фотиҳ кутубхонасида 3673 рақам билан сақланувчи яна бир нусхаси “М” ҳарфи билан белгиланади. У 227 варақ насталиқ хатида ҳижрий 863 йилда кўчирилди. “Илоҳийнома”нинг илмий-танқидий матни 1940 йили Истанбулда нашр этилди. Нашр олмонча ва форсча каттагина сўзбоши ва бошқа илмий кўрсаткичлар билан таъминланган. Олим Ҳелмут Риттер “Ғ” 3674 сонли қўл­ёзма ҳақида мулоҳаза юритиб, қуйидагиларни билдириб ўтган: қўлёзманинг 1 – 21-бетлари нисбатан янгироқ кўчирма. Асарнинг кириш қисми Абу Бакрнинг мақтови билан бош­ланади, буни асарнинг охирида ҳам кузатиш мумкин. Бу қўлёзма кириш қисми анча кенгроқ, “В” Британияда сақланаётган қўлёзмада эса кириш қисми анча қисқа. Шунингдек, изоҳлар ўрин олган. Ҳелмут Риттер қўлёзмаларнинг ҳар бир саҳифасидаги фарқларни бир-бири билан солиштириб чиқди. У “Илоҳийнома” асари мазмуни олмон ўқувчиларига тушунарли бўлиши учун унинг титул варағига “Халифанинг олти ўғли билан суҳбати” деб ёзиб қўяди.

“Илоҳийнома” шоирнинг тасаввуфий қарашларини шарҳлашга бағишланган асар. Ҳелмут Риттер асар устида фикр юритиб, Аттор шеъриятнинг барча сирларини яхши биладиган санъаткор устоз, унинг асарларидаги кичик ҳажмли ривоятларга тасаввуфга хос маъно ва мазмунларни жуда катта маҳорат билан сингдира олганини таъкидлайди.

Риттер ўз илмий фаолиятида инглиз олими Риналд Николсоннинг тажрибаларига таянганини таъкидлайди. Риналд Николсон ҳам шарқ адабиёти билан жуда қизиқиб қолган олимлардан. Айниқса, у амалга оширган ишлар орасида Жалолиддин Румийнинг “Маснавий” асари таржимаси ва шарҳи алоҳида ўрин тутади. Олим умрининг катта қисмини “Маснавий” асари илмий-танқидий матнини яратишга сарфлаган. Николсон Румий вафотидан сўнг “Маснавий”­нинг узоқ йиллар давомида кўчирилган ва музейларда сақланаётган қўлёзма нусхаларини солиштириб, бу асарнинг илмий-танқидий матнини яратди. Шунингдек, у Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асари устида амалга оширган текстологик ишларини ҳам нашр эттирган эди. Ҳелмут Риттер Николсоннинг бу илмий-танқидий матнлар устида улкан саъй-ҳаракатлар олиб борганини, ўзига хос матншунослик намуналарини жорий қилганини ва улардан ўзи ҳам фойдаланганини алоҳида таъкидлайди.

Албатта, Шайх Аттор тасаввуф илми тарихида шубҳасиз катта ўрин тутган ва унинг кенг ёйилишига улкан ҳисса қўшган буюк сиймолардан биридир. Унинг серқирра ва бой ижоди илоҳий маърифат ғояларнинг нодир хазинаси бўлиб хизмат қилади. Олмон шарқшунос олими Ҳелмут Риттернинг изланишлари, ҳақиқатан, таҳсинга сазовордир. Бу изланишлар кўплаб олимларни ҳам қизиқтириб қўйди. Атторнинг маънавий меросини буюк бир уммон сифатида баҳолаб, унга чуқур шўнғиш жуда кўп қимматли жавоҳиротларни топиш мумкинлигини Реттерга издош олимлар исбот қилдилар. Улар Аттор асарларидаги сабр-тоқат орқали ҳаққа, ҳақиқатга етиш ғояси билан боғлиқ кўпгина фалсафий мулоҳазалар ва ибратли ҳикоятларни ҳам тадқиқ этганлар.  Бир неча Европа олимлари шарқ мутафаккирлари асарларининг ўқувчилар қўлига етиб боришида қилган хизматлари таҳсинга лойиқ. Ҳелмут Риттернинг мазкур тадқиқоти ҳам катта фундаментал иш сифатида матншунослик ва манбашунослик илмига улкан ҳисса қўшди, десак хато қилмаймиз. Бу ишни ўрганиш ўзбек матншунослигига ҳам мактаб вазифасини ўтайди.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 4-сон