Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар»ида қаламга олинган даврни «тарихимизнинг энг қора, кирлик кунлари» дея таърифлагани маълуму машҳур. Ҳукмга шошган одам романда тасвирланган «кейинги хон замонлари»нинг бундай таърифланишида адибнинг «замонасозлик» қилгани ёхуд «шўро мафкураси таъсирини» кўрса, эҳтимол. Ҳолбуки, бунда на замонасозлик, на шўро мафкураси таъсири бор – Абдулла Қодирий мансуб тараққийпарвар зиёлилар авлоди мазкур замонга шундай муносабатда бўлган. Жумладан, Чўлпоннинг «Сўнг даврда йўқсил Шарқнинг тарихи бир бет бўлсин, оқ сатрни кўрмади» дегани, «Эл ва юртни сақлар учун сўнг хонлар тузуккина чора, тадбир қилмаган»идан ёзғиргани ҳам Абдулла Қодирий таърифини қувватлаб тушади. Яна бир муҳим жиҳати, адибнинг ўзи тасвирлашга чоғланган давр ҳаётига оид турфа материалларни қунт билан ўрганганини ҳам назардан қочирмаслик керак. Сираси, Абдулла Қодирий «кейинги хон замонлари»га оид материалларни бутун ижодий фаолияти давомида тўплаб-ўрганди десак, муболаға бўлмайди: йигит ёшида «Ўтган кунлар» муносабати билан, сўнг «Меҳробдан чаён» туфайли, ниҳоят, рўёбга чиқмай қолган «Амир Умархон канизи» романига тайёргарлик давомида. Айтмоқчимизки, унинг юқоридагича муносабатида замонасозлик ё кўпчилик фикрига эргашишдан кўра англанганлик жиҳати устувордир.
«Ўтган кунлар»да Отабек тилидан «идора усули»нинг эскиргани ҳақида айтилади, хонликнинг носозлиги беклар ва амалдорларнинг нопоклигию манфаатпарастлигида, дея талқин қилинади. Роман воқеаларида Худоёрхон иштироки ҳаминқадар: «биринчи хонлик даври»да унинг Мусулмонқул қўлида қўғирчоқ бўлгани таъкидланади, тарихий ҳақиқатга содиқ қолинади. Буни адиб ўқувчига хонни илк бор тақдим этганидаёқ – ҳолат тасвирининг ўзида таъкидлаб кўрсатади.Ҳолат эса шундайки, «мармардан ясалған тахт устида… ўн саккиз ёшлар чамалиқ … хон ўлтурар», сал наридаги курсида эса «Мусулмонқул ўлтурар ва ҳозирғина ҳудайчи тарафидан ўзига топширилған ариза ва мактублардан очиб ўқур эди». Яъни шоҳона либосларга бурканган Худоёрхон тахтда шунчаки савлат бўлиб ўтирадида, давлат ишлари билан Мусулмонқул шуғулланади. Ариза ва мактублар «падари аруси шаҳаншоҳ»га мурожаат билан бошланиши ҳам шуни тасдиқлайди. Яна бир деталь – Мусулмонқулнинг «ўқуб турған ариза»ни аҳамиятсиз деб ҳисоблагани учун хонга айтиб-нетмасданоқ «қоғозни иккига йиртиб оёғи остиға ташлаши» ёш хонга бийлиги қай даражадалигини намоён этади. Худоёрхоннинг қайин отаси Ўтаббой қушбегининг «хиёнати» ҳақида айтган гапига муносабати ҳам шунга мувофиқ: «Ўз салтанатига рахна солишдан иборат бўлған бу хабарлардан Худоёрхоннинг мутаассир бўлғанлиғи белгусиз, ул бу гапни эшитмасдан илгари қандай бўлса, ҳозирда ҳам шу ҳолда ўзгаришсиз эди. Мусулмонқулнинг ёниб турған, ўтдек тутоқиб сўзлаған гапини сукут билан кечирмаслик учунгина бўлса керак қуруқ ва ширасиз қилиб:
– Ҳаммадан ҳам Ўтаббойни айтингиз, аблаҳ бир одам экан, – деди, – мени сийламағанда ҳам сизни риоя қилса керак эди». Албатта, кўп ўтмай Мусулмонқулнинг ҳокимиятдан четлаштирилиши хоннинг бу тарз бефарқ ўтиришида «арқонни узун ташлаш» ҳийласи бор эди дейишга ҳам изн беради. Бироқ, мабодо шундай бўлганида ҳам, қайин отасида шубҳа уйғонмасин учун у ўзини ҳар доимгидек – «қўғирчоқ» мақомида тутиши керак бўлар эди. Отабек хон ҳузурида маҳкамага тортилганида ҳам ташаббус буткул Мусулмонқул қўлида бўлади, Худоёр эса «тахт устига қўндирилған жонлик ҳайкал» мақомида. Бу ҳайкалга фақат маҳкама ниҳоясида – Мусулмонқул эндигина ўзининг жон душмани билиб турган маҳкумига «оқсоқланиб, ўз қўли билан заррин тўн кийгузар экан» жон киради: «Худоёрхон ҳам йиртқич қайин отасининг чангалидан қутилғанини табрик қилғандек Отабекка кулиб боқди».
Юзаки қараганда А.Қодирий хонликдаги зулм ва ёвузликлар маншаини Мусулмонқул билангина боғлаб талқин қилаётгандек кўринсада, аслида, адиб масалага анча теран назар солади. Тўғри, адиб «Мусулмонқулнинг аҳоли устига бўлған жабру зулми ҳаддан ташқари кетгани»ни айтади, шу билан унинг зулми ортидан манфаат кўрувчилар борлигини ҳам назардан қочирмайди. Масалан, Мусулмонқул «арзимаган сабаблар билан қора чопон бекларни осдириб, кесдириб» туришини айтиш билан бирга «атроф шаҳар ва қишлоқ беклари ҳам қипчоқлардан» эканини таъкидлаб ўтади. Яъни Мусулмонқулнинг зулми якка шахс эмас, бутун бир уруғ – қипчоқлар манфаатига хизмат қилади. Унинг «ўз кайфича ойда эмас, ҳафтада солиб турған солиқлари» ҳам ўша қора чопон беклар ўрнини эгаллаган Мусулмонқул «одамлари» чўнтагини қаппайтиради. Қисқаси, таниш манзара: ҳокимият учун ҳамиша тўдалар – уруғлар, фирқалар, синфлар, кланлар курашади ва қайсисининг толейи кулиб, ҳокимият жиловини қўлга олсаёқ, ариқни ўзи томон буради… Энг қизиғи, ҳар қандай мустабид каби золим Мусулмонқул ҳам «уламо орқалиқ ўз зулмини машруʼ бир туска қўйған, ўзи учун зарарлик унсурларни йўқотишда шу уламолардан «улуламирга боғийлиқ» деган фатвони олишни унутмаған эди». Хулласи калом, зийрак ўқувчи кейинги тарихни мушоҳада қилиб кўрсаёқ, шубҳасиз, барча даврлар сиёсатида талай ўхшашликлар топади. Табиийки, шунда у ё адибни бир башоратгўй, халқ таъбирича, «етишиб қолган» одам экан деб таниши ва унга тасаннолар айтиши, ёки, агар фалсафага ошнороқ бўлса, сиёсат деганининг шакли ўзгараверар экану, моҳияти қиёматгача ўзгаришсиз қолаверар эканда, деган тўхтамга келиши муқаррар. Фақат, ноумид шайтон дейдилар, одам боласи ҳамиша толе кулишини кутиб навбатда турганларга умидвор қарайверади – худди иш бошига шу келсаёқ, олам гулистон бўладигандай. Худоёрхоннинг маҳкама чоғидаги ҳолатини эсланг: аллақандай сирли, қайин отасининг қилмишларини ёқламаётгандек, бироқ у ҳам чорасизда… Қипчоқ тўдаси еб, ўзи қуруқ қолаётганидан зада бўлган тўда, табиий, ёш хонда ўзининг қисматдошини ва нажотини кўради, унинг қабатига киради – ҳаммаси яна бошидан бошланади. Яъни қониқмаган манфаатлар бирлашдида, қипчоқ тўдаси манфаатлари билан тўқнашди, шугина холос. Дарвоқе, «Мусулмонқулға яқинлаша олмаған, яъни унинг хизмат ва марҳаматидан четда қолған «нимча» уламолар ҳам йўқ эмас эдилар»ки, хон уларни «қайин отаси билан курашда ўзига биринчи истинодгоҳ қилиб» олди. Истиқболдаги «инъом ва эҳсонлар, бериладиган мансаблар» илинжи кучли эмасми, Мусулмонқулга тарафдор уламолар унинг сиёсатини «шариъатқа қанча мутобиқ кўрсатиб келган бўлсалар», кейинги тоифа «ўшанча хилофи шаръий эканлигининг исботига киришдилар». Адиб бунда ҳам умумий бир қонуният кўради: подшоҳ фақат қиличигагина таяна олмайди, ҳукмронлиги бардавом бўлиши учун раият онгида ўзининг устида айнан шу одам ҳукм юргизишга ҳақли ва муносиб, у юритаётган сиёсат адлу инсофга таянади ва умумманфаатларига мос деган фикр ўринлашмоғи керак. Моҳиятга боққан ўқувчи Худоёрхон тахт учун курашда қўллаган тактика билан замонавий сайловолди кампаниялари ёхуд ҳокимият билан зиёли қатлам муносабатлари орасидаги кўплаб муштарак нуқталарни кўра олади.
Қипчоқ қирғини ҳам моҳиятан манфаатлар тўқнашувининг оқибатидан бошқа эмас. Шу маънода Отабекнинг отасига берган «Йиртқичларнинг бу қирғиндан қандай муддаолари ҳосил бўларкин?» деган саволи ярим риторик табиатга эга. Негаки, унинг замирида «бу иш ҳеч бир фойдасизку, бекор қон тўкилгани қолади, холос!» қабилидаги ишонч-эътироз ётади. Аксинча, «кўб умрини шу юртнинг тинчлиғи ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилган» Юсуфбек ҳожи қирғиннинг асл маншаини яхши билади: «биттаси мингбоши бўлмоқчи, иккинчиси Нормуҳаммад ўрниға минмакчи, учинчиси яна бир шаҳарни ўзига қарам қилмоқчи. Хон эрса Мусулмонқулға бўлған адоватини қипчоқни қириб аламдан чиқмоқчи». Албатта, Юсуфбек ҳожидек одамнинг гапига катта қиммат берилади, бироқ буни айнан, яъни хон Мусулмонқулдан аламини олмоқ учунгина қипчоққа қатлиом буюрди, деб тушуниш хато бўлур эди. Зеро, қирғин замирида унинг ҳам жиддий манфаати бор. Худоёрхоннинг Тошкент бекларига юборилган ёрлиғи «Биз Туркистон мамлакатининг хони ўз қаламравимиз ва салтанатимиз учун қипчоқ тоифасини музир деб билдик» деб бошлангани ҳам шунга далолат қилади. Хўш, қипчоқ тоифаси нимаси билан Худоёрхон салтанатига «музир» – зарарли эди? Гап шундаки, муаллиф аввалроқ айтганидек, Мусулмонқул даврида «атроф шаҳар ва қишлоқ беклари ҳам қипчоқлардан» бўлиб улгурган, яъни ҳокимиятни «унинг одамлари» эгаллаган эди. Худоёрхон наздида бу одамлар валинеъматлари Мусулмонқулга ич-ичларида садоқат сақлайдилар, ҳукмдорга эса фақат ўзига садоқатли – ёнида ўзи кўтарган, ўзи қўйган одамлар, замонавий тил билан айтсак, «ўз командаси» бўлгани маъқул. Шу жиҳатдан қипчоқ қирғини – эҳтимолдаги ғанимларининг барини биракайига орадан кўтариш имкони Худоёрхон учун ҳам айни муддао эди. Буни Ниёз қушбегининг шу мудҳиш иш режалаштирилган мажлисда айтган мана бу гапи ҳам тасдиқлайди: «Мен хонни Тошканддан жўнатиш олдида унинг холи вақтини топиб, бу фикримни бир даража арз қилиб ўткан эдим, бу фикрим хонга жуда маъқул тушкан бўлса керак, сўзимни эътибор билан тинглаб турди ва жавобида: «Яхши. Ўйлашиб, тадбирлари билан менга фикрингизни ёзинг, мен ҳам ўйлаб кўрарман», деди. Менга қолса бу тўғрида биздан хабар кутиб хоннинг уйқуси ҳам келмай ётқандир: бизга фақат ишнинг ўнақайини топиб хондан тасдиқ этдиришгина қолган». Қушбеги тилидан жонлантирилаётган ҳолат шундайки, Худоёрхон ёш бўлсада ичидагини сиртига чиқармасликка ҳаракат қилган, шунга қарамай суҳбатдоши «хон кўнган ҳисоб» деган аниқ ишончда қолган. Сабаби кўпни кўрган Ниёз қушбеги хон сиртига чиқармаган истакни теран ҳис қилади, чунки ҳокимият табиатини, уни ўз қўлида сақлаш ва кучайтириш шартларини жуда яхши билади. Худоёрхон ёш бўлгани билан хон саройидаги ошкору пинхон курашлар қозонида обдон қайнаган, шу боис қушбегининг таклифига муносабатини ошкор этмасдан, яна арқонни узун ташлайдида, қуйидан ташаббус қилинишини кутади. Эртами-кеч бундай ташаббуснинг кўтарилишига эса имони комил, чунки вазиятга тўғри баҳо бера олади, Мусулмонқул даврида «катта охур»дан узоқлаб қолганларнинг энди унга яқинлашиш пайида бўлишлари муқаррар эканига ишонади. Зеро, уларнинг кўпчилиги Ниёз қушбеги каби «ҳали биз саҳройи қипчоқ элидан узил-кесил қутилғанимиз йўқ… Мусулмонқул бўлмаса, бошқа Алимқулнинг бош кўтариши аниқ» деб ўйлашларини яхши билади. Ҳақиқатан ҳам, қушбеги қора чопон оғайнилар ҳақида қайғураётгандек эсада, аслида, бу гаплари замирида манфаати шахсия ётади. Ниёз қушбеги Мусулмонқулни ағдариш ишига фаол бош қўшгану, тўнтариш натижалари кўнглидагидек бўлмаган: «Нормуҳаммаднинг раъйини деб, ҳамма ихтиёр ўз қўлимизда бўлгани ҳолда, Ўтаббойни мингбоши белгулаб юбордуқ… Бу ҳам ўзимизнинг энг катта хатоларимиздин. Мен ўша кундан бери ўз-ўзимдан бўғилиб юрийман: Мусулмонқулнинг ити бўлмаса, ўзимиздан мингбоши бўларлиқ одам қуриб қолувдими, дейман. Йўқ, оғалар, темирни қизиғида суқиб қолиш керак!» Кўрамизки, қушбегини мингбоши маснадига минолмагани ўртайди, ҳали ҳам бўлса «қипчоқлар зулми»га қарши курашни байроқ қилиб мақсадига эришмоқчи. Айтмоқчимизки, онги ҳокимият учун, амал-мансаб учун аёвсиз курашлар кечувчи сарой муҳитида шаклланган Худоёрхон воқеалар айни шу тарз кечишини билган, шу сабабли ҳам Ниёз қушбеги таклифига муносабат билдиришга шошмаган. Фурсат етиб, ўша таклифни бемалол амалга ошириш имкони туғилганида Ниёз қушбегидан фойдаланган. Табиийки, бу ўринда Ниёз қушбеги деганимиз умумлашма маъно касб этиб, «ниёзқушбегилар» маъносини англатади.
Юсуфбек ҳожи ҳам тўнтариш натижаларидан қониқмаган, «улуламир бўлған киши» Ниёз қушбеги каби «манфаатпарастларнинг хароб фикрларига қулоқ бериб» юрганига афсусланади; ўзининг ҳам «Мусулмонқул балосидан уни нажотка чиқарғучиларнинг биттаси» бўлгани ҳолда, улуламирнинг у билан кенгашишни унутганига ўкинади. Юсуфбек ҳожининг ўкинишига қараганда, у хонга кенгаш берувчилар инсофу диёнатли кишилар бўлсаёқ, олам гулистон бўлишига ишонадиган. Яъни содир этилган хунрезликда у ниёзқушбегиларни айблайди, асло хоннинг ўзини эмас (дарвоқе, хоннинг ўзини юқоридагича тутиши юсуфбекҳожилар учун). Албатта, узоқ йиллик хизматлари давомида кўнглига иштибоҳ инган дамлар ҳам бўлгандир, бироқ ҳожининг ўз наздида улуламирни эзгулик томонида кўргани ва шу эзгуликка хизмат қилгани ҳам шубҳасиз. Романдаги Юсуфбек ҳожи линиясининг кульминацион нуқтаси – меҳмонхонадаги суҳбат асносида меҳмонларига хизматлари қадрланмаганидан шикоятланаркан, «Юнус Муҳаммад охунд унинг сўзини бўлди:
– Эй ҳожи, – деди, – ҳамма фасод улуламирда, агар улуламир дуруст одам бўлса, уч-тўртта муттаҳамнинг ёмонлиғи ҳеч қаерға бормас ва бунча гуноҳсиз бечоранинг қони ўринсиз тўкилмас эди». Охунднинг «эй ҳожи» дея таъкидлаб, хонадон соҳибининг гапини бўлиб,«ҳамма фасод улуламирда» дейиши қатъий ҳукм каби янграйди. Албатта, бу қадар қатъият бежиз эмас, охунд айтмишига ҳужжат – ҳадис келтирадики, маъноси «агар бир қавмнинг иши ноаҳл одамга топширилған бўлса, ўшал қавмнинг қиёматини яқин бил». Жавобан Юсуфбек ҳожининг сидқидилдан «Саддақта ё расулуллоҳ» деган хитобию беихтиёр ҳадисни такрорлаши, бунинг ортиданоқ «вой бўлсин биз бадбахтларнинг ҳолига» дейишида улуламир ҳақидаги фикри тугаллик касб этганига далолат бордек кўринади бизга. Жумладан, ҳожининг «шу кунгача бўлмағанларға бўлишмоқчи бўлиб умримнинг ниҳоятига етиб қолдим» деган эътирофидаги «бўлмағанлар» ўз ичига «улуламир»ни ҳам олишига ҳеч бир шубҳа қолмайди.
Хулоса қилсак, «Ўтган кунлар» романидаги Худоёрхон образи, асар сюжетидаги ижтимоий-тарихий чизиқ воқеалари А.Қодирийнинг ҳукмдор, ҳокимият ҳақидаги бадиий концепциясини ифода этади. Ушбу концепцияга кўра, биринчидан, турли даврлардаги ҳокимият тизимининг мавжудлиги ва амал қилишида умумий қонуниятлар кузатилади; иккинчидан, шахсий, гуруҳий ҳамда умумманфаатлари нисбати ва ўзаро муносабатларининг тўғри белгиланиши тизимнинг барқарорлигини таъминлайди; учинчидан, «адолатли хон» (подшоҳ) ҳақидаги орзу ҳам, «хон ҳазратлари жамият ҳаётдаги ноҳақлику адолатсизликлардан бехабар, уни атрофидаги маслаҳатчилар чалғитади»қабилидаги қарашлар ҳам чўпчакдан бошқа эмасдир.
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 9-сон